Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:52

Тожикистонда масжидларга “тор, калта ва спорт либосларида” киришни тақиқлаш тавсия қилинди


Душанбедаги марказий масжид.
Душанбедаги марказий масжид.

Бундай таклиф Тожикистон Исломий уламолар кенгаши нашрга тайёрлаган “Масжидда намоз ўқиш ахлоқи” номли қўлланмада илгари сурилган.

Душанбедаги Исломшунослик маркази ходими Рустам Азизийнинг 19 апрель куни Озодликка айтишича, тавсия сифатида тақдим этилаётган қўлланма Ислом олимлари ва ёшлар ўртасидаги тушунмовчиликларга чек қўйиш мақсадида тайёрланган.

“Охирги вақтларда уламолар ва ёшлар орасида қандай либос билан масжидга кириш зарурлиги масаласида баҳслар юзага келган. Тожикистон Исломий уламолар кенгаши (Тожикистон мусулмонлари диний идораси -таҳр.) баҳсларга чек қўйиш мақсадида ушбу масала бўйича фикр-мулоҳазаларини баён этди. Зеро, Ҳанафий мазҳабида тор ва калта либос билан масжидга кириш макруҳдир,” - деди Рустам Азизий.

Мазкур қўлланма ҳозирча расман кучга киргани йўқ, лекин ҳозирданоқ жоме масжидларда мусулмонларни тор, калта, суратли ёки спорт либосларида масжидга кирмасликка чақириқлар бошланган.

Аммо кўп ёш диндорлар “Масжидда намоз ўқиш ахлоқи” қўлланмасини масжидда ибодат қилишдаги “чеклов” сифатида баҳоламоқдалар.

Душанбелик ёш диндор Муҳаммаднинг айтишича, 21- асрда яшаб ўрта асрлардаги урф-одатларни ёшларга татбиқ қилиш тўғри амал эмас.

“Ислом озод бўлиши лозим. Ҳар бир диндор хоҳлаган либос билан масжидда ибодат қилишга ҳақлидир. Намоз учун либос эмас, балки уни қазо қилиш гуноҳдир,” - деди Муҳаммад.

Исломий уламолар кенгаши “Масжидда намоз ўқиш ахлоқи”ни “маслаҳат ёки тавсия” сифатидаги қўлланма дея баҳолаётган эса-да, таҳлилчилар бундай қўлланма мажбуран татбиқ этилиши эҳтимолидан хавотир бирдирмоқда.

Таҳлилчи Далер Шарифовнинг фикрича, миллий либослар борасидаги қўлланмалар ҳам олдин тавсиянома сифатида тақдим этилган эди, аммо кейинчалик унинг ижроси мажбурий бир амалга айланди.

“Агар бу қўлланма ҳам аста-секин мажбурий бир амалга айланса, жамиятда бўҳронларга олиб келиши мумкин. Ислом динида 1400 йил ичида диний қоидалар ўз-ўзидан тартибга солинган. Мусулмон учун энг муҳими - пок бўлиш”,- деди Далер Шарифов.

Тожикистонда сўнгги йилларда либос мавзуси энг баҳсли мавзулардан бирига айланган. Мамлакатда “тожикча анъаналар ва қадриятларни” тарғиб қилишга қаратилган қонунлар қабул қилинган.

Бу қонунларга мувофиқ, исломий экстремизм ва фундаментализм рамзи сифатида кўрилаётган аёлларнинг узун қора қора кийими ва ҳижоблари тақиқланган.

Ўтган ҳафтада Тожикистон Маданият вазирлиги аёллар ва қизларга калта юбка кийишни тақиқлади.

“Аёллар учун тавсия этилган миллий либослар” китобида тожикистонлик хотин-қизларга қора либос билан бир қаторда европача “декольте», «мини юбка», «топик» ва бошқа «баданни кӯрсатиб турувчи» кийимлар кийиш тақиқланган.

XS
SM
MD
LG