Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 10:43

Киев россиялик эркакларнинг Украинага киришини тақиқлаб қўйди


Украина президенти Петро Порошенко (чапдан биринчи)

Украина президенти Петро Порошенко 30 ноябрда 16 дан 60 ёшгача бўлган Россия ватандошларининг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйганини маълум қилди.

Ушбу қадамга икки мамлакат ўртасида вужудга келган танглик сабаб бўлди. 25 ноябрь куни рус чегарачилари Украина ҳарбий-денгиз флоти кемаларига қарата ўт очиб, 24 нафар денгизчисини Қрим яқинида ҳибсга олди. Ушбу ярим оролни Россия 2014 йили Украинадан тортиб олган эди.

Украина Қора денгизда НАТО қўшинларини кўпроқ жойлаштиришга ва Ғарб мамлакатларини Россияга нисбатан санкцияларни давом эттиришга даъват қилди.

Порошенко 30 ноябрда Твиттерга қўйган хабарида россиялик сайёҳларга нисбатан жорий этилган чекловни уларнинг Украина тупроғида “хусусий армиялар” тузишининг олдини олиш зарурати билан изоҳлади.

Россия тарафи Украинанинг ушбу чекловига жавоб қайтармаслигини билдирди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мария Захарова Украина ҳукуматини оддий кишиларга зарар келтирувчи сиёсат юргизаётганликда айблади.

Айни чоқда Россия ҳукумати тайинлаган Қрим бўйича омбудсмен қўлга олинган Украина ҳарбий денгизчилари Москвага кўчирилаётганини билдирди.

Россия украин денгизчилари ўз чегарасини бузганини иддао қилаётган бўлса, Украина кемалари халқаро денгиз қоидаларига риоя қилганини айтмоқда.

Бир-икки кун аввал Қрим суди украин денгизчиларини тергов олдидан икки ой ҳибсда ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарганини маълум қилган эди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ушбу можаро сабаб Аргентинадаги G20 саммити доирасида Россия президенти Владжимир Путин билан учрашувини бекор қилди. Кремль эса бундан таассуф билдирди.

Порошенко 29 ноябрь куни Германиянинг «Билд» газетасига берган интервьюсида Европа давлатлари Россияга қарши санкцияларни кучайтиришига ва ўз мамлакатини унинг тажовузидан ҳимоя қилишга умид билдираётганини айтди.

У Путин ўзини «император», Украинани эса «мустамлака» деб билаётганини таъкидлади.

Германия канцлери Ангела Меркель саммити доирасидаги Путин билан учрашуви чоғида украин кемалари билан денгизчиларини озод қилиш учун босим ўтказажагини айтди. Унинг фикрича, украин-рус можаросини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмайди.

Азов денгизи Россияни Қримдан ажратиб туради. Жорий йилнинг май ойида Россия Қримга Керчь бўғози орқали кўприк қурди ва унинг устидан назорат ўрнатди.

Украинанинг Қора ва Азов денгизларидаги портларини фақат Керчь бўғози орқали ўтувчи йўл боғлаб туради.

XS
SM
MD
LG