Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:45

OzodDayjest: “Экстрим селфи” тошкентлик ўсмир ўлимига сабаб бўлди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

“Uzcard” тизимидаги носозлик мамлакат иқтисодига қанча зарар келтиргани маълум қилинди. Поезд устида “селфи” қилмоқчи бўлган ўқувчи бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди. Тошкентда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати кескин танқид қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

“Uzcard” тизимидаги носозлик мамлакатга 300 миллиард сўм зарар келтирди

Ўзбекистонда “Uzcard” тизимининг ишдан чиқиши ва пластик карточкалардан фойдаланиб бўлмай қолгани оқибатида аҳоли, тадбиркорлар ва ташкилотлар 300 миллиард сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар кўрди (“Даракчи”, 27 сентябрь). Бу ҳақда Марказий банк маълум қилган. 30 соатдан ортиқ вақт давомида миллионлаб киши пластик карта орқали харидларни амалга ошира олмаган. “Uzcard” ташкилоти эса тизимда носозлик бўлганини қайд этса-да, унинг асл сабабини очиқламаган. Марказий банкнинг Тўлов тизимлари ва ахборот технологиялари департаменти директори Илҳом Абдуғаффоровга кўра, носозликка электрон молиявий маълумотлар алмашинувида хатолик рўй бергани сабаб бўлган. Натижада захира серверларининг маълумотлар базаси ишдан чиққан. “Ишонтириб айтаманки, бундай хатолик бошқа такрорланмайди” дея ваъда берган Марказий банк расмийси. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга катта зарар келтирган носозлик ортидан мамлакат президентининг “Uzcard” монополиясини бекор қилишни кўзда тутувчи қарори эълон қилинди.

Поезд устида “cелфи” қилмоқчи бўлган ўқувчи нобуд бўлди

Тошкентдаги мактаблардан бирининг 8-синфида ўқиган ўсмир “экстрим селфи” қурбони бўлди (“Ҳуқуқ”, 27 сентябрь). Исми ошкор этилмаган ўқувчи ижтимоий тармоқлардаги дўстларини ҳайрон қолдириш мақсадида экстремал ҳолатда “cелфи” қилиш – ўзини суратга олишга қарор қилган. Шу мақсадда у темир йўл бекатига яширинча кириб, дастлаб поезд ёнида ва унга осилган ҳолда суратга тушган. Янада экстремал ҳолатда “cелфи” қилиш учун поезд вагони тепасига чиққан ўсмир юқори кучланишли электр токи симига тегиб кетган. Кучли ток уриши оқибатида ўсмирнинг танаси куйиб кетган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатига қарамай, ўсмир вафот этган. Прокуратура нашри “селфи”га тушиш чоғи ҳалок бўлаётганлар сони дунё миқёсида ошиб бораётганидан огоҳлантирган.

Тошкентда куз-қиш мавсумига тайёргарлик қониқарсиз дея баҳоланди

Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари суст ва қониқарсиз (“Жамият”, 21 сентябрь). Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига кўра, бу мақсадда 158 миллиард сўм кредит ажратилган. Аммо ҳозирга қадар белгиланган вазифаларнинг 51 фоизи бажарилмаган. Хусусан, Яшнобод, Чилонзор, Сергели, Бектемир ва Шайхонтоҳур туманларида ишлар пайсалга солинмоқда. Пойтахтдаги 1 минг 440 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг 304 тасига молиявий ночорлиги боис имтиёзли кредит ажратилмаган. Қайд этилишича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик муаммоларини зудлик билан ҳал этиш лозим.

XS
SM
MD
LG