Линклар

Шошилинч хабар
14 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:36

"Ўзбекистон учун ўлишга тайёрман". Мирзиёевнинг Термиздаги нутқи сайловолди чиқишини эслатди


Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгашида. 13 март, 2023
Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгашида. 13 март, 2023

13 март куни Сурхондарёга сафар қилган Шавкат Мирзиёевнинг Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги чиқиши президентнинг вилоятларга ишчи сафаридан кўра, сайловолди тарғиботларини ёдга солди.

“Катта-катта давлатлар айтяпти: Ўзбекистон, сен ким томондасан? Нейтрал бўлиб юришинг бўлди энди. Ё у томонга ўт, ё бу томонга.

Ўзбекистон аҳолиси 36 млн бўлди, яқинда 40 млн бўлади. Катта давлатга айланади. Марказий Осиёда Ўзбекистон бизга керак. Ким томондасизлар?

Бунга менинг жавобим битта: миллатим, халқим томондаман, Буюк Ўзбекистон манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бераман”, - деди президент.

Мирзиёев у ёки бу давлат номини тилга олмади. У ҳозирга қадар Украинадаги уруш ҳақида лом-мим демаган. Мирзиёев ҳукуматининг урушдаги "нейтраллиги" эса, Украина томонининг фикрича, кўпроқ Москвадан кўра, Киевга нисбатан нейтралликни англатади.

Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон манфаатлари учун ўлишга тайёр" экани ҳақидаги сўзлари амалдаги президентнинг учинчи муддатга сайланиши учун йўл очиши кутилаётган умумхалқ референдумига тайёргарликлар бошланган паллада янгради.

Ўзбекистон Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев янги таҳрирдаги конституциянинг қабул қилиниши амалдаги президентнинг муддатини "ноллаштириши"ни айтган, аммо Мирзиёевнинг ўзи ҳозирга қадар 2026 йилдаги кейинги режалари ҳақида гапирмаган.

Конституциявий суд: Референдумга монелик йўқ

Конституциянинг янги таҳрирдаги лойиҳаси амалдаги Конституция, Ўзбекистоннинг бошқа ҳамма қонунлари ва халқаро ҳужжатларга тўлиқ мос келади. Бу хулоса Ўзбекистон Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов томонидан 13 март куни Тошкентда бўлиб ўтган мажлисда айтилди.

Конституциявий суднинг Асосий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилган мазкур мажлисида Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказишга тўсқинлик қилувчи омилларга дуч келинмагани таъкидланган.

Қонун лойиҳаси ўтган ҳафта якунида Олий мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдумни шу йилнинг 30 апрелига белгилашга қарор қилинганди. Киритилаётган ўзгартишлар натижасида Асосий қонун 65 фоизга ўзгариши, Конституция таркибига 27 та янги модда қўшилган ортидан моддалар сони 155 тага чиқиши айтилган.

Мирзиёевнинг Конституция ислоҳоти: Мақсад президент муддатини ноллаштиришми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:02 0:00

Бу орада ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида “янгиланган ёки янги Конституциянинг тўлиқ матни эълон қилинадими?” деган савол устида баҳслар авж олмоқда.

Фойдаланувчиларни энг кўп қизиқтираётган масалалардан бири Конституциянинг 90-моддасига киритилажак ўзгартишлардир. Тармоқ фаоллари мазкур моддага киритилган ўзгартишлар туфайли амалдаги президентнинг икки муддати “ноллашиб”, учинчи муддатга президентликка номзодини қўйиши учун унга йўл очилиши юзасидан хавотир билдиришмоқда.

Сурхондарёлик фаолларга босим

Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифи арафсида ижтимоий тармоқларда танқидий фикр билдирадиган фаоллардан айримлари ИИБга чақиртирилиб, тармоқларда президентга мурожаат ва негатив постлар қўймаслик ҳақида огоҳлантирилган.

Термизлик 45 ёшли Наргиза Муқимованинг Озодликка айтишича, Термиз шаҳар ИИБнинг терроризмга қарши курашиш бўлими уни президент билан учрашишга ҳаракат қилмаслик ҳақида ҳам огоҳлантирган.

“Бир неча кун олдин ички ишлардан бир келиб кетинг деб чақиришди. Борсам олдимга қоғоз қўйиб, бунга ёзинг, президент Термизга келса мурожаат қилмайсиз, гапирмайсиз, олдига чиқмайсиз. Мен нима сабабдан дедим. Сабаб шу, чиқмайсиз, тамом, деди ходим. Мен эса ўлдирсангиз ҳам ёзиб бермайман, дедим. Хуллас, ёзмай чиқиб кетдим”, - дейди тармоқ фаоли.

Наргиза Муқимова иккинчи гуруҳ ногирони. У президентга ижтимоий аҳволи оғир эканлиги ва ундан ёрдам сўраш учун учрашмоқчи бўлганини айтади.

“Тўртта болам кийим йўқлигидан анча пайт мактабга боролмай юрди. Шароитимиз жуда оғир, кўчада баклажка терамиз. Қўшниларимиз ҳам билиб қолган, овқатлари қолган бўлса беришади. Эски кийимларини беришади. Рости гап жуда чарчадим. Катта ўғлимни уйлантиришим керак. Ўзи кўп умрим қолмади, орқа миямда ўсимта бор. Фақат ногиронлик, болалар нафақаси билан яшаймиз. Шунчаки, президентдан ёрдам сўрамоқчи эдим, холос”.

"Ҳақиқат йўқ": Блогер Отабек Сатторий 6,5 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:21 0:00

Шавкат Мирзиёев Термиздаги чиқишида яна бир марта ўқитувчиларнинг маошини 1000 долларга етказиш ҳақида гапириб, бунинг учун ўқитувчилар ҳам "ўзини қийнаши" кераклигини айтди.

Исми сир қолишини сўраган термизлик ўқитувчининг Озодликка айтишича, 13 март куни эрта тонгдан президент ташриф буюрадиган жойлар "қаттиқ назоратга олинган".

“Президент Сурхондарёга келди. Унинг келишига белгиланган жойлар бор. Фақат ўша жойларга боради. Режадан ташқари бирор жойга чиқмайди, буни халқ тушуниб бўлди. Шунинг учун ҳам президент билан учрашишга ошиқмайди. Чунки яқинига ҳам йўлаттиришмайди. Президент келадиган жойнинг атрофи камида бир километр ҳудуд музлатилади. Оддий халқ етиб боролмайди. Бугун ҳам соат олтидан хавфсизлик ходимлари келиб қоровуллаб ўтирибди”, - дейди Озодликка хавфсизлик боис исмини очиқламасликни сўраган термизлик ўқитувчи.

БМТ Олий комиссарининг ташрифи

Президент Мирзиёев Сурхондарёга сафар қилган 13 март куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ташриф буюрди.

Бу БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг 2018 йилдан буён Ўзбекистонга илк ташрифи. БМТ мулозими Тошкентда расмийлар билан бирга фуқаро жамияти вакиллари ва рўйхатга олинмаган сиёсий мухолифат фаоллари билан учрашган.

2021 йилги президент сайловлари арафасида ташкил этилган ва расмий рўйхатдан ўтказилмаган "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" демократик партияси етакчиси, профессор Хидирназар Аллақулов Фэйсбукка жойлаштирган видеосида БМТ мулозими билан суҳбатда инсон ҳуқуқлари бузилишлари ва ҳукумат ҳамда куч ишлатар тизимларнинг фаолларга босими ҳақидаги гапириб берганини билдирди.

Фолькер Тюрк Қорақалпоғистонга ҳам ташриф буюриши режаланган. Бирлашган Миллатлар ва Ғарб давлатлари Ўзбекистон ҳукуматини ўтган йил ёзида Нукусдаги қонли намойишлар чоғида ҳаддан ташқари куч ишлатган хавфсизлик ходимларини жавобгарликка тортишга чиқариб келади.

Форум

XS
SM
MD
LG