Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2018, Тошкент вақти: 11:46

ХОРАЗМ – “Хива аҳли бозорни бузиб-қуриш ўйинларидан безор бўлди”


ХИВА. “Хоразм вилояти Хива шаҳридан мактуб йўлламоқдамиз. Қадимдан, ота-боболаримиздан қолган бир нақл бор: “Халқни маданиятини билмоқчи бўлсангиз, ўша ҳудуднинг бозори ва мозорини бориб кўринг”. Афсуски, кейинги 10 йил ичида Хивада бозорлар неча бор бузилиб, неча бор қайта қурилди, неча бор бир ердан бошқа ерга кўчирилди. Бу жараёнда халқ қанчалик сарсону саргардон бўлганини тасаввур қилиш қийин.

2007 йилда эски Хива бозори бузилди. Янги бозор эса шаҳар чеккасидаги халқ орасида “Қамишли қабристон” номи билан машҳур мозорнинг орқасига, санитария-гигиена қоидаларига мос келмайдиган майдонга кўчирилди. Бечора тадбиркорлар бу ҳудудни ўз маблағидан обод этди, ҳарқалай, одам қадам босадиган жойга айлантирди. Ҳокимият ва бозор маъмурияти ер майдонини тадбиркорларга мўмай ақчага пуллади. Бу орада бечора оддий халқ жабр кўрди. Савдогарлар ҳудудни обод этиш ва ҳокимиятга берган пулини қайтариб олиш учун нарх-навони осмон қадар кўтарди, транспорт ҳам узоқ бўлгани учун кира ҳақи ошди.

2012 йилда эски бозор ўрнида янги бозор қурилди. Минг афсуслар бўлсинки, бозор деб аташга арзимайдиган бу савдо мажмуаси ҳам одамларга атиги 5 йил хизмат қилди. Бозор ҳудуди кичиклиги учун ҳамма савдогарлар сиғмади ва бозорни иккига бўлиб юборишди.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 27 мартдаги қарорига кўра, Хивадаги деҳқон бозори реконструкция қилиниб, майдони 1441,5 кв.м.га тенг бўлган супермаркет қурилиши режалаштирилган. Хуллас, бозор бу ердан яна кўчирилди. Аслида, қарорда янги бозорни фойдаланишга топширилиш муддати 2017 йил қилиб кўрсатилган бўлса-да, амалда эски бозорни бузиш учун бўшатиб қўйиш ишлари деярли бир йилдан сўнг, 2018 йилнинг февралида бошланди. Тадбиркорлар одатдагидай Хиванинг бир-биридан узоқ иккита нуқтасига сочиб ташланди. 2007 йилдаги сценарий яна такрорланди, оқибатда нарх-наво, йўлкира яна кўтарилди.

Хивада эндиликда вақтинчалик учта бозор ишлаб турибди. Одамлар учта бозор ўртасида саргардон. Бизни ўйлантираётган савол шундай: бозорларни кўчириш қачон тўхтайди? Қачонгача бозорлар сифатини эмас, сонини кўпайтириб, оддий халқни қийнаш давом этади? Қачон Президент қарори бажарилиб, муқим бозор қурилади? Хива шаҳри аҳолисини ўйлайдиган бирорта раҳбар борми ўзи? Хиваликлар бозорларни бузиб-қуриш ўйинларидан безор бўлди, ахир!”

​Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

******************************************************************************

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG