Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:57

Эрон Россия ва туркман газини ўз ҳудуди орқали исталган йўналишда етказиб беришни таклиф қилмоқда


Шарқ-Ғарб магистрал қувурининг ишга туширилиш маросими. Туркманистон, 31 май, 2010
Шарқ-Ғарб магистрал қувурининг ишга туширилиш маросими. Туркманистон, 31 май, 2010

Эрон Туркманистон ва Россия газини ўз ҳудуди орқали исталган йўналишда ташиб беришни таклиф қилмоқда.

Эрон газ-инжиниринг ширкати директори Ризо Новшадий 15 февраль куни Ашхободда очилган Эрон Ихтисослашган иқтисодий кўргазмаси доирасида журналистлар билан мулоқот қиларкан, Эрон ўз ҳудудини туркман ва рус гази транзити учун беришга тайёрлигини билдирди.

“Бу борада бизнинг баъзи тавсияларимиз бор. Биз “Газпром” билан “Туркмангаз”га расмий тавсия ва таклиф билан чиқдик – Эрон шимолда Туркманистон ва Россиядан газ олиб, уни жанубдаги исталган мамлакатга етказиб беришга тайёр”, деди Новшадий.

АҚШ ва Европа Иттифоқининг қаттиқ иқтисодий санкциялари остида қолган Россия ва Эрон бир йил муқаддам Москва Украинага қарши уруш бошлаганидан бери янада қалин савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва сиёсий яқинлашувга интилмоқда.

Эрон мулозими туркман ва рус газини Эрон ҳудуди орқали транспортировка қилиш тўғрисида баёнотлар берган пайтда ўша кўргазма баҳонасида Ашхободга келган “Газпром” раҳбари Алексей Миллер энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Туркманистон ҳукумати билан музокара олиб бораётганди.

Аввалроқ, 13 февраль куни ҳукуматга оид “Бизнес Туркманистон” нашри Эрон матбуотига ҳавола берган ҳолда, Эрон ва Россия рус нефти ва газини своп асосида (алмашлаб) етказиб бериш бўйича потенциал битимнинг техник жиҳатларини муҳокама қилаётгани ҳақида ёзди.

Хабарга кўра, жорий йилнинг мартида Эрон ва Россия газни Туркманистон қувурлари орқали своп асосида етказиб беришга доир икки томонлама шартноманинг биринчи босқичини амалга оширишга киришади. Россия мазкур шартнома доирасида 10 миллиард кубометргача табиий газ экспорт қилмоқчи.

Туркманистон билан Эрон ўртасида своп битими олдиндан мавжуд, унга кўра туркман гази Эрон орқали Озарбайжонга етказиб берилади.

Британиялик эксперт ва АҚШдаги “Trans Kaspian resourses” ширкатининг маслаҳат қўмитаси аъзоси Жон Робертс 17 февраль куни Озодлик радиосига берган интервьюсида Туркманистон, Эрон ва Россия ўртасидаги янги газ шартномаси истиқболини изоҳлади.

Энергетик ҳамкорликка интилаётган ушбу мамлакатларнинг барчаси табиий газ захиралари бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллаб турибди.

“Туркманистон ўз газини Эронга экспорт қилиб, фойда олиб турган маҳалда минглаб километрлик қувур орқали Россия газини экспорт қилишга нега кўмаклашиши керак? Россия газини Туркманистон орқали экспорт қилиш мантиқсиз нарса”, дейди Робертс.

“Газпром” раҳбарининг Ашхободдаги музокараларидан бир оз олдин русийзабон медиаларда Россия туркман газини экспорт қилишга мўлжалланган транскаспий газ қувурини қуриш лойиҳасини блоклаб, бунинг ўрнига Туркманистонга Эрон орқали Туркияга газ етказиб беришда иштирок этишни таклиф қилмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Аммо британиялик эксперт “транскаспий газ қувурининг блокланиши”га доир хабарлар ҳали тасдиқланиши кераклигини урғулади. Бироқ, дейди у, агар бу рост бўлса, юзага келажак вазият Туркманистон суверенитетига путур етказиши мумкин.

“Биринчидан, баёнот манбаси номаълум экан, хулоса чиқаришда эҳтиёт бўлиш керак. Бу расмий шахсдан чиққан гапми, “Газпром” мулозими, парламент вакили ёки бошқа бировданми – билмаймиз. Шунинг учун ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Россиянинг транскаспий газ қувурини блокламоқчи экани ҳақидаги хабарлар тасдиқланганича йўқ. Аммо Россия Думасида ушбу лойиҳанинг амалга ошишига йўл қўймаслик лозим, деб ўйлайдиганлар етарли”, таъкидлайди Робертс.

Айни чоғда эксперт Россия транскаспий газ қувури лойиҳасининг амалга ошувига ўн йилдан зиёд вақтдан бери қаршилик қилиб келаётганини эслатади.

“Муҳим масала шуки, агар Россия транскаспий газ қувури лойиҳасини тўсишда фаол ҳаракатга кечган бўлса, бу Туркманистоннинг суверен ҳуқуқлари бузилганини билдиради. Яъни, Туркманистоннинг ўз газини Ғарбга ёки бошқа исталган мамлакатга экспорт қилиш ҳуқуқи бузилган бўлади”, дея сўзини якунлади Жон Робертс.

Форум

XS
SM
MD
LG