Линклар

Шошилинч хабар
26 июл 2024, Тошкент вақти: 01:05

Ўзбекистон хабарлари

Умрага борган ўзбекистонликлар ватанига қайта олмаётгани расман тасдиқланди

"Умра" сафарига йўл олган ўзбекистонлик зиёратчилар (архив сурат).
"Умра" сафарига йўл олган ўзбекистонлик зиёратчилар (архив сурат).

Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консулхонаси Умрага борган ўзбекистонлик зиёратчилар ватанига қайта олмаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни тасдиқлади.

Умрага борган ўзбекистонликлар ватанига қайта олмай сарсон бўлаётгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик радиоси хабар берганди.

Консулхона Умра сафари хусусий сайёҳлик компаниялари томонидан ташкил этилганини таъкидлаган ҳолда: “Мазкур ҳолат авиақатновларни амалга оширишдаги техник носозликлар, шунингдек, туристик компанияларнинг бу каби сафарларни ташкил этишда зарурий малака ва тажрибага эга эмаслиги туфайли юзага келган”, деб баёнот берди.

Расман билдирилишича, ҳозирда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар билан биргаликда ватандошларни қайтариш бўйича барча чоралар кўрилмоқда, қўшимча рейслар жадвали тузилди.

Консулхона зиёратчиларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилганини, қолганлар ҳам "яқин фурсатларда" Саудиядан уйларига етказилишини маълум қилди.

Вазирлар Маҳкамаси 2023 йил 8 августда “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилганди. Мазкур қарорга асосан Ўзбекистонда 2023 йил 1 ноябрдан маҳаллий туроператорларга муайян талаб ва шартлар асосида Умра уюштиришга рухсат берилган эди.

Қарорга мувофиқ, Умра хизматларини кўрсатмоқчи бўлган туроператорлар қўшимча лицензия олиш учун аввало 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиши лозим бўлади.

Туроператорлар Умра хизмати кўрсатиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан шартнома тузиб, идоранинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисини зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб тайинлаши керак.

Бундан ташқари, Умра хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши лозим.

Шунингдек, Умра хизматларини Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш талаб этилади.

Ҳукумат қарорида 2023 йилнинг 1 октябридан Умра хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилиши қайд этилган.

Кун янгиликлари

МБ асосий ставкани ярим фоизга пасайтирди

Тошкентдаги Марказий банк биноси
Тошкентдаги Марказий банк биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоизга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилган.

МБ қайдича, июнь ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланиб, инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилган, ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси ҳам импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этяпти.

Шунингдек, озиқ-овқат товарлари инфляциясининг пасайиши ҳамда алмашув курси барқарорлиги аҳолининг инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июнь ойида сезиларли пасайишига олиб келди. Бу эса кутилмалар томонидан инфляцияга босимларни пасайиб боришига шароит яратади”, дейилган Марказий банк хабарномасида.

МБ асосий ставкани сўнгги бор 2023 йилнинг март ойида ўзгартирган, ўшанда ставка 15 фоиздан 14 фоизга пасайтирилган эди.

Айни пайтда МБ раиси Мамаризо Нурмуродов пайшанба куни Тошкентда ўтказилган анжуманида асосий ставканинг ярим фоизга пасайтирилиши “пул-кредит шароитларининг қатъийлик даражасига сезиларли таъсир кўрсатмаслиги”ни таъкидлаган.

Мулозимга кўра, 2025 йилнинг май ойиигача нисбатан юқори даражадаги инфляция (9 фоизгача) сақланиб қолади, шунинг учун регулятор пул-кредит сиёсатини юмшатишга ўтяпти, деб бўлмайди.

Агар вазият биз кутгандан яхшироқ бўлса, биз асосий ставкани кўриб чиқишга тайёрмиз. Бироқ ҳозир бундай тенденция бошланди, деб айта олмаймиз”, деган Марказий банк раиси.

Польшада ўсмирларга ҳужумда гумонланган ўзбекистонлик йигит жабрланувчи бўлиб чиқди

Польшада украиналик икки ўсмирга пичоқ билан ҳужум қилганликда гумонланган ўзбекистонлик Машҳурбек Козимжонов ҳибсдан озод қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси маълумот тарқатди.

Элчихона матбуот хизмати қайдича, 26 ёшли ўзбекистонлик йигит Бродненск боғида содир бўлган ҳолат юзасидан Варшава полициясига жабрланувчи сифатида кўрсатма берган.

Аввалроқ Польшанинг Wyborcza нашри пойтахтдаги боғлардан бирида ўзбекистонлик йигит украиналик ўсмирларга пичоқ билан ҳужум қилиб, уларга шикаст етказгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан ёйинланган видеода Машҳурбек Козимжоновнинг ўзи уч-тўрт нафар украиналик унга ҳужум қилгани, у эса ўзини ҳимоя қилиш чоғида украиналиклардан бирига қаттиқроқ шикаст етказгани, бунинг ортидан унга қарши жиноят иши қўзғатилгани ҳақида айтган ва иш ойдинлатилишида ёрдам кўрсатгани учун ўзбек дипломатларига миннатдорлик билдирган.

Ўзбекистон июнь ойида газ экспортини кескин кўпайтирди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Статистика агентлиги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон жорий йилнинг июнь ойида хорижга 181,5 миллион долларлик газ сотган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 баравар, жорий йилнинг май ойига нисбатан эса 24 баравар кўп.

Агентлик ҳисоботидан келиб чиқилса, ўтган ярим йил ичида Ўзбекистон хорижга 241,4 миллион долларлик газ экспорт қилган. Хусусан, январь ойида чет ўлкаларга 21 миллион долларлик, февраль ойида 5,7 миллион долларлик, март ойида 18,7 миллион долларлик, апрель ойида 6,9 миллион долларлик, май ойида эса 7,6 миллион долларлик газ сотилган.

Аввалроқ ХХР Бош божхона бошқармаси Ўзбекистондан йил бошидан буён қарийб 235 миллион долларлик газ импорт қилингани ҳақида маълум қилган эди. Хитойдан ташқари Ўзбекистон Қирғизистон билан Тожикистонга ҳам газ етказиб беряпти.

Айни пайтда, Статистика агентлиги қайдича, жорий йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон хориждан 809,5 миллион долларлик газ импорт қилган. Бу 2023 йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан тўрт баравар кўпдир.

Ўзбекистон хорижга олтин экспортини камайтирди

Ўзбекистонда қазиб олинган олтин (иллюстратив сурат)
Ўзбекистонда қазиб олинган олтин (иллюстратив сурат)

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон хорижга 4,2 миллиард долларлик олтин сотган. Бу ҳақда Статистика агентлигининг биринчи ярим йилликдаги Ташқи савдо айланмасига оид ҳисоботида айтилган.

Агентлик ҳисоботидан келиб чиқилса, мамлакатнинг олтин экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 фоизга камайган.

Аввалроқ Озодлик Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) маълумотига таянган ҳолда, 2024 йилнинг апрель ва май ойларида Ўзбекистон хорижга олтин экспортини кескин камайтириб, бор-йўғи 1 тонна олтин сотгани ҳақида хабар қилган эди.

Бу мамлакатнинг жорий йил февраль ва март ойларида хорижга сотган олтини миқдоридан 23 баравар кам – биринчи чоракда Ўзбекистон чет давлатларга 23 тонна олтин экспорт қилиб, дунёда энг кўп олтин сотган мамлакатга айланган эди.

Ўзбекистон 2023 йилда ҳам жами 25 тонна олтин сотган, шу тариқа дунёда энг кўп олтин экспорт қилган мамлакатлар орасида иккинчи ўринни эгаллаганди.

Олимпиада-2024: Футбол бўйича Ўзбекистон термаси Испания жамоасига ютқазди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Париждаги Олимпиаданинг очилиш ўйинида футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2:1 ҳисобида Испания жамоасига мағлуб бўлди.

“Парк де Пренс” стадионида 24 июль куни бўлиб ўтган ўйинда ҳисобни 29-дақиқада испаниялик футболчи Марк Пубиль очди.

Биринчи тайм охирига бориб ўзбекистонлик футболчилар ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди – пенальтидан урилган голга жамоа сардори Элдор Шомуродов муаллифлик қилди.

Ўйиндаги сўнгги гол 62-дақиқада Серхио Гомес томонидан урилди.

С гуруҳидаги кейинги ўйинда Ўзбекистон термаси мисрлик футболчиларга қарши майдонга тушади. Мазкур учрашув 27 июль оқшомида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Самарқандда қурилиш ширкати 30 дан зиёд дарахтни кесиб ташлади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Самарқанд шаҳрида болалар боғчаси ҳудудида қўшимча бино қураётган қурилиш ширкати ноқонуний равишда 31 туп дарахтни кесиб ташлаган. Қонунбузарлик ҳолати Самарқанд вилояти Экология бошқармаси томонидан ўтказилган текширув чоғида аниқланган.

Экология бошқармаси матбуот хизматига кўра, боғча ҳудудида кесилган дарахтларнинг 30 тупи ҳукумат қарорига асосан қимматбаҳо навлари рўйхатига киритилган Элдор қарағайи (Пинус елдариcа), бир тупи эса кам қимматли терак дарахти бўлган. Дарахтлар ноқонуний равишда қурилиши режалаштирилган бинонинг ерости қисмини (котлован) қазиш вақтида кесиб ташлагани аниқланган.

Олиб борилган тезкор ўрганишлар жараёнида “Самарқанд махсус сув дренаж” МЧЖ томонидан дарахтларни ноқонуний тарзда кесиб ташлаши оқибатида табиатга 260 620 000 сўм зарар етказганлиги маълум бўлди”, дейилган бошқарма хабарномасида.

Ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этилган.

Ўзбекистон президенти 2021 йил 31 декабрь куни имзолаган фармонга мувофиқ, мамлакатда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган. Дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш ҳам тақиқланган.

Зангиотада ўгай қизини муттасил калтаклаб келган аёл жазоланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 13 яшар қизга мунтазам равишда жисмоний ва руҳий зўравонлик қилиб келган ўгай она жазоланган.

Болалар омбудсмани матбуот хизмати қайдича, ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки терговда Ш.С. исмли аёл 2010 йилда туғилган қизи С.Р. ни ўтган йил давомида муттасил равишда дўппослаб, унга нисбатан жисмоний ҳамда руҳий жиҳатдан азоб бериб, унда кучли қўрқув ҳосил қилиш йўли орқали ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, танасининг турли қисмларига тан жароҳатлари етказиб келгани аниқланган.

“Жорий йилнинг 5 июнь куни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судида мазкур жиноят иши юзасидан чиқарилган ҳукмга биноан, Ш.С. ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари (Қийнаш) ва 112-моддаси 3-қисми (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди ва мазкур жазо билан боғлиқ тегишли чекловлар ўрнатилди”, дейилган Болалар омбудсманининг 22 июль куни ёйинланган хабарномасида.

Иш ҳафтаси охиригача тўртта вилоятда сел кузатилиши мумкин

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 23-26 июль кунлари кутилаётган ёғин-сочин сел-сув тошқини ҳодисаларини юзага келтириши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумот тарқатди.

“Ўзгидромет” қайдича, сел ҳодисалари Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида ҳамда Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманларида ва Хонабод шаҳрида кузатилиши эҳтимоли бор.

Метеорологлар тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар ҳамда бу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан тошқин эҳтимолига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш ҳақида огоҳлантиришган.

Тошкент вилояти ва Фарғона водийси ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин”, дейилган “Ўзгидромет” хабарномасида.

Жорий йилнинг 14 июль куни Ўзбекистоннинг Андижон вилоятига қўшни бўлган Ўш шаҳрида катта сел ҳодисаси кузатилган, табиий офат оқибатида беш киши нобуд бўлган эди.

Моли вазир иштирокида реклама қилинган дўконга жарима солинди

Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида олинган реклама видеоролигидан скриншот
Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида олинган реклама видеоролигидан скриншот

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси KINGSMAN UZBEKISTAN дўконида сотилаётган кийим-кечакларни маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида реклама қилган “Boutique” МЧЖни жаримага тортди.

Жорий йилнинг 2 июлида вазир Назарбеков маҳаллий кийим брендининг реклама ролигида иштирок этгани акс этган видео тарқалган эди. Видео тарқалиши ортидан Рақобат қўмитаси ҳолат назоратга олингани, бу борада ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Орадан қарийб уч ҳафта ўтиб, қўмита ҳолат юзасидан махсус комиссия томонидан тегишли тартибда иш қўзғатилгани, ўрганиш натижаси бўйича комиссия KINGSMAN UZBEKISTAN бренди остида фаолият кўрсатувчи “Boutique” МЧЖ “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасини, яъни рекламада товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш бўйича тақиқ талабларини бузган, деб топганини очиқлади.

Пировардида, Рақобат қўмитаси қайдича, “Boutique” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган ҳамда унга қонунбузарлик ҳолатини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилган.

Айни пайтда қўмита маданият вазири Озодбек Назарбековнинг рекламада иштирокини реклама берувчи, реклама тайёрловчи ёки реклама тарқатувчи сифатида иштирок этганлиги аломатлари аниқланмаганини урғулаган.

О. Назарбеков томонидан рекламани ўз шахсий ижтимоий тармоқлари ва бошқа расмий тармоқлар орқали тарқатмаганлиги «Реклама тўғрисидаги» Қонунига асосан рекламанинг айланиши соҳасидаги иштирокчиси сифатида баҳоланмайди”, дейилган Рақобат қўмитаси хулосасида.

Ўзбекистон ТСАсида Хитой ва Россия ҳиссаси қарийб тенглашди

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида Хитойнинг ҳиссаси 18,5 фоизни, Россия ҳиссаси эса 18,1 фоизни ташкил қилган. Шу тариқа, бу икки давлат ҳамон Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари бўлиб қолмоқда.

Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2024 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон жаҳоннинг 186 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб, ташқи савдо айланмаси ҳажмини 31,8 млрд АҚШ долларига етказган.

Ўтган ярим йил мобайнида ТСАдаги экспорт улуши 13 миллиард долларни (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,5 фоизга кўп), импорт улуши эса 18,8 миллиард долларни (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,6 фоизга кўп) ташкил қилган.

Хитой ва Россиядан ташқари биринчи ярим йилликда Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан олди-бердиси 6 фоизга, Туркия билан 4,5 фоизга, Жанубий Корея билан эса 3,4 фоизга етган.

БП: “Чорвоқ”даги фожиали авария юзасидан жиноят иши қўзғатилди

"Чорвоқ" сув омборидаги скутерлар (иллюстратив сурат)
"Чорвоқ" сув омборидаги скутерлар (иллюстратив сурат)

“Чорвоқ” сув омборида икки кишининг ўлимига сабаб бўлган авария юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 260-моддаси (Темир йўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қайдича, мазкур авария 20 июль куни соат 14:30 ларда содир бўлган. Вазирлик хабарномасида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Чорвоқ” сув омборининг “Бурчмулла” сув ҳавзасига дам олиш мақсадида келган зангиоталик 19 ёшли фуқаро скутерни ҳайдаш вақтида бошқарувни эплай олмай, қаршисидаги катамаранга бориб урилгани, оқибатда катамаранда бўлган икки нафар фарғоналик фуқаро воқеа жойида вафот этгани маълум қилинган. Ижтимоий тармоқларда авария қурбони бўлган фарғоналикларнинг бири 26, яна бири 28 ёшда экани айтилган.

БП мулозими Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Нью-Йоркда ўзбекистонлик ўз оиласидан тўрт кишини ўлдирди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўзбекистонлик йигит ўз оила аъзоларидан тўрт нафарини ўлдирган.

New York Post нашри хабарига кўра, ҳодиса 19 июль куни Бруклиндаги Ғарбий саккизинчи кўчада содир бўлган. 24 ёшли йигит ўз онаси, келинойиси ва икки жиянини пичоқлаб ўлдирган.

Жума куни соат 22:20 ларда Нью-Йорк полицияси ходимлари шаҳар кўчаларидан бирида қотилликда гумонланаётган шахснинг онаси – бўйнига кўплаб марта пичоқ урилган 56 ёшли Мавлуда Файзиеванинг жасадини топишган.

Қотилликда гумонланаётган шахснинг жиянлари бўлмиш 5 яшар Камила ва 4 яшар Тимурнинг жасадлари эса уйдаги шкафга солинган қоп ичидан топилган.

Ўлдирилган болаларнинг онаси – 27 ёшли Мафтуна Ҳакимованинг жасади ҳам фарзандларининг жасади яқинида бўлган. Она ва болаларнинг жасадларида ҳам кўплаб пичоқ излари топилган.

Воқеа ортидан гумонланувчи ҳибсга олинган. Полициячилар фикрича, у руҳан носоғлом бўлиши мумкин. Айни пайтда нашр суҳбатлашган воқеа гувоҳларидан бири қотилликда гумонлаётган шахснинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб юрганини айтган.

Қашқадарёда уч нафар блогер қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди ҳукми билан 18 июль куни блогер Наргиза Келдиёрова 6 йил 6 ойга, блогер Дилдора Ҳакимова 6 йил 2 ойга ва блогер Шукрулло Парпиев 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Шунингдек, блогерларга жиноий шерикликда айбланган яна 4 нафар фуқаронинг ҳар бири 5 йилга озодликдан чеклаш билан жазоланди. Бу ҳақда Озодликка судда иштирок этган адвокатлардан бири маълум қилди.

Блогерлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддасида (Товламачилик) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.

Бундан ташқари, блогер Наргиза Келдиёровага Жиноят кодексининг 155-моддаси (Терроризм) ва 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Республикаси президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) бўйича айблов қўйилган.

Жиноят иши материалларига кўра, Келдиёрова хусусан Қозоғистондаги оммавий тартибсизликлар ҳақида ижтимоий тармоқларда фикр билдириб, уни қўллаб-қувватлаган ва бу билан қонунчиликдаги терроризм жиноятини содир этган.

Блогерларга нисбатан суд томонидан белгиланган жазо муддатлари умумий тартибдаги колонияларда ўталиши билдирилган.

Шавкат Мирзиёев Урсула фон дер Ляйенга табрик мактуби йўллади

Урсула фон дер Ляйен
Урсула фон дер Ляйен

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Урсула фон дер Ляйенни Европа комиссияси президенти лавозимига қайта сайлангани муносабати билан табриклаб, унга мактуб йўллаган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

Асадовга кўра, Мирзиёев ўз мактубида Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда Европа Иттифоқи билан кенг қамровли муносабатларини сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтаришда, “Ўзбекистондаги ортга қайтмас тус олган демократик ва иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда Еврокомиссия Президентининг улкан шахсий ҳиссаси бор”лигини урғулаган.

Мактубда Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан муносабатларда мутлақо янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимни тез орада имзолаш тарафдори экани қайд этилган.

Яқин келажакда Самарқанд шаҳрида биринчи “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” саммити ўтказилиши минтақавий алоқаларимизни манфаатли лойиҳалар ва дастурлар билан бойитиш йўлида муҳим амалий қадам бўлишига аминман", дейилган президент Мирзиёев мактубида.

Германиялик сиёсатчи Урсула фон дер Ляйен номзоди 18 июль куни Европарламент томонидан яна беш йилга Европа комиссияси раҳбари лавозимига тасдиқланган эди. Маълумотларга кўра, Европарламентдаги 720 депутатдан 401 нафари Урсула фон дер Ляйен номзодини ёқлаб, овоз берган. Бу Европа комиссияси президенти бўлиш учун зарур бўлган овоз миқдоридан 40 тага кўпдир. Яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда 284 нафар депутат Урсула фон дер Ляйенга қарши овоз берган, депутатлардан 15 нафари эса овоз беришдан тийилган.

Аввалроқ ЕИга аъзо давлатлар раҳбарлари ҳам Урсула фон дер Ляйен номзодини маъқуллаган эдилар.

“Бахти Ташкентский” 20 йилга озодликдан маҳрум этилди

"Бахти Ташкентский" лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев (Тошкент шахар ИИББ фотоси)
"Бахти Ташкентский" лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев (Тошкент шахар ИИББ фотоси)

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди 19 июль куни жиноят оламида “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва унинг яқинлари дохил 37 нафар судланувчига нисбатан ўз ҳукмини очиқлади.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича айбдор деб топилган Бахтиёр Қудратуллаев, суд ҳукмига кўра, 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Аввалроқ прокурор 44 та эпизод бўйича айбланаётган “Бахти Ташкентский”га 20 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраганди.

53 ёшни қоралаган Бахтиёр Қудратуллаев ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида қўлга олинган эди. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИО ходимини қонуний талабини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган ва 15 суткага қамалган.

Декабрь ойи бошида Тошкент шаҳар ИИББ Бахтиёр Қудратуллаев 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик), 276-модда 2-қисмида (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш) ҳам гумонланаётганини билдирганди.

“Бахти Ташкентский” ва яна 36 кишининг жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни жорий йилнинг 3 июнида Юнусобод туман суди биносида бошланган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG