Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:53

Наманганда ўқитувчиларнинг учдан бири пахтага чиқариляпти


Наманганда ўқитувчилар пахта теримига жўнатиляпти 23 октябрь, 2017 йил.
Наманганда ўқитувчилар пахта теримига жўнатиляпти 23 октябрь, 2017 йил.

Наманган шаҳридаги барча мактаб ўқитувчиларининг учдан бир қисми уч ҳафтадан буён кунлик пахта теримига олиб чиқиляпти. Бундан ташқари ўқитувчиларнинг бир қисми ётоғи билан пахта теримига юборилган. Вилоят ҳокимидан бу йил пахтага чиқарилмаслик ваъдасини олган ўқитувчилар, ҳокимнинг ўз сўзида турмаганлигини айтмоқда. Халқ таълими мулозимлари эса ўқитувчилар пахта тераётганини инкор қиляпти.

Наманганда ўқитувчиларнинг учдан бири пахтага чиқариляпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00
Бевосита линк

Наманган шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бирида ишлайдиган ўқитувчи, уларнинг пахта теримига юборилаётган лаҳзаларини суратга олиб, Озодликка тақдим этди.

Наманганда ўқитувчилар пахта теримига жўнатиляпти, 23 октябрь 2017й.
Наманганда ўқитувчилар пахта теримига жўнатиляпти, 23 октябрь 2017й.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган шаҳар мактаби ўқитувчисининг Озодликка айтишича, ҳар бир мактаб ўқитувчиларининг камида учдан бир қисми пахта теримига юбориляпти:

“Агар бизнинг мактабда юздан ортиқ ўқитувчи бўлса, шунинг ўттиз нафардан кўпи ҳар куни пахта теримига юбориляпти. Ҳар куни эрталаб ўқитувчилар шаҳардаги “Flamingo” кафесининг олдига тўпаланади. Шу ердан автобусларда колонна қилиб олиб кетиляпти. Агар сизга булар ихтиёрий ҳашарчилар дейишса, асло ишонманг, булар мактабларнинг ўқитувчилари. Бизга агар кимдир сиздан сўраса, “уюшмаган ёшлармиз”, деб айтинглар деб тайинлашган. Мен ўзим пахта теримига кетаётган 33, 42, 48, 49, 52 мактабларнинг ўқитувчилари билан гаплашдим”, дейди ўқитувчи.

Наманганда ўқитувчилар пахта теримига жўнатиляпти, 23 октябрь 2017й.
Наманганда ўқитувчилар пахта теримига жўнатиляпти, 23 октябрь 2017й.

Исми сир қолишини сўраган бошқа ўқитувчининг айтишича, бир қисм ўқитувчилар ётоққа ҳам жўнатилган:

“Ётоққа бормаслик учун 15 кунга 300-450 минг сўм тўлаш керак. Агар кунликка чиқмайман десангиз, 10-25 минг сўм тўлаймиз. Пулни директорнинг ўзи олмайди, балки у қўйган махсус одам олади. Ойлигимиз фақат пахтага тўкиляпти. Бунинг устига, пахтага чиқмаганлар чиққанларнинг дарсларини ҳам ўтишлари керак. Масалан, менинг бир кунда 1-сменада олти соат дарсим бўлса, тушдан кейин яна бошқа ўқитувчининг ўрнига 6 соат дарс ўтиб беришим керак. Мутахассислигимга тўғри келмаса ҳам. Параллел дарслар эса қолиб кетяпти, ўқувчилар бўш ўтирибди”, дейди ўқитувчи.

Наманганда ўқитувчилар пахта теримига жўнатиляпти, 23 октябрь 2017й.
Наманганда ўқитувчилар пахта теримига жўнатиляпти, 23 октябрь 2017й.

​Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Соҳибжон Эргашев Озодлик билан суҳбатда, пахта теримига фақат мактабларнинг техник ходимлари чиқариляпти, деб айтди:

“Бирорта ҳам ўқитувчи пахта теримига жалб қилингани йўқ. Мен буни қатъий ишонч билан айтаман. Фақат техник ходимлар чиқариляпти”, деди Соҳибжон Эргашев.

Бошқа вилоятлар ҳокимлари каби, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Халқаро пресс клубнинг 11 август куни ўтказган жонли эфирида ўқитувчиларни дала ишларига жалб қилиш оқибатлари ёмон бўлиши ҳақида гапирган эди:

“Бу бор ҳақиқат, буни яшириб бўлмайди. Уларни нафақат ободонлаштириш ишларида, ҳатто қишлоқ ҳўжалиги ишларида ҳам ишлатиб келдик. Ўқитувчининг ўзининг ишини қилдирмадик, фермерга боғладик. Врачларимизга ўз ишини қилдирмадик, ҚВПда ўз ишлари қолиб, қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд бўлишди. Натижада нима бўлди, натижада бугун оналар ўлими ошди, гўдаклар ўлими ошди, лекин ҳеч ким ҚВПга ёрдам бергани йўқ.

Қачонки энди биз кўзимизни очиб кўрсакки, қанақадир оғир аҳволда. Шунинг учун қатъий чекланган ҳозир, ўқитувчиларимизни, умуман бюджет ходимларини жалб қилиш. Қайсидир шанбалик, қайсидир тадбир бўлсаки майли шунда умумий тартибда чақириладиган бўлса. Бизнинг энг забардаст соҳалар икки соҳа ҳам, энг ишонган соҳаларимиз. Буларни унақанги ишларга, мана ҳокимлар ҳам турибди, уларни бу ишларга жалб этиш тақиқланади, чиқармаймиз уларни бундай ишларга”, деган эди Хайрулло Бозоров.

Бундай ваъдани, яъни пахта теримига бюджет ташкилоти ишчи-ходимларини мажбурий жалб этмасликни Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона, Бухоро вилояти ҳокимлари ҳам берган эди.

Андижон вилояти ҳокими ҳатто “ўқитувчи ва шифокорларни пахтага чиқариш жиноят”, деган эди.

Аммо пахта терими бошланганидан сўнг, ҳокимлар бу ваъдаларини тезда унутганлари ва бюджет ташкилотлари ходимларини, тадбиркорларни, ўқитувчиюшифокорларни теримга мажбуран жалб этиш ҳолатлари оммавий кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG