Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 01:34

Қирғизистон собиқ бош вазирига коррупцияга оид янги айбловлар қўйилди


Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев (марказда) ўша пайтдаги бош вазир
Сўўрўнбой Жеенбеков (чапда) ва аппарати бошлиғи Сапар Исақов билан 2017 йил майида.
Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев (марказда) ўша пайтдаги бош вазир Сўўрўнбой Жеенбеков (чапда) ва аппарати бошлиғи Сапар Исақов билан 2017 йил майида.

Қирғизистониннг собиқ бош вазирига бошқа бир жиноят иши бўйича ҳам қўшимча айблов эълон қилинди. У 2018 йили Бишкекдаги электр станциясини модернизация қилиш билан боғлиқ коррупцияда айбланиб, қамоққа олинган эди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан (МХДҚ) 10 январда хабар қилинишича, Сапар Исақов Бишкек шаҳридаги Қирғизистон давлат музейини реконструкция қилиш билан боғлиқ жиддий молиявий зарарга сабаб бўлган коррупцияда айбланмоқда.

МХДҚ эълон қилган айбловга кўра, Исақов 2016 йили реконструкция лойиҳасига аралашган, оқибатда таъмирлаш ишлари билан шуғулланаётган Туркия компанияси Қирғизистон ҳукумати билан битимини бекор қилган эди.

Битимнинг бекор этилиши Қирғизистон бюджетидан қўшимча харажатлар қилинишига сабаб бўлган.

МХДҚ жорий ҳафта бошида Бишкек электр станциясидаги коррупция иши бўйича тергов ниҳоясига етганини маълум қилди.

Бу иш Исақов Бишкек иссиқлик электр станциясини модернизациялаш лойиҳасини амалга оширган 2013 йилга бориб тақалади.

Ўша пайтда у собиқ президент Алмазбек Атамбаев маъмурияти раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган.

Исақовга электр станциясини модернизация қилиш бўйича шартнома тузиш учун ўтказилган тендерда Хитой компанияси ёнини олиш учун хизмат вазифасидан фойдаланганлик айби қўйилмоқда. Ўшанда Хитойнинг TBEA компанияси шартномани қўлга киритган эди.

Исақовга қарши жиноят иши 2018 йил январида Бишкек электр станциясидаги техноген авариядан сўнг очилган, ўша пайтда минглаб маҳаллий уйлар бир неча кун иссиқликсиз қолган эди.

41 яшар Исақов Атамбаевнинг яқин сафдошларидан бири ҳисобланади.

Президент Сўўрўнбай Жеенбеков билан Атамбаев ўртасидаги муносабатлар совуқлашгандан сўнг Исақов ва бошқа бир қанча собиқ амалдорларга қарши босимлар кучайиб кетди.

Атамбаев Қирғизистонда 2017 йил октябрида бўлиб ўтган президентлик сайловида Жеенбековни қўллаб-қувватлаган, сўнгги ойларда уни танқид қилиб келаётган эди.

Атамбаевнинг яқин иттифоқчиларидан бири, собиқ бош вазир Жантўрў Сатибалдиев ҳам 2018 йилда коррупция айблови билан қамоққа олинди.

Декабрь охирида собиқ божхона хизмати раҳбари Озарбайжондан Қирғизистонга экстрадиция қилинди. Унга Атамбаевнинг 201-2015 йиллардаги президентлиги даврида лавозимини суиистеъмол қилганлик айби қўйилмоқда.

Октябрда Атамбаевнинг собиқ маслаҳатчиси Икромжон Илмиянов Россияда ҳибсга олинди ва Қирғизистон ҳокимият идоралари уни Бишкекка олиб келди. У ҳам коррупцияда айбланмоқда.

Айни чоқда Қирғизистон парламенти аъзолари ва бошқа сиёсатчилар Атамбаев президентлиги даврида қабул қилинган қарорларни қайта кўриб чиқишга чорламоқда.

Олий суд октябрь ойида мамлакатнинг собиқ президентига берилган иммунитет Конституцияга зид экани хусусида қарор чиқарган эди.

27 ноябрда парламент қўмитаси собиқ президентларга берилган иммунитетни бекор қилиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлади.

XS
SM
MD
LG