Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:42

Скрипалларни заҳарлашда Буюк Британия Россия Разведка бошқармасини айблади (ВИДЕО)


Россиялик Александр Петров ва Руслан Бошировлар ГРУ ходимлари экани тахмин қилинмоқда.
Россиялик Александр Петров ва Руслан Бошировлар ГРУ ходимлари экани тахмин қилинмоқда.

Россия Разведка бош бошқармасининг (ГРУ) собиқ агенти Сергей Скрипаль ва унинг қизига суиқасдни амалга оширганликда Буюк Британия прокуратураси айблаётган Россия фуқаролари Россия махсус хизматларининг агентларидир ва улар Россия раҳбарияти буйруғини бажарган.

Бу баёнот Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг мамлакат парламентида қилган чиқишида янгради.

Британия прокуратураси россиялик Александр Петров ва Руслан Бошировлар Британиянинг Солсбери шаҳрида “Новичок” газини ГРУнинг собиқ агенти Сергей Скрипаль ва унинг қизига қарши қўллаганликда айбламоқда. Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Британия парламентида қилган чиқишида асл исмлари бошқа бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётган бу шахслар Россия Бош разведка бошқармаси (ГРУ) офицерлари эканини хабар қилди.

Буюк Британия ҳукумат раҳбари сўзларига кўра, Лондон бу каби баёнот учун етарли асосга эга экани ва Солсберидаги бўлган тажовуз “ГРУдан юқорироқ даражада тасдиқланган бўлиши мумкинлиги”ни айтди.

Тереза Мэй ўз иттифоқчилари билан бирга ўзида мавжуд барча имкониятларни ишга солиб, “ГРУ таҳдидларига жавоб қайтариши”ни таъкидлади.

- Биз Россия халқаро ҳамжамиятнинг масъул аъзоси бўлишини истаймиз. Бу дегани Россия давлатнинг бир қисми саналган ГРУнинг бемаъни ва аблаҳона ҳаракатлари учун жавобгардир. Улар ГРУ фаолиятини назоратга олмоғи лозим, деди Буюк Британия бош вазири.

Тереза Мэй Конституциясига мувофиқ Россия ўз гражданларини бошқа давлатга топширмайди ва шу боис Буюк Британия уларнинг экстрадициясини сўраб ўтирмайди, деди.

Аммо бу шахслар Россия ташқарисига чиқса улар Англияда жавобгарликка тортилишини билдирди инглиз ҳукумат раҳбари.

- Россия давлатининг ҳатти-ҳаракатлари ортида нима турганини баҳолаш менинг вазифам эмас. Ўйлайманки, улар хорижда яшаётган россияликларга белги беришни хоҳлаган. Аммо бу россияликларга Солсберида нима бўлганини тушунтириш керак, деди Мэй, парламент аъзолари саволларига жавоб берар экан.

Россиялик Александр Петров ва Руслан Бошировлар исмларини чоршанба куни Англия ва Уэлс прокуратураси очиқлади. Прокуратура бу исмлар қалбаки бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Инглиз ҳукумати хабарича, улар Москвадан “Аэрофлот” рейси билан 2 март куни учиб келган ва 4 март куни Скрипалларнинг Солсберидаги эшигига “Новичок” заҳарли кимёвий моддасини суртиб, Москвага зудлик билан қайтган.

"Петров" ва "Боширов" Лондон ва Солсберидаги кўплаб назорат камераларига тушиб қолган.

Лондон полицияси “Новичок” атир флаконига жойлаштирилган бўлиб, у Скрипаллар заҳарланишидан 3 ой ўтиб қўшни Эймсбери шаҳрида яшовчи Чарли Роули томонидан топиб олинади. Идишда атир эканига ишониб уйига кўтариб келган Роули ҳозирда оғир аҳволда шифохонада қолмоқда, унинг турмуш ўртоғи Дон Стержесс эса ҳалок бўлди.

Россия Ташқи разведка хизмати ҳозирча бу маълумотни изоҳлашдан бош тортиб келмоқда.

Москва “Скрипаллар иши”га ўзининг алоқасини инкор этиб келади. Россия президенти матбуот хизмати бошлиғи Дмитрий Песков Лондон Россиянинг ҳамкорликда тергов олиб бориш борасида берган таклифини рад этганини иддао қилиб келади.

5 сентябрь куни Дмитрий Песков Скотленд-Ярд полициячилари иддаоларига шубҳа билдирди.

- Ҳа, биз кутаяпмиз. Биз бу мавзуга оид бирорта тушунарлироқ жавоб кутиб қоламиз, деди Владимир Путиннинг матбуот котиби.

Сергей Скрипал – ГРУнинг собиқ ходими, Россияда Британия разведкаси фойдасига хоинликда айбланиб, қамалган. 2010 йилда у авф этилган ва АҚШ-Буюк Британия фойдасига жосусликда айбланган бошқа россияликлар қаторида алмаштирилган.

XS
SM
MD
LG