Линклар

Шошилинч хабар
19 январ 2021, Тошкент вақти: 21:18

Халқаро хабарлар

АҚШ Гуантанамодаги ҳарбий базасида сақланиб келаëтган 4 нафар махбусни Францияга топширди.

Самандар

Ўз вақтида Афғонистонда қўлга олинган маҳбусларнинг 4 нафари Франция фуқароси бўлиб¸ улар энди ватанида судланади.
АҚШнинг Гуантанамодаги ҳарбий базасида қарийб икки йилдан буëн “Ал-Қайдага” алоқадорликда айбланаëтган 600 га яқин одам сақлаб келинмоқда.

Кун янгиликлари

Вашингтонда Байденнинг қасамёд маросимига тайёргарлик кўраётганлар эвакуация қилинди

Байденни қасамёдга келтириш маросимига тайёргарлик кўраётганларни эвакуация қилиш жараёни.

АҚШ пойтахти Вашингтонда Капитолий биноси олдида сайланган президент Жо Байденни қасамёдга келтириш маросимига тайёргарлик кўраётган ишчи гуруҳ эвакуация қилинди. Бунга Капитолийга яқин ҳудудда ёнғин чиққани сабаб бўлди. Ёнғин оқибатида Капитолий биноси ёпилиб, репетиция қилаётганлар хавфсиз жойга кўчирилди.

Маълум қилинишича, ёнғин уй-жойсиз одамлар бошпана сифатида қўлланиб келган кўприк остидан чиққан. Ёнғин сабаблари ҳозирча номаълум. Ёнғин чиққан ҳудудга дарҳол полиция етиб келган, ҳудудни осмондан вертолётлар назорат қилган.

Вашингтонда шу кунларда хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган. Пойтахтни 20 мингдан ошиқ полициячи ва Миллий гвардия аскари назорат қилмоқда.

Аввалроқ Федерал қидирув бюроси раҳбари Кристофер Рэй АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденнинг 20 январга белгиланган инаугурацияси арафасида намойиш ва митинглар бўлиши, акциялар чоғида зўравонликлар содир этилиши мумкинлиги юзасидан хавотир изҳор қилган эди.

Жорий йилнинг 6 январь куни президент Дональд Трамп тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганди. Бунга Трамп 3 ноябрдаги президентлик сайлови пайтида ўзига берилган овозлар ўғирлангани ва натижалар сохталаштирилганига оид далил-исботсиз иддаоларини қайта такрорлагани туртки бўлган. Ҳужум пайтида 5 киши ҳалок бўлган.

Шундан сўнг Вашингтон кўчаларига минглаб қуролланган Миллий гвардия аскарлари сафарбар қилинди. Пойтахтдаги диққатга сазовор жойлар бир неча кунга ёпилди, шаҳарга етакловчи йўллар ва кўприклар тўсилди.

Вашингтон ва штатлардаги фавқулодда чоралар 11 январдан 24 январгача амалда бўлади.

Трамп президентлигининг сўнгги кунида ўнлаб жиноятчиларни афв этмоқчи

Трамп 20 январь куни ҳокимиятни сайланган президент Жо Байденга топширади.

Президентлигининг сўнгги кунларида рейтинги рекорд даражада 34 фоизга тушиб кетган АҚШ президенти Дональд Трамп 19 январь куни ўнлаб маҳкумларни, жумладан, жиноятчиларни афв этиши кутилмоқда.

АҚШ матбуотининг билдиришича, Трамп маҳкумлардан камида 60, кўпи билан 100 кишини афв этмоқчи. Улар орасида номи айтилмаётган рэп юлдузи ва товламачиликда айбланган шифокор ҳам бор.

Ҳозирча афв этилганлар рўйхатига Трампнинг энг яқин ҳамкори ва собиқ ёрламчиси Стив Бэннон киритилгани ёки киритилмагани номаълум. Бэннон АҚШ ва Мексика ўртасидаги чегарага девор қуриш учун пул йиғаётган фаолларни алдаб кетганликда айбланаётган эди.

АҚШ матбуоти Трамп ўзини ва фарзандларини ҳам афв этилганлар рўйхатига киритиши эҳтимол, деб таҳмин қилмоқда.

Агар Трамп ўзини ва фарзандларини афв этилганлар рўйхатига киритса, бу ҳеч қандай кучга эга бўлмайди. Чунки АҚШ қонунларига асосан у ва оиласига расмий айблов билдирилмаган. Иккинчидан, АҚШ қонунчилигида бирон бир шахсга ўз иши бўйича судья бўлиш ва ҳукм чиқариш ман этилади.

Москва суди сиёсий маҳбус сифатида тан олинган Мифтаховни уч йилга қамади

Азат Мифтахов суд залида.

Москва шаҳар Головин туман суди Москва давлат университетининг 27 ёшли аспиранти Азат Мифтаховни уч йил аввал ҳукмрон “Ягона Россия” партияси офисига сиёсий нафрат асосида ўт қўйишга алоқадор деб топди ва уни уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Мифтахов билан бирга судланган Елена Горбань ва Андрей Ейкин озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога тортилди.

Икки йилдан бер қамоқда сақланаётган Мифтахов айбловни тан олмади. У партия офисига ўт қўймаганини ва ҳеч қандай “сиёсий нафрат”га эга эмаслигини айтди. Елена Горбань айбловни қисман, Андрей Ейкин эса тўлиқ тан олди. Елена Горбань ва Андрей Ейкин Азат Мифтаховнинг партия офисига ўт қўйилишига алоқаси йўқлигини айтишди. Бироқ суд бу гувоҳликни қабул қилмади.

Суд биноси олдига Мифтаховни қўллаб-қувватлаган фаоллар йиғилди. Полиция улардан ўнга яқинини қўлга олди.

Мифтахов иши халқаро даражада шов-шув бўлди. Унинг ҳимояси учун юзлаб талаба ва унвиерситет ўқитувчилари, жаҳоннинг 15 мамлакатидаги 2500 математик чиқди.

Математик олимлар Мифтаховга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганини билдириб, ундан барча айблов олиб ташланишини талаб қилмоқда.

Азат Мифтахов 2019 йилнинг 1 февралида қўлбола портловчи мослама ясаганликда айбланиб қўлга олинган эди. Мифтахов тергов жараёнида унга нисбатан қийноқлар қўлланилганини билдирган. Орадан бир ҳафта ўтгач полиция Мифтаховни қамоқдан чиқаришга мажбур бўлган.

Мифтахов озход этилган куниёқ “сиёсий нафрат асосида содир этилган безориликда” айбланиб қайта қўлга олинган.
“Мемориал” ҳуқуқ маркази Азат Мифтаховни сиёсий маҳбус сифатида эълон қилган.

Навальний ўз тарафдорларини митингларга чиқишга чақирди

Алексей Навальний, Химки, 2020 йил 18 январи

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ўз тарафдорларини митингларга чиқишга чақирди. Унинг видеомурожаати YouTube тармоғидаги “Навальний Live” канали орқали ёйинланди.

Бу бункердаги ўғрилар энг кўп нимадан қўрқади? Буни сиз ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз – одамларнинг кўчаларга чиқишидан. Шунинг учун қўрқманг, кўчаларга чиқинг, мен учун чиқманг, ўзингиз учун ва ўз келажагингиз учун чиқинг”, деди мухолифатчи.

Маълумотларга кўра, Навальнийнинг минтақавий штаблари 23 январь куни сиёсатчини дастаклаш учун бутун мамлакат бўйлаб “катта митинглар” ўтказмоқчи.

Москва вилоятининг Химки шаҳар суди 18 январь куни Навальнийни 30 кунга ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарган. Мазкур суд мухолифатчи вақтинча тутиб турилган Химки шаҳар ички ишлар бўлими биносида ўтказилган. Сиёсатчини ҳибсга олишни Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ЖИЭФХ) сўраган. ЖИЭФХ вакиллари иддаосига кўра, Навальний шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган шахс сифатида хориждалик пайти синов муддати шартларини бузган.

Алексей Навальний даволаниш ортидан 17 январь куни Германиядан Россияга учиб келганидан кейин Шереметьево аэропортида қўлга олинганди.

Коронавирус бўлмаган Туркманистонда Россиянинг “Спутник V” вакцинаси рўйхатга олинди

“Спутник V” вакцинаси

Туркманистон Россияда коронавирусга қарши ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинасини рўйхатга олди. Бу ҳақда Россия бевосита инвестициялар жамғармаси (РБИЖ) маълумот тарқатди.

Туркманистон ўз ҳудудида “Спутник V” вакцинасини қўллашни расман маъқуллаган Марказий Осиёдаги илк мамлакат бўлди”, дея иқтибос келтирилган жамғарма хабарномасида РБИЖ бош директори Кирилл Дмитриев сўзларидан.

Қайд этилишича, препаратни рўйхатга олиш Туркманистон ҳудудида “Спутник V” қўшимча клиник синовлардан ўтказилмай, тезлатилган процедура доирасида амалга оширилган.

Аввалроқ мазкур вакцина худди шундай йўсинда Аргентина, Боливия, Сербия, Жазоир, Фаластин, Венесуэла, Парагвай ҳамда Беларусда рўйхатга олинган.

Туркманистон расмийлари мамлакатда коронавирус мавжудлигини расман инкор қилиб келадилар.

Халқаро хоккей федерацияси Беларусни Жаҳон чемпионати ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилди

Минскдаги хоккей аренаси

Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) 2021 йили Минскда ўтказилиши керак бўлган Жаҳон чемпионати ўйинлари бошқа жойга кўчирилиши ҳақида эълон қилди. Бу қарорга федерация “хавфсизлик важидан” келганини билдирган.

Ташкилот хабарномасида қайд этилишича, IIHF кенгаши “адолатли ва холис” текширув ўтказган. Хусусан, федерацияни Беларусда сиёсий беқарорлик ҳукм сураётган бир пайтда чемпионат иштирокчилари ва мухлислар хавфсизлигини таъминлаш масаласи хавотирга солган. Беларусь расмийлари томонидан коронавирус эпидемиясига қарши кураш бўйича кўрилаётган чоралар ҳам IIHF вакиллари ташвишига сабаб бўлган.

Беларусда 2020 йил 9 августдан бери президент сайлови натижаларидан норози бўлган фуқароларнинг оммавий намойишлари ўтказиб келинмоқда. Мазкур сайловда мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко МСК томонидан ғолиб, деб эълон қилинганди.

Қора денгизда Украина кемаси чўкиб кетди

Қора денгиз.

Қора денгизнинг Туркия соҳилига яқин қисмида Украин кемасининг ҳалокатга учраши оқибатида камида икки денгизчи ҳалок бўлди, олти денгизчи бедарак йўқолди.

Украина ҳукумати расмий вакили 17 январь куни “Арвин” юк ташувчи кемасининг чўкиши оқибатида беш киши қутқарилганини ва икки денгизчининг мурдаси топилганини билдирди. Расман билдирилишича, кема Грузиядан Болгарияга юк олиб кетаётган эди.

Сўнгги кунларда Қора денгизда кучли ёмғир ва қор ёғди, кучли довул юз берди. Кемада қанча одам борлиги тўғрисидаги маълумотлар бир-биридан фарқ қилмоқда. "Интерфакс"нинг билдиришича, кемада 12 киши, жумладан, икки россиялик бўлган. Туркия расмийси эса кемада 13 денгизчи бўлганини билдирди.

Беларусда Лукашенкога қарши намойишлар беш ойдан бери давом этмоқда

Минскда 17 январда намойиш ўтказганлар гуруҳи.

Беларусь пойтахти Минскда ва қатор шаҳарларда 17 январь куни президент Александр Лукашенко истеъфоси талаб қилинган норозилик намойишлари давом этди. Намойишлар марказлашмаган тарзда кичик гуруҳлар иштирокида мавзеларда ва паркларда бўлиб ўтмоқда.

Норозилар Лукашенко истеъфосидан ташқари беш ойдан бери давом этаётган намойишларни куч билан аёвсиз бостиришга алоқадор бўлган шахсларнинг жазоланишини ҳам талаб қилмоқда.

БелаПАН мустақил ахборот агентлигининг билдиришича, 17 январь куни Минск, Брест, Гродно ва Гомел шаҳарларида камида 30та намойиш ўтказилган.

Беларусда 9 августда ўтган президентлик сайловида мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилишини билдириб, уни тан олишдан бош тортган. АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

Вашингтон ва штатларда Трамп тарафдорларининг кичик гуруҳлари намойиш ўтказмоқда

Вашингтонни қўриқлаётган Миллий гвардия аскарлари.

АҚШ пойтахти Вашингтонда мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари жорий этилганига қарамай, 17 январь куни Трамп тарафдорларининг кичик гуруҳи Капитолий биноси олдида намойиш ўтказди. Бошқа штатларда ҳам Трамп тарафдорларининг кичик гуруҳлари намойишлари бўлиб ўтди. Намойишлар пайтида зўравонликлар ва тартибсизликлар бўлмади.

Хабарларда айтилишича, Вашингтон ва бошқа шататларда ўтказилган намойишларда норозилардан кўра полициячиларнинг сони кўпроқ бўлган.

Аввалроқ Федерал қидирув бюроси раҳбари Кристофер Рэй АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденнинг 20 январга белгиланган инаугурацияси арафасида намойиш ва митинглар бўлиши, акциялар чоғида зўравонликлар содир этилиши мумкинлиги юзасидан хавотир изҳор қилган эди.

Жорий йилнинг 6 январь куни президент Дональд Трамп тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганди. Бунга Трамп 3 ноябрдаги президентлик сайлови пайтида ўзига берилган овозлар ўғирлангани ва натижалар сохталаштирилганига оид далил-исботсиз иддаоларини қайта такрорлагани туртки бўлган. Ҳужум пайтида 5 киши ҳалок бўлган.

Шундан сўнг Вашингтон кўчаларига минглаб қуролланган Миллий гвардия аскарлари сафарбар қилинди. Пойтахтдаги диққатга сазовор жойлар бир неча кунга ёпилди, шаҳарга етакловчи йўллар ва кўприклар тўсилди.

Вашингтон ва штатлардаги фавқулодда чоралар 11 январдан 24 январгача амалда бўлади.

Ғарб давлатлари ва ҳуқуқ ташкилотлари Навальнийнинг қўлга олинишини қоралади

Навальнийнинг қўлга олиниш пайти.

Германиядан даволанишдан қайтган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг 17 январь куни Москванинг “Шереметьево” аэропортида қўлга олинишини халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ва ғарб давлатлари ҳукуматлари қоралади.

Жазони ўташ федерал хизмати Германияда заҳарланишдан даволанган Навальнийни шартли қамоқ тартибини бузганликда айбламоқда. Хизмат судга шартли қамоқни реал қамоқ жазосига алмаштириш талаби билан мурожаат қилган.

44 ёшли Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш 18 январь куни мухолифатчи Химки шаҳар полиция бошқармасида сақланаётганини маълум қилди. Қонунга асосан суд икки кун ичида бўлиб ўтиши лозим. Аммо Жазони ўташ федерал хизмати суд 29 январга белгиланганини маълум қилди.

Amnesty International ва Human Rights Watch Алексей Навальний сиёсий мотивлар асосида қамоққа олинганини таъкидлаган ҳолда, Кремлни уни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирди.

Европа кенгаши раиси Шарль Мишель Навальнийнинг қўлга олинишини “йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат”, деб атади. Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель ва Европа халқ партияси раиси Дональд Туск Россия ҳукуматини Навальнийни озод этишга чақирди.

Болтиқбўйи давлатлари ҳукуматлари қўшма баёнот қабул қилиб, Кремль Навальнийни озод этмаса Россияга қарши санкцияларни кучайтиришни таклиф қилди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео ва сайланган президент Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам Москвани “Навальнийни зудликда ва ҳеч қандай шартларсиз озод қилиш”га чақирди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 17 январь куни кечқурун журналистларнинг бу борада берган саволларига Навальнийнинг қамоққа олинишидан бехабар эканини айтди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса: “Халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилинг, миллий қонунчиликка даҳл қилманг ва ўз давлатларингиздаги муаммолар билан шуғулланинг”,-деб баёнот берди.

Навальний Россияда заҳарланиб комага тушиб қолганидан сўнг 22 августда Германияга олиб чиқиб кетилган ва ўша ерда даволанган эди. Қатор давлатларда ўтказилган текширувлар натижасида Навальний Россияда ишлаб чиқарилган “Новичок” моддаси билан заҳарлангани тасдиқланган.

Навальний 2014 йилнинг декабрида товламачиликда айбланиб 3,5 йилга шартли равишда қамалган эди. Жазо муддати 2020 йилнинг 30 декабрь куни тугаган.

Мухолифатчи ўзига билдирилган айбловни тан олмай келади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бу ишни ўрганиб, Навальний Россияда адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум этилгани тўғрисида қарор чиқарган.

Skoda ширкати Беларусда хоккей бўйича Жаҳон кубогига ҳомийлик қилишдан бош тортди

Skoda ишлаб чиқариш конвейри.

Чехиянинг енгил автомобиль ишлаб чиқарувчи Skoda саноат корхонаси хоккей бўйича бу йилги жаҳон чемпионати Беларусда ўтказиладиган бўлса, мусобақага ҳомийлик қилмаслигини билдирди.

Беларусь ҳукумати ўтган йилнинг август ойида бўлиб президентлик сайловлари ортидан бошланиб кетган тинч норозилик намойишларини аёвсиз бостириб келади.

16 январь куни ширкат Twitterда «28 йилдан бери шарафли ҳамкорлик қилиб келамиз. Аммо биз барча инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиламиз ва тарғиб қиламиз», деб ёзди.

«Шунинг учун, Беларусь 2021 йилги Хоккей бўйича IIHF Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши тасдиқланса, SKODA ҳомийлик қилишдан бош тортади», дейилади ширкат билдирувида.

Беларусь май-июнь ойларида Латвия билан биргаликда чемпионатга мезбонлик қилиши кутилмоқда.

Кўпгина Европа давлати, шу жумладан, Латвия Халқаро хоккей федерациясини Минскни ўйинлардан четлатишга чорлаб келади.

Германия Навальний билан ўтказилган интервьюни Россияга топширди

Навальний 17 январда Россияга қайтиши кутилмоқда.

16 январь куни Германия расмийлари Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний билан ўтказилган интервьюларнинг стенограммаларини Россияга юбориб, Москвадан мухолифатчининг заҳарланиши бўйича тўлиқ тергов ўтказишни талаб қилди.

Германияда бир неча ой даволанган Навальний 17 январь куни Россияга қайтишни режаламоқда. Навальний ўтган йилнинг август ойида заҳарланиш аломатлари билан Омскда касалхонага ётқизилганидан кейин тиббиёт учоғи билан Берлинга жўнатилган эди.

Кремль танқидчиси Россия Жазони ўташ федерал хизматидан (ФСИН) Россияга қайтганида ҳибсга олиниши ҳақида огоҳлантириш олганига қарамай, Россияга қайтишини айтган.

Ўтган ойда ФСИН Навальнийдан Германиядан зудлик билан қайтишни талаб қилган эди. ФСИН мухолифатчини 2014 йилда унга чиқарилган шартли қамоқ жазоси шартларини бузишда айбламоқда.

Суд ҳужжатларига кўра, Навальний 3,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Байден инаугурацияси арафасида тартибсизликлар юз бериши мумкинлиги тўғрисидаги хавотирлар кучаймоқда

Вашингтонни назорат қилаётган Миллий гвардия аскарлари.

Вашингтонда ва АҚШнинг барча штатлари марказларида расмийлар сайланган президент Жо Байден инаугурацияси олдидан зўравонликлар содир этилишидан ҳавотир билдирмоқдалар.

16 январь куни Вашингтонда сохта ҳужжатлар, қурол ва ўқ-дори билан полиция назорат пунктидан ўтмоқчи бўлган виржиниялик шахс ҳибсга олинди. Бу эса пойтахтда хавотир кучайишига сабаб бўлди.

Вашингтон кўчаларига минглаб қуролланган Миллий гвардия аскарлари сафарбар қилинди. Бу ҳолат мисли кўрилмаган манзарадир.

Пойтахтдаги диққатга сазовор жойлар бир неча кунга ёпилди, шаҳарга етакловчи йўллар ва кўприклар тўсилди.

Айни пайтда штатлар губернаторлар Миллий гвардия қўшинларини чақириб, фавқулодда ҳолат эълон қилмоқдалар.

Жорий йилнинг 6 январь куни президент Дональд Трамп тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганди. Бунга Трамп 3 ноябрдаги президентлик сайлови пайтида ўзига берилган овозлар ўғирлангани ва натижалар сохталаштирилганига оид далил-исботсиз иддаоларини қайта такрорлагани туртки бўлган. Ҳужум пайтида 5 киши ҳалок бўлган.

Беларусда АЭС синов пайтида «ҳимоя тизими ишга тушиши» ортидан ўчирилди

Беларусь АЭСи.

Беларусь расмийларининг маълум қилишича, мамлакатда янги қурилган атом электр станцияси (АЭС) синов жараёнида генераторларни ҳимоя қилиш тизими ишга тушгани учун ўчирилган.

Энергетика вазирлиги 16 январь куни қилган баёнотида маҳаллий вақт билан соат 19:02 да Остравец АЭСидаги 1-блок «генераторни ҳимоя қилиш тизими ишга тушганидан сўнг тармоқдан узилди», дейилади.

Вазирлик ҳудуддаги радиация даражаси «нормал» эканини қўшимча қилди.

2020 йилнинг ноябрь ойида Остравец шаҳри яқинида жойлашган АЭСнинг очилиш маросимидан атиги уч кун ўтиб трансформаторлар портлаб кетгани учун станцияда электр энергиясини ишлаб чиқариш тўхтатилган эди. Станция бир неча кундан кейин қайта иш бошлади.

Россиянинг «Росатом» давлат фирмаси томонидан қурилган икки реакторли АЭС 2022 йилда тўлиқ ишга туширилади.

Франция ташқи ишлар вазири: Эрон ва АҚШ Ядро шартномасига қайтиши зарур

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Теҳрон ва Вашингтон Эрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувга зудлик билан қайтиши лозимлигини айтди.

2018 йилда АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШни келишувдан чиқариб олиб, Эронга қарши санкция жорий қила бошлаган. Трамп саноқли кунларда президентлик лавозимини бўшатади.

Ле Дриан Journal du Dimanche газетасига берган интервьюсида Эронда уранни бойитиш жараёни хавотирли даражага етганини, шунинг учун АҚШ ва Теҳрон келишувга қайтиши лозим эканлигини айтди.

Вазир Вашингтоннинг Теҳронга «максимал босим ўтказиш» сиёсати аслида «хавф ва таҳдидни кучайтирганини», натижада Эрон айни дамда «ядровий қуролга эга бўлиш босқичидан ўтаётганини» таъкидлади.

Теҳрон ўз ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашни айтиб, қурол яратишга уринаётганини рад этиб келади.

АҚШ Эроннинг IRISL линияси билан ҳамкорлик қилган ширкатларга санкция жорий қилди

Америка Қўшма Штатлари Эрон, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган ширкатлар Эроннинг IRISL флоти билан пўлат савдосини амалга оширгани учун уларга қарши санкция жорий қилди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг таъкидлашича, Эронга пўлат олиб кириш ёки олиб чиқиш бўйича АҚШ санкциялари шартларини бузган етти ташкилот ва икки шахсга қарши санкция жорий қилинган.

20 январь куни қасамёдга келтириладиган АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден Эрон билан дипломатик мулоқотни қайта тиклашини айтиб келади.

Жорий президент Дональд Трамп 2018 йилда Теҳрон ва қудратли давлатлар ўртасида тузилган халқаро ядровий битимдан Вашингтонни чиқариб олиб, Эронга қарши санкция жорий қила бошлаганидан бери икки давлат ўртасидаги муносабатлар танг бўлиб қолмоқда.

Бунга жавобан Теҳрон ядровий битимнинг айрим шартларини буза бошлаган.

Россия "Очиқ осмон"битимидан чиқишини билдирди

Россия қуролларни назорат қилиш ва текшириш бўйича 18 йил олдин имзоланган «Очиқ осмон» шартномасидан чиқишга ҳозирлик кўраётганини билдирди. Москванинг бу қарорига ўтган йилда Америка Қўшма Штатлари келишувдан чиқиб кетганини туртки бўлди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги 15 январь куни қилган баёнотда АҚШ «шартномани имзолаган давлатлар манфаатлари мувозанатини сезиларли даражада бузгани» ҳамда Вашингтоннинг иттифоқчилари Россиянинг келишувни сақлаб қолиш бўйича таклифларини менсимагани айтилади.

Москвани келишув шартларини бузишда бир неча бор айблаб келаётган Вашингтон 22 ноябрь куни ундан расман чиқиб кетган эди.

АҚШнинг саноқли кунларда лавозимини тарк этадиган президенти Доналд Трамп қурол назорати бўйича имзоланган келишувларни танқид қилиб келади.

«Очиқ осмон» шартномаси 1992 йилда имзоланган ва 2002 йилда кучга кирган эди.

Уни имзолаган 34 давлат ҳарбий кучлар ва ҳаракатлар тўғрисида маълумот тўплаш учун бир-бирининг ҳудудида қуролсиз кузатув парвозларини амалга ошириши мумкин. Шартнома асосида бугунга қадар 1500 дан ортиқ мана шунақа кузатув парвози амалга оширилган.

Германия ўз ҳудудида Nord Stream-2 газ қувурининг қолган қисмини қуришга рухсат берди

15 январь куни Федерал Денгизчилик ва гидрография агентлиги АҚШ санкциялари ва экологик гуруҳларнинг қаршиликларига қарамай Nord Stream-2 («Шимолий оқим-2») қувурини якунлаш учун қурилиш ишларини бошлашга рухсат берди.

Линия Россия газини Европага элтишни кўзлайди. Лойиҳа Россия Германияга экспорт қиладиган газ кўламини икки баробарга ошириши кутилмоқда.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи Environmental Action Germany гуруҳи Nord Stream-2 иқлимга ва кўчиб юрувчи қушларнинг Болтиқ денгизи соҳилидаги муҳим яшаш жойларига таҳдид солишини айтиб, агентлик қарори устидан судга шикоят қилишини билдирди.

АҚШ узоқ йиллардан бери Nord Stream-2 қурилишига қарши чиқиб келади. Вашингтонга кўра, лойиҳа Германияни Россия газига қарам қилиб, Европа хавфсизлигига таҳдид солади.

2019 йилнинг декабрида Вашингтон Болтиқ денгизи тубида лойиҳа қувурларини ётқизишга кўмаклашадиган ҳар қандай ширкатга қарши санкция жорий қилган.

«Газпром» маълумотларига кўра, қувурнинг 94 фоизи ётқизилган.

Покистонда жангарилар билан тўқнашув чоғида уч аскар нобуд бўлди

Афғонистонга қўшни бўлган Шимолий Вазиристон харитаси

Покистоннинг Афғонистон чегарасига яқин жойлашган Шимолий Вазиристон вилоятида 14 январь куни содир бўлган отишмада уч нафар покистонлик аскар ҳалок бўлди.

Мамлакат армияси маълумотига кўра, айни вилоятда амалга оширилган алоҳида амалиётлар давомида уч жангари йўқ қилинган.

Армия баёнотида “Отишма вақтида уч аскар шаҳид бўлди, иккита террорчи ва бомба ясаш бўйича мутахассис ўлдирилган”и қайд этилган.

Маҳаллий хавфсизлик ходимларининг Озодликка маълум қилишларича, жангарилар билан тўқнашув Шимолий Вазиристоннинг Даттахел ҳудудида содир бўлган.

Шимолий Вазиристоннинг Спинвам ҳудудида 12 январь куни ҳарбий постга қилинган ҳужум ортидан икки аскар ҳалок бўлган, уч аскар жароҳат олган эди.

ФҚБ: АҚШда Байден инаугурацияси арафасида қуролли акциялар уюштиришга оид онлайн “суҳбатлар” кузатилмоқда

Федерал қидирув бюроси логоси

Федерал қидирув бюроси раҳбари Кристофер Рэй АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденнинг 20 январга белгиланган инаугурацияси арафасида намойиш ва митинглар бўлиб бўлиши, акциялар чоғида зўравонликлар содир этилиши мумкинлиги юзасидан хавотир изҳор қилди.

14 январь куни Рэй бюро қуролли норозилик намойишларига доир онлайн мулоқотларни кузатаётганини айтди. Унга кўра, 6 январь куни содир бўлган ҳодисаларни қайталашни режалаётган 200 дан зиёд шахс аниқланган.

Жорий йилнинг 6 январь куни президент Дональд Трамп тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганди. Бунга Трамп 3 ноябрдаги президентлик сайлови пайтида ўзига берилган овозлар ўғирлангани ва натижалар сохталаштирилганига оид далил-исботсиз иддаоларини қайта такрорлагани туртки бўлган. Ҳужум пайтида 5 киши ҳалок бўлган.

13 январь куни АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси президент Трамп импичменти бўйича иккинчи резолюцияни тасдиқлаган. Энди Намояндалар палатаси қарорини Сенат тасдиқлаши лозим. Аммо Сенат 19 январгача таътилда бўлгани учун инаугурация маросимигача бу иш амалга ошмай қолиши мумкин.

AI Тоғли Қорабоғ можароси чоғида тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлганига оид суриштирув ўтказишга чақирди

Келбажар туманидаги йўл бўйлаб зирҳли техникада кетаётган озарбайжонлик ҳарбийлар, 2020 йил 25 ноябри

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Арманистон ва Озарбайжонни Тоғли Қорабоғ минтақасида содир бўлган жанглар давомида аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда “ноаниқ ва палапартиш қурол” қўлланилгани юзасидан зудлик билан суриштирув ўтказишга чақирди. AI бу ҳолат халқаро қонунларга зид эканини айтмоқда.

Ташкилотнинг 13 январь куни эълон қилинган ҳисоботида қайд этилишича, рад этиб бўлмайдиган далиллар борлигига қарамай, Арманистон ва Озарбайжон уруш давомида тинч аҳоли вакиллари нишонга олинганини рад этиб келмоқда.

Amnesty International ҳисоботига кўра, тўқнашувлар чоғида Арманистон ва Озарбайжон халқаро миқёсда тақиқланган кассетали ўқ-дори ва бошқа портловчи қуроллардан фойдаланган.

Ташкилот бу икки давлат кучларининг тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлган 18 та зарбасини ўрганиб чиққан. AI вакилларига кўра, ушбу зарбалар ортидан 146 нафар тинч аҳоли вакили, шу жумладан, болалар ва қариялар нобуд бўлган.

Ўтган йилнинг 27 сентябридан 10 ноябригача давом этган тўқнашувлар умумий ҳисобда 6000 дан зиёд киши умрига зомин бўлган.

Францияда COVID-19 важидан бутун мамлакат бўйлаб комендантлик соати жорий этилади

Париж марказида юрган хавфсизлик кучлари вакиллари

Францияда коронавирусга қарши кураш доирасида 16 январдан бошлаб кечки соат 18.00 дан тонгги соат 6.00 гача бутун мамлакат бўйлаб комендантлик соати жорий қилинади. Бу ҳақда Франция бош вазири Жан Кастекс маълум қилган. Аввалроқ 25 та департаментда комендантлик соати жорий этилганди.

Чеклов чоралари камида 15 кун давом этади. Мазкур чоралар Британияда коронавируснинг янги штамми пайдо бўлгани ва хасталик тез тарқалаётгани билан боғлиқ равишда киритилмоқда.

Шу йил 18 январидан Шенген ҳудудига кирмаган мамлакатлардан Францияга келаётганларнинг ҳаммасидан COVID-19 га топширилган тест манфий чиққани ҳақида ҳужжат талаб қилинади, бундай ҳужжат тақдим этганлар бир ҳафта карантинга йўлланиб, кейин улардан қайта тест олинади.

Францияда фуқароларни Pfizer/BioNTech ва Moderna вакциналари билан эмлаш жараёни бошланган. Бироқ декабрь ойи охиридан бери 140 минг нафар одамгина эмловдан ўтган.

Пандемия бошидан бери Францияда COVID-19 га чалинганлар сони 3 миллион нафарга яқинлашиб қолган, қурбонлар сони эса қарийб 70 минг нафарга етган.

“Ералаш” киножурнали бадиий раҳбари Борис Грачевский коронавирусдан вафот этди

Борис Грачевский

Россия пойтахти Москвада “Ералаш” болалар юмористик киножурнали бадиий раҳбари Борис Грачевский 71 ёшида вафот этди. Унинг ўлимига коронавирус инфекцияси сабаб бўлган.

Граческийнинг COVID-19 га чалингани ўтган йилнинг 21 декабрида тасдиқланган. Ташхис қўйилганидан олти кун ўтиб у касалхонага ётқизилган, яна икки кун ўтгач эса реанимация бўлими кўчирилган. 7 январь куни режиссёр комага тушган ва ўпкага сунъий нафас бериш аппаратига уланган.

Коронавирусдан ташқари Граческий жиддий онкологик хасталикка чалингани айтилмоқда.

Борис Грачевский 1949 йилнинг 18 мартида туғилган. У Бутунроссия давлат кинематография институтини тамомлаб, “кино ишлаб чиқариш ташкилотчиси” мутахассислигига эга бўлган.

1974 йилда Грачевский дарматург Александр Хмелик билан биргаликда “Ералаш” киножурналига асос солган ва умрининг охиригача бу иш билан машғул бўлган. Грачевский киножурнал учун сценарийлар ёзган, бир неча бўлимга режиссёрлик қилган, ҳатто ўзи ҳам “Ералаш”нинг айрим бўлимларда актёр сифатида ўйнаган.

Борис Грачевский 1995 йили Горький номидаги киностудия базасида “Ералаш-Лэнд” киностудиясини ташкил қилган. 2009 ва 2015 йилларда у иккита тўлиқ метражли фильмни ҳам суратга олганди.

Рим папаси Франциск ва унинг салафи коронавирусга қарши эмланди

Рим папаси Франциск

Рим папаси Франциск ва унинг салафи Бенедикт COVID-19 га қарши эмловдан ўтди.

Франциск эмланиш ниятида экани ҳақида 10 январь куни билдирган. Рим папаси бошқаларни ҳам эмланишга чақириб, COVID-19 га эмланувни ахлоқий ҳаракат, деб атаган. Франциск ҳозир 84 ёшда, аввалги папа Бенедикт эса 93 ёшга кирган.

Ватикан ўз аҳолиси, ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун Pfizer/BioNTech вакцинасидан 10 минг доза буюртма берган.

Ватиканда бир неча юз одам истиқомат қилади. Пандемия бошидан бери у ерда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 30 га яқин ҳолат қайд этилган. Шаҳарда COVID-19 билан боғлиқ ўлим ҳолати қайд этилган эмас.

АҚШ ҳукумати Шинжондан пахта ва помидор импортини тақиқлади

Шинжонда пахта тераётган аёл, 2018 йил октябри

АҚШ ҳукумати уйғурлар ва бошқа миллий озчилик вакилларига қарши кампания юритаётган Хитой Коммунистик партиясига босим ўтказишнинг галдаги уриниши ўлароқ Шинжондан помидор, пахта ва пахтадан тайёрланган маҳсулотларга тақиқ жорий этилганини эълон қилди.

АҚШ Божхона ва чегара назорати хизмати (CBP) 13 январь кунги ўз баёнотида расмийлар Қўшма Штатларга кириш масканларининг барчасида мазкур маҳсулотларни тўхтатиб қолиши айтилган.

CBP тақиқ “маҳкумлар ва маҳбуслар меҳнатидан ҳамда мажбурий меҳнатдан фойдаланганликка оид исботли” маълумотга асосланганини билдирган. Хусусан, хизмат томонидан ўтказилган суриштирувда қарз ботқоғига ботириш, ҳаракат эркинлигини чеклаш, қўрқитиш ва таҳдид, иш ҳақини ушлаб қолиш ҳамда оғир турмуш ва меҳнат шароити дохил мажбурий меҳнат аломатларини аниқланган.

Мазкур чора Хитойнинг миллий озчиликларга қарши кампаниясини тўхтатишга эришиш мақсадида АҚШ маъмурияти томонидан қабул қилинган чораларнинг энг кўламлисидир. Дональд Трамп маъмурияти ўтган йили Шинжонда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга алоқадор айрим корхоналар маҳсулоти импортига тақиқ жорий қилган ҳамда бу кампаниядаги муҳтамал иштироки учун Хитой Коммунистик партиясининг амалдаги ва собиқ мансабдорларидан бир қанчасига нисбатан санкциялар киритган эди.

АҚШ Давлат департаменти аввалроқ асосан Ислом динига эътиқод қилувчи камида икки миллион нафар уйғур, қозоқ ва Шинжоннинг бошқа туб аҳоли вакиллари Хитойдаги лагерларга йўлланганини билдирган. Хитой ўз дастури уйғурларга мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги фабрикаларга бориб ишлаш учун имконият яратиши, ишчилар эса ихтиёрий равишда шартномалар тузиб, иш ҳақи олаётганларини иддао қилган.

АҚШ таҳлилий маркази томонидан ўтган ойда тақдим этилган ҳисоботда Шинжонда пахта етиштиришда юз минглаб миллий озчилик вакилларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланилаётган бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG