Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:54

Генерал Парпиевнинг полковник жиянларидан сўнг “профсоюз” укаси ва дипломат ўғли ишдан олинди (ВИДЕО)


Генерал Парпиевнинг полковник жиянларидан сўнг “профсоюз” укаси ва дипломат ўғли ишдан олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:18 0:00

28 май куни Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиевнинг Ташқи ишлар вазирлигида ишлайдиган ўғли ҳамда Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бошлиғи бўлган укаси вазифасидан ишдан бўшатилди.

Генерал Парпиевнинг ички ишлар тизимида ишлайдиган полковник жиянлари ишдан олингани тўғрисида Озодлик 28 майда хабар берган эди.

Шундай қилиб, Ботир Парпиевнинг 27 майдан бошлаб бирваракайига ишдан олина бошлаган турли юқори лавозимларда ишлайдиган яқин қариндошлари 4 кишига етди.

Қодир Парпиев ишдан олинди

Андижон вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси раиси бўлиб ишлаётган Қодир Парпиевнинг ишдан олингани ҳақидаги маҳаллий ОАВ хабарини тилга олинган бирлашманинг исми сир қолишини сўраган мулозими 29 май куни Озодликка тасдиқлади:

“Ҳа, кеча бирданига мажлис қилишиб, отахонни пенсияга чиқаришди. Кутилмаган воқеа бўлди”, деди мулозим.

Қодир Парпиев Ботир Парпиевнинг укаси, 28 май куни ишдан олинган Бухоро вилоят ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари Анвар Парпиевнинг отасидир.

Дилшод Парпиев ишдан олинди

Ботир Парпиевнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ишлайдиган ўғли Дилшод Парпиев ҳам 28 май куни ишдан олинди. Вазирликнинг шу куни ўз сайтида эълон қилган хабарига кўра, Дилшод Парпиев бошқариб турган Консуллик-ҳуқуқий департаментига шу пайтгача Ўзбекистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган Улфат Қодиров тайинланган.

Озодлик яна бир Парпиевнинг ишдан олингани тўғрисидаги хабар тасдиғини топмади

Kun.uz сайти Ботир Парпиевнинг “Асака” тижорат банкининг Андижон вилоят филиали бошлиғи бўлган жияни Зафар Парпиев ҳам ишдан олингани ҳақида ёзди, лекин банк маъмурияти бу хабарни Озодликка тасдиқламади.

Шуҳрат Парпиев 27 майда ишдан олинган эди

Ботир Парпиевнинг Андижон шаҳри ички ишлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган полковник жияни Шуҳрат Парпиев 27 май куни кечқурун вазифасидан бўшатилган эди.

Анвар Парпиев 27 майда ишдан олинган эди

Собиқ раиснинг Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган яна бир жияни Анвар Парпиев ҳам 27 май куни ишдан олиниб, зудлик билан Тошкентга чақиртирилган эди.

Бу хабарларни ҳар икки вилоят ички ишлар бошқармаси мулозимлари тасдиқлаган.

Андижон вилоят ички ишлар бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими, шунингдек, Шуҳрат Парпиев ва унга яқин бўлган одамларнинг мол-мулкини "хатлаш бошланганини" қўшимча қилган.

"Парпиевлар қудратли шахслар бўлган"

Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитасини сўнгги 14 йилда бошқариб келган келган 72 яшар генерал Ботир Парпиев жорий йилнинг 11 майида Президент Мирзиёев томонидан ўз вазифасидан бўшатилиб, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси этиб тайинланган эди.

Андижонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг айтишича, Парпиевлар вилоятда энг қудратли оила ҳисобланган ва унинг аъзолари бир қанча соҳаларни назорат қилган:

- Ҳақиқатан Парпиевлар қудратли шахслар бўлган. Мен бир фуқаронинг иши бўйича Андижон шаҳар ИИБ бошлиғи бўлган Шуҳрат Парпиевга мурожаат қилган эдим. Участка нозири ҳайдалиб кетадиган даражада ноқонуний ҳаракатлар қилган. Биз бу ҳақда вилоят ИИВ ва прокурорига мурожаат қилганимизда, улар биз томонда бўлган. Лекин уларнинг кучи ҳам Шуҳрат Парпиевга етмаган. Мен битта фуқаронинг ишини деб, битта капитанни ишдан бўшатмайман деган. Шунақа бир қудрати бор эди. Парпиевларнинг Андижондаги сармояси ҳам катта. Қайга борсанг Парпиевга тегишли магазинлар, корхоналар, супермаркетлар. Лекин тўғрисини айтиш керак, булар бировни қаматиб юборибди, бировни қақшатибди, деган гапларни эшитмаганман, дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Ботир Парпиевнинг ўзи...

Ботир Парпиев 1946 йилда Андижон вилоятида, милиция генерал-майори Раҳмат Парпиевнинг оиласида туғилган.

1992-1996 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, 1996-1998 йилларда Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, 1998-2002 – Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, 2002 йилнинг июнь ойидан декабрь ойигача – Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири, 2002-2004 – Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси бўлиб ишлаган, 2003 йилда божхона хизмати генерал-лейтенанти унвонини олган.

2004 йилдан буён Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.

XS
SM
MD
LG