Линклар

Шошилинч хабар
12 август 2022, Тошкент вақти: 11:08

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистондан экспорт қилинаётган енгил автомобиллар асосан қўшни Қозоғистонга кетмоқда

UzAuto Motors ширкати жорий йилнинг ўтган уч чораги ичида хорижга қиймати 242,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 25 минг 171 дона автомобиль экспорт қилган. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу ўтган йилнинг шу давригача экспорт қилинган автомобиллардан 14 минг 36 донага ёки 2,2 бараварга кўпдир.

Давстатқўм қайдича, мамлакатдан экспорт қилинган енгил автомобилларнинг 24 минг 137 таси (қарийб 96 фоиз) Қозоғистонга кетган.

Қозоғистондан кейин ўзбек автомобилларига энг кўп Украинага (448 та) йўлланган. Аввалги йилларда Асака заводида ишлаб чиқарилган машиналарнинг асосий харидори ҳисобланган Россия эса йил бошидан бери Ўзбекистондан 320 дона автомобиль импорт қилган, холос. Ваҳоланки, бу вақт оралиғида Ўзбекистонга Россиядан 3 минг 386 та автомобиль олиб кирилган.

Ўзбек автомобиллари харидорлари орасида Афғонистон (128 та), Тожикистон (64 та), Озарбайжон (37 та) ва Қирғизистон (30 та) каби мамлакатлар ҳам бор.

Кун янгиликлари

ЕХҲТ референдумни кузатиш учун Ўзбекистонга чекланган миссиясини юбормоқчи

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумни кузатиш учун Ўзбекистонга чекланган миссияни юбориши керак. Бу каби тавсия шу йилнинг 19−21 июль кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиясининг куни кеча эълон қилинган ҳисоботида акс этган.

ЕХҲТ ДИИҲБ вакиллари экспертларнинг асосий гуруҳига қўшимча равишда референдум жараёнини кузатиш учун ташкилотга аъзо мамлакатлардан 14 нафар узоқ муддатли кузатувчи юборишни тавсия қилишган.

Миссиянинг чекланган миқдордаги овоз бериш участкаларига бориши айтилган. Ҳисоботда овоз бериш жараёнини тизимли тарзда кузатиш кўзда тутилмагани урғуланган. Шунингдек, миссия, анъанага мувофиқ равишда, референдум боришини оммавий ахборот воситаларида ёритишини ҳам мониторинг қилади.

Ўзбекистонда Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум қайси санада ўтказилиши ҳозирча маълум эмас. Унда ўзбекистонликлар мамлакат Конституциясининг 128 моддасидан 64 тасига киритилган 200 чоғли ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда Қомусга қўшилаётган 6 та янги модда бўйича овоз беришлари лозим бўлади. Улар орасида президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш каби ўзгартишлар ҳам бор.

Агентлик: Ўзбекистонда хорижий криптобиржалар фаолияти чекланишига уларнинг лицензияси йўқлиги сабаб бўлган

Ўзбекистонда хорижий криптобиржалар блокланишига мазкур электрон платформаларнинг тегишли лицензияларга эга бўлмагани сабаб бўлган. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Агентлик мазкур фаолиятга ҳуқуқий асос ўлароқ мамлакат президентининг 2018 йил 3 июлидаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори келтирилган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, крипто-биржалар, майнинг-пул, крипто-депозитарийлар ва крипто-дўконлар фаолияти лицензияланадиган хизматлар провайдерлари қаторига киритилган.

Қарорда 2023 йил 1 январидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширишлари мумкинлиги айтилган.

Агентлик қайдича, бугунги кунда ўзбекистонликларга крипто-активлар билан савдоларни амалга ошириш ва (ёки) айирбошлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, мамлакат ҳудудида хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлмаган турли электрон платформалар фаоллиги ошиб бораётгани аниқланган, мазкур платформалар крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш билан боғлиқ хизматларни таклиф этиб, Ўзбекистон ҳудудида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда серверларини ўрнатилишини кўзда тутмаган ҳолда фуқароларнинг шахсий маълумотларини сўраб олмоқда.

“Шу билан бирга, улар крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш учун ҳеч қандай юридик жавобгарликни ўз зиммаларига олмайдилар, транзакцияларнинг қонунийлигини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотларини тўғри сақланиши ва махфийлигини кафолатлай олмайдилар. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ хизматлар провайдерлари лицензиясига эга бўлмаган электрон платформалар (крипто-биржалар ва электрон айирбошлаш майдончалари)дан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланди”, дейилган агентлик хабарномасида.

Толибага тегажоғликда гумонланган декан ўринбосарининг иши апелляция судида кўрилади

Муштарийбону Комилова декан ўринбосарининг шилқимлиги ҳақида “Тошкент ёшлар форуми-2021” да сўзлаб берган эди

Тошкент шаҳар судида 11 август куни Педагогика университети толибаси Муштарийбону Комилованинг ўзига тегажоғлик қилганликда гумонланган декан ўринбосари Боғабек Йўлдошевга қарши апелляция тартибида берган аризаси кўриб чиқилиши кутилмоқда. Бу ҳақда маълумот тарқатган Nemolchi.Uz лойиҳаси қайдича, маҳкама мажлиси маҳаллий вақт билан соат 14.30 га белгиланган.

Даъвогар иддаосига кўра, у 2021 йилнинг 18 октябрь куни Зулфия номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Б. Йўлдошев хонасига кирган. Хонадан ҳамма чиқиб кетгач, декан ўринбосари эшикни қулфлаб, унга тегажоғлик қилган. Қизни диванга ётқизмоқчи бўлганда, у қаршилик кўрсатган ва дераза олдига бориб қолган. Ниятига етолмаган Б. Йўлдошев уни деразадан итариб юборган, пировардида қиз оғир тан жароҳати олган.

Ҳодиса ортидан декан ўринбосарига қарши ЖКнинг икки моддаси (“Зўрлаш” ва “Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шу йил 7 июнида Яккасарой туман судида бўлиб ўтган маҳкамада Б. Йўлдошев “зўрлаш” моддаси бўйича оқланган, бироқ “Қасддан баданга оғир шикаст етказиш” моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Суд ҳукмидан қониқмаган жабрланувчи ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят аризаси киритган.

Чемпион бўлиб қайтган ўзбекистонлик шахматчилар Тошкент аэропортида кутиб олинди

Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолибликни қўлга киритган ўзбекистонлик шахматчилар 11 августга ўтар кечаси Тошкентга қайтди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, чемпионлар ўтирган учоқ оат 2:45 да Тошкент халқаро аэропортига қўнган. Уларни мамлакат бош вазири Абдулла Арипов етакчилигидаги расмийлар ҳамда бошқалар кутиб олишган.

Олимпиада ғолибларига президент табриги ўқиб эшиттирилганидан сўнг беш чемпионга Chevrolet Equinox автомобили совға қилинган.

Шунингдек, уларнинг ҳар бирига 600 миллион сўмдан, мураббийларига эса 300 миллион сўмдан пул мукофоти берилиши эълон қилинган.

“Миллий тикланиш” лидери Z-севар ўзбекистонликларни фуқароликдан маҳрум этишга чақирди

“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров бошқа давлат фойдасига урушда қатнашган ўзбекистонликларга қарши кескинроқ чора кўриш чақириғи билан чиқди.

Мамлакат Жиноят кодексида бошқа давлатнинг ҳарбий ёки хавфсизлик хизматларига ёлланган ўзбекистонликка нисбатан 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси берилишини эслатган Қодировга кўра, бу таъсирсиз чорадир.

“Бундай шахсларни ёлланиш расмийлаштирилган кунидан эътиборан фуқаролигини бекор қилиш ва Ўзбекистонга киришини умрбод таъқиқлаш керак”, деб ёзган “Миллий тикланиш” лидери бу борада қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритиш масаласида маслаҳатлашувлар бошланганини қўшимча қилган.

Аввалроқ “Пермь ўлкаси ўзбекларининг Марказий Осиё жамияти” раҳбари Жаҳонгир Жалолов ўлкада яшаётган ўзбеклар “Амир Темур” номидаги батальон ташкил қилиб, Украинага қарши жанг қилмоқчи эканига оид баёнот берган. Мазкур баёнот ўзбек расмийлари танқидига учраган, хусусан, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальон тузиш ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноят эканидан огоҳлантиришган эди.

Олий судга Бахтиёр Исломов раис бўлади, аввалги раис Конституциявий суд судьялигига ўтказилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз тақдимномаси билан Бахтиёр Исломов номзодини Олий суд раиси лавозимига кўриб чиқиш учун Сенатга киритган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Олий судга раис бўлиши кутилаётган Б. Исломов шу кунгача президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Айни пайтда Олий суднинг собиқ раиси Козимжон Комилов номзоди президент тақдимномаси билан Конституциявий суд судьяси вакант лавозимига таклиф этилган.

Ўзини ёққан ФНҚИЗ ходимаси вафот этди

Ўзини 2 август куни ёқиб юборган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи(ФНҚИЗ)нинг ишчиси, 47 яшар Санобархон Ҳайдарова 10 август куни эрталаб шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон маҳаллий матбуоти хабар берди.

Аёл шу тариқа ўзининг ишдан бўшатилганига норозилик билдирмоқчи бўлган. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказаётганини билдирган.

Озодлик радиоси 4 август куни бу ҳақда мақола берган эди. Ўшанда ФНҚИЗ расмийлари Санобархон Ҳайдарованинг ишдан бўшатилмагани, рухсатномасини унутиб қолдиргани оқибатида уни ишхонага киргизилмагани ва аёлнинг оилавий можаролар туфайли стресс ҳолатига келиб ўзига ўт қўйганини иддао қилганди.

Аммо Озодлик суҳбатлашган Ҳайдарованинг яқинлари корхона қоровуллари уни иш жойидан мажбурлаб ташқарига олиб чиқиб қўйгани, аёл ўзимга ўт қўяман деса ҳам бефарқ бўлганини айтган.
Яқинларининг айтишича, 47 яшар Санобархон Ҳайдарова Қува туманининг Акбаробод туманидан қатнаб ишлаган. Тўрт қизи бор, уч нафарини узатган. Кенжа қизи 9 синфга ўтган.

Қариндошининг сўзларига кўра, икки ой олдин эри ҳам йиқилиб, ногирон бўлиб қолган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ишчилари штатлар қисқартирилиши, маошларни озлигидан доим шикоят қилиб келганлар. Ўтган йиллар давомида заводда бир қанча норозилик намойишлари ҳам бўлиб ўтган.

Ўзбекистон элчихонаси муҳожирларни ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш жиноят эканидан огоҳлантирди

Украинадаги урушга қарши плакатлар.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ўзбекистонликларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальон тузиш ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноят эканидан огоҳлантирди.

Элчихона сайтида эълон қилинган махсус пресс-релизда қайд этилишича, Ўзбекистон Жиноят кодекси 154-моддасига асосан ўзга давлат ҳудудларидаги кўнгилли батальонларда ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш “ёлланиш” сифатида малакаланади.

“Ёлланган”ларга нисбатан Жиноят кодексида ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади.

“Элчихона юртдошларимизни провокацияларга берилмасликка, эҳтиёткорлик билан иш кўришга чақиради”, дейилган хабарда.

Аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам Россиядаги ўзбекистонликларни турли кўнгилли батальонларда иштирок этмасликка чақирган эди.

Элчихона ва агентликнинг бундай баёнотлар билан чиқишига Пермдаги ўзбеклар “Амир Темур” номидаги батальон ташкил қилиб, Украинага қарши урушмоқчи экани тўғрисида Vetta телеканали эълон қилган видео сабаб бўлди.

Видеода “Пермь ўлкаси ўзбекларининг Марказий Осиё жамияти” етакчиси Жаҳонгир Жалолов шундай таклифни илгари сургани, залда ўтирган бир неча ўн киши эса унинг сўзларини қарсақлар билан кутиб олгани акс этган.

“Фарзандларимиз болалар боғчаларига боришяпти, мактаб ва университетларда таълим олишмоқда. Биз Россияда яшаяпмиз, ишлаяпмиз. Еган нонимизни оқлашимиз керак, оқлашимиз шарт. Шу боис кўнгиллилардан батальон тузишни ва унга буюк Амир Темур номини беришни таклиф қиламан”,-деган Жаҳонгир Жалолов.

Аsalhoney’ни ўлдирган шахс 16,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Ўзбекистонда энг машҳур эротик блогер ҳисобланмиш Asalhoney 2021 йил октябрида бўлиб ўтган сўнгги президент сайловидаги фаол иштироки билан кўпчиликнинг ёдида қолган

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида жорий йилнинг 9 август куни 25 ёшли судланувчи К. Ш.нинг иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми эълон қилинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судларининг расмий Telegram-канали орқали маълумот тарқатилди.

Суд ҳукмига кўра, К. Ш. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “и” банди ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган асосий жазоларни қисман қўшиш йўли билан 16,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, жиноят иши бўйича “Ипак Йўли” ОАИТБ Чилонзор филиалида сақланаётган 10 миллион 269 минг сўм жабрланувчининг қонуний вакилига қайтарилиши ва судланувчидан қонуний вакил фойдасига 20 миллион 849 минг 899 сўм қопланмаган зарар ундирилиши белгиланган.

Asalhoney номи билан танилган блогер Асал Хўжаева шу йил 18 мартида Тошкентдаги уйида ўлик ҳолда топилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Кейинроқ уни ўлдирганликда гумонланиб хоразмлик К. Ш. қўлга олинган эди.

Ўзбекистонлик шахматчилар илк бор Жаҳон шахмат олимпиадасида мутлақ ғолиб бўлишди

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистонда ўтаётган Жаҳон шахмат олимпиадасида чемпионликни қўлга киритишди.

9 август куни ўтказилган ҳал қилувчи баҳсда ўзбек шахматчилари Ҳолландия жамоаси устидан 2,5:1,5 ҳисобида ғолиб келишган. Шу тариқа Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавҳир Синдаров, Жаҳонгир Воҳидов ҳамда Шамсиддин Воҳидов мусобақа ғолибига айланишган.

Ўзбек шахматчилари шахмат олимпиадасида сўнгги бор 1992 йилда совринли ўринга эга бўлишганди. Филиппиннинг Манила шаҳрида ўтказилган ўша мусобақада улар кумуш медални қўлга киритишган эди.

Иссиқкўлда Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси бўйича музокаралар ўтмоқда

Чўлпонота шаҳрида 9 август куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларининг чегараларни аниқлаш бўйича ишчи гуруҳлари музокараси бошланди.

Қирғизистон Министрлар кабинетининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Бўрубаевнинг айтишича, 17 августгача давом этадиган сўзлашувларда чегаранинг аниқланмаган қисмлари муҳокама этилади.

“Икки давлат ўртасидаги чегаранинг 1170 километри аниқланиб, бу борада келишувга эришилган. Қолган ҳудудларни аниқлаш масаласи муҳокама этилади. Ўзбекистон билан чегарани шу йил охиригача тўлиқ аниқлаб бўлишга ҳаракат қилмоқдамиз”,-деди расмий.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1378 километр бўлиб, унинг 1170 километри, яъни 85 фоизи 2017 йилда, яна 13 фоизи 2021 йилнинг февралида аниқланиб бўлингани маълум қилинган. Айни пайтда баҳсли бўлиб қолаётган 2 фоиз ҳудуд масаласида музокаралар ўтказилмоқда.

Ўтган ҳафтада Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин ойларда Қирғизистонга расмий сафар билан келишини билдирган эди. Чегара бўйича ҳужжат мана шу ташриф доирасида имзоланиши мумкинлиги таҳмин қилинмоқда.

Жорий йилнинг 2-чорагида 1,5 миллион ўзбекистонлик Россияга ишлаш учун келди

Жорий йилнинг иккинчи чорагида Россияга 3 миллион 120 минг киши ишлаш учун келди. Бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 25 фоизга кўп ва кейинги олти йиллик давр учун кварталлар кесимидаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигига таянган ҳолда “Коммерсантъ” хабар берди.

Россия ИИВ статистикасида қайд этилишича, 2022 йилнинг апрель, май ва июнь ойларида келган муҳожирларнинг 49,6 фоизи Ўзбекистон, 30,5 фоизи Тожикистон фуқароларидир. Уларнинг 40 фоизи Москва шаҳри ва Москва вилоятида ишлаш учун қолмоқда.

Статистик маълумотда иккинчи чоракда Ўзбекистондан 1 миллион 544 минг 900, Тожикистондан 953 минг, Арманистондан 108,2 минг, Озарбайжондан 79 минг, Беларусдан 42 минг, Хитойдан 32,2 минг, Украинадан 28,2 минг, Молдавиядан 17,2 минг киши келгани кўрсатилган.

Бундан аввал Украинага бостириб киргани ортидан санкциялар остида қолиб, иқтисодий муаммоларга учраётган Россиядан меҳнат муҳожирлари ватанига қайтаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди. Жумладан, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 2022 йилнинг 1-чорагида 133 минг мигрант Россиядан Ўзбекистонга қайтгани тўғрисида хабар берганди. Унда биргина март ойининг ўзида Россиядан 50 минг мигрант Ўзбекистонга қайтгани қайд этилган.

Ташқи меҳнат миграцияси ўтказган сўровномага кўра, 40 фоиз фуқаро ишсизлик ва валюта курсининг беқарорлиги сабаб Ўзбекистонга қайтмоқчилигини маълум қилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эндиликда мигрантлар Россия ўрнига Сербия ва Германия сингари давлатларга жўнатилаётгани, жорий йил ўтган 7 ойи якунлари бўйича ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатилган фуқаролар сони 8 мингдан ошганини маълум қилган.

ИИВ Туркияда «террорчилик»да гумонланган бухоролик шахс қўлга олинганини очиқлади

Туркияда «террорчилик», «миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш» ҳамда «конституциявий тузумга тажовуз қилиш», «жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш» ҳамда «диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш»да гумонланиб, 7 йилдан бери қидирувда бўлган ўзбекистонлик шахс қўлга олинган.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, ромитанлик 45 ёшли Э.Ҳ. Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўтказилган махсус амалиёт чоғида ушланган ҳам Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Бухоролик тартиб посбонлари қидирувдаги шахснинг қайси куни ва Туркиянинг қайси шаҳар ёки вилоятида қўлга олинганига аниқлик киритмаганлар. Шунингдек, унинг конкрет қайси ҳолатлар бўйича айбланаётгани ҳам очиқланган эмас. ИИБ хабарномасида у Ўзбекистонга келтирилганидан кейин тергов ҳибсхонасига жойлаштирилгани билдирилган, холос.

Ўзбекистон шахмат Олимпиадасининг пешқадамига айланди

Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтаётган 44-шахмат Олимпиадасининг 7 августдаги тўққизинчи турида Ўзбекистоннинг шахмат бўйича эркаклар терма жамоаси Арманистон командасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу билан Ўзбекистон Олимпиада турнир жадвалининг 1- поғонасига кўтарилди.

7 августгача Арманистон ва Ўзбекистон терма жамоалари Олимпиадада мағлубиятсиз иштирок этиб келаётган эди. 8 август ҳолатига келиб, Ўзбекистон Олимпиадада мағлубиятсиз иштирок этиб келаётган ягона командага айланди.

Тўққизинчи турда 16 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдоров 28 ёшли Самвел Тер-Саакянни мот қилди. 20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев 33 ёшли Грант Мелкумян билан дуранг натижага эришди. 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов 31 ёшли Роберт Оганесянни мағлуб қилди. 17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ва 38 ёшли Габриел Саркисян ғолибни аниқламади.

Ҳозиргача ўтган мусобақаларда 188 жамоа орасида Ўзбекистон 16 очко билан турнир жадвалида якка пешқадамга айланди. Ҳиндистон-2 жамоаси Озарбайжон билан дуранг ўйнади (2:2) ва 15 очко билан иккинчи ўринда қолди.

Шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса Исроилга 1,5:2,5 ҳисобида ютқазди. Шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар термаси 164 жамоа ичида 10 очко билан 40-ўринда турибди.

Шахмат Олимпиадаси: Ўзбекистон Германияни мағлуб этди

Ўзбекистон термаси илғор ўйинчиларидан бири Нодирбек Абдусатторов рапид бўйича Жаҳон чемпиони

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилаётган 44-шахмат Олимпиадасининг саккизинчи турида Германия терма жамоасини мағлуб этди. 6 август куни бўлиб ўтган учрашув 2,5:1,5 ҳисобида якунланди.

Германия термасининг ўртача рейтинги (2662) Ўзбекистонникидан (2606) юқорироқ экани эътиборга сазовор.

17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов (2688) 17 ёшли Винсент Каймер (2686) билан дуранг ўйнади.

16 ёшли Жавохир Синдаров (2629) ва 25 ёшли Расмус Сване (2649), 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов (2564) ва 46 ёшли Ливиу-Дитер Нисипеану (2642) ўйинларида ҳам дуранг ҳисоби қайд этилди. Учрашувдаги ғалабани Ўзбекистонга 20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев (2620) келтирди ва у 25 ёшли Маттиас Блюбаумни (2673) таслим бўлишга мажбур қила олди.

Саккизинчи тур якунларига кўра, 14 очко жамғарган Ўзбекистон 188 та жамоа иштирок этаётган турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилди. Ҳиндистон-2 жамоаси АҚШ устидан ғалабаси (3:1) эвазига ўзбекистонликлардан олдинги ўринни эгаллади.

Кейинги турда Ўзбекистон шахматчилари 15 очко (7 ғалаба, 1 дуранг) билан турнир жадвалида ҳам пешқадамлик қилаётган Арманистон билан тўқнаш келишади. Эътиборлиси, Олимпиада якунланишига уч тур қолганда фақат шу икки жамоа мағлубиятсиз қолмоқда.

Арманистон термасининг ўртача рейтинги (2637) Ўзбекистон терма жамоасидан (2606) бир оз юқорироқ.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси (2094) Шимолий Македонияни (1863) 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.

Терма жамоа 164 та жамоа ичида 10 очко жамғарган ҳолда 40-ўринга кўтарилиб олди. Кейинги турда ўзбекистонлик шахматчилар 29-ўринда бораётган Исроил билан учрашишади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG