Линклар

Шошилинч хабар
13 сентябр 2024, Тошкент вақти: 13:13

Ватандан қайтиш


26 июл, душанба, кечки соат 6. Командировка тугади. Ўш аэропорти. Чамадонни юрар лентага қўйдим – рентген қутига кириб кетди.

Ўзим паспортимни мелисага бериб, металтопгич кесакидан ўтдим, қайрилиб паспортимга қўл узатдим.

- Жиноят-қидирув бўлимидан справкангиз қани? – сўради бояги мелисанинг ортидаги баланд стол ортида турган, кийимидан на мелисалигини, на ҳарбийлигини тушуниб бўладиган йигит. Паспортимни унинг қўлида кўрдим.

- Жиноят-қидирув бўлимидан справкангиз қани?

- Қанақа справка?

- Демак, йўқ. 1000 сўм штраф.

- Эй бола, сен нима деяпсан, қанақа справка, қанақа штраф?

- Жиноят қилмаганингиз тўғрисида справка...

- Бир ҳафта бўлди Ўшга келганимга, жиноят қилишга вақт бўлгани йўқ. Мухбирман, Озодлик радиоси мухбири.

Мелиса-ҳарбий бирдан ўзгарди. Паспортимни узатди.

- Эй, тўхта, сен менга тушунтир, қанақа справка талаб қилаяпсан, нима учун бирпасда 1000 сўм штраф солиб қўяяпсан, менга тушунтир?

- Начальникдан сўранг.

- Начальнигинг қаерда?

- Билмайман.

Паспортимни қўлимга олиб шундоқ ўгирилсам, ортимда бутун республика танийдиган бир ўзбек сиёсатчиси турибди. Бир пайтлар у вилоят губернатори бўлган. У ҳам мен чиқадиган учоққа чиқиши керак, боя - 5 дақиқа олдин аэропорт биноси олдида ундан интервью ҳам олувдим.

- Кўрдингизми аҳволни, Фалончи ака, справка талаб қилишаётгани қонунийми?

Сиёсатчи ака кўзларини олиб қочди. Бир нарсалар деб минғирлади.

У кишини ҳижолат қилиб қўйганимдан ҳижолат бўлдим.

Ҳозир ҳам уни вазиятни тушунтириш учунгина эслаяпман.

Ўша пайтда Фалончи акага раҳмсизлик қилдим.

Қўлидан иш келмаслигини билардим.

Ўшда очиқдан-очиқ қилинаётган талончиликларни, хусусан, аэропортдаги талончиликни тўхтатишга кучи етадиган бирон бир ўзбек йўқлигини билардим.

Мелиса-ҳарбий мендан ундирмоқчи бўлган қарийб 30 доллар пул – Ўш аэропортидан учаётган ҳар бир ўзбекка солинган солиқ.

Шу кунда – октябрнинг охирида вазият қандайлигини билмайман, лекин июл, август ойларида самолётга чиққанки ўзбек ўша солиқни тўламай чиқмади.

Авиачиптани қайддан ўтказдик.

Перрон.

Учиш майдони.

Дунёнинг бир неча мамлакатида бир неча ўн йил учиб, шарти кетиб, парти қолган Ан-24. У шу қадар эскики, кабинаси томидан думига тортилган симни (антенна бўлса керак) учиб кетаётганда думи узилиб кетмасин учун бойлаб қўйишган, деган хаёлга бораман.

Самолёт салони. Ўтирғич синиб кетмасин, деб оҳиста чўкаман. Биргина фикр – учувчилар худкуш бўлмаса керак, биз билан бирга учишади-ку, демак Бишкекка етиб оламиз, деган фикр бу "ҳилвиллаб" турган "тешик тоғора"дан тушиб қочишдан тияди.

Тушиб қолганимдаям яна ўша Ўшми?

Яна миллатдошларимнинг тинимсиз йиғи-сиғисими? Уларнинг мен жавобини билмайдиган беҳисоб саволларими? Мутлақ ожизлик ҳиссими?

Менинг Ўшда қолишимдан эмас, Ўшдан кетишимдан фойда кўпроқ: қолсам – уларнинг бирига айланаман, кетсам – дардимизни гапирадиган бир ҳамюртимиз бор, деб ўйлашади, ўзларини ўзлари овутади.

Бирдан қулоқни қоматга келтириб шовқин пайдо бўлади.
Учоқ дириллайди, ваҳимали қалтирайди: парраклари айлана бошлади.

Парраклар ўқидан чиқиб кетса, келиб бортга уриладими ё нариёққа учиб кетадими, деб ўйлайман.

Чалғишга уринаман.

Тақдирнинг ўйинларини ўйлайман. Ҳар йили ёзда меҳнат таътилимни ўтказиш учун келадиганим шаҳарга бу йил бир меҳмон мухбир бўлиб келганим алам қилади.

Аслида Ўшга меҳмон сифатида иккинчи марта келишим.

Биринчи марта бундан ё 31 ёки 32 йил олдин – 70-йилларнинг адоқроғида, Тошкентда ўқиб юрганимда келганман.

Баҳор эди. Бир куни институт касаба уюшмаси қўмитасига чақиртириб қолишди. Бордим.

- Где ты ходишь, три дня ищем, тебя невозможно найти?!

- ...

- По дому соскучился?

"Ўлди, - дедим, - прогулчи, деб ҳайдашвораркан-да. Лекин нима учун ректорат ҳайдамай профсоюз ҳайдаши керак?"

- Ну, да, соскучиться қилдим, дедим талмовсираб.

- Вот тебе путёвка на 10 дней в Ошский Дом отдыха, поедешь, отдохнешь, мать увидишь.

- А что я плохого сделал, - дейман ҳар эҳтимолга қарши.

Қўлимга тутқазиб қўйилган йўлланмага қарайман, чиндан ҳам исм-фамилиям ёзилган, чиндан ҳам Ўшга...

- Езжай-езжай, а то можем и передумать.

Барибир "передумать" қилишмаса керак эди. Борадиган одам топишолмагани учун йўлланма хайф бўлмасин, деб менга беришган бўлсалар керак-да: ўшлик – жон, деб боради.

***

- Ҳа, болам, тинчликми? Келиб-кетганингга икки ҳафтаям бўлгани йўғ-у, - ҳайрон бўлганди онам.

- Ўзимиззи дом оддихга келдим. Йўлланма билан мукофотлашди яхши ўқиганим учун. Илгари куни бутун институтни тўплаб, йиғилиш ўтказишди. Министрнинг ўзи келиб, “хоҳласанг Сочига бор, хоҳласанг Ўшга бор, сендай аълочи студентларни қадрлашимиз керак”, деди. Мен сизни соғиниб кетганим учун “Ўшга бораман”, дедим. “Ўқиб чарчадинг, дам ол”, деди министр.

(Алдагани она яхши. Лекин ёлғонларимда рост унсур ҳам йўқ эмасди. Ростдан ҳам имтиҳонларни "аъло"га топширардим, дипломим қизил, бироқ мана 30 йил бўптики, деярли дарсга қатнамаган мендай такасалтангга қандай қилиб қизил диплом беришганига ҳануз тушунолмайман)

- Вой мунча яхшийкан министринг, сендай ёш болани дом оддихка жўнатса, - дедию онам бошимдан оёғимгача разм солиб қўйди.

Ҳеч чарчаганга ўхшамадим шекилли, ҳар ҳолда, "Сенинг ўрнингга домлаларингдан биронтаси келмабди-да", деди.

- Билмадим... - бу сўзни ташимда айтдим.

"Институтга ҳеч йўқ домлалар бориб туриши керак-ку, биз студентлар дарсга бормасак, домлалар дом оддихма-дом оддих юрса институт бўм-бўш бўпқоладию!" Бу гапни ичимда айтдим.

Дом отдихга бориб ётиб олиш эриш туюлди. Кечгача уйда юравердим. Кечга яқин онам: "Бор болам, дом оддихинга, гап тегиб қолмасин", деди.

"Ҳа, майли, борсам борайчи, танца-манца бўлар, қизлар-қимизлар, дегандай..."

Хуллас, онамнинг гапига кириб, 10 кунлик йўлланманинг бир кунини "ишлатдим".

Кечқурун борсам, дом отдихда чинданам танца бўлаётган экан.

Ҳаммаси катталар, катта кишилар, катта хотинлар, энг ёши 30 га кирган.

Ғитта-ғитта,
Ғитта-ғит.
Ғитта-ғитта,
Ғитта-ғит.

Бирпасда зерикиб кетдим. “Уйга кетворай” десам, анча кеч бўпқолган. Хонага кириб ётиб, ухлаволдим.

***

Уйғоним кетдим. Қаердалигимни билишга уриндим. Қарасам, ўтирибман. Шовқин. Самолёт шовқини. Ёнбошга қарадим. Паррак чириллаб айланаяпти. Кўзларим қизил нурдан қамашди: уфқда қуёш ботаяпти. Пастга қарайман: тоғлар.

Бошимни оламан. Суянчиққа ташлайман. Оёқларимни узатаман. Керишаман. Руҳимда ғалати бир енгиллик. Касалдан турган одамда бўладиган енгиллик. Ҳайрон бўламан. Қачон касал бўлдим? Уйқуга кетишдан олдин касалмидим? Нимани ўйловдим уйқуга кетишдан олдин? Ҳа, ҳа, талабалик йилларимда Ўшга келганимни. Э, ҳаа, Ўшдан кетаяпман.
Ўш қолаяпти ўзининг дарди билан. Касалдан турмабман мен. Касални ўзим билан олиб кетаяпман. Бояги енгиллик бир зумда ғойиб бўлди...

Самолётни силкинмай учадиган қилишса бўлмайдими?!

Агар силкинмай учса, ҳеч йўқ бир соатга, б и р
с о а т г а г и н а унутган бўлардим мана қарийб 50 кундан бери Ватанда давом этаётган даҳшатни.

Ҳаққим бордир, б и р с о а т г а г и н а унутишга?!

Ёки йўқми?
XS
SM
MD
LG