Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2020, Тошкент вақти: 14:37

Ҳабиб Нурмагомедов аукционда $100 мингга сотган футболка Отабек Умаровнинг клубидан топилди


Сентябрь ойида ким ошди савдосида аноним харидор томонидан 100 минг АҚШ долларига сотиб олинган майка ҳозирда Тошкентдаги BeFit клуби деворида осиғлиқ.

Жорий йилнинг сентябрида россиялик ММА устаси, енгил вазнда жаҳон чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов ким ошди савдосига қўйган футболка 100 минг долларга сотилган эди.

Битта футболканинг “шахси сир қолишини истаган харидор” томонидан шунча пулга сотиб олингани ўшанда анча шов-шувга сабаб бўлган эди.

24 декабрь куни Russia Today телеканали сентябрдаги аукциондан сўнг бедарак кетган бу футболкани Тошкентдан топди.

100 минг долларлик эски футболканинг янги соҳиби Ўзбекистон президентининг кичик куëви¸ Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбарларидан бири¸ Ўзбекистонда ноябрь ойида ташкил этилган ММА (Аралаш қоидалар бўйича жанг санъати) ассоциацияси президенти Отабек Умаров бўлиб чиқди.

Футболканинг “ўзларига совға қилингани”ни таъкидлаган Умаров¸ уни ким совға қилгани ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

Давлат мулозими бу қадар қимматбаҳо совға олиш билан қонунни бузмадими? Озодлик масаланинг шу жиҳатига қизиқди.

Кремль томонидан молияланадиган Russia Today телеканали ўз спорт дастурида “Ҳабиб 100 минг долларга сотган футболка Тошкентдан топилди” деб хабар қилди.

24 декабрь куни жамоатчиликка тақдим этилган дастурда 100 минг долларлик футболканинг Ўзбекистон президенти кенжа куëви Отабек Умаров мунтазам ўз машғулотларини ўтказиб келаëтган Тошкентдаги BeFit клуби деворига осилгани кўрсатилди.

Клубнинг кунда-шундаси (тахминларга кўра эгаси) бўлган Отабек Умаровнинг ўзи бу футболканинг Тошкентда пайдо бўлиши тарихига қисман ойдинлик киритди.

- Бизга (биз деганда кимлар назарда тутилаëтгани мавҳум – таҳр.) бу футболкани совға қилишди. Мен унинг жойи бизда¸ фақат ҳаваскорлар эмас¸ балки профессионал ва чемпионлар ҳам спорт билан шуғулланадиган клубда¸ деган қарорга келдим. Бу майканинг жойи спорт муҳити доим баланд бўлган айнан шу ерда¸ деган қарорга келдик¸ дейди RT мухбирига BeFit клубидан туриб гапирган Отабек Умаров.

Отабек Умаров Russia Today мухбири билан гаплашмоқда.
Отабек Умаров Russia Today мухбири билан гаплашмоқда.

Ҳабиб Нурмагомедов сентябрь ойида ким ошди савдосига қўйган футболкани 100 минг долларга сотиб олган шахс аноним қолган эди.

Россиялик мухбирнинг “Бугун шу сирни очишингиз мумкинми – харидор ўзбекистонликми¸ сизнинг танишингизми¸ исмини айта оласизми”¸ деган саволига Отабек Умаров бу “сирни” сир сақлашини айтиш билан жавоб берди.

- Бу одам исми сир қолишни истади. Бу майкани Ҳабиб ва унинг командаси келганда бизга совға қилишди. Инсон қалбининг яхши иш қилишни исташи одамни жуда хурсанд қилади¸ - дейди сўралган саволга жавоб бермаган Ўзбекистон президенти тансоқчилари раҳбари Отабек Умаров.

Доғистонлик ММА чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов президент Мирзиëев оиласи¸ хусусан¸ унинг куëвларининг яқин дўсти.

Ҳабиб Нурмагомедов президент Мирзиëевнинг ўғли Алишер ва набираси Миромон билан. 9 июнда юкланган сурат.
Ҳабиб Нурмагомедов президент Мирзиëевнинг ўғли Алишер ва набираси Миромон билан. 9 июнда юкланган сурат.

Жорий йил давомида у бир неча марта Ўзбекистонда юқори даражада кутиб олиниб¸ шоҳона меҳмон қилинди. Отабек Умаров 100 минг долларлик футболкани Ҳабибнинг айнан қайси сафари пайтида “ўзига совға қилингани”ни очиқламади.

Давлат мулозими аноним шахсдан 100 минг долларлик совға олиши мумкинми?

Озодликнинг бу саволига жавоб берган Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов¸ ҳатто Ўзбекистон жорий қонунчилиги ҳам бундай совғани қабул қилишни тақиқлашини айтади.

- Бу вазиятда туғиладиган биринчи савол – бу совғами ëки Отабек Умаровнинг ўзи уни аноним шаклда Ҳабибдан сотиб олганми? Сотиб олган бўлса¸ баҳоси 100 минг доллар экани очиқланган бу майкани қайси пулига олган? Агар бу майкани¸ яъни ким ошди савдосида 100 минг долларга сотилган қиммат нарсани унга чиндан ҳам совға қилишган бўлса¸ бу унақасига айлантирсангиз ҳам¸ бунақасига айлантирсангиз ҳам¸ пора олиш деб баҳоланади.

Отабек Умаров бу совғани Ўзбекистон ММА ассоциацияси президенти сифатида олган бўлса¸ унда ҳам пора деб квалификация қилинадими¸ деган саволга Илҳомов¸ нодавлат тизими раҳбари сифатида совға олишнинг ҳам ўз “протоколи” борлигини айтди:

- Отабек Умаров биринчи навбатда кучли ваколат ва мавқега эга давлат мулозими ва давлат хизматида қоларкан¸ шундай бўлиб қолаверади. ММА ассоциияси раҳбари сифатида совға қабул қилган бўлса¸ унда бу совғанинг қачон¸ қаерда¸ кимдан олингани ўша куниëқ расмийлаштирилиши ва жамоатчиликка маълум қилиниши шарт. Билишимча¸ бундай бўлмади – россиялик мухбирлар “топмагунча” бу майканинг Умаров клубида экани сир сақланди. Боз устига¸ Умаров 100 минг долларлик совғани олганини айтиб туриб¸ ким берганини айтмаяпти. Нақд пулми¸ нақд эмасми¸ олтин ëки эски майка шаклидами¸ бундай совғани олиш пора ҳисобланади.

Президент куëви ҳатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш оқибатидан чўчиб¸ шахси очиқланмаслигини сўраган ўзбекистонлик адвокат ҳам¸ 100 минг долларлик совғани қабул қилиш Ўзбекистон қонунчилигига кўра “пора олиш” деб классификация қилинишини таъкидлади.

Жиноят кодексининг 210-моддаси бўйича мансабдор шахснинг хизмат мавқеидан фойдаланиб моддий қийматли нарсани олиши “пора олиш”дир. Айниқса¸ Ўзбекистон президенти хавфсизлик хизматининг юқори лавозимли мулозими¸ президент танасига энг яқин одамнинг аноним шахсдан 100 минг долларлик совғани олиши¸ исталган ҳуқуқшуносдан сўранг¸ пора олиш деб аталади. Бу совғани берган шахс ким¸ нега бунча қиммат совғани президент куëвига ëки у бошқараëтган клубга берди¸ нима манфаат¸ нима хизмат эвазига берди? Агар Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари президент администрациясидан мустақил бўлганда эди¸ бу саволларга жавобни улар қидирган бўларди”.

Ҳабиб сотган футболка тарихи

2019 йилнинг 7 сентябрида Бирлашган араб амирликларининг Абу-Даби шаҳрида доғистонлик Ҳабиб Нурмагомедовнинг америкалик Дастин Порье билан жанги бўлиб ўтган эди.

7 сентябрдаги жангдан сўнг Ҳабиб ўз рақиби футболкасини кийган эди.
7 сентябрдаги жангдан сўнг Ҳабиб ўз рақиби футболкасини кийган эди.

Бу жангга Ўзбекистон президенти оиласи вакиллари¸ хусусан Отабек Умаровнинг шахсан ўзи бориб¸ Ҳабибга мухлислик қилган эди.

Жанг сўнггида рақиблар устларидаги футболкаларини алмаштирган ва Нурмагомедов ўз рақиби футболкасини кўп ўтмай ким ошди савдосига қўйган эди.

Ҳабиб ўз рақиби футболкасининг ким ошдида 100 минг долларга сотилганини эълон қилган эди.
Ҳабиб ўз рақиби футболкасининг ким ошдида 100 минг долларга сотилганини эълон қилган эди.

Чемпион бу сотувдан тушадиган пулни Дастин Порьенинг The Good Fight Foundation хайрия жамғармасига ўтказишни ваъда қилган ва бундай саховатпешалиги учун олқиш олган эди.

Ҳабиб рақиби бу саховатпешалиги учун уни олқишлаган эди.
Ҳабиб рақиби бу саховатпешалиги учун уни олқишлаган эди.

16 сентябрь куни Порье ўз Twitter саҳифасида Ҳабиб ўз футболкасини 100 минг долларга сотгани ва уни ўз жамғармасига ўтказганини ëзди.

Порье¸ хайрия пулларининг Африка¸ хусусан¸ Угандадаги боғча ва мактабларни тоза ичимлик суви билан таъминлашга сарфланиши билдирган эди.

Шарҳларни кўринг (19)

XS
SM
MD
LG