Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2021, Тошкент вақти: 15:27

Ўзбекистон хабарлари

Расман: Ўзбекистон ва Россия вилоятлари ўртасида 9 миллиард долларлик шартномалар имзоланди

Ўзбекистон президентининг Москвага сафари 19 ноябрга режалаштирилган.

Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи арафасида Москвада Ўзбекистон-Россия II-Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилди, деб хабар берди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги.

17 ноябрда ўтган форумда икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, вилоятлар, вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, бизнес уюшмалари раҳбарлари, йирик компаниялар ва хусусий сектор вакилларидан иборат 800 киши иштирок этган.

Форум доирасида умумий қиймати 9 млрд долларга тенг 600 та икки томонлама битим, жумладан, 7,4 млрд долларлик 141 та инвестициявий лойиҳа ва 1,6 млрд долларлик 455 та экспорт шартномаси имзоланди.

Шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари маъмуриятлари истиқболли тармоқларда 75 та янги инвестиция лойиҳаси устида иш бошлаши маълум қилинди.

Ўзбекистон президентининг Москвага сафари 19 ноябрга режалаштирилган.

Кун янгиликлари

Андижон. Аёлнинг 4-қаватдан қулаши ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Андижон Давлат университети биноси.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати Андижон Давлат университети Тарих факультетининг биноси 4- қаватидан 28 яшар аёл қулагани ортидан бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилди.

Хабар қилинишича, 4 декабрь куни 28 ёшли аёл Андижон Давлат Университетига ушбу олийгоҳнинг 2-босқич талабасининг оила аъзоси сифатида таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган Тарих факультетининг биносида бўлиб ўтадиган ота-оналар мажлисига келган.

Шунда у бинонинг 4-қаватида уяли алоқа телефон аппаратидан фойдаланиб, эҳтиётсизлиги оқибатида зиналарнинг тўсиқлари бўлмаганлиги сабабли зинапоядан пастга йиқилган ва оғир тан жароҳати олган.

Олиб борилган текшириш ҳаракатлари давомида ушбу бинода таъмирлаш ишларини олиб бораётган “S.Haus” МЧЖ ишчилари томонидан зинапояларнинг тўсиқлари олиб ташланиб, қурилиш ишлари амалга оширилаётганлиги аниқланган.

“Мазкур ҳолат юзасидан “S.Haus” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Андижон шахар ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Бош прокуратура хабаридан олдинроқ ижтимоий тармоқларда бир аёл Андижон Давлат университети биносининг 4- чи қаватидан тушиб кетгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Тошкент ҳавосининг ифлосланиши рекорд даражага чиққан

Тошкент шаҳрида ўтган ой қумли бўрон кузатилганди.

АҚШ элчихонасида жойлашган ҳаво тозалиги назорат станцияси маълумотларига кўра, Тошкент ҳавосининг ифлосланиш индекси 3 декабрь соат 18:00 ҳолатига кўра рекорд — 190 даражани ташкил қилган.

Шаҳарнинг айрим туманларида яна чанг кўтарилиши хоалтлари ҳам кузатилган.

АҚШ элчихонасининг назорат станцияси Тошкент хавосининг 150−160 даражада ифлосланишини 5 ва 6 декабрь кунларига прогноз қилган эди.

Уларга кўра, пойтахт хавосининг сифат индекси 60−70 даражада бўлиши керак бўлган. Аммо 3 декабрь эрталаб соат 5 дан бошлаб пойтахт ҳавосининг сифати кескин тушиб кетган.

Ўтган ой Тошкентда қум бўрони кузатилган эди. Тармоқл фойдаланувчилари чанг шаҳардаги қурилишлардан кўтарилаётганини айтиб чиқишган.

3 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Азиз Калимбетов қумли бўронга сабаб чўлдаги қумларнинг шамол орқали кириб келишини сабаб қилиб келтирди .

Калимбетов шаҳарда дов-дарахтлар камаймиб кетганини ҳам тилга олди.

Дов-дарахтлар Ўзбекистон бўйича 8%ни ташкил этади. Жаҳон стандартига кўра эса кўкаламзорлаштирилган майдонлар 30% даражада бўлиши лозим, — деди Азиз Калимбетов

Ўзбекистон Швецияда элчихона очишини билдирди

2005 йилдаги Андижон қонли воқеалари ортидан Швеция ўнлаб ўзбекистонлик сиёсий қочқинларга бошпана берган.

Ўзбекистон Швеция пойтахти Стокгольмда элчихона очади.

Бу ҳақда 3 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция Қироллиги Ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линде билан учрашувда айтди.

Абдулазиз Комилов Швеция томонини ЕХҲТдаги муваффақиятли раислиги билан табриклаб, Ўзбекистоннинг мазкур тузилма билан конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни кенгайтириш тарафдори эканлигни таъкидлаган.

Швеция энг кўп ўзбекистонликлар бошпана топган давлатлардан бири.

Айниқса 2005 йилдаги Андижон қонли воқеалари ортидан бу давлат ўнлаб ўзбекистонлик сиёсий қочқинларга бошпана берган.

Хоразм прокуратураси давлат буюртмасининг ҳоким муовини укасига берилишини қонуний деб топди

Урганч шаҳри.

Хоразм вилоят прокуратураси 20,4 млрд сўмлик давлат буюртмасининг вилоят ҳокими ўринбосари укаси раҳбарлигидаги компанияга топширилганини қонуний бўлган деб топди.

Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича 20 млрд сўмлик давлат буюртмаси юзасидан ўтказилган тендерда Хоразм вилояти ҳокимининг капитал қурилиш коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Қурбонов раислик қилганлиги ва тендер натижаси бўйича унинг укаси У.Қурбоновга тегишли бўлган “Бунёдкор” МЧЖ ғолиб бўлгани хабар қилинган эди.

Вилоят прокуратураси мазкур тендер бўйича текширув ўтказиб, натижаларини эълон қилди.

"Вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг буюртмаси асосида Қурилиш вазирлигининг Хоразм вилоят қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш ҳудудий консалтинг маркази томонидан ўтказилган, бошланғич нархи 20 млрд 380,6 млн сўм бўлган Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича “Бунёдкор” МЧЖ, “Урганч қурилиш бетон” МЧЖ ва “Ирдимзон қурилиш” хусусий корхонаси томонидан оферталар тақдим қилинган. Ўтган йил 23 июндаги тендер ғолибини аниқлаш натижаларига кўра, “Бунёдкор” МЧЖ 20 млрд 180,6 млн сўм таклиф қилган ҳолда 100 балл тўплаб, тендер ғолиби бўлган.

Шунингдек, ушбу тендер жараёнида комиссия раиси Б.Қурбонов хизмат сафарида бўлгани сабабли иштирок қилмагани ҳамда “Бунёдкор” МЧЖ номидан жамият вакили Б.Саидов ишончнома асосида қатнашгани аниқланган", дейилади вилоят прокуратураси билдирувида.

Прокуратура баёнотида шунингдек, тендер натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ҳамда Хоразм вилоят қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш ҳудудий консалтинг Марказига тақдимномалар киритилгани қайд этилган.

Мирзиёев икки кунлик давлат ташрифи билан Қозоғистонга сафар қилади

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан, Тошкент, 2019 йил апрели

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига биноан 5-6 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади.

Президент матбуот хизмати қайдича, ташриф чоғида Нур-Султон шаҳрида олий даражадаги учрашув ва музокаралар бўлиб ўтади.

Сафар кун тартибидан сиёсий мулоқот ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий алоқалар ва аниқ кооперация лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини фаоллаштиришнинг долзарб масалалари ҳам ўрин олган.

Мирзиёев ва Тоқаевнинг халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиб, минтақавий интеграциянинг асосий йўналишларини муҳокама қилиши ҳам кутилмоқда. Саммит якунида эса қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режаланган.

Жума тонгида Тошкент шаҳрининг катта қисмида аҳоли сувсиз қолди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида 3 декабрь куни эрталаб ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатилган.

“Тошкент шаҳар сув таъминоти” корхонаси бу ҳолатни жума куни тонгги соат 8:30 да пойтахтнинг асосий қисмини ичимлик суви билан таъминловчи “Қодирия” бош сув иншоотида юқори кучланишли электр таъминотида носозлик сабабли насос агрегатларида ўчиш бўлгани билан изоҳлаган.

“Ҳозирги вақтда электр таъминоти қайта тикланди, ичимлик сув гидравлик режимини тиклаш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда”, дейилган хабарномада.

“Тошкент шаҳар сув таъминоти” масъуллари тез фурсатда пойтахтда сув таъминоти ўз маромига қайтишини ваъда қилишган.

CСВ: Коронавирус қурбонлари сони 1 минг 410 нафардан ошди

Ўзбекистонда 2 декабрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 4 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 413 нафарга етган.

CСВ қайдича, пайшанба куни мамлакат бўйлаб 260 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 193 минг 893 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча Қашқадарё вилоятидан ташқари барча ҳудудларда 198 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 190 минг 503 нафарга етган.

Вазирлик эмлаш жараёни бошланган апрель ойидан бери Ўзбекистонда 34 миллион 422 минг 635 доза вакцинадан фойдаланилганини қўшимча қилган.

Жаҳон туризм ташкилотининг 25-Бош ассамблеяси Самарқандда ўтказилади

Самарқанддаги Регистон майдони

Жаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) 25-Бош ассамблеяси 2023 йили Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказилади.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, бунга оид қарор халқаро ташкилотнинг Мадридда бўлиб ўтган 24-сессиясида қабул қилинган.

Қайд этилишича, Испания пойтахтида ўтган тадбир доирасида икки йилдан сўнг UNWTO Бош ассамблеясини ўтказиш учун Ўзбекистон ва Португалия даъвогарлик қилган. Тадбир якунига кўра, аксарият овоз билан 2023 йилги Бош ассамблеяни Самарқанд шаҳрида ўтказишга келишилган.

Мадриддаги сессияда қатнашган Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов UNWTO 25-Бош ассамблеясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши ҳамда бу орқали маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларнинг даромад кўришига олиб келишини урғулаган.

“Бундан ташқари, юқори даражадаги тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини тортиши шубҳасиз, бу эса охир-оқибат мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда юртимизга яна-да кўпроқ сайёҳларни жалб этиш йўлида хизмат қилади”, деган А. Абдуҳакимов.

Мазкур тадбир амалга ошса, Ўзбекистон БМТ оиласига кирувчи ташкилот Бош ассамблеясига илк бор мезбонлик қилган бўлади.

UNWTO Бош ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказилувчи энг муҳим туристик анжуман бўлиб ҳисобланади.

Импорт гўштнинг учдан икки қисми Беларусдан олиб келинмоқда

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон хориждан 23,9 минг тонна гўшт импорт қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,3 минг тоннага кўпдир.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистонга гўшт энг кўп Беларусдан (16,2 минг тонна) олиб келинмоқда. Бу мамлакат импорт қилаётган жами гўштнинг қарийб 67 фоизини ёки учдан икки қисмини ташкил қилади.

Бундан ташқари, ўтган ўн ой ичида Ўзбекистонга Қозоғистондан 3,5 минг тонна, Украинадан 2,3 минг тонна, Россиядан 606 тонна, Молдовадан эса 600 тонна гўшт экспорт қилинган.

Аввалроқ Давсатқўм ноябрь ойида мол гўшти нархи октябрь ойига нисбатан ўртача 0,8 % га арзонлашгани ҳақида маълумот тарқатди. Айни пайтда, қўмита қайдича, мол гўшти нархи йил бошидан буён ўртача 11,2 фоизга ошгани кузатилган.

Аввалроқ Озодлик сенаторлар октябрь ойида бўлиб ўтган ялпи мажлисда гўшт, картошка ва музлатилган балиқ импорти ва реализациясини қўшилган қиймат солиғидан озод қилишга оид қонун лойиҳасини маъқуллаганлари ҳақида хабар қилган. Бу чора ошиб бораётган нархлардаги барқарорликни таъминлаш учун кўрилгани билдирилган эди.

Чиноз ҳокимининг мажбурий обунага оид фармойиши бекор қилинди

Ўзбекистондаги газета дўконларидан бири (иллюстратив сурат)

Чиноз тумани ҳокими Ботир Алимбековнинг “Чиноз ҳаёти” газетасига обуна ташкил этишга оид фармойиши бекор қилинди.

Б. Алимбеков шу йилнинг 12 ноябрида имзолаган “Чиноз ҳаёти” ижтимоий-сиёсий газетаси обунасини уюшқоқлик билан ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишида “ҳудудда аҳоли, айниқса, раҳбар ва ходимларнинг иқтисодий, сиёсий ва соғлом мафкуравий ахборотга бўлган талабини қондириш мақсадида” масъул мулозимларга “тумандаги барча корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, “Чиноз ҳаёти” газетасига 2022 йил учун обунани ташкил этиш чорасини кўриш” вазифасини юклаган.

Адлия вазирлиги мазкур фармойишни обунага мажбурлаш ҳаракати, деб топган.

“Чиноз туман адлия бўлими газетага мажбурий обунани ноқонуний деб топиб, 2021 йил 15 ноябрь куни ҳокимликка мазкур фармойишни бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритди. Тақдимномага асосан мазкур фармойиш Чиноз туман ҳокими қарори билан бекор қилинди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Ўзбекистонда мажбурий обуна узоқ йиллар мобайнида одатий ҳол бўлиб келган. Бироқ сўнгги йилларда бу ҳолат ҳатто расмий идоралар доирасида ҳам “мақсадга мувофиқ эмас” кўриниш ўлароқ баҳоланмоқда.

Маҳаллабай ишлаш учун алоҳида агентлик тузилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда бош вазир қабулхоналари ва Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги негизида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда туман (шаҳар)ларда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича 2 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов қайдича, йиғилишда Ш. Мирзиёев ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан тўхталган.

Унга кўра, кейинги йилнинг 1 январидан барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятини бошлайди. Уларнинг ишини самарали ташкил этиш мақсадида бир йил давомида доимий фаолият юритадиган “Маҳаллабай ишлаш штаби” тузилиши, ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик, марказий идоралар ва банклардан 1-3 нафардан масъул ходим бириктирилиши кўзда тутилган. Бу ходимлар 1 йилга туманга хизмат сафарига юборилади ва иш жойи, ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Президент ўз сўзида ўзини яхши кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари мукофотланиши, йил натижалари бўйича “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишонига тавсия қилиниши, уларга ипотека асосида квартира олишда 50 фоизгача субсидия ажратилишини қўшимча қилган ҳамда "ушбу тизимни самарали йўлга қўйишга барча ҳудуд ва сектор раҳбарлари масъул” эканини урғулаган.

Ўзбек-афғон чегарасида чегарадан ноқонуний ўтмоқчи бўлган франциялик қўлга олинди

Ўзбек-афғон чегарасида қўлга олинган франциялик фуқаро (Сурхондарё вилоят ИИБ матбуот хизмати фотоси)

Сурхондарёда жорий йилнинг 26 ноябрь куни темир йўл изи билан яёв тарзда Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтишга уринган франциялик қўлга олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ИИБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Франция фуқароси бўлган T.M. назоратдан ўтказилган чоғда унинг ёнидан психотроп препарат ҳисобланмиш 26 дона Topalgic ва 50 мг Tramadol топилган. Вилоят ИИБ мазкур ҳапдорилар “далилий ашё сифатида холислар иштирокида олиб қўйилган”ини билдирган.

Сурхондарёлик ҳуқуқ-тартиботчилар мазкур ҳолат юзасидан вилоят Божхона бошқармаси ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилганлар.

ССВ: Pfizer вакцинаси билан эмланган болалар сони қарийб 440 минг нафарга етди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар орасида, 1 декабрь ҳолатига кўра, 439 минг 681 нафари Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, Ўзбекистонда оммавий эмлов бошланган апрель ойидан бери айни кунгача коронавирусга қарши жами 34 миллион 182 минг 226 доза вакцина қўлланилган.

ССВ қишнинг илк куни мамлакат бўйлаб 209 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталикни юқтириб олганларнинг умумий сони 193 минг 633 нафарга етганини маълум қилган.

Чоршанба куни мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинган беморлардан 277 нафари тузалган, соғайганларнинг умумий сони эса 190 минг 305 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 409 нафарга етганини қўшимча қилган.

Толибон Тошкентни афғон учувчилари миниб чиқиб кетган вертолётларни қайтаришга чақирди

Август ойида Афғонистонни тарк этган пилотларнинг айримлари Ўзбекистонга UH-60 Black Hawk вертолётларида учиб келишган

Толибон шакллантирган муваққат ҳукумат раҳбарининг ўринбосари мулла Абдул Ғани Бародар Ўзбекистонни аввалги ҳукумат қулаши ортидан афғон учувчилари мамлакатдан миниб чиқиб кетган учоқ ва вертолётларни қайтаришга чақирди. Бу ҳақда Аfghanistan.ru нашри хабар қилди.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бошчилигидаги ўзбек делегацияси 30 ноябрь куни Кобулда Толибон вакиллари билан учрашувлар ўтказгани ҳақида Озодлик кеча хабар қилган.

Аввалроқ афғон учувчилари мамлакатдаги учоқ ва вертолётларнинг 25 фоизини миниб, Ўзбекистон ва Тожикистонга учиб чиқиб кетгани ҳақида хабар қилинган.

Термиздаги лагерда сақланган афғонистонликлар орасида 15 нафар учувчи A-29 Super Tucano ҳужумчи учоғи, 11 нафар учувчи Sikorsky UH-60 Black Hawk вертолётларида, 12 нафар учувчи MD-530 вертолётларида ва бир қанча учувчи Ми-17 вертолётларида Афғонистонни тарк этгани айтилган.

Улар толиблар ҳокимиятни эгаллаб олишга бир неча соат қолганда Афғонистондан чиқиб кетишган. Ўшанда Мозори Шариф ва Кобул аэропортларидан 46 та учоқ учиб кетишга муваффақ бўлгани, улардан бири Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучлари учоғи билан тўқнашиб кетгани айтилган эди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонга келган афғонистонликларнинг ҳаммаси 12-13 сентябрь кунлари учинчи мамлакатларга чиқиб кетишган.

Сув омборлари ва йирик сув хўжалиги объектлари фойдаланишга берилмайди

Чорвоқ сув омбори (иллюстратив сурат)

Ўзбекистонда сув омборлари, сел-сув омборлари, йирик ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари фойдаланишга берилмайди.

Мазкур тартиб мамлакат президенти томонидан шу йил 30 ноябрида имзоланган “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунда кўзда тутилган.

Адлия вазирлиги қайдича, қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, сув истеъмолчилари уюшмалари ўз аъзоларининг йиллик бадаллари, шартнома асосида сув етказиб берганлик ва бошқа хизматлар учун тўловлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ҳужжатга “уюшмалар сувдан фойдаланиш қоидалари бузилганида, лимитдан кўп сув олинганида, тўловлар вақтида тўланмаганида истеъмолчиларга сув етказишни тўхтатишга ҳақли” эканига оид қўшимча ҳам киритилган.

Ўтган ой бошида Озодлик Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда сув танқислиги туфайли жорий йилда гидроэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 23 фоизга камайганини очиқлагани ҳақида хабар қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG