Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2021, Тошкент вақти: 06:28

Сардоба тошқинида айбланаётганлар устидан ёпиқ суд жараёни бошланди (ВИДЕО)


Сардоба фожиасида айбланаётганлар устидан маҳкама ишини Ўзбекистон Олий суди судлов ҳайъати кўриб чиқмоқда

Ўзбекистон Олий Суди жорий йил 1 майида Сардоба сув омборида юз берган тошқин билан боғлиқ жиноят иши доирасида қамоққа олинган 8 нафар шахс ишини кўриб чиқишни бошлади.

21 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бошланган ёпиқ маҳкамада "Ўзгидрострой” ширкатига қарашли Тўполанг каналлар бошқармаси бошлиғи Бахшулло Асадов ва яна 7 киши ҳозир бўлган.

Маҳкамада қатнашаётган адвокатлардан бирининг Озодликка билдиришича, маҳкама расман махфийлаштирилган ва унга айбланувчилар яқинлари қўйилмаяпти.

Жорий йилнинг 1 май куни юз берган “Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши бўйича Жиноят кодексининг 207-моддаси, 258-моддасида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов шу йилнинг 6 октябрида ушбу иш доирасида 17 кишининг терговга жалб этилганини маълум қилганди.

Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Тошкент шаҳар судида Сардоба фожиасида гумондор тариқасида қамоққа олинган 8 нафар шахс устидан маҳкама жараёни 21 декабрь куни бошланди.

Сардоба фожиаси сабабларини сув омборини қурган Сангиновнинг ўзи тафтиш қилади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:21 0:00

Маҳкамадан маълум бўлишича, “Ўзгидрострой” ширкатига қарашли Тўполанг каналлар бошқармаси бошлиғи Бахшулло Асадов бошчилигидаги пудратчилар ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ширкатига қарашли қурилиш-монтаж ташкилотларининг вакилларидан иборат жиноий гуруҳ Ўзбекистон ЖКнинг 209-, 257- ва 258-моддалари билан айбланмоқда.

Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлиги Хизмати Тергов бошқармаси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатларининг дастлабки хулосасига асосланган.

Озодлик манбаларига кўра, ҳозирча илк маҳкама 21 декабрь куни бўлган ва фақат 2 ярим соат давом этган. Манбалар иш материаллари ёпиқ судда кўрила бошлагани, судланувчиларнинг қариндошлари ҳам маҳкамага қўйилмаётганини билдирди.

Исми сир қолишини истаган маҳкама адвокатларидан бири 20 дан ортиқ адвокатнинг ҳар биридан жиноят иши тафсилотларини сир сақлаш ҳақида тилхатлар олинганини иддао қилди.

Жиноят-процессуал кодекси талабларига мувофиқ, инсон шаъни-қадр қиммати, давлат сирларига тааллуқли бўлмаган жараёнлар очиқ судларда кўрилиши лозим.

Маълум бўлишича, мазкур жиноят иши умумий жиноят ишининг процессуал тартибда ажратилган бир қисмидир. Жиноят ишининг бошқа қисмлари юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Жиноят иши материалларига кўра, дастлабки жиноят иши доирасида етказилган зарар миқдори 45 миллиард сўмдан ортиқ бўлиб, жиноят иши фигурантлари мазкур зарарнинг бир қисмини қоплаган.

Суд мажлиси 28 декабрь куни давом эттирилиши айтилган. Унда Бош прокуратура Коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан белгиланган давлат айбловчиси судланувчиларга нисбатан илгари сурилаётган айблов хулосасини ўқиб эшиттириши кутилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов 6 октябрь куни берган баёнотида, ҳозирги вақтда тергов органи томонидан тўғоннинг лойиҳаланиши, қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига даҳлдор 17 нафар шахс тергов қилинаётганини билдирган эди.

Бу шахслар орасида “Сирдарё сув қурилиш инвест” ДУК, лойиҳачи “UzGip” МЧЖ, бош пудратчи – “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК, пудратчи ташкилотлар “Резаксой сув қурилиш” УК, “Омад Дубл” МЧЖ, “Сариосиё қурилиш” МЧЖ, “Транс Сервис Комплекс” МЧЖ, “Тўпаланг Шеробод” ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдорлари борлиги айтилган.

Терговга жалб этилганларнинг 7 нафарига қамоққа олиш, 6 нафарига гаров, 4 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланган.

“Жиноят иши доирасида тегишли идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари давом эттирилмоқда. Айбдор шахсларни аниқлаш билан бирга етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, деганди Акмал Бурхонов.

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

Уйлари бузилганлар орасида ҳануз бошпанасиз яшаётганлари талай ва уларнинг бир гуруҳи, 1 октябрь куни Сирдарё вилояти, Сардоба тумани, "Дўстлик" маҳалласида яшовчи саккиз фуқаро Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов қабулига еттинчи марта арз қилиб борганди.

Сардоба тошқинида уйлари вайрон бўлган бир гуруҳ фуқаролар ҳукумат ваъда қилган 40 миллион сўмлик ёрдам пули ва уй-жой ўзларига берилмаганидан шикоят қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG