Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:55

Н. Отахонов: “Бу кунлар”имни Матбуот агентлиги “экстремистик” деб топганини эшитдим


Ëзувчи Нурулло Отахоновнинг Озодликка норасмий манбаларга таяниб айтишича¸ унинг "Бу кунлар" китоби Матбуот ва ахборот агентлигида уч марта муҳокама қилинган ва 30 октябрь куни китобда “конституциявий тузумга тажовуз” борлиги тўғрисида расмий хулоса чиқарилган. Тошкент ИИББ Тергов бошқармасининг Отахонов ишига бевосита алоқадор мутасаддиси​ Озодликнинг "Бу кунлар" экспертизасига оид саволини жавобсиз қолдирди.

Матбуот ва ахборот агентлиги ўтказган экспертиза 27 сентябрь куни Истанбулдан Тошкентга учиб келиши билан Тошкент аэропортида ҳибсга олиниб, 1 октябрь куни озод этилган таниқли ëзувчининг китоби устидан ўтказилган иккинчи экспертизадир.

"Қўшимча экспертиза"

Нурулло Отахоновнинг 31 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда айтишича¸ 1 октябрь куни озодликка чиқарилганидан бери ўтган вақт ичида сўроққа чақиртирилмаган¸ 15 кунча аввал паспорти қайтиб берилган:

- Шундан кейин бемалол водийга бориб келдим¸ кеча Жиззахга таъзияга бориб қайтдим¸ ҳаракат эркинлигимга ҳеч қандай тўсиқ йўқ¸ деган ëзувчи¸ айни пайтда тергов билан алоқадор айрим норасмий хабарлар ўзида ҳайрат ва хавотир уйғотганини айтади:

- Ўтган бир ой ичида менга ҳам¸ адвокатимга ҳам терговга оид бирор расмий хабар берилмади. Паспортимни олишга борганда¸ китобларингиз экспертизага берилган¸ хулосаси чиқса¸ хабар қиламиз¸ дейишганди. Аммо норасмий хабарларга кўра¸ “Бу кунлар” китобим Матбуот ва ахборот агентлигида уч марта муҳокама қилинибди. 24 октябрь кунги муҳокамада МХХдан келган расмийлар эксперт комиссиясига¸ бу китоб ҳақида аввалги хулосани чиқариб беринг¸ деган топшириқ берибди. Кеча¸ 30 октябрь куни комиссиянинг учинчи йиғилишида ҳамма бир овоздан шу хулосани тасдиқлаб¸ китобда давлат тўнтаришига чақириқ бор¸ деган хулосани тасдиқлабди. Билган жойим шу ергача¸ бошқа нарса билмайман. Тошкентда эканимни билиб туришганига қарамай¸ мени чақиртиришмади ҳам¸ билдиришмади ҳам¸ дейди Нурулло Отахонов.

31 октябрь куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Озодлик боғланган бир эмас¸ уч расмийси¸ бундай муҳокамалар бўлиб ўтгани ва унда Нурулло Отахонов айтган хулосага келинганига оид маълумотни на тасдиқлади ва на инкор қилди. Учала расмий ҳам бирдек “бундай йиғилишда бевосита қатнашмагани ва ундан бехабар”лигини айтиш билан чекланди.

Айни пайтда¸ Тошкент ИИББ Тергов бошқармасининг Отахонов ишига бевосита алоқадор мутасаддиси ҳам Озодлик билан суҳбатда ëзувчи китоб устидан янги экспертизанинг қайси идорага топширилгани ва унинг қайси босқичда эканига оид саволини жавобсиз қолдирди.

"Айблов асоси"

Президент Шавкат Мирзиëев чақириқларидан руҳланиб¸ Туркиядаги муҳожиратдан қайтган ëзувчи Нурулло Отахоновнинг Тошкент аэропортида ҳибсга олиниши¸ ижтимоий тармоқлардаги фаол ўзбекистонликлар орасида эътирозга сабаб бўлган эди.

Ҳам мамлакат ичкариси¸ ҳам халқаро майдонда билдирилган танқид ва президентга қилинган чақириқлар ортидан ëзувчи озод қилинган бўлса-да¸ Отахоновга нисбатан 2017 йил 11 май куни Яшнобод тумани ИИБ томонидан очилган иш юзасидан тергов жараëни давом этмоқда.

Ëзувчи¸Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми («Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш») ҳамда 244-1 моддаси, 3-қисми, «г» банди («Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, оммавий ахборот воситалари ёки телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этиш») бўйича айбланмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси бошлиғи Дониëр Тошхўжаев Нурулло Отахонов иши юзасидан берган баëнотида¸ “барча зарур тергов тадбирлари ўтказилади, агар зарурат туғилса, қўшимча экспертиза белгиланади”¸ дея маълум қилган эди.

Айни пайтда¸ “қўшимча экспертиза” чиқарадиган хулосанинг тергов жараëнидаги салмоғи¸ унинг йўналишига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида расмий изоҳ берилганича йўқ.

Жорий йил бошида “Бу кунлар” китобини экспертизадан ўтказган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси чиқарган хулосага кўра, китобда «экстремистик» ғоялар мавжуд¸ деб топилган эди.

"Сўнгги умид - президентдан!"

23 октябрь куни ëзувчи Нурулло Отахонов Facebookдаги саҳифасида¸ ўзининг ҳибсдан озод этилиши бевосита президент Шавкат Мирзиëев топшириғига кўра амалга ошгани ҳақида билдирув ëзиб¸ президентга миннатдорлик билдирган эди.

"Ташвишли кунларим менга жони-дили билан қайишган дўстларимдан бири бугун тилпон қилди. Одамни тўлқинлантириб юборадиган бир-икки хабар айтиб қолди. Менинг ишимга шахсан Президент аралашибди! Қамоқдан шошилинч чиқарилишим бевосита у кишининг ташаббуси экан!

Тўғриси, илк кунданоқ мен буни тахмин қилган эдим. Аммо қўлимда аниқ бир билги бўлмагани учун то шу кунгача индамай келдим. Дўстимнинг қатъий ишонч билан айтган гапи менинг тахминимни ҳам қатъий ишончга айлантирди. Кўнглим кўтарилди. Ҳозирча “Иш”им тўла ёпилмаган, келажак тақдирим ҳали унча ойдин эмаса-да, олдиндан ўзим ва оилам номидан мамнуният ва ташаккурларимни билдириб қўйгим келди. Оллоҳ рози бўлсин!" деб ëзди Нурулло Отахонов қўшимча экспертизага оид тафсилотлар хабарини олиши арафасида.

Озодлик билан суҳбатда ҳам ушбу фикрларни таъкидлаган ëзувчи¸ бир ижодкор ва унинг романини жиноятга боғлаш жараëнига яна бевсоита президент аралашуви нуқта қўйишига умид билдирди.

Ëзувчи билан суҳбатни тўлиғича қуйида тинглашингиз мумкин.

Н. Отахонов: “Сўнгги умидим президентдан!"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:22 0:00
Бевосита линк


XS
SM
MD
LG