Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2021, Тошкент вақти: 06:47

Ўзбекистон хабарлари

Журналистлар уюшмаси Андижонда Effect.uz мухбирининг калтакланганини қоралаб чиқди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижонда Effect.uz журналистининг калтакланганини қоралади.

Ўз расмий Телеграм-канали орқали тарқатган баёнотда уюшма журналистни калтаклаган шахслар хатти-ҳаракатларига муносиб ҳуқуқий баҳо берилишига ва тегишли чоралар кўрилишига ишонч билдирган ҳамда Бош прокуратурадан ишни ўз назоратига олишини сўраган.

Журналистлар уюшмаси Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳам айни вазият юзасидан тезкор муносабат билдириши ҳамда хизмат текшируви ўтказиши лозим, деб ҳисоблашини қайд этган.

Андижонда Effect.uz нашри мухбири калтаклангани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Сайт ўз ходимлари “Андижон шаҳар халқ депутатлари кенгаши раиси Раҳим Собировичнинг ўғли томонидан калтакланган”ини очиқлаган.

Журналистлар уюшмаси Андижондаги каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги янгича очиқлик сиёсатига зид эканлигини алоҳида қайд этган.

Кун янгиликлари

Тиббий маълумотга эга бўлган шахсларга мустақил ҳамширалик билан шуғулланишга рухсат берилади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда ўрта тиббий (ҳамширалик иши, даволаш иши, акушерлик иши) ёки олий ҳамширалик иши бўйича олий маълумотга эга бўлган, давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида ишламайдиган шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида “ҳамширалик иши” фаолияти билан шуғуллланишга рухсат берилади. Бунга оид низом, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, ўтган ҳафта сўнгида ҳукумат қарори билан тасдиқланган.

Низомга мувофиқ, мустақил ҳамширалик билан шуғулланмоқчи бўлган шахс махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига келган ҳолда рўйхатдан ўтиши керак.

Қайд этилишича, ҳамширага маълумотнома расмийлаштирилади ва шу асосда у Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастурида рўйхатдан ўтиб, ўз фаолиятини бошлайди.

Низомда мустақил ҳамширанинг шифокор кўрсатмасисиз ҳамда унинг тавсияси асосида аҳолига мустақил тиббий маслаҳат ва муолажаларни бажариш бўйича ҳуқуқлари белгиланган.

Мустақил ҳамширага стерилизация қилиниши талаб этиладиган тиббий буюмлардан фойдаланган ҳолда аҳолига тиббий муолажаларини бажаришига, дори воситалари қабул қилишда ножўя таъсир ҳолатини аниқлаш мақсадида қўйилган синама ҳолатини баҳолашга рухсат этилмайди.

Ҳужжатда мустақил ҳамшира фаолиятни амалга оширишдаги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун шахсан жавобгар ҳисобланиши қайд этилган.

Халқ таълими вазирлиги мактабларда дарслик етишмаслиги кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ота-оналарни янги ўқув йили бошида баъзи мактабларда дарслик етишмовчилиги кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Вазирлик матбуот хизматига кўра, бу каби муаммо “айрим ўқувчиларнинг мактабдан-мактабга ўтиши, жумладан таълим тилини ўзгартириши натижасида” юзага келиши мумкин.

“Жойлардаги бундай муаммоларни ўша мактаб раҳбарияти ҳамда ҳудудий халқ таълими бўлими ва бошқармалари ҳудуддаги китоб ортиқча бўлган бошқа мактаблардан китоб етишмаётган мактабларга ўтказиш орқали зудлик билан ҳал этиш чораларини кўриши белгиланган”, дейилган ХТВ хабарномасида.

Мурожаати ижобий ҳал этилмаган ўқувчиларга вазирлик махсус Телеграм-бот орқали маълумот юборишни тавсия қилиб, ҳар бир мурожаатни ўз назорати олишни ваъда қилган.

Беш ярим ойда эмланиши режалаштирилган 21 миллион кишининг 16 фоизи эмланди

Вирусга қарши тўлиқ босқичларда вакцина олганлар сони 3,4 миллион нафардан ошган.

Ўзбекистонда 15 сентябргача 10 миллион 200 минг киши 1 доза вакцина билан эмланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдирилишича, бу эмланиши режалаштирилган аҳолининг 47,6 фоизини ташкил қилади.

Вирусга қарши тўлиқ босқичларда вакцина олганлар жами эмланадиган аҳолининг 16 фоизини ташкил қилиб, уларнинг сони 3,4 миллион нафардан ошган.

Вазирлик жами 21 миллиондан кўпроқ киши эмланиши режалаштирилганини маълум қилди.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш кампанияси шу йил 1 апрелидан бошланган. Шу кунда ўзбекистонликлар Россиянинг “Спутник V” ва Хитойдан келтирилган ZF-UZ-VAC 2001 вакциналаридан ташқари AstraZeneca, Moderna ва Pfizer/BioNTech вакциналари билан ҳам эмланмоқда.

Коронавирусга чалинганлар сони 168 мингдан ошди

Янги касалланиш ҳолатларининг 249 таси Тошкент шаҳрида аниқланди.

Ўзбекистонда 18 сентябрь куни яна 579 кишида коронавирус аниқланди, 4 бемор вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 168437 кишига етди. Беморлардан 1188 нафари вафот этди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 249 таси Тошкент шаҳрида, 106 таси Тошкент вилоятида, 42 нафари Фарғона вилоятида аниқланган.

Касалликдан соғайганлар жами 162055 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.

18 сентябрь куни 109 кишида пневмония аниқланиб, жами беморлар сони 26177 нафарга етди. Кеча уларнинг 478 нафари соғайиб, умумий соғайганлар сони 22314 нафарни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, 1 нафар бемор вафот этиб, шу кунгача пневмониядан вафот этганлар сони 214 нафарга етди.

Туризм ва спорт вазирлиги пиёда юрганларга пул тўлаш тўхтатилгани тўғрисида ўзи берган хабарни ўзи рад этди

Бир кунда 10 минг қадам юрганларга 3000 сўмдан берилади.

Туризм ва спорт вазирлиги “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фаолияти ва 1hls.uz мобил иловаси фойдаланувчиларга пул тўлаш вақтинча тўхтатилгани тўғрисида ўзи тарқатган хабарга ўзи раддия берди.

Билдирилишича, Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати ходими маҳаллий матбуотда бу борада чоп этилган мақоласида жамоатчиликка асоссиз ва тасдиқланмаган маълумот берган.

Вазирлик ахборот хизмати мазкур хабарни етказишда хатоликка йўл қўйгани учун узр сўраган ва “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ишлашда давом этишини маълум қилган. Матбуотга нотўғри хабар етказган ходимга эса огоҳлантириш берилган.

Расман билдирилишича, мазкур платформа бўйича 2021 йил 10 июндан 13 сентябрга қадар бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига жами 9,4 млрд сўм маблағ тўлаб берилган.

Ўзбекистонда юриш ва югуришни рағбатлантирувчи 1hls.uz иловаси шу йилнинг 10 июнида ишга туширилган эди.
Мазкур платформани ишлаб чиқиш тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг ноябрида махсус фармонни имзолаганди.

Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича жаҳонда 5-ўринни эгаллади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон 2020 йилда ҳам 2019 йилда бўлгани каби 3500 тонна уран қазиб олди. Бутунжаҳон ядро ассоциацияси – WNAнинг билдиришича, бу билан Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича жаҳонда 5-ўринни эгаллади.

WNA ҳисоботида билдирилишича, 2011 йилда Ўзбекистон 2500 тонна уран қазиб олган. 2012 йилдан бошлаб мамлакатда уран қазиш камайган. Масалан, 2012 -2015 йилларда 2400 тонна ва ундан озроқ уран ишлаб чиқарилган бўлса, 2016 йилдан бошлаб уран қазиш деярли 1000 тоннага кўпайган ва 2019 йилга келиб 3500 тоннани ташкил қилган.

Ўзбекистоннинг ўзида уран қайта ишланмайди, шунинг учун у тўлиғича экспорт қилинади. Ўзбекистонда 132 минг тонна уран захираси мавжуд бўлиб, бу дунё захирасининг 2 фоизини ташкил қилади. Уран захираси бўйича Ўзбекистон жаҳонда 11-ўринда туради.

Уран қазиш бўйича 2020 йилда 1-ўринни Қозоғистон (19,5 минг тонна), 2-ўринни Австралия (6,2 минг тонна), 3- ўринни Намибия (5,4 минг тонна) ва 4-ўринни Канада (3,9 минг тонна) эгаллаган.

Мирзиёев Афғонистоннинг хориждаги музлатилган активларини қайтаришни таклиф қилди 

Толибон вакиллари Тошкентда, Ўзбекистон.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳисобга олган ҳолда хориж банкларида музлатиб қўйилган афғон активларини қайтаришни таклиф қилди.

Гап август ўртасида "Толибон" қўлига тушмаслиги учун АҚШ томонидан музлатилган Афғонистон Марказий банкининг миллиардлаб долларлари ҳақида бормоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг таъкидича, пулларнинг қайтарилиши Афғонистондаги гуманитар инқироз, қочқинлар оқимининг кўпайишига чек қўяди, шунингдек, мамлакатга ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради.

Қўшма Штатлар Афғонистон ҳукуматининг Америка банк ҳисобларида сақланаётган захираларни музлатгани, бундан ташқари маблағлар толиблар қўлига тушмаслиги учун Афғонистонга катта миыдорда доллар етказишни тақиқлаган.

23 август куни Жаҳон банки ҳам Афғонистондаги лойиҳаларини молиялаштиришни вақтинча тўхтатган эди.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, Афғонистон Марказий банки 9,4 миллиард долларлик захира активларига эга бўлган.

Толибон ишғоли ортидан чет элга қочган Афғонистоннинг Марказий банки бошқарувчиси Ажмал Аҳмадий "Твиттер"да банкининг деярли барча захиралари чет элда жойлашган ва улар 9 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади деб ёзган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Толибон қўлига ўтишидан саноқли кунлар ўтиб, ўзбек халқининг тинчлиги учун, "ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирганди.

Пиёда юрганларга Мирзиёев ваъда қилган пуллар тўхтади

Ўзбекистонда бир суткада камида ўн минг қадам юрганларга 3 минг сўмдан бериш 14 сентябр кунидан тўхтади. 

Ўзбекистонда бир суткада камида ўн минг қадам юрганларга 3 минг сўмдан бериш 14 сентябр кунидан тўхтади.

Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш бўйича “Соғлом турмуш тарзи” платформаси 1hls.uz мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар вақтинча тўхтатилганини айтмоқда.

Вазирлик буни ғазна ҳисобварағига тушадиган тегишли даромадлар манбаларининг бир меъёрда доимий тушиш имконияти чекланганлиги билан изоҳлаган.

Мазкур шахсий ғазна ҳисобварағида 500,0 млн сўмдан кам маблағ қолса, мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар, ушбу шахсий ғазна ҳисобварағида 5,0 млрд сўмгача маблағ йиғилгунга қадар автоматик тарзда тўхтатилиши белгилаб қўйилган.

“Бунда, шахсий ғазна ҳисобварағидаги маблағлар 5,0 млрд. сўмга етгунга қадар мобил иловада ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларга тўланадиган тўловлар тўланмаслиги кўрсатиб ўтилган”, дейилади вазирлик хабарида.

Тўловлар қачондан қайта тикланиши ҳақида вазирлик баёнотида ҳеч нарса айтилмаган.

Ўзбекистонда юриш ва югуришни рағбатлантирувчи 1hls.uz иловаси шу йилнинг 10 июнида ишга туширилган эди.

Мазкур платформани ишлаб чиқиш тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг ноябрида махсус фармонни имзолаганди.

Режага кўра, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўм, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 млн сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилиши кўзда тутилганди.

Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлигига кўра, ўшандан буён бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ёш ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига жами 9,4 млрд сўм маблағлар тўлаб берилган.

Шунингдек, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга қўшимча равишда 1 млн. сўм тўланиб, жорий йил июнь-август ойлари давомида жами 206,7 млн. сўм маблағ фойдаланувчилар электрон ҳисоб рақамига ўтказилган.

"Малика" бозорида яна рейдлар, Тошкент ИИББ бу соқолга қарши тадбир эмаслигини билдирди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода "Малика" савдо мажмуасида ниқобли махсус кучлар юргани кўринади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси "Малика" савдо мажмуасида хавфсизлик хизматининг махсус ходимлари юргани акс этган видео юзасидан изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода савдо мажмуасида ниқобли махсус кучлар юргани кўринади.

"Малика" савдо мажмуасидаги баъзи савдогарлар профилактик суҳбат чоғида хавфсизлик ходимлари соқолини олишга мажбурлаганини айтишган.

"Бизни ҳудди жиноятчидай Шайхонтоҳур РОВДсига олиб бориб соқолимизни олишди", - деган савдогарлардан бири Озодликка.

"Малика" бозорида рейдлар
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:11 0:00

Озодликка юборилган яна бир видеода кадр ортидан гапирган одам: "Маскалилар келди, соқоллиларни босишяпти, огоҳ бўлинглар!", дейди.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати пойтахтдаги "Малика" савдо мажмуасида профилактик тадбир ўтказилганини тасдиқлади.

"Шайхонтоҳур туманида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан "Хавфсиз шаҳар" концепцияси ижроси доирасида ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш, гиёҳвандлик воситаларининг тарқалишига барҳам бериш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда", - дейилади Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати билдирувида.

Тошкент шаҳар ИИББнинг Озодлик суҳбатлашган мулозими рейдлар "соқол"га қарши ўтказилмаганини айтди.

Бу "Малика" бозоридаги биринчи профилактик тадбир эмас.

Икки йил аввал Тошкентда жума намозидан сўнг ички ишлар ходимлари “Малика” савдо мажмуасида ўнлаб соқолли эркакларни тутиб олиб кетиб, соқолини олишга мажбурлагани норозиликларга сабаб бўлган ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган эди.

Шу йилнинг февраль ойида ҳам “Малика” мажмуасидаги савдогарлар соқоли мажбурлаб олингани ҳақда Озодликка айтишганди.

Ўшанда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот котиби Ирини Сайфуддинова Озодлик билан суҳбатда бозорда савдогарлар соқоли мажбурлаб олинганини рад этаркан, "ҳеч ким соқолини олишга мажбурланмаслигини" таъкидлаган эди.

Сайфутдинова фуқароларга "ташқи кўринишларини биометрик паспортларидаги суратларга мувофиқлаштириш тавсия этилган бўлиши мумкин"лигини инкор қилмаган.

"Малика" бозорида "мажбурлаб соқол олиш тадбирлари" Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида халқаро ташкилотлар тарафидан нисбатан яхшилангани айтилаётган диний эркинлик вазиятига соя солди.

Ҳуқуқбонларга кўра, фуқароларнинг соқоли мажбуран олиниши инсон ҳуқуқлари поймол этилишини англатади.

Ўзбекистон расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг диний рамз деб кўриладиган соқол ва ҳижобга қарши кампаниялари халқаро жамоатчилик, жумладан, АҚШ Давлат департаменти томонидан ҳам танқид қилиб келинган.

Тошкентда 12 нафар шахс ҳизбчиликда гумонланиб ушланди

Тошкент шаҳрида 12 нафар шахс “Ҳизб ут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотига аъзолигида гумонланиб қўлга олинган.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.

17 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор, Учтепа, Яшнобод ва Юнусобод туманларида ўтказилган рейдларда ушланганлар ёнидан эктремистик мазмундаги материаллар топилгани айтилади.

"Таҳрирчилар”нинг барчаси 1980 й.т. Юнусобод туманида истиқомат қилувчи “Р.У.”нинг ғоявий таъсири остида экстремистик фаолият билан шуғулланиб келганлар.

“Р.У.” ва унинг жиноий алоқалари интернет ижтимоий тармоғи орқали Украина давлатида яшириниб келаётган 1980 йилда Қирғизистон Республикасида туғилган, “Махмуд Абдулмўмин” тахаллусли – Холдаров Махмуджон Абдумаликович билан алоқа ўрнатиб, унинг маърузалари ва “Ҳизб-ут Таҳрир” экстремистик ташкилоти материалларини аҳоли орасида тарқатиш ҳамда унинг кўрсатмалари асосида “таҳрирчилар” сафига янги аъзоларни ёллаш билан шуғулланиб келганлар", дейилади Тошкент ИИББ билдирувида.

Бу сўнгги бир ҳафтада Тошкентда "диний экстремистик ташкилоти аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйишга қаратилган" иккинчи рейд.

Бундан олдин Тошкентда “Ҳизб-ут Таҳрир”нинг аёллар қаноти фош этили, 22 нафар шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.

ДСҚ: Ўзбекистон йил бошидан импортга 15,7 млрд сарфлаган

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, шу йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 25 млрд АҚШ долларига тенг бўлган.

Шунинг 15,7 млрд доллари импортга сарфланган.

Экспорт 9,3 млрд долларни ташкил этиб, унинг таркибида маҳсулотлар 7,7 млрд долларни, хизматлар – 1,6 млрд долларни ташкил қилди.

Импорт ҳажми 15,7 млрд долларга тенг бўлиб, унинг таркибида маҳсулотларга 14,7 млрд доллар, хизматларга 1,0 млрд доллар сарфланган.

2021 йилнинг беш ойида Хитой Ўзбекистон экспорт ва импортида етакчилик қилмоқда. Хитойдан импорт экспортга нисбатан 2 баробарга кўп.

Ўзбекистон импортида юқори улушга эга бўлган бошқа давлатлар эса Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркиядир.

Озодлик суриштируви ортидан каттақўрғонлик солиқчи ўлими бўйича иш қайта судга юборилди

40 ёшли Азиз Аҳмедов Каттақўрғон туман солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари эди.

Шу йилнинг 14 сентябрь куни Самарқанд вилояти прокуратураси Каттақўрғон тумани ДСИ бошлиғи ўринбосари, 40 яшар Азиз Ахмедовнинг ўлими юзасидан қўзғатилган жиноят ишини мазмунан кўриш учун иккинчи марта жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани судига юборди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг матбуот хизмати маълум қилди.

Бош прокураура маълумотига кўра, Азиз Ахмедовнинг ўлими юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида 4 нафар нафар ички ишлар органи ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 102-моддаси (Эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлдириш) ва 206-моддаси (Мансаб ваколатидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари тугалланган. Икки нафар ходим қамоққа олинган.

Самарқанд вилояти прокуратурасига кўра, жиноят иши дастлаб шу йилнинг августида уч нафар ички ишлар ходимининг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ, деган айблов хулосаси билан судга юборилган. Бироқ солиқчининг қариндошларининг муттасил норозилигидан сўнг шу йилнинг 6 сентябрь куни жиноят иши суддан чақириб олиниб, тергов органи қарори бекор қилинган ва ходимларга нисбатан қайта иш қўзғатилган ҳамда уларнинг бир нафари қамоққа олинган.

13 сентябрь куни Озодлик радиоси Каттақўрғон тумани ДСИ бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедовга нисбатан ички ишлар органлари ходимлари куч ишлатгани акс этган видеони эълон қилган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳодиса борасида боди-камера тасвирларини сохталаштиргани ўртага чиққан.

ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов Озодлик сўровига жавобан, "Ҳолатга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилганидан сўнг, расмий маълумот берилади. Қонунчиликка риоя этиш зарур", деди.

Шу йилнинг 26 июнида президент Шавкат Мирзиёев қийноқларни баратараф этиш ва қийноқ қурбонларига компенсация тўлаш тартибини жорий этиш бўйича қарор қабул қилганди. Қарор кучга киргандан сўнг мамлакатнинг Денов, Тахиатош ва Нишон туманларида оқибати ўлим билан тугаган қийноқ ҳодисалари фош бўлди.

Аксилкоррупция агентлиги Самарқандда коррупцион схемаларни фош қилганини айтмоқда

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Самарқанд вилоятида давлат харидларига оид ўтказилган тафтишлар қарийб 50 миллиард сўмлик талон-тарожликларни юзага чиқарди.

Бу ҳақда агентликнинг матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, бюджетдан молияланадиган буюртмачилар томонидан «dxarid.uz» ва «tender.mc.uz» махсус ахборот порталида жойлаштирилган эълонларнинг аксарияти сохта бўлиб, буюртмачилар томонидан давлат харидларини амалга оширишда 18 та ҳолатда қонунбузилишлар аниқланган.

Масъул идоралар томонидан Халқ таълими вазирлиги ва Солиқ қўмитасининг қуйи тизимларига қарашли объектларда қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича тендерлар эълон қилинган. Аммо ҳали тендер натижалари эълон қилинмай туриб, буюртмаларни хуфиёна қўлга киритган ширкатлар қурилиш ишларини аллақачон бошлаб юборган.

Бундан аввал Бош прокуратура давлат идоралари ҳамда вазирликлар тизимида миллиардлаб сўм маблағлар ўзлаштирилгани, тендерлар сохталаштирилгани ҳақида ҳисоботлар берган. Корруцияга қарши курашиш агентлиги ўрта ва қуйи бўғиндаги амалдорлар орасида коррупция ҳолатларини фош этиш билан чекланиб қолаётгани, ҳокимиятнинг юқори эшелонларидаги коррупция ва манфаатлар тўқнашувига эътибор қаратмаётгани учун танқид қилинади.

Аввалроқ агентлик директори Акмал Бурхонов турли идора ва мансабдор шахслар томонидан агентлик фаолиятига босим ўтказилишини тан олган.

Адлия вазири Давлетов: Оммавий эмлаш жараёнининг сустлиги давлатга ишончнинг пастлигини кўрсатади

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетовга кўра, мамлакатда коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишларининг суст кечаётгани халқнинг давлатга ишончи пастлигини кўрсатади.

Бу ҳақда вазир 14 сентябрь куни олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари билан Тошкент давлат юридик университетида ўтган мулоқотда гапирган.

“Халқнинг давлат органларига ишончи нақадар муҳимлигини вакцинация жараёнида кўрдик. Қаерда, қайси мамлакатда давлатга халқнинг ишончи юқори бўлса, вакцинация даражаси шунча юқори бўляпти – булар ўзаро тўғри пропорционал” дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz нашри.

Вазирга кўра, фуқароларнинг уй-жойлари, объектларнинг ноқонуний бузиб ташланиши халқнинг давлат органларига бўлган ишончига қаттиқ зарба берган. “Одамлар бир-бирини ёқиш орқали муаммони ҳал қилиши – бу цивилизациянинг ортга кетиши эди. Буни нега ўрганмайсизлар?” дея хитоб қилади вазир.

Русланбек Давлетов шунингдек, дарсликлар, таълим соҳасидаги адолатсизлик, жазони ижро этиш муассасалари ва ижтимоий соҳадаги аҳволни танқид остига олган.

Президент Мирзиёев Покистон бош вазири билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хон Душанбедаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити доирасида ўтган учрашувда икки томонлама муносабатлар ва Афғонистонадаги вазият муҳокама қилишган.

Бу ҳақда 16 сентябрь куни Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар қилди.

“Тошкент мулоқотларидан сўнг ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 2,5 бараварга ошган. Тошкент ва Лаҳор ўртасида авиапарвозлар тикланган. 30 дан ортиқ қўшма корхоналар бунёд қилинди. Савдо-иқтисодий соаҳаларда келишилган битимларга амал қилинмоқда” дейилади матибуот хизмати хабарида.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматларининг ўзаро мулоқотлари гарчанд савдо-иқтисодий, сиёсий алоқалар билан дастакланса-да, мазкур учрашувларнинг ажралмас мавзуи Афғонистон ва толиблар масаласи бўлиб қолаверади. Чунки Афғонистоннинг икки қўшни мамлакати муносабатлари, шубҳасиз, Афғоистодаги вазият билан чамбарчас боғлиқдир.

Ўтган ҳафтада Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари махсус хизматлари раҳбарларининг Исломободдаги жамоатчилик учун ёпиқ мажлисларида Ўзбекистон расмийлари ҳам иштирок этганига доир маълумотлар чиққанди, аммо тафсилотлар очиқланмаган.

Олти йиллик танаффусдан сўнг Тошкент билан Киев ўртасида авиақатнов тикланмоқда

Шу йилнинг 26 сентябридан эътиборан Uzbekistan Airways авиаширкати Тошкент – Киев – Тошкент йўналиши бўйича авиақатновларни тиклайди.

Авиаширкат матбуот хизмати қайдича, мазкур йўналиш бўйлаб қатнов, режага мувофиқ, ҳафтада бир марта – якшанба кунлари амалга оширилади.

“Тошкент – Киев йўналишида авиачипта 2 234 655 сўмдан (багажсиз) ва 2 575 535 сўмдан (багажни ҳисобга олган ҳолда), Тошкент – Киев – Тошкент йўналишидаги авиачипталар эса 4 205 223 сўмдан (багажсиз) ва 4 836 482 сўмдан (багажни ҳисобга олган ҳолда) бошланади”, дейилган авиаширкат хабарномасида.

Ўзбекистон билан Украина пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновлар 2015 йилдан бери иқтисодий ихтилофлар туфайли тўхтаб қолган, ўшандан бери бу йўналишни тиклаш учун бир неча бор уриниш бўлган, бироқ улар натижасиз якунланган эди.

Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 167 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 16 сентябрь ҳолатига кўра, 167 минг 268 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 624 киши коронавирусга чалинган.

Пайшанба куни Бухоро, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидан ташқари ҳудудларда 977 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 160 минг 421 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 4 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 179 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик маълумотига кўра, 16 сентябрь куни 133 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 25 минг 956 киши пневмонияга чалинган. Булардан 21 минг 297 нафари соғайиб чиққан, 211 нафари эса вафот этган.

Қуйи Амударё биосфера резервати ЮНЕСКО бутунжаҳон тармоғига киритилди

Бухоро кийиклари

Ўзбекистондаги Қуйи Амударё биосфера резервати ЮНЕСКО бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига киритилди.

Ташкилот сайтида қайд этилишича, мазкур қарор ЮНЕСКО “Инсон ва биосфера” дастури Халқаро мувофиқлаштириш кенгашининг шу йил 13-17 сентябрь кунлари Нигерияда ўтказилаётган 33-сессияси чоғида маъқулланган.

Сессияда тармоққа Ўзбекистон резервати билан биргаликда 21 мамлакатдан 20 та янги объект киритилган.

Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Амударё қуйи оқимининг шимолий қисмида жойлашган. Хабарномада унинг Марказий Осиёдаги энг йирик табиий тўқайлардан бири экани ва глобал нуқтаи назардан йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган ноёб экотизим экани қайд этилган.

Экологлар бу ҳудуднинг йўқолиб кетиш хавфи остида турган Бухоро кийиклари (Cervus hanglu bactrianus) қўриқланадиган табиий яшаш жойи эканини урғулаганлар.

Бу ЮНЕСКО бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига киритилган Ўзбекистондаги иккинчи резерват бўлиб ҳисобланади. Мазкур тармоққа 1978 йили Чотқол қўриқхонаси киритилган эди.

Душанбега сафари доирасида Мирзиёев Эрон президенти билан учрашди

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев Эрон президенти И. Раисий билан, Душанбе, 2021 йил 16 сентябри (president.uz фотоси)

Тожикистон пойтахтига ташрифи доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эрон президенти Иброҳим Раисий билан учрашув ўтказди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув чоғида Мирзиёв билан Раисий минтақа кун тартибидаги масалаларни, шу жумладан Афғонистонда вужудга келаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда кўриб чиққанлар.

Президентлар суҳбатида икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган, савдо-иқтисодий алоқалар суръатини давом эттириш ва янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш мақсадида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ишини фаоллаштиришга келишиб олинган.

Учрашув пайтида “йўл харита”си асосида саноат кооперациясини кучайтириш истиқболлари ҳамда икки мамлакат транзит салоҳиятини самарали ишга солиш имкониятлари ваколатли идоралар даражасида пухта ўрганилиши қайд этилган.

АҚШ ва Германия элчихоналари ўзбекистонликлардан виза учун аризалар қабул қила бошлади

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси октябрь ойидан бошлаб виза бериш учун аризачиларни суҳбатга қабул қилишни бошлаши ҳақида эълон қилди.

Элчихона чекланган суҳбатга фақат Ўзбекистон фуқаролари ва резидентлари чақирилишини билдирган.

Қайд этилишича, консуллик бўлими дипломатик визалар билан бир қаторда фақат F, J, H, O, P, L, C1D, I, R виза мурожаатларини қабул қилади.

“Диққат, биз ҳозирда одатий B1B2 бизнес ва сайёҳлик визалари учун суҳбатга қабул қилмаймиз”, дея урғуланган АҚШ элчихонаси хабарномасида.

АҚШ Давлат департаменти ўтган йил мартидан эътиборан барча элчихона ва консулликларида виза беришни тўхтатиб қўйганди.

Бу орада Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам ўзбекистонликларга Шенген визасини бериш бошланганини эълон қилган.

Элчихона маълумотига кўра, виза бўлими душанбадан пайшанбагача одатий иш соатларида: 8:00 дан 12:30 гача ва 13:00 дан 17:15 гача, жума: 8:00 дан 14:00 гача ишлайди.

Дипломатлар Шенген визасини олиш учун аризалар фақат COVID билан боғлиқ чекловлар истисно қилинган ҳолда қабул қилиниши мумкинлигини эслатишган.

Германия элчихонаси Афғонистондаги вазият туфайли шу йил 22 августидан виза беришни тўхтатиб қўйган эди.

Ички ишлар вазирлиги товламачилар УЗКАРДнинг сохта сайтини ишлаб чиққанини билдирди

Иллюстратив сурат.

Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази интернет-фирибгарлар «Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази» (УЗКАРД)нинг сохта веб-сайтини ишлаб чиққанларини аниқлади.

Билдирилишича, интернет-фирибгарлар https://uz-investt.space ҳаволали сохта сайт орқали фуқароларнинг пластик карталаридаги пулларни ўғирлашни режалаштирган.

Мазкур «фейк» веб-сайт орқали “UzCard Investment” лойиҳаси доирасида миллий банк хизматларининг фаол фойдаланувчиларига бир марталик 994 минг 558 сўм миқдорида компенсация тўланиши тўғрисида хабар юборилган. Фойдаланувчилардан бу пулни олиш учун шахсига ва банк пластик картасига оид маълумотлари, телефон рақамини ҳамда смс тариқасида келган тасдиқлаш кодини киритиш талаб қилинган.

Катта пулга эга бўлиш истагида бўлган фойдаланувчи тасдиқлаш кодини «фейк» ресурсга киритиши билан интернет-фирибгарлар унинг пластик картасини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритади ва банк ҳисоб рақамидаги пулни ечиб олишга муваффақ бўлади.

“Шу сабабли, барча интернет фойдаланувчиларини, айниқса УЗКАРД тўлов тизими мижозларини мазкур «фейк» веб-сайтнинг ноқонуний фаолияти тўғрисида огоҳ бўлишларини, тўлов тизимларидан фойдаланаётганларида эса, уларнинг расмий веб-сайтларида тақдим этилган хизматларга мурожаат этишларини сўраб қоламиз”,-дейилади расмий билдирувда.

Ўзбекистон Қирғизистон ҳудудидаги ўз эксклавларида махсус солиқ режимини жорий қилди

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Қирғизистондаги эксклавлари харитаси.

Фарғона вилоятининг Сўх тумани, Риштон туманининг Чўнғара маҳалласи, Фарғона туманининг Шоҳимардон, Ёрдон маҳаллалари ва Ҳосилот маҳалласининг Тоштепа – 2 кўчасида солиқ солишнинг алоҳида тартибини назарда тутувчи солиқ режими жорий этилди. Бу борадаги “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун президент томонидан имзоланди.

Фарғона вилояти таркибига кирувчи Сўх тумани, Шоҳимардон, Ёрдон, Ҳосилот ва Чўнғара маҳалласи Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги эксклавлари ҳисобланади. Ёрдон ва Ҳосилот маҳаллалари Шоҳимардон эксклави таркибига киради.

Янги тартибга асосан мазкур ҳудудларда солиқ ставкалари фойда ва даромад солиғи бўйича 1 фоиз, тадбиркорлар учун ҳар чоракда 25 минг сўм миқдорида белгиланади.

Ижтимоий солиқ юридик шахслар учун 1 фоиз, якка тартибдаги тадбиркорлар учун йилига БҲМнинг камида 1 баравари, айланмадан олинадиган солиқ бўйича 1 фоиз бўлади.

«Амирсой» курортида 700 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» курортида 700 тупга яқин ноёб дарахт кесиб ташлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида Бош прокуратура 16 сентябрь куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, дарахтлар кесилиши ортидан кўрилган зарар 1 миллиард 900 миллион сўмни ташкил қилган.

Иш Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) асосида қўзғатилган.

24 август куни ўтган видеоселекторда президент Мирзиёев дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилгани ҳақида билдирган эди. Бундан ташқари президент октябрь-ноябрь ойларида 55 миллион, келгуси йил баҳор мавсумида 70 миллион дарахт экишга кўрсатма берган.

Президентнинг бундай кўрсатмаларига қарамай, «Амирсой»да 700 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташлангани тўғрисида Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев жамоатчиликка маълум қилган эди.

Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Душанбега жўнаб кетди

Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун 16 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбега жўнаб кетди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, саммитда ШҲТнинг ўтган 20 йилдаги фаолияти ҳамда Тожикистон раислигининг якунлари кўриб чиқилиб, кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинади.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.

“Саммит якунида Душанбе декларацияси қабул қилиниши ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. ШҲТга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши саммитнинг муҳим воқеаси бўлади. Шунингдек, анжуман доирасида “ШҲТ - КХШТ” форматидаги учрашув ўтказилиши ҳам режалаштирилган”, -дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин мазкур Душанбега бормаслиги, саммитда онлайн иштирок этиши хабар қилинганди.

Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ортидан электромобиллар автотранспорт йиғимидан озод этилди

Жорий йилнинг январь-июли оралиғида мамлакатга 432 та электромобил олиб кирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни имзолаган «Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун»га асосан бундан буён Ўзбекистонга электромобилларни вақтинча олиб киришда ёки сотиб олишда автотранспорт йиғими бекор қилинди. Мазкур меъёр Солиқ кодексининг 459-моддаси 9-бандида белгилаб қўйилди.

Расман билдирилишича, сўнгги пайтларда Ўзбекистонга электромобилларни импорт қилиш кўпаймоқда. Жорий йилнинг январь-июли оралиғида мамлакатга 432 та электромобил олиб кирилган. Бу эса 2020 йилдаги кўрсаткичдан 2,3 баробарга кўпроқдир.

Ўзбекистонга электромобиллар асосан Хитойдан олиб келинмоқда.

Ўзбекистонда электромобилларни олиб кирганлик учун акциз солиғи бекор қилинган ва божхона божининг ноль ставкаси ҳам ўрнатилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG