Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2022, Тошкент вақти: 15:42

Ўзбекистон хабарлари

Сардоба иши бўйича яна 29 киши судланди

Сардоба тошқини ортидан очилган жиноят иши доирасида яна 29 киши судланди.

Kun.uz ўз манбасига таянган ҳолда судланувчиларнинг барчаси Жиноят кодексининг 167- (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209- (мансаб сохтакорлиги), 243- (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари билан айбдор деб топилганини ёзди.

Уч судланувчи - "Ўзтемирйўлқурилишмонтаж" бош директори ўринбосари М.Х. 10 йил 3 ойга, Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси бўлими бошлиғи Ф.Д. 122 миллион 650 минг сўм жаримага тортилган ҳолда 5 йилга, "UzGip" МЧЖ бўлими бошлиғи С.Р. 133,8 миллион сўм жаримага тортилган ҳолда 5 йилга қамалди.

Қолган судланувчилар турли миқдорда жаримага тортилган ва уларга озодликни чеклаш жазоси белгиланган. Бундан ташқари, судланувчилардан давлат даромади ҳисобига жами 115 миллиард 811 миллион сўм ундирилади.

Сардоба иши юзасидан дастлабки жиноят иши ўтган йилнинг 10 майида Олий судда ёпиқ тарзда кўриб чиқилган ва 17 кишига ҳукм ўқилганди.

Кун янгиликлари

Қозоғистонда ўзбекистонликларга оид қарор лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилди

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги "Жибек Жолу" назорат ўтказиш пункти.

Қозоғистоннинг Электрон ҳукумат лойиҳаси доирасидаги legalacts.egov.kz порталида ўзбекистонликларнинг Қозоғистонда рўйхатдан ўтмасдан вақтинчалик бўлиши муддатини ўзгартириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси 28 ноябрда халқ муҳокамасига қўйилди.

12 декабргача муҳокама қилиниши назарда тутилган мазкур қарорда Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда 30 кун давомида вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан бўлишига рухсат берилиши назарда тутилади. Айни пайтда Ўзбекистондан ҳам Қозоғистон фуқароларига шундай ҳуқуқ берилиши талаб этилади.

“Миллий паспорти бўлган икки давлат фуқаролари бошқа давлат ҳудудига 30 кунгача вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан бориши ва унинг ҳудудида бўлиши мумкин. Фуқаролар ўзларининг келгани ҳақида тегишли органларни хабардор қилиши лозим. Бўлиш муддатини 30 кундан ортиқ, аммо 6 ойдан ошмайдиган даврга узайтириш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади", — дейилади ҳужжат лойиҳасида.

Ҳозирда амал қилинаётган тартибга асосан ўзбекистонликлар Қозоғистонда вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан 5 кун бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Украина билан бизнесга ўзаро имтиёзлар бериш масаласини муҳокама қилди

Ташқи ишлар вазирлигида ўтганг учрашув.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, 29 ноябрь куни ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳром Аълоев Украинанининг Тошкентдаги элчиси Николай Дорошенкони қабул қилди.

Учрашувда турли соҳалардаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама этилди. Жумладан, савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, шу жумладан икки мамлакат бизнес субъектларига ўзаро аснода имтиёз ва преференсиялар бериш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Бундан аввал 2021 йилнинг май ойида Тошкентда Ўзбекистон ва Украина ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши ва бизнес-форум ўтказилган эди. Ўшанда икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янги даражага кўтариш масалалари муҳокама этилганди.

Бироқ 2022 йилнинг 24 февралида Украинага Россиянинг бостириб кириши ортидан иқтисодий алоқалар сустлашгани кузатилган.

Ўзбекистон Россиянинг Украинага босқини юзасидан нейтрал позицияда эканини билдирган ва Москванинг бу ҳаракатини расман танқид қилмаган. Ўзбекистон 8 апрель куни Украинага 34 тонна гуманитар ёрдам жўнатгани хабар қилинган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Украинага гуманитар ёрдам жўнатгани тўғрисида расман маълумот бермаган. Аммо АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 9 апрелда Украина ва Афғонистонга кўрсатаётган гуманитар ёрдамлари учун Тошкентга миннатдорчилик билдирганди.

Тошкент-Ўш-Андижон йўлидаги аварияда ҳалок бўлганлар сони 4 кишига етди

Ҳодиса 26 ноябрь куни юз берган эди.

Тошкент-Ўш-Андижон автомагистралининг 389-390-километрлари оралиғида содир бўлган аварияда жабрланганлардан бири касалхонада вафот этди. Бу билан аварияда ҳалок бўлганлар сони 4 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, ҳозирги пайтда касалхоналарда даволанаётган 33 жабрланувчидан 1 нафари ўта оғир, 5 нафари оғир аҳволда. Беморларнинг 11 нафари РШТЁИМ Андижон филиалида, 16 нафари Асака тумани, 4 нафари Бўстон тумани, 2 нафари Шаҳрихон тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида даволанмоқда.

26 ноябрь куни Тошкент-Ўш-Андижон автомагистралининг 389-390-километрлари оралиғида «Isuzu» автобуси «Howo» юк машинаси билан тўқнашиб кетган эди. Автобус йўловчиларидан уч нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, 38 киши эса турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилганди.

Бугунги кунда жароҳатланганлардан 4 нафари касалхоналардан чиқарилган. 33 нафари эса даволанишда давом этмоқда.

Мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Расмий маълумотларга қараганда, 2022 йилнинг январидань октябригача ўтган ўн ойида 7 минг 636та ЙТҲ содир этилган. Уларда жами 1 931 киши ҳалок бўлди ва 7 174 киши жароҳатланди. Автоаварияларда ҳалок бўлганларнинг 226 нафари ёш бола.

Ўзбекистонда 2021 йил январь-декабрида 6551 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган ва уларда 1682 киши ҳалок бўлгани билдирилган эди.

Расмийнинг билдиришича, 2021 йилда автоаварияларда 5920 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Аварияларнинг деярли 40 фоизи тезликни меъёридан ошириш натижасида юзага келган.

Жапаров ўзбек-қирғиз чегараси ва Кампиробод сув омборига оид шартномалар ратификацияси тўғрисидаги қонунларни имзолади

Қирғизистон президенти Садир Жапаров

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 29 ноябрь куни ўзбек-қирғиз чегарасининг айрим участкалари делимитациясига оид шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборига оид битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни имзолаган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур қонун лойиҳалари 14 ноябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, 17 ноябрь куни Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши, 18 ноябрь куни эса Ўзбекистон Сенатида муҳокама қилиниб, маъқулланган.

Қонун лойиҳалари ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан шу йил 3 ноябрида Бишкек шаҳрида имзоланган.

Қирғизистон президенти маъмурияти қайдича, биринчи қонун билан ўзбек-қирғиз чегарасининг 302,29 километрга узанган участкаларига аниқлик киритилган. Иккинчи қонунга мувофиқ, томонлар Андижон (Кампиробод) сув омбори сув заҳираларини биргаликда бошқаришга келишишган.

Сешанба куни Жапаров томонидан қонунлар борасидаги турли талқинлар аввалроқ Қирғизистондаги фуқаролик жамияти вакиллари орасида норозилик кайфиятини уйғотган. Бунинг ортидан расмийлар 26 нафар сиёсатчи ва фаолни “оммавий тартибсизликлар уюштиришга ҳозирлик” гумони билан ҳибсга олишган.

Қонунлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган-имзоланмагани хусусида ҳозиргача бирор расмий маълумот берилган эмас.

Москва вакиллари таҳдидига қарамай, Ўзбекистон АҚШ билан фаол сиёсий мулоқотни давом эттиришга ҳозир

Ўзбекистон билан АҚШ фаол ва конструктив сиёсий мулоқотни давом эттиришга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқовнинг АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник билан 29 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган учрашувида қайд этилган.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон-Америка стратегик шериклик муносабатларинининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилган. Режалаштирилган тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон ва АҚШ Стратегик шериклик мулоқотининг навбатдаги йиғилиши билан боғлиқ ташкилий ва мазмунли жиҳатлар муҳокама қилинган.

Шунингдек, мулоқот чоғида савдо, инвестиция, инновация, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар қараб чиқилган.

Элчи Ҳеник АҚШ маъмуриятининг Ўзбекистонга молиявий-техник кўмак бериш ва пандемияга қарши курашда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлаган.

Дипломатлар учрашувида минтақавий ҳамкорлик масалаларига, хусусан, "C5+1" мулоқот формати доирасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилган ҳамда Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилган.

Аввалроқ Россия Давлат думаси матбуот хизмати спикер Вячеслав Володин ўзбекистонликларни АҚШ билан ҳамкорлик оқибатларидан огоҳлантиргани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Россия думаси спикери ўзбекистонликларни АҚШ билан ҳамкорлик оқибатларидан огоҳлантирди

Вячеслав Володин

Россия Федерацияси Давлат думаси спикери Вячеслав Володин “АҚШ билан унинг стратегик ҳамкорлари ўртасидаги алоқалар натижаси Вашингтон билан ҳамкорликнинг эҳтимолий натижаларини баҳолашда Ўзбекистон учун намуна бўлди”, деган. Дума хабарномасида айтилишича, Володин Европа учун бунақа “стратегик ҳамкорлик” иқтисодиётдаги муаммолар билан тугаганини урғулаган.

“Бу ерда оқил, саводли одамлар яшайди – улар бунақа муждалар нималарга олиб бориши мумкинлигини тушунишади”, дея қўшимча қилган Россия думаси спикери АҚШ вакилларининг минтақага тез-тез сафар қилаётгани юзасидан изоҳ бераркан.

Володин бошчилигидаги Россия парламент делегацияси 28 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилингани ҳақида аввалроқ президент матбуот хизмати ҳам маълумот тарқатган эди. Бироқ мазкур хабарномада россиялик спикер ўзбекистонлик расмийларни АҚШ билан ҳамкорлик оқибатларидан огоҳлантиргани ҳақида бирор оғиз гап йўқ.

Президент матбуот хизмати қайдича, қабул чоғида икки мамлакат ўртасидаги “стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган”.

Айни пайтда Володиннинг Ўзбекистон билан АҚШ орасидаги ҳамкорликка оид таҳдидлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Тармоқ фойдаланувчилари ичида кўпчилик спикернинг бу гапларини суверен давлат ишларига ўринсиз аралашув сифатида баҳолашмоқда. Дейлик, бу борада мулоҳаза билдирган блогер Никита Макаренко Россия қуйи палатаси раисининг ўзбекистонликларга “қандай яшашни ўргатаётгани” ўзига ёқмаганини яширмаган.

“Сен аввало ўзларингиз Украина ва Россияда миллионлаб оила ҳаётини қандай барбод қилганингиз ҳақида ўйласанг яхши бўларди, володин. Вайрон қилдингиз, ўлдирдингиз, уларни келажагидан маҳрум қилдингиз”, деб ёзган Н. Макаренко.

Тошкент ҳокимлиги ҳинд тадбиркори иддаолари юзасидан БПга мурожаат қилмоқчи

Minerva City лойиҳасининг 2020 йил сентябрида бўлиб ўтган тақдимотида Тошкент ҳокими Ж. Ортиқхўжаев шахсан қатнашган, бу ҳақда ўша пайтда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот ва суратларни тарқатган эди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Kun.uz нашрига берган интервьюсида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни шантажда айблаган ҳиндистонлик инвестор Мурали Лал Жаланнинг иддаоларини текшириш талаби билан Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилиш ниятида.

Бу ҳақда маълум қилган пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати Минерва сити компанияси вакили Мурали Лал Жаланнинг интервьюсида Тошкент шаҳар ҳокимига нисбатан айтган гаплари ҳуқуқий баҳо берилмагунга қадар давлат хизматчисини обрўсизлантиришга қаратилган, деб ҳисоблашини билдирган.

Жалан ўз интервьюсида Тошкент ҳокими Ж. Ортиқхўжаевни шантажда айблаб, шахсий учрашув чоғида Lake City лойиҳаси ерини бериш ёки банк ҳисобрақамига 100 миллион доллар ўтказишни таклиф этганини иддао қилиб чиққан.

Kun.uz интервьюсига Minerva City’дан уй олиш мақсадида пул бериб, ҳалигача квартирасини ололмаган 200 дан зиёд фуқаронинг шикояти сабаб бўлгани айтилган. Мазкур лойиҳа муассиси ҳисобланмиш Мурали Лал Жалан Minerva World of Knowledge ширкати томонидан амалга оширилмоқда.

Жалан Тошкентда йирик тураржой мажмуаларини қуриш бўйича пойтахт ҳокимлиги билан 2019 йил августида келишув имзолаган. Умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган мазкур келишув доирасида Сергелида Minerva World of Knowledge халқаро университети, касалхона, меҳмонхона ва кўп қаватли уйлар қуриш режалангани айтилган.

Россия бош вазири Ўзбекистонга келади. Россия ОАВлари “қандайдир иттифоқ” ҳақида ёзмоқда

Россия бош вазири Михаил Мишустин ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

Россия бош вазири Михаил Мишустин 1-2 декабрда Ўзбекистонга келиши тўғрисида Россиянинг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонасига таянган ҳолда Podrobno.uz хабар берди.

Хабарда айтилишича, Мишустин Самарқандда ўтадиган Россия-Ўзбекистон бизнес-форумида иштирок этади. Мазкур тадбирда Ўзбекистон делегациясига бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади.

Форумда транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, икки мамлакат кичик ва ўрта бизнес ҳамкорлиги каби масалалар муҳокама қилинади.

Аввалроқ Москвадаги “РИА Новости” агентлиги 28 ноябрда Москвага борган Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамкасби Владимир Путин билан музокаралар ўтказгани ва шундан сўнг Мишустин билан учрашгани ҳақида хабар тарқатган эди.

“РИА Новости”нинг ёзишича, Тоқаев Мишустин билан учрашувда Россия ва Ўзбекистон билан уч томонлама “қандайдир иттифоқ тузиш” масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирган.

“Бугун Владимир Владимировчи билан биз қандайдир уч томонлама иттифоқ тузишимиз кераклиги тўғрписида гаплашдим ва у Ўзбекистон президентига телефон қилмоқчи”, деб иқтибос келтиради Тоқаев сўзларидан агентлик.

Бироқ Тоқаевнинг матбуот хизмати сайтида ҳам, Кремль сайтида ҳам бу борада бирон маълумот берилмади.

Олмаотада ҳибсга олинган қорақалпоғистонлик фаолнинг яқинлари уни уй қамоғига чиқаришни сўрашмоқда

Қорақалпоғистонлик фаол Раиса Худайбергенованинг яқинлари Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюросидаги матбуот анжуманида, Олмаота, 2022 йил 28 ноябри

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида шу йил 16 сентябрь куни ҳибсга олинган қорақалпоғистонлик фаол Раиса Худайбергенованинг қариндошлари уни уй қамоғи чиқаришни сўрашяпти. Фаол аёл “Ўзбекистондаги конституциявий тузумга тажовуз”да айбланмоқда.

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси матбуот марказида 28 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувда қорақалпоғистонлик фаолнинг қизи Гулжайна Сапарниязова онасига ёрдам бериш илтимоси билан қозоқ расмийларига мурожаат қилган - у соғлиғи ёмонлашгани Раиса Худайбергеновани ҳибсхонадан озод қилишни сўраган.

“Мен ҳеч бўлмаганда эҳтиёт чорасини уй қамоғига алмаштиришни сўрайман. Биз унинг соғлиғидан жуда хавотирланяпмиз. Онамнинг саломатлиги исталган вақтда ёмонлашиб кетиши мумкин. У иккинчи гуруҳ ногирони”, деган Гулжайна Сапарниязова.

У бу борада Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Тамара Дуйсеновага хат йўлланганини маълум қилган.

Раиса Худайбергенова дохил қорақалпоғистонлик тўрт нафар фаол Нукус шаҳрида шу йил июль ойи бошида рўй берган воқеаларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олингани айтилади.

Аввалроқ Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти қозоқ расмийларини Олмаотада қўлга олинган қорақалпоғистонлик фаолларни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирган эди.

Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Бунинг ортидан 500 киши қўлга олинган.

Навоий кон-металлургия комбинатида бахтсиз ҳодиса оқибатида бир ишчи нобуд бўлди

Жорий йилнинг 26 ноябрь куни Навоий кон-металлургия комбинатида ишлайдиган экскаватор ҳайдовчиси Ш.Ш. ҳалок бўлган.

Навоий вилоят прокуратураси хабарномасига кўра, ҳодисага “Шарқий” конида портлатиш ишлари олиб борилган ҳудудда руда тошларни олиш ишлари билан шуғулланаётган ЭКГ-40 русумли экскаватор кабинасига тоғ тошлари тушиши сабаб бўлган.

Ҳодиса чоғида машинист ёрдамчиси Т.М. ҳам “бўйин ва ўнг қўл кафт соҳаси” куйиб, тан жароҳати олган.

“Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги 2-сон ИИБ тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, судга оид тиббий экспертиза тайинланган”, дейилган хабарномада.

Ўзбекистоннинг тўрт вилоятида ер қимирлади

Хитойда 28 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 00:58 да юз берган зилзиланинг кучи Ўзбекистонда ҳам сезилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика марказимаълум қилди.

Ер қимирлаши Андижон ва Фарғона вилоятларида 3 балл, Наманган вилоятида 2-3 балл, Тошкент вилоятида 2 балл бўлган.

Зилзила координаталари: 39,94 градус шимолий кенглик; 74,52 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=5,2. Чуқурлик 10 км. Зилзила эпицентри Тошкентдан 471 км жанубий-шарқда.

Ўзбекистонда крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун икки ширкатга лизенция берилди

Ўзбекистонда крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун “Crypto Trade NET” МЧЖ ва “Crypto Market” МЧЖларга илк лицензиялар берилган. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Агентлик қайдича, бу борада тегишли маълумотлар лицензияларнинг электрон реестрига белгиланган тартибда киритилган ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг расмий веб-саҳифасида фойдаланиш учун очиқ ҳисобланади.

Хабарномада юқорида номлари зикр этилган икки ширкат Марказий Осиё минтақаси ва МДҲ ҳудудидаги биринчи крипто-дўконлар бўлгани урғуланган.

Айни пайтда агентлик ўзбекистонликларни ўта ҳушёр бўлишларига, Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритиш учун ўрнатилган тартибда лицензияга эга бўлмаган электрон платформалар хизматларидан фойдаланмасликка чақирган.

Аввалроқ Ўзбекистонда хорижий криптобиржалар блоклангани хабар қилинган. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги бунга мазкур электрон платформаларнинг тегишли лицензияларга эга бўлмаганини сабаб қилиб кўрсатган.

Агентлик мазкур фаолиятга ҳуқуқий асос ўлароқ мамлакат президентининг 2018 йил 3 июлидаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини келтирган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, крипто-биржалар, майнинг-пул, крипто-депозитарийлар ва крипто-дўконлар фаолияти лицензияланадиган хизматлар провайдерлари қаторига киритилган.

Қарорда 2023 йил 1 январидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширишлари мумкинлиги айтилган.

Бош прокуратура Бувайдада уч кунлик келин-куёв ўлимида уларнинг ўзини айбламоқда

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг билдиришича, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида уч кунлик келин-куёвнинг ис газидан ўлгани юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура келин-куёвнинг ис газидан заҳарланиб ўлишига уларнинг ўзлари айбдор экани тўғрисидаги хулосани ёйинлади: “Мутахассис томонидан хонадонда мавжуд бўлган иситиш мосламаси ностандарт ҳолатда ўрнатилганлиги ҳақида хулоса берилган”, дейилади прокуратура баёнотида.

Бош прокуратура аҳолини “бундай кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида газ ускуналаридан ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш”га чақирган.

24 ноябрь куни Фарғона вилояти Бувайда туманидаги “Ўрта Қўнғирот” МФЙ, Қўрувчилар кўчасида уч кун олдин турмуш қурган келин ва куёв ис газидан заҳарланиб ўлгани тўғрисида хабар берилган эди.

10 ноябрдан 20 ноябргача ўтган 10 кун ичида Ўзбекистонда камида 9 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган. 24 ноябрда эса Бувайдадаги ўлим ҳисобида уларнинг сони камида 11 кишига етди.

Бундан аввал Наманганда қайнона, келин ва набира, Қашқадарёда 17 ёшли қиз, Хоразмда ижарада турган икки йигит, Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси ҳамда Бухорода 2-синф ўқувчиси ис газидан ҳалок бўлгани расман билдирилган.

Ўзбекистонда қиш мавсуми бошланиши билан “ис газидан заҳарланиш” ҳолатлари кўпайишини кузатиш мумкин. Бунинг натижасида мамлакатда ҳар йили юзлаб одам нобуд бўлади.

Мутахассислар аввалроқ бу каби ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини билдиришган. Аммо йиллар ўтгани сари бу муаммо бартараф этилиши ўрнига кучайиб бормоқда.

9 февраль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан 8 февралигача ис гази билан боғлиқ 21 ҳолат қайд этилгани, уларда жами 36 киши ҳалок бўлгани ва 19 киши заҳарлангани тўғрисида билдирган.

Вазирлик расмийси ўтган йили ис гази билан боғлиқ 74 та ҳолат аниқланганини, ис газидан 128 киши ўлгани ва 67 киши заҳарланганини айтди.

2020 йилнинг 16 декабрида ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев бир йилда 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олганини таъкидлаган.

Ўша йиғилишда президент Бош вазир зиммасига ФВВ Ёнғинга қарши курашиш бошқармаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни тубдан ислоҳ қилиш ва янги тизим яратиш юзасидан таклиф бериш вазифасини юклаган эди.

Давлат статистикаси: Ўзбекистонда ҳар 4 чақалоқдан фақат биттаси она сути билан озиқланади

Ўзбекистонда 40 фоиз аёллар туғруқдан сўнг бир соат ичида фарзандини кўкрак сути билан озиқлантирган. Ҳар 4 чақалоқдан фақат биттаси (25 %) 6 ойгача фақат она сути билан озиқланган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси вакиллари Миллий матбуот марказида Мультииндикатор кластер кузатувлари натижаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Статистика қўмитаси кузатув натижаларига кўра, 21 фоиз туғруқлар кесарево жарроҳлик амалиёти ёрдамида амалга оширилганини аниқлаган.

Бундан ташқари 5 ёшгача бўлган 7 фоиз болаларнинг бўйи ўсишдан ортда қолган. Статистика қўмитасининг иддао қилишича, бу кўрсаткич 2006 йилги кузатувда 14,6 фоизни ташкил қилган.

“Кузатув ўтказилган уй хўжаликларида болаларнинг 3 фоизи биологик ота-оналари билан яшамайди. Ортиқча вазн 5 ёшгача болаларнинг 5 фоизида (ўғил болалар 5 %, қиз болалар 4 %) кузатилмоқда. 2006 йилда ўтказилган кузатувда бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил этган”, дейилади билдирувда.

Ўзбекистонда беш ёшга тўлмасдан вафот этиш кўрсаткичи ҳар 1000 нафар янги туғилган чақалоққа нисбатан 25 тани ташкил этмоқда.

Статистиканинг билдиришича, 2006 йилда ўтказилган кузатув натижаларида бу кўрсаткич 57 нафарни ташкил этган.

Мирзиёев декабрь ойида Қирғизистонга сафар қилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон байроқлари

Ўзбекистон президенти келгуси ойда Қирғизистонга ташрифи буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизматининг Шавкат Мирзиёевга хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросимига оид хабарномасида айтилган.

Маросимда президент Мирзиёев Жанубий Корея элчиси Ким Хи Санг, Қирғизистон элчиси Муса Жаманбаев, Жазоир элчиси Бумедиен Геннад, Қозоғистон элчиси Бейбут Атамкулов ва АҚШ элчиси Жонатан Хэникдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олган.

Маросимда Қирғизистон элчисига мурожаат қилган Шавкат Мирзиёев “эришилган келишувлар асосида чегара масалалари ҳал қилингани мисли кўрилмаган умумий ютуқ” бўлганини таъкидлаган.

Ноябрь ойида икки мамлакат парламентлари ўзбек-қирғиз чегараси ва Кампиробод сув омборига алоқадор икки қонун лойиҳасини маъқуллагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Мазкур қонун лойиҳалари борасидаги турли талқинлар Қирғизистонда фуқаролик жамияти вакиллари орасида норозилик кайфиятини уйғотган. Бунинг ортидан расмийлар 26 нафар сиёсатчи ва фаолни “оммавий тартибсизликлар уюштиришга ҳозирлик” гумони билан ҳибсга олишган.

Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда сўнгги бор шу йил июлида бўлиб, Чўлпонота шаҳридаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида иштирок этган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG