Ўзбекистон хабарлари
Ўзбек ҳукумати “зарарсиз” деган қум бўронини NASA “мисли кўрилмаган” деб баҳолади

АҚШ Коинот агентлиги – NASA Тошкентда юз берган қум ва чанг бўронининг ўз сунъий йўлдошидан олинган фотосуратини 11 ноябрнинг Кун сурати деб эълон қилди.
NASA хабарида таъкидланишича “бу ғайритабиий чанг бўрони антициклон бўрони самарасидир ва унинг тезлиги соатига 55 мил (88,5 километр) ни ташкил қилган”.
NASA чанг бўронининг “бир қисми Қозоғистоннинг Туркистон вилояти шимоли-шарқидаги қуриган яйловлар ва ўтлоқлардан” келганини билдирди.
“Ўзгидромет”нинг расман билдирилишича, сўнгги 150 йилда Тошкентда бу каби чанг ва қум бўрони кузатилмаган. Бўрон оқибатида Тошкент шаҳрида ҳавонинг қаттиқ зарралар билан ифлосланиш даражаси бир куб метрга 18 минг микрограммни ташкил қилган. Бу эса белгиланган хавфсиз меъёрдан 30 баробарга кўпдир.
“Агар ўлчовларга ишонилса, демак, бу ҳақиқатан ҳам ҳавонинг қаттиқ зарралар билан ифлосланиш даражаси экстремал ва фавқулодда даражага етганини англатади”,- деб билдирди NASAга Техас университетининг атмосфера бўйича мутахассиси Томас Гилл.
АҚШ атроф-муҳитни ҳимоя қилиш агентлигининг билдиришича, АҚШда зарарли қаттиқ моддаларнинг шаҳарлар атмосферасидаги кунлик меъёри бир куб метрга 150 микрограммдан ошмаслиги шарт.
9 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар Академияси Биоорганик кимё институти олимлари чанг таркибини ўрганиб чиққани ва қум бўронидан сўнг Тошкентга чўккан чанг таркибида оғир металлар, тузлар, инсон саломатлиги учун хавфли пестицидлар мавжуд эмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.
4 ноябрь куни Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида бошланган кучли қўм бўрони Тошкент шаҳрига ҳам етиб келган эди.
Ўшанда мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлган Тошкентда маҳаллий вақт билан соат 21:00 ва 23:00 орасида чанг миқдори рухсат этилган меъёрдан 30 баробаргача кўтарилгани қайд этилди.
Шу куни пойтахт ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди.
Кун янгиликлари
Ўзбекистон ва Қирғизистон делегациялари чегара демаркациясига оид ҳужжатларни тасдиқлашди

Самарқандда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегацияларининг ўзбек-қирғиз чегараси демаркацияси бўйича музокаралари бўлиб ўтди, дея маълумот тарқатди Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, қўшма демаркацион комиссиянинг илк йиғилишида чегаранинг айрим участкаларидаги биргаликдаги дала тадқиқотлари натижалари муҳокама этилган.
Қирғизистон ҳукумати маълумотига кўра, учрашув якунида томонлар давлат чегараси демаркацияси бўйича норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатларни тасдиқлашган.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегара 1314 километрга узанган. 2022 йил ноябрида Тошкент ва Бишкек чегара бўйича 30 йилдан буён давом этиб келаётган баҳсларга нуқта қўйилганини билдиришган. Томонлар чегаранинг аниқланмаган 312 километри (15%) бўйича ўзаро муросавий битимга келишган.
Ўшанда ҳар икки мамлакат парламентлари Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг айрим участкалари делимитациясига оид шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омбори тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини маъқуллашган, шундан сўнг икки мамлакат президентлари мазкур қонунларни имзолашган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил январь ойида давлат ташрифи билан Бишкекка келганида у билан қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаров ўртасида Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашилган.
Икки давлат ўртасида чегара бўйича тузилган битимнинг Андижон сув омбори остидаги ерларни бошқа участкаларга алмаштириш йўли билан Ўзбекистонга берилиши Қирғизистондаги қатор жамоатчилик фаоллари норозилигига сабаб бўлган. Бу норозилик ортидан қўзғатилган жиноят иши доирасида мамлакатда 30 чоғли сиёсатчи ва фаол ҳибсга олинган.
Украинада ҳалок бўлган яна бир ўзбекистонликнинг жасади ватанига келтирилди

Украинадаги урушда Россия томонида жанг қилган 23 ёшли ўзбекистонлик Ш. Тожибоевнинг жасади ватанига келтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди. Айрим маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Тожибоев Наманган вилоятининг турғуни бўлган.
ДХХ тарқатган видеода Тожибоевнинг онаси ногирон бўлган ўғли оиласини боқиш учун Россияга иш излаб кетишга мажбур бўлгани тўғрисида гапириб берди. Онанинг айтишича, Тожибоев наркотик савдосида айбланиб қамоқда жазо муддатини ўтаётганида мажбурий равишда Украинадаги урушга олиб кетилган. Сўнгги марта она ўғли билан ўтган йилнинг 10 сентябрида телефон орқали гаплашган.
Онанинг видеода айтишича, у ўғлининг жасадини ўзи бориб олиб келган. Жасаднинг фақат белдан юқори қисми сақланиб қолган.
Ш. Тожибоев Украинадаги урушда ҳалок бўлган ягона ўзбекистонлик эмас. Февралда Озодлик Самарқанд вилояти Булунғур туманига Украинада ўлган икки нафар ўзбек йигитининг жасади олиб келингани тўғрисида хабар берган.
Март ойида ДХХ Қорақалпоғистоннинг Элликқаъла туманида туғилган Ўзбекистон фуқароси Россиядаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётганида Украина урушига жалб қилингани ва унинг ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган.
Майнинг бошларида Британия Мудофаа вазирлиги Россия ҳукумати марказий осиёлик меҳнат мигрантларини Украина урушига ёллаётгани тўғрисидаги маълумотларни эълон қилган эди. Олдинроқ эса «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати қамоқхоналарда ётган маҳкумларни ҳам урушга ёллаётгани тўғрисида хабарлар берилган.
Самарқандда ватандошларини Мексика орқали АҚШга жўнатмоқчи бўлган шахс ушланди

Самарқандда ватандошларини 30 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга жўнатишга ваъда берган шахс қўлга олингани ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси 28 май куни маълум қилди.
Расман билдирилишича, Самарқанд ИИБга 22 ёшли шахс мурожаат қилган. У Самарқанд шаҳринг Али Қушчи кўчасида яшовчи шахс ватандошларини АҚШга Мексика орқали ноқонуний равишда жўнатиш билан шуғулланиб келаётганини билдирган.
Маълум қилинишича, мазкур шахс аввал ўз мижозларини Европа орқали Мексикага жўнатиб, кейин АҚШга ўтказиб қўйиш учун ҳар бир кишидан 30 минг доллардан талаб қилган. У бу пулнинг 10 минг долларини олдиндан бериш лозимлигини шарт қилиб қўйган.
Вилоят ИИБ Жиноят-қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ўтказган тезкор тадбирда бу шахс қўлга олинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) асосида жиноят иши очилган.
19 май куни Озодлик радиоси “ "Америка орзуси"да. Марказий осиёлик мигрантлар Мексика чегарасига оқиб келмоқда” сарлавҳали мақолани эълон қилган эди. Унда Марказий Осиёнинг барча давлатларидан АҚШга ноқонуний ўтиш учун Мексикага юзлаб мигрантлар келаётгани ҳақида гап боради.
АҚШда май ойида кучга кирган янги қоидаларга кўра, муҳожирлар мамлакатга киришга уринишдан олдин бошпана сўраб онлайн ариза топширмаган бўлсалар ёки АҚШга етиб боришдан олдин бошқа мамлакатлардан бошпана сўрамаган бўлсалар, чегарадан қайтарилишлари мумкин.
АҚШга ноқонуний ўтганлар депортация қилинади ва мамлакатдан беш йилга бадарға этилади.
Теҳрон – Пекин йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолёт Тошкент аэропортига фавқулодда қўнди

Mahan Air ширкатининг Теҳрон — Пекин йўналиши бўйича учаётган IRM079 рейси 28 май куни маҳаллий вақт билан соат 23:20 да Тошкент аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. Бу ҳақда 29 май куни Uzbekistan Airports матбуот хизмати маълум қилди.
Самолётнинг фавқулодда қўнишига йўловчилардан бирининг юрак хуружига учрагани сабаб бўлган. Йўловчининг аҳволи оғирлашгани ортидан экипаж муқобил аэродромга қўнишга қарор қилган.
Самолёт Тошкент аэропортга қўнганидан сўнг юрак ҳуружига учраган йўловчи “Тез ёрдам”да касалхонага олиб кетилди. Тахминан соат 00:40 да самолёт Тошкентдан Пекинга учиб кетди.
Диний қўмита Ўзбекистонда Ҳаж мавсуми 4 июндан бошланишини билдирди

Ўзбекистонда Ҳаж мавсуми 4 июндан бошланади. 4 июндан 19 июнгача Саудия Арабистонига ҳар куни 4 та авиақатнов амалга оширилади. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита маълум қилди.
Билдирувда таъкидланишича, Саудиянинг Мадина шаҳрига парвозлар Ўзбекистоннинг 10 шаҳри - Тошкент, Бухоро, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус ва Навоийдан амалга оширилади.
“Ҳаж-2023 мавсумига тайёргарлик ишларини амалга ошириш мақсадида дастлабки ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига жўнаб кетган ва айни пайтда улар томонидан барча ташкилий ва амалий саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда”,-дейилади расмий билдирувда.
Ўзбекистонлик зиёратчиларни Мадина шаҳридаги Zam-zam Pullman, Макка шаҳридаги Roshidiya, Abraj al-Dana, Laba Darna, Ruba al-Hijaz меҳмонхоналарига жойлаштириш режалаштирилмоқда.
Сафар олдидан зиёратчилар билан уламолар ва элликбошилар ўқув машғулотлари ўтказади. машғулотларда Ҳаж амалининг фазилати, рукнлари, сафарга тайёргарлик кўришда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақидаги масалалар баён этилади. Шунингдек, ҳаж ибодатининг одоблари ва тартиб-қоидалари ҳам тушунтирилади.
1 май куни Дин ишлари бўйича қўмита Ҳаж тадбирини ташкил этиш турагентликлар ваколатига кирмасли ва улар орқали Саудияга борганларга жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Ҳукуматнинг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли қарорига асосан Ҳаж ва Умра ибодатларини уюштириш бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиммасига юкланган.
Қўмитанинг билдиришича, Ҳажга "ноқонуний йўллар билан борганлар" Саудия Арабистонидан депорт қилинади ва уларга Саудияга кириш 10 йилга тақиқланади. Бундан ташқари 100.000 саудия риёли (26.000 АҚШ доллари) миқдорида жарима солинади.
Яккабоғда блогер Элмурод Одилов 15 суткага қамалди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида блогер Элмурод Одилов 27 май куни Маъмурий жавобгарлик кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) ва 198-моддаси (ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) 1-қисми билан 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Олий суд маълум қилди.
Вилоят Ички ишлар бошқармасининг иддао қилишича, Элмурод Одилов 26 май куни тахминан соат 22:30 атрофида Яккабоғ тумани “Ибн Сино” маҳалласидаги пилла омборхонасига келиб, “фермерлар ишига аралашган ва уларни ҳақорат қилган”. Фермерлар блогер устидан Яккабоғ туман ички ишлар бўлимига арз қилган.
“Daryo” нашри эса 27 майда Одилов пилла пунктида Ички ишлар ходимлари томонидан “аёвсиз калтаклангани” тўғрисида ёзган эди.
Нашр манбаларининг билдиришича, блогер Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Фозил Хидиров пилла омборхонасида ўтказаётган йиғилишни ёритишга уринган.
Мазкур йиғилишда Хидиров ёшлар етакчиларига бир ойлик ҳарбий хизматга шартнома пулини тўлаган ҳолда бир кишини жалб қилишга буйруқ берган. Бу ишни амалга оширмаганлар ишдан бўшатилишини айтган.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов эса Элмурод Одиловнинг қамалишини шарҳлар экан: “Бировнинг пулини олиб, жамоатчилик назоратини суиистеъмол қилган ва жанжал эвазига мавҳум манфаатларга эришмоқчи бўлган блогер суд қарори билан шу тарзда жазоланган”, деб муносабат билдирди.
Uzbekistan Airways уч йиллик танаффус ортидан Урумчига рейслар тикланаётганини очиқлади

Uzbekistan Airways авиаширкати жорий йилнинг 30 июнидан Тошкент билан Урумчи шаҳри ўртасидаги мунтазам ҳаво қатновини тиклайди. Бу ҳақда авиаширкат матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, Тошкент — Урумчи — Тошкент қатнови ҳафтанинг жума ва шанба кунлари амалга оширилади.
Хабарномада чипта нархи Тошкент — Урумчи йўналиши бўйича 2 миллион 738 минг сўмдан, Тошкент — Урумчи — Тошкент йўналиши бўйича эса 4 миллион 867 минг сўмдан бошланиши билдирилган.
Шинжондаги Урумчи шаҳрига Ўзбекистондан парвозлар коронавирус пандемияси туфайли 2020 йил март ойидан тўхтатилган эди.
Фарғонада номаълум шахслар қонунга хилоф равишда 12 туп дарахтни қўпориб ташлашди

Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани “Андархон” чегара маскани яқинида номаълум шахслар томонидан 12 туп дарахтни илдизи билан қўпориб ташланган.
Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш чоғида 3 туп тол ва 9 туп арча дарахти қўпорилгани, натижада ўсимлик дунёсига қарийб 100 миллион сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланган.
“Ҳозирда ҳуқуқбузарлар шахсига ойдинлик киритиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига тақдим этилди”, дейилган бошқарма хабарномасида чегара маскани яқинидаги дарахтларга махсус техника ёрдамида қирон келтирган бу ҳуқуқбузарларнинг шахси аниқланган-аниқланмагани айтилган эмас.
Ўзбекистон президенти томонидан 2021 йил 31 декабрь куни имзоланган фармонга мувофиқ, мамлакатда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган. Дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш ҳам тақиқланган.
Расман: АҚШнинг Air Products ширкати Ғузордаги заводга 1 миллиард доллар сармоя киритади

АҚШнинг Air Products ширкати Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги табиий газни қайта ишлаш заводини ривожлантириш учун 1 миллиард доллар сармоя киритади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Расман билдиришича, “Ўзбекнефтгаз” ва Air Products ўртасидаги инвестиция шартномаси 25 май куни Тошкентда имзоланган. Ғузордаги завод 2021 йилда очилганини ва Uzbekistan GTL таркибига киради.
Вазирлик расмий сайтидаги хабарда таъкидланишича, Air Products президенти ва бош директори Сейфи Гасем шартномани имзолаш маросимида: "Бу келишув юқори сифатли арзон ёқилғи ишлаб чиқариш ва ўсиб бораётган ижтимоий эҳтиёжларни қондириш имконини беради. Биз ушбу узоқ муддатли ва барқарор шерикликни ривожланишини кутмоқдамиз, шунингдек, Ўзбекистон билан ҳамкорлик имкониятларидан мамнунмиз”, -деб айтган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 21 октябрда жиззахликлар билан учрашувда Ғузорда 3,6 миллиард долларга табиий газни суюқ ёнилғига айлантирадиган завод қуриб битказилгани, бироқ уни ишга туширишга шошилмаётгани тўғрисида баёнот берган эди.
Озодлик радиоси ўшанда президент “дунёдаги бешта заводдан бири” деб атаган бу корхона газ йўқлиги туфайли ишга туширилмагани тўғрисида ёзган эди. Бу завод 2021 йилнинг 25 декабридагина тишга туширилди.
Мазкур заводда 2022 йилнинг 18 июнь куни чиққан ёнғинда корхонанинг икки нафар ходими оғир куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилганди.
Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова вафот этди

“Ўзбек рақс санъатида ўз мактабини яратган Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова 77 ёшида вафот этди”, деб билдирди Маданият ва туризм вазирлиги 26 майга ўтар кечаси.
1946 йил 25 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган Қизлархон Дўстмуҳаммедова 1965 йилда Тошкент давлат университетини, 1977 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган.
Вазирликнинг таъзияномасида билдирилишича, у меҳнат фаолиятини 1965 йилда Ўзбек давлат филармониясида балет солисти сифатида бошлаган. У раққоса сифатида 1989 йилгача фаолият олиб борган.
1989−1991 йилларда “Ўзбекистон” театр-студияси солисти, 1991−1995 йилларда Тошкент давлат маданият институтида ўқитувчи, 1999−2005 йилларда халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси қошидаги миллий мумтоз рақс дастасининг бош бадиий раҳбари сифатида ишлаган.
Қизлархон Дўстмуҳамедова “Гўзал”, “Тонг маликаси”, “Гўзал тонг”, “Интизор”, “Бухоро юлдузи”, “Севги таронаси”, “Нозли”, “Муножот”, “Танавор”, “Мўғулчаи сегоҳ”, “Қоракўзим”, “Гулузорим”, “Савти мискин” каби мумтоз рақслари билан халқ орасида машҳур бўлган эди.
1985 йилда Қизлархон Дўстмуҳаммедова ижодига бағишланган “Нафосат гулдастаси” фильми суратга олинган.
Шавкат Мирзиёев Олий Евросиё иқтисодий кенгашида видеоалоқа орқали иштирок этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 май куни Олий Евросиё иқтисодий кенгашида видеоалоқа орқали иштирок этди, деб хабар берди президент матбуот хизмати. Ўзбекистон бу ташкилотда 2020 йилдан бери кузатувчи мақомида иштирок этмоқда.
Россия президенти Владимир Путин раислигида ўтган йиғилишда ташкилотга аъзо Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон президентлари, Арманистон бош вазири ва кузатувчи мақомига эга Куба президенти ҳам қатнашди.
Йиғилишга ташкилотга аъзо бўлмаган Озарбайжон ва Тожикистон раҳбарлари ҳам таклиф қилинди.
Президент Мирзиёев ўз нутқида 2022 йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 23 фоизга кўпайганини таъкидлади.
Сўзида давом этар экан, Мирзиёев: “Глобал хавф-хатарлар, транспорт-логистика занжирларида жиддий узилишлар, озиқ-овқат тақчиллиги ва энергетик хавфсизлик таҳдидлари ва бошқа муаммолар кучайиб бораётгани мамлакатларимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг биринчи галдаги вазифаларини ҳал этиш учун яқин ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришни тақозо қилмоқда”, – деб таъкидлаган.
Мирзиёев фикрича, ЕОИИ давлатлари ўртасида савдо айланмаси ҳажмини тубдан ошириш учун савдо тартибларини соддалаштириш, техник тўсиқларни бартараф этиш ва сертификатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим қабул қилиниши лозим.
Мирзиёев Ўзбекистон кооперация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича кўп томонлама дастурларда ва ЕОИИ Ишбилармонлар кенгаши фаолиятида иштирок этишдан манфаатдор экани билдирилди.
Шунингдек, Мирзиёев ЕОИИга аъзо давлатларни “Ўзбекистон – Афғонистон - Покистон” темир йўли қурилиши лойиҳасига қўшилишга таклиф этди.
Хоразмда онасини дўппослаб ўлдирган шахс 8 йилга қамалди

Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида онасини дўппослаб ўлдирган шахс 8 йилга қамалгани тўғрисида 25 май куни Ички ишлар вазирлигирасмий сайтида маълум қилинди.
Хабарда айтилишича, Тупроққальа туманида яшовчи Ғ. Латип спиртли ичимликлар ичишга муккасидан кетган. Онаси унинг бу ишидан норози бўлиб келган. У яна маст бўлиб уйига келганида онаси унга ҳар доимгидай норозилигини билдирган. Бундан ғазабланган Латип онасини ҳақоратлайди.
Шундан сўнг у онасини аёвсиз калтаклай бошлайди. Онаси ундан қочмоқчи бўлади. Аммо Латип уни ушлаб олиб, тепкилайди. Онаси хушидан кетиб йиқилгач, Латип ўз ётоқхонасига кириб кетади.
Эрталаб Латипнинг тоғаси опасидан хабар олгани келади ва унинг қонга беланиб ётганини кўради. Тез орада етиб келган “Тез ёрдам” она уч-тўрт соат аввал вафот этганини аниқлайди.
“Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди Латипнинг мастлик ҳолатида одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятни содир қилганлигини оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолаб, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, жабрланувчининг қонуний вакили томонидан даъво йўқлигини ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, уни 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди”, - дейилади хабарда.
Тошкентда яна “Тавҳид ва жиҳод катибаси” аъзолари ушлангани хабар қилинди

Тошкент ИИББнинг 25 май куни хабар беришича, 20 май куни пойтахтда “Тавҳид ва жиҳод катибаси” гуруҳининг 8 нафар аъзоси қўлга олинди.
Расман билдирилишича, улар Суриядаги “террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишини режалаштирган”. Бундан ташқари ушланганлар “террорчилик ташкилоти етакчилари билан интернет тармоғи ва турли ижтимоий мессенжерлар орқали алоқа ўрнатиб, уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва ташкилот сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келганлар”.
Тошкентда сўнгги йилларда “Тавҳид ва жиҳод катибаси”нинг кўплаб аъзолари қўлга олингани тўғрисидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг январида Тошкент ИИББ пойтахтда “Тавҳид ва жиҳод катибаси”нинг бирданига ўттиз аъзоси қўлга олинганини иддао қилган.
Шу билан бир қаторда Ҳюман Райтс Вотч (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 24 май куни эълон қилган ҳисоботида диний эркинликлар бўйича ваъдаларга қарамай, Ўзбекистон расмийлари диндорлар ҳуқуқини чеклашда давом этаётганини таъкидлаган.
HRW вакиллари Ўзбекистонда мусулмонлар экстремизмга оид гумонлар билан таъқиб этилаётгани баробарида собиқ диний маҳкумлар устидан маъмурий назорат ўрнатилгани, соқол, диний либос ва шу кабилар бўйича чекловлар давом этаётгани ҳамда экстремизмда гумонланиб қўлга олинган диндорларга нисбатан ғайриинсоний муносабат ва қийноқ қўлланилаётганига оид иддаоларни тилга олишган.
HRW ўзбек расмийлари диний эркинликларга оид ваъдаларини бажармаётганини урғулади

Диний эркинликлар бўйича ваъдаларга қарамай, Ўзбекистон расмийлари диндорлар ҳуқуқини чеклашда давом этмоқда. Бу ҳақда Ҳюман Райтс Вотч (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 24 май куни ёйинланган ҳисоботида айтилган.
Ҳисоботда қайд этилишича, мамлакатда диний жамоатларни рўйхатга олишда тўсиқлар яратилган, расмийлар эса мусулмонлар дохил диний фаолларни экстремизм гумони билан таъқиб қилишяпти.
“Президент Шавкат Мирзиёев дастлабки босқичда Ўзбекистонда кўпроқ диний эркинлик беришга қаратилган ислоҳотлар ташаббускори ўлароқ олқишланганди, бироқ бугунги кунда биз жиддий қонунбузарликларнинг жазосиз қолаётгани унинг обрўсига путур етказаётганини кузатяпмиз”, деган HRWнинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Риттман.
Ҳуқуқ фаоли ўзбек расмийлари аввалда бўлгани каби диний тушунчаларнинг қонунга мувофиқ равишда ифода этилишини “экстремизм кўриниши” деб ҳисоблаётгани, тинч диний жамоатлар ва алоҳида шахслар эса бунинг бадалини тўлаётганини таъкидлаган.
Ҳисобот муаллифлари мусулмонларни ёппасига ҳибсга олиш сингари Ислом Каримов президентлиги пайтида одатий бўлган амалиётга Шавкат Мирзиёев даврида чек қўйилгани, тинч диний фаолияти ёки тушунчалари учун судланган юзлаб диндор озод қилинганини эътироф этишган, бироқ кейинги пайтларда расмийларнинг диний эркинлик ваъдаларидан чекинаётгани, диний жамоатлар ва одамларнинг фаолиятини хавф ўлароқ кўриб, ҳаддан зиёд чекловлар жорий этаётганларига эътибор қаратишган.
Бунга далил ўлароқ ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда диний арбоблар ва оддий диндорларга бўлаётган босимлар бўйича қатор фактларни келтиришган. Ижтимоий тармоқлар орқали диний қўшиқ (нашид) йўллагани учун бир неча кишининг озодликдан маҳрум қилингани шулар жумласидандир.
Ҳисоботда диний фаоллар билан ўтказилган суҳбатларга таянган ҳолда мамлакатда “дин давлатдан ажратилган”ига қарамай, ҳукумат амалдорлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита воситасида диний фаолиятни назорат қилаётгани урғуланган.
HRW вакиллари Ўзбекистонда мусулмонлар экстремизмга оид гумонлар билан таъқиб этилаётгани баробарида собиқ диний маҳкумлар устидан маъмурий назорат ўрнатилгани, соқол, диний либос ва шу кабилар бўйича чекловлар давом этаётгани ҳамда экстремизмда гумонланиб қўлга олинган диндорларга нисбатан ғайриинсоний муносабат ва қийноқ қўлланилаётганига оид иддаоларни тилга олишган.
Ҳисобот Ҳюман Райтс Вотч вакиллари томонидан 2021 йил ноябридан 2022 йил августигача масофадан туриб олиб борилган суҳбатлар ҳамда жорий йилнинг март ойида Тошкент ва Фарғона вилоятларида 20 дан зиёд ҳуқуқ фаоли, блогер, адвокат ва жабрланувчилар билан ўтказилган интервьюларга асосланган.
HRW ўз ҳисоботида халқаро ҳамкорлар БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси бўлган Ўзбекистонни диний эркинликларга риоя қилишга чақириши кераклигини қайд этган.
Тошкентга Uzbekistan Airways рейси билан келган Сингапур президенти Самарқандга Afrosiyob поездида борди

Ўзбекистонга уч кунлик давлат ташрифи билан келган Сингапур президенти Ҳалима Яқуб 25 май куни Afrosiyob тезюрар поездида Самарқандга келди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамроҳлик қилмоқда.
23 май куни Тошкентга келган Ҳалима Яқуб 24 май куни президент Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказган ва икки давлат бизнес-форуми очилишида иштирок этган.
Сингапур президенти Тошкентга келишдан олдин Астанага борган эди. У Астанадан Тошкентга Uzbekistan Airways ширкатининг мунтазам рейси билан учиб келган. Бу воқеа ижтимоий тармоқларнинг ўзбек контентида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган.