Ўзбекистон хабарлари
Гулнора Каримова Швейцариядаги судда ютиб чиқди

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Швейцарияда бўлиб ўтган судда ютиб чиқди. Bloomberg нашрининг ёзишича, бу ғалаба унга музлатилган 350 миллион долларини қайтариб олиш имконини беради.
Швейцария Федерал апелляция суди 3 декабрь куни Г. Каримовани Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant ширкатининг қонуний бенефициари деб топишга оид аризасини қаноатлантирган. Мазкур ширкатнинг Швейцариядаги банк ҳисоб рақамидаги пуллар 2018 йилги жиноят иши доирасида музлатиб қўйилган эди.
“Федерал прокуратура Гулнора Каримованинг активларини мусодара қилишга ҳаракат қилгани эътиборга олинса, бу у учун жуда муҳим ғалабадир”, деган Г. Каримованинг адвокати Грегуар Манжа.
Жиноят иши бўйича пулларнинг асл эгаси Гулнора Каримова бўлганини яшириш мақсадида ҳужжатларни сохталаштирганликда ва пул ювишда айбланган ўзбекистонлик Б. исмли шахс айбдор деб топилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди шу йил 18 март куни Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят иши бўйича ўз ҳукмини эълон қилинганди.
Суд Г. Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, уни 13 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.
Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда, жазо муддатини 2015 йил 21 августидан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.
Аввалроқ Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ваколатли идоралар иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борган саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йил 14 майида Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилганини очиқлаганди.
Кун янгиликлари
Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарани демаркациялаш шартномасини ратификациялади

Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарани демаркациялаш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди. Тегишли қонунни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 28 март куни имзолади. Бу ҳақда қозоқ президентининг матбуот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2022 йилнинг 22 декабрь куни Тошкентда ўтган олий даражадаги учрашув якунида Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартномага қўл қўйган эдилар.
Икки давлат ўртасидаги чегараларни демаркация қилиш бўйича музокаралар 2003 йилда бошланган. 2004 йилдан 2021 йилгача чегара белгиларини ўрнатиш ишлари олиб борилган.
Zakon.kz нашрининг билдиришича, икки давлат ўртасидаги чегара Сирдарё ва Келес дарёлари ўзанининг ўзгаргани оқибатида 5 километрга узайган.
“Чегара анъанавий тарзда дарё формати асосида чизилади. Ҳозирда чегаранинг узунлиги 2356 километр 666 метрни ташкил қилмоқда. У 5 километрга узайган”, деб айтган Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василькенко.
“Россия” телеканали бош директорининг ўғли Ўзбекистонда IT-бизнес қилмоқда

“Президент Владимир Путин йирик бизнесни Россияга инвестиция қилишга чақираётган бир пайтда давлат пропагандасининг асосий раҳбарларидан бирининг ўғли Ўзбекистонда ишлашга қарор қилди”, деб хабар берди The Moscow Times.
“Россия” давлат телеканали бош директори Олег Добродеевнинг ўғли, VKнинг собиқ раҳбари Борис Добродеев Ўзбекистонда бизнес қилаётгани тўғрисида РБК телеканалига берган интерьвюсида маълум қилган.
Добродеев ва Россиядаги «КупиКупон» ширкати асосчиси Жасур Жумаев Ўзбекистонда асос солган IT-холдинг Uzum деб номланган. Мазкур холдингга «Капиталбанк», Uzum Market маркетплейси, Uzum Nazia насия бериш сервиси, Uzum Bank рақамли банки (собиқ Apelsin) кирган.
Добродеевга кўра, Uzum Market 2022 йилнинг ўрталарида ишга туширилган. У Ўзбекистоннинг 16 шаҳрида фаолият юритмоқда ва 27 минг квадрат метрли омборхонасига эга. Яқин кунларда ширкат тайёр овқат ва магазинлардан маҳсулотлар етказиб берувчи Delivery Club ва Ozon fresh сервисларини ишга туширмоқчи.
Добродеев ҳозирда Uzum холдингида маслаҳатчи лавозимида ишлаётганини айтди. Унга кўра, ширкат ўз сафларига VK, «AliExpress Россия», Ozon, «Яндекс», Delivery Club ширкатларининг 5 мингдан ортиқ собиқ ходимини жалб қилган. Улардан 500 нафари программачидир.
РБКга берган интервьюсида Добродеев ва Жумаев холдингга қанча сармоя киритганлари тўғрисида гапирмадилар. Бу лойиҳа ким томонидан молиялаштирилгани ҳам аниқ эмас. Жумаевга кўра, У Россияда сотган активларидан тушган маблағни ва ўзбек бизнесменлари пулларини холдингга сармоя сифатида киритган.
Жумаев Россияда «Алгоритм» мобил маркетинги ишлаб чиқарувчисининг 50 фозига эгалик қилган. У ўз улушини 2022 йилда «МегаФон»га сотган.
Добродеев 2022 йилнинг бошларида VK бош директори лавозимидан истеъфо бериб, россиялик ўзбек олигархи Алишер Усмоновга тегишли бўлган USM Telecom холдингини бошқарган. Аммо Украина уруши бошланганидан икки ой ўтиб у бу лавозимни тарк этган ва ўз лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланишини билдирган.
Ўзбекистонда помидор нархи рекорд даражага етди. У Украина ва Польшадагидан ҳам қиммат

Сўнгги бир ҳафта ичида Ўзбекистонда қизил думалоқ помидор нархи 29 фоизга ошди ва улгуржи нарх ўтган йилга нисбатан икки баробарга қимматлади, деб хабар берди мева-сабзавот бозорини ўрганишга ихтисослашган EastFruit нашри.
27 март куни чоп қилинган хабарда қайд этилишича, 17 мартдан 24 мартгача Ўзбекистонда теплицада етиштирилган қизил думалоқ помидор нархи 28 минг сўмдан 36 минг сўм ($2,45 дан $3,16) га кўтарилган. Сўнгги уч ойда бу маҳсулотнинг нархи 2,4 баробарга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 баробарга қимматлаган.
EastFruit мониторингида қайд этилишича, Ўзбекистонда помидор нархи Европадагидан ва уруш бораётган Украинадагидан ҳам қимматроқдир. Бир кило помидор Ўзбекистонда 3,16 доллар, Польшада 2,79 доллар, Украинада 2,60 доллар, Тожикистонда 2,29 доллар, Молдовада 1,61 доллар ва Грузияда 1,16 доллар туради.
Нашр Ўзбекистонда помидор нархи рекорд даражада қимматлаганини январь ойидаги аномал совуқ пайтида иссиқхоналарда катта миқдордаги ҳосил йўқотилгани билан боғламоқда.
Озодлик радиоси ўтган куз-қиш мавсумида Ўзбекистонда юзага келган энергетик бўхрон ва бунинг оқибатида иссиқхоналар музлаб қолгани ҳақида хабарлар берган эди.
«КазТрансОйл» Россия нефтини Ўзбекистонга транзит қилишни бошлади

«КазТрансОйл» ширкати Россия нефтининг 25 минг тонналик биринчи партиясини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит қилишни бошламоқда, деб хабар берди 27 март куни “Капитал” нашри.
Транзит “Омск- Павлодар - Чимкент -Шағир нефт қуйиш эстакадаси” йўналишида амалга оширилади. Шағирдан нефть Ўзбекистонга темир йўл орқали олиб ўтилади.
Ширкат матбуот хизматининг билдиришича, жорий йилда «КазТрансОйл» магистрал нефть қувурлари орқали Ўзбекистонга жами 250 минг тонна нефть транзит қилади.
The Moscow Times газетасининг ёзишича, Ўзбекистон 2023 йилда “Газпромнефть” ширкатидан 9 миллион долларга 300 минг тонна нефть сотиб олишга келишган эди.
«КазТрансОйл» 1 февралдан Россия нефтини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзит қилиш нархини тоннасига 25,12 доллардан 27,9 долларга оширган.
Ўзбекистон “Газпром” билан “Омск- Павлодар – Чимкент” қувири орқали Россиядан нефть сотиб олиши тўғрисида 2017 йилнинг ноябрида хабар қилинган эди. Ўшанда синов тариқасида нефть етказиб бериш бошлангани билдирилган.
Мазкур хабарда тасдиқланган жадвалга кўра, нафть ҳажми бир ойда 30 минг тоннани ташкил этиши, бироқ талабга мувофиқ суткасига 2 минг тоннага қадар (яъни тахминан 60 минг тонна) оширилиши мумкинлиги айтилганди.
Президент Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунилари Москвага қилган давлат ташрифи доирасида Ўзбекистонга Россиядан 500 минг тонна нефть етказиб бериш юзасидан ҳукуматлараро меморандум имзоланган эди.
Al Ўзбекистонда фуқаровий эркинликлар ҳамон қаттиқ назорат остида қолаётганига эътибор қаратди

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти жорий ҳафта бошида Парижда жаҳондаги инсон ҳуқуқлари бўйича 2022 йил учун ҳисоботини эълон қилди.
“Замонавий дунёда инсон ҳуқуқлари” деб номланган мазкур ҳисоботнинг тўлиқ матни эса 28 март куни ёйинланди.
Ҳисоботда аввалига “Covid-19, кейин эса Украинадаги уруш инсон ҳуқуқлари соҳасида қўш стандартлар мустаҳкамланишига олиб келган”и урғуланган.
Унда қўш стандартларга мисол ўлароқ Саудия Арабистони, Миср, Исроил ва Фаластин, Афғонистон ва Суриядаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятлар келтирилган. Ҳисоботда АҚШ томонидан 2021-2022 йилларда 25 мингдан зиёд гаитилик ватанига депортация қилинганига эътибор қаратилган. Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси Хитойнинг Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчилик вакилларига нисбатан инсонийликка қарши жиноят аломатларига эга сиёсатини қораламагани урғуланган.
Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида ўтган йилнинг июль ойи бошида Қорақалпоғистонда тинч намойишларни бостириш учун хавфсизлик кучлари ноқонуний куч ишлатгани, намойиш ташкилотчилари деб ҳисобланган шахслар судлангани ва ҳибсга олинганларга қарши қийноқ қўлланилганига тўхталинган.
Бундан ташқари, мамлакатда қонунчилик ислоҳотлари фуқаролик жамиятининг давлат сиёсатини муҳокама қилишда иштирок этишига кенг имконият яратган бўлишига қарамай, сўз эркинлиги, уюшмалар ва тинч йиғинлар эркинлиги қаттиқ назорат остида қолаётгани, дискриминацион гендер стереотиплари аёллар, қизлар ва ЛГБТИ вакилларига қарши зўравонликнинг олдини олиш ва улар учун адолатни таъминлашга тўсқинлик қилгани таъкидланган.
Al вакиллари қайдича, мамлакатда танқидий фикрларга тоқатсизлик, блогерларни айблаш, уларга жарима солиш ва ҳибсга олиш, оммавий ахборот воситаларида цензура давом этмоқда. Ҳисоботда, хусусан, блогер Севинч Садуллаева билан боғлиқ воқеага тўхталинган.
“11 ноябрь куни Тошкент шаҳар суди блогер Севинч Садуллаевани беш кунлик маъмурий ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бунга сабаб, у ижтимоий ва маданий аёлларга хос бўлган ахлоқ ва кийиниш меъёрларини писанд қилмаслигини намойиш этувчи видео ва расмларни ўз ижтимоий медиа саҳифасига жойлаштирганидир. У барча материалларни ўчириб ташлашга ваъда берганидан сўнг, муддатидан бир кун аввал озод қилинди”, дейилган Al ҳисоботида.
Шунингдек, унда Ўзбекистонда иқлим инқирозини бартараф эта олмаслик муаммосига ҳам ўрин ажратилган.
Мирзиёев пенсия ва иш ҳақини оширишга оид фармонни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 март куни иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармон матни президент сайтида эълон қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистонда пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилади. Хусусан, кейинги ойдан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 347 минг сўм, ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 677 минг сўм, ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори ойига 747 минг сўм, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори ойига 747 минг сўм, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда ойига 3 миллион 296 минг сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори ойига 535 минг сўмни ташкил этади.
Нафақа миқдорининг оширилиши 4,4 миллион пенсионерга таъсир қилиши кутилмоқда.
Фармонда жорий йилнинг 1 майидан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилиши қайд этилган. Ҳужжат билан май ойи бошидан Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 980 минг сўм, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) эса ойига 330 минг сўм этиб белгиланган.
Ўзбекистонда сўнгги бор пенсиялар ўтган йилнинг 1 майидан, бюджет ташкилотлари ходимлари маоши эса 1 июндан оширилган эди.
Венгрияда Ўзбекистон элчихонаси очилди

Венгрия пойтахти Будапештда 27 март куни Ўзбекистон элчихонаси очилгани тўғрисида Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди. Очилиш маросимида ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто иштирок этган.
Бахтиёр Саидов тадбирда сўзлаган нутқида “Венгрия билан ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири экани”ни таъкидлади.
Бунгача Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Венгриядаги элчи мақомида ҳам бўлган. Венгриянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2016 йилда очилган эди.
Сўнгги йилларда президент Мирзиёев маъмурияти Европа давлатлари орасида Венгрия билан муносабатларни кенгроқ ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистон президентининг ўтган йилнинг 3-4 октябрдаги Венгрияга ташрифи доирасида томонлар ўртасида 16 та шартнома, жумладан, ядровий энергетика соҳасида комплекс ҳамкорлик дастури имзоланган.
2022 йилнинг 12 декабрида эса Ўзбекистон тарихида илк маротаба Ипотека банкидаги давлат улуши Венгриянинг OTP банкига сотилган. Шартнома имзоланишидан олдинроқ 12 декабрь куни президент Мирзиёев ОТР банки раҳбари Шандор Cзанйи билан учрашган эди.
Каттақўрғонда газ портлаши оқибатида бир оиладан тўрт киши ҳалок бўлди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги “Мадраса” маҳалласида ятаган бир оиланинг тўрт нафар аъзоси газ портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Вилоят прокуратурасининг 28 мартда хабар беришича, ҳодиса 17 март куни соат 5:00 да содир бўлган.
“А.Р. уйидаги табиий газга мўлжалланган иситиш печини эҳтиётсизлиги билан нотўғри ўт олдирганлигидан келиб чиққан қисқа муддатли чақнаш кузатилганлиги оқибатида А.Р., турмуш ўртоғи К.Ф., набиралари И.А., ҳамда О.А.,лар 50 - 60 % куйиш жароҳатлари билан даволаниш учун туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган” дейилади прокуратура билдирувида.
26 март куни К.Ф., Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмасида, вояга етмаган И.А., ва О.А., лар Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалида вафот этган.
27 март куни эса А.Р., Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмасида вафот этди.
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Андижон” аэропорти таъмир учун йил охиригача ёпилади

“Андижон” халқаро аэропорти аэродром мажмуаси реконструкциясининг бошланиши муносабати билан жорий йил 1 апрелидан учоқларни қабул қилиш ва парвоз қилдиришни вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Ширкат қайдича, реконструкция доирасида учиш-қўниш, буриш йўлакчалари ва учоқлар тўхтаб турадиган жойлардаги сунъий қопламаларни модернизация қилиш ҳамда янги ёритиш жиҳозлари тизими, қўнишга оид метеорологик ва радионавигацион тизимларни ўрнатиш кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, “Андижон” аэропортини 9 ой давомида реконструкция қилиш режаланган. У ердаги барча ишлар кечикмай битган тақдирда, халқаро аэропорт кейинги йил бошидан яна учоқларни қабул қила бошлаши мумкин.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида жойлашган учта вилояти ўртасида янги халқаро аэропорт қурилиши режаланаётгани, бу борада мамлакат президентига ўтган йилнинг апрель ойида ўтказилган транспорт ва коммунал соҳалардаги лойиҳалар тақдимоти чоғида билдирилгани ҳақида хабар қилган эди.
Ўтган йил ёзида Uzbekistan Airports компанияси раҳбари Раъно Жўраева маҳаллий нашрларга берган суҳбатида водийда йирик аэропорт қуриш бўйича икки сценарийга тўхталган бўлиб, булардан бири мавжуд аэропортлардан бирини реконструкция қилиш, бошқа бири эса янгитдан катта аэропортни барпо этиш эканини айтган.
Нукус воқеалари бўйича “Олға Қорақалпоғистон” раҳбари ҳам сиртдан судланмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Нукус воқеалари бўйича “Олға Қорақалпоғистон” ҳаракати лидери Аманбай Сагидуллаев ҳамда Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Ниетбай Уразбаевга оид жиноят ишини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълум қилган.
55 ёшли А. Сагидуллаев Норвегиядан бошпана олгани, 53 ёшли Н. Уразбаев эса Қозоғистонда яшаши айтилади.
Олий суд хабарномасига мувофиқ, Ўзбекистондаги конституциявий тузумга тажовуз қилиш, президент ҳаётига тажовуз қилиш, оммавий тартибсизликлар, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш дохил Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича айбланаётган А. Сагидуллаев ва Н. Уразбаев “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги сабабли” суд уларнинг иштирокисиз ўтказилмоқда.
Хабарномада мазкур маҳкама жараёни якуни бўйича батафсил ахборот берилиши қайд этилган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, жорий йилнинг 31 январь куни Нукус воқеалари бўйича илк судда 22 кишига нисбатан, 17 март куни эса иккинчи судда 39 нафар судланувчига нисбатан ҳукм ўқилган. Биринчи суд ҳукми билан 18 киши, иккинчи суд ҳукми билан эса 28 киши қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.
Ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари содир бўлган Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.
Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо ҳар иккала судда ҳам айбланувчилар орасида намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.
Март ойи ўрталарида Тошкентда бўлиб, ўзбек расмийлари билан учрашган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам уларга Нукус воқеаларидан сабоқ чиқариш бўйича тавсиялар берганини айтган эди.
Халқаро қидирувда бўлган шахс Швециядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди

Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан халқаро қидирувда бўлган шахсни экстрадиция қилиш Швециядан биринчи марта амалга оширилди. Бу ҳақда бюро матбуот хизмати 26 март куни хабар берди.
“Тошкент ва Стокголм Интерпол Миллий Марказий бюроларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари ҳамда Лион шаҳрида ўтказилган Миллий марказий бюролар раҳбарларининг йиллик конференция давомидаги учрашувлар натижасида Швециядан биринчи марта жиноятчи Ўзбекистонга экстрадиция қилинди”, дейилади расмий билдирувда.
Мазкур шахс бошқа бир нечта шериги билан тегишли ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали кўчмас мулкни сотиш билан шуғулланганликда ва фирибгарлик ҳаракатлари орқали катта моддий зарар етказганликда гумонланмоқда.
Интерполнинг Ўзбекистондаги бюроси қидирилаётган шахс Европа Иттифоқи ҳудудида яширингани тўғрисида маълумотларга эга бўлган. Тезкор-қидирув тадбирлари давомида у Швеция ҳудудида яшаётгани аниқланган аниқланган ва ҳибсга олинган.
"Ўзбекистон Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилганидан сўнг гумонланувчи Интерпол ММБ ходимлари ҳамроҳлигида Ўзбекистонга олиб келинди", дейилади билдирувда.
Ташқи миграция агентлиги раҳбарининг қамоққа олингани тасдиқланди

Ташқи миграция агентлиги матбуот хизмати 25 март куни ташкилот раҳбари Афзал Ирматов қамоққа олинганини тасдиқлади.
“Агентлик бошлиғи А. Ирматовга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари бўйича айблов эълон қилиниб, ҳибсга олинган. Ҳозирда унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда”,-дейилади расмий билдирувда.
Агентлик матбуот хизмати бундан бошқа маълумотларни бермаган.
Озодлик радиоси 5 январь куни агентликнинг Афзал Ирматов доҳил камида уч нафар мансабдори 2 январда қамоққа олингани тўғрисида хабар қилган эди. Ўшанда Озодлик ўз манбаларига таяниб тарқатган бу маълумотга агентлик ҳам, бош прокуратура ҳам муносабат билдирмаган, шунингдек, тасдиқламаган ёки инқор ҳам этмаган эди.
Озодлик манбаларига кўра, ДХХ томонидан қўлга олинган мансабдорлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича гумонланмоқда.
Бундан олдин Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Миграция бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сардор Абдуазимов 2022 йилнинг 20 декабрида ҳибсга олингани хабар қилинганди.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграция агентлигига қарши тергов ҳаракатлари биринчи марта бўлаётгани йўқ.
Тўрт йил аввал агентлигининг раҳбарлари узоқ муддатларга қамалди.
2018 йилнинг ноябрь ойида агентлик раҳбарлари катта миқдорда пора олганликда айбланиб қўлга олингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.
Ўзбекистонда йил бошидан бери 250 та зилзила юз берди

Ўзбекистонда ва унга чегарадош ҳудудларда 2023 йил 1 январдан бугунги кунгача кучи 2,8-6,8 баллгача бўлган 250 дан ортиқ зилзила қайд этилди. Бу ҳақда АОКАда ўтган матбуот анжуманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Сейсмология институти расмийлари маълум қилди.
Сўнгги 10 йилда мамлакатда жами олти маротаба 6 - 8 балли зилзила юз берган. Уларда 16 киши қурбон бўлдган, 54 киши жабрланган, иқтисодий зарар эса 84 миллиард сўмни ташкил этган.
Мутахассислар ҳалокатли зилзилалар тарихига назар ташлар эканлар, 2011 йилдаги Кон зилзиласини (8 балл), 2013 йилдаги Туябугиз (7 балл) ва Маржонбулон зилзиласини (8 балл), 2016-2017 йиллардаги Китоб ва Бахмал зилзилаларини (7 балл), 2022 йилдаги Бойсун зилзиласини (6 балл) тилга олдилар.
Ўзбекистонда 1900 йилдан шу кунгача магнитудаси 5 да юқори бўлган 60 дан ортиқ кучли ва ҳалокатли зилзила содир бўлган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон геологик жойлашувига кўра, Ўртаер денгизи - Осиё сейсмик камарида жойлашган. Шу боисдан Ўзбекистонда ва унга чегарадош ҳудудларда тез-тез зилзилалар содир бўлиб туриши табиий ҳол саналади. Зилзилаларнинг кўпи аҳоли учун сезилмайдиган даражада юз беради.
Озодлик аввалроқ 21 март ва 23 март кунлари Афғонистон ҳамда Тожикистонда юз берган кучли зилзила Ўзбекистон худудида 4 баллдан 6 баллгача бўлган кучланишда сезилганини хабар қилган эди.
Бу ҳолат аҳоли орасида ваҳималарга сабаб бўлиб, яқин орада бундан ҳам кучлироқ ер силкинишлари кутилаётгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалган. Аммо Сейсмопрогностика маркази бу хабарларни инкор қилган.
Улуғбек Рўзиқулов яна “Ўзавтосаноат” раиси лавозимига қайтди

Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчиси бўлиб ишлаб келаётган Улуғбек Рўзиқулов “Ўзавтосаноат” ширкати бошқаруви раиси лавозимини эгаллаган. Бунга оид маълумотлар компания сайтида акс этган.
У. Рўзиқулов куни кеча Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Шавкат Умурзоқов ўрнини эгаллади. Ш. Умурзоқов 2018 йил июнидан бери “Ўзавтосаноат” ширкати раиси сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
2018 йил январида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати бош директори вазифасидан кетган Улуғбек Рўзиқулов ўша йил апрелида Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчиси этиб тайинланган ва шу кунгача дипломатлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганди.
Авиаширкат раҳбари этиб тайинлангунига қадар эса У. Рўзиқулов “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси бошқаруви раиси ва бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган ҳамда бу лавозимдан президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 августидаги фармони асосида бўшатилган эди.
Ноқонуний ер ажратганликда гумонланган собиқ туман ҳокимининг озодлиги 3 йилга чекланди

Ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун Асака тумани ҳокими лавозимидан ўтган йилнинг сентябрида ишдан олинган Мансурбек Алихоновга нисбатан 3 йилу 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Олий суд вакили қайдича, Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган Мансурбек Алихонов иши бўйича суд ҳукми 2023 йилнинг 27 январида чиқарилган.
Озодликни чеклаш жазосидан ташқари суд қарори билан 39 ёшли собиқ ҳокимга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш тақиқлаб қўйилган. Олий суд М. Алихонов иши бўйича апелляция суди 30 март куни Андижон вилоят судида бўлиб ўтишини қўшимча қилган.
Мансурбек Алихонов Асака тумани ҳокими лавозимида 2020 йил сентябридан 2022 йил сентябригача фаолият олиб борган. Ҳокимликка тайинлангунича эса у Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ички ишлар бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлаган.