Халқаро хабарлар
Сталин Россиядаги энг тарихий шахс
Мамлакатнинг энг таниқли тарихий шахсларини аниқлаш учун Россия фуқаролари ўртасида ўтказилган сўров кеча айнан шундай натижаларни берди.
Кўпчилик россияликлар биринчи ўринни ўрта асрдаги рус ҳарбий қўмондони Александр Невскийга, иккинчи ўринни эса 20 аср бошидаги рус ислоҳотчиси Пётр Столипинга раво кўрди.
Россия давлат телевидениеси томонидан 6 ой давомида ўтказилган сўровда 50 миллион одам овоз берди.
Кун янгиликлари
Озарбайжонда муддатидан илгари президент сайлови кейинги йилнинг февраль ойида ўтказилади

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев навбатдан ташқари президент сайловини 2024 йилнинг 7 февралига белгилади. Бу ҳақда Озодликнинг озарбайжон хизмати Алиев томонидан 7 декабрь куни имзоланган фармойишга таянган ҳолда хабар қилди. Қонунга мувофиқ, президент сайлови 2025 йилда ўтказилиши керак эди.
Озарбайжонда президент етти йилга сайланади, бунга оид ўзгартиш мамлакат Конституциясига 2016 йилдаги референдум ортидан киритилган. Авваллари президент беш йил муддатга сайланарди.
Озарбайжонда олдинги президент сайлови 2018 йил 11 апрелида бўлиб ўтган. Ўшанда сайлов октябрь ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ Алиев уни бир неча ой олдинга кўчирган. Мазкур сайлов асосий мухолифат партиялари томонидан бойкот қилинган. Мухолифат лидерлари Илҳом Алиевни мамлакатда эркинликларни оёқости қилганликда, авторитаризмда ва мухолиф қарашдаги шахсларни таъқиб қилишда айблаб келишади.
Илҳом Алиев илк бор президентликка 2003 йили – отаси Ҳайдар Алиевнинг ўлимидан икки ой аввал сайланган. Ҳайдар Алиев унгача Озарбайжонни 10 йил бошқарган.
Президент этиб сайланганидан кейин Илҳом Алиев даставвал бир шахснинг президентлик курсисини фақат икки мартагина эгаллай олишига оид қонунни бекор қилган. Кейин эса бу лавозимда бўлиш муддатини беш йилдан етти йилга ўзгартирган. Сиёсатшунослар Илҳом Алиев ўз лавозимини ўғлига – кичик Ҳайдар Алиевга топшириш ниятида эканига шубҳа қилишмайди.
2020 йилнинг февраль ойида Озарбайжонда муддатидан илгари парламент сайлови ўтказилган. Ўшанда мамлакат президенти Илҳом Алиев бошчилигидаги «Ени Азербайжан» ҳукмрон партияси ўз ғалабасини эълон қилган. Ўша пайтда Озарбайжон мухолифати расмийлар сайлов натижаларини сохталаштирганини ҳамда эълон қилинган натижалар халқ иродасини акс эттирмаслигини билдирган. Мустақил жамоат ташкилотлари маълумотларига кўра, ўтган парламент сайловида кўплаб шаҳарларда кузатувчиларнинг участкаларда ишлашларига халақит берилган: улар сайлов участкаларидан ҳайдалган, уларга тасвирга олишга ва участкалар бўйлаб ҳаракатланишга рухсат берилмаган, айримларга нисбатан эса куч ишлатилган.
Россияда 8-синф ўқувчиси синфдошларини ўққа тутди – ҳужумчи дохил икки қиз ҳалок бўлди

Россиянинг Брянск шаҳрида 8-синф ўқувчиси бўлган қиз синфдошларини ўққа тутди. Синфдош қизлардан бирини отиб ўлдирган ҳужумчи қиз ўз жонига ҳам қасд қилган.
Брянск вилояти ИИБ маълумотига кўра, отишма чоғида ҳужумчининг синфдошларидан тўрт нафари жароҳат олган, касалхонага олиб кетилган ўқувчилардан бири оғирлиги айтилмоқда.
Мазкур воқеа Брянскдаги 5-гимназияда содир бўлган. ТАСС агентлигининг ёзишича, 14 яшар қиз мактабга отасига тегишли милтиқни олиб келиб, ундан бир неча бор ўқ узган. Россия Давлат думаси депутати Александр Хинштейн ўқувчи қиз ов милтиғини ғилофда олиб келганини ёзиб, фотосуратини эълон қилди.
«7x7» нашрининг ёзишича, гумонланувчи дарсга кечикиб келган, синфга кирганидан кейин у милтиқдан беш марта ўқ узган. Ҳужум сабаби ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ. Маҳаллий телеграм-каналлар ҳужумчи қиз узоқ вақт синфдошлари томонидан масхаралаб келингани ҳақида ёзишмоқда. Тенгдошлари билан келишмовчилик ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳам асосий тахмин ўлароқ кўриляпти.
Ҳодиса ортидан мактабдаги ўқувчилар ва ўқитувчилар эвакуация қилинган, улар билан психологлар иш олиб бормоқда. Мактаб биноси ўраб олинган, воқеа жойида тезкор хизмат ходимлари ишлаяпти. Қотиллик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Полициячилар ҳужумчи қизнинг отасини қўлга олишган, ҳозирда у терговчилар томонидан сўроқ қилинмоқда.
Украина АҚШга зарур қурол-аслаҳа рўйхатини тақдим этди

Украина Россия ҳарбий тажовузини даф қилиш учун АҚШдан янги турдаги қурол-аслаҳалар, жумладан THAAD ракетага қарши мажмуалари, F/A-18 “Хорнет” қирувчилари, Apache ва Black Hawk вертолётларини сўради. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўзи мазмуни билан танишган ҳужжатга таянган ҳолда хабар қилди.
Украина Мудофаа вазирлиги вакиллари қурол-аслаҳалар рўйхатини мудофаа саноати масалалари бўйича 6 декабрь куни Вашингтонда ёпиқ мажлис чоғида тақдим этишган. Бу йиғилишда америкалик мулозимлар ва АҚШ ҳарбий саноати етакчилари қатнашишган.
Агентлик манбалари маълумотига кўра, рўйхатга ҳозирда Украина Қуролли кучлари тасарруфида бўлган Abrams танклари, 155 миллиметрли тўплар, дронлар ва узоқ масофага учадиган ATACMS ракеталари ҳам киритилган. Сўралаётган ёрдам рўйхатида Boeing ширкати томонидан ишлаб чиқарилаётган C-17 Globemaster ва Lockheed Martin томонидан ишлаб чиқарилаётган C-130 Super Hercules учоқлари ҳам бор.
Олтинчи декабрь оқшомида АҚШ Сенати, президент Жо Байден чақириғига қарамай, Украина ва Исроилга ҳарбий ёрдам ҳамда Ғазо сектори аҳолисига гуманитар ёрдамни молиялаштиришга оид қонун лойиҳасини ўтказмаган.
АҚШ президенти Вашингтон Россия президенти Владимир Путиннинг Украинада ғалаба қозонишига йўл қўёлмаслигини билдирган. Байденнинг ишонишича, Россия ғалаба қилган тақдирда, у Украина билан чекланиб қолмай, бошқа мамлакатларга ҳам ҳужум қилиши мумкин. АҚШ президентига кўра, Киевга ёрдамни имиллаб мувофиқлаштиришга йўл қўйиб бўлмайди. АҚШ қарори бўлмаса, Украинага бошқа иттифоқчилар – Европа мамлакатлари, Япония ва бошқа ҳамкорлар қўллови ҳам савол остида қолиши мумкин, дея урғулаган Байден.
Аввалроқ Вашингтон Киевга 175 миллион долларлик галдаги ёрдам пакетини ажратган эди. Мазкур пакетга HIMARS ва ҳаводан мудофаа тизими учун ўқ-дорилар, артиллерия снарядлари, танкка қарши қурол-аслаҳалар ва бошқалар киритилган. Бу орада АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, президент Байденнинг қўшимча молиялаштиришга оид талабномаси маъқулланмаган тақдирда, бу ёрдам пакети «охиргилардан бири» бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Россия: Федерация кенгаши президент сайлови санасини 17 мартга белгилади

Россия парламентининг юқори палатаси президент сайлови санасини 2024 йилнинг 17 мартига белгилади. Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, мазкур ҳужжат Федерация кенгаши томонидан 7 декабрь куни қабул қилинган.
Овоз бериш санаси аслида федерал қонун билан белгиланади, бироқ сенаторлар қабул қилган ҳужжат билан сайловолди кампаниясига расман старт берилади.
Аввалроқ Россия Коммунистик партияси лидери Геннадий Зюганов ва бошқа манбалар маҳаллий нашрларга мазкур ҳужжат 13 декабрь куни очиқланиши тахмин қилинаётганини айтган.
Шу пайтгача Россия президенти сайловида номзод ўлароқ иштирок этиш ниятини КПРФ раҳбари Геннадий Зюганов, Давлат думаси собиқ депутати Борис Надеждин, Донецкдаги айирмачиларнинг айни пайтда тергов ҳибсхонасида ўтирган собиқ ҳарбий лидери Игорь Стрелков (Гиркин), ржевлик журналист Екатерина Дунцовалар билдиришган. “Новие люди” партияси ҳам, партия матбуот хизмати хабарномасига кўра, президентликка ўз номзодини кўрсатмоқчи.
Россия конституциясига 2020 йилда киритилган ўзгартишлар амалдаги президент Владимир Путинга бешинчи муддатга ўз номзодини кўрсатиш имконини беради. Аввалроқ Путин бунга оид режасини сайлов санаси расман белгиланганидан кейин эълон қилишини билдирган.
Олдинроқ Россия нашрлари ва жаҳон хабар агентликлари Президент администрациясидаги манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда, Путин сайловда ўз номзодини қўйиши ва Кремль унинг осонлик билан ғалаба қозонишига умид қилаётгани ҳақида ёзиб чиқишган. «Медуза» ва «Вёрстка» нашрлари маълумотига кўра, амалдорлар олдига президент учун 80 фоиздан кўпроқ овозни таъминлаш вазифаси қўйилган.
Путин номзоди парламентга кирган «Единая Россия» ва «Справедливая Россия» каби партияларнинг сайловолди қурултойларида дастакланиши кутилмоқда. Бироқ, «Коммерсантъ» нашрига кўра, Путин ўз номзодини ўзи ҳам кўрсатиши мумкин.
АҚШ: Невада университетидаги отишмада камида уч киши қурбон бўлди

АҚШнинг Невада университетида 6 декабрь куни рўй берган отишмада камида уч киши ҳалок бўлган. Ҳодиса чоғи неча киши яраланиб, касалхонага етказилгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.
Лас-Вегас полицияси қайдича, Невада университетида одамларни ўққа тутганликда гумонланган шахс «зарарсизлантирилган ва ўлган». Аввалроқ ижтимоий тармоқларда университет кампусида отишма юз бергани, ҳодиса чоғида одамлар қурбон бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
Ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда. Воқеа жойи полиция томонидан ўраб олинган, транспорт ҳаракати чекланган.
Чоршанба кунги отишма қишки имтиҳонлар бошланишидан бир ҳафта аввал содир бўлган. CNN хабарига кўра, имтиҳонлардан кейин талабаларнинг кўпи 2017 йили энг қонли отишма кузатилган Лос-Анжелесга йўл олишади. Ўшандаги отишмада 58 киши ҳалок бўлиб, юзлаб одам яраланганди.
6 декабрь куни АҚШ сенатидаги республикачилар ўқотар қуролларни тақиқлаш бўйича демократларнинг қонунчилик ташаббусига халақит беришга уринишган. Мазкур ташаббус демократлар томонидан бир неча соат аввал илгари сурилганди. Reuters агентлиги АҚШда икки йилдан буён кетма-кетига ўқотар қуроллар билан ҳужумлар сони кўпайиб бораётганини қайд этган.
Путин Халқаро суд уни қўлга олиш тўғрисида ордер берганидан сўнг илк бор Яқин Шарққа борди

Владимир Путин Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди уни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берганидан сўнг илк маротаба Россия билан чегарадош бўлмаган узоқ хориж давлатига сафар қилди. Россия президенти самолёти Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу Дабига келиб қўнди.
Путин бу ерда мамлакат президенти Муҳаммад бин Зайд ал Нахаён билан музокара ўтказади. Шундан сўнг Путин Саудия Арабистонига боради ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад билан учрашади.
БАА ва Саудия Халқаро жиноят суди фаолиятида иштирок этмайди. Ҳаага Халқаро суди 2023 йилда Путинни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берганди. Суд ордер берганидан кейин Путин МДҲга аъзо уч давлат, Хитой ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларига борган.
Россия президенти Жанубий Африкадаги БРИКС ва Ҳиндистонда ўтган G20 саммитига бора олмаган. Жанубий Африка Республикаси Халқаро суд юрисдикциясини тан олгани ортидан Путиндан саммитга келмасликни илтимос қилган. Чунки Путин саммитга келган тақдирда ЖАР халқаро мажбуриятларига амал қилган ҳолда Россия президентини ҳибсга олишга мажбур бўлар эди.
Халқаро суд Путинни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан украин болаларини ўз ватанидан ноқонуний депортация қилганликда гумонлаб, 2023 йил мартида ҳибсга олиш тўғрисида ордер берганди.
Кремль бунга жавобан Халқаро суднинг бир қатор судялари ва прокурорларини айбсизлигини била туриб гуноҳсиз шахсни жиноий жавобгарликка тортиш айблов асосида қидирувга берган.
Россия Халқаро жиноят суди юрисдикциясини тан олмайди ва унинг фаолиятида иштирок этмайди.
Айни пайтда суд томонидан берилган ордер ортидан Путин Рим статутини ратификация қилган ҳамда Ҳаагадаги халқаро суд юрисдикциясини тан оладиган 123 та давлат ҳудудига кира олмайди. Россия президенти бу давлатлардан бирига борган тақдирда, маҳаллий расмийлар ўз зиммаларига олган халқаро мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда уни ҳибсга олишлари шарт бўлади.
Исроил БМТнинг мувофиқлаштирувчиси Линн Хейстингс визасини бекор қилди

Исроил БМТнинг Фаластин ҳудудларидаги гуманитар масалалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Линн Хейстингсга берилган вақтинча яшаш визасини бекор қилди. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн билдирди.
Унга кўра, Хейстингс АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС томонидан исроилликларни ўлдирганини қоралашдан бош тортгани ва Ғазодаги вазиятни “нотўғри” ёритгани ортидан мана шундай қарор қабул қилинган. Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, БМТ вакили ҳалок бўлган фаластинликларнинг барчасини тинч аҳоли деб ҳисоблайди.
“Биз БМТнинг бундай нохолислигига энди жим қараб турмаймиз! <...> ҲАМАСни 1200 исроилликни аёвсиз ўлдиргани, болалар ва қарияларни гаровга олгани, аёвсиз таҳқирлагани ва зўрлагани, Ғазо аҳолисидан тирик қалқон сифатида фойдалангани учун танқид қилмаган, бунинг ўрнига ўз фуқароларини ҳимоя қилаётган Исроилни, демократик давлатни айблаётган шахс БМТда хизмат қила олмайди ва Исроилга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилади”, деб ёзди вазир.
Аввалроқ БМТ бош котиби вакили Стефан Дюжаррик Исроил 1 декабрда Хастингсга берилган визани бекор қилгани ҳақида билдирган эди. Унинг ўрнига бошқа вакил тайинланиши ёки тайинланмаслиги тўғрисида маълумот йўқ.
Қозоғистон суди Украинадаги Россия агрессияси жабрдийдаларига кўмак фондини ёпди

Атирау вилоят ихтисослашган туманлараро иқтисодий суди "Слава Україні" фондини ёпиш тўғрисида қарор чиқарди. Мазкур фонд Украинадаги Россия агрессияси жабрдийдаларига кўмак кўрсатар эди. Бу ҳақда Қозоғистон инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси маълум қилди.
Фонд фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор ноябрда чиқарилган, лекин бу ҳақда бугунга келиб маълум бўлган.
Атирау вилоят адлия департаменти "Слава Україні" фондини давлат рўйхатидан ўтказганидан сўнг 15 кун ўтиб, фондни ноқонуний деб топиш ва унинг фаолиятини тақиқлаш тўғрисида судга мурожаат қилган.
Адлия департаменти бунга фонд устави «Қозоғистон қонунчилиги меъёрларига зид келиши»ни сабаб қилиб кўрсатган.
Фонд раиси Турарбек Кусаиновнинг айтишича, "Слава Україні" қисқа вақт ичида Украинага 5 миллион тенге ($10 800) миқдорида гуманитар ёрдам жўнатишга муваффақ бўлган. Кусаиновнинг айтишича, фонд Россия талаби билан ёпилган.
Қозоғистонда Украинага гуманитар ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи бир қатор фондлар ва волонтёрлик ташкилотлари фаолият олиб бормоқда.
Зеленский АҚШ сенатида видеоалоқа орқали чиқиш қилишдан бош тортди

Украина президенти Владимир Зеленский сўнгги дақиқада АҚШ сенаторлари билан ўтказиладиган онлайн-брифингни бекор қилди, деб хабар берди CNN.
Сенатдаги кўпчилик лидери Чак Шумер Зеленский махфий брифингда иштирок этишдан “сўнгги дақиқада юзага келган муаммо туфайли” бош тортганини билдирди.
Зеленскийнинг сенаторлар билан мулоқот қилишдан бош тортгани сабаблари айтилмади. Украина президенти бу мулоқотда урушнинг бориши тўғрисида ахборот бериши ва АҚШ яна бир ҳарбий ёрдам ажратиши зарурлиги ҳақида гапириши кутилаётганди.
АҚШ сенаторлари бир ойдан бери Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласида муросага эриши олмаяпти.
Октябрда АҚШ президенти Жо Байден Конгрессга Украина ва Исроилга умумий қиймати 106 миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш бўйича таклифни киритган эди. Бу ёрдамнинг 60 миллиарди Украинага берилиши режалаштирилган. Бу таклиф Конгрессда ҳалигача кўриб чиқилмади.
АҚШ Исроилни Ғазода тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлишига йўл қўймасликка чақирди

Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётида тинч аҳоли ҳалок бўлишда давом этмоқда. АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Ғазода тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш талаби билан Исроилга босим кўрсатмоқда, деб хабар берди Reuters.
Хабарда айтилишича, Вашингтон босим кўрсатиш воситаси сифатида Исроилга ҳарбий ёрдам камайтирилиши мумкинлигини айтмоқда.
Вице-президент Камала Харрис ва давлат котиби Энтони Блинкен ўз чиқишларида Исроил тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлишининг олдини олиш учун “жарроҳ каби аниқ амалиёт ўтказиши” шартлигини таъкидлади.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 5 декабрда ўтган матбуот анжуманида АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАСга қарши уруш якунланганидан сўнг Ғазо ЦАХАЛ назорати остида қолиши лозимлигини таъкидлади.
“Бу урушни якунлашнинг ва тез якунлашнинг ягона йўли ҲАМАСга нисбатан қақшатқич куч ишлатишдир. Қақшатқич куч билан уни йўқ қилишдир”, — деди Исроил бош вазири.
Исроил армияси вакили Ғазо шимолидаги Жабалия шаҳрида ҲАМАС қўмондонлик пункти йўқ қилинганини билдирди. Шунингдек, Ғазода ҲАМАСнинг 500 та ер ости йўли ҳам вайрон қилинган.
Ғазода мобил алоқа ва интернет ўчиб қолди

Ғазо бўлгасидаги асосий телекоммуникация ширкати бўлган PalTel мобил алоқа ва интернет ўчиб қолгани тўғрисида маълум қилди.
"Ғазо бўлгасидаги барча телекоммуникация хизматлари Исроил томонидан асосий тизимлар узиб қўйилгани оқибатида ўчиб қолганини авфсус билан билдирамиз", - дейилади ширкат билдирувида.
Шу билан бир қаторда, АҚШ оташкесим якунланганидан сўнг Исроилдан ёқилғи ташувчи автомашиналарни Ғазога кўпроқ ўтказишни талаб қилмоқда.
“Биз ёқилғи етказиб бериш жараёни қайта тикланиши шартлиги тўғрисида аниқ мужда бердик. Ёқилғи оташкесим пайтида етказиб берилган ҳажмлардан кўпроқ бўлиши лозим”,- деб баёнот берди АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Исроил армиясига 4 декабрда 24 соат ичида Ғазодаги иккита дори-дармон омборини эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берилганини танқид қилди. Ташкилот раҳбари Тедрос Аднан Гебрейесус ЦАХАЛни буйруқни бекор қилишга ва "тинч аҳоли, фуқаролик инфраструктуралари, жумладан, касалхоналар ва гуманитар объектлар хавфсизлигини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солиш"га чақирди.
Исроил ўз навбатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бу баёноти асоссиз эканини ва БМТ тегишли органларига Ғазодан дори-дармон омборларини эвакуация қилишга буйруқ берилмагани тўғрисида расмий ахборот тақдим этилганини билдирди.
Россия армиясидан қочмоқчи бўлганлар сони уч ойда икки баробарга кўпайди

2023 йилнинг кузида Россия армиясидан қочишга кўмак бериш илтимоси билан мурожаат қилганлар сони ёз фаслига қараганда 89 фоизга кўпайди. Бу ҳақда россияликларга Украинадаги урушда иштирок этишдан қочишга кўмак кўрсатувчи “Идите лесом” ташкилотига таянган ҳолда The Moscow Times хабар берди. Дезертирлар сони кўпайганини “Гражданин.Армия.Право” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Сергей Кривенко ҳам тасдиқлади.
“Идите лесом” ташкилотининг дезертирликка кўмаклашувчи мутахассисларига июнь-август ойларида 305 киши мурожаат қилган бўлса, сентябрь-ноябрда бу кўрсаткич 577 тага етди. 2023 йил апрелидан ташкилот юристлари ва волонтёрлари армиядан қочиш ниятида бўлган минг нафардан кўпроқ ҳарбий хизматчига маслаҳат берган.
“Идите лесом” раҳбари Гигорий Свердлиннинг айтишича, қочиш ниятини билдирган ҳарбийларнинг асосий қисми Украина урушида яраланиб, госпиталларда даволанаётганлардир.
“Гражданин.Армия.Право” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Сергей Кривенко оғир яраланган аскарлар госпиталдан чиққанларидан сўнг яна урушга жўнатилишларини билганларидан сўнг дезертирлик қилмоқда.
Кривенкога кўра, ҳарбий қисмлардан қочишга ҳаракат қилаётганлар сони унча кўп эмас. Чунки ҳарбий қисмлардан қочганларнинг асосий қисми қўлга олинмоқда ва урушга жўнатилмоқда.
Свердлин эса волонётрлар, айрим ҳолатларда, фронт олди ҳудудларидан ҳам аскарларнинг қочишига кўмак кўрсатганини билдирди. Бундай ҳолатлар жуда оз. Чунки зобитлар қонунга зид равишда аскарларнинг ҳужжатларини олиб қўймоқда.
Адвокат Максим Гребенюк қўлга тушган дезертирлар асосан шартли равишда озодликдан маҳрум қилинаётгани ва урушга қайта жўнатилаётгани ҳақида билдирди.
“Медиазона”нинг ёзишича, Россияда 2022 йил сентябрида мобилизация эълон қилинганидан то шу кунгача судларга дезертирлик билан боғлиқ тўрт мингдан ортиқ иш келиб тушган. 3470 иш бўйича дезертирлар шартли равишда озодликдан маҳрум қилинган.
Украинадаги “Хочу жить” лойиҳасининг маълум қилишича, сўнгги бир йил ичида Россия армиясининг 22 минг аскари таслим бўлиш истаги ҳақида ариза берган. Украина мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси расмий вакили Андрей Юсов ҳар куни мазкур лойиҳа доирасида 3-5 нафар рус солдати асир тушаётгани ҳақида билдирди. Бу маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлатиш имконияти мавжуд эмас.
Исроил Ғазо жанубида ва Ғарбий соҳилда ҳарбий амалиётни давом эттирмоқда

Ахборот агентликларининг 5 декабрда хабар беришича, Исроил армияси Ғазо бўлгаси жанубидаги Хон Юнус шаҳрига интенсив зарбалар бермоқда. Фаластиннинг WAFA агентлиги ЦАХАЛ Ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрига ҳам ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.
Фаластин манбаларининг билдиришича, ЦАХАЛ шимолдаги Шхема туманида, Асқар қочқинлар лагерига, Жалузун, Даэйшэ, Қаландия ва Байт Коҳил шаҳарчаларида ҳам амалиёт ўтказган. Бундан ташқари 5 декабрга ўтар кечаси Исроил армияси Қуддусдаги Шуафат қочқинлар лагерига кириб келган.
ЦАХАЛ ҳозирча бу хабарларга муносабат билдирмади. Бироқ армия Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳужумига жавобан ҳарбий самолётлар билан гуруҳ манзилларига зарба берганини маълум қилди. “Ҳизбуллоҳ” АҚШ ва қисман ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.
ЦАХАЛнинг хабар беришича, “Ҳизбуллоҳ” Исроилнинг Ливан билан чегарадош Зарит шаҳрига бомба отган. Бунга жавобан Исроил армияси Ливаннинг “бир қатор ҳудудларини артиллерия билан бомбардимон қилган”.
WSJ: Исроил армияси ҲАМАС тоннелларини сувга тўлдиришни режалаштирмоқда

Исроил ҳарбийлари ҲАМАС радикал гуруҳининг Ғазодаги тоннелларини сувга тўлдириш режасини муҳокама қилмоқда, деб хабар берди Wall Street Journal АҚШ расмийларига таянган ҳолда. ҲАМАС АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.
Нашрнинг ёзишича, ноябрнинг ўрталарида Исроил армияси (ЦАХАЛ) Аш Шати қочқинлар лагеридан бир ярим километр шимолроқда камида бешта сув насосини ўрнатган. Бу насослар орқали соатига минг куб метр миқдорида сув тортиладиган бўлса, ер ости йўллари бир неча ҳафта ичида сув остида қолиши мумкин.
ЦАХАЛнинг билдиришича, тоннеллар Ғазодаги мактаблар, спорт марказлари, масжидлар ва касалхоналар остидан ўтган. Ер ости йўллари тизими ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас.
2001 йилда ҲАМАСнинг Ғазодаги лидерларидан бири Яҳё Синвар тоннеллар тизими 500 километрни ташкил қилиши ҳақида ошкора билдирган эди. Бу маълумотни текшириб кўриш имконияти мавжуд эмас. Исроил армияси бу тоннелларни “Ғазонинг метроси” деб атайди.
ҲАМАС кўп йиллардан бери ер ости йўлларидан ҳарбий мақсадларда, жумладан, Исроил ҳудудига ҳужумларни уюштиришда фойдаланиб келади. ЦАХАЛ Ғазодаги Аш Шифа касалхонаси остида ҳам ҲАМАС ер ости йўллари топилганини билдирган. Бироқ ҲАМАС фуқаролик объектлари остида тоннеллари мавжуд эканини инкор қилиб келади. Исроил ҲАМАС гаровга олинганларни тоннеллардан бирида сақлаётгани тўғрисида маълумотлар борлигини билдирган.
Венесуэла Гайананинг нефтга бой вилоятини ўзига қўшиб олмоқчи

Венесуэлада ўтган референдумда сайловчиларнинг 95 фоизи ҳукуматнинг қўшни Гайанага қарашли нефтга бой Эссекибо вилоятини мамлакат таркибига қўшиб олиш режасини маъқуллади, деб хабар берди CNN.
Президент Николас Мадуро ташаббуси билан ўтказилган референдумда сайловчиларга Гайананинг «Эссекибо вилоятида Венесуэла давлатчилиги ташкил этилиши ва аҳоли Венесуэла фуқаролигига қабул қилинишига розимисиз», деган савол берилди. Бу саволга сайловчиларнинг кўпчилиги – 10,5 миллион киши “Ҳа”, деб жавоб берди.
Гайана президенти Ирфаан Али референдум арафасида Венесуэла ҳукуматининг бу ҳаракатни агрессия кўриниши сифатида қабул қилишини билдирди.
Гайана расмийлари кучли ҳарбий потенциалга эга бўлган Венесуэла ҳукумати референдум натижаларини рўкач қилган ҳолда мамлакатга бостириб киришидан ташвиш билдирмоқда.
Венесуэла президенти Николас Мадуро Гайанага бостириб кириш нияти йўқлигини ва референдум натижалари музокаралар бошланиши учун омил яратишини айтди.
Венесуэлада ўтказилган референдум БМТ Халқаро судининг қарорига зиддир. Халқаро суд Венесуэла Гайанага нисбатан ҳар қандай ҳудудий эътирозлардан тийилиши лозимлиги тўғрисида ажрим чиқарган.
Венесуэла 2015 йилда Гайананинг Эссекибо вилоятида нефть ва газнинг бой заҳиралари топилгани ортидан ҳудудий эътирозларни билдира бошлаган.