Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:33

Самарқандда уч фарзанднинг отасини гей бўлгани учун ваҳшийларча калтаклашди


Ўзбекистонликлар гей экани ишонилган йигитни бутилкага ўтиришга мажбур қилгани акс этган видео 2013 йилда ҳам ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган эди.
Ўзбекистонликлар гей экани ишонилган йигитни бутилкага ўтиришга мажбур қилгани акс этган видео 2013 йилда ҳам ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган эди.

Самарқанд вилоят, Самарқанд туманида яшовчи уч фарзанднинг отаси, 32 ёшли йигит гей бўлгани учун номаълум шахслар уни 14 апрелда ваҳшийларча калтаклагани, ечинтириб видеога олгани ва ўлдириш билан таҳдид қилгани ҳақда Озодликка айтди.

Гомофоблар тажовузига учраган йигит айни пайтда гейлар ҳуқуқлари таъминланган бирор давлатга бош олиб кетиш ҳақида ўйлаётганини билдирди.​

Қароргоҳи Брюссель шаҳрида жойлашган Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмасига кўра, постсовет ўлкалар орасида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда гомосексуализм учун жиноий жазо белгиланган.​

Жинсий озчиликларга тоқатсизлиги кучлилигича қолаётган жамоатчилик нафратидан қўрққани боис исми очиқланмаслигини истаган (таҳр. унинг шахсини Озодлик тасдиқлади) йигитнинг иқрорига кўра, у икки ой муқаддам ўзини гей деб таништирган одам билан Интернетда танишган ва у 14 апрель кечаси учрашувга таклиф қилган.

Бу учрашувни бир гуруҳ гомофоблар атайлаб уюштирганини йигит кейин билганини айтаркан, бундай деди:

“Икки ойдан бери “Однокласники”да гаплашардик у билан. Мени яхши кўришини, қизларга ўхшашимни айтарди. Якшанба куни кечга яқин учрашайлик, ичамиз, мазза қиламиз деди. Мен ишондим. Қизлар кийимини сўради, олиб кел, деди, менга ҳам кийдирасан, қизиқаман, деди. Мен ишонибман-да”.

Белгиланган жойга борганида уни тўрт йигит машинага босиб, Самарқанд туманидан оқиб ўтувчи Дарғом канали бўйига олиб боришади ва ўлдириш билан таҳдид қилишади.

“Мени ечинтириб, видеога олишди. Кейин роса уришди, тепкилашди. Моягимга тепишди. Қорнимга пичоқ тирашди. Оёқ-қўлимни боғламоқчи бўлишди, шу пайтда ўзимни пастга - жарликка отдим, тўғри Дарғом каналига тушдим. Бир соатлар сув ичида ўтирдим. Кейин қайтиб ҳалиги жойга борсам фақат кийимларим қолган экан. Сумкамни олиб кетишибди. Ичида телефоним, паспортим, 170 доллар ва 520 минг сўм пулим бор эди”, - деб ҳикоя қилди кўргиликларини гей йигит.

Эртаси куни у Самарқанд туман Ички ишлар бўлимига шикоят қилмоқчи бўлган, лекин гей экани ошкор бўлишидан қўрқиб бу қароридан қайтган.

“Милицияга, прокуратурага мурожаат қилиш қўлимдан келади. Лекин бизда ЛГБТ (лесбиянлар, гейлар, бисексуаллар, трансгендерлар) қораланади. Мен маданият соҳасида ишлайман, ўзига яраша туманда обрўйим бор. Ҳурматим йўқолади, қолаверса хотиним, фарзандларим билиб қолади, деб қўрқаяпман. Бошқа томондан мени калтаклаганлар видеони Интернетга тарқатиб юборишидан ҳам чўчияпман”, - деди гей йигит.

Гомофоблар тажовузига учраган йигит айни пайтда гейлар ҳуқуқлари таъминланган бирор давлатга бош олиб кетиш ҳақида ўйлаётганини айтди.

“Ўзбекистонда гей бўлиш хавфли”

Ўзбек жамиятида жинсий озчиликларга нисбатан тоқатсизлик борлиги маълум.​

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида яшовчи 28 ёшли Эрбўлат исмли гей йигит 18 апрель куни Озодлик мухбири билан суҳбатда Самарқандда рўй берган ҳодиса юзасидан фикр билдирар экан, уни “ваҳшийлик”, деб атади.

Бошқа жинсий озчилик вакиллари қатори Эрбўлат ҳам гомофоблар ҳужумига учраганини эслаб, деди:

“Мени ҳам бир марта видеога олиб, таҳқирлашган. Зўрға қутулганман. Милицияга айтсангиз улар ҳам гомофоб, мазах қилади. Ўзбекистонда гей бўлиш хавфли. Шунинг учун иложи борича ориентациянгни бошқаларга билинтирмасдан юришга тўғри келади. Ижтимоий тармоқларда биз “тема”дагилар билан парол сўзлар билан гаплашамиз. Тўлиқ ишонч ҳосил қилганимиздан сўнг учрашувга чиқамиз".

Ўзбекистонда гейларнинг гомофоблар тажовузига учрагани ва самосуд қилиниб, таҳқирлангани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

2017 йил сентябрида қип-яланғоч ечинтириб қўйилган йигитни гомофоблар пиво бутилкасига ўтиришга мажбурлаётгани акс этган видео Озодлик таҳририятига келиб тушган эди.

17 дақиқалик видеода калтак зарби, ҳақорат ва таҳдидлардан даҳшатга тушиб, дир-дир қалтираётган йигитни зўравонлар гейликни тан олишга мажбур қилади, унга "ёқиб юбориш ёки сўйиб ташлаш" билан пўписа қилиб, орқаси билан пиво шишасига ўтиришга мажбурлашади.

Ушбу воқеа Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида бўлгани, жазо акциясида қатнашган тўрт йигит қўлга олиниб, ҳар бири 5 йилгача бўлган муддатга қамоққа ҳукм этилгани ҳақида Озодлик хабар берганди.

Фарғонадагига ўхшаш ўзбекистонлик гей билан боғлиқ бошқа бир воқеа Россияда содир бўлган эди.

Гей экани ишонилган йигитни ватандошлари бутилкага ўтиришга мажбур қилгани акс этган видео 2013 йилда ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган эди.

Қўли орқасидан кишанлаб қўйилган гей йигитнинг юзига тўппонча ўқталади.
Қўли орқасидан кишанлаб қўйилган гей йигитнинг юзига тўппонча ўқталади.

Россиянинг Новосибирск шаҳрида олинган видеода қип-яланғоч ечинтириб қўйилган, калтакланиб, юзлари моматалоқ бўлган йигитнинг юзига тўппонча ўқташади ва ўзининг орқасига шампан бутилкасини тиқишга мажбур қилишади.

Кейинроқ эса Ўзбекистонда “Дилшод” исми билан танилган 24 яшар трансвестит-гей Тошкент кўчаларида калтаклаб кетилгани видео ва фотосуратлари ижтимоий тармоқларда тарқалганди.

Гомосексуализм жиноят даражасига кўтарилган давлат

Ўзбекистон гомосексуализм жиноят ҳисобланадиган оз сонли мамлакатлардан биридир.

Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмасининг дунёда гомосексуал озчилик ҳуқуқлари бўйича 2017 йилда эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон гомосексуализм жиноят даражасига кўтарилган давлатлар қаторидан жой олган.

Қароргоҳи Брюссель шаҳрида жойлашган Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмасига кўра, постсовет ўлкалар орасида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда гомосексуализм учун жиноий жазо белгиланган.

Ташкилотнинг Москвадаги вакиласи Ольга Серебренникова Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда "ислоҳотларга киришган" президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматини гомосексуализм учун жазони бекор қилиб, ЛГБТ вакилларига ҳужум қилаётганларга жазони кучайтиришга чақирди.

"Гомосексуализм бу жиноят эмас. Ўзбекистондаги янги ҳукумат эски стереотиплардан воз кечиб, ЛГБТ вакилларига эркинлик бериши, жумладан гомосексуализм учун белгиланган жазони бекор қилишини истар эдик".

Икки йил аввал Нью-Йоркда ўтказилган гей парадда унинг ўзбекистонлик қатнашчилари Тошкент ҳукуматини гейларга эркинликлар беришга чақиришганди.

АҚШнинг Ню Йорк шаҳрида 2017 йил ўтказилган гей парадда ўзбекистонликлар ҳам кўринди.
АҚШнинг Ню Йорк шаҳрида 2017 йил ўтказилган гей парадда ўзбекистонликлар ҳам кўринди.

Ўзбекистон Жиноят Кодексида "бесоқолбозлик" сифатида таснифланган гомосексуализм ўртача оғирликдаги жиноят саналади ва гомосексуализм билан шуғулланган фуқаролар 3 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинишлари мумкин.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов ҳам ўз чиқишларидан бирида “гомосексуализм ўзбеклар учун жирканч” деган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG