Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2022, Тошкент вақти: 17:52

Навальнийни таъқиб қилган ФСБ ходимлари Немцовни ҳам ўлдирилишидан олдин кузатган


Борис Немцов.

The Insider, Bellingcat ва Би-би-си журналистлари россиялик мухолифат сиёсатчи Борис Немцовни суиқасдига қадар бир йил давомида ФСБ ходимлари кузатиб юрганини аниқлади. Айни ходимлар бошқа мухолифатчилар, жумладан, Алексей Навальний, Владимир Кара-Мурза ва Дмитрий Биков ҳаётига қасд қилинишига ҳам алоқадор бўлиши мумкин.

Немцовни қадам-ба қадам кузатиш у Владимир Путинга яқин кишиларга нисбатан санкцияларни кучайтиришни фаол тарғиб қилишга киришганидаёқ бошланиб, 21 февралда – сиёсатчини Кремль деворлари ёнида ўлдириб кетишларига бир неча кун қолганида тўхтатилган, ҳатто Немцовнинг сўнгги сафарида ФСБ ходимлари уни таъқиб қилмаганлар, дейилади суриштирувда.

Чипталарни брон қилиш хизматидан олинган маълумотларга кўра, Немцовнинг изидан ФСБнинг камида уч ходими – Валерий Сухарев, Дмитрий Сухинин ҳамда Алексей Кривошчеков кузатув олиб борган.

Валерий Сухарев билан Николай Кривошчековлар олдинроқ Bellingcat гуруҳининг мухолифатчи Алексей Навальний, Немцовнинг сафдоши Владимир Кара-Мурза, шунингдек шоир ва журналист Дмитрий Биковларнинг заҳарланишига бағишланган суриштирувида ҳам тилга олинган.

Кремлнинг ашаддий танқидчиси Борис Немцов ўлдирилганига 5 йил тўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:19 0:00

Суриштирувда аниқланишича, паспортидаги исми Валерий Сухарев бўлмиш кимса Борис Немцовни унинг Россия бўйлаб 13 та сафарида кузатиб юрган. Аксар ҳолларда сиёсатчи ўзи муқим яшаган Москва шаҳрида поездга ўтириб, вилоят думасига депутат бўлиб сайланган Ярославлга борган. Камида бир марта Сухаревнинг ёнига ФСБнинг бошқа муҳтамал тезкор хдими – Алексей Кривошчеков қўшилган. Сухарев Немцовнинг ортидан охирги марта 2015 йил 17 февралда – у Кремль яқинида ўлдирилишидан 10 кун олдин кузатган.

Суриштирувчилар Валерий Сухарев ФСБнинг Конституцион тузумни ҳимоя қилиш хизматида ишлашини тахмин қилишмоқда. Ички сиёсий таҳдидларнинг олдини олиш билан шуғулланувчи мазкур хизмат оддий халқ орасида қисқагина “2-хизмат” номи билан танилган.

Bellingcat маълумотига кўра, қолган ходимлар ФСБнинг Криминалистика институтига алоқадор, Ғарб мамлакатларига қочиб ўтган собиқ совет разведкачилари ушбу институт таркибида заҳарли моддалар махфий лабораторияси мавжудлигини айтишган.

Навальнийга келсак, Сухарев уни жисмонан кузатишда иштирок этмаган, аммо, мобил телефон қайдларига кўра, у таъқиб олиб бораётган ходимлар, шунингдек ФСБнинг юқори мартабали мулозимлари билан алоқада бўлиб турган. Сухарев билан гуруҳ аъзолари ўртасида жами 150 тача қўнғироқ ва хабар алмашув бўлганлиги суриштирувчиларга маълум.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков суриштирувда тилга олинган маълумотларга Россия раҳбариятининг дахли йўқлигини айтди. “Буларнинг бари навбатдаги уйдирмага ўхшаяпти”, деди у.

ФСБ Би-би-си сўровига жавоб бермади.

  • 2014 йилда Немцов Россиянинг Украинага агрессиясига қарши қаратилган тинчлик маршлари ташкилотчиларидан бири бўлган эди. У Путинга яқин мулозим ва олигархларга нисбатан санкциялар жорий этилишига эришган.
  • 2014 йил 20 мартда АҚШ санкция қўлланган шахслар қўшимча рўйхатини эълон қилди. Бу рўйхатга Давлат думасининг ўша пайтдаги раиси Сергей Наришкин, ГРУ (Бош разведка бошқармаси) бошлиғи Игорь Сергун, “Россия темир йўллари” давлат ширкати раҳбари Владимир Якунин, шунингдек “Путиннинг чўнтаклари” ўлароқ танилган тадбиркорлар – Юрий Ковальчук, Аркадий ва Борис Ротенберглар ҳамда Геннадий Тимченко киритилди. Шу воқеадан икки ой ўтиб Немцовни ФСБ ходимлари таъқиб қила бошлаган.
  • Борис Немцов 2015 йил 27 февраль куни Москвада ўлдирилди. Сиёсатчининг ўлимида чеченистонлик беш ркакни айблаб, суд қилишди. Мухолифатчининг сафдошлари буюртмачи аниқланмагани сабабли жиноят тўлиқ очилмади, деб ҳисоблайдилар. Суиқасд учун сиёсий жавобгарликни улар президент Владимир Путин зиммасига қўйишмоқда.
XS
SM
MD
LG