Линклар

Шошилинч хабар
27 сентябр 2021, Тошкент вақти: 20:56

Ўзбекистон хабарлари

Ходимлари эмланган масжидларда шу ҳафтадан бошлаб жума намози ўқилишига рухсат этилади

Ўзбекистонда барча ишчи ва ходимлари коронавирусга қарши вакцинанинг камида иккита дозаси билан эмланганига оид сертификатга эга бўлган масжидларда шу йил 13 августидан эътиборан жума намозини ўтказишга рухсат берилди. Бунга оид қарор 10 август куни Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинди.

Шунингдек, комиссия Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита таклифини инобатга олган ҳолда масжидларга жума намозини ўқиш учун коронавирусга қарши вакцина билан эмланганига оид QR-коди ёки сертификати мавжуд бўлган ташриф буюрувчиларни киритилишига рухсат берган.

Айни пайтда Ўзбекистонда фаолият юритаётган бошқа диний конфессияларга мансуб диний ташкилотларга ҳам мазкур тартибни татбиқ этишни тавсия қилинган.

Қарор билан ибодатларни адо этиш жараёнида ташриф буюрувчиларнинг тиббий ниқобда бўлиши ҳамда ижтимоий масофани сақлаши бўйича карантин чекловларига қатъий риоя этилиши лозимлиги белгиланган.

Кун янгиликлари

Мирзиёев яна сайланса, Наманганда камбағалликни 2 баробарга қисқартиришни ваъда қилди

Президент Шавкат Мирзиёев. ЎзЛиДеп расмий сайтидан олинган сурат.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь куни Наманганда сайловчилар билан учрашди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги “Юксалиш” саноат шаҳарчасида бўлиб, “Glass еxpo” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишган.

Бу ерда ойнага миллий нақшлар ва замонавий дизайн асосида ишлов берилади. Мирзиёев корхонадаги ишчилар билан гаплашди, тадбиркорлар билан мулоқот қилди.

Кейин эса сайловчилар билан учрашиб, сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Мирзиёев келаси 5 йилда Наманган вилоятида 400 мингта янги иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини камида 2 бараварга ошириш, камбағалликни 2 бараварга қисқартиришни ваъдалари қилди.

Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги кунлари унинг Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам сайловолди учрашувлари ўтказиши режаланган.

Мирзиёев водий вилоятларига сафари чоғида у ерлардаги корхоналар фаолияти, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалар ҳаёти билан ҳам танишиши билдирилган.

24 октябрдаги сайловларда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган 64 яшар Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ҳамда Самарқанд вилоятларига сафар қилган эди.

Шавкат Мирзиёев Наманганга 7 та олийгоҳ ва деярли 1,5 мингта боғча қуришга ваъда берди

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь куни Наманганда сайловчилар билан учрашар экан, вилоятда келгуси беш йилда 7 та олийгоҳ ташкил этилиб, жами олий ўқув юртлари сони 10 тага етказилишини ваъда қилди.

Президентга кўра, бу билан вилоят ёшларини Олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етказилади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Наманганда келгуси беш йилда 52 та давлат ва 1 минг 300 та оилавий боғча ташкил этилишини таъкидлади. Унга кўра, 58 та маҳаллада 116 та оилавий боғча ташкил этилади. Бунинг ҳисобига, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 68 фоиздан 82 фоизга етказилади.

Мирзиёев вилоятда 37 та янги мактаб қурилиши ва 473 та мактаб реконструкция қилинишини билдирди.

Талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси давлат олий таълим муассасаларининг ижарада яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Ижара ҳақининг бир қисми фақат кундузги таълим шаклида ўқиб, ижарада яшайдиган талабаларга татбиқ этилади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, ойлик ижара тўловининг бир қисми солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномасига ва талаба берган аризага мувофиқ тўланади.

Талаба ҳужжатларни ўзи таълим олаётган факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўлими декан ўринбосари ёки ОТМнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига топширади.

Ҳужжатлар бир ҳақта ичида ўрганилади ва талабгорларни танлаб олиш комиссиясига тақдим этилади. Комиссия бир иш кунида талабгорлар тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқиб, қарор қабул қилади.

Ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 1 баравари, қолган ҳудудларда – БҲМнинг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозим.

Тошкент метросида 7 кунда 3 та “носозлик” юз берди

Тошкентдаги метро бекатларидан бири.

Тошкент метрополитенининг “Халқлар дўстлиги” бекатида 27 сентябрь куни соат 10:20 атрофида техник носозлик кузатилгани оқибатида йўловчилар поезддан тушириб юборилди.

Билдирилишича, “3-йўналишдаги ҳаракат таркибида техник носозлик аниқланган. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўловчилар бекатда туширилган. Ҳаракат таркиби техник кўрик пунктига жўнатилган”.

Бу Тошкент метрополитенида 20 сентябрдан бери содир бўлган учинчи, “Халқлар дўстлиги” бекатидаги иккинчи “техник носозлик”дир.

22 сентябрь куни “Халқлар дўстлиги” бекатида соат 08:37 да поезд вагонларидан бирининг эшиги ёпилмай қолгани учун йўловчилар туширилган эди.

20 сентябрь куни соат 09:10да Тошкент метросининг “Ғафур Ғулом” бекатидан “Чорсу” бекатига ҳаракатланаётган 41-йўналишдаги поезд тўхтаб қолди. Расман билдирилишича, поезднинг тўхтаб қолишига ҳаво тақсимлаш тизимида техник носозлик юзага келгани сабаб бўлган.

Бу каби воқеалар сўнгги етти ой ичида тез-тез юз бермоқда.

Россия Тошкент-Москва "Агроэкспресс”и ноябрда ишга туширилишини билдирди

Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавот етказиб берувчи Тошкент-Москва “Агроэкспресс” лойиҳаси ноябрь ойида синов қатновини амалга оширади, декабрь ойидан эса тўлиқ ишга тушади. Бу ҳақда Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги маълум қилди.

Билдирилишича, бу борада Россия иқтисодий тараққиёт вазири Максим Решетников ва Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов Тошкентда 26 сентябрь куни ўтказган учрашув пайтида маълум қилинди.

“Агроэкспресс” лойиҳаси асосида Россияга сарҳил мева-сабзавотни мунтазам ва тезкор равишда чегара ва божхона текширувларидан енгиллаштирилган тарзда олиб ўтиш режалаштирилган эди.

Максим Решетников: “Бугунги кунда лойиҳанинг якуний босқичига тайёргарлик кетмоқда. Биз товарларни тез ва тўхтовсиз олиб ўтилиши процедурасини ҳамда темир йўл орқали ташувларнинг махсус тариф шартларини ишлаб чиқдик”, - деб айтган.

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги сайтида Москва расмийлари билан учрашув бўлиб ўтгани ва унда икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар масаласи муҳокама қилингани билдирилди. Бироқ Ўзбекистон вазирлиги “Агроэкспресс” лойиҳаси ҳақида маълумот бермади.

Президент Ўзбекистон – Афғонистон чегарасида ўзбек аскари ҳалок бўлганини айтди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон – Афғонистон чегарасида содир этилган отишмада ўзбек аскари ҳалок бўлгани ҳақида президент Шавкат Мирзиёев Наманганда сайловчилар билан учрашув пайтида айтгани тўғрисида “Газета уз” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, президент чегарани наркобарон бузиб ўтишга ҳаракат қилганини ва уни тўхтатиш учун ўқ отилганини айтган.

“Кечаги вазиятда ҳам ўз вазифасини шараф билан бажарган бир аскаримиз қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У шу юрт фарзанди — наманганлик эди”, — деган президент.

Мирзиёев Фарғона водийси вилоятларидаги сайловчилар билан учрашади

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашиш учун 27 сентябрь куни Наманган вилоятига жўнаб кетди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги кунлари унинг Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам сайловолди учрашувлари ўтказиши режаланган.

Мирзиёев водий вилоятларига сафари чоғида у ерлардаги корхоналар фаолияти, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалар ҳаёти билан ҳам танишиши билдирилган.

24 октябрдаги сайловларда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган 64 яшар Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ҳамда Самарқанд вилоятларига сафар қилган эди.

Коронавирус қурбонлари сони 1225 нафарга, пневмониядан вафот этганлар сони 225 нафарга етди

Ўзбекистонда 26 сентябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 3 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 225 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 403 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 172 минг 493 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда якшанба куни барча ҳудудларда 418 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 167 минг 199 нафарга етган.

ССВ маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда яна 68 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 26 минг 980 киши пневмонияга чалинган. Булардан 25 минг 269 нафари соғайиб чиққан, 225 нафари эса вафот этган.

Россия турли жиноятларда айбланган 3 кишини Ўзбекистонга экстрадиция қилади

Иллюстратив сурат

Россия расмийлари наркотик моддалари ноқонуний савдоси ва мулкка қарши жиноятларда айбланган 3 нафар шахсни Ўзбекистонга экстрадиция қилмоқчи.

Россия Бош прокуратураси маълумотига кўра, Ўзбекистонга топширилажак А.Т. 2020 йил май ойида йирик миқдордаги гиёҳванд моддасини ноқонуний сотиб олиб, сақлаган. Жорий йил февралида у Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ТИИБ нозирига 100 доллар пора бераётган пайтда қўлга олинган.

Экстрадиция қилинадиганлардан яна бири бўлмиш Т. С. эса Финляндияга ишга жойлаштириб қўйиш баҳонасида пул ўғирлаганликда айбланмоқда.

Россия прокуратураси товламачиликда айбланган И. С. ни ҳам Ўзбекистонга топширади.

Россия ҳудудида турли пайтларда қўлга олинган бу кишилар Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан тақдим этилган тегишли сўровномалар асосида Тошкентга ўтказиб берилиши, экстрадицияга оид қарор қонуний кучга кириб бўлган айтиляпти.

Вазир А. Комилов Афғонистон бўйича Истанбулда ўтказилаётган ТИВ раҳбарлари йиғилишда иштирок этади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Афғонистон бўйича Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.

ТИВ расмий вакили Юсуф Қобилжонов тарқатган маълумотга кўра, Туркиядаги учрашув давомида хавфсизлик ва минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек Афғонистондаги вазият муҳокама қилиниши режаланган.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркия тўлиқ аъзо, Венгрия эса кузатувчи аъзо бўлиб ҳисобланади. Шу йил ноябрида ташкилотга Туркманистон ҳам тўлиқ аъзо сифатида қўшилиши кутилмоқда. Кенгашнинг асосий мақсади туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришдир.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўтган ҳафта БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасида видеоконференция орқали ташкил этилган ҳамда Афғонистондаги вазиятга бағишланган Марказий Осиё ва АҚШ ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг “C5+1” шаклидаги учрашувида иштирок этган эди.

Ўтган саккиз ой ичида Ўзбекистонга 1 миллион 600 дона телефон импорт қилинди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон жорий йилнинг январь-август ойларида хориждан 1 миллион 600 дона телефон сотиб олган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 миллион 200 донага кўпдир.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, ўтган саккиз ой ичида мамлакатга импорт қилинган телефонлар қиймати 117 миллион 400 минг AҚШ долларига тенг бўлган.

Қўмита қайдича, Ўзбекистон мазкур телефонларни дунёнинг 12 та давлатида импорт қилган.

Мобил телефонлар энг кўп Хитой (63 миллион долларлик) ва Вьетнамдан (41,4 миллион долларлик) сотиб олинмоқда. Ўзбекистонга телефон импорт қилаётган мамлакатлар орасида Ҳиндистон, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Жанубий Корея ва Россия каби мамлакатлар ҳам бор.

Ўзбекистонда узум ортидан қовун ва тарвуз экспорти ҳам озайди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистон хорижга қиймати 19 миллион 300 минг долларга тенг бўлган 69,7 минг тонна қовун ва тарвуз экспорт қилди.

Давлат статистика қўмитасининг билдиришича, бу 2020 йилнинг шу даврига солиштирганда 9,5 минг тоннага оздир.

Ўтган 8 ой мобайнида Ўзбекистон энг кўп қовун ва тарвуз экспорт қилган давлатлар Қозоғистон (29,2 минг тонна), Россия (19,2 минг тонна), Қирғизистон (10,2 минг тонна), Украина (4,9 минг тонна), Латвия (2,3 минг тонна), Беларусь (1,3 минг тонна), Тожикистон (960,8 тонна) ва Германия (939,4 тонна) бўлди.

Аввалроқ статистика қўмитаси Ўзбекистон 2021 йилнинг 7 ойида 40 та давлатга қиймати 33 миллион 700 минг долларга тенг бўлган 35 минг тонна узум экспорт қилгани ва бу кўрсаткич ўтган йилгидан 7 минг 400 тоннага озлигини билдирган эди.

ДХХ мамлакат бўйлаб хайрия тадбирлари ўтказмоқда. Тадбирлар учун пул кимдан олингани айтилмади

“ДХХ матбуот хизматидан маълум қилишларича, хавфсизлик хизмати ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан идора томонидан мамлакат бўйлаб кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун, шунингдек, мактаблар ва меҳрибонлик уйларида тантанали дастурлар ташкил этилиб, байрам дастурхонлари ёзилмоқда, эсдалик совғалари улашилмоқда”, -деб хабар берди “Дарё” нашри.

Нашр, жумладан, Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация марказида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган хайрия тадбиридан фоторепортажни эълон қилди.

Бироқ республика миқёсида мактаблар, кам таъминланган оилалар ва меҳрибонлик уйларида ўтказилаётган тадбирларга ва совғаларга пул қайси манбадан ёки ким (лар) дан олингани расман айтилмади.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти И. Каримов 1991 йил 26 сентябрида Ўзбекистон ССР КГБсини давлат раҳбарига бўйсунадиган Миллий хавфсизлик хизматига айлантирганидан бери бу сана МХХ ходимлари куни сифатида нишонланиб келган. Бироқ бу анъана президент Ш. Мирзиёев томонидан 2018 йили “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун имзоланганидан кейин ўзгариб, ДХХчилар куни 5 апрелга кўчирилганди.

Аммо президент Шавкат Мирзиёев шу йил 14 сентябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунда ДХХ ходимлари кунини нишонлаш яна 26 сентябрга кўчирилган.

Коронавирус ва пневмониядан ўлганлар сони расман 1,5 минг кишига яқинлашди

25 сентябрь куни 500 кишида коронавирус аниқланган ва 4 бемор кўз юмган.

Ўзбекистонда шу кунгача коронавирусдан 1222, пневмониядан 224, жами 1446 киши вафот этгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 сентябрь куни эълон қилган расмий билдирувда маълум қилинди.

Кузатувчилар ва мутахассислар ўлганлар сони вазирлик келтираётган рақамлардан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин, деган таҳминни олға суриб, расмий маълумотга ишончсизлик билдириб келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 25 сентябрь куни 500 кишида коронавирус аниқланган ва 4 бемор кўз юмган. Бу билан коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 172090 кишини ташкил этмоқда.

25 сентябрь куни 94 кишида пневмония аниқланиб, жами беморлар сони 26912 нафарга, соғайганлар сони 25237 нафарга етди.

Шунингдек, 1 бемор вафот этиб, шу кунгача 224 киши пневмониядан вафот этди.

Россияда ўзбекистонлик 11 муҳожир ўлимида айбланган аёл 4 йилга қамалди

Асиновск тумани Причулимск қишлоғидаги ётоқхонада чиққан ёнғинда 2020 йил 21 январда 12 меҳнат муҳожири ҳалок бўлган.

Хитойлик тадбиркор аёл Сунь Аньни муҳожирларни ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ётоқхона билан таъминлаганликда ва бунинг ортидан юзага келган ёнғинда 12 кишининг ўлимига сабаб бўлганликда айбдор деб топилди.

Россия Тергов қўмитасининг билдиришича, Томск вилоят Асиновск туман суди ҳукми билан у 4 йил озодликдан марҳум этилди.

Асиновск тумани Причулимск қишлоғидаги Green Wood ёғочни қайта ишлаш ширкати директори бўлган Сунь Аньни 2020 йилнинг 5 февралида қўлга олинган эди.

2020 йилнинг 21 январида Green Wood ширкатига қарашли ётоқхонада ёнғин содир бўлган ва унда 12 киши, жумладан, 11 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган эди.

ССВ: Коронавирус билан боғлиқ сўнгги вазият

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирус тарқалиши статистикасини эълон қилди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, сўнгги кеча кундузда Ўзбекистонда 550 нафардан зиёд кишида коронавирус аниқланди, касалликдан қарийб 670 нафарга яқин бемор тузалиб, соғайиш кўрсаткичи 97 фоизга етди.

23 сентябр куни республикада 560 одамда COVID-19 аниқланган эди.

Хусусан, Тошкентда 238та, Қорақалпоғистонда 34та, Андижон вилоятида 8та, Бухоро вилоятида 5та, Жиззах вилоятида 5та, Сирдарё вилоятида 16 кишида, Қашқадарё вилоятида 7та, Навоий вилоятида 5та, Наманганда вилоятида 8та, Фарғона вилоятида 23та, Самарқанд вилоятида 57та, Хоразм вилоятида 4та, Тошкент вилоятида 127та ва Сурхондарё вилоятида 23та коронавирус билан касалланган аниқлангани маълум қилинди.

Мамлакатда коронавирусдан тузалганларнинг умумий сони 165 282 га ёки касалланганларнинг умумий ҳисобидан 97 фоизга етди.

Шунингдек, коронавирусдан бешта янги ўлим қайд этилиб, ўлганларнинг умумий сони 1212 кишига етди.

Тошкент кинофестивалида Али Ҳамроевнинг "Самарқандда қовун таровати" филми намойиш этилади

Али Ҳамроев ўзбек мумтоз киноси вакили саналади

"Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивали миллий дастури доирасида таниқли ўзбек режиссёри Али Ҳамроевнинг "Самарқандда қовун таровати" филми намойиш этилади.

Озодлик билан суҳбатда режиссёр Али Ҳамроев "Самарқандда қовун таровати" кинофестивалда премьера қилинаётганини ҳам сўзлади.

Режиссёр монтаж ишлари эндигина тугаган бу филм 24 сентябр куни киноанжуман бадиий кенгаши томонидан қабул қилингани ва намойишга тасдиқланганини билдирди.

Филмда ўзбекистонлик машҳур қўшиқчи Севара Назархоннинг Самарқанд ҳақидаги янги қўшиғи ҳам янграйди. Картина 1 октябр куни фестивалда кўрсатилади.

2021 йилнинг 28 сентябрида очилиши кутилаётган "Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивали доирасида дунёнинг 14 давлатининг “Кино кунлари” ўтказилади.

Кинофилмлар намойишлари 29 сентябрдан бошлаб мамлакатнинг барча кинотеатрларида бошланади. 150дан ортиқ филм нафақат Тошкент, балки республика вилоятларида ҳам жамоатчиликка эътиборига ҳавола этилади.

Ўзбекистонда яна “Lacetti” ва “Spark” ишлаб чиқариш бошланди

Модернизация ишлари олиб борилганидан кейин Ўзбекистон заводларидаги ишга тушган линияларда “Lacetti” ва “Spark” автомобиллари ишлаб чиқарилади.

Бу ҳақда хабар берган “UzAuto Motors» АЖ га кўра, жорий йилнинг июль ойининг ўрталаридан август ойининг охирларигача заводда модернизация ишлари олиб борилган. Олдинроқ яримўтказгичларнинг глобал танқислиги туфайли “Lacetti” ва “Spark” автомобилларининг ишлаб чиқарилиши ҳам тўхтатилгани маълум қилинган эди.

Ҳозирда “UzAuto Motors” компанияси оммабоп ва нисбатан арзонроқ бўлган автомобиль моделларини ишлаб чиқаришни тиклаган. Асака шаҳридаги заводда ишлаб чиқариш ҳажми кунига ўртача 800 дан ортиқ автомобилга етгани хабар қилинмоқда.

Аввалроқ Озарбайжоннинг Ҳажигабул шаҳрида “UzAuto Motors” акциядорлик жамияти ва “SamAvto” заводи ишлаб чиқариш линиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтгани айтилганди.

Чирчиқ полигонида миллий гвардиячи нобуд бўлгани Бош прокуратура назоратига олинди

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати наманганлик 21 ёшли йигит ҳарбий хизматда портлаб кетгани тўғрисдаги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан маълумот тарқатди.

Шу йилнинг 21 август куни дала ўқув майдонида снаряд қолдиқлари портлаши натижасида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида Миллий гвардия муддатли ҳарбий хизматчиси Р. Баратов нобуд бўлгани айтилди.

Марҳум йигитнинг ота онаси президент Шавкат Мирзиёевга махсус видеомурожаат ҳозирлаган эди. Улар ўз фарзандларининг ўлими юзасидан текширув ўтказиш ва бу фалокатга айбдор бўлган мансабдорларга нисбатан чора кўришни сўради.

Мазкур ҳолат юзасидан 21 август куни Чирчиқ ҳарбий прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 297-моддаси (“Атрофдагилар учун катта хавф манбайи бўлган қурол-яроғ, шунингдек, модда ва буюмлар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш”) асосида жиноят иши қўзғатилди.

Бош прокуратура мазкур иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, прокурор назорати ўрнатилганини билдирди.

Ўзбекистонда аниқланган коррупционерлар сони кескин ошди

Акмал Бурхонов, Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори

Ўзбекистонда 2021 йилнинг биринчи ярмида 2544 мансабдор шахсга нисбатан коррупция жиноятлари бўйича 1676 та жиноят иши очилиб, судга юборилган.

2020 йил давомида 1723 кишига нисбатан "коррупция" иши қўзғатилган эди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурхонов маълум қилди, деб хабар берди департамент матбуот хизмати.

Айбланувчиларнинг аксарияти - 1297 киши (51%) – Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси ("Ўғирлик ёки ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш") бўйича жиноят содир этган мансабдор шахслар эди. Яна 420 киши 168-модда ("Фирибгарлик"), 80 киши - 210-модда ("Пора олиш"), 58 киши - 205-модда ("Ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш"), 4 киши - "Мақола" бўйича жавобгарликка тортилди.

Яна 4 киши Жиноят Кодексининг 206-модда ("Мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш") ва 18 киши - 209-моддаси ("Мансаб сохтакорлиги") асосида жавобгарликка тортилгани айтилди.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги энг кўп коррупция ишлари билан қўлга олинганлар сони Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари - 107 киши, иккинчи ўринда Халқ таълими вазирлиги - 74 киши, учинчида - 66 киши - давлат корхоналари раҳбарияти аъзолари орасидан аниқланганини очиқлади.

Шунингдек, рўйхатга банклар, бошқа вазирликлар, идоралар ва қўмиталар вакиллари ҳам киритилган.

Ички ишлар ходимлари Россияда ишлаб чиқарилган электрошокерлар билан таъминланади

Ўзбекистондаги деярли барча ички ишлар органлари ходимлари жанговар электрошок ускуналари билан таъминланди. Мазкур жанговар жиҳозлар оммавий тартибсизлик ва осойишталикни сақлашга қаратилган тадбирларда қўлланади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вазирликка кўра, пост-патрул бўлинмаларини электрошок, электр дубинка ва электр тўппончалар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари ҳақида”ги Қонуни талабларидан келиб чиққан.

“Ходимларнинг электрошок ускуналаридан фойдаланиш тартиби Вазирлик томонидан белгиланган йўриқномага мувофиқ амалга оширилади. Ходимлар бу борада махсус тайёргарликдан ўтганларидан сўнг бериладиган сертификатларга эга бўлиши лозим” дейилади вазирлик хабарида.

Россия Федерациясининг «Март групп» ширкати томонидан ишлаб чиқарилган мазкур жанговар аслаҳалар гумондорни ҳибсга олиш, ходимга нисбатан тажовузлар ҳамда оммавий бузғунчиликларни батратаф этиш чоралари сифатида ҳам қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистон ички ишлар идоралари қийноқ ва бошқа ноинсоний муомала билан боғлиқ кўплаб ҳодисалар учун масъул кўрилади. Ўтган ҳафта Озодлик суриштируви ортидан Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман солиқ инспекцияси ходимининг ўлимида гумон қилинган туман ИИБ сининг тўрт ходими устидан жиноят иши қайта судга юборилганди.

Мирзиёев собиқ бош прокурор билан ўртасида кечган зиддият ҳақида гапирди

Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров 2018 йилда хизмат ва ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиш ҳамда катта миқдорда пора олишда айбланиб, 10 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган.

24 октябрдаги сайловларда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган амалдаги президент Шавкат Мирзиёев самарқандлик сайловчилар билан учрашув чоғида ўзининг яқин ўтмишда собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров билан низолашганига шаъма қилди.

Бу ҳақда Times.uz интернет нашри хабар қилмоқда.

Нашрга кўра, Мирзиёев Самарқанд вилоятида ҳокимлик қилган даврида туман прокуратураларидан бирининг муҳташам биносини болалар уйига тортиб олиб бергани ортидан ўша пайтдаги Бош прокурор билан зиддиятга борган. Аммо номзод иддаосида прокуратура раҳбарининг номини тилга олмаган.

“Самарқанддаги меҳрибонлик уйларини мендан яхши биладиган одам йўқ. Биринчи марта келганимда у жойларга кириб бўлмасди. Бир туман прокуратураси чиройли бинода ўтирган эди. Қаровсиз меҳрибонлик уйини ўша бинога кўчиртирдим.

Ўшанда биринчи марта республиканинг собиқ прокурори билан “борди-келди” гап бўлди, "сан-ман"га бордик. “Мен шу вилоятда ҳокимман, ўзим учун қилмадим, болалар учун, халқ учун қилдим” деган сўзларини келтиради нашр.

Шавкат Мирзиёев 2001 йил сентябридан 2003 йил декабрига қадар Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаган. Ҳозирда қамоқда бўлган Рашитжон Қодиров эса 2000 йил февралидан 2015 йилга қадар Бош прокурор лавозимида ишлаган. Қодиров 2018 йил февралида хизмат ва ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиш ҳамда катта миқдорда пора олишда гумонланиб қўлга олинган. У 10 йил қамоқ жазоси ва энг кам иш ҳақининг 500 баравари миқдорда жаримага маҳкум этилган.

Мирзиёев Самарқандда Каримов қабрини зиёрат қилди ва янги нефть кони топилганини айтди

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

24 сентябрь куни Самарқандга етиб борган Шавкат Мирзиёев сайловолди тадбирларини биринчи президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлаган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Биринчи Президентимиз қабрига гул қўйилиб, Қуръон тиловат қилинди", дейилади расмий хабарда.

Маҳаллий нашрларнинг Мирзиёевдан иқтибос келтиришича, сайловчилар билан учрашув чоғида амалдаги давлат раҳбари Самарқанд шаҳрини кенгайтириш, туризмни ривожлантириш, янги кўп қаватли уйлар ва йўллар қуриш режалари ҳақида гапирган.

Мирзиёев шунингдек, Регистондаги Шердор ва Тиллакори мадрасаларини қурдирган ўрта асрлардаги Самарқанд ҳокими Баҳодир Ялангтўш ҳамда Ўзбекистоннинг собиқ коммунист раҳбари Шароф Рашидов номларини абадийлаштиришни таклиф қилган.

ЎзЛиДеПдан президентликка номзод бўлган Мирзиёев "Самарқандга яқин жойда нефть топилгани"ни ҳам айтган, аммо тафсилотларни очиқламаган.

"Яна кўплаб ер ости хазиналаримиз бор. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳақида ҳозир айтмоқчи эмасман. Чунки бу лойиҳалар бўйича пухта режа ишлаб чиқишимиз керак. Лекин афсуски бизда етакчи геологлар йўқ, геология соҳасини ўлдирганмиз» — деб айтган Шавкат Мирзиёев.

24 октябрдаги сайловларда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган 64 яшар Шавкат Мирзиёев бундан аввал Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига сафар қилган эди.

МСК қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда шу йил 20 сентябридан президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланган.

Коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар сони 4 миллион нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши тўлиқ эмланган фуқаролар сони, жорий йилнинг 23 сентябрь ҳолатига кўра, 4 миллион 7 минг 732 нафарга етган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан шу кунгача мамлакатда 19 миллион 197 минг 82 доза вакцинадан фойдаланилганини билдирган.

ССВ қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 560 киши коронавирусга чалинган, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 171 минг 80 нафарга етган.

Пайшанба куни Қашқадарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидан ташқари ҳудудларда 668 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 165 минг 282 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 5 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 212 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирликнинг маълум қилишича, 23 сентябрь куни 134 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 26 минг 711 киши пневмонияга чалинган. Булардан 24 минг 402 нафари соғайиб чиққан, 221 нафари эса вафот этган.

Андижонда ободонлаштириш ишчиларини мажбуран ишлатган ҳоким муовини жаримага тортилди

Иллюстратив сурат

Aндижон вилоятининг Бўстон туманида ободонлаштириш ишчиларини ўз уйида мажбуран ишлатган туман ҳокими муовини жазога тортилди. Бу ҳақда Меҳнат вазирлигининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, Aндижон вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ижтимоий тармоқларда бу борада тарқаган хабар юзасидан текширув ўтказган.

Ўрганиш чоғида Бўстон тумани ҳокими ўринбосари томонидан Ободонлаштириш бошқармаси ишчилари соя донини қуритиш ва тозалаш ишларига жалб этилгани аниқланган.

Бунинг ортидан мулозимга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари (13,5 миллион сўм – таҳр.) миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.

Аввалроқ Озодлик уйида ободонлаштириш корхонаси ишчиларини ишлатган Қўрғонтепа (Андижон вилояти) тумани прокурори лавозимидан озод килингани ҳақида хабар қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG