Линклар

Шошилинч хабар
18 июл 2024, Тошкент вақти: 03:15

АҚШ Вакиллар палатаси тарихда илк бор ўз спикери истеъфоси учун овоз берди


Айрим республикачилар Маккартини муваққат бюджетни қабул қилишда демократларга ён босганликда айбламоқда.
Айрим республикачилар Маккартини муваққат бюджетни қабул қилишда демократларга ён босганликда айбламоқда.

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 3 октябрь куни спикер Кевин Маккартини лавозимидан озод қилиш учун овоз берди. Бу қарорни конгрессменлардан 216 нафари қўллади, 210 нафари қарши чиқди.

Reuters агентлигининг ёзишича, Маккарти истеъфоси бўйича қарор унинг республикачилар партиясидан бўлган ҳамкасблари билан келишмовчиликлари фонида қабул қилинди. Маккарти спикерликдан ташқари, Конгрессда мазкур партияни ҳам тамсил қилар эди.

Маккартининг республикачи ҳамкасблари билан ўзаро тил топиша олмаётгани АҚШ ҳукумати фаолиятини тўхтаб қолишига йўл қўймаслик учун муваққат бюджет юзасидан аранг муросага эришган Конгрессдаги хаосни кучайтирди.

АҚШ тарихида илк бор Вакиллар палатаси раиси истефога чиқарилмоқда. Уни истеъфога чиқариш ташаббуси Флорида штатидан сайланган Мэтт Гетц томонидан кўтарилди.

Гетц Конгрессда оз сонли ўнгчи республикачилар устидан таъсирга эга. У Вакиллар палатасидаги республикачилар лидерини федерал ҳаражатларни қисқаритириш учун ҳаракат қилмаётганликда айблаб чиқди.

Истеъфо тўғрисидаги резолюция муҳокамаси пайтида Гетц ва унинг бир неча тарафдори спикерни “муваққат бюджет тўғрисидаги қонунни қабул қилиш жараёнида демократларга ён босган”, деб танқид қилди.

“Бизга ҳар қандай арзимас нарса учун ҳам кураша оладиган, амммо фақат спикер бўлиб қолиш учунгина бошқаларга ён босмайдиган спикер керак”,-деди республикачилар вакили Боб Гуд.

Маккарти тарафдорлари, жумладан, консерватив республикачилар спикер ҳаражатларни қисқартириш масаласида самарали фаолият олиб борганини ва партиянинг бошқа устувор ғояларини муваффақиятли равишда олға суриб келганини олқишлади. Маккарти тарафдорлари унинг истеъфога чиқарилиши ортидан эришилган ютуқлар барбод бўлади, деб ҳисобламоқда.

Вакиллар палатаси муваққат спикери сифатида Шимолий Каролина штатидан республикачи конгрессмен Патрик Макгенри сайланди. CNN телеканалининг маълум қилишича, Макгенри Маккартининг энг яқин сафдошларидан бири ҳисобланади. Макгенрини Конгрессдаги ҳар икки партия вакиллари қўллаб-қувватлади. Унинг номзоди муваққат спикерликка Кевин Маккарти томонидан кўрсатилган.

Бундан аввалроқ Конгресс Вакиллар палатаси ва Сенат Маккартининг истеъфога чиқарилишига асосий сабаблардан бири бўлган АҚШ муваққат бюджетини тасдиқлаган эди. Федерал ташкилотларни 45 кун мобайнида молиялаш назарда тутилган мазкур бюджетга Украинага ажратиладиган ҳарбий ёрдам киритилмаган.

Оқ Уй бюджетга Украинага 24 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласини киритган. Бу рақамга Сенат ва Вакиллар палатасидаги айрим республикачилар қарши чиққан.

Республикачилар ва демократлар ўртасида бюджетнинг бошқа моддалари юзасидан ҳам келишмовчиликлар бор. Шунинг учун муваққат бюджетни тасдиқлаш юзасидангина муросага эришилган. Чунки бюджет 1 октябргача тасдиқланмаган тақдирда, АҚШ ҳукумати ўз фаолияти ва дастурларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлар эди.

АҚШ президенти Жо Байден Вашингтон Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этиши зарурлигини таъкидлади ҳамда Конгрессни Киевга маблағ ажратиш юзасидан тезроқ муросага келишга чақирган.

Форум

XS
SM
MD
LG