Линклар

Шошилинч хабар
17 июл 2024, Тошкент вақти: 14:26

Ўзбекистон хабарлари

Туркиядаги зилзилада 7 ўзбекистонлик қурбон бўлган

Туркиядаги зилзила кучи 8 баллга яқин бўлган.
Туркиядаги зилзила кучи 8 баллга яқин бўлган.

Туркияда 6 февраль куни юз берган зилзила ортидан 47 475 киши ҳалок бўлди. Улардан 7 нафари Ўзбекистон ватандошидир. Бу ҳақда Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар маълум қилди.

Элчининг билдиришича, юз кишидан иборат бўлган ўзбекистонлик қутқарувчилар гуруҳи 6 февралдан 25 февралгача Ҳатай вилоятида 18 кишини вайроналар остидан тирик олиб чиққан ва 190 кишининг жасадини топган.

8 февраль куни Ҳатайга етиб борган 71 кишилик ўзбек шифокорлари гуруҳи дала госпитали ўрнатиб, деярли тўрт минг кишига тиббий ёрдам кўрсатган.

Олган Бекарнинг айтишича, бугунгача Ўзбекистондан Туркияга 674 тонна гуманитар ёрдам ва 644 минг доллар нақд пул етиб борган.

Жорий йилнинг 6 февраль Туркия жануби-шарқида, расмий маълумотларга кўра, 7,7 ва 7,6 балли зилзила юз берган эди. Бунинг ортидан 10 та вилоятда қурбонлар бўлган ва минглаб уйлар вайронага айланган.

Кун янгиликлари

Жапаров икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонда бўлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаров билан (архив сурати)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаров билан (архив сурати)

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 18-19 июль кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти маъмурияти ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиев маълум қилди.

Ташриф доирасида Садир Жапаров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама музокараларни олиб боради. Томонлар ўзаро манфаатли бўлган барча йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ҳамда қирғиз-ўзбек алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишади”, дея билдирган қирғиз мулозими.

Азимбакиев президент Жапаров Тошкентда Ўзбекистондаги Қирғизистон маданияти кунларини расмий очилиш маросимида, шунингдек, мезбон президент билан биргаликда икки томонлама лойиҳаларнинг онлайн очилиш маросимида иштирок этишини маълум қилган.

Бундан ташқари, Садир Жапаровнинг ташрифи чоғида Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес-форуми ва икки давлат олий таълим муассасалари ректорларининг форуми бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Қирғизистон президенти Ўзбекистонга сўнгги марта ўтган йилнинг ноябрь ойида сафар қилган эди.

Ўзбекистонда 10 та туман ва шаҳар ҳокими ишдан олинди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги видеоселектор йиғилишида, 2024 йил 17 июли (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги видеоселектор йиғилишида, 2024 йил 17 июли (president.uz фотоси)

Ўзбекистонда фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйган 10 та туман ва шаҳар ҳокими ишдан олинган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қораўзак, Тахиатош, Учқудуқ, Тошкент, Фурқат, Гурлан, Мирзаобод, Янгиариқ, Мингбулоқ туманлари ва Ғозғон шаҳри ҳокимларини ишдан олингани президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ва йил якунига қадар устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши чоғида эълон қилинган.

Йиғилишда бош вазир Абдулла Арипов таклифига кўра ишида тизимли нуқсонлар кузатилган 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий жазо чораларини кўрилиши ҳам очиқланган.

Парламент қуйи палатасига сайлов октябрь ойида ўтиши кутилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси халқаро кузатувчилари жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларни кузатишга таклиф қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, мазкур таклиф Сенат раиси Танзила Норбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси томонидан ўтган ҳафта Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ ПА Кенгашининг йиғилишида очиқланган.

Ўзбекистонда келаётган кузда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказилиши шу кунгача на Марказий сайлов комиссияси, на-да бошқа бир ваколатли идора томонидан расман тасдиқланган эмас.

Сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартишлар эътиборга олинса, сайлов 2024 йилнинг октябрь ойи учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбасида бўлиб ўтиши керак.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил 6 мартида сиёсий партиялар ролини ошириш учун - мажоритар ва пропорционал сайлов тизимига ўтишни таклиф қилган.

Ушбу таклиф асосида 2023 йилнинг 18 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.

Ҳужжатга мувофиқ, бундан буён парламентдаги 150 ўриннинг ярми - пропорционал шаклда - партиявий рўйхатлар билан, ярми - мажоритар тизимда - номзодларга овоз бериш йўли билан тақсимланиши лозим.

Бундан ташқари, янги қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда парламент ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколатига ҳам эга бўлган. Бу янгилик жамоатчилик орасида галдаги парламент сайлови жорий йилнинг “ё баҳор, ё куз”ида бўлиб ўтишига оид тахминлар урчишига сабаб бўлган, бироқ муддатидан илгари сайловларга оид тахминлар ҳам ўз тасдиғини топган эмас.

Тахминлар орасида тасдиқланиш эҳтимоли энг юқори бўлгани – бу галги сайловларда ҳам мухолифат вакилларининг сайловга қўйилмаслиги бўлиб турибди. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, парламент ва маҳаллий сайловларда фақат мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган партияларгина иштирок этиши мумкин. Айни пайтда мамлакат бешта сиёсий партия рўйхатга олинган бўлиб, булар Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП), ЎзЛиДеП, “Миллий тикланиш”, “Адолат” ва Экологик партиялардир.

Ўзбекистонда ўтган асрнинг 90-йиллари бошида рўйхатга олинган “Бирлик” ва “Эрк” партияларини ўзбек расмийлари амалдаги партия ўлароқ тан олмай келишади. Лидерлари хорижда бўлган бу икки партия вакилларининг Ўзбекистон Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтишга ҳаракатлари ҳатто президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳам ижобий натижа берган эмас. Шунингдек, профессор Хидирназар Аллақулов бошчилигидаги фаоллар томонидан янги бир партия тузиш бўйича 2021 йилдан буён амалга оширилган бир неча уриниш ҳам муваффақиятсиз якунланган.

Селдан жабр кўрган Ўшга Ўзбекистондан ёрдам етказилди

Ўзбекистондан йўлланган ва "Дўстлик" чегара масканидан ўтиб кетаётган гуманитар юкли автомашиналар (Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати фотоси)
Ўзбекистондан йўлланган ва "Дўстлик" чегара масканидан ўтиб кетаётган гуманитар юкли автомашиналар (Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати фотоси)

Ўзбекистон расмийлари 16 июль куни селдан зарар кўрган Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига инсонпарварлик ёрдами йўллашган.

Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, юклар вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация ҳамроҳлигида икки давлат ўртасидаги “Дўстлик” чегара-божхона масканидан олиб ўтилган.

Маълумотларга кўра, 13 та юк машинасига ортилган 200 тоннали гуманитар ёрдам ичига кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари, хўжалик ва қурилиш моллари ҳамда бошқа ашёлар киради.

Аввалроқ Озодлик 14 июль куни Ўшда кузатилган сел тошқини бир неча кишини оқизиб кетгани, табиий офат қурбонларидан тўрт нафарининг (она ва унинг уч қизи) жасади Оқбура ва Шаҳрихонсойдан топилгани, тошқин туфайли юздан зиёд уй сув остида қолгани, 15 чоғли машина оқиб кетгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистон аввалроқ Қирғизистоннинг селдан зарар кўрган Новқат туманига ҳам 95 тоннали гуманитар ёрдам юкини йўллаган эди.

Ўзбекистонда тожикча ёзадиган журналист айирмачиликда гумонланмоқда

Салим Иномзода
Салим Иномзода

Ўзбекистонда 58 ёшли журналист Салим Иномзода “жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар” тарқатганликка оид иш бўйича қўлга олинди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг тожик хизмати уч манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Салим Иномзода “Овози Тожик” газетасида ишлаган. Шунингдек, у Facebook тармоғида 15 мингга яқин обуначига эга “Ўзбекистон тожиклари” гуруҳини тузган. Гуруҳда Ўзбекистон тожиклари маданияти ва тожик-ўзбек маданий алоқаларига оид материаллар эълон қилиб келинган.

Иддаога кўра, Иномзода 2022 йил октябрь ойида ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида тожикистонлик қўшиқчи Афзалшў Шодиевнинг “Самарқанд ва Бухоро”га оид “диний характерга ва айирмачилик унсурларига эга” қўшиғини кўчириб босган. Унда, хусусан, Самарқанднинг тожиклар ва форслар ватани экани айтилади.

Озодликнинг тожик хизмати қайдича, қўшиқ 2013 йилда – Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар таранг бўлган ва мамлакатлар ўртасида виза тартиби амал қилган пайтда ёзилган.

Нашр суҳбатдошларидан бири куч ишлатар тузилмалар ходимлари “Ўзбекистон тожиклари” гуруҳи маъмурларини ҳам сўроққа чақиришганини маълум қилган.

Тошкентда ҳиндистонлик фуқаро ўз жонига қасд қилди

Тошкентнинг Яккасарой туманида 61 ёшни қоралаган ҳиндистонлик фуқаро хусусий фирма ҳудудида ўзини ўлдирган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишмоқда.

Қайд этилишича, ҳиндистонлик Ш. С. ўлими олдидан инглиз ва рус тилларида қолдирган хатида молиявий қийинчиликларга дуч келганини, ҳеч кимга эътирози йўқлигини ёзиб қолдирган. Шунингдек, Ш. С. ўз васиятида жасадини Ҳиндистонга етказишни сўраган.

Ҳиндистонлик шахс 12 июль куни туш вақтида ўзи ишлаган фирма ҳудудидаги ваннахонада томирларини кесиб, ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, айни пайтда ҳолат юзасидан Яккасарой туман прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб боряпти.

Блогер Шерали Комилов Тошкент вилоятида қўлга олинди

Шерали Комилов (Фейсбукдан олинган сурат)
Шерали Комилов (Фейсбукдан олинган сурат)

Қашқадарёлик блогер Шерали Комилов 15 июль куни соат 17 лар атрофида Тошкент вилояти Қибрай тумани Дўрмон аҳоли пунктида ҳибсга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали маълумот тарқатди.

Ҳуқуқ фаолининг ёзишича, Шерали Комилов Қашқадарё вилояти ИИБ Тергов бўлими томонидан бир йил аввал эълон қилинган айблов ва қидирув доирасида “15 нафарга яқин ИИО ходими” иштирокида қўлга олинган.

Блогернинг аввал Қибрай тумани ИИБга, сўнг Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 1-сонли тергов изоляторига олиб кетилгани айтилмоқда”, дейилган Ташанов постида.

“Эзгулик” раҳбари Қашқадарё вилояти ИИБ Тергов бўлими терговчиси санкцияси билан Шерали Комилов истиқомат қилган хонадонда тинтув ўтказилгани, тинтув давомида блогерга тегишли ашёлар, техникалар суриштирув органи томонидан олиб кетилганини қўшимча қилган.

Блогер Қашқадарё вилоятига этап қилиниши мумкин, унга нисбатан вилоят ИИБ томонидан фирибгарлик, туҳмат ва ҳақорат сингари айбловлар билан жиноят иши қўзғатилган”, деб ёзган Ташанов Шерали Комиловнинг сўнгги бир йил давомида терговдан яшириниб келганини қайд этиб, тергов органини “тергов жараёнида процессуал нормаларга қатъий амал қилишга” чақирган.

Ўтган ойда Озодликнинг “ОзодНазар” дастури меҳмони бўлган Шерали Комилов қарийб бир йилдан буён ўзига нисбатан учта жиноят иши очилиб, тўрт марта қидирув эълон қилинганини эътироф этган, шу вақт оралиғида Ўзбекистон ҳудудида бемалол юрганига қарамай, ўзини ҳеч ким тутиб кетишга уринмаётганини алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

45 ёшли Шерали Комилов, маълумотларга кўра, меҳнат фаолиятини дастлаб ҳуқуқ-тартибот идораларида бошлаган, кейинчалик у хусусий тадбиркорлик ва блогерлик билан шуғуллана бошлаган. Блогерлик фаолияти давомида у сўнгги йилларда кўпроқ фаол равишда диний контент тарқатиш билан шуғулланувчи блогерлар ҳамда диний арбоблар хатти-ҳаракатларини танқид қилиш билан шуғулланиб келган.

Андижоннинг Шаҳрихонсойидан сел қурбони бўлган яна икки ўшлик қизнинг жасади топилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг Андижон шаҳридаги Шаҳрихонсойдан 19 ёшли ва 10 ёшли опа-сингилнинг жасади топилган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, қизларнинг жасади соат 14:30 да топилгани ортидан Андижон шаҳри моргига етказилган.

Аввалроқ ФВВ мазкур каналдан сел оқизиб кетган марҳумаларнинг 6 яшар синглиси жасади топилгани ҳақида маълум қилган эди. Бу уч қиз онасининг жасадини эса қутқарувчилар Оқбура дарёсининг ўзбек-қирғиз чегараси яқинидаги жойидан топишган.

Ўш шаҳар мэрияси маълумотига кўра, она билан унинг уч қизини “Мол-Булак” дам олиш маскани бўлган пайтда сел оқизиб кетган.

Рақобат қўмитаси “Korzinka”га қарши иш қўзғатди

Архив сурати
Архив сурати

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Anglesly food масъулияти чекланган жамиятига (“Korzinka” супермаркетлар тармоғи) нисбатан иш қўзғатган.

Қўмита иддаосича, “Korzinka” супермаркетлар тармоғи томонидан турли хил усулларда тарқатилаётган реклама ахборотида “Кундалик харидларга энг арзон нарх”, “Энг арзон нарх - Korzinkaда”, "...Энг унумлисига келинг!" деган рекламасида фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган сўз жумлаларидан фойдаланилган.

Мазкур реклама ахборотида қайд этилган маълумотларни ўрганиш натижасида акция доирасида кундалик эҳтиёжлар учун керак бўладиган маълум бир миқдордаги маҳсулотлардан иборат бўлган каталог жорий қилинганлиги маълум бўлди”, дейилган қўмита хабарномасида ушбу каталогга киритилган маҳсулотларнинг нархлари турли супермаркетлар тармоғи ҳамда деҳқон бозорлардаги худди шундай маҳсулотларнинг нархлари бўйича ўтказилган мониторинглар натижасига кўра солиштирилганлиги ҳамда таққослаш учун ҳар бир товарнинг алоҳида эмас, балки саватнинг (каталогнинг) умумий нархи олингани аниқланганини қўшимча қилинган.

Қўмитага кўра, Anglesly food МЧЖ томонидан “энг арзон нарх” деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлари бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган худди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмаслиги кузатилган.

Рекламани бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат дейилиши мумкин”, дейилган хабарномада шундан келиб чиққан ҳолда мазкур МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси биринчи қисми ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси биринчи қисми талаблари бузилиши аломатлари юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилгани билдирилган.

Аввалроқ Озодлик Рақобат қўмитаси томонидан Ўзбекистонда нарх-наво манипуляциясида гумонланаётган Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd ширкатига (Россиядаги машҳур “Лукойл” компаниясининг шуъба корхонаси) нисбатан иш қўзғатилгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўшда сел оқизиб кетган қизчанинг жасади Ўзбекистондан топилди

Видеодан олинган скриншот
Видеодан олинган скриншот

Ўшда сел оқизиб кетган қизлардан бирининг жасади Ўзбекистоннинг Шаҳрихонсой каналидан топилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

ФВВ қайдича, 7 яшар қизалоқнинг жасади икки давлат ўртасидаги “Дўстлик” чегара маскани орқали олиб ўтилади.

Вазирлик 15 июль куни қирғиз-ўзбек чегарасига яқин бўлган Каттатерак участкасида Оқбура дарёсидан яна бир аёл жасади топилганини маълум қилган.

ФВВ аввалроқ сел ортидан тўрт кишининг жасади қидирилаётганини билдирган эди. Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида 14 июль куни тинимсиз ёққан жала туфайли сел тошқини рўй берган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Ўшдаги марказий бозор сув остида қолганини кўриш мумкин - сел нафақат бозорда сотилаётган товарларни, балки бир неча машинани ҳам оқизиб кетган.

ФВВ маълумотига кўра, сел ортидан Ўш-Гулча-Эргаштом йўли вақтинча ёпиб қўйилган.

Шунингдек, вазирлик шаҳарга туташ Тўлўйкўн ва Ўзгур қишлоқларида эвакуация ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Ўшда бошланган сел Андижон вилоятининг Хўжаобод ва Жалақудуқ туманлари орасидаги бир кўприкнинг ҳам қулашига сабаб бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Қирғизистондан оқиб келувчи Оқбура дарёси устига қурилган кўприк оқимга дош беролмай, қулаганини кўриш мумкин. Маълумотларга кўра, қулаган кўприк Жалақудуқ туманининг Ёрқишлоқ қишлоғида жойлашган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сел тошқини оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини билдириб, фуқаролардан саросимага тушмасликни сўраган.

Баҳор мавсумидан бери Қирғизистоннинг турли жойларида сел-тошқин ҳодисалари кузатилмоқда. Қирғиз расмийларига кўра, жорий йилнинг 20 апрелидан 1 июлигача сел тошқинлари туфайли 170 миллион сўмдан кўпроқ (тақрибан 2 миллион АҚШ доллари) зарар кўрилган. Бу вақт оралиғида табиий офат туфайли 17 киши нобуд бўлган.

Ҳафта якунида Ўзбекистоннинг олти вилоятида сел келиши мумкин

 Сурхондарё вилоятида кузатилган сел оқибати (архив сурати)
Сурхондарё вилоятида кузатилган сел оқибати (архив сурати)

Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 13-16 июль кунлари кутилаётган ёғин-сочин сел-сув тошқини ҳодисаларини юзага келтириши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги директори Шерзод Ҳабибуллаев маълум қилди.

Мулозимга кўра, сел ҳодисалари Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробот туманларида, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида ҳамда Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ва Хонабод шаҳрида кузатилиши эҳтимоли бор.

Ҳабибуллаев тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини ҳамда бу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан тошқин эҳтимолига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш ҳақида огоҳлантирган.

Республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин”, деб ёзган “Ўзгидромет” раҳбари.

Россияда қаровсиз қолган етти нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия Федерациясида ота-онаси томонидан қаровсиз ёки назоратсиз қолдириб кетилган ва “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари”да сақланаётган етти нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга олиб келинган. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонга қайтарилган болалар тегишли марказга жойлаштирилган, улар ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилади.

Хабарномада Россиядан олиб келинган болаларнинг нима сабабдан қаровсиз қолганига аниқлик киритилган эмас. Аввалроқ Озодликка бу каби болалар ота-оналари Россиядан депортация қилингани ортидан “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари”га олиб кетилаётгани ҳақида маълумотлар келиб тушган эди.

Хабарномада Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева бошчилигидаги ўзбек делегациясининг Санкт-Петербургга хизмат сафари чоғида Россияда ишлаётган 300 дан зиёд ўзбекистонлик аёлнинг меҳнат шароити ўрганилгани, улар орасида оғир вазиятга тушиб қолган 10 дан ортиқ аёлнинг Ўзбекистонга қайтишига кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар белгилангани қўшимча қилинган.

Ўзбекистонда собиқ “вагнерчи” ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати сафида ярим йил мобайнида Украинада жанг қилган Шавкат Йўлдошев судланди.

Маҳаллий нашрларнинг Оҳангарон туман суди ҳукми нусхасига таянган ҳолда хабар қилишларича, 26 ёшли Йўлдошев 2019 йил охирида пул топиш учун Россияга кетган. Дастлаб қурилишда ишлаб юрган ўзбекистонлик йигит кейинроқ Москва шаҳрида гиёҳванд модда савдосида гумонланиб қўлга олинган ва Обнинск шаҳар суди ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Қамоқхонада Шавкат Йўлдошев “Вагнер” ХҲШ вакилларининг жазодан халос бўлиш эвазига урушга ёлланиш таклифига рози бўлиб, Украинага жангга кетган. 2022 йил октябридан 2023 йил апрелигача Украинада жанг қилган Йўлдошев “Жасорати учун” (“За отвагу”) медали билан ҳам тақдирланган. Айни пайтда у қамоқдаги жазосининг ўталмаган қисмидан озод қилиниб, 950 минг рубль миқдорида пул мукофотини ҳам олган.

Қайд этилишича, Йўлдошев урушдан қайтгач, Россия фуқаролигини олишга уринган, бироқ бунга муваффақ бўлолмаган. Бунинг ортидан 2023 йил августида Ўзбекистонга қайтган йигит қўлга олиниб, судга тортилган.

Шавкат Йўлдошев Оҳангарон туман судининг жорий йил 30 майидаги ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-1-моддаси (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) бўйича айбдор деб топилган ҳамда унга нисбатан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Украинада Россия қўшинлари сафида жанг қилаётганлар орасида нафақат Ўзбекистондан, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан бўлган мигрантлар ҳам кам эмас. Одатда, улар Россияда судланиб, қамоқхоналарда жазо ўтаётган кишилардир, бироқ ёлланмалар орасида Россия фуқаролигини олиш ёки пул ишлаш мақсадида ўз ихтиёри билан урушга кетганларни ҳам учратиш мумкин.

Сўнгги пайтларда мигрантлар орасида Россия фуқаролиги олганлар ҳам урушга йўлланмоқда. Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин июнь ойи охирида маҳаллий ҳуқуқ-тартиботчилар 30 мингдан зиёд мигрантни қўлга олишгани, улардан 10 минг нафари урушга йўлланганини билдирган эди.

Депутат Қодиров ўлим жазосини тиклашни таклиф қилмоқда

Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров
Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси лидери Алишер Қодиров Ўзбекистонда ўлим жазоси тикланиши лозимлигига ишора қилди. Депутатнинг бунга оид баёноти Тошкентнинг Яшнобод туманида бир эркак ўзи билан бирга яшаган аёлнинг 3 яшар ўғилчасини пичоқлаб ўлдирганига оид хабарлар ортидан берилган.

Аввалроқ маҳаллий нашрлар муқаддам судланган 31 ёшли эркак ўзи билан бирга яшаган аёл билан жанжаллашганидан кейин унинг 3 яшар ўғлининг елкаси, боши ва кўзларига 12 марта пичоқ тиқиб олгани, бунинг оқибатида болакай касалхонага олиб борилгунича жон таслим қилгани ҳақида хабар қилишган. Хабарларда иддао қилинишича, қотилликда гумонланган эркак ҳам, ўлдирилган боланинг онаси ҳам наркоман бўлган.

Воқеа ортидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани, гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланиб, тергов ҳаракатлари олиб бораётганини маълум қилган.

Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинаётган бу воқеага муносабат билдирар экан, депутат Алишер Қодиров “мурғак болага ваҳшийлик қилган инсон яшамаслиги керак”лигини урғулаган.

Ҳайвонлашиб кетган жиноятчини солиқларимиз ҳисобига соғлигини сақлаб, қорнини тўйдириб, бошқа инсон бўлиб қолишини кутиб ўтириш – мантиқсиз! Бундайлардан жамиятни тозалаш керак!”, дея таъкидлаган “Миллий тикланиш” лидери.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида депутатнинг бу фикрини қўллаб-қувватлаётганлар ҳам, бу фикрга қарши чиқаётганлар ҳам топилади. Қодировнинг фикрига қарши чиқаётганлардан бири блогер Шаҳноза Соатова бўлиб, унинг мулоҳазасича, бу таклиф кўплаб мудҳиш ва ортга қайтариб бўлмас оқибатларни келтириб чиқаришидан ташқари самарасиз ҳамдир.

“Эҳтиросга берилиб, битта муаммони бартараф этиш учун бошқа муаммони таклиф қилмасдан, сабабларга қараган маъқул”, деб ёзган Шаҳноза Соатова.

AstraZeneca Ўзбекистондаги дори-дармон контрабандаси кўламидан хавотирда

AstraZeneca фармацевтика ширкатининг Британиядаги дори-дармон фабрикаси (архив сурати)
AstraZeneca фармацевтика ширкатининг Британиядаги дори-дармон фабрикаси (архив сурати)

Британия-Швеция фармацевтика ширкати бўлган AstraZeneca ўзи ишлаб чиқарган дори-дармонларнинг тақрибан 30 фоизи Ўзбекистонга контрабанда йўли билан етказилаётганидан хавотир изҳор қилди. Бу ҳақда Spot нашри ширкат матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Сурункали касалликлар ва янги пайдо бўлган шишлар муолажаси учун биофармацевтик ва онкологик препаратлар етказиб берувчи AstraZeneca вакиллари Ўзбекистондаги ноқонуний дори-дармон савдоси ҳажмига аниқ баҳо бериш имконсизлиги, бироқ контрабанда туфайли етказилаётган зарар нафақат ишлаб чиқарувчилар, балки беморлар учун ҳам сезиларли эканини қайд этишган.

“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон бозорида айланаётган AstraZeneca маҳсулотлари бўйича контрабанданинг умумий улуши 30 фоизгача етади. Бу ташвишли статистикадир. Ҳозирча контрабанда билан боғлиқ вазият тартибга солинмай қолмоқда”, дея иқтибос келтирган нашр фармацевтика ширкати вакиллари сўзларидан.

Қайд этилишича, контрабанда халқаро ширкатлар учун жиддий хавф-хатар бўлиб, у бозорга янги препаратлар чиқиши истиқболинигина эмас, мавжуд дори-дармон айланмаси сақлаб қолинишини ҳам хавф остига қўяди.

AstraZeneca ўзбек расмийларига республикадаги фармацевтлар малакасини ошириш, лицензияси олиб қўйилган дорихоналар реестрини мунтазам равишда янгилаб бориш ҳамда рўйхатга олинмаган дори-дармонлар контрабандаси бўйича моддани Жиноят кодексига киритишни таклиф қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG