Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:23

Эрдўғоннинг Гуланга қарши кураши бошқа давлатларга ҳам кўчмоқда


Ҳокимиятга Фатҳуллоҳ Гулен қўллови билан келган Ражаб Тоййип Эрдўғоннинг бугунга келиб ҳокимият талаши устида ундан юз ўгиргани Туркиянинг жорий бўҳрони ортидаги асосий сабаблардан бири сифатида кўрилмоқда.
Ҳокимиятга Фатҳуллоҳ Гулен қўллови билан келган Ражаб Тоййип Эрдўғоннинг бугунга келиб ҳокимият талаши устида ундан юз ўгиргани Туркиянинг жорий бўҳрони ортидаги асосий сабаблардан бири сифатида кўрилмоқда.

Туркиядаги муваффақиятсизлик билан тугаган ҳарбий тўнтариш уриниши ортидан Қирғизистонда Гулан ҳаракати юзасидан тортишув юзага келди. Бу ҳол яқинда дунёнинг бошқа давлатларига ҳам кўчиши мумкин.

Бу исëндан кейин пойтахт Бишкекда жойлашган икки университет бир-бирига қарши бўлиб қолди. Бу икки олийгоҳ Қирғизистондаги энг яхши олий ўқув юртлари сафига киради.

Уларнинг бири Манас университети бўлиб, уни Туркия ҳукумати молиялаштиради. Иккинчиси эса Халқаро Отатурк-Олатоғ университети бўлиб, уни Фатҳуллоҳ Гуланнинг глобал исломий тармоғи молиялаштиради. Эслатиб ўтамиз, Анқара Гуланни муваффақиятсизликка учраган ҳарбий тўнтариш уринишини ташкиллаштирганликда айбламоқда.

1999 йилдан бери АҚШда яшаб келаётган Гулан эса бу айбловни рад этди.

Тўнтариш уриниши бостирилганидан кейин Манас университети ректори тўнтаришга уринишни қоралаб, форум уюштирди. Сабоҳиддин Балф яна 18 июль куни бўлиб ўтган форум давомида қирғизистонликларни огоҳлантириб, “Гулан гуруҳи Қирғизистондаги одамларни ҳам ўз мамлакатларида қабиҳ ишларни қилишга ундаши мумкин”, деди.

Ректорнинг огоҳлантириши эътиборсиз қолмади. Манас университетининг айрим талабалари унинг фикрига қўшилди. Уларга кўра, Гулан тармоғи ёпиқ ташкилот бўлиб, унинг аъзолари ўз олдиларига қўйган мақсадлари таълимни тарғиб қилиш, жамиятга хизмат қилиш ҳамда консерватив исломий қадриятларга амал қилиш эканлигини таъкидлашса ҳам, аслида бошқа ниятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Гулан ҳаракати ҳақида Манас талабаларидан бири Айгул “Кўпчилик улар ҳокимиятни қўлга олишга уринишлари мумкин, деяпти. Ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини айтиш қийин. Мен [гуланчи] талабалар бирга юришини, бир-бирини қўллашини кўрганман. Аммо шахсан мен улардан келаётган бирор таҳдидни кузатганим йўқ”, дейди.

Гулан тармоғи очган Отатурк-Олатоғ университети ўқитувчилари ҳамда талабалари эса бу фикрларга қўшилмайди.

Отатурк-Олатоғ университети ўқитувчиларидан бири Нурдин Капаров “[Гулан] қанақа ғоя ёки принципларни тарғиб қилади? Илм ёйинлашни, математика, биология, химия ва бошқа фанлар аҳамиятига урғу беради. Бу ғоялар қанақасига шубҳали бўлсин?” дейди.

Анқара Туркияда Гулан ҳаракатига қарши курашар, бошқа мамлакатларни ҳам бундай қилишга чақирар экан, Гулан ҳаракати Туркия ташқарисида ҳам мунозарага сабаб бўлишини кутиш мумкин. Анқаранинг мақсади Гулан глобал тармоғининг молия манбаларини қуритишдир. Гулан оқимининг асосий маблағ манбаси оқим аъзолари 150 ка яқин давлатда очган хусусий мактаблардир. Гулан ҳаракати айнан шу мактаблар туфайли ном чиқарган.

АҚШда жойлашган Teneo Intelligence илмий марказининг Туркия бўйича мутахассиси Вольфанго Пикколи “Анқара Гуланга қарши жанг бошлади. Табиийки, Туркиядаги асосий эътибор маҳаллий вазият ҳамда Гуланнинг АҚШда яшаётганига қаратилмоқда. Бундан кейин Гулан ёки унинг шериклари фаолият юритаётган ҳудудларга ҳам эътибор қаратилади. Анқаранинг бу давлатларни Гулан маориф тизимларини ёпишга чақириб, уларга босим ўтказишини кутиш мумкин”, деди.

Дастлабки белгилар

Анқара аллақачон ўз элчихоналари¸ қолаверса Туркия ҳукуматига алоқадор ташкилотларни Гулан ҳаракати фаолиятини чеклашга чақиришни бошлади. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Гуланни “террорчи” деб атаб, АҚШдан уни “ҳарбий тўнтаришдаги роли” туфайли Туркияга экстрадиция қилишни талаб қилди. АҚШ Давлат котиби Жон Керри Вашингтон экстрадиция масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини, аммо бунинг учун қуруқ “иддаолар” етарли эмаслиги, Гуланнинг айбини АҚШ судида исботлай оладиган жиддий далил зарурлигини айтди.

Гулан ҳаракатининг фаолияти очиқ-ойдин бўлмагани учун кўпчилик бу жамоанинг яширин мақсадлари бор, дея тахмин қилади.

Хабарларга кўра, 20 июль куни Туркия президенти Грузия бош вазири Георгий Квирикашвилини Грузиядаги Гулан мактабларини яқиндан назорат қилишга чақирган. Бундан икки кун аввал Туркиянинг Батуми шаҳридаги консули Гулан мактаблари “террорчи мафкурага таяниб таълим беришини” айтиб, шаҳар аҳолисини ўз фарзандларини бундай мактабларга юбормасликка чақирган эди.

Хабар қилинишича, Эрдўғон Озарбайжонни ҳам Гуланга алоқадор муассасалар фаолиятини чеклашга чақирган. 17 июль куни Озарбайжон презденти Илҳом Алиев Эрдўғон билан телефон орқали суҳбатлашди. Бунинг ортидан Боку ҳукумати Гулан берган интервьюни намойиш қилмоқчи бўлган хусусий телеканал эфирини тўхтатди.

20 июль куни Бокуда Гуланга алоқадор Кавказ университети ҳамда камида битта газета фаолияти вақтинча тўхтатилди. Кавказ университети Бокудаги энг яхши таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Туркиянинг яқин ҳамкори ҳисобланмиш Озарбайжонда Анқара илтимоси билан ўтган йилларда ҳам бир неча Гулан мактаби ёпилган эди.

Гулан ҳаракатини глобал миқёсда чеклаш осон кечмайди, чунки бу ҳаракат мусулмон дунёсидаги энг йирик тармоқлардан бири бўлиб, унинг Кениядан тортиб Қозоғистонгача мактаблари, илмий марказлари ҳамда газета-журналлари бор. Гуланнинг “Хизмат” ҳаракати миллионлаб аъзога эга эканлиги айтилади. Оқим аъзолари Гулан ғояларига амал қилади. Диний пешво ҳар бир мусулмон маориф ва таълимни молиялаштириши, консерватив исломий қадриятларга амал қилиши ҳамда жамиятга хизмат қилиши керак, деб ҳисоблайди.

Турли хил муносабат

Эрдўғон Гулан ҳаракатига қарши курашишда фақатгина Туркиянинг савдо ҳамкори статусига таянмайди. Президент турли мамлакатларда гуленчиларга бўлган зиддиятли муносабатдан ҳам фойдаланиши мумкин. Аксар давлатларда Гулан мактаблари яхши кутиб олинса ҳам, кўп ҳолларда ҳаракат фаолияти яширин эканлиги сабаб унинг ғаразли ниятлари ҳақида хавотирлар мавжуд.

Лондондаги Кинг коллежининг Туркия бўйича мутахассиси Уильям Парк “Гулан ҳаракатини бошқалардан ажратиб турувчи икки жиҳатдан бири¸ уларнинг катта ресурсидир.Туркиядаги тармоқ бизнес ҳамда хайрия ишлари билан ҳам шуғулланади (бу бизнес кўлами миллирдларда ўлчаланди). Иккинчи жиҳат эса¸тармоқ фаолиятининг сиёсий жиҳатидир. Шундай экан, уларнинг ўз ички тармоқларига таянишларини осонликча таҳдид солувчи, сиёсий характерга эга қилиб кўрсатиш мумкин”, дейди.

Бошқа тармоқлар каби, Гулан ташкилоти ўз аъзоларини бир-бирига таянишга, бир-бири билан тижорат қилишга ҳамда топган пулларининг бир бўлагини ташкилотга беришга чақиради. Айниқса¸ тадбиркорлар маҳаллий гуруҳ тузиб, мактабларни молиялаштиришга ҳамда камбағал оиалалардан келган ўқувчиларга контракт тўлашда ёрдам беришга чақириладилар. Мактабларда Ғарб мамлакатлариникига ўхшаш дарс программаси ўтилади. Кўп ҳолларда турк ҳамда инглиз ўқитувчилар ўқувчилар билан ётоқхонада бирга яшашади. Бу ётоқхоналарда дарсдан кейин Гуланнинг дин мавзусидаги асарлари ўрганилади. Бундай муассасаларда бирга ўқиганлар дўстлашиб, профессионал ҳаётда ҳам ҳамкорлик қилади.

Бой тарих

Гулан ҳаракати Марказий Осиёда ҳам бой тарихга эга. Ҳудудда 1990 йиллар бошида Туркия ҳукумати қўллови билан Туркия маданиятини тарқатиш ҳамда мамлакатнинг хориждаги таъсирини ошириш учун маҳаллий ҳукуматлар қўллови билан ҳар бир Марказий Осиё давлатида Гулан мактаблари очилган эди.

Аммо ҳудуддаги авторитар етакчиларнинг бир нечтаси кейинроқ бу мактабларга қарши чиқди. Гулан мактаблари Ўзбекистонда 2000 йиллар бошида, Туркманистонда 2010 йиллар бошида, Тожикистонда эса ўтган йилда ёпилди. Россия аввалига Татаристон ҳамда Бошқирдистонда бу мактабларни яхши кутиб олди¸ аммо 2000 йиллар бошида уларни давлат таълим тизимига қўшиб олди.

Бу мамлакатларнинг бирортаси ҳам Гулан мактаблари нима сабабдан ёпилганини очиқламади. Кузатувчиларнинг айтишича, авторитар ҳукуматларга ўз мамлакатларида уларга тўлиқ бўйсунмаган, яхши тузилган тармоқнинг мавжудлиги ёқмайди.

Вашингтондаги Atlantic Council мутахассиси Аарон Штейн “Ҳар қандай авторитар ҳукумат уни ичкаридан қулатиши мумкин бўлган ташқи таҳдид устидан назоратни марказлаштиришга уринади”, дейди.

Гулан ҳаракатини кучсизлантиришга уринаётган Эрдўғон Гулан мактаблари жойлашган давлатларни уларни ёпиш нафақат Эрдўғоннинг шахсий манфаатини кўзлаши, балки уларга ҳам яхши бўлишига ишонтириши керак.

Қизиғи шундаки, бир пайтлар Эрдўғоннинг ўзи Гулан билан яқин ҳамкор бўлган. Аммо кейинроқ икки ҳамкор ўртасидан қора мушук ўтган. Хабарларга кўра, бунга ҳокимият талашиш ҳамда Эрдўғоннинг авторитар бошқариш услуби туртки бўлган.

Эрдўғон бундан аввал Гулан ҳаракатини ўз маъмуриятини обрўсизлантиришга уринишда айблаган. Хусусан, 2013 йилги коррупция можароси давомида президентга яқин бир неча расмий айбланганда Эрдўғон бунинг ортида Гулан ҳаракати турганини таъкидлаган эди.

Бу можаро ортидан Туркия ҳукумати бир неча прокурор ҳамда юқори лавозимли расмийни ишдан ҳайдади. Эрдўғон ўшанда Туркияни йўқ қилиш илинжидаги “қора кучларга” барҳам бериш учун бундай чора кўрилганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG