Линклар

Шошилинч хабар
25 июл 2024, Тошкент вақти: 02:37

Халқаро хабарлар

Британия полицияси мамлакат шимолий-шарқидаги бешта ҳонадонда тинтув ўтказди.

Тинтув 7 июлда Лондонда рўй берган портлаш боис ўтказилди. Тинтув чоғида ҳеч ким ҳибсга олинмади.
Айни пайтда Лондонда ўнлаб одамлар ҳанузгача бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Лондон портлашларида қурбон бўлганларнинг сони расман 52 нафар деб айтилмоқда.
Британия расмийлари Лондон портлашлари ортида исломий жангарилар турганлигини айтишмоқда.
АҚШ ҳарбийларига ҳавфсизлик юзасидан Лондонга сафар қилмаслик тавсия қилинган эди¸ аммо кун оҳирига бориб бу чеклов бекор қилинди.

Кун янгиликлари

Оқ уй: АҚШ Махфий хизмати раҳбари истеъфога чиқди

Кимберли Читл
Кимберли Читл

Собиқ президент Дональд Трамга қарши суиқасдни бартараф қилолмагани учун АҚШ Махфий хизматида (USSS) текширув ўтказилган ортидан хизмат директори Кимберли Читл истеъфога чиққан. Бу ҳақда 23 июль куни Оқ уй маълумот тарқатди.

Reuters қайдича, вазифасига амалдаги ва собиқ давлат раҳбарларини ҳимоя қилиш кирадиган Махфий хизмат изоҳ сўраб қилинган мурожаатга дарҳол жавоб берган эмас.

Махфий хизматга саволлар 13 июль куни Пенсильванияда очиқ осмон остида ўтган сайловолди митингида Дональд Трамп яраланганидан кейин пайдо бўлган. Қуролланган жиноятчи сиёсатчига тадбир ўтказилаётган майдон кафтдек кўриниб турган томдан ўқ узган бўлиши мумкин.

Бунинг ортидан USSS раҳбарияти, хусусан Кимберли Читл 22 июль куни Намояндалар палатасининг назорат комиссияси олдида ҳисоб бераркан, АҚШдаги икки етакчи сиёсий партия — демократлар ва республикачилар партиялари вакиллари танқидига нишон бўлган. У қонун чиқарувчиларнинг Пенсильваниядаги Трамп митингида қандай хавфсизлик чоралари кўрилганига оид саволларига жавоб беришдан бош тортган.

Тинглов чоғида қонун чиқарувчилардан бир неча нафари Читлни истеъфога чиқишга чақирган. Тинглов иштирокчилари “Махфий хизмат устидан назоратни давом эттириш”ни ҳам ваъда қилишган.

Кимберли Читл ўз чиқишида, жумладан митингда содир бўлган нохуш ҳодиса учун масъулиятни ўз зиммасига олишини билдирган. У Пенсильваниядаги ҳодисани ўзи раҳбарлик қилаётган Махфий хизмат тарихида 1981 йили ўша пайтдаги президент Рональд Рейганга қарши уюштирилган суиқасддан бери кузатилган “энг йирик муваффақиятсизлик” деб атаган.

Россияда мигрантлар ҳуқуқларини кескин чекловчи қонун лойиҳалари қабул қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Давлат думаси 23 июль куни ўтказилган ялпи мажлис чоғида Россияда миграция назоратини кучайтирувчи қонун лойиҳалари пакетини қабул қилди.

Унга кўра, полициячиларга хорижликларни мамлакатдан бадарға қилиш ҳақида қарор чиқаришга рухсат берилган, улар учун мигрантлар ҳуқуқларини кескин чекловчи махсус “мамлакатдан чиқариб юбориш режими” жорий йилинган.

Шунингдек, Россияда яшаш рухсатномасиз ёки визасиз юришнинг максимал муддати 180 кундан 90 кунга қисқартирилган.

Қонун лойиҳалари қабул қилингунига қадар хорижликларни мамлакатдан бадарға қилиш ҳақидаги қарорни фақат судлар ва чегара хизматлари қабул қила олар эди. Россияда қонуний асоссиз юрган ёки жиноят содир этганликда айбланган хорижликлар учун махсус ҳуқуқий тартиб жорий қилинмоқда.

“Мамлакатдан чиқариб юбориш режими”да бўлган хорижликларга банк ҳисобрақамлари ва бизнес очиш, автомобиль бошқариш, никоҳни расмийлаштириш, бошқа ҳудудга кўчиб ўтиш тақиқланди. Эндиликда улар яшаб турган жойга полиция ордерсиз ҳам келиши мумкин. Мигрантлар ортидан суддан санкция олмай туриб ҳам техник назорат воситаларидан фойдаланган ҳолда кузатув олиб боришга рухсат этилган. Бу санкцияларнинг ҳаммаси, қонунда қайд этилишича, ҳатто мамлакатдан чиқариб юбориш қарори юзасидан суд кетаётган пайтда ҳам амалда бўлиши мумкин.

Қонун лойиҳалари Россия Давлат думасига Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказига ҳужум ортидан киритилган. Мазкур ҳужумда, расмий маълумотларга кўра, 145 киши ҳалок бўлиб, 500 дан зиёд одам яралаган. Россия расмийлари терактда Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларини айблаб чиқишган.

“Крокус”га ҳужумдан сўнг Россияда расмийларнинг мигрантларга қарши муносабати кескин салбий томонга ўзгарган. Марказий Осиёдаги бир неча мамлакат расмийлари ўз фуқароларига Россияга бормай туришни тавсия қилишган.

Бангладешда полиция билан тўқнашувда 170 киши ҳалок бўлди

Даккадаги Олий суд биноси олдида турган аскар, Бангладеш, 2024 йил 21 июли
Даккадаги Олий суд биноси олдида турган аскар, Бангладеш, 2024 йил 21 июли

Бангладешда ўтган ҳафта бошланган талабаларнинг оммавий норозилик намойиши чоғида 170 дан зиёд киши ҳалок бўлиб, 2500 дан кўпроқ одам ҳибсга олинди. Бу ҳақда 23 июль куни Франция халқаро радиоси France-Presse агентлиги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Талабалар намойиши бошланишига Бангладешда ёшлар орасида ишсизлик даражаси жуда юқори бўлганига қарамай, давлат хизматчиларини ишга олишда махсус квоталар тизими киритилгани сабаб бўлган. AFP қайдича, бу галги норозилик чиқишларида намойишчиларга қарши бош вазир Шайх Ҳасина ва унинг партияси ҳукмронлик қилиб 15 йил ичида энг шиддатли куч қўллангани кузатилган.

22 июль куни норозилик чиқишларини бошлаган талабаларнинг асосий гуруҳи акциялар 48 соатга тўхтатилганини эълон қилган. “Талабалар дискриминацияга қарши” деб номланган бу гуруҳ лидери Ноҳид Ислом AFP мухбири билан суҳбатда фаоллар “бу қадар кўп қон тўкилиши эвазига” ислоҳот қилинишини истамаётганини айтган. Reuters агентлиги хабарига кўра, жорий ҳафтада пойтахт Дакка ва Бангладешнинг йирик шаҳарларида нисбий осойишталик юзага келган.

Бангладеш пойтахтида 23 июль куни кўчалардаги асосий чорраҳаларга назорат-ўтиш масканлари ўрнатган ҳарбийлар сони сезиларли даражада оширилган, дея хабар қилди AFP мухбири воқеа жойидан.

Бангладешда, расмий маълумотларга кўра, ёшларнинг 18 миллион нафари ишсиз бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистон: Арслонбобда касалхона ва уйлар сув остида қолди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилояти Бозорқўрғон тумани Арслонбоб қишлоғида 23 июль куни кузатилган сел оқибатида қатор инфратузилма объектларига шикаст етган. Бу ҳақда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, табиий офат натижасида 9 уй, касалхона, савдо уйи, бешта кўприк, қишлоқ ичидаги йўлнинг бир километри сув остида қолган. Тошқин 23 та автомобилни оқизиб кетган. Айни пайтда ФВВ автомобиль эгаларини аниқламоқда.

Вазирлик сел оқибатларини бартараф этиш учун 210 киши ҳамда махсус техника жалб қилинганини маълум қилган.

Қишлоқ аҳолиси орасида жабрланган ёки бедарак кетганлар ҳақида маълумот йўқ.

Бозорқўрғон туманидан ташқари 23 июль куни Ўш вилоятининг Новқат туманида ҳам сел-тошқин ҳодисалари кузатилган. ФВВ сел Қорақўй ва Қалдай қишлоқларидаги Мурдачи яйлови томонидан келганини маълум қилган. Тошқин натижасида икки ўтов Тельман - Қорақўй йўлининг 25 километрини сув босган, бунинг натижасида автойўл ёпилиб қолган.

Сўнгги ойларда Қирғизистон жанубида бир неча бор шиддатли жала ва сел келиши ҳодисалари кузатилди, табиий офатлар натижасида ўнлаб одам нобуд бўлди ва кўплаб уйлар сув остида қолди.

Сел-тошқин ҳодисаларининг сўнггиларидан бири бундан ўн кун муқаддам Ўш шаҳрида кузатилиб, ўшанда марказий бозор ҳамда Оқбура дарёси қирғоғидаги объектларни сув босган. Бундан ташқари, 14 июлдаги тошқин беш кишининг ўлимига сабаб бўлган.

Сўров: Ҳаррис Трампдан икки фоизга олдинда бормоқда

АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис, 2024 йил 22 июли
АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис, 2024 йил 22 июли

АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трампдан 2 фоизга олдинда боряпти.

Reuters/Ipsos сўровига мувофиқ, Ҳаррисни респондентларнинг 44 фоизи, Трампни эса сўралганларнинг 42 фоизи дастаклаган. Сўров 22-23 июль кунлари ўтказилган.

Сўров иштирокчиларининг 56 фоизи 59 ёшли Камала Ҳаррис “ўткир ақл соҳибаси” ва “қийинчиликларни бартараф этишга қодир” деган фикрга қўшилган. Бундай фикрни 78 ёшли Дональд Трамп ҳақида сўралганларнинг 49 фоизи айтган.

Сўралган демократ сайловчиларнинг 91 фоизи Ҳаррисга ижобий муносабатда. Сўров иштирокчиларининг учдан икки қисми демократлар Камала Ҳаррис номзодини дастаклаши лозим, деган фикрни маъқуллаган. Респондентларнинг чорак қисми эса президентликка кўрсатилиш учун бир неча номзод ўзаро кураш олиб бориши лозим, деб ҳисоблайди.

Польшада ўзбекистонлик эркак икки ўсмирга пичоқ билан ҳужум қилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Польша пойтахти Варшавада Ўзбекистонда туғилган йигит Украинадан бўлган ўсмирларга пичоқ билан ҳужум қилган.

Wyborcza нашри хабарига кўра, ҳодиса Варшавадаги ўрмон-парк ҳудудида рўй берган. Қайд этилишича, 26 ёшли гумонланувчи ҳужум чоғида украиналик 15 яшар ўсмирларга шикаст етказган.

Исми ошкор қилинмаётган гумонланувчи томонидан қўллари ва қорнидан яраланган икки ўсмир касалхонага етказилган. Бу ҳақда нашрга маълум қилган маҳаллий полициячи айни пайтда уларнинг аҳволи қандайлиги хусусида маълумотга эга эмаслигини билдирган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳужумчини ҳибсга олишган. Айни пайтда ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда.

Озарбайжонда расмийларни танқид қилиб келган собиқ дипломат қўлга олинди

Эмин Ибраҳимов
Эмин Ибраҳимов

Озарбайжонда 22 июль оқшомида собиқ дипломат Эмин Ибраҳимов қўлга олинган. Бу ҳақда Озодликнинг озарбайжон хизмати хабар қилди.

Ибраҳимов адвокат Ақил Лайижга душанба куни кечқурун метро станцияси олдида унга номаълум шахс ҳужум қилгани, шундан кейиноқ фуқаро кийимидаги одамлар пайдо бўлиб, уни тутиб кетишганини айтган. Собиқ дипломат Озарбайжон Жиноят кодексининг 126.1-моддасида (Киши соғлиғига қасддан оғир шикаст етказиш) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда.

“У гўё кимгадир пичоқ билан шикаст етказганлик учун ушланганини маълум қилди. Эмин бунинг ёлғон эканини айтди”, дея билдиришган Ибраҳимовнинг яқинлари.

Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги Turan агентлигига Ибраҳимов гўё 37 ёшли эркак билан жанжаллашиб кетганини маълум қилган.

“Натижада Эмин Ибраҳимов фуқарога пичоқ билан тан жароҳати етказган. Ибраҳимов қўлга олинган, жабрланувчи эса касалхонага етказилган”, дея билдиришган ИИВ вакиллари.

Эмин Ибраҳимов аввал Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишлаган, кейин эса дипломатик хизматдан кетган. Сўнгги йилларда у расмийларни танқид қилиб келаётган эди.

Июнь ойида Озарбайжонда иқтисодчи Фарид Меҳрализода қўлга олинган эди. У ходимлари уюшган гуруҳ таркибида валюта контрабандасида айбланган Abzas Media мустақил нашрига қарши иш фигурантига айланган. У судда ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, Abzas Media нашри билан ўзининг ўртасида ҳеч қанақа иш алоқаси бўлмаганини билдирган.

Путин ҳақидаги китоб муаллифи журналистлар уюшмасидан ҳайдалди

Владимир Путин ва Хуберт Зайпель
Владимир Путин ва Хуберт Зайпель

Германияда Netzwerk Recherche (NR) суриштирувчи журналистлар уюшмаси Россия президенти Владимир Путин таржимаи ҳолини ёзган ва бунинг учун Москвадан юз минглаб евро пул олган Хуберт Зайпелни ўз аъзолари сафидан чиқарди.

“Хуберт Зайпель ўз тутуми билан мустақил журналистиканинг асосий қоидаларини бузди ва касбимиз обрў-эътиборига улкан зарар етказди”, деган бирлашма раиси Даниэль Дреппер ZDF телеканалига.

ZDF каналининг Frontal дастури журналистлари Халқаро суриштирувчи журналистлар консорциуми, Spiegel ва Washington Post нашрлари билан биргаликда Зайпелнинг офшор фирма орқали Алексей Мордашовдан пул олганини фош қилишган. ОАВ маълумотларига кўра, Путин ҳақидаги китоб учун Зайпелга камида 600 минг евро тўланган. Бу ҳақда журналист нашриётни ҳам, ўзи ишлаган NDR телерадиоёйин ширкати ҳам хабардор қилган эмас.

Бу айбловлар эълон қилинган ноябрь ойидан кейиноқ Дреппер Зайпелдан бирлашмани тарк этишни талаб қилган, бироқ журналист бу талабни эътиборсиз қолдирган. Шунинг учун ҳам бирлашма Зайпелни фақат ҳозирга келиб – йиллик мажлисда аъзоликдан чиқарган. Зайпель мажлисга келмаган ва бунинг учун шахсий сабаблари борлигини айтган.

Хуберт Зайпель Германиядаги энг таниқли ва Россияни энг яхши билган тележурналистлардан бири бўлиб ҳисобланарди.

Июнь ойи бошида Зайпель Санкт-Петербургдаги иқтисодий форумда иштирок этган. Тахминларга кўра, у ҳалигача Кремль билан алоқаларни узган эмас.

Ўшда бозор савдогарлари митингидан тўрт киши тутиб кетилди

Ўшдаги марказий бозорга олиб ўтувчи кўприклардан бири (Қирғизистон Бош прокуратураси фотоси)
Ўшдаги марказий бозорга олиб ўтувчи кўприклардан бири (Қирғизистон Бош прокуратураси фотоси)

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида марказий бозор савдогарлари томонидан 22 июль куни уюштирилган норозилик акцияси чоғида милиция ходимлари тўрт кишини ушлаб кетган.

Озодликнинг қирғиз хизмати томонидан ёйинланган видеода акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев билан учрашув талаб қилишаётгани, бир муддатдан кейин эса митингчиларнинг айримлари милиция микроавтобусига тиқиб, олиб кетилаётганини кўриш мумкин.

Мазкур митингга Оқбура дарёси устига қурилган кўприкларнинг бузилаётгани сабаб бўлган, савдогарларга кўра, бу бузилишлар сабаб улар ўз иш жойларига ўта олишмаяпти. Улар бозорни кўчириш муддатини узайтиришни ҳам талаб қилишмоқда.

Савдогарларнинг бошқа қисми эса бозорни эски жойида қолдиришни талаб қилиб чиқишган. Уларга кўра, янги бозор савдо-сотиқ учун ноқулай жойда, марказдан олисда жойлашган бўлиб, у ерга мижозлар бормаслиги мумкин.

Аввалроқ Ўш шаҳар прокуратураси Оқбура дарёси устида ўзбошимчалик билан йўловчилар ўтадиган 10 та кўприк қуриб олингани, бу иш юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди.

Кейинроқ МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев Оқбура дарёси бўйлаб ноқонуний равишда қурилган бинолар, кўприклар ва дам олиш жойлари бузилишини билдирган. Мулозим ноқонуний қурилишларга рухсат берган мансабдор шахслар ҳам жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирган.

Ўш шаҳар ҳокимияти марказий бозор одатий тартибда ишлаётгани, янги бозор битгунича савдогарларга марказий бозорда ишлашга рухсат берилганини маълум қилган. Мэрия қайдича, янги бозор икки ой ичида қуриб битказилиши керак.

Жорий йилнинг 14 июль куни Ўшда кузатилган шиддатли жала туфайли Оқбура дарёси қирғоғидан тошиб чиққан, бунинг оқибатида шаҳар марказий бозори ва дарё қирғоғидаги объектлар сув остида қолган эди. Сел тошқини натижасида беш киши қурбон бўлган, улардан тўрт нафари битта оила аъзолари бўлишган.

АҚШ: Қурултой делегатларининг кўпи Ҳаррисни дастаклашга тайёр

Камала Ҳарриснинг сайловолди қароргоҳидаги чиқишидан лавҳа, Вилмингтон, 2024 йил 22 июли
Камала Ҳарриснинг сайловолди қароргоҳидаги чиқишидан лавҳа, Вилмингтон, 2024 йил 22 июли

АҚШ президенти Жо Байден иккинчи президентлик муддати учун курашдан бош тортганининг эртасига, яъни 22 июль куни вице-президент Камала Ҳаррис Демократлар партияси қурултойи делегатларининг кўпчилигидан АҚШ президенти лавозимига номзод этиб кўрсатилиши учун зарур бўлган дастакни олди.

Associated Press агентлигининг сўнгги ҳисоб-китобига кўра, Ҳаррис учун қурултойнинг қарийб 2700 нафар делегати овоз беришга тайёр. Президентликка номзод этиб кўрсатилиш учун 1976 нафар делегатнинг овози керак бўлади. Овоз бериш 1 августдан 7 августгача бўлиб ўтади.

Байденнинг президентликка номзод этиб кўрсатилишидан бош тортиши демократларга президентликка номзодлик учун курашишга формал имконият яратди. Бироқ Жо Байденнинг президентлик пойгасидан чиққани ва Камала Ҳаррис номзодини дастаклашига оид баёнотидан кейинги илк соатлардаёқ кўплаб етакчи демократ сиёсатчилар унинг номзодини қўллашларини билдиришди. Ҳарриснинг сайлов фондига 888 нафар донордан 80 миллион доллардан кўпроқ иона келиб тушди.

Душанба оқшомига келиб Ҳаррисдан бош бирор демократ президентликка номзодлик учун курашиш нияти борлигини билдиргани йўқ. Камала Ҳарриснинг номзодлик учун курашда муҳтамал рақиблари ўлароқ зикр этилган бир неча штат – Кентукки, Иллинойс, Мэриленд ва Мичиган штатлари губернаторлари унинг номзодини қўллашларини билдиришди. Уларга Намояндалар палатасининг собиқ спикери бўлган нуфузли сиёсатчи Нэнси Пелоси ҳам қўшилди, ваҳоланки у даставвал Ҳаррис номзодини очиқ-ошкор қўллаб чиқмаган эди.

Ҳарриснинг сайлов штаби Барак Обама маъмуриятида адлия вазири бўлиб ишлаган Эрик Холдер вице-президентликка номзод танлаш процедурасига бош бўлишини эълон қилди. Камала Ҳаррис қайси номзодни танлаши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай аниқ ишора йўқ.

Сайловолди қароргоҳига ташриф чоғида Камала Ҳаррис ўз сайловолди кампаниясини ўтмишда прокурор бўлиб ишлагани, шунинг учун ҳам “йиртқичлар” ва “товламачилар” билан яхши таниш эканини эслатишдан бошлади.

Мен Дональд Трамп каби одамлар тоифаси қандай бўлиши биламан”, дея билдирди Ҳаррис.

Дональд Трамп ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасида Байденнинг сайловда иштирокдан бош тортишга оид қарори “қаҳрамонона қадам” деб аталаётганидан нолиди ва Ҳаррис номзодини “барбод” номзод деб атади.

Озодлик журналисти Алсу Курмашева 6,5 йилга қамалди

Алсу Курмашева
Алсу Курмашева

Татаристон Олий суди Озодликнинг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашевани олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Associated Press агентлиги суд матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Курмашева суд томонидан Россия армияси тўғрисида “фейк” тарқатганликда айбдор деб топилган. Журналистлар Алсу Курмашевага нисбатан суд ҳукми 19 июль куни чиқарилганини урғулашмоқда.

Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Стивен Капус ҳукмни “одил судлов устидан кулиш” деб атаб, “ягона адолатли чиқиш йўли – бу Алсуни зудлик билан қамоқхонадан озод қилиш” дея билдирган.

АҚШ фуқароси бўлган бу қадрли ҳамкасбимизнинг ўз севимли оиласи билан қовушиш вақти аллақачон етган”, деган Капус.

Алсу Курмашева 2023 йилнинг май ойи ўртасида оилавий шароити туфайли туғилган шаҳри Қозонга борган. 2 июнь куни у Прагага парвоз олдидан Қозон аэропортида қўлга олинган. Ундан АҚШ ва Россия паспорти олиб қўйилган (Алсу ҳам Россия, ҳам Қўшма Штатлар фуқароси бўлган).

Даставвал у иккинчи фуқаролик ҳақида Россия расмий идораларини хабардор қилмаганликда айбланиб, 10 минг рубллик жаримага тортилган. Кейинроқ Алсуга ўзини “хорижий агент” сифатида рўйхатга олишни сўраб, Россия расмийларига мурожаат қилмаганликда айбланган.

Орадан қарийб икки ой ўтгач, унга қарши Россия армияси тўғрисида “фейк” тарқатганлик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бунга Idel.Реалии таҳририяти томонидан чоп қилинган “Йўқолсин уруш. Украинага бостириб кирилишига қарши чиққан 40 нафар россияликнинг ҳикояси” (“Нет войне. 40 историй россиян, выступающих против вторжения в Украину”) китоби асос ўлароқ кўрсатилган.

Апрель ойи охирларида АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путинни Алсу Курмашева ҳамда Россиядаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилган The Wall Street Journal нашри журналисти Эван Гершковични озод қилишга чақирган. “Журналистиканинг жиноят эмаслиги мутлақо аниқ”, дея таъкидлаган Байден.

Шу йилнинг 25 апрелида Европарламент депутатлари Курмашева ва Гершкович дохил Россияда тутиб турилган сиёсий маҳбусларнинг барчасини “зудлик билан ва шартсиз озод қилиш”га чақирувчи резолюцияни маъқуллаган эди.

Алсунинг қўлга олиниши аввалроқ Канада, Чехия, Франция, Польша ва Швеция

ҳукуматлари, шунингдек, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили, Европа парламенти президенти, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари қоралаб чиқишган. Европа кенгашининг журналистика ҳимояси ва журналистлар хавфсизлигига кўмаклашиш платформаси Алсуни озод қилиш бўйича ўз чақириғини ёйинлаган.

Шу билан бирга, Amnesty International, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Freedom House, ПЕН-Америка, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро журналистлар федерацияси, Халқаро матбуот институти каби халқаро ташкилотлар ҳам Алсунинг қўлга олинишини қоралаб, уни зудлик билан озод қилишга чақиришган.

Мигрантлар Россиядан 48 соат ичида бадарға қилиниши мумкин

Россия расмийлари полиция қарорига кўра мамлакатдан бадарға қилинажак хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ушлаб туриш муддатини 48 соатгача қисқартиришмоқчи. Ҳозирда бу муддат кўпи билан 90 кунни ташкил этади.

ТАСС агентлиги хабарига кўра, хорижлик фуқароларни мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича қонунчиликка тузатишлар киритилган тақдирда қўлга олинган мигрантлар мамлакатда икки кундан кўп қололмайди.

Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишида ички ишлар идораларига хорижликларни Россиядан бадарға қилиш ҳуқуқи берилиши таклиф этилганди. Депутатлар бу тузатишларни қабул қилишган.

Эндиликда хорижликларни мамлакатдан чиқариб юбориш учун суднинг махсус қарори керак бўлмайди. Масалан, аввалроқ ИИВнинг Олтой ўлкаси бўйича бошқармаси ўз тенгдошига қарата туфлаган ўсмирнинг оиласи мамлакатдан бадарға қилиниши ҳақида маълумот тарқатган. Оилага Россияни тарк этиш учун 15 кун муҳлат берилган. Айни пайтда бу оила устидан ҳеч қанақа шикоят ёки ариза тушган эмас: полициячилар 14 ёшли ўсмирни кузатув камералари орқали топишиб, оиласи билан биргаликда полиция бўлимига олиб келишган.

“Крокус Сити Холл”даги теракт ортидан Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфият кучайиб кетган. Россиялик расмийлар мазкур террор хуружининг амалга оширилишида бир неча тожикистонликни гумонлашмоқда.

Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчиларнинг “рейдлари” ҳам бошланиб, бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.

Россияда мигрантларга қарши кайфият кучайиши манзарасида ўзбекистонликлар дохил Марказий Осиёдан бўлган меҳнат муҳожирлари мамлакат ҳудудига киришда узоқ муддатли текширувлардан ўтаётган ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Грузияликларнинг қарийб 70 фоизи Россияни “душман” деб билади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Грузияда фуқароларнинг 69 фоизи Россияни ўз мамлакатининг душмани, деб ҳисоблайди. “Кавказский барометр — 2024” тадқиқоти доирасида ўтказилган сўров натижалари шундан далолат бермоқда.

Мазкур кўрсаткич йилдан-йилга ўсиб бормоқда: 2021 йилдаги шу каби тадқиқотда грузияликларнинг 66 фоизини Россияни асосий душман деб билиши маълум бўлган. 2019 йили бу кўрсаткич 49 фоизни, 2017 йилда 40 фоизни, 2012 йилда эса 35 фоизни ташкил қилган эди.

Сўров чоғида сўралганларнинг бор-йўғи тўрт фоизи АҚШни Грузиянинг асосий душмани деб билишини айтган. Туркияни душман деб биладиганлар сони эса бундан ҳам икки баравар (бор-йўғи 2 фоиз) кам.

Бошқа томондан эса сўралганларнинг 24 фоизи АҚШни Грузиянинг энг яқин дўсти деб билишини айтган. Дўст мамлакатлар орасида иккинчи ўринни Озарбайжон (8 фоиз), учинчи ўринни Украина (7 фоиз) эгаллаган. Улардан кейин дўст мамлакатлар ўлароқ Туркия, Германия ва Арманистон кабилар саналган. Сўралганларнинг икки фоизигина Россияни Грузиянинг дўсти деб билишини айтган.

Айни пайтда сўралганларнинг чорак қисмидан кўпроғи (26 фоиз) Грузиянинг умуман дўсти йўқ, деган фикрда.

Сўров юзма-юз интервью шаклида жорий йилнинг 16 апрелидан 13 майида Грузиянинг бутун ҳудудлари бўйлаб ўтказилган, бироқ ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилган Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудлари бундан мустасно.

Сўровда жами 1509 киши иштирок этган, улар орасида арманлар зич яшайдиган Самцхе-Джавахети ҳамда озарбайжонлар зич яшайдиган Квемо Картли ўлкалари ҳам бўлган. Сўров грузин, армани ва озарбайжон тилларида олиб борилган.

Ўшда марказий бозор савдогарлари пикетга чиқишди

Ўш шаҳрида пикетга чиққан марказий бозор савдогарлари, 2024 йил 21 июли
Ўш шаҳрида пикетга чиққан марказий бозор савдогарлари, 2024 йил 21 июли

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида марказий бозорнинг 50 чоғли савдогари 21 июль куни аввалроқ сел ювиб кетган бозорни кўчириш муддатини узайтириш талаби билан пикетга чиқишган.

Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири хабарига кўра, савдогарлар митингга “Халқ овозини эшитинг!”, “Бизга жой тайёрлаб беринг” ва бошқа плакатлар билан чиқишган. Улар бозор кўчирилишига қарши эмасликларини, бироқ расмийлардан аввалги жойда яна бир-икки ой ишлашга рухсат беришни сўрашаётганини билдиришган.

Марказий бозорда ўтказилган пикетдан сўнг савдогарлар Ўш шаҳар ҳокимлиги биносига йўл олишган. Улар бундай талаб билан 20 июль куни ҳам норозилик акциясини ўтказишган эди.

Эслатиб ўтамиз, 14 июль куни Ўшда кузатилган шиддатли жала туфайли Оқбура дарёси қирғоғидан тошиб чиққан, бунинг оқибатида шаҳар марказий бозори ва дарё қирғоғидаги объектлар сув остида қолган эди. Сел тошқини натижасида беш киши қурбон бўлган, улардан тўрт нафари битта оила аъзолари бўлишган.

20 июль куни Ўш шаҳар ҳокиимиятида ўтказилган йиғилишда марказий бозор Жапалақ ҳудудий бошқармаси ҳудудига кўчирилиши маълум бўлган. Ўша пайтда селдан зарар кўрган савдогарларга 100 минг сўмдан (тақрибан 1180 АҚШ доллари) ёрдам пули берилажаги айтилган.

Ўш шаҳри ҳокимининг ўринбосари Марс Исаев 22 июль куни ҳозирда ҳеч ким марказий бозор савдогарлари ишига тўсқинлик қилаётганини билдирди. Мулозимга кўра, сел оқибатларини бартараф қилиш чоғида бозор чиқинди ва лойдан тозаланган ҳамда бозорнинг сув босишига сабаб бўлган ноқонуний объектларни бузиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

“Янги бозор икки ой давомида тўлиқ қуриб битказилади ва марказий бозор янги муниципал бозорга кўчирилади. Янги бозор қурилиши тугагунига қадар савдогарлар эски жойларида ишлашда давом этишлари мумкин”, дея қўшимча қилган вице-мэр Марс Исаев.

Глобал носозлик туфайли юзлаб ширкатнинг иши тўхтаб қолди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Windows операцион тизимида юзага келган глобал носозлик туфайли дунёнинг турли мамлакатларида аэропортлар, вокзаллар, банклар, супермаркетлар, телеканаллар ва ҳукумат муассасалари ишламаяпти. Носозлик АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Япония, Ҳиндистон, Туркия, Исроил, Буюк Британия ва Европанинг бошқа мамлакатларидаги ширкатлар фаолиятига дахл қилган.

Хабарларга кўра, энг йирик авиаширкатлар парвозларни тўхтатиб қўйган, аэропортларда хаос ҳолати кузатилмоқда, Лондон фонд биржаси янгиликлар ёйинлашни тўхтатган.

Британиядаги Sky News телеканали ва айри мамлакатларнинг телеканаллари носозлик туфайли ёйинини тўхтатиб қўйган.

Гаджетларда “Компьютерингиздаги носозликнинг олдини олиш учун Windows фаолияти тўхтатиб қўйилди” деган ёзув билан “кўк экран” пайдо бўлмоқда, дея хабар қилди Sky News.

Microsoft корпорацияси Windows 10 операцион тизимидаги носозлик CrowdStrike антивируси янгиланишидаги хато туфайли юзага келганини маълум қилди. Ширкат бунинг киберҳужум эмаслигини таъкидлаб, ҳозирда авария “оқибатларини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар” кўрилаётганини маълум қилган.

ТАСС агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон дохил қатор постсовет мамлакатларида, жумладан Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонда аэропортлар, алоқа тармоқлари, банкларга оид ва бошқа иловалар ишида ҳеч қанақа муаммо кузатилаётгани йўқ.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG