Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2018, Тошкент вақти: 00:01

МИБнинг салкам 100 ходимига ҳужум қилинди. Инспекторни ким ҳимоя қилади? (ВИДЕО)


Мажбурий ижро бюроси ходимлари – ижрочилари ва инспектор- ларига фуқаролар томонидан қилинган тажовузларга оид маълумотни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати эълон қилди.

Мажбурий ижро бюросининг 2018 йилнинг 1 августигача ҳужумга учраган 96 ходимидан бири Андижон туман МИБ инспектори Баҳром Ҳакимқуловдир.

МИБ ходимининг хавфсизлигига оид Озодлик саволларига Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот бўлими мудири Фарруҳ Тошпўлатов ҳамда Андижон туман МИБ бошлиғи Бахтиёр Отажоновлар жавоб берди.

96 нинг бири

Андижон вилоят, Андижон туман МИБ ходими Баҳром Ҳакимқулов 19 июлда пичоқлангани тўғрисида Озодлик 20 июлда хабар қилган эди.

Баҳром Ҳакимқулов куни кеча касалхонадан чиққани ҳақда Озодликка унинг раҳбари, Андижон туман Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Бахтиёр Отажонов билдирди.

- Баҳромжон касалхонадан чиқди. Шу кунда ўз уйида. Ўзини ўзи эвлаб қолди. Ҳар куни эрталаб битта инспекторимиз кириб, ҳолидан хабар олиб турибди,- деди Бахтиёр Отажонов.

Андижон туманидаги Бўтақора қишлоғида яшайдиган фуқаро 19 июль куни уйига электр қувватидан тўпланиб қолган қарзни ундиришга келган МИБ ходими Баҳром Ҳакимқуловни пичоқлаганликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Андижон туман ички ишлар бўлими мулозими қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбланаётган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида 20 июль куни Озодликка билдирган эди.

Бош прокуратура матбуот хизмати суратга олиб, куни кеча эълон қилган видеосюжет шу воқеа атрофига қурилган.

МИБнинг салкам 100 ходимига ҳужум қилинди. Инспекторни ким ҳимоя қилади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:54 0:00

Мамлакат бўйлаб МИБнинг 96 ходими – ижрочи ва инспекторлари истеъмолчилар ҳужумига учрагани шу сюжетда маълум қилинди.

Бахтиёр Отажоновнинг айтишича, 19 июль куни Баҳром Ҳакимқуловга қилинган ҳужум унинг қўл остидагиларга қилинган ягона ҳолатдир.

Андижон туман Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Бахтиёр Отажонов Озодликнинг бир қатор саволларига жавоб берди.

Андижон туман МИБ бошлиғи Бахтиёр Отажонов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:19 0:00
Бевосита линк

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот бўлими мудири Фарруҳ Тошпўлатов 9 август куни Озодликка берган суҳбатида ўша 96 та тажовуз таҳлилига тўхталиб, жумладан бундай деди:

96 ҳужум таҳлили

- 96 та ҳолатнинг 30 дан зиёди бевосита жиноят иши қўзғатиш билан боғлиқ ҳолатлардир. Яъни ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ҳолати бўйича 34 та жиноят иши қўзғатилган. Бундан ташқари 20 дан ортиқ маъмурий ишлар мавжуд. Қолган ишлар ҳозирда ўрганиш босқичида. Биз, бунда, албатта, МИБ ходимининг ҳаракатларини ҳам ўрганамиз ва баҳо бериб ўтамиз, - деди Фарруҳ Тошпўлатов.

МИБ расмий вакилининг айтишича, 96 та ҳолат ичида ўлим билан якун топган инцидент йўқ. Шу ўринда Фарруҳ Тошпўлатов Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туман Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Баҳром Жўраевнинг 2 август куни вафот этганини эслаб, “бу ҳақда ўзларингиз - Озодлик радиоси хабар берди, лекин бу ҳолат унинг қўл остидаги ходим билан боғлиқ, истеъмолчи билан боғлиқ бўлмаган ҳолатдирки, бу воқеа 96 та ҳолат орасида эмас”,- деди.

МИБ инспекторини ким ёки нима ҳимоя қилади?

Аҳолидан коммунал хизматлар учун қарз ундириш билан шуғулланадиган МИБ инспекторларининг (МИБ ижрочилари ҳам борки, улар суд қарорлари ижроси билан шуғуллнанади) махсус ҳимоя воситалари (масалан, резина тўқмоқ каби) йўқ.

- Инспекторлар ўз ҳудудидаги агрессив истеъмолчиларни билади. Улар билан ишлаш учун, зарурат туғилганда, инспекторларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ички ишларнинг профилактика инспекторларини, маҳалла фаолларини жалб қиламиз, - деди Фарруҳ Тошпўлатов.

Умуман эса, МИБ расмий вакилига кўра, МИБ ходимлари Жиноят кодексининг 219- моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан ҳимоя қилинади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот бўлими мудири Фарруҳ Тошпўлатов Озодлик билан суҳбатда мақолада кўтарилган мавзудан ташқаридаги саволларга ҳам жавоб берди.

МИБ Марказий аппарати расмий вакили Фарруҳ Тошпўлатов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:29 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон Бош прокуртураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси 2017 йилнинг май ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан тузилган эди.

Фармон билан энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга Мажбурий ижро бюроси масъул этилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG