Линклар

Шошилинч хабар
13 июл 2024, Тошкент вақти: 07:26

Ўзбекистон хабарлари

Депутатлар соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Беҳзод Мусаев номзодини маъқуллашди

Беҳзод Мусаев
Беҳзод Мусаев

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 ноябрь куни бўлиб ўтган галдаги мажлисида депутатлар соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Беҳзод Мусаев номзодини кўриб чиқиб, маъқуллаганлар. Бу ҳақда маълумот тарқатган палата матбуот хизмати амалдаги қонун ҳужжатларига биноан, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлар лавозимга тайинланишидан аввал уларнинг номзоди Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилишини эслатган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига янги раҳбар тайинланиши кутилаётгани ҳақида аввалроқ Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилган эди.

Бугунги кунгача Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Беҳзод Анварович номзоди депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, тасдиқланиши кутилмоқда”, деб ёзган Д. Ғаниев ўз Телеграм-каналида.

Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланиши кутилаётган 48 ёшли Б. Мусаев, очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, 1995 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган, кейинроқ Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабида тадбиркорлик фаолиятини бошқариш мутахассислиги бўйича ўқиган. Ўз фаолияти давомида у Миллий банк, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси каби структураларда ишлаган. Б. Мусаев ўтган йилнинг май ойидан бери бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Аввалги вазир Абдуҳаким Ҳожибоевнинг қайси лавозимга ўтказилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. У ўтган йилнинг ноябрь ойида соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган эди. Вазир бўлгунига қадар А. Ҳожибоев қарийб ярим йил давомида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Кун янгиликлари

Ҳафта якунида Ўзбекистоннинг олти вилоятида сел келиши мумкин

 Сурхондарё вилоятида кузатилган сел оқибати (архив сурати)
Сурхондарё вилоятида кузатилган сел оқибати (архив сурати)

Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 13-16 июль кунлари кутилаётган ёғин-сочин сел-сув тошқини ҳодисаларини юзага келтириши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги директори Шерзод Ҳабибуллаев маълум қилди.

Мулозимга кўра, сел ҳодисалари Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробот туманларида, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида ҳамда Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ва Хонабод шаҳрида кузатилиши эҳтимоли бор.

Ҳабибуллаев тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини ҳамда бу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан тошқин эҳтимолига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш ҳақида огоҳлантирган.

Республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин”, деб ёзган “Ўзгидромет” раҳбари.

Россияда қаровсиз қолган етти нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия Федерациясида ота-онаси томонидан қаровсиз ёки назоратсиз қолдириб кетилган ва “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари”да сақланаётган етти нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга олиб келинган. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонга қайтарилган болалар тегишли марказга жойлаштирилган, улар ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилади.

Хабарномада Россиядан олиб келинган болаларнинг нима сабабдан қаровсиз қолганига аниқлик киритилган эмас. Аввалроқ Озодликка бу каби болалар ота-оналари Россиядан депортация қилингани ортидан “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари”га олиб кетилаётгани ҳақида маълумотлар келиб тушган эди.

Хабарномада Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева бошчилигидаги ўзбек делегациясининг Санкт-Петербургга хизмат сафари чоғида Россияда ишлаётган 300 дан зиёд ўзбекистонлик аёлнинг меҳнат шароити ўрганилгани, улар орасида оғир вазиятга тушиб қолган 10 дан ортиқ аёлнинг Ўзбекистонга қайтишига кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар белгилангани қўшимча қилинган.

Ўзбекистонда собиқ “вагнерчи” ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати сафида ярим йил мобайнида Украинада жанг қилган Шавкат Йўлдошев судланди.

Маҳаллий нашрларнинг Оҳангарон туман суди ҳукми нусхасига таянган ҳолда хабар қилишларича, 26 ёшли Йўлдошев 2019 йил охирида пул топиш учун Россияга кетган. Дастлаб қурилишда ишлаб юрган ўзбекистонлик йигит кейинроқ Москва шаҳрида гиёҳванд модда савдосида гумонланиб қўлга олинган ва Обнинск шаҳар суди ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Қамоқхонада Шавкат Йўлдошев “Вагнер” ХҲШ вакилларининг жазодан халос бўлиш эвазига урушга ёлланиш таклифига рози бўлиб, Украинага жангга кетган. 2022 йил октябридан 2023 йил апрелигача Украинада жанг қилган Йўлдошев “Жасорати учун” (“За отвагу”) медали билан ҳам тақдирланган. Айни пайтда у қамоқдаги жазосининг ўталмаган қисмидан озод қилиниб, 950 минг рубль миқдорида пул мукофотини ҳам олган.

Қайд этилишича, Йўлдошев урушдан қайтгач, Россия фуқаролигини олишга уринган, бироқ бунга муваффақ бўлолмаган. Бунинг ортидан 2023 йил августида Ўзбекистонга қайтган йигит қўлга олиниб, судга тортилган.

Шавкат Йўлдошев Оҳангарон туман судининг жорий йил 30 майидаги ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-1-моддаси (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) бўйича айбдор деб топилган ҳамда унга нисбатан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Украинада Россия қўшинлари сафида жанг қилаётганлар орасида нафақат Ўзбекистондан, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан бўлган мигрантлар ҳам кам эмас. Одатда, улар Россияда судланиб, қамоқхоналарда жазо ўтаётган кишилардир, бироқ ёлланмалар орасида Россия фуқаролигини олиш ёки пул ишлаш мақсадида ўз ихтиёри билан урушга кетганларни ҳам учратиш мумкин.

Сўнгги пайтларда мигрантлар орасида Россия фуқаролиги олганлар ҳам урушга йўлланмоқда. Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин июнь ойи охирида маҳаллий ҳуқуқ-тартиботчилар 30 мингдан зиёд мигрантни қўлга олишгани, улардан 10 минг нафари урушга йўлланганини билдирган эди.

Депутат Қодиров ўлим жазосини тиклашни таклиф қилмоқда

Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров
Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси лидери Алишер Қодиров Ўзбекистонда ўлим жазоси тикланиши лозимлигига ишора қилди. Депутатнинг бунга оид баёноти Тошкентнинг Яшнобод туманида бир эркак ўзи билан бирга яшаган аёлнинг 3 яшар ўғилчасини пичоқлаб ўлдирганига оид хабарлар ортидан берилган.

Аввалроқ маҳаллий нашрлар муқаддам судланган 31 ёшли эркак ўзи билан бирга яшаган аёл билан жанжаллашганидан кейин унинг 3 яшар ўғлининг елкаси, боши ва кўзларига 12 марта пичоқ тиқиб олгани, бунинг оқибатида болакай касалхонага олиб борилгунича жон таслим қилгани ҳақида хабар қилишган. Хабарларда иддао қилинишича, қотилликда гумонланган эркак ҳам, ўлдирилган боланинг онаси ҳам наркоман бўлган.

Воқеа ортидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани, гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланиб, тергов ҳаракатлари олиб бораётганини маълум қилган.

Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинаётган бу воқеага муносабат билдирар экан, депутат Алишер Қодиров “мурғак болага ваҳшийлик қилган инсон яшамаслиги керак”лигини урғулаган.

Ҳайвонлашиб кетган жиноятчини солиқларимиз ҳисобига соғлигини сақлаб, қорнини тўйдириб, бошқа инсон бўлиб қолишини кутиб ўтириш – мантиқсиз! Бундайлардан жамиятни тозалаш керак!”, дея таъкидлаган “Миллий тикланиш” лидери.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида депутатнинг бу фикрини қўллаб-қувватлаётганлар ҳам, бу фикрга қарши чиқаётганлар ҳам топилади. Қодировнинг фикрига қарши чиқаётганлардан бири блогер Шаҳноза Соатова бўлиб, унинг мулоҳазасича, бу таклиф кўплаб мудҳиш ва ортга қайтариб бўлмас оқибатларни келтириб чиқаришидан ташқари самарасиз ҳамдир.

“Эҳтиросга берилиб, битта муаммони бартараф этиш учун бошқа муаммони таклиф қилмасдан, сабабларга қараган маъқул”, деб ёзган Шаҳноза Соатова.

AstraZeneca Ўзбекистондаги дори-дармон контрабандаси кўламидан хавотирда

AstraZeneca фармацевтика ширкатининг Британиядаги дори-дармон фабрикаси (архив сурати)
AstraZeneca фармацевтика ширкатининг Британиядаги дори-дармон фабрикаси (архив сурати)

Британия-Швеция фармацевтика ширкати бўлган AstraZeneca ўзи ишлаб чиқарган дори-дармонларнинг тақрибан 30 фоизи Ўзбекистонга контрабанда йўли билан етказилаётганидан хавотир изҳор қилди. Бу ҳақда Spot нашри ширкат матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Сурункали касалликлар ва янги пайдо бўлган шишлар муолажаси учун биофармацевтик ва онкологик препаратлар етказиб берувчи AstraZeneca вакиллари Ўзбекистондаги ноқонуний дори-дармон савдоси ҳажмига аниқ баҳо бериш имконсизлиги, бироқ контрабанда туфайли етказилаётган зарар нафақат ишлаб чиқарувчилар, балки беморлар учун ҳам сезиларли эканини қайд этишган.

“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон бозорида айланаётган AstraZeneca маҳсулотлари бўйича контрабанданинг умумий улуши 30 фоизгача етади. Бу ташвишли статистикадир. Ҳозирча контрабанда билан боғлиқ вазият тартибга солинмай қолмоқда”, дея иқтибос келтирган нашр фармацевтика ширкати вакиллари сўзларидан.

Қайд этилишича, контрабанда халқаро ширкатлар учун жиддий хавф-хатар бўлиб, у бозорга янги препаратлар чиқиши истиқболинигина эмас, мавжуд дори-дармон айланмаси сақлаб қолинишини ҳам хавф остига қўяди.

AstraZeneca ўзбек расмийларига республикадаги фармацевтлар малакасини ошириш, лицензияси олиб қўйилган дорихоналар реестрини мунтазам равишда янгилаб бориш ҳамда рўйхатга олинмаган дори-дармонлар контрабандаси бўйича моддани Жиноят кодексига киритишни таклиф қилган.

Туркия депортация марказидаги 34 аёл Ўзбекистонга қайтарилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Туркия Ички ишлар вазирлигига қарашли Силиври депортация марказидан 34 нафар ўзбекистонлик аёл озод қилиниб, ватанига қайтарилган. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, қўмита ташаббуси билан жорий йилнинг 21-25 апрель кунлари Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати, ТИВ, ИИВ ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Туркиянинг Истанбул ва Бурса шаҳарларида кўчма қабуллар уюштирган.

Мигрант аёлларни одам савдоси ва бошқа жиноятлар қурбонига айланишдан ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган бу қабуллар чоғида, маълумотларга кўра, 255 нафар аёлнинг муаммоси ўрганилган.

Сафар чоғида 34 нафар аёлни Силивридаги депортация марказидан озод қилишдан ташқари 4 нафар аёлга қонуний яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар шакллантирилган ва 100 дан зиёд аёлга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган.

Қўмита қайдича, яна 3 нафар озодликка чиқарилган ҳамда “2 нафар оғир аҳволдаги бемор Транспорт вазирлиги ҳамкорлигида тиббий хизмат кўрсатилган ҳолда Ўзбекистонга олиб келинган.

Қўмита хабарномасида 3 нафар аёлнинг қаердан озод қилинганига аниқлик киритилган эмас.

Шаҳрисабзда 14 ёшли қизни жинсий қулликда сақлаган аёл қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида вояга етмаган Ч.Т.ни 7 ой давомида турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган Н.А. 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур жиноят иши ёпиқ тарзда жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судида кўриб чиқилган ва 8 апрель куни ҳукм чиқарилган.

Жумладан, судланувчи Н.А. (аёл) ЖКнинг 135-моддаси 3-қисмининг “а,г” бандлари (Одам савдоси) ҳамда 127- моддасининг 3-қисми (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди”, дейилган Болалар омбудсмани матбуот хизмати томонидан 10 июль куни тарқатилган хабарномада.

Шунингдек, хабарномада судланувчилар А.Ф. (эркак) ва Ш.У. (эркак) ЖКнинг 118-моддаси 3-қисмининг “а” банди (Номусга тегиш), 135-моддаси 3-қисмининг “а,г” бандлари (Одам савдоси), 127-моддасининг 3-қисми (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан айбли деб топилиб, уларга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилгани қайд этилган.

Айни пайтда Болалар омбудсмани судланувчилар Шаҳрисабз туман судининг бу ҳукми юзасидан апелляция тартибида шикоят беришгани, апелляция тартибида мазкур шикоятларни кўриб чиққан Қашқадарё вилояти суди эса биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирганини қўшимча қилган.

Мирзиёев Пекин ва Бишкек билан темирйўл битимини тасдиқлади

Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан халқаро темирйўл қуришга доир битим жорий йил 6 июнь куни Пекин шаҳрида имзоланган.
Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан халқаро темирйўл қуришга доир битим жорий йил 6 июнь куни Пекин шаҳрида имзоланган.

Ўзбекистон “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли лойиҳасини биргаликда амалга оширишда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги халқаро битимни тасдиқлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 июль куни имзолаган қарорга асосан Транспорт вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун ваколатли орган этиб белгиланган.

Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан халқаро темирйўл қуришга доир битим жорий йил 6 июнь куни Пекин шаҳрида имзоланган.

“Мазкур темирйўл Хитойни минтақамиз билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланади. Келгусида ушбу йўл бизнинг мамлакатларимизга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беради”, деган эди президент Мирзиёев тадбир иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида.

Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтадиган халқаро темирйўлнинг йиллик юк ташиш ҳажми 15 миллион тоннагача етиши, товарни якуний истеъмолчига етказиш муддати 7 кунга қисқариши кутилмоқда.

“Kun.uz” нашри ёзишича, қиймати 4,7 млрд долларни ташкил этувчи халқаро темирйўл қурилиши октябрь ойида бошланади.

Тошкентда банкдан '370 млрд сўм ўғирламоқчи бўлган' гуруҳ ушланди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Тошкентдаги банкдан 370 миллиард сўм (Марказий банк курси бўйича 29,3 миллион доллардан зиёд) пул ўғирлашга уринган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди.

Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, кибержиноятчилар гуруҳини фош этиш бўйича амалиёт ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.

Ўзбекистон пойтахтидаги банклардан бирининг собиқ ходими ҳозирда шу банкда мутахассис лавозимида ишловчи танишидан банк дастурий таъминоти ва ҳисоб рақамларига кириш имкониятини берувчи кодларни 6500 долларга сотиб олган. Шундан сўнг у наманганлик 51 ёшли, тошкентлик 35 ёшли фуқаро билан бирга банк ҳисоб рақамлари ҳамда банк иловасига уланган фуқароларнинг пластик карталаридан 370 миллиард сўм ўғирлаш режасини тузган. Пулни хориждаги офшор ҳудудлар орқали танишлар ҳисоб рақамига ўтказиш режалаштирилган.

Гуруҳ аъзолари 189 млрд сўмни чет эл валютасига конвертация қилиш ва хориждаги ҳисоб рақамига ўтказишга уринган вақтда қўлга олинган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Терговга қадар текширувда аниқланишича, жиноий гуруҳ режа амалга ошган тақдирда банк дастурий таъминотига чет элдан ҳакерлик ҳужуми бўлгани тўғрисида ёлғон маълумот тарқатишни кўзлаган.

Энергетика вазирлиги ижтимоий нормани ошириш талабини рад этди


Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Ўзбекистон энергетика вазирлиги жамоатчиликнинг электр энергияси бўйича ижтимоий норма миқдорини ошириш талабини рад этди.

“Таҳлилларга кўра, жорий йил июнь ойида 71 фоиз аҳоли 200 кВтгача электр энергияси истеъмол қилгани аниқланди. Бундан кўринадики, истеъмолчиларнинг 71 фоизи белгиланган базавий меъёр доирасидан чиқмаган. Шу боис яқин истиқболда истеъмолчиларга қўлланаётган ойлик 200 кВт·соатгача бўлган базавий меъёр миқдори оширилишига асос мавжуд эмас”, дейилади вазирлик баёнотида.

Расмий статистикага кўра, республика бўйича жами 1,1 млрд кВт·соат электр энергияси истеъмол қилинган. Шундан истеъмолчиларнинг 71 фоизи 200 кВтгача, 11 фоизи 201-300 кВтгача, 20 фоизи 301-500 кВтгача, 21 фоизи 500 кВт ва ундан кўп электр энергияси истеъмол қилган.

“Ошиб борувчи тарифлар қўлланиши натижасида истеъмолчиларнинг электр энергияси тежамкорлиги ошди. Бунинг натижасида тизимга юкламалар камайиб, аҳолининг электр энергиясидан узилишлари ва авариялар сони ҳам камайиб бормоқда”, деб ҳисоблайди вазирлик.

OzodNazar: Истеъмолчилар “Ижтимоий меъёр” қайта кўриб чиқилишини талаб қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:51:52 0:00

Ўзбекистонда жорий йил 1 майдан бошлаб электр энергияси учун лимит, яъни бир ойлик истеъмолнинг базавий меъёрлари жорий қилинди. Унга кўра ойига 200 кВт/соатгача ижтимоий норма белгиланди. Ижтимоий норма доирасида электр сарфлаган хонадонлар нисбатан паст нархда (450 сўм) тўлов қилади. 201 кВт/соатдан зиёд истеъмол учун эса юқори тарифлар белгиланган.

Сўнгги ҳафталарда истеъмолчилар ҳамда тармоқ фаоллари белгиланган ижтимоий норма етмаётганини таъкидлаб, лимит тизимини бекор қилиш ёки норма миқдорини оширишни талаб қилаётган эди.

ЖБ вакили Ўзбекистонни ўтиш даврида "қотиб қолишдан" огоҳлантирди

Марко Мантованелли. “Gazeta.uz”.
Марко Мантованелли. “Gazeta.uz”.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари сифатидаги миссиясини якунлаган Марко Мантованелли “Gazeta.uz” нашрига берган интервьюсида мамлакатни бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини охирига етказишга чақирди.

“Ўзбекистоннинг 2017 йилдан буён эришган ўсиши ва ютуқларини эътироф этамиз. Бироқ бугунги кунда мамлакат ўз иқтисодий ривожланишининг янада мураккаб босқичига кириб бормоқда. Иқтисодиётда ўзининг устун мавқеини сақлаб қолаётган давлатнинг ролини тубдан қайта кўриб чиқиш вақти келди”, деган Марко Мантованелли.

ЖБ вакилига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида давлат корхоналарининг устун роли сақланиб қолмоқда.

“Ўзбекистонда давлатнинг устувор ролига асосланган иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтишни таъминлаш учун ислоҳотлар чуқурроқ тизимли характер касб этиши зарур. Акс ҳолда, мамлакат ўтиш даврида қотиб қолиши хавфи мавжуд.

Бу мақсадни амалга ошириш учун Ўзбекистон мураккаб, лекин келгусида ўз мевасини берадиган ғоятда муҳим макроиқтисодий ислоҳотларни амалга ошириши керак бўлади”, дейди эксперт.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукумати хусусий секторни жалб қилиш учун камроқ даражада инвестор ва кўпроқ воситачи бўлиши зарур.

ЖБнинг Ўзбекистонга молиявий-таҳлилий ёрдами 2017 йилдан буён уч баравар ошган. Ҳозирда йирик халқаро молия институтининг Ўзбекистондаги лойиҳа портфели умумий қиймати 6 млрд доллардан ортиқ бўлган 27 та лойиҳадан иборат. Шундан 2,4 млрд долларга яқини ҳали ишлаб чиқиш босқичида.

Самарқандда қўнғир айиқлар аҳоли чорвасини нобуд қилди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Сойғўс маҳалласи ҳудудига 3 та айиқ келиб, маҳаллий аҳолининг чорвасига ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқалди.

Вилоят экология бошқармаси аниқлик киритишича, ҳолат Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари чегарасида жойлашган Кункўрмас довонида содир бўлган.

Сойғўс маҳалласи чўпонлари сув сатҳидан 2500-2700 метр баландликда, яъни қўнғир айиқларнинг яшаш манзилида чорва боқиб келаётганда маймоқлар тўрт бош эчкини еб қўйган. Чўпонларга ҳам, айиқларга ҳам талафот етмаган.

Шунингдек, маҳаллий аҳоли икки кун олдин кечаси айиқлар Сойғўс маҳалласи яқинига тушиб келганини айтган.

Айиқларнинг аҳоли яшаш жойларига келиши учраб туради.

Жорий йил 15 май куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 74-сонли мактаб ҳудудига айиқ кириб тажовузкор ҳаракат қилган ва ўқувчилар ҳаётига хавф туғдирганди.

Пировардида йиртқич ҳайвон отиб ўлдирилган.

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси таркиби тасдиқланди

Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Париждаги Олимпиада ўйинларида қатнашадиган якуний таркибни эълон қилди, деб хабар берди “Gazeta.uz” нашри.

Рўйхатга киритилган 22 нафар футболчи орасида Умарали Раҳмоналиев, Аббосбек Файзуллаев каби янги порлаётган юлдузларни кўриш мумкин.

Терма жамоага 23 ёшгача бўлган футболчилар жалб этилган. Олимпиада қоидасига мувофиқ, ушбу ёшдан катта уч нафар футболчи (Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов ва Ҳусниддин Алиқулов) ҳам таркибга киритилган.

Тарихда илк бор Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган Ўзбекистон жамоаси Испания, Миср ва Доминикан Республикаси билан “C” гуруҳидан жой олган. Жамоа илк учрашувини 24 июль куни Испанияга қарши ўтказади.

Мирзиёев Халқаро меҳнат ташкилоти раҳбарини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жильбер Унгбо билан, Тошкент, 2024 йил 9 июли (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жильбер Унгбо билан, Тошкент, 2024 йил 9 июли (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 июль куни амалий ташриф билан Тошкентда бўлиб турган Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жильбер Унгбони қабул қилган.

Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, учрашувда Ўзбекистон билан ХМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, қабул чоғида жаноб Унгбо Ўзбекистоннинг меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлаш, иш ўринларини яратиш ва халқаро конвенцияларни имплементация қилиш борасидаги ютуқларига юқори баҳо берган.

Хабарномада сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, халқаро ташкилот кўмагида мамлакатда меҳнат соҳасида 40 дан ортиқ норматив ҳужжат қабул қилиниб, 22 та халқаро конвенция ратификациялангани урғуланган.

Мирзиёев билан Унгбо учрашувида Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга алоқадор муаммолар кўтарилиб-кўтарилмагани маълум эмас. Айни пайтда президент матбуот хизмати 9 июлдаги қабул чоғида ижтимоий адолат тамойилларини илгари суриш бўйича, шу жумладан, “Ижтимоий адолат глобал коалицияси” доирасида қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилганига эътибор қаратган.

Хабарномада учрашув якунида 2026–2030 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олингани ҳам қўшимча қилинган.

Олтин-валюта захиралари бир ойда қарийб 300 млн долларга камайди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўтган бир ой ичида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 300 миллион долларга камайган.

Марказий банк қайдича, жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига захиралар 36 миллиард 634 миллион 300 минг АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 1 июлга келиб бу кўрсаткич 36 миллиард 340 миллион 600 минг долларга тенг бўлган.

Олтиннинг соф ҳажми июль ойи бошига келиб 11,7 миллион трой унцияни, қиймати эса 27 миллиард 318 миллион 900 долларни ташкил этган. Июнь ойида бу кўрсаткич 11,4 миллион трой унцияга (26 миллиард 812 миллион 400 минг доллар) тенг бўлган эди.

Олтин ҳажми кўпайгани ҳолда олтин-валюта захиралари миқдорининг камайганини, иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров тахминига кўра, “котировкаларнинг пасайиши” билан изоҳлаш мумкин.

Аввалроқ Озодлик, Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) маълумотига таянган ҳолда, апрель ва май ойларида Ўзбекистон хорижга олтин экспортини кескин камайтириб, бор-йўғи 1 тонна олтин сотгани ҳақида хабар қилган эди.

Бу мамлакатнинг февраль ва март ойларида хорижга сотган олтини миқдоридан 23 баравар камдир – биринчи чоракда Ўзбекистон чет давлатларга 23 тонна олтин экспорт қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG