Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:41

Ўш дафтари: Бағирнинг размери


Қорасувлик имом Рашод қори Камолов билан суҳбатимиз файзли кечди.
Қорасувлик имом Рашод қори Камолов билан суҳбатимиз файзли кечди.

Ҳа, бугун гап шу ҳақда - бағри кенгликнинг чегараси ҳақида. Тунов куни қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан давра суҳбати ўтказдим. Суҳбатда иштирок этганлардан бири - қирғиз аёл Алима Шарипова Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университетининг номи ўзгартирилганини, шаҳардаги жоме масжидлардан бирининг номи қирғизчалаштирилганини куйиниб гапирди.

Суҳбат адоғига етиб, микрофонлар ўчгач, мен яна "Ўш дафтари"мни очдим.

23 июл, жума.

Шу куни ҳамкасбларим Брус ва Жеймилар билан Қорасувга тушдик.

(Ўшликлар ўзларини дунёнинг томида яшаймиз, деб ўйлайди: Қорасувга "бориб-келмайди" – "тушиб-чиқади", Андижонга "бориб-келмайди" – "тушиб-чиқади")

Шаҳардаги вазият билан танишамиз, масжидлар қавми билан, имомлар билан, учрата олсак, ҳизбчилар билан гаплашамиз, уларнинг кайфиятини, Ўш воқеалари тўғрисидаги фикрларини ўрганамиз, дедик.

Жума намоз бошланишини мўлжаллаб, Қорасувдаги икки жомедан бири – Рашод қори Камолов имомлик қиладиганига кириб бордик.

Ҳали хутба бошланмаган экан. Дарвозахонадаги сўрига, бир гуруҳ намозхонлар қаторига чўкдик. Улардан бири, савдогарнамо йигит бирпасда "чақиб" олишгаям улгурди:

"Қорасувда нима қанд еб юрибсизлар, ҳамма зулм Ўшда бўлаяпти-ю?!"

"Ўшдан тушдик, намозни ўқиймиз-у чопиб яна Ўшга чиқиб кетамиз, зулмни дарҳол тўхтатамиз, золимларнинг додини берамиз", дедим.

Савдогарнинг кўнгли таскин топди.

Таҳоратимни янгилаб, қайтиб чиқсам, Брус билан Жеймилар ҳўв пастда – масжид саҳнида, намозхонлар учун тайёрлаб қўйилган жойнинг пойгагида ўтиришибди.

Бордим. Ёнларида бир киши. Мутавалли экан. Менга секин "Намоз бошланганда ҳўв анаву диванга бориб ўтиришсин шерикларингиз", деди.

- Булар насронию лекин намозхонлар ҳурмати улар билан бир сафда билганларича ётиб-турмоқчи, бўловрадими?

Мутавалли “йўқ”, демади.

Ҳатто суюнгандай бўлди. "Майли", деди.

Минтақашунос журналистлар бўлганлари учун Бруснинг ҳам, Жеймининг ҳам масжидга биринчи бор киришлари эмас. Ҳамма билан бирга намоз ўқишди.

(-Ўқишди-ни тирноқлар ичига қамамаяпман – Ўзи Билади кимнинг қандай ибодат қилганини)

Намоздан сўнг масжиднинг Шаҳрихонсой соҳилига қурилган кенг айвонида чордона қуриб ўтириб, имом Рашод қори Камолов билан суҳбатлашдик.

Жуда файзли бошланди суҳбат. Файзли давом этди. Файзли тугади.

Файз, албатта, ҳали ёш бўлишига қарамай, (элликка кирганингдан кейин бошқа ҳамма ёш кўриновраракан) илмининг тамали мустаҳкам эканлиги сезилиб турган оғир-босиқ Рашод қорининг файзи эди.

Навбатдаги саволимизга жавоб бераётиб, Рашод қори бирдан тўхтади. Брусга қараб: "Масжид ҳурмати крестингни кўйлагингнинг ичига соливол", деди.

Брус ёнимдайди. Ўгирилиб қарасам, қизариб, футболкасининг устига чиқиб қолган крестини ичкарига тиқаяпти.

"Узр", деди Брус.

"Раҳмат", деди Рашод қори.

Гапини келган жойидан давом эттириб кетаверди.

На Рашод қори хафа бўлди. На Брус тўрсайиб олди.

Бағри кенглик дегани шуми?

Кейинги йилларда уни толерантлик дейишаяптими?

Толерантлик бундан ортиқ бўладими?

Аслида икки дин вакилининг бир-бирига бундай тоқат қилиши НОРМАдир.

НОРМА эса янгилик эмас. У ҳақда менга ўхшаб эзилиб гапириб ўтирмайдилар.

Лекин, минг афсуски, мана 5 ойдан бери Ўшда ўша НОРМАга тажовуз давом этмоқда.

Ўшлик қирғиз аёл Алима Шарипова "шаҳардаги Имом Бухорий жоме масжиди номини ўзгартиришди, энди у Манас масжиди, деб аталаяпти", деб куйинди тунов куни.

Бошқа ўшликларнинг айтишича, Манас эмас, Олой масжиди, деб ўзгартиришган эмиш.

Лекин, нима бўлгандаям, ўзгартиришгани аниқ.

Хўш, нима учун ўша ўзгартирувчилар ўйламаяпти?

Тайёрига айёрлар бироз суриштиришса, масжид қавми уларга айтган бўларди: бу масжид аслида Ўшнинг энг қадимий масжидларидан, қадимдан Ёнғоқли масжид бўлиб келган, Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан кейин бир сўм-бир сўмдан йиғиб, янги бино қурдик, яхши ният билан дини Исломга қилган хизматлари беназир бўлган зотнинг номини бердик, деган бўлишарди.

Деган бўлишарди. Лекин улардан ўзгартирувчилар-тайёрига айёрлар сўрамаяпти-да!

Чунки улар бағри кенгликни, толерантликни паққос унутган-да!

Шунинг учун билгим келяпти-да бағри кенгликнинг размерини.

Толерантликнинг размерини билгим келяпти-да!

Толерантликни унутганга ҳам толерант бўлавериш керакми?

Ўнг юзимга урганга сўл юзимни тутайми?

Нега индамайсиз, Толстой бобо?
XS
SM
MD
LG