Линклар

Шошилинч хабар
18 декабр 2018, Тошкент вақти: 01:10

Сўров натижаси: Тожикистонликларнинг 80%и Ўзбекистонни дўст деб билади


Тожикистонлик ва ўзбекистонлик футболчиларнинг 2018 йил, 8 сентябрда Ҳўжандда ўтказилган ўротоқлик учрашуви.

Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази ўтказган ижтимоий сўровда қатнашганларнинг 80 фоизи Ўзбекистонни "дўст ва биродар давлат", деб атади.

Айни пайтда Тожикистон ва Ўзбекистон Стратегик тадқиқотлар марказлари экспертлари йиғилишида икки давлат ўртасида борди-келди, виза ва миналар каби масалаларда ҳал бўлмаган муаммолар сақланиб қолаётгани эътироф этилди.

Икки қўшни давлат тадқиқот марказлари экспертларининг 5 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган йиғилишида икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатларга оид Тожикистон томони ўтказилган ижтимоий тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Тадқиқотда иштирок этган Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази масъул ходими Шерали Розиёнга кўра, жорий йил апрелида мамлакатнинг 13 шаҳар ва туманида 2427 киши орасида ўтказилган ижтимоий сўровда қатнашганларнинг 99 фоизи Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни "ижобий", деб баҳолаган.

“Сўров иштирокчиларининг 80 фоизи эса, Ўзбекистонни "дўст ва биродар мамлакат" ҳисоблаган, 71 фоизи визасиз борди-келди бошланишидан хурсанд эканини айтган, 84 фоиз тожикистонликлар эса икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар келажакда янада ривожланишига ишонишини билдирган,"- деди Шеарли Розиён.

Тожик ва ўзбек экспертлари йиғилишида мазкур ижтимоий тадқиқот Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи ва икки давлат муносабатларида катта ӯзгаришлар кузатилаётгани сўров натижаларига ижобий таъсир кўрсатганини таъкидладилар.

Ўзбекистон Стратегик тадқиқотлар маркази бош илмий ходими Азиз Солиҳовнинг айтишича, мазкур ташриф чоғида икки давлат ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган жами 27 ҳужжат имзоланганди.

Унинг қўшимча қилишича, айниқса, тожик ва ўзбек ватандошларининг борди-келдиси учун ўттиз кунгача визасиз тартиб жорий этилгани икки мамлакат фуқаролари томонидан олқишланди.

Аммо Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази раисининг бириничи муовини Сайфулло Сафаровнинг фикрича, давлат чегараларидан ўтишда янги тартиб жорий этилгани Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош минтақалари аҳолиси учун янги қийинчиликни туғдирган.

“Зеро чегара минтақаларидаги яшовчилар олдин ички паспорт билан Ўзбекистоннинг чегара атрофидаги минтақаларига бемалол бориб келарди. Янги тартибга кўра, Ўзбекистонга фақат чет эл паспорти билан ўтиш мумкин. Бундай паспорт нархи қиммат - тахминан 100 АҚШ долларини ташкил этади. Қишлоқ аҳолиси чет эл паспортини олишга кучи етмайди," - деди Сайфулло Сафаров.

Тожикистон ва Ўзбекистон Стратегик тадқиқотлар марказлари экспертлари йиғилишида охирги бир йил ичида икки давлат ўртасидаги муносабатларда буюк ўзгаришлар билан бирга Тожикистон ва Ўзбекистон ӯртасида визани бутунлай бекор қилиш ва чегара минтақаларини миналардан тозалаш каби муаммолар сақланиб қолганига урғу берилди.

Экспертларнинг билдиришича, ҳозир бу масалалар Тожикистон ва Ўзбекистон иқтисодий ва савдо қўшма комиссияси томонидан ҳар томонлама муҳокама ва ҳал бўлмоқда.

Жумладан, Тожикистон Стратегик тадқиқотлар марказининг раиси Худойберди Холиқназарнинг хабар беришича, икки давлат ҳарбийлари чегарадаги минтақаларни миналардан тозалаш ишларини бошлаган.

XS
SM
MD
LG