Линклар

Шошилинч хабар
24 октябр 2021, Тошкент вақти: 23:08

Ўзбекистон хабарлари

Водий сафаридан қайтган Мирзиёев ўқитувчиларни байрам билан табриклади

Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларига уч кунлик сафар ортидан 29 сентябрь оқшомида Тошкентга қайтган президент Шавкат Мирзиёев ўзбекистонлик устоз ва мураббийларга табрик йўллади.

1 октябрь – устоз ва мураббийлар куни муносабати билан йўлланган ҳамда матни президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган табрикномада Ш. Мирзиёев ўз қутловини “бутун эл-юртнинг чексиз ҳурмат ва эҳтироми рамзи сифатида қабул этиш”ни сўраган.

“Ушбу қутлуғ айёмда сиз, заҳматкаш устозларга кўнглимизда, юрагимизда бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларни сўз билан тўлиқ ифода этиш қийин, албатта. Чунки сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир”, дейилган президент табрикномасида.

Мамлакатда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилаётганини урғулаган Ш. Мирзиёев мактабгача таълим, бошланғич ва ўрта таълим ҳамда олий таълимда эришилган ютуқлар ва ўтказилаётган ислоҳотлардан баҳс этган.

“Таълим соҳасининг яна бир муҳим вазифаси – фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, Ватан ва халқ манфаатларини қатъий ҳимоя қила оладиган, замонавий, кенг фикрлайдиган ёшлар авлодини шакллантиришдан иборат. Шу сабабли “Узлуксиз таълим тизимида ижтимоий фанларни ўқитиш тартиби ва тамойиллари концепцияси”ни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш объектив заруратга айланмоқда, деб ўйлайман”, деган президент ўз табригида.

Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳлар профессор-ўқитувчилари ҳамда илм ва ижод билан шуғулланаётган зиёлиларни бугун Ўзбекистон интилаётган “Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни” эканини таъкидлаган Ш. Мирзиёев “муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини тиклаш, машаққатли ва шарафли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича бошланган ишларни янги поғонага кўтаришга ваъда берган.

Куни кеча Фарғона вилоятида сайловчилар билан учрашув чоғида ҳам амалдаги президент ва президентликка номзод Ш. Мирзиёев Ўзбекистонда “муаллимнинг маошини 1000 долларга етказмагунча тўхтамайман”, дея аввалги ваъдасини такрорлаган. Бундай ваъда илк бор президент тилидан ўтган йил август ойида мустақилликнинг 29 йиллигига бағишланиб Кўксаройда ўтказилган тантанали маросимда янграганди.

Кун янгиликлари

Президент учун овоз бериш жараёни якунланди

Шавкат Мирзиёев оиласи билан сайлов участкасига келган пайтда олинган сурат.

Ўзбекистонда президент сайловида овоз бериш жараёни 20:00 да якунланди.Марказий сайлов комиссияси ҳозирча дастлабки натижаларни эълон қилгани йўқ. Дастлабки расмий маълумотлар 25 октябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Айни пайтда вақт тафовути туфайли хориж давлатлари, жумладан, Европа ва АҚШда ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш давом этмоқда.

Марказий сайлов комиссияси соат 17:00 ҳолатига кўра, сайловчилардан 14 миллион 258 минг 780 нафари ёки 71.8 фоизи овоз берганини маълум қилган.

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Бахром Қўчқоров овоз бериш жараёни бошланганидан уч соат ўтгач, яъни соат 11:00 да Ўзбекистон президентлигига сайлов бўлиб ўтгани тўғрисида баёнот берди.

Унга кўра, соат 11:00 гача рўйхатга олинган 19 миллион 859 минг 127 сайловчидан 6 миллион 669 минг 552 нафари ёки 33, 6 фоизи овоз берган.

Сайлов кодексининг 96 -моддасига мувофиқ, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса сайлов ўтган ҳисобланади.

Қамоқхоналардаги маҳбуслар ва маҳкумлар президентлик сайловида овоз берди

Ўзбекистондаги тергов изоляторларида ва қамоқхоналарда сақланаётган маҳбуслар ҳамда маҳкумлар 24 октябрда ўтган президентлик сайловларида овоз бериш ҳуқуқидан илк маротаба фойдаланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Марказий сайлов комиссиясида ўтган брифингда маълум қилди.

Унга кўра, тергов изоляторлари ва қамохонларда сақланаётганларнинг 8677 нафари овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган. Улар Жиноят кодексига асосан 3 йилгача ва эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этгани учун 5 ва ундан кўпроқ йилга қамалган шахслардир.

Сайловда овоз берганларнинг 6819 нафари тергов ҳибсхоналарида сақланаётган маҳбуслардир.

Маҳбуслар ва маҳкумлар овоз бериши учун тергов ҳибсхоналарида 12 та, жазони ижро этиш колонияларида 4 та ва манзил-колонияларида 2 та, жами 18 та сайлов участкаси ташкил этилди.

Маҳбуслар ва маҳкумларнинг овоз бериш ҳуқуқи қайта тикланиши тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 7 декабрида - Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган анжумандаги чиқишида билдирган эди.

МСК Тошкент вақти билан соат 11 да президентлик сайлови бўлиб ўтгани тўғрисида баёнот берди

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Бахром Қўчқоров Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон президентлигига сайлов бўлиб ўтгани тўғрисида баёнот берди.

“Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96 -моддасига мувофиқ, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса сайлов ўтган ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Участка ва округ сайлов комиссияларидан олинган маълумотларга эътибор қаратсак соат 11- 00 га қадар сайловчиларнинг 6 миллион 669 минг 552 нафари ёки 33, 6 фоизи овоз берди. Демак жорий сайловлар ўтган деб ҳисобланади ва бу билан барча сайлов жараёни иштирокчиларини табриклаймиз”,-деди Бахром Қўчқоров Марказий сайлов комиссиясида ўтказилган брифинг чоғида.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев президентлик сайловининг овоз бериш жараёнида қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилмаганини ва сайлов “демократик тамойилларга асосланган ҳолда” ўтаётганини иддао қилди.

Марказий сайлов комиссияси 24 октябрь соат 9:00 гача рўйхатга олинган 19 миллион 859 минг 127 сайловчидан 2 миллион 439 минг 291 нафари, ёки 12,3 фоизи овоз берганини билдирган эди.

Президентлик сайловида соат 9:00 гача сайловчиларнинг 12,3 фоизи овоз берди

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, соат 9:00 гача сайловчиларнинг 12,3 фоизи овоз бериб бўлди.

Марказий сайлов комиссияси билдирувида таъкидланишича, рўйхатга олинган 19 миллион 859 минг 127 сайловчидан 2 миллион 439 минг 291 нафари, ёки 12,3 фоизи овоз берган.

Соат 9 гача сайловчиларнинг фаоллиги Фарғона вилоятида (16,9 фоиз) ва Андижон вилоятида (16,1 фоиз) кузатилди.

Энг оз кўрсаткич Тошкент шаҳрида (7,2 фоиз), Навоий вилоятида (8,1 фоиз) ва Тошкент вилоятида (8,6 фоиз).

МСК раиси сайлов “демократик тамойиллар асосида ўтаётгани”ни иддао қилди

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев. МСК фотоси.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев президентлик сайловининг овоз бериш жараёнида шу соатгача қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилмаганини ва сайлов “демократик тамойилларга асосланган ҳолда” ўтаётганини иддао қилди.

Маҳаллий матбуотнинг билдиришича, овоз бериш жараёнининг биринчи соатларидаги ҳолат юзасидан журналистларга ахборот берган Зайниддин Низомхўжаев сайловни 971 халқаро кузатувчи, партиялардан 53 700, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 10 700 кузатувчи кузатиб бораётганини, жараённи маҳаллий ва хорижий ОАВларнинг 1670 вакили ёритаётганини айтган.

24 октябрь куни эрталаб соат 8:00да мамлакатдаги 10 761 та сайлов участкасида сайлов бошланди. Бундан ташқари дунёнинг 37 та мамлакатида 54 та сайлов участкаси ташкил этилди.

“Токио ва Сеулда Тошкент вақти билан эрталаб соат 04:00 да бошланган овоз бериш жараёни 25 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 06:00 да Нью-Йоркда якунланади”, — деди расмий.

Унга кўра, сайловчиларнинг умумий сони 19 миллион 859 минг 127 кишини ташкил этмоқда.

Тошкент – Москва “Агроэкспресс”и ноябрдан қатнай бошлайди. Лойиҳага Қозоғистон ҳам қўшилди

Тошкентдан Москвага “Агроэкспресс” поезди ноябрь ойининг ўрталаридан қатнай бошлайди. Мазкур лойиҳага Қозоғистон ҳам қўшилди. Бу ҳақда 23 октябрь куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, биринчи поезд Москвага Ўзбекистондан сарҳил мева ва сабзавотларни элтиб беради.

Умрзоқов мазкур лойиҳага Қозоғистон ҳам қўшилганини, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари дастлаб Қозоғистонга ва Қозоғистондан Россияга етказиб берилишини таъкидлади.

Унга кўра, бундай тизим маҳсулотларнинг Россияга тез ва самарали етказилишини таъминлайди.

Айни пайтда “Агроэкспресс” Москвадан Тошкентга буғдой, ун ва гўшт маҳсулотларини олиб келади.

Сентябрнинг охирларида Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги “Агроэкспресс” лойиҳаси ноябрь ойида синов қатновини амалга ошириши ва декабрь ойидан эса тўлиқ ишга туширилиши тўғрисида маълум қилганди.

Коронавирус юқтириш ҳолатлари бўйича Тошкент шаҳри олдинда бормоқда

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 183 569 кишига етди.

Ўзбекистонда 23 октябрь куни яна 380 киши коронавирусга чалинди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Сурхондарё вилоятидан ташқари барча ҳудудларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилди.

Янги касалланиш ҳолатлари бўйича биринчи учликда Тошкент шаҳри (108 бемор), Тошкент вилояти (104 бемор) ва Самарқанд вилояти (36 бемор) бормоқда.

23 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 183 569 кишига етди.

Сўнгги бир сутка ичида 2 бемор вафот этди ва расман коронавирусдан ўлганлар сони камида 1304 кишини ташкил қилмоқда. Беморлардан 179 222 нафари соғайди.

Президент сайловида овоз бериш жараёни бошланди

Ўзбекистонда 24 октябрь куни соат 8:00 дан президент сайловлари бошланди. Барча сайлов участкаларида овоз бериш жараёни 20:00гача давом этади.

Сайловда беш номзод: Экология партиясидан Нарзулла Обломурадов, “Адолат” партиясидан Баҳром Абдуҳалимов, Либерал-демокрталар партиясидан Шавкат Мирзиёев, Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова ва “Миллий тикланиш” партиясидан Алишер Қодиров иштирок этмоқда.

Номзодларнинг барчаси жорий ҳукумат сиёсатини маъқуловчилардир.

Ўзбекистондаги президентлик сайловини кузатаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси оралиқ ҳисоботида номзодлар ўртасида рақобат йўқ, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмайди, деб билдирган.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси 14–20 октябрь кунлари 421 618 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз бергани ҳақда маълум қилди.

Ўзбекистонда картошка бир ҳафтада 43 фоизга қимматлади

Мева ва сабзавот бозоридаги аҳволни кузатиб борадиган East Fruit нашри ўтган бир ҳафта ичида Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархи 43 фоизга ошгани ҳақда хабар қилди.

2021 йил 14 октябрдан 21 октябргача бўлган даврда Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархи 3500 дан 5000 сўмга кўтарилган.

Ҳозирги нархлар даражаси эса 2020 йилнинг худди шу санаси билан таққослаганда 39% ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 2, 2 баравар юқоридир.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари 19 октябрь куни озиқ -овқат нархининг кўтарилишини жиловлаш учун ҳукумат бир қатор озиқ -овқат маҳсулотлари, жумладан, картошка импорти ва сотилишига ҚҚСни бекор қилишни маъқуллаган эди.

Қуйи палата депутатлари томонидан қабул қилинган ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 10 октябридан 31 декабригача гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш бўйича айланмалари ҚҚСдан озод қилинади.

Ўзбекистонда паловдан ташқари деярли барча таомлар картошка солиб пиширилади. Шу сабабдан унинг нархи кўтарилиши кўп оилаларни танг аҳволга солиб қўйиши тайин.

МСК: ярим миллионга яқин сайловчи муддатидан олдин овоз берган

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 14–20 октябрь кунлари 421 618 нафар сайловчи Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бергани ҳақда маълум қилди.

Комиссиянинг билдириича, сайлов кодексининг 57-моддаси асосида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар 14–20 октябрь кунлари давомида муддатидан олдин сайловда қатнашган.

Муддатидан олдин овоз берган 421 618 нафар сайловчидан 301 094 нафари Ўзбекистондаги сайлов участкаларида, 120 524 нафари эса чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз беришган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, мамлакат бўйлаб 14та сайлов округларида 10 мингга яқин, шу жумладан Ўзбекистоннинг хорижий дипломатик ваколатхоналаридаги сайлов участкалари сайловчиларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилган.

24 октябр кунига белгиланган сайловларда Ўзбекистоннинг жорий президенти ҳамда мамлакатда расман қайддан ўтган яна тўрт сиёсий партиядан номзод қатнашади.

Номзодларнинг барчаси жорий ҳукумат сиёсатини маъқуловчилардир.

Ўзбекистондаги президентлик сайловини кузатаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси оралиқ ҳисоботида номзодлар ўртасида рақобат йўқ, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмайди, деб билдирган.

Ўзбекистонда сайловдан олдин “сукунат куни" эълон қилинди

23 октябрь куни Ўзбекистонда “сукунат куни” эълон қилинди. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ушбу кунда номзодлар сайловолди ташвиқот тадбирларини тўхтатиши лозим. Бино, кўчаларга ўрнатилган плакат ёки баннерлар сайлов комиссияси вакиллари иштирокида ечиб олинади.

24 октябр кунига белгиланган сайловларда Ўзбекистоннинг жорий президенти ҳамда мамлакатда расман қайддан ўтган яна тўрт сиёсий партиядан номзод қатнашади.

Номзодларнинг барчаси жорий ҳукумат сиёсатини маъқуловчилардир.

Ўзбекистондаги президентлик сайловини кузатаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси оралиқ ҳисоботида номзодлар ўртасида рақобат йўқ, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмайди, деб билдирган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, мамлакат бўйлаб 14та сайлов округларида 10 мингга яқин, шу жумладан Ўзбекистоннинг хорижий дипломатик ваколатхоналаридаги сайлов участкалари сайловчиларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилган.

Мухолифатдаги "Эрк" партияси сайловни "амалдаги президентни ҳокимиятда қолиши учун уюштирилган томоша" деб атаб, уни бойкот қилишга чақирган.

МСК сайлов бюллетенини расмга олиб, тармоқларда тарқатишни тақиқлади

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенини суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаш қатъиян тақиқланишини маълум қилди.

Комиссия баёнотига кўра, сайлов бюллетенини овоз бериб бўлгач суратга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаштириш сайловнинг яширин овоз бериш принципини бузишни англатади.

МСК барча сайлов участкаларидаги овоз бериш кабиналарига суратга олишни тақиқлаш тўғрисидаги плакатлар жойлаштирилаётганини хабар қилган.

“Ҳурматли фуқаролар, сайловнинг яширин овоз бериш принципини сақлаган ҳолда, сайлов бюллетенини овоз бериб бўлгач, суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирмаслигингиз сўралади”, – дейилади Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмий ахборотида.

Президент сайлови 24 октябр, якшанба куни бўлиб ўтади.

ССВ: Коронавирус қурбонлари сони 1 минг 300 нафарга етди

Ўзбекистонда 21 октябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 3 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 300 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 398 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 182 минг 819 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда пайшанба куни Наманган шаҳридан ташқари барча ҳудудларда 376 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 178 минг 695 нафарга етган.

ССВ маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда яна 14 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 602 киши пневмонияга чалинган. Булардан 26 минг 90 нафари соғайиб чиққан, 233 нафари эса вафот этган.

Марказий банк: Ўзбекистонда йиллик инфляция кўрсаткичи тақрибан 11 фоизга етди

Жорий йилнинг сентябрь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция 10,8 фоизни ташкил этган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Марказий банк матбуот хизмати бунинг базавий сценарий доирасидаги прогноз кўрсаткичларидан бироз юқорилигини урғулаган.

Регулятор кўплаб давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам умумий инфляцияга нисбатан юқори даражаларда сақланиб қолаётганига эътибор қаратган.

МБ қайдича, биринчи навбатда, бу озиқ-овқат нархлари ва ёқилғи маҳсулотлари нархлари ўсишининг юқори суръатлари кузатилаётганлиги билан изоҳланади.

“Сентябрь ойи якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари йиллик ҳисобда 14,4 фоизга ўсган бўлса, ёқилғи маҳсулотлари 23,2 фоизга ўсди. Ушбу гуруҳ маҳсулотлари нархлари ўсиши умумий инфляциянинг пасайиш тенденциясига салбий таъсир кўрсатган асосий омиллардан ҳисобланади”, дейилган Марказий банк хабарномасида.

Фотиҳ Жалолов сатира театри директори лавозимига тайинланди

Фотиҳ Жалолов (Маданият вазирлиги фотоси)

Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист Фотиҳ Жалолов Ўзбекистон давлат сатира театри директори этиб тайинланди.

Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, янги директорни театр жамоасига 19 октябрь куни маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов таништирган.

Кино ва театр актёри Фотиҳ Жалолов 1984 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтинининг актёрлик факультетини тамомлаган.

Вазирлик қайдича, ўз меҳнат фаолиятини 1986 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институти “Қўғирчоқ актёри маҳорати” кафедрасида ўқитувчиликдан бошлаган Фотиҳ Жалолов бугунга қадар Маданият вазирлигининг тизим ташкилотларида турли вазифаларда фаолият юритган. Фаолияти давомида у бир муддат Маданият ва спорт ишлари бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари вазифасида ҳам ишлаган ҳамда “Ўзбекфильм” бош директори вазифасини бажариб турган.

COVID-19 га қарши эмланган талабалар учун контракт бўйича чегирма муддати икки ҳафтага узайтирилди

Коронавирус инфекциясига қарши эмланган ва сертификат тақдим этган талабаларнинг барчасига контракт тўлашда 10 фоизлик чегирма бериш муддати икки ҳафтага узайтирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларида (бакалавриат ва магистратура) ўқийдиган ва жорий йилнинг 1 ноябрига қадар коронавирус инфекциясига қарши эмланган талабаларга 2021/2022-ўқув йили учун белгиланган стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига 10 фоиз чегирма берилиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Вазирлик қарори билан эндиликда контракт тўламоқчи бўлган талабалар бу имкониятдан 15 ноябрга қадар фойдаланиши мумкин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олдинроқ чегирма беришга оид чора “пандемия шароитида республика аҳолисининг тўлов қобилияти пасайганлигини ҳисобга олиб, фарзанди тўлов-контракт асосида ўқийдиган оилаларга енгиллик яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида истисно тариқасида” қабул қилинаётганини урғулаган.

Сенаторлар гўшт ва картошкани ҚҚСдан озод қилишга оид қонунни маъқуллашди

Сенат аъзолари куни кеча бўлиб ўтган ялпи мажлисда гўшт, картошка ва музлатилган балиқ импорти ва реализациясини қўшилган қиймат солиғидан озод қилишга оид қонун лойиҳасини маъқулладилар.

“Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун, юқори палата матбуот хизмати маълумотига кўра, “гўшт маҳсулотлари ва асосий истеъмол маҳсулоти бўлмиш картошкага бўлган талаб ва нархлар барқарорлигини таъминлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш мақсадида” кўриб чиқилган.

Қонун билан мамлакат Солиқ кодексининг 483-моддасига жорий йил 10 октябридан 31 декабрига қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотлари, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ҳамда уларни реализация қилиш бўйича айланмалар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича қўшимча норма киритиш кўзда тутилган.

Мажлисда гўшт ва картошка ҚҚСдан озод қилиниши ортидан бюджет 250 миллиард сўмдан кўпроқ даромаддан маҳрум бўлиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Сенаторлар кўриб чиққан мазкур қонун лойиҳаси 19 октябрь куни Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинган эди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, сентябрь ойида товуқ гўшти 1,9-2,8 фоизга, қўй ва мол гўшти 1,8 фоизга, картошка эса 7,8 фоизга қимматлаган.

МБ бир йилдан буён ўзгармаган асосий фоиз ставкасини яна 14 фоиз даражасида қолдирди

Марказий банкнинг асосий биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг 21 октябрь куни ўтказилган йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

МБ матбуот хизмати маълумотига кўра, бу қарор иқтисодий ўсиш суръатларининг жадаллашиб бориши ва нархларни оширувчи омилларнинг сақланиб қолаётганлиги шароитида йил якунига қадар инфляция даражасини 10 фоизгача пасайтириш ва келгусида 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш мақсадида олинган.

Регулятор иддаосича, жорий йил бошидан бошлаб иқтисодий фаолликнинг жадаллашуви ва пандемия билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиб бориши ҳисобига ички ва ташқи талаб динамикасида ижобий тенденциялар кузатиляпти.

Марказий банк 2021 йил 9 ойи якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6,9 фоизни ташкил этгани, аҳоли даромадлари реал ҳисобда 10,4 фоизга ошганини қўшимча қилган.

“Шу билан бирга, иқтисодиётнинг айрим соҳаларида иқтисодий фаолликнинг пандемияга қадар бўлган даврдаги даражасигача тикланиши узоқроқ муддатни талаб этмоқда. Ички ва ташқи туризм, транспорт хизматлари, автомобиль ишлаб чиқариш (ўтган йил 9 ойга нисбатан 32,4 фоизга пасайган) ва умумий овқатланиш соҳалари ҳали ҳам 2019 йил даражасига етгани йўқ”, дейилган МБ хабарномасида.

Марказий банк Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2021 йилнинг 9 ойида 5,7 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига (4,3 млрд. доллар) нисбатан 34,2 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (4,5 млрд. доллар) нисбатан эса 29 фоизга ўсганини урғулаган.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаган, ўтган йилнинг октябрь ва декабрь ойларида, шунингдек, 2021 йил 21 январи, 11 марти, 22 апрели, 10 июни, 29 июли ва 9 сентябрида бу кўрсаткични ўзгаришсиз қолдирганди.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги йиғилиши 2021 йилнинг 9 декабрида ўтказилиши кутилмоқда.

Марҳум муфтий Усмонхон Алимов яна дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони рўйхатига киритилди

Муфтий Усмонхон Алимов шу йилнинг август ойи ўртасида оламдан ўтган эди

Ўзбекистоннинг марҳум муфтийси Усмонхон Алимов бундан уч ой муқаддам вафот этганига қарамай, бу йил ҳам “Жаҳондаги энг нуфузли 500 мусулмон” рўйхатига киритилди. Мазкур рўйхат Уммондаги Қироллик Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2009 йилдан бери эълон қилиб келинади. Бунгача У. Алимов мазкур рўйхатга 11 марта киритилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов шу йил 15 августида Москвадаги клиникалардан бирида вафот этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Шифокорлар унинг вафотига COVID-19 сабаб бўлганини тасдиқлашган. У. Алимовдан бўшаган ўринга куни кеча 2019 йилдан буён Тошкент шаҳри бош имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган 53 ёшли Нуриддин Холиқназаров тайинланган эди.

“The Muslim 500”нинг бу йилги рўйхатида биринчи ўринни Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал Соний эгаллаган. Ундан кейинги ўринларга Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз ҳамда Эроннинг олий руҳоний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий қўйилган.

Илк бешликдан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Урдун қироли Абдулла II каби сиёсатчилар ҳам жой олишган.

Жаҳондаги нуфузли мусулмонлар рўйхатида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Уламолар кенгаши раҳбари Сайидмукаррам Абдулқодирзода, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Чеченистон президенти Рамзан Қодиров номларига дуч келиш мумкин.

Бу йилги рўйхатга ҳатто “Толибон” террор ҳаракати етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода ҳам киритилган, бироқ унда Ўзбекистон президенти исми зикр этилган эмас.

COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга Sinovac вакцинасидан яна 912 минг доза келтирилди

Хитойда ишлаб чиқарилган Sinovac вакцинаси (иллюстратив сурат)

ЖССТ, GAVI ва CEPIvaccines ҳамда UNICEFни бирлаштирган глобал ташаббус бўлмиш COVAX дастури доирасида 21 октябрь куни Ўзбекистонга яна 912 минг доза Sinovac вакцинаси олиб келинган. Бу ҳақда UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълумот тарқатди.

Ўзбекистонга 20 октябрь куни Хитойда ишлаб чиқарилган Sinovac вакцинасидан 864 минг доза олиб келингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Ҳар икки партия ҳам COVAX дастури доирасида келтирилгани учун бу вакциналар Ўзбекистонга бепул тақдим этилганини айтиш мумкин.

Ўтган ҳафта Туркия ҳукумати ҳам Ўзбекистонга беғараз ёрдам сифатида коронавирусга қарши Sinovac вакцинасидан 200 минг доза йўллаган эди.

Шу тариқа мамлакатга келтирилган Sinovac препаратлари сони 1 миллион 976 минг дозага етган.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёни жорий йилнинг апрель ойидан бошланган. Эмлаш жараёнида юқорида зикр Sinovac вакцинасидан ташқари яна беш хил препарат қўлланилмоқда. Булар ZF-UZ-VAC2001 (Хитой), AstraZeneca (Британия), Спутник V (Россия), Moderna (АҚШ) ҳамда Pfizer/BioNTech (АҚШ/Германия) вакциналаридир.

Бугунги партия ортидан Ўзбекистонга келтирилган ва мамлакатда ишлаб чиқарилган вакцина миқдори, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 34 миллион 951 минг 358 дозага етган, бундан 24 миллион 506 минг 587 дозаси эмлаш жараёнида қўлланилган.

Тарихий обидаларни асраш учун масъул бўлган агентликнинг вазифалари белгилаб берилди

Хива манзараси

Ўтган ҳафта Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорни қабул қилди.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, қуйидагилар Маданий мерос агентлигининг вазифалари этиб белгиланган:

  • моддий маданий мерос объектлари давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш;
  • моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга ошириш, буюртмачи функциясини бажариш;
  • миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш;
  • тарихий-маданий ҳудудларни муҳофаза қилиш;
  • археология тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш;
  • маданий бойликларни муҳофаза қилиш, шу жумладан уларнинг Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқилиши ва унинг ҳудудига олиб кирилиши бўйича сертификат бериш ва бошқалар.

Қарор билан Маданий мерос агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унда агентликнинг ҳуқуқий мақоми, тузилмаси, асосий вазифалари ва функциялари, фаолиятини ташкил этиш тартиби, агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, ўз таркибий бўлинмалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, агентлик раҳбарларининг функционал вазифалари ва жавобгарлиги, Агентлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари, Агентлик фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш кабилар акс этган.

Ҳукумат қарорида қайд этилишича, агентлик моддий маданий мерос, музейлар, археология, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Маданий мерос агентлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Ҳукумат қарори шу йил 16 октябридан кучга кирган.

Мирзиёев ватандошларини "Ўзбек тили байрами" билан қутлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбек тили байрами” муносабати билан ватандошларига табрик йўллади. Табрик матни президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган.

Қутлов аввалида мамлакатда ўзбек тилининг қадри ва нуфузини янада ошириш борасида юритилаётган сиёсат ва амалий ишлардан баҳс этган Мирзиёев унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида ўзбекистонликлар олдида катта ва масъулиятли вазифалар турганини урғулаган.

Президентга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда яшаётган турли миллат вакиллари ва чет эл фуқароларида ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ва эътибор ортиб бораётганини ҳисобга олиб, улар учун махсус дарслик, луғат ва қўлланмалар, видео ва аудиоматериаллар ҳажмини ошириш бўйича ишларни янада кучайтириш зарур.

“Ўзбек тили жонажон Ватанимизда яшаётган барча фуқароларимиз учун азиз ва қадрли тилга айланиши, унинг жозибадорлигини ошириш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этишимиз, бу мақсадда нафақат маънавий, шу билан бирга, моддий рағбатлантириш чораларини ҳам кенг қўллашимиз даркор”, деган Ш. Мирзиёев.

Давлат тилига оид барча маълумотларни ўзида жамлаган Ўзбек тили миллий корпусини яратишни тезлаштириш, ўзбек тилини Интернет глобал тармоғида оммалаштириш ва ушбу маконда мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлаш, дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловаларини яратиш ишларини жадаллаштириш ҳам, президентга кўра, ўзбекистонликлар олдида турган долзарб вазифадир.

Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақомини беришга оид қонун 1989 йилнинг 21 октябрида қабул қилинган.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасида ягона давлат тили сифатида ўзбек тили тан олиниши белгилаб қўйилган. Қонун 1995 йил 21 декабрида Ўзбекистон Олий Мажлисининг қарори ва президент фармони билан янги таҳрирда қабул қилинган.

Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 10 апрелида “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди.

Мазкур қонунга асосан, ҳар йили 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонланади.

Расмий Тошкент Толибон ҳукуматини тан олиш шартларини очиқлади

Ўзбек-афғон чегарасидаги кўприк

Толибон иқтидори расмий Тошкент томонидан тан олинишининг шартларидан бири Афғонистонда жамиятнинг барча сиёсий кучларини тамсил этган ҳукумат тузилишидир. Бу ҳақда, Россия ва Ўзбекистон матбуотининг ёзишича, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев 20 октябрь куни Москвада маълум қилган.

Чоршанба куни бошланган Афғонистон бўйича Москва формати маслаҳатлашувларида Ўзбекистон дохил 10 мамлакат вакиллари иштирок этмоқда.

Эргашев ўз сўзида Толибон ҳукумати Ўзбекистон томонидан тан олиниши учун уларнинг Доха шартномаси бўйича ўз мажбуриятларининг бажариши, фундаментал инсон ҳуқуқлари ва аёллар ҳуқуқларининг таъминланиши ҳамда террорчиларнинг Афғонистон ҳудудидан қўшни мамлакатларга таҳдид сифатида фойдаланишига йўл қўйилмаслиги каби шартларни ҳам санаган.

Буларни санар экан, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ҳозирча расмий Тошкент “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукуматни тан олишга ҳозирча имконият кўрмаётганини урғулаган.

Ўзбек расмийлари “Толибон” ҳукуматини де-юре тан олмаганларини таъкидлаётган бўлсалар-да, де-факто улар билан фаол ҳамкорлик қилишни канда қилаётганлари йўқ. Бу тутум, масалан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ўзбек делегациясининг 7 октябрь куни Афғонистонга сафар қилиб, Толибон тузган ҳукумат вакиллари билан музокаралар олиб бориши, 16 октябрь куни Абдул Салом Ҳанафий бошчилигидаги Толибон делегациясининг Термиз шаҳрига келиб, ўзбек расмийлари билан учрашиши кабиларда акс этмоқда.

Олтин-валюта захиралари миқдори 1 миллиард доллардан кўпроққа камайди

Ўзбекистоннинг ялпи халқаро захиралари жорий йилнинг сентябрь ойида 1,02 миллиард долларга ёки 2,9 фоизга камайган.

Марказий банк қайдича, 1 октябрь ҳолатига кўра, захиралар 34 миллиард 414 миллион 300 минг долларни ташкил этган. 1 сентябргача бу кўрсаткич 35 миллиард 433 миллион 500 долларга тенг бўлганди.

МБ захира активлар камайишига олтин нархининг арзонлагани сабаб бўлганини билдирган.

“Бунда олтин нархининг ўтган ойга нисбатан 1814,30 доллардан 1730,95 долларгача пасайишининг таъсири 1,03 млрд. долларни ташкил қилди”, дейилган Марказий банк хабарномасида.

Регулятор маълумотига кўра, захираларнинг 21 миллиард 344 миллион 700 минг доллари олтин шаклида, 11 миллиард 950 миллион 400 минг доллари эса хорижий валюта ва депозитлар шаклида сақланмоқда.

Олтин-валюта захираси ҳар бир мамлакатнинг “қора кун”га асралган мулки бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистонга Sinovac вакцинасидан яна 864 минг доза келтирилди

Коронавирусга қарши Sinovac вакцинаси Хитойда ишлаб чиқарилган

Ўзбекистонга 20 октябрда Хитойда ишлаб чиқарилган Sinovac вакцинасидан 864 минг доза олиб келинган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур партия қайси мамлакатдан келтирилганига аниқлик киритган эмас.

“Газета.uz” нашри ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда ушбу вакцина GAVI Халқаро вакциналар альянсининг COVAX дастури доирасида юборилгани ҳақида ёзди.

Ўтган ҳафта Озодлик Туркия ҳукумати Ўзбекистонга беғараз ёрдам сифатида коронавирусга қарши Sinovac вакцинасидан 200 минг доза йўллагани ҳақида хабар қилганди.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёнига шу йил апрелида старт берилган. Эмлаш жараёнида юқорида зикр Sinovac вакцинасидан ташқари яна беш хил препарат қўлланилмоқда. Булар ZF-UZ-VAC2001 (Хитой), AstraZeneca (Британия), Спутник V (Россия), Moderna (АҚШ) ҳамда Pfizer/BioNTech (АҚШ/Германия) вакциналаридир.

ССВ қайдича, бугунги партия ортидан Ўзбекистонга келтирилган ва мамлакатда ишлаб чиқарилган вакцина миқдори 31 миллион 283 минг 538 дозага етган, бундан 24 миллион 300 минг 975 дозаси эмлаш жараёнида қўлланилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG