Линклар

Шошилинч хабар
13 июл 2024, Тошкент вақти: 04:23

"Биз руслар эмасмиз, ўз тилимиз ва тарихимиз бор". Бошқирдлар нега бош кўтарди?


Уфа, Бошқирдистон, 19 январь, 2023.
Уфа, Бошқирдистон, 19 январь, 2023.

Бошқирдистонда давом этаётган норозилик – шахсий, маҳаллий ва миллий сиёсат қоришмаси нақадар хавфли эканини кўрсатмоқда. Украинага қарши уруш шароитида Владимир Путиннинг ўта марказлашган тизими бу қоришмани назорат қила олмай қолиши мумкин.

19 январ куни қалин кийиниб олган юзлаб одам, кўплар – ёш болалари билан – республика пойтахти Уфа шаҳри кўчаларига чиқди. Ҳаводан таранг бир кайфият ҳиди келарди.

ОМОН одамларни тарқалишга чақириб, акс ҳолда рухсат этилмаган намойиш иштирокчилари сифатида қўлга олиш билан пўписа қилганида шундай жавоб бердилар: “Биз сайёҳлармиз, ҳайкалларни томоша қилиб юрибмиз”.

Елкасига “кара халык” (ўзб. “қора халқ”) деб ёзилган ёш аёлни ушлаб, нарироқда қантарилган автобус томонга судраб кетишди. Бошқирдистон байроғини кўтарган эркак ҳам тезда кишанланди.

Уфадаги ушбу чиқиш пойтахтдан 400 чақиримдан зиёд йўлдаги Баймак шаҳрида бошланган норозиликнинг давоми бўлди. Одамлар республикада яшовчи миллий озчиликлар, бошқирд халқи тили ва маданияти ҳимоячиси жамоат фаоли Фаил Алсинов устидан бўлиб ўтган суд натижасига шу тарзда муносабат билдирдилар.

17 январда Баймак суди биноси олдида Алсиновнинг бир неча минг тарафдори тўпланди. Шу куни у “қора халқ” ибораси қўлланган нутқи учун “нафрат ёки адоват қўзғатиш”да айбланиб, тўрт йил қамоққа ҳукм этилди. Бир кун олдин эса Алсинов ҳукуматнинг “экстремистлар ва террорчилар” рўйхатига тиркалган эди.

Протест Кремлга қарши қаратилмаганди. У Бошқардистон раҳбари Радий Хабировдан норозилик ифодаси эди кўпроқ. Хабиров бу лавозимга 2019 йилда шубҳали сайлов натижасида келган, аввалроқ эса уни Путин республика етакчиси вазифасини бажарувчи этиб тайинлаганди. Алсинов устидан биринчи бўлиб Хабиров шикоят ёзди ва уни “хоин” деб атади. Баймакдаги намойишчилардан айримлари бизнинг номимиздан можарога аралашинг, дея Путинга мурожаат қилган эдилар.

Таҳлилчилар Алсинов ишини Россия ўта марказлашган авторитар тизими ичидаги чуқур норозилик қатларини очиб ташлаган триггер ўлароқ йўримлашмоқда. Улар бўлаётган воқеаларда – 2022 йилда Эрон полицияси Маҳса Аминий исмли ёш аёлни ўлдириши ортидан мамлакатни қамраб олган ва исломчилар режими барқарорлигини хавф остига қўйган улкан норозилик тўлқини аксини кўрадилар.

“Алсинов – тасодифий фигура. Бу ерда шахс унчалик муҳим эмас, унинг ўрнида ҳар ким бўлиши мумкин. Воқеаларда халқнинг тўпланиб қолган аламлари ва режим заифлашаётгани ҳисси ҳал қилувчи рол ўйнамоқда”, дейди 2010-2014 йилларда Бошқирдистон раҳбари бош ёрдамчиси бўлиб ишлаган сиёсатшунос Аббос Галлямов.

Норозилик Россиянинг Украинага тўлақонли босқини манзарасида кечаётгани диққатга сазовор. Зеро, халқ орасида урушнинг энг оғир юки асосан рус бўлмаган этник гуруҳлар, жумладан бошқирдлар зиммасига тушяпти, деган фикр кун сайин кучаймоқда.

Мозийга қайтиб...

2018 йилда республика раҳбари этиб тайинланган Хабировнинг илк қадамларидан бири Бошқирдистон сода ширкатига Қуштау тоғида бўр қазиб олишга рухсат бериш бўлган эди. Бу тоғ бошқирдлар эъзозлаб шихан деб атайдиган ва кўплаб миллий афсонаю ривоятларга кирган тепаликлар занжири ҳалқаларидан ҳисобланади. Бошқирдистонда дастлаб тўртта шихан бўлган, улардан бири совет даврида миналаб портлатилган.

Бошқирд миллиятчи ташкилотлари, хусусан “Кўк бўри” ва “Бошқурт” Қуштауни ҳимоя қилиб оммавий норозилик уюштиради, бу норозилик 2020 йил августда энг юқори нуқтага етади.

“16 августда 10 мингга яқин эркак етиб келиб, қуруқ қўл билан тўсиқларни қўпориб ташлади ва омончиларни супуриб ташлаб, тоғни жисмонан эгаллаб олди. Натижада Москва аралашишга мажбур бўлди, Хабировга халқ ҳузурига бориб, тил топишишга буйруқ берилди. Шу тариқа ғалаба қозондик, Қуштау ва бошқа барча шиханлар табиий ёдгорликлар рўйхатига киритилди”, дея эслайди Алсинов билан бирга ишлаган ва 2021 йилда Россияни тарк этган собиқ фаол Руслан Габбасов.

Бироқ Хабиров бошқирд ташкилотлари ва фаолларига қарши қатағон бошлайди. Бутун республикада ўз шуъбаларига эга бўлган, кўплаб муаммоларни ҳал этишга ёрдам берган “Бошқурт” ташкилоти тақиқланади.

“Ишсизлик, иложсизлик ё рақобат". Россиядаги муҳожирлар нега муштлашади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:13 0:00

2020 йил августда жамоат фаоли Айрат Дилмуҳаметов “Россия ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган чақириқлари” учун 9 йилга қамалади. 2018 йилда у нутқларидан бирида миллий республикаларга кўпроқ мухторият берилган “чинакам” Россия Федерациясини тузиш кераклигини айтган эди – ўша сўзлари ўзига айблов қилиб “ёпиштирилди”.

“Хабиров Бошқирдистон сиёсий майдонида ёлғиз ўзи қолиш учун миллий фаолларни қасддан таъқиб қилмоқда”, дейди Габбасов.

“Фаил Алсинов бошқирд халқининг озодликдаги сўнгги етакчиси эди. Ҳа, у ҳукуматга ноқулайлик туғдираётганди, айниқса Хабировга”, дея қўшимча қилади эксперт.

Қонуний норозиликка йўл йўқ

Алсиновга ҳукм ўқилганидан сўнг таниқли бошқирд хонандаси Алтинай Валитов уни қўллаб-қувватлаб видео эълон қилди. Видеода шундай сўзлар бор: “Ҳукумат фақат битта халқни кўради – русларни. Пропаганда “биз руслармиз” деб жар солмоқда. Бошқирдларни “Биз руслармиз” шиори остида тўп-тўп қилиб ўлимга йўллашаётир. Украинани денацификация қилишаётган эмиш. Лекин биз руслар эмасмиз. Биз бошқирдлармиз – минг йиллик тарихига, маданияти, урф-одатлари ва тилига эга халқмиз. Ўз тупроғига эга халқмиз – Фаил шу муқаддас нарсаларни ҳимоя қилди”.

Хонанда одамларни бутун Бошқирдистон бўйлаб маҳаллий ҳукумат бинолари атрофида намойиш қилишга чақирди.

Эртасига Валитов Уфадаги уйига полиция келганини маълум қилиб, ёрдам сўраб чиқди. Кейинроқ кучишлатар ходимлар кетишганини билдирди, лекин ўшандан кейин ташқи дунё билан алоқага чиққани йўқ.

Валитовнинг муносабати, афтидан, Бошқирдистондаги норозилик ва протестлар сабаблари чуқурроқлигини, бу воқеалар янада кенг ёйилиш потенциалига эгалигини кўрсатади.

“Одамлар ўзларини хўрланган, оёқ ости қилинган деб ҳис этишмоқда. Чунки уларда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонуний восита йўқ. Ҳалол сайловлар, ростгўй ОАВлар, адолатли судлар ёки тинч намойишлар қилишнинг конституцион кафолатлари йўқ”, дейди россиялик сиёсатшунос Дмитрий Орешкин.

Бироқ, экспертга кўра, норозиликнинг бирламчи манбаи бу Украинадаги урушдир.

“Энг катта талафотларни Бурятия, Тува, Доғистон каби регионлар кўряпти. Бу миллатлараро муносабатларни кескинлаштириши табиий”, дейди Орешкин.

Ижтимоий тармоқларда Украинада жанг қилаётган бошқирд аскарлари Алсинов ва унинг тарафдорларига далда бераётгани акс этган видеороликлар аллақачон тарқалмоқда.

Роликлардан бирида бир гуруҳ аскар Россия ҳукуматига қарата шундай дейди:

“Халқимизга, ота-оналаримиз қарши ишларингизни тўхтатинг, акс ҳолда биз фронтдаги позицияларимиздан чекиниб, сизларни излаб борамиз. Урушни истаётган бўлсангиз, истаганингизни оласиз”.

Форум

XS
SM
MD
LG