Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2020, Тошкент вақти: 00:39

"Жиноий гуруҳга ўхшаган ҳукумат раҳбари" - Обама ўз хотираларида Путинни танқид қилди


Барак Обама ва Владимир Путин Шимолий Ирландияда ўтган "Йирик саккизлик" саммитида - 17 июнь 2013

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ўзининг «Ваъда қилинган ер» деб номланувчи янги китобида Россия президенти Владимир Путинни танқид қилиб, уни «жиноий синдикатга» ўхшаш ҳукумат раҳбари, деб атади.

17 ноябрь куни Обама мемуарларининг биринчи жилди чоп этилди. Унда собиқ президент Россия президенти Путин XIX аср охири, XX аср бошларида АҚШ шаҳарларини бошқарган порахўр сиёсий раҳбарларнинг замонавий версиясини эслатиши ҳақида ёзди.

Обаманинг сўзларига кўра, бу етакчилар ҳомийлик ва порахўрликни «иш юритишнинг қонуний воситаси» деб ҳисоблашган.

«Ўша пайтларда виждонсизлик ёки куч тўплашдан бошқа ҳар қандай юксак интилишларга нафрат билан қараш камчилик ҳисобланмаган. [Аксинча], улар афзал кўрилган», деб ёзди АҚШнинг 44-президенти.

Обама сўнгги йигирма йил ичида Россияни ё президент ёки бош вазир сифатида бошқариб келаётган Путин «эҳтимол, қўрқиш керак бўлган, лекин ўрнак қилиб бўлмайдиган мамлакат барпо этганини» таъкидлади.

АҚШнинг собиқ президенти ривожланаётган мамлакатлар фуқаролари орасида Москвага «илҳом олиш» учун боқадиганлар деярли йўқ эканини қўшимча қилди.

2009 йилдан 2017 йилгача АҚШ президенти ўлароқ фаолият юритган Обаманинг Путин билан муносабатлари яхши эмас эди.

Обама АҚШ–Россия муносабатлари таранг бўлган бир пайтда ҳокимият тепасига келди: 2008 йил августида, Обама президент бўлишидан уч ой олдин Москва қўшни Грузияга бостириб кирган, бу эса Шарқий Европада Кремль агрессиясидан чуқур хавотир уйғотган эди.

Обама дастлаб «қайта тиклаш» сиёсати доирасида Москва билан муносабатларни яхшилашга уринди, аммо чуқур илдиз отган ишончсизлик, ташқи сиёсатдаги келишмовчиликлар ва Россияда демократик жараённинг ортга чекиниши АҚШ президентнинг ушбу уринишларига тўсқинлик қилди.

2011 йил охирида Москвада демократия талаби билан норозилик намойишлари бошланиб кетгач, Путин Обама маъмуриятини Россияда тартибсизлик келтириб чиқаришга уринишда айблади. Натижада икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескинлашди. Киевнинг кремлпараст раҳбари ағдарилганидан кейин 2014 йилга келиб, Путин Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олди ва шарқий Украинада исёнчиларни дастаклай бошлади. Бунинг ортидан АҚШ–Россия муносабатлари Совуқ урушдан кейинги даврда энг ёмон даражага тушиб кетди.

Обама маъмурияти АҚШ ҳамкорлари билан биргаликда Россияни энг қудратли саноат мамлакатлари раҳбарлари учун сўзлашув майдончаси ҳисобланувчи “Йирик саккизлик” гуруҳидан чиқариб ташлади. Шунингдек, Вашингтон Путинни Украинага қарши душманлик ҳаракати учун жазолаш мақсадида Россияга қарши санкцияларни жорий қилди.

Обама ўз китобида Путин билан илк маротаба 2009 йилнинг июль ойида Россия раҳбарининг Москва яқинидаги дачасида учрашганини эслади. Ўша пайтда Путин президент Дмитрий Медведев ёнида бош вазир ўлароқ ишлаётган эди. Обама Россия раҳбарини жисмонан «ажралиб турмайдиган», «қисқа бўйли ва ихчам – курашчининг танасига эга» дея таърифлади.

Обама Путиннинг ўз мушакларини кўз-кўз қилиб расмга тушиш иштиёқи устидан куларкан, Россия раҳбари бундай суратларга тушаётиб ўзига «Instagramдаги ўспиринга» ўхшаб эътибор қаратишини таъкидлади.

Обаманинг айтишича, Путин илк учрашув давомида «жонли ва, афтидан, битмас-туганмас монолог» бошлаб, сўнгги 20 йил ичида АҚШ Россияни менсимай қўл урган барча чоралар, шу жумладан, НАТО ташкилотининг кенгайтирилиши ва Вашингтон Ироққа бостириб кирганини батафсил баён қилган.

Обама 2008–2012 йилларда президент бўлиб ишлаган Путин тарафдори Медведевга ижобийроқ баҳо берди. Унинг сўзларига кўра, Медведев Кремль тўқиган барча эртакларга ишонмаслигини ва АҚШ билан алоқаларни қайта тиклашни исташини кўрсатган.

Обама Медведев билан илк маротаба 2009 йилнинг апрелида «Йирик саккизлик» саммити чоғида учрашганини эслаб, Медведев «сўзлаётганида маълум бир истеҳзони пайқадим, гўё у менга айтаётган ҳамма гапига ўзи ҳам ишонмаслигини изҳор қилмоқчидек эди», деб ёзди.

Обама Медведев билан жуда кўп ўхшаш жиҳатларга эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, иккаласи ҳам оила қуришдан олдин ҳуқуқшунослик соҳасида ўқиган ва таҳсил берган, сиёсатга оз-моз «аралашган» ва уларнинг иккисига ҳам катта ёшли сиёсатчилар ёрдам берган.

Шу билан бирга, Обама Медведевни 1990 йиллардаги хусусийлаштириш пайтида, кўплаб русларнинг турмуш даражаси пастлаб кетган бир чоғда ўз таниш-билишлари ёрдамида ёғоч ишлаб чиқарувчи йирик компаниянинг қисман эгасига айланган «бадавлат» одам сифатида таърифлади.

Обаманинг айтишича, икки раҳбар 2009 йилда Москва ташқарисидаги дачада овқатланаётиб сиёсат ҳақида деярли суҳбатлашмаган.

Медведевнинг рафиқаси Светлана Медведева Обамага ўспирин ўғли Илья отасининг шон-шуҳрати келтириб чиқарган ижтимоий босимни қандай қабул қилишидан хавотирда эканини, ўғлини чет элда ўқитишни исташини айтган.

«Мен тун қай даражада оддий бўлганидан ҳайратга тушдим – биз овқатланиб ўтирганимизда орқамизда яшириниб ўтирган таржимонларни ҳисобга олмаганда, Американинг исталган обод чеккасида кечки овқатда ўтирган бўлишимиз мумкин эди», деб ёзди Обама.

Обама 2011 йил март ойида Медведев Ливияда ҳарбий куч ишлатиш масаласида БМТда овоз беришдан бош тортганидан кейин Путин оммавий тарзда унга қарши чиққанини кузатиб, Путин 2012 йилда президентликка қайтишини сезганини айтади.

«Путин ўзи атайлаб танланган ворисини ёмон кўрсатишга қарор қилгандек туюлди – менимча, бу Путин Россияда жиловни расмий равишда қайта қўлга олишни режалаштираётганидан дарак эди», деб ёзди собиқ АҚШ президенти.

2011 йил сентябрь ойида Медведев қайта сайланиш учун номзодини қўймаслигини эълон қилди ва Путин кейинги йил сайловда ғолиб чиқишига йўл очиб берди. Путин Медведевни бош вазир лавозимига тайинлади ва саккиз йилдан сўнг – 2020 йилнинг январида уни ишдан бўшатди.

Обама ўзидан аввалги президент Жорж Бушни Путинга нисбатан қаттиқроқ турмагани учун танқид қилди.

«Буш маъмурияти дипломатик алоқаларни тўхтатиб қўйишдан ташқари Россияни тажовузкорлиги учун жазолаш учун ҳеч нарса қилмади, дунёнинг қолган қисми эса, елка қисиб, ўз фаолиятини давом эттирди», деб ёзди Обама.

Жорий президент Дональд Трамп Обаманинг ўзини Украина ўзини Россия агрессиясидан ҳимоя қилиши учун Киевни ўлдирадиган қурол-яроғ билан таъминламаганини айтиб, танқид қилиб келади.

Обама Россия ичидаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ва Кремлнинг демократия жараёнини орқага қайтариши борасида Путинга қарши туришда ахлоқий дилеммага йўлиққанини билдирди.

Хусусан, собиқ президент Москвага 2009 йил қилган сафари давомида россиялик фаоллар билан учрашгандан сўнг, уларни ҳимоя қилиш учун стратегик мақсадларни қай даражада қурбон қилишга ҳозир эканлиги ҳақида бош қотирганини эслади.

Обама мемуарларининг биринчи жилди 2011 йилда – Путин президентликка қайтгунига қадар бўлган даврни ўз ичига олган.

XS
SM
MD
LG