Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2022, Тошкент вақти: 16:57

Ўзбекистон хабарлари

Метрода тўй саҳналарини тасвирга олган тиктокерларнинг ҳар бири қарийб 1 млн сўмдан жаримага тортилди

Тошкент метрополитенидаги станциялардан бири

Тошкент метрополитенида тўй, “келинсалом”, чойхонадаги ош ва бошқа саҳналарни суратга олган тиктокерлар гуруҳи жазоланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

ИИВ хабарномасида метрополитенда расм ва видеога олиш тақиқланмагани, бироқ бунинг жамоат тартибини бузмаган ҳолда амалга ошириш лозимлиги урғуланган. Вазирлик қайдича, метрога овқат ҳам олиб кириш мумкин, лекин уни истеъмол қилишга рухсат берилган эмас.

“Жамоат жойида туриб аҳоли тинчлигини бузиш ва карантин тартиби кучайган вақтда тиббий ниқобларсиз оралиқ масофани сақламай юриш ҳам қилиниши мумкин бўлмаган ишлар қаторида”, дейилган хабарномада.

Мазкур ҳодисалар бўйича қоидабузарлик содир этган шахсларнинг ҳар бирига Жиноий ишлар бўйича Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманлари судлари томонидан Маъмурий жавобгарлик бўйича кодекснинг 183-(майда безорилик), 54-(эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва 115-моддаларига (метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан жами базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Ўзбекистонда БҲМ жорий йил 1 февралидан 245 000 сўм қилиб белгилангани эътиборга олинса, метрода тармоқ учун суратга тушган тиктокерларнинг ҳар бири эндиликда 980 минг сўмдан жарима тўлаши лозимлиги маълум бўлади.

Кун янгиликлари

АҚШ март ойидан бери кўриниш бермай қўйган Абдулазиз Комиловга миннатдорчилик билдирди

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов апрель ойида лавозимидан бўшатилган эди.

AҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу Тошкентга қилган ташрифи давомида Миллий хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Абдулазиз Комилов билан учрашгани маълум қилинди.

“Миллий хавфсизлик раиси ўринбосари лавозимига янги тайинланган Абдулазиз Комиловга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимида олиб борган фаолияти учун миннатдорчилик билдирамиз. Биз икки томонлама ҳамкорликни мамлакатларимиз халқлари манфаати йўлида давом эттирамиз”,-дейилади АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси тарқатган маълумотда.

Шу йил 17 мартида Ўзбекистон Сенатида Украина ҳудудий яхлитлигини дастаклашларини айтган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов орадан бир ой ўтиб лавозимидан озод этилгани бошқа ишга тайинлангани билдирилган.

Ўзбекистон президентининг тегишли фармонлари билан 27 апрелда Абдулазиз Комилов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Унинг ўринга эса Владимир Норов Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, унинг зиммасига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажариш юклатилди.

Доналд Лу бошчилигидаги АҚШ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи 23-25 май кунлари бўлиб ўтди. Ташриф арафасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “музокаралар чоғида турли соҳалардаги Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилиниши”ни билдирган. Бироқ бўлиб ўтган учрашувлар тўғрисида расман маълумот берилмади.

Ўзбекистон бошидан буён Хитойга қарийб 133 миллион долларлик газ экспорт қилган

Жорий йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон Хитойга 132,8 миллион долларлик табиий газ сотган. Бу ҳақда Neftegaz.ru сайти Хитой божхонасидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Қиёс учун, Ўзбекистон 2021 йилнинг илк тўрт ойида Хитойга қиймат жиҳатдан бу йилгидан икки баробар кам газ экспорт қилган эди.

Шу тариқа Ўзбекистон Хитойга қувур орқали газ етказиб бераётган мамлакатларнинг илк бешталигига кирган. Бунда биринчи ўринни йил бошидан бери Хитойга 2,87 миллиард долларлик газ сотган Турманистон эгаллаган. Иккинчи ўринда Россия (1,04 млрд доллар), учинчи ўринда Мьянма (408 млн доллар), тўртинчи ўринда эса Қозоғистон (270 млн доллар) турибди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, йил бошидан буён мамлакат хорижга 229,5 миллион долларлик газ экспорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 баробар кўпдир. Бу сумманинг 60 фоизи ёки 138,9 миллион доллари апрель ойи ҳиссасига тўғри келади.

Аввалроқ Ўзбекистон хориждан фаол равишда газ импорт қила бошлагани хабар қилинган эди. Қайд этилишича, 2021 йили мамлакатга газ импорт қилиш 3 баробар (154,5 миллион долларгача) ошган. Бу ҳақда Ular лойиҳасига гапирган “Ўзтрансгаз” ширкати раёсати раиси Беҳзод Норматов газ импортидан қўрқиш керак эмаслигини урғулаган эди.

Украинага босқинни танқид қилган қўшиқчи Наргиз Зокировага Россияга кириш 50 йилга тақиқланди

Машҳур Зокировлар сулоласига мансуб қўшиқчи Россия 1-Канали ўтказган “Голос” қўшиқ танловида иккинчи ўринни эгаллаши ортидан эл оғзига тушган эди.

Ўзбекистонлик қўшиқчи Наргиз Закирова Кремль Украинага уруш очганини танқид қилгани учун 50 йил мобайнида Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилди, деб хабар берди 25 май куни “Настояшчее время” телеканали.

Хабарда таъкидланишича, Зокирова Москванинг Домодедово аэропортига етиб келганида Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари унга бу борадаги ҳужжатни топширган. Ҳужжатда “Давлат хавфсизлигини тақиқлаш мақсадида” Зокированинг Россияга кириши тақиқлангани қайд этилган. Шундан сўнг Зокирова аэропортдан Ўзбекистонга қайта учишга мажбур бўлган.

“Белгиланган муддат якунланган пайтда Зокирова 101 ёшга тўлган бўлади”, -дейилади “Настояшчее время” телеканали хабарида.

Машҳур Зокировлар сулоласига мансуб қўшиқчи 1995 йилда Қўшма Штатларга кўчиб кетган ва Россия 1-Канали ўтказган “Голос” қўшиқ танловида иккинчи ўринни эгаллаши ортидан эл оғзига тушган эди.

Россия Ўзбекистондан ишчи кучи жалб қилишга жорий этилган чекловни бекор қилмоқчи

Россия Меҳнат вазирлиги Ўзбекистондан ишчи кучи жалб қилиш бўйича лойиҳада белгиланган чекловни бекор қилишни таклиф этмоқда, деб ёзди 25 май куни Москвадаги Коммерсантъ газетаси.

Ўзбекистон билан имзоланган шартномага мувофиқ Россияга йил давомида кафолатланган иш ўрнига 10 минг ўзбекка квота берилган эди. Улар асосан қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаши шартлиги белгиланган.

Россия Меҳнат вазирлиги Ўзбекистондан ишчи кучи жалб қилишга белгиланган чекловни бартараф этиш билан бир қаторда, улар ишлаши мумкин бўлган соҳаларни ҳам кенгайтириш режасини тақдим этган.

Мазкур режага асосан, ўзбекистонлик мардикорларни иқтисодий соҳанинг барча жабҳаларига жалб этиш назарда тутилади.

Айни пайтда ўзбек мардикорларини конкрет иш берувчининг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб Россияда ишлашига рухсат бериш принципи сақланиб қолинади. Бу борадаги талаб ва тартиблар regulation.gov.ru расмий сайтида эълон қилинган.

2021 йилнинг октябрида Россия ҳукумати мамлакатга хорижлик ишчиларни жалб қилиш бўйича тажриба лойиҳасини тасдиқлаган эди. Лойиҳа доирасида Россияга Ўзбекистондан 10 минг нафар қурувчи келиши режалаштирилганди.

Тажриба лойиҳасида Россиянинг Қурилиш, Меҳнат, Соғлиқни сақлаш, Таълим ва фан, Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, шунингдек, Роспотребнадзор иштирок этяпти.

Ўзбекистон лойиҳа тасдиқланган кундан бир неча кун ўтгач - 11 октябрда Сибирдаги Восточний космодроми объектларини қуриш учун Россияга 1 466 кишидан иборат муҳожирлар гуруҳини жўнатганди.

Ўшанда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов Восточний космодроми қурилишига жами 5 минг ўзбекистонлик жўнатилиши режалаштирилганини айтган эди.

Айни пайтда Россия Украинага уруш очганидан сўнг ўтган уч ой давомида мигрантларнинг иш ҳақлари камайиши ва тўлов муддати кечикиши ҳоллари кўпайди. Сўнгги маълумотларга кўра, Россия Украинага қарши ҳарбий агрессия бошлаганидан сўнг 750 ажнабий ширкат мамлакатдан чиқиб кетган.

Апрель ойида Россиядаги Delivery Club таомлар ва озиқ-овқат элтиб бериш хизматида ишловчи ўнлаб марказий осиёлик мигрантлар ойликлар камайтирилганидан норозилик билдириб, деярли ўн кун давомида иш ташлаган эди. Уларга кўра, тариф сиёсати ўзгариши иш ҳақлари камайишига олиб келган ва бундай шароитда ишлаб бўлмайди.

Сўнгги икки ойда мигрантларнинг иш ҳақлари камайиши ва тўлов муддати кечикиши ҳоллари кўпайди. Ҳуқуқбонлар мигрантлар ишсизликдан кўп шикоят қилаётганини айтишмоқда. Бу вазият Украина билан уруш манзарасида чет эл ширкатлари Россияни тарк этгани ва Ғарб санкциялар қўллаганидан сўнг вужудга келди.

Россия ҳануз Марказий Осиё меҳнат мигрантлари интиладиган асосий мамлакат бўлиб қолмоқда. Айрим экспертлар Россиянинг ўзида инқироз бошлангани муносабати билан мигрантларнинг каттагина қисми ватанига қайтишини башорат қилишяпти.

Ўзбекистон 30 йил ортда қолганини таъкидлаган Жаҳон банки Тошкент билан ҳамкорликни ривожлантиради

Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши 24 май куни Ўзбекистон билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги дастурий лойиҳа бўйича ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади.

Жаҳон банки расмий сайтида маълум қилинишича, Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистон Миллий стратегиясининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурини қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон Жаҳон банкига 1992 йилда аъзо бўлган, бироқ банкнинг Тошкент билан тиғиз ҳамкорлиги 2017 йилдан бошлаб юқори натижаларни кўрсата бошлаган.

Янги дастурга асосан Жаҳон банки хусусий сектордаги инклюзив бандликни кўпайтириш, инсон капиталини яхшилаш ва яшил иқтисодий ўсиш орқали фаровонлик ва барқарор ривожланишни ошириш каби учта лойиҳани молиялаштиради.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида Жаҳон банки Ўзбекистонда "гендер нотенглик бартараф этилишига, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кучайишига ва давлат хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериш мажбурияти оширилишига" умид қилади.

Айни пайтда Жаҳон банки Ўзбекистонда 28 та лойиҳани амалга оширмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 5,26 миллиард долларни ташкил этган.

Бир неча кун олдин Жаҳон банки ўзининг мамлакатлар иқтисодий ривожланишини таҳлил этадиган ва беш йилда бир марта эълон қиладиган навбатдаги ҳисоботида “Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни эндигина бошланмоқда”, деб билдирганди.

Ҳисобот муаллифлари фикрича, мамлакатда сўнги 30 йил давомида иқтисодий ислоҳотлар жуда суст равишда амалга оширилган. Фақат айрим соҳаларгина сезиларли даражадаги ўсишга эришган.

“Иқтисодий фаолиятнинг аҳамиятли қисми ҳанузгача марказлаштирилган давлат институтлари бошқарувидадир. Иқтисодиётни тизимли янгилаш дастабки босқичда. 2020 йилда иқтисодиётда қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги ҳажми 26 фоизни ташкил қилган ва бу Европа ҳамда Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичдир”,- дейилади ҳисоботда.

Жаҳон банки ривожланган давлатлардаги иқтисодий жараёнларни олға силжитувчи хизмат кўрсатиш соҳаси Ўзбекистонда энг паст даражада эканини ва минтақанинг бошқа давлатларидаги даражага ҳам етиша олмаганини қайд этган.

Шунингдек, ҳисоботда янги иш ўринларини яратиш ҳайратланарли даражада оз экани таъкидланган. Масалан, 2018 йилда янги иш ўринларини яратиш ишчи кучи ўсишидан 200 мингтага кам бўлган. 2020 йилда эса COVID-19 пандемиясига қадар 9 фоиз бўлган ишсизлик даражаси расман 10,5 фоизга етди.

Мирзиёев Путин билан стратегик шерикликни янада ривожлантиришга оид масалаларни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан 24 май куни ўтказилган телефон орқали мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги “стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари”ни муҳокама қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот чоғида 2021 йилнинг ноябрь ойида Москва шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Телефон суҳбатида Мирзиёев билан Путин ишбилармон доиралар ўртасидаги кооперация алоқаларини чуқурлаштириш ва ҳудудлараро алоқаларнинг катта салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этишган, минтақа кун тартиби ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашишган.

“Икки мамлакат Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқлик, ишонч ва дўстоналик руҳида ўтди”, дейилган президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган хабарномада.

Кремль матбуот хизмати қайдича, Мирзиёев билан Путин ўртасидаги кечаги мулоқот Ўзбекистон томони ташаббусига кўра ўтказилган.

Акмал Саидов коммунизм фалсафаси асосчиси Карл Маркснинг “кезиб юрган шарпа”си Ўзбекистонга келгани ҳақида гапирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов “2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тақдимотида конституция ислоҳоти ҳақида гапирар экан, ўз сўзини социализм ва коммунизм фалсафаси асосчилари Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг “Коммунистик партия манифести”дан иқтибос келтириш билан бошлади.

Kun.uz нашрининг ёзишича, Акмал Саидов ўз сўзини “Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг “Коммунистик партия манифести” биринчи жумласи Европада коммунизм шарпаси кезиб юрибди, деб бошланган. Мен шуни сал бошқачароқ қилиб, ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди, деган бўлардим”, деб бошлаган.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси ва расман “мамлакатдаги етук ҳуқуқшунослардан бири” сифатида тан олинган Акмал Саидов ўз чиқишида “охирги 25 йилда юздан ортиқ давлатда конституциявий ислоҳотлар бўлаётгани, 21 асрда 57 та давлатда конституция қабул қилингани ва ҳозир бирор давлатда ўзгартириш киритилмаган конституция қолмагани”ни иддао қилган.

Айни пайтда Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев “2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тақдимотида “Олдимизда турган ўта долзарб ва мураккаб вазифа – қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишни бутунлай янгича ташкил қилишдан иборатдир”, - деб айтди.

Хабарларда Содиқ Сафоев “тўғридан тўғри амал қилинадиган қонунларга ўтиш даври келди” ва “батамом янгича типдаги қонунларни қабул қилиш зарур” дегани таъкидланган.

Олий Кенгаш Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси 16 май куни бўлиб ўтган йиғилишида конституцияга ўзгартишлар киритиш жараённини бошлашни таклиф қилган эди.

Расмий баёнотда Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар ортидан конституцияга ҳам қўшимча ва ўзгартишлар киритиш зарурати пайдо бўлгани уқтирилади.

Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг ҳам конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Жумладан, 2017 йилда конституцияга суд тизимини модернизация қилишга йўналтирилган, 2019 йилда эса “ҳукумат ва унинг ҳисобдорлигини демократиялаштириш”га қаратилган тузатишлар киритилди.

2021 йилда президентликка қайта сайланганидан сўнг ҳам Шавкат Мирзиёев мамлакатга конституциявий ислоҳотлар зарурлигини таъкидлаган.

Ўтган йилнинг 7 декабрь куни Конституция куни муносабати билан "Ўзбекистон халқига табриги"да президент Мирзиёев мамлакат асосий қонунига ҳозирга қадар 7 марта ўзгартиришлар киритилганини айтди ва уларни "демократик ислоҳотлар" зарурати билан тушунтирди.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача 16 марта ўзгартиришлар киритилган.

Ховосдаги автоаварияда 6 ва 3 ёшли бола ҳалок бўлди

Ховосдаги автотўқнашув.

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида содир бўлган автоаварияда 5 киши ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганлар орасида 6 ва 3 ёшли болалар ҳам бор.

ИИВ ЙҲХББнинг билиришича йўл-транспорт ҳодисаси 23 май куни соат 12:45 ларда А-376 халқаро автомобил йўлинин Ховос туманидан ўтувчи 234-километрида юз берган.

1988 йилда туғилган Ш.А. бошқарувидаги Lacetti ва 1970 йилда туғилган У.Н. бошқарувида Nexia тўқнашиб кетган. Lacetti машинаси ҳайдовчиси Ш.А. ва унинг салонида бўлган 1995 йилда туғилган А.А. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида ҳалок бўлган.

Lacetti салонида бўлган 2016 йилда туғилган Н.А. ва 2019 йилда туғилган Т.А. ҳамда Nexia машинаси ҳайдовчиси Н.У. оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.

Ўзбекистонда автоҳалокатлар оқибатида ҳар йили мингдан ортиқ киши ҳалок бўлади. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси сўнгги марта жорий йил 13 апрелида 2021 йилдаги автоҳалокатлар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилган.

Расман билдиришича, Ўзбекистонда 2021 йилда жами 10 мингта ЙТҲ содир этилган. ЙТҲларда 2426 киши ҳалок бўлди, 9230 киши жароҳатланди.

2020 йилда эса йўл-транспорт ҳодисаларида 1962 киши қурбон бўлгани хабар қилинганди.

Ўзбекистон Хитойга газ экспорт қилишни қайта тиклади

Қиш мавсуми учун таппи ёпаётган ўзбек аёли.

Ўзбекистон Хитойга газ экспортини қайта тиклади. Йил бошида Ўзбекистон ички талабни қондириш учун Хитойга газ экспортини тўхтатган эди.

Eurasianet нашрининг 24 май куни ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати расман Хитойга газ экспорти қайта тиклангани тўғрисида билдирмаган.

Бироқ Россиянинг Neftegaz.ru нашри Хитойдаги манбаларга таянган ҳолда, Тошкент Марказий Осиё-Хитой қувури орқали газ беришни 2 баробарга кўпайтирганини қайд этган. Мазкур қувур Туркманистондан бошланади ва Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ҳудуди орқали Хитойга газ етказиб беради.

Neftegaz.ru нашри Хитой Божхонаси бош бошқармасига таянган ҳолда, 2022 йилнинг дастлабки тўрт ойида Хитойга 132, 8 миллион долларлик газ сотганини иддао қилди.

Бу давр мобайнида Туркманистон Хитойга 2,87 миллиард долларлик, Қозоғистон эса 270,6 миллион долларлик газ сотган.

Озодлик радиоси 2020 йил 16 декабрдаги видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматга газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ бергани тўғрисида хабар қилганди.

Расмий маълумотларга қараганда, 2021 йилнинг биринчи чорагида Хитойга бор-йўғи 0,54 миллиард куб.м газ етказиб берилган, Россияга газ сотиш эса бутунлай тўхтаган. Энергетика вазирлиги 2025 йилга келиб газ экспорти бутунлай тўхтайди, деган тахминларини ҳам очиқлаганди.

2021 йилнинг 21 октябрь куни Мирзиёев Жиззаҳда фаоллар билан учрашар экан, Ўзбекистон газ экспорт қилувчи давлатдан газ сотиб олувчи давлатга айланишга тайёр эканини урғулаган эди:

- Авваллари газ сотардик, ҳозир сотиб олишга тайёрмиз. Чунки саноатимизга катта миқдорда газ керак. Қашқадарёдаги GTL заводимиз тайёр турибди, лекин мен ишга туширишга шошилмаяпман. Чунки бундай завод дунёда бешта. Газдан бензин олинади, қўшимча қиймат яратилади. Газ келажак авлодга қоладиган бойлик, ҳар хил шартномалар билан сотиб юборавериш керак эмас, - деган Мирзиёев.

Ўзбекистон Статистика қўмитасининг май ойидаги расмий ҳисоботида таъкидланишича, сўнгги уч йилда электростанцияларга газ бериш 13 фоизга, аҳолига газ етказиб бериш 30 фоизга кўпайган.

Бироқ амалда Ўзбекистон аҳолиси ҳар йилги куз-қиш мавсумида газ ва электр таъминоти тақчиллигига дучор бўлаётгани халқаро матбуотда, жумладан, Озодлик радиосида ёритиб келинади.

Мирзиёев 2016 йил декабрида президентликка келишидан аввал аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт ичида вазият ижобий томонга ўзгармаган.

Ўзбекистон билан Қирғизистон чегараси яқинида яширин ерости йўлаги топилди

Қирғиз-ўзбек чегараси яқинида топилган туннель (Қирғизистон МХДҚ фотоси)

Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Тельман қишлоғида Қирғизистон билан Ўзбекистонни боғловчи ерости туннели топилди, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.

Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарномасига кўра, лаҳм 15 метр чуқурликда бўлиб, унга эни 1,5х1,8 метр ўлчамли туйнук орқали кирилади. Туннел чегара чизиғидан 40 метр нарида бўлиб, киришдан чиқишгача узунлиги 270 метрни ташкил этган.

МХДҚ туннел топилган ер майдони эгаси Жалолобод вилоятининг Қизилжар қишлоғидаги руҳий хасталиклар шифохонасида даволанаётгани, унинг соғломлигини текшириш учун қайта экспертиза тайинланганини билдирган.

Қирғиз-ўзбек чегарасида 15 та назорат-ўтиш масканлари мавжуд. Икки мамлакат ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1378 километрни ташкил этади, шундан 85 фоизи ёки 1170 километри белгиланган ҳамда 2017 йилда шартнома билан ратификация қилинган.

Аввалроқ Қирғизистон ва Ўзбекистон расмийлари чегарани демаркация қилишга киришаётгани хабар қилинган. 5–7 май кунлари Бишкекда бу борада ташкилий-ҳуқуқий масалаларни мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ музокаралари бўлиб ўтган.

ИИВ Самарқандда хорижлик сайёҳларга қўполлик қилган ходимларга чора кўрилишини ваъда қилди

Самарқанддаги Регистон майдони (иллюстратив сурат)

Самарқанд шаҳрида чет эллик сайёҳларга нисбатан қонунчиликка зид ҳаракат қилган барча ходимлар жавобгарликка тортилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов маълум қилди.

Мулозимга кўра, шу йилнинг 20 майидан 21 майига ўтар кечаси Самарқанд шаҳрида тунги хизматга жалб этилган шаҳар ИИБ Патруль-пост хизмати ходимлари Мирзо Улуғбек кўчасида қўшни мамлакатдан Ўзбекистонга меҳмонга келган сайёҳларни шахсини текшириш жараёнида қўпол муносабатда бўлиб, хизмат вазифасини ва махсус-техник воситаларни қўллаш ваколатини суиистеъмол қилишган.

Хорижлик сайёҳларнинг айни қайси мамлакатдан келганига аниқлик киритмаган Ш. Ғиёсов ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда хизмат текшируви ўтказилаётганини ҳамда текширув якунига кўра, қонунчиликка зид ҳаракат қилган барча ходимлар ва фаолиятга масъул раҳбарларнинг хизматдан бўшатилиши ва жавобгарлик масаласи кўриб чиқилишини билдирган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари стратегик ҳамкорлик ва чегара масаласини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, мулоқот чоғида президентлар икки томонлама муносабатлар, анъанавий дўстлик, яқин қўшничилик ва стратегик ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожлангани, жумладан, Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айрибошлаш кўлами ошганини таъкидлашган. Шунингдек, икки давлат раҳбари, чегара масаласи, ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш, транспорт ва энергетика соҳасига бирлашган инфраструктуравий лойиҳаларни рағбатлантириш йўналишидаги келишимларни амалга оширишни муҳокама қилган.

Расмий маълумотда айтилишича, ҳозирда қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Чегара масаласи юзасидан учрашувнинг энг сўнггиси шу йилнинг 17 майида бўлиб ўтди. Ўша куни Қирғизистон Миллий ҳавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва Ўзбекистон Давлат ҳавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов икки давлат чегарасида учрашган.

Қирғизистон Миллий ҳавфсизлик давлат қўмитаси матбуот ҳизмати тарқатган ҳабарда айтилишича, махсус хизмат раислари Жалолобод вилояти Олабуқа туманидаги чегарада баҳсли бўлиб турган Ғовасой участкасини вертолёт билан айланиб чиқди.

Қирғизистон махсус хизмати маълумотида учрашувда айнан қандай қарор қабул қилингани айтилмаган. Ўзбекистон томони ҳам бу борада бирор маълумот бермади.

Бундан бир йил аввал Қамчибек Ташиев Ғовасой участкасида 19 минг гектардан ортиқ ерни Ўзбекистондан Қирғизистонга қайтариб олиш бўйича музокаралар кетаётганини билдирганди.

Чегарадаги баҳсли ҳудуд сифатида эътироф этиладиган Ғовасой участкаси, Қирғизистон иддаосича, Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманидаги Кўктош қишлоғига тегишлидир.

Ўтган йили Ташиев Тошкентда ўтган чегара масалалари бўйича музокарада Жалолобод билан Наманган вилояти чеклашган ердаги Ғовасой участкасидан саккиз минг гектар ер Қирғизистонга ўтганини билдирган.

Шундан сўнг маҳаллий аҳоли бунга норози бўлиб чиққанди. Норозилар билан суҳбатлашган Қамчибек Ташиев чегаранинг бу қисми қай вазиятда Ўзбекистонга ўтиб қолганини ҳам айтган.

“Биз архивдаги ҳужжатларнинг барини кўтардик. 1957 йилда колхоз раиси Қирғизистон раҳбарлари Раззоқов ва Суйўрқуловга ариза ёзган экан. Аризада колхоз бир неча минг гектар ер бекор ётганини ва бу ер учун солиқ тўлай олмаслигини билдирган ва ҳукуматдан бу ерни қолхоз тасарруфидан чиқаришни илтимос қилган. Мана шу ариза юзасидан 19 минг 200 гектар ер Ўзбекистонга ўтиб кетган. Бу ерни ўша вақтда шу ерни бошқарган етакчилар, халқ ўз истаги билан берган экан. Бу 1956-1957 йилларда бўлган воқеа. Ҳеч қандай муддати чекланмаган, 90 йилга ижарага берилди, у-бу деб ёзилмаган. Бу ҳужжатлар бизда ҳам, ўзбекларда ҳам бор. Бироқ бу ерни сақлаб қолувчи бир вазият бор. Колхозда шундай қарор қабул қилинибди, уни туман кенгаши ҳам, вилоят кенгаши ҳам тасдиқлаб берибди. Бироқ уни бизнинг ҳам, ўзбекларнинг ҳам, СССРнинг ҳам Олий кенгаши тасдиқламаган. Биз шу асосида, бизга 19 минг 200 гектар ерни қайтариб беришинглар керак деяпмиз”, - деган эди Қамчибек Ташиев.

Айтиш жоизки, шу йилнинг 5-7-май кунлари Бишкекда қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича ишчи гуруҳлар учрашуви бўлиб ўтган. Учрашувда демаркацияни тартибга солувчи ҳужжат лойиҳаси ўртага қўйилган.

Икки давлат ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километрни тузиб, 2017-йилги келишим ассида унинг 1170 километри ёки 85%, ундан кейин яна 13% аниқланган. Айни пайтда икки давлат ўртасидаги чегаранинг фақат 2 фоизигина аниқланмаган.

Ўзбекистон уран захираси бўлган яна саккизта янги конни ўзлаштиришга чоғланмоқда

Президент Ш. Мирзиёев геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимотида, Тошкент, 2022 йил 19 майи (president.uz фотоси)

Ўзбекистонда ишлаб чиқилажак геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур доирасида 2022-2026 йилларда 8 та янги уран кони очилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишув чоғида билдирган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда 27 та янги кон очилиб, барқарор хомашё базаси яратилган.

Кечаги тақдимотда мутасаддилар нодир ва ноёб металлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича ишлаб чиқилган режалар юзасидан ахборот беришган. Президент топшириғига кўра, бу борада умумий қиймати 182 миллион долларлик 14 лойиҳа шакллантирилган.

Мирзиёев бу лойиҳалар билан чегараланмасдан, юқорироқ марра олиш кераклигини таъкидлаган.

“Шу мақсадда 2022-2026 йилларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу дастурда 8 та янги кон ва 18 та истиқболли майдон ҳисобига уран захирасини ошириш, замонавий бурғилаш ускуналарини олиб келиш, рақамли геология моделини яратиш кўзда тутилади”, дейилган хабарномада.

Айни пайтда тадбир чоғида “Навоийуран” давлат корхонасини трансформация қилиш, хорижий мутахассисларни жалб этиб, технологик жараёнларни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Ўқитувчи яна ўқувчисини урди. Бу сафар Пахтаободда

Ўзбекистонда ўқувчиларнинг ўқитувчилари томонидан калтакланиши ноодатий ҳодиса эмас.

Ижтимоий тармоқларда 19 май куни Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани 13-мактаб ўқувчиси ўқитувчиси томонидан калтаклангани тўғрисидаги хабарлар тарқалди.

Пахтаобод туман Халқ таълими бўлимининг билдиришича, бу воқеа 19 май куни эмас, 28 апрелда содир этилган.

Воқеа юзасидан Пахтаобод туман Халқ таълими бўлими билдирган расмий муносабатда айтилишича, Пахтаобод туманидаги 13-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси А.Р., шу мактабнинг рус-тили фани ўқитувчиси С.Ж.,нинг синфхонага кириш тўғрисидаги кўрсатмасига қўпол равишда жавоб қайтарган. Шундан сўнг ўқитувчи "ўқувчи А.Р.нинг қўпол муомаласига жавобан ўқувчининг кўз қисмига уриб, тан (бир маротаба) жароҳати етказган”.

“Ушбу ҳолат юзасидан ўша вақтдаёқ туман ХТБ томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат атрофлича ўрганилган ва рус-тили фани ўқитувчиси С.Ж.га ўқувчи А.Р.га нисбатан қўпол муомалада бўлгани сабабли тегишли тартибда интизомий жазо чораси қўлланган”,-дейилади расмий муносабатда.

16 май куни эса ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги 4-мактаб ўқувчиси инглиз тили ўқитувчиси томонидан калтакланганлиги акс этган видео тарқалган эди. Мазкур воқеага Бош прокуратура муносабат билдирган ва ўқитувчига нисбатан хизмат текшируви олиб борилаётганини билдирган.

Ўзбекистонда ўқувчиларнинг ўқитувчилар томонидан калтаклангани юзасидан Озодлик бундан аввал ўнлаб мақолаларни чоп этган. Айрим таҳлилчилар фикрича, бу каби воқеалар Ўзбекистон учун одатий ҳолатга айланган.

Халқ таълими вазирлиги бу воқеа ортидан ўқувчиларнинг ўқитувчилар томонидан калтакланишини қоралаши ҳақида билдирган.

“Халқ таълими вазирлиги ўқитувчи томонидан ўқувчиларга куч ишлатиш ҳолатини кескин қоралайди. Бугунги замон ўқитувчилар ўқувчилар билан фақат дўстона муносабат ўрнатиш орқали натижага эришиш мумкинлигини тақозо этади. Ҳар бир ўқувчи билан муаммони биргаликда ижобий ҳал этиш — бугунги кун педагогининг бурчи ҳисобланади”, — дейилади вазирлик баёнотида.

Шунингдек, ҳодиса ортидан мактаб директорининг икки ўринбосари, синф раҳбари ва инглиз тили фани ўқитувчиси ишдан бўшатилгани хабар қилинган.

Афғонистон Украинадаги уруш туфайли Ўзбекистонга электр энергиясидан қарзини тўлай олмаётганини билдирди

Афғонистон Энергетика ва сув заҳиралари вазирлиги мамлакат Ўзбекистон ва Тожикистондан сотиб олинаётган электр энергияси учун камида 100 миллион доллар қарз бўлиб қолганини билдирди.

TOLOnews нашри хабар беришича, вазирлик расмий вакили Ахтар Муҳаммад Нусрат бунга Украинадаги уруш туфайли Марказий Осиё банкларига пул ўтказишда муаммолар юзага келгани билан изоҳлади.

“Ўзбекистоннинг ўз муаммолари бор, биз тўламоқчимиз, лекин муаммо банкларда”,- деди Ахтар Муҳаммад Нусрат Афғонистон қарзини тўлашга ҳаракат қилаётганини урғулаган ҳолда.

Афғонистон энергетика ширкати – DABSнинг собиқ раҳбари Омонулло Ғолиб эса мамлакат ҳар йили электр учун Марказий Осиё давлатларига 300 миллион доллар ҳақ тўлашини айтди:

“Афғонистон Ўзбекистондан электрнинг асосий қисмини сотиб олади. Бу йилига 108 миллион долларни ташкил қилади. Айни пайтда ҳақни тўлашда муаммолар юзага келмоқда”.

Омонулло Ғолибга кўра, Украинадаги уруш туфайли банкларнинг ўзаро ҳисоб-китоб қилишлари мураккаблашган.

“Газета.uz” нашрининг ёзишича, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Афғонистон 2021 йилдаги электр энергияси бўйича қарзини тўлиқ тўлаб бўлганини билдирган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон билан Афғонистон 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича 100 миллион долларлик шартнома имзолагани ҳақида хабар қилган эди.

Жорий йилнинг 12 январь куни Афғонистон миллий электр энергияси ширкати (DABS) Ўзбекистон Афғонистонга экспорт қилинаётган электр энергияси ҳажмини 60 фоизга қисқартиргани ҳақида маълумот тарқатган эди. Ўзбекистон томони бу ҳолатни Толимаржон электр станциясида юзага келган техник муаммолар билан изоҳлаган. Мазкур баёнотнинг эртасига Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини қайта тиклаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG