Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2022, Тошкент вақти: 23:35

Ўзбекистон хабарлари

Мирзиёев Конституция куни муносабати билан 182 нафар маҳкум афв этилганини билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституция куни арафасида “жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган” 182 нафар шахсни муддатидан олдин озод қилишга оид фармонни имзолаган. Бу ҳақда у Конституция куни муносабати билан ватандошларига йўллаган табригида билдирган.

Президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган байрам табригида 182 нафар шахснинг қайси жиноятлари учун жазога тортилганига аниқлик киритилган эмас.

Кейинроқ Адлия вазирлиги афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилгании, 108 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилингани, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилгани ҳамда 63 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, афв этилганларнинг 6 нафарини чет эл фуқаролари, 6 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 9 нафарини аёллар ҳамда 25 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Ўзбекистонда сўнгги бор Мустақиллик куни муносабати билан 215 маҳкум амнистияга тушган эди. Шу йил август ойи охирида мамлакат президенти томонидан имзоланган фармонга мувофиқ афв этилганлар орасида хориж давлатларининг 69 фуқароси ва тақиқланган ташкилотларга аъзоликда айбланган 15 киши борлиги айтилган.

Кун янгиликлари

Олмаотада ҳибсга олинган қорақалпоғистонлик фаолнинг яқинлари уни уй қамоғига чиқаришни сўрашмоқда

Қорақалпоғистонлик фаол Раиса Худайбергенованинг яқинлари Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюросидаги матбуот анжуманида, Олмаота, 2022 йил 28 ноябри

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида шу йил 16 сентябрь куни ҳибсга олинган қорақалпоғистонлик фаол Раиса Худайбергенованинг қариндошлари уни уй қамоғи чиқаришни сўрашяпти. Фаол аёл “Ўзбекистондаги конституциявий тузумга тажовуз”да айбланмоқда.

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси матбуот марказида 28 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувда қорақалпоғистонлик фаолнинг қизи Гулжайна Сапарниязова онасига ёрдам бериш илтимоси билан қозоқ расмийларига мурожаат қилган - у соғлиғи ёмонлашгани Раиса Худайбергеновани ҳибсхонадан озод қилишни сўраган.

“Мен ҳеч бўлмаганда эҳтиёт чорасини уй қамоғига алмаштиришни сўрайман. Биз унинг соғлиғидан жуда хавотирланяпмиз. Онамнинг саломатлиги исталган вақтда ёмонлашиб кетиши мумкин. У иккинчи гуруҳ ногирони”, деган Гулжайна Сапарниязова.

У бу борада Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Тамара Дуйсеновага хат йўлланганини маълум қилган.

Раиса Худайбергенова дохил қорақалпоғистонлик тўрт нафар фаол Нукус шаҳрида шу йил июль ойи бошида рўй берган воқеаларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олингани айтилади.

Аввалроқ Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти қозоқ расмийларини Олмаотада қўлга олинган қорақалпоғистонлик фаолларни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирган эди.

Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Бунинг ортидан 500 киши қўлга олинган.

Навоий кон-металлургия комбинатида бахтсиз ҳодиса оқибатида бир ишчи нобуд бўлди

Жорий йилнинг 26 ноябрь куни Навоий кон-металлургия комбинатида ишлайдиган экскаватор ҳайдовчиси Ш.Ш. ҳалок бўлган.

Навоий вилоят прокуратураси хабарномасига кўра, ҳодисага “Шарқий” конида портлатиш ишлари олиб борилган ҳудудда руда тошларни олиш ишлари билан шуғулланаётган ЭКГ-40 русумли экскаватор кабинасига тоғ тошлари тушиши сабаб бўлган.

Ҳодиса чоғида машинист ёрдамчиси Т.М. ҳам “бўйин ва ўнг қўл кафт соҳаси” куйиб, тан жароҳати олган.

“Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги 2-сон ИИБ тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, судга оид тиббий экспертиза тайинланган”, дейилган хабарномада.

Ўзбекистоннинг тўрт вилоятида ер қимирлади

Хитойда 28 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 00:58 да юз берган зилзиланинг кучи Ўзбекистонда ҳам сезилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика марказимаълум қилди.

Ер қимирлаши Андижон ва Фарғона вилоятларида 3 балл, Наманган вилоятида 2-3 балл, Тошкент вилоятида 2 балл бўлган.

Зилзила координаталари: 39,94 градус шимолий кенглик; 74,52 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=5,2. Чуқурлик 10 км. Зилзила эпицентри Тошкентдан 471 км жанубий-шарқда.

Ўзбекистонда крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун икки ширкатга лизенция берилди

Ўзбекистонда крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун “Crypto Trade NET” МЧЖ ва “Crypto Market” МЧЖларга илк лицензиялар берилган. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Агентлик қайдича, бу борада тегишли маълумотлар лицензияларнинг электрон реестрига белгиланган тартибда киритилган ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг расмий веб-саҳифасида фойдаланиш учун очиқ ҳисобланади.

Хабарномада юқорида номлари зикр этилган икки ширкат Марказий Осиё минтақаси ва МДҲ ҳудудидаги биринчи крипто-дўконлар бўлгани урғуланган.

Айни пайтда агентлик ўзбекистонликларни ўта ҳушёр бўлишларига, Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритиш учун ўрнатилган тартибда лицензияга эга бўлмаган электрон платформалар хизматларидан фойдаланмасликка чақирган.

Аввалроқ Ўзбекистонда хорижий криптобиржалар блоклангани хабар қилинган. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги бунга мазкур электрон платформаларнинг тегишли лицензияларга эга бўлмаганини сабаб қилиб кўрсатган.

Агентлик мазкур фаолиятга ҳуқуқий асос ўлароқ мамлакат президентининг 2018 йил 3 июлидаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини келтирган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, крипто-биржалар, майнинг-пул, крипто-депозитарийлар ва крипто-дўконлар фаолияти лицензияланадиган хизматлар провайдерлари қаторига киритилган.

Қарорда 2023 йил 1 январидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширишлари мумкинлиги айтилган.

Бош прокуратура Бувайдада уч кунлик келин-куёв ўлимида уларнинг ўзини айбламоқда

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг билдиришича, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида уч кунлик келин-куёвнинг ис газидан ўлгани юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура келин-куёвнинг ис газидан заҳарланиб ўлишига уларнинг ўзлари айбдор экани тўғрисидаги хулосани ёйинлади: “Мутахассис томонидан хонадонда мавжуд бўлган иситиш мосламаси ностандарт ҳолатда ўрнатилганлиги ҳақида хулоса берилган”, дейилади прокуратура баёнотида.

Бош прокуратура аҳолини “бундай кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида газ ускуналаридан ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш”га чақирган.

24 ноябрь куни Фарғона вилояти Бувайда туманидаги “Ўрта Қўнғирот” МФЙ, Қўрувчилар кўчасида уч кун олдин турмуш қурган келин ва куёв ис газидан заҳарланиб ўлгани тўғрисида хабар берилган эди.

10 ноябрдан 20 ноябргача ўтган 10 кун ичида Ўзбекистонда камида 9 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган. 24 ноябрда эса Бувайдадаги ўлим ҳисобида уларнинг сони камида 11 кишига етди.

Бундан аввал Наманганда қайнона, келин ва набира, Қашқадарёда 17 ёшли қиз, Хоразмда ижарада турган икки йигит, Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси ҳамда Бухорода 2-синф ўқувчиси ис газидан ҳалок бўлгани расман билдирилган.

Ўзбекистонда қиш мавсуми бошланиши билан “ис газидан заҳарланиш” ҳолатлари кўпайишини кузатиш мумкин. Бунинг натижасида мамлакатда ҳар йили юзлаб одам нобуд бўлади.

Мутахассислар аввалроқ бу каби ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини билдиришган. Аммо йиллар ўтгани сари бу муаммо бартараф этилиши ўрнига кучайиб бормоқда.

9 февраль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан 8 февралигача ис гази билан боғлиқ 21 ҳолат қайд этилгани, уларда жами 36 киши ҳалок бўлгани ва 19 киши заҳарлангани тўғрисида билдирган.

Вазирлик расмийси ўтган йили ис гази билан боғлиқ 74 та ҳолат аниқланганини, ис газидан 128 киши ўлгани ва 67 киши заҳарланганини айтди.

2020 йилнинг 16 декабрида ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев бир йилда 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олганини таъкидлаган.

Ўша йиғилишда президент Бош вазир зиммасига ФВВ Ёнғинга қарши курашиш бошқармаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни тубдан ислоҳ қилиш ва янги тизим яратиш юзасидан таклиф бериш вазифасини юклаган эди.

Давлат статистикаси: Ўзбекистонда ҳар 4 чақалоқдан фақат биттаси она сути билан озиқланади

Ўзбекистонда 40 фоиз аёллар туғруқдан сўнг бир соат ичида фарзандини кўкрак сути билан озиқлантирган. Ҳар 4 чақалоқдан фақат биттаси (25 %) 6 ойгача фақат она сути билан озиқланган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси вакиллари Миллий матбуот марказида Мультииндикатор кластер кузатувлари натижаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Статистика қўмитаси кузатув натижаларига кўра, 21 фоиз туғруқлар кесарево жарроҳлик амалиёти ёрдамида амалга оширилганини аниқлаган.

Бундан ташқари 5 ёшгача бўлган 7 фоиз болаларнинг бўйи ўсишдан ортда қолган. Статистика қўмитасининг иддао қилишича, бу кўрсаткич 2006 йилги кузатувда 14,6 фоизни ташкил қилган.

“Кузатув ўтказилган уй хўжаликларида болаларнинг 3 фоизи биологик ота-оналари билан яшамайди. Ортиқча вазн 5 ёшгача болаларнинг 5 фоизида (ўғил болалар 5 %, қиз болалар 4 %) кузатилмоқда. 2006 йилда ўтказилган кузатувда бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил этган”, дейилади билдирувда.

Ўзбекистонда беш ёшга тўлмасдан вафот этиш кўрсаткичи ҳар 1000 нафар янги туғилган чақалоққа нисбатан 25 тани ташкил этмоқда.

Статистиканинг билдиришича, 2006 йилда ўтказилган кузатув натижаларида бу кўрсаткич 57 нафарни ташкил этган.

Мирзиёев декабрь ойида Қирғизистонга сафар қилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон байроқлари

Ўзбекистон президенти келгуси ойда Қирғизистонга ташрифи буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизматининг Шавкат Мирзиёевга хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросимига оид хабарномасида айтилган.

Маросимда президент Мирзиёев Жанубий Корея элчиси Ким Хи Санг, Қирғизистон элчиси Муса Жаманбаев, Жазоир элчиси Бумедиен Геннад, Қозоғистон элчиси Бейбут Атамкулов ва АҚШ элчиси Жонатан Хэникдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олган.

Маросимда Қирғизистон элчисига мурожаат қилган Шавкат Мирзиёев “эришилган келишувлар асосида чегара масалалари ҳал қилингани мисли кўрилмаган умумий ютуқ” бўлганини таъкидлаган.

Ноябрь ойида икки мамлакат парламентлари ўзбек-қирғиз чегараси ва Кампиробод сув омборига алоқадор икки қонун лойиҳасини маъқуллагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Мазкур қонун лойиҳалари борасидаги турли талқинлар Қирғизистонда фуқаролик жамияти вакиллари орасида норозилик кайфиятини уйғотган. Бунинг ортидан расмийлар 26 нафар сиёсатчи ва фаолни “оммавий тартибсизликлар уюштиришга ҳозирлик” гумони билан ҳибсга олишган.

Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда сўнгги бор шу йил июлида бўлиб, Чўлпонота шаҳридаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида иштирок этган эди.

Депутатлар муҳокамаси: Конституциявий қонун лойиҳаси яна такомиллаштириладиган бўлди

Тошкентдаги парламент биноси

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 24 ноябрь куни бўлиб ўтган галдаги мажлисида депутатлар Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни муҳокама қилишган. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати маълум қилди.

Мажлисда мазкур масала юзасидан Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов ахборот бериб, Конституциянинг 76 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар, қолаверса, 15 та янги модда ва 1 та янги боб киритилаётганини урғулаган. Умумхалқ муҳокамаси давомида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳолидан ҳамда фуқаролик жамияти институтларидан жами 150 мингдан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳаза келиб тушгани, уларнинг катта қисми ўрганилгани ва Конституциявий қонун лойиҳасида ўз аксини топаётгани қайд этилган.

“Мажлисда депутатлар Конституциявий комиссия ва масъул қўмиталар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этган ҳолда, халқимиз асослантирилган, ўйлаб таҳлил қилишга мажбур қиладиган кўплаб таклифларни бераётгани ва бундай таклифларни эътиборсиз қолдириш ёки уларга юзаки ёндашиш мумкин эмаслигини айтиб, Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш таклифини илгари суришди”, дейилган хабарномада.

Шундан келиб чиққан ҳолда депутатлар Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш ҳақида тегишли қарор қабул қилишган. Бироқ бу такомиллаштирув қачонгача давом этиши ҳозирча номаълум.

Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар лойиҳаси шу йил 25 июнида эълон қилинган ва умумхалқ муҳокамасига 10 кун берилган эди. Аммо 1-2 июль кунлари Конституциянинг янги таҳририда Қорақалпоғистон мақомининг бекор қилинишига қарши Нукусда зўравонликларга айланиб кетган намойишлар ортидан Олий Мажлис муҳокама муддатини яна 10 кунга, ундан кейин эса 1 августга қадар узайтирган.

Президент Шавкат Мирзиёев октябрь ойи бошида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида бўлиб ўтган йиғилишда сўзлай туриб, “Конституцияга ўзгартиришлар киритишда шошилишнинг ҳожати йўқлиги”ни таъкидлаган.

Мазкур қонун тайёр бўлганидан кейин мамлакат конституциясини ўзгартириш бўйича референдум ўтказилиши айтилган. Ҳозиргача расмий санаси эълон қилинмаган референдум президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириши кутилади.

Сўнгги 10 кун ичида Ўзбекистонда камида 9 киши ис газидан вафот этди - ОАВ

Иллюстратив сурат

Наманган вилоятининг Поп туманида 20 ноябрь куни икки аёл ва бир бола ис газидан заҳарланиб вафот этган.

“Газета.uz” нашрининг Бош прокуратура матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, тумандаги Тинчлик маҳалласида уйни иситиш учун ўрнатилган темир печкага ёқилган табиий газдан чиққан ис гази туфайли 75 ёшли онахон, унинг 51 ёшли келини ҳамда 6 яшар болакай ҳаётдан кўз юмган.

Ҳолат юзасидан Поп туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.

Маҳаллий матбуот хабарларидан келиб чиқилса, сўнгги 10 кун мобайнида Ўзбекистонда камида 9 киши ис гази қурбонига айланган.

Юқорида қайд этилган уч кишидан ташқари 20 ноябрь куни Қарши шаҳрида 17 ёшли қиз, 13 ноябрь куни Урганч шаҳрида ижарада турган икки йигит, 15 ноябрь куни эса Жиззахнинг Зарбдор туманида бир буви ва унинг икки набираси ис гази туфайли вафот этгани хабар қилинган.

Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини қисқартирди

Афғонистоннинг Хўст вилоятидаги электр энергияси узатиш симлари

Афғонистоннинг “Брешно” энергетика ширкати Ўзбекистондан электр энергияси етказиб бериш қисқаргани туфайли Тожикистон ва Туркманистон билан экспорт борасида музокаралар олиб борилаётганини билдирган. Толибон ҳукуматига тобеъ бўлган компания вакиллари шу тариқа Афғонистонда электр энергияси тақчиллиги муаммосини ҳал қилишга уринишмоқда.

Ширкат вакилларига кўра, ўтган якшанбадан бери Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини икки баравар қисқартирган ва буни электр энергияси ишлаб чиқарувчи жиҳозлардаги техник муаммо билан изоҳлашган.

Бугунги кунга келиб Афғонистон Ўзбекистондан импорт қилаётган электр энергияси ҳажми 430 МВтдан 200 МВтгача пасайган. “Брешно” компанияси вакиллари Ўзбекистон бу муаммони уч кун ичида ҳал қилишга ваъда бергани, бироқ бу ваъда бажарилмаганини билдиришган.

Озодликнинг афғон хизмати хабарига кўра, юзага келган муаммо ортидан “Брешно” ширкати Тожикистон ва Туркманистон билан боғланган. Бу музокаралар натижалари очиқланаётгани йўқ. 23 ноябрь куни Тожикистондаги давлат қарашли “Барқи тожик” энергохолдинги вакиллари Озодликнинг тожик хизматига афғонистонликлар билан ўтказилган музокаралар ҳақида ўзларида ҳеч қанақа маълумот йўқлигини билдиришган.

Ўтган ҳафтада “Брешно” ширкати Кобул энергия тизими Тожикистондан электр энергияси олаётган электр узатиш линиясига улангани ҳақида маълум қилган.

Ўзбекистондан электр энергияси импорти қисқаргани важидан Афғонистон пойтахти бўлмиш Кобул шаҳри ва бошқа қатор минтақаларда электр энергияси танқислиги кузатила бошлаган. Бироқ “Брешно вакиллари қайдича, Тожикистонда электр энергияси олина бошлагач, Афғонистондаги кўплаб вилоятларга электр энергияси яна одатдаги тартибда узатиляпти.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонга 131 тонна озиқ-овқат берди

Мазкур ёрдам 98 та соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасасига тарқатилади.

Қўшма Штатлар ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали қиймати 410 минг долларга тенг бўлган 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини Ўзбекистонга етказиб берди. Бу ҳақда 23 ноябрь куни АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.

Қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотлари “тўйимли сабзавотлар ва дуккаклилар аралашмасидан иборат бўлиб, соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя муассасалари ва ёрдамга муҳтож оилаларга тарқатилади”.

“Мазкур ёрдам 98 та соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасасига тарқатилиб, мамлакатдаги 35 минг нафар энг ёрдамга муҳтож фуқаролар, хусусан, дори-дармонга чидамли сил касаллиги билан оғриган беморлар, узоқ муддатли парваришлаш муассасалари, меҳрибонлик уйлари ва кексалар ва ногирон болаларни парваришлаш ва қўллаб-қувватлаш муассасаларни қамраб олади”, дейилади расмий билдирувда.

Мазкур ёрдамни тақсимлаш Американинг Resourse and Policy Exchange нотижорат ташкилоти томонидан Ўзбекистонда фаолият юритувчи «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда амалга оширилади.

2010 йилдан буён, USAIDнинг озиқ-овқат кўмагини бериш халқаро ҳамкорлик дастури доирасида қиймати 4 миллион доллардан ортиқ 1425 тонна озиқ-овқат ёрдами Ўзбекистонга етказиб берилган.

“Ўзбекистонга яқинда келтирилган бу гуманитар ёрдам АҚШнинг соғлиқни сақлаш соҳасига киритган 122 миллион АҚШ доллардан зиёд узоқ муддатли сармоясининг давоми бўлиб, сўнгги 20 йил мобайнида берилган умумий ёрдам қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан ошган”, дейилади элчихона билдирувида.

Ўзбек расмийлари Тошкентга трамвайни қайтариш бўйича амалий қадам қўйишга қарор қилишди

Тошкентликларга 100 йилдан зиёд хизмат кўрсатган трамвайлар яна пойтахт кўчаларига қайтиши айтилмоқда

Ўзбекистон билан Франция расмийлари Тошкентнинг трамвай тизими лойиҳасини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни имзолашган.

Газета.uz нашри хабарига кўра, ҳужжатга 22 ноябрь куни Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Франция ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва хориждаги францияликлар ишлари бўйича вазири Оливье Бешт томонидан Парижда қўл қўйилган.

Ўзаро келишувга мувофиқ, Ўзбекистон пойтахтидаги 9,1 километрлик трамвай линияларини Франциянинг Alstom ширкати қурадиган бўлган. Қиймати 167,4 миллион еврога баҳоланаётган лойиҳа амалга оширилса, янгидан ишга тушган трамвайлар кунига 78 минг киши йўловчи ташиш мумкин бўлиши айтилмоқда.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов линияларнинг йўналишлари ҳали аниқ эмаслигини билдирган. Тошкентни бўлажак “Янги Тошкент” шаҳри билан боғловчи Янги Ўзбекистон кўчаси истиқболли йўналишлардан бири бўлиши мумкинлиги айтилган.

“Бунда, тахминларга кўра, линия “Дўстлик” метро бекатидан бошлаб, Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб ўтади”, деб ёзган нашр.

Шу тариқа 2016 йил баҳорида ўзбек расмийлари қарори билан хизматидан воз кечилган трамвайлар яна Тошкентга қайтадиган бўлиб турибди.

Маълумотларга кўра, Тошкент трамвайининг тарихи 1901 йилларга бориб тақалади. Тарихий ҳужжатларда эски Тошкент марказида биринчи бўлиб отлар тортиб юрадиган вагонлар темир йўллар устида қатнагани айтилади. 1912 йилга келиб эса Тошкентда электр билан юрадиган трамвайлар пайдо бўлган.

Парижда Ўзбекистон ва Франция президентларининг музокаралари бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон Париждаги Лувр музейида, 2022 йил 22 ноябри

Францияга ташрифининг иккинчи кунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Париждаги Елисей саройида мезбон президент Эммануэль Макрон билан музокаралар ўтказган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 22 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашув чоғида Мирзиёев билан Макрон Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқишиб, муносабатларни кенг қамровли шерикликка олиб чиқишга келишиб олганлар.

Томонлар хавфсизлик соҳасида, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш борасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирганлар.

Савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, товар айирбошлаш ҳажмини, илғор технологияларни жалб қилган ҳолда қўшма лойиҳа ва дастурларни кўпайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланган.

Учрашувда ташриф арафасида ўтказилган Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик тадбирларининг якунлари, уларнинг доирасида умумий қиймати 6 миллиард евродан ортиқ бўлган савдо-иқтисодий битим ва шартномалар имзоланган юксак баҳоланган.

Музокара сўнгида Мирзиёев Макронни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга сафар қилишни таклиф этган.

Елисей саройидаги музокаралар ортидан икки президент рафиқалари ҳамроҳлигида Лувр музейига йўл олишиб, у ерда уюштирилган Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма билан танишишган.

Ўзбекистонда яна бир ИЭС ишга туширилди. Электр таъминотидаги узилишлар эса давом этмоқда

Ховосда қурилган янги ИЭС. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фотосурати.

Энергетика вазирлигининг билдиришича, 20 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Ховос туманида Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси томонидан қурилган янги ИЭС иш бошлади. Янги ИЭС йилига 1,7 млрд кВт/соат энергия ишлаб чиқариш мумкин. Вазирлик ИЭС 20 ноябрдан электр тармоқларига энергия етказиб беришни бошлаганини алоҳида таъкидлаган.

Дастлаб 25 октябрда ишга туширилиши режалаштирилган Ховос ИЭСининг деярли бир ой кечиктирилиб фаолият бошлаганига Энергетика вазирлиги тушунтириш бермади. Мазкур ИЭС қурилишига 2022 йилнинг 29 март куни Ўзбекистон ва Туркия президентлари томонидан старт берилганди.

Ўзбекистон ҳукумати бундан аввал ҳам энергетика соҳасида қатор лойиҳалар амалга оширилганини ва аҳолини электр энергияси билан таъминлаш яхшиланишини айтиб келган.

Масалан, октябрнинг бошларида Энергетика вазирлиги куз-қиш масумида истеъмолчиларга 34 миллиард 918 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилиши тўғрисида баёнот берган эди. Энергетика вазирлигининг билдиришича, бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 2 миллиард 540 миллион киловатт-соатга кўпдир.


Бундан ташқари, сўнгги бир ҳафта ичида расмий Тошкент Испания ва Япония инвестиция лойиҳаси доирасида Талимаржон ИЭСда 2025 йил якунига қадар умумий қуввати 900 МВтдан кам бўлмаган иккита буғ-газ қозонини қуриб бериши ва Ховос ИЭСининг ишга тушурилиши тўғрисида хабар берди. Бироқ Ўзбекистонда электр энергияси етишмовчилиги давом этмоқда.

Расмийларнинг билдиришларича, Ўзбекистонда электр энергиясининг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқилади. Бунинг учун газ ва кўмир ишлатилади. Энергетика вазирлиги ва унинг тузилмалари ИЭСлар учун қиш мавсумида газ билан етарли даражада таъминланмагани учун инқироз юз бераётганини тан олган.


Ўтган ҳафтада АОКАда ўтган матбуот анжуманида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган кунлик эҳтиёжи 245 млн кВт/соатга тенглигини, аммо бугунги кунда суткасига фақат 230 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш захираси мавжудлигини айтган эди. Ўзбекистонга кунига 15 млн кВт/соат электр қуввати етишмайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, куз-қиш мавсумида Ўзбекистонда аҳолини электр ва газ билан таъминлаш муаммолигича қолмоқда.

Аҳолини электр билан таъминлаш оғирлашгани оқибатида пойтахт Тошкентда 16 ноябрдан бошлаб кўча ёриткичларининг электр истеъмоли чекланади.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Миллий диспетчерлик маркази (МДМ) Ўзбекистонда 9 ноябрдан бошлаб иссиқлик электр станцияларида ёғилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келгани тўғрисида маълум қилган эди. Бунинг ортидан МДМ электр энергияси балансини таъминлаш ва энергетика тизимида блэкаут юзага келишининг олдини олиш мақсадида махсус жадвалга асосан юқори кучланишли тармоқларни ўчирган.

“Ўзтрансгаз” 9 ноябрдан об-ҳавонинг совиб кетиши ортидан аҳоли ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарни газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иши вақтинчалик чекланиши ҳақида билдирган эди. Ҳудди шу куни Энергетика вазирлиги ҳам совуқ тушиши ортидан Фарғона водийсида электр таъминотида “қисқа муддатли узилишлар” юзага келаётганини билдирди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

Ўзбекистон-Россия жамоаларининг Тошкентдаги футбол ўйини дуранг натижа билан якунланди

Тошкентнинг “Пахтакор” стадионида 20 ноябрь куни бўлиб ўтган футбол бўйича Ўзбекистон ва Россия жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 0:0 ҳисобида якунига етди.

Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Россия терма жамоаси бош тренери Валерий Карпин, маҳаллий нашрларнинг ёзишларича, ўз шогирдлари дарвозаси олдида хавфли вазиятлар бўлмаганини қайд этган.

Украина байроғини эслатувчи сариқ-мовий рангга бўялган “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтган учрашувда россияликларнинг агрессив урушига қарши бирор-бир чиқиш қилингани ҳақида маълумот йўқ. Аввалроқ Ўзбекистон Футбол федерацияси вакиллари ўртоқлик учрашуви чоғида хавфсизлик чоралари кучайтирилиши, ўйин олдидан стадион атрофига ички ишлар ходимлари жойлаштирилгани ҳақида билдиришган эди.

Россия жамоаси учун Ўзбекистон билан ўйин Украинага қарши уруш бошланган сўнгги тўққиз ой ичидаги учинчи ўйин бўлди.

“Гитлер Германияси билан футбол ўйнашдай гап” - Ўзбекистон Россия билан ўртоқлик учрашуви ўтказади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:23 0:00

Россиялик футболчилар 23 сентябрь куни Қирғизистон, 17 ноябрь куни эса Тожикистон жамоаси билан учрашган. Биринчи ўйинда Россия терма жамоаси қирғизистонликларни 2:1 ҳисобида, шунда ҳам биринчи голни ўтказиб, сўнгги голни ўйин охирида уриб зўрға ютган. Тожикистон билан ўйинда эса худди бугунги ўйинда бўлгани каби, ҳисоб очилмай, дуранг натижа қайд этилган.

Россия билан Ўзбекистон ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилган 20 ноябрь куни Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионатига старт берилди. Россия терма жамоаси Москванинг Украинага қарши бошлаган тажовузкор уруши туфайли Жаҳон чемпионатининг саралаш ўйинларида ҳам иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Шунингдек, Россия 2024 йилги Европа чемпионатидан ҳам четлатилган, терма жамоа саралаш ўйинларига қуръа ташлаш маросимида иштирокчилар қаторига киритилган эмас.

FIFA ва UEFA мусобақаларидан четлатилган россиялик футболчиларнинг “дўст давлатлар” жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказишдан бошқа чоралари қолмаган. Аввалроқ Босния-Герцеговина жамоаси билан “агрессор давлат” футболчилари билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш таклифини рад этган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG