Линклар

Шошилинч хабар
27 январ 2021, Тошкент вақти: 00:57

OzodDayjest: Рус олигархияси Ўзбекистон иқтисодиётининг даромадли йўналишларига агрессив равишда кириши кутилмоқда - таҳлилчи


Сенат раиси фуқаролар мурожаатига бефарқ мутасаддиларни танқид қилди. Иқтисодчи блогер Ўзбекистон иқтисодиётида қандай ўзгаришлар кутилаётганига оид башоратлари билан ўртоқлашди. Қасамёдини қўпол равишда бузган судьялар ишдан бўшатилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Сенат раиси Танзила Норбоева ҳоким ва депутатларни танқид қилди

Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоева видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган ўн биринчи ялпи мажлисда фуқароларнинг мурожаатларига бефарқ мутасаддиларни танқид қилди (“XXI аср”, 7 январь).

“Ижтимоий тармоққа чиқиб, мурожаат қилиш урф бўляпти. Қани ҳоким, депутат ва сектор раҳбари? Нега фуқаролар президент ёки бошқа амалдорларга ижтимоий тармоқларда мурожаат қиляпти? Демак, ана шу органларнинг иши қониқарсиз бўлгани учун одамлар шунга мажбур бўляпти. Бир нарсани тўғри тушунишимиз лозим, ҳал этилмаган ёки тўғри тушунтирилмаган ҳар қандай масала ижтимоий кайфиятга салбий таъсир этади”, деди Сенат раиси.

Сенат раиси халқ вакили сифатидаги вазифасини тўлиқ бажара олмаётган депутатларни ҳам танқид қилди.

“Халқнинг ўзи бир кун келиб депутатга: “Cен бизга нима иш қилиб бердинг, нима фойданг тегди?” деган саволлар бериб, қайта сайлансин деган талабни ҳам қўйиши мумкин. Шундай экан, мана бир йил ўтди, оз бўлса-да, оқу қорани таниб олдингиз, энди халқнинг олдига чиқиш керак. Чиққанда ҳам ҳар куни чиқиш керак”, деган у.

Т. Норбоеванинг таъкидлашича, 2021 йилдан ҳар бир депутат ўзи сайланган ҳудуддаги сайловчилар билан мулоқотни қатъий йўлга қўйиши ва муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиши зарур.

2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида қандай ўзгаришлар кутилаётгани башорат қилинди

Иқтисодий таҳлилчи ва блогер Отабек Бакиров Телеграмдаги каналида 2021 йилда миллий иқтисодиётни қандай ўзгаришлар кутаётгани борасида башоратлари билан ўртоқлашди.

“Бозорларни қизитиш учун турлича оптимистик фикрлар янграётганига қарамай, 2021 йилда глобал иқтисодиёт ҳам, миллий иқтисодиётимиз ҳам оғир ва мураккаб жараёнларни бошдан кечиришда давом этади”, деб ёзган у.

Блогер қайдича, оммавий эмлаш жараёни карантин чекловларидан чиқишга кўмак бериши мумкин, лекин пандемия яратган ва унгача пишиб етилган иқтисодий муаммоларнинг ечими бўла олмайди. Шу сабаб айрим соҳа ва тармоқлар шиддат билан ўсиш йўлига тушиб олса, бошқаларида йил давомида тушкунлик ва депрессия сақланади. Пировардида, жамиятда ижтимоий тенгсизлик кучайиб, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги муносабат кескинлашади.

О. Бакировга кўра, ижтимоий вазиятни барқарорлаштириш омили сифатида фақат ташқи миграцияни рағбатлантириш чоралари танланади. Баҳордан Россия ўзбек мигрантлари учун ҳатто ЕОИИ аъзолари фуқаролари учун белгиланганидан ҳам ортиқ алоҳида имтиёзли қоидалар жорий этиши мумкин.

“ЕОИИдаги кузатувчилик мақоми чегаралари ювилиб кетади. Кузатувчилик мақоми аслида собиқ метрополиядан бўлаётган босимлардан қочиш ва вақтдан ютиш учун эмас, тўлиқ аъзоликка мамлакатдаги ижтимоий кайфиятни тайёрлаш учун танлангани тушуниб етилади”, деб ҳисоблайди иқтисодий таҳлилчи.

Муаллиф рус олигархиясининг ўзбек иқтисодиётининг энг даромадли йўналишлари – банк, энергетика ва кимё саноатига агрессив кириб келишини ҳам башорат қилади.

“Халқаро стандартларни жорий қилиш ва замонавий бошқарув кўникмаларини яратиш баҳонаси билан ўзбек иқтисодиётининг гултожи бўлган Навоий кон-металлургия комбинатигача суқилиб кириш юз бериши мумкин. НКМК устидан назорат Ўзбекистон валюта ва бюджет сиёсатини манипуляция қилишга йўл очади”, деб ёзади у.

Эксперт тахминига кўра, ташқи ва ички омиллар баҳонасида энергетика ресурслари тарифи ҳам оширилади.

Коронавирусдан қанча судья вафот этгани очиқланди, ҳозирга қадар ўлимлар сабаби сир тутилаётганди

Ўзбекистонда 2020 йилда етти нафар судья коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати маълум қилди (www.daryo.uz, 4 январь). Улар Қашқадарё, Тошкент, Андижон, Самарқанд вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритиб келган. Daryo.uz нашрига кўра, Олий суди матбуот хизмати 2020 йил давомида судьяларнинг вафот этганини маълум қилгани ҳолда, улар ўлимига айнан нима сабаб бўлганини очиқламаган.

Умуман, 2020 йилда жами 27 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, лавозимидан озод қилинган. Бунга учта ҳолатда судьянинг бошқа ишга ўтгани, бешта ҳолатда эса судья ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзгани сабаб бўлган.

Шунингдек, судьялик қасамёди ва одоб-ахлоқ қоидаларини ҳамда одил судловни амалга оширишда қонун талабларини қўпол равишда бузган 12 нафар судья тизимдан четлатилган. Улардан бири жиноий жавобгарликка тортилган.

XS
SM
MD
LG