Линклар

Шошилинч хабар
25 май 2018, Тошкент вақти: 11:56

Ўзбекистон ИИВ прописка тизими тўлиқ бекор қилинмаслигини билдирди


Ички ишлар вазирилигининг (ИИВ) фуқароликни расмийлаштириш ва миграция бош бошқармаси ҳозирча Ўзбекистонда прописка тизими тўлиқ бекор қилинмаслигини маълум қилди. Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, ИИВ расмийлари вилоятлар орасида "ривожланиш баланси" тенглашмагунча пропискадан воз кечиш имконсиз, дея изоҳ берган.

Gazeta.uz сайти хабари кўра, республика ИИВнинг фуқароликни расмийлаштириш ва миграция бош бошқармаси раҳбари Улуғбек Тошхўжаев ва бошқа расмийлар иштирокидаги брифинг Тошкентдаги "Тараққиёт стратегияси" марказида 12 январь куни бўлиб ўтган.

Брифингда журналистлар саволларига жавоб берган ИИВ мулозими Улуғбек Тошхўжаев республикада пропискадан бутунлай воз кечиш учун "катта тайёргарлик ишлари амалга оширилиши зарур"лигини айтган.

Мулозимга кўра, барча вилоятларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўзаро тенглашган тақдирдагина пропискани тўлиқ бекор қилиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, ИИВ Бош бошқармаси раҳбари мамлакатда жорий этилиши кутилаётган хорижий паспорт ва ID-карта борасидаги саволларга ҳам жавоб берган.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон ҳукумати томонидан жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури лойиҳасида 2018 йилнинг 1 апрелидан доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш тартибини соддалаштириш, ўзбекистонликларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш назарда тутилган.

ИИВ мулозими Улуғбек Тошхўжаевга кўра, ҳозирда ишлаб турган тартиб аҳоли учун ноқулайлик туғдираётгани боис, уни енгиллатиш учун ҳозирлик бормоқда.

"Ҳозир ижара шартномасига асосланиб, вақтинча пропискага қўйиш тартиби ишлаб турибди. Аммо, бу қоғозбозлик,вақт ва маблағнинг ортиқча сарфланишига олиб келмоқда. Бу борада фуқаролар учун енгилликлар киритилади", дея иқтибос келтирди мулозимдан Gazeta.uz сайти.

Бундан ташқари, ИИВ расмийлари ҳозирда хорижий паспорт ва ID-карта бўйича таклифлар кўриб чиқилаётгани ҳам маълум қилганлар.

ИИВ Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига кўра, Ўзбекистон ичкарисида ID-картадан фойдаланиш таклифи аҳолидан келиб тушган.

"Бу аҳолининг таклифидир. Биз хорижий паспортни 48 саҳифалик қилиш ва уни 10 йиллик муддатга беришни таклиф қилганмиз. Хорижий паспортга прописка муҳрини урмаслик, оилавий аҳволини кўрсатмаслик ва ҳоказо жиҳатлар режаланган эди. Фақат виза учун саҳифалар бўлиши режаланган эди. Ҳозирча, бу борада аниқ қарор йўқ, аҳоли таклифларини ўрганиб чиқаяпмиз", дея иқтибос келтиради ИИВ бошқармасидан Gazeta.uz Интернет нашри.

Жорий ҳафта бошида 2018.strategy.uz сайтида аҳоли муҳокамаси учун тақдим этилган давлат дастури лойиҳасида Ўзбекистонда жорий этилган биометрик паспортни 2018 йил 1 июлидан хорижга чиқиш паспорти сифатида тан олиниши режалаштирилаётгани қайд этилган.

Ўзбекистон ичкарисида фойдаланиш учун эса аҳолига шахсни тасдиқловчи идентификация карталари - ID-карталари жорий этилиши таклиф қилинган.

Бу борадаги президент фармони шу йилнинг 20 апрелида эълон қилиниши кутилмоқда.

Озодлик радиоси аввалроқ президент Мирзиёев 2017 йил 16 августда имзолаган фармонга биноан 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб хорижга чиқиш стикерлари бекор қилиниши ва хорижга чиқиш паспорти жорий қилиниши тўғрисида хабар берган эди.

Ўзбекистонда ўтган йили июлидан бошлаб, Тошкентга вилоятдан келганларга, хорижликларга ва ватандошлиги йўқ шахсларга пойтахтдан уй сотиб олишга расман рухсат берилган.

Бу борадаги қарор 19 июль кунги ҳукумат қарорида белгиланишича, вилоятлардан келганлар пойтахтда янги қурилган ёки қурилаётган уйлардан энг кам иш ҳақининг 2500 даражадаги кўрсаткичига тенг бўлган нархда уй сотиб олган тақдирда Тошкентга пропискага қўйилади.

Хориж ватандошларига ёки ватандошлиги йўқ шахсларга эса мамлакатда яшаш рухсатномаси бўлган тақдирда Тошкентда янги қурилган уйлардан 150 минг доллардан кам бўлмаган нархдаги уйларни сотиб олишига рухсат берилади.

Бунга қадар Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори билан фақат Президент девони, Олий Мажлис, МХХ, Вазирликлар, Давлат қўмиталари ва қонун томонидан санаб ўтилган 59 та ташкилот ходимлари; Тошкентда доимий рўйхатда турган фуқаронинг турмуш ўртоғи ёки энг яқин қариндошларигагина “прописка”дан ўтиш ҳуқуқи берилган эди.

Тошкентда доимий рўйхатда турмаганларга пойтахтда уй сотиб олиш ҳуқуқи берилмаган эди.

XS
SM
MD
LG