Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:58

"Навбатдаги томоша". Туркманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди


Туркманистон Марказий сайлов комиссияси сайлов участкалари ёпилгач, рўйхатдан ўтган сайловчиларнинг 91,1 фоизи овоз берганини маълум қилди.
Туркманистон Марказий сайлов комиссияси сайлов участкалари ёпилгач, рўйхатдан ўтган сайловчиларнинг 91,1 фоизи овоз берганини маълум қилди.

Туркманистонда ваколатлари озайтирилган янги бир палатали миллий қонун чиқарувчи 125 ўринли органга сайлов бўлиб ўтди.Парламент Гурбангули Бердимуҳамедов аъзолари сайланмайдиган Халқ Маслаҳати орқали ўртага ташлайдиган ташаббусларини ҳамда унинг ўғли, амалдаги президент Сердар Бердимуҳамедов таклифларини ҳеч бир қаршиликсиз қўллаш билан шуғулланиши кутилмоқда.

26 март куни бўлиб ўтган сайловда маҳаллий ва вилоятлар мажлислари учун ҳам сайловлар бўлиб ўтди.

Туркманистон Марказий сайлов комиссияси сайлов участкалари ёпилгач, рўйхатдан ўтган сайловчиларнинг 91,1 фоизи овоз берганини маълум қилди.

Тўнғич Бердимуҳамедов мустақил Туркманистоннинг биринчи диктатори, «бир умрлик президент» Сапармурод Ниёзовнинг ўлимидан сўнг мунозарали равишда ҳокимиятни эгаллаган. «Арқадағ» мамлакатда мухолифатчи ва мустақил матбуотни йўқ қилган.

Узоқ йиллар давомида танқидчилар 65 ёшли Гурбангули Бердимуҳамедов кўрган бу чоралар ҳокимиятни бир умр қўлдан бой бермаслик ҳамда ўғли ва невараларини президент қилишни кўзлаши ҳақида огоҳлантириб келади.

Туркманистон 1991 йилда мустақилликка эришганидан буён ўтказилган ҳеч бир сайлов эркин ёки адолатли деб топилмаган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (Democratic Institutions and Human Rights, ODIHR) сайловни кузатиш учун кичик миссия юборди, бироқ «сайлов куни овоз бериш [ёки] санаб чиқиш жараёнини тизимли ёки кенг қамровли равишда кузатмаслигини» маълум қилди.

Миссия аъзолари шунчаки «сайлов куни оз сонли сайлов участкаларига ташриф буюришни» режалаштиришган.

Туркманистоннинг икки палатали Миллий кенгаши январь ойида олий палатани Халқ Кенгашига айлантиришни қўллаб овоз берган эди. Тўнғич Бердимуҳамедов кенгаш учун масъул бўлиб, унга кенг ваколатлар берилди.

Мазкур ислоҳотни тўнғич Бердимуҳамедов президентлик лавозимини ўғлига топширганидан тахминан 10 ой ўтгач ўзи таклиф қилган. Бердимуҳамедов таклифини ўртага ташлаганида ўз ташаббуси билан олий палата тузилганига ҳали икки йил тўлмаган эди.

Шошилинч равишда амалга оширилган ислоҳотларга кўра, Халқ Маслаҳати конституцияни ўзгартириш ваколатига эга бўлиб, «олий ҳокимият»дир. Кенгаш қонун чиқарувчи ҳокимиятдан алоҳида иш юритади.

Халқ Маслаҳати ваколатлари ички ва ташқи сиёсатни ўз ичига олади.

Туркманистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ҳам сайлов ўтказиш режалаштирилган эди.

Мамлакат бўйлаб сайловда қатнашиш учун 15 мингга яқин номзод кўрсатилиб, рўйхатга олинган.

Номзодларнинг икки юз эллик саккиз нафари миллий парламент ёки Межлисда ўрин эгаллаш учун курашди.

Отасидан Туркманистон президенти лавозимини олаётган Сардор Бердимуҳамедов ҳақида 5 факт
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:42 0:00

"Навбатдаги томоша"

Сайлов арафасида мамлакатнинг турли ҳудудларида номзодлар билан учрашувларда қатнашган бюджет ходимлари сайловни “навбатдаги томоша” деб аташган.

Уларнинг Озодлик Туркман хизматига айтишларича, мамлакатда сиёсий фаоллик кузатилмаган.

“Халқ депутатликка номзодларни танимайди ҳам. Улар билан учрашувлар шунчаки, телевизорда кўрсатиш учун ўтказиляпти”, деб айтган туркманистонлик сайловчилардан бири Озодлик радиоси билан суҳбатда.

Бюджет ташкилотлари ходимлари ва талабалар сайловолди тарғиботларида иштирок этишга мажбурланган.

Шундай фуқаролардан бир нечаси сайловчилар бўлажак депутатлар билан мутлақо таниш эмаслигини, шу боис сайловга бирон сиёсий қизиқиш билдирмаётганини урғулади.

Овоз бериш жараёнлари арафасида Озодлик мухбири номзодлар билан учрашган бир неча туркманистонлик билан боғланиб, уларнинг бўлажак депутатлар ҳақидаги таассуротларини ўрганди.

Сайловчилар депутатликка номзодлар нима ҳақида гапирганини ҳам, халқ ноиби сифатида уларнинг қандай режалари борлигини ҳам тушунишмаганини айтишди.

Озодлик суҳбатдошларига кўра, бўлажак депутатлар билан учрашувлар уларни жуда зериктирган.

Айни чоғда бу сайловчилар “парламент депутатлари ва маҳаллий маслаҳатлар аъзолари коррупция ва порахўрлик йўли билан олдиндан танлаб бўлинишига аминмиз”, дейишган.

“Ким кўпроқ пул берса, депутатлик курсиси ўшанга насиб қилади. Бизда депутатлик сайловда ютиб олинмайди, балки сотиб олинади”, дейишади ишонч билан Озодлик суҳбатдошлари.

Озодлик сайловчиларнинг овоз бериш жараёнидаги порахўрликка доир айбловларини аниқ мисоллар билан тасдиқлай олмади. Айни чоғда мазкур айбловлар юзасидан Туркманистон Марказий сайлов комиссиясидан бирон бир изоҳ олишнинг ҳам имкони бўлгани йўқ.

Бироқ мустақил Туркманистоннинг 30 йилдан ортиқ тарихи мобайнида бирон сайлов йўқки, халқаро ташкилотлар ва ғарблик кузатувчилар тарафидан “эркин ва ҳалол” деб тан олинган бўлса.

Хусусан, АҚШ Давлат департаменти инсон ҳуқуқларига доир 2022 йилги ҳисоботида фуқаролар ўз ҳукуматини эркин ва ҳалол сайловлар орқали тинч йўл билан ўзгартириш имконига эга эмаслиги; сиёсий ҳаётда иштирок этишга жиддий ва асоссиз тўсиқлар қўйилгани ҳамда ҳокимият тизими коррупцияга ботгани сингари муаммоларни алоҳида қайд этган.

Туркманистон сайлов идоралари халқ ноиблигига номзод қилиб кўрсатилганларга оид зарур маълумотларни очиқламайди. Расмий ОАВларнинг сайтлари эса бўсағадаги сайлов “улкан сиёсий воқеа бўлажаги ва унда фуқаролар юксак сиёсий фаоллик даражасини яна бир карра бутун дунёга намойиш этажаги” ҳақидаги умумий баёнотлар билан тўлиб тошади.

Расмий маълумотларга кўра, сайловда Туркманистон Демократик партияси, Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси, Аграр партия ҳамда фуқароларнинг ташаббускор гуруҳларидан номзодлар кўрсатилган.

Ҳукуматнинг марказий нашри бўлмиш “Туркманистон” газетаси 3 ва 4 март сонларида парламент депутатлигига номзодлар рўйхатини чоп этди. Айтилишича, парламентдаги 125 та депутатлик ўрни учун сайловда 258 нафар номзод қатнашган.

Маҳаллий Халқ маслаҳатлари сайловида иштирок этиш учун 2518 нафар, генгешликлар сайловида иштирок этиш учун эса 12098 нафар номзод рўйхатга олинган.

Туркман матбуоти сайловни кузатиш учун МДҲ давлатларидан кузатувчилар, шунингдек Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари шуъбаси миссияси мамлакатга етиб келганини хабар қилди.

Гурбангули Бердимуҳаммедов президентликни Сердар Бердимуҳамедовга топширганидан бери хорижий давлатлар раҳбарлари, жумладан, Россия президенти Владимир Путин билан учрашишда давом этиб келади.

Туркманистон иқтисодиёти Хитой, Россия ва Эрон билан савдо-сотиққа қарамдир.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича рейтингида Туркманистон фақат Эрон, Эритрея ва Шимолий Кореядан юқорироқ ўринда.

Форум

XS
SM
MD
LG