Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:29

Горбачëв даврига экскурсия


2 март куни Совет Иттифоқининг илк ва ягона президенти Михаил Горбачëв 80 ëшга тўлди. Мен уни Ўзбекистон мустақилликка эришишига энг катта ҳисса қўшган қаҳрамон, деб биламан.



Катта таасурот олишни истаган туристлар учун шу кунларда Украина турширкати янги йўналиш очди. 100 доллар эвазига Чернобил шаҳрига саëҳат қилиш мумкин. Атом электр станцияси портлаган бу фожиа шаҳри 24 йилдан бери ëпиб қўйилган. Шаҳарда бундан 22 йил олдинги манзарани кўриш мумкин. Худди фантаст ëзувчи Уэлснинг Вақт машинаси ëрдамида ўтмишга Горбачëв даврига қайтгандай бўламиз.

Сталкер

Ҳали Горбачëв ҳукуматга келишидан анча олдин таниқли киночи Андрей Тарковский “Сталкер” филмини суратга олган эди. Филм қаҳрамони одамларни ëпиқ зона ичидаги ниятлар ижобат бўладиган хонага олиб бориш билан шуғулланади...

Ака-ука Стругацкийлар китобига асосланган бу филм Горбачëв давриниг фожиали манзарасини олдиндан кўрсатганга ўхшайди.

Расм дафтаридаги Горбачëв

1985 йил баҳорида телевизорда Михаил Горбачëвнинг ленинградликлар билан учрашувига кўзим тушди. Горбачëв оддий одам тушунадиган қилиб ўзгаришлар лозимлигини айтар экан, унинг қўллари рақсга тушар эди. Унинг юз қиëфаси ҳам тез-тез ўзгарар ва бу ўзгаришларнинг чеки йўқдай эди. Мен қора қалам билан расм дафтаримга унинг портретини чиза бошладим. Ўшанда мен - Лайлию Мажнунлар сувратини жимжимадор қилиб чизадиган сиëсатдан узоқ бир рассом эдим. Горбачëв суратини чизиш мобайнида ўзимда сиëсий расмлар чизиш эҳтиëжини сездим. Атрофга бошқача кўз билан қарай бошладим.

Горби, Горби

1988 йил ëзида ГДРга боришдан олдин шарқий Берлиндаги дўстларимга телефон қилиб, "Нима оборай?" деб сўрадим. “Горбачëвнинг китобини”, дейишди.Колбаса тақчил бўлса ҳам, у даврда китоб сероб эди.

Бир қўлтиқ китоб билан Шарқий Берлиннинг Шўнефелд аэропортига кирар эканман, юк текширган ГДР божгири китобларни мусодара қилди. “Ферботен” (тақиқланган), деди у. “Нега?” дедим аэропорт биносидаги Горбачëв билан Ҳоннекернинг ўпишаëтган суратига ишора қилиб. У қўлидаги Штази (ГДР миллий хавфсизлик хизмати) қоғозини кўрсатди.

40 йил турган ГДР давлатининг тугашига эса атиги 40 кун қолган эди. Берлин девори соясида ўсган пол машшоқ Нина Ҳаген “Михаил, Михаил” деб қўшиқ айтар ва ГДР панклари бу қўшиқ садоларига рақс тушишарди. Уларнинг жулдур тўрваларию¸ норинжранг майкаларига Gorbi деган ëзув туширилган эди.

Яшасин Горбачëв

Телевизорда нутқларини тинглаганим Горбачëв менга: “Сен ҳам одам, сен ҳам инсонсан” дегандай бўлди. Бу гапдан жасоратланган биз - бир гуруҳ рассомлар Хоразмда илк бор митинг ўтказдик. “Ўзбек тили давлат тили бўлсин¸ Оролга сув лозим!” деган шиорлар ëнида “Яшасин Горбачëв “ деган шиор ҳам бор эди. Бу шиор Урганчдаги раҳбарларга ëқмади. “Яна шахсга сиғинаяпсизларми?” деб эътироз билдирган эди Урганч горкоми ўртоқ Раҳмонов. Умуман партмулозимлар тинч ҳаëтни ари уясига айлантирган Горбачëвдан астойдил нафратланишар эди.

Миллионлар сўккан Горбачëв

Ўзбек зиëлиларининг муҳофазакор қисми ҳам Горбачëвни севмас эди. Умуман, бу уларнинг эски касали. Масалан, Сталинга мадҳиялар ëзган Ғафур Ғулом минглаб ëзувчиларни Сталин қамоғидан озод қилган Хрушчëвни ëмон кўрган. Уни мазах қилиб, латифалар айтган.

Горбачëв иқтидорга келгани он уни сўкиш урф бўлди. Олис Мўйноқдаги тешик кемага суянган қорақалпоқнинг уни бўралаб сўкканини ҳануз эслайман.

Ароқ очеритидаги одамлар нафрати ҳам Горбачëвга қаратилган эди. Горбачëвнинг ўзи¸ хотини¸ онаси у эълон қилган “перестройка”¸ “гласност”, “ускорения” шиорига қўшиб сўкиларди.

Хоразмнинг олис Боғот қишлоғидаги журналист Рўзимбой Ҳасан “Ëш ленинчи” газетасида “Миллионлар сўккан Горбачëв” деган супрадай мақола эълон қилди.

Боғотдан 60 чақирим узоқдаги Боғолонда туғилган шоир Омон Матжон эса:
“Замон дурадгори асбоб, яроқсиз, Илма-тешик томни ямашга тушди”, - дея Горбачëвни ҳажв қилди.

Нуҳ пайғамбар бўлажак тўфондан омон қолиш учун ëғочдан кема қурганида, одамлар келиб, “пайғамбар эрдинг, йиғоччими бўлдинг” деб, Нуҳ алайҳиссаломни мазах қилишгани нақл қилинади.

Горбачеë берган эркинлик Каримов зимистони билан алмашганидан кейин ўтган 21 йил мобайнида Рўзимбой Ҳасан “Миллионлар сўккан Каримов” деган мақолани ëзгани йўқ. Омон Матжон эса Каримовни мазах қилиш каби шаккокликнинг яқинига ҳам йўламади. Қайтанга¸ “Бекларни кенгашга чорланг, султоним” деб Каримовга қасидалар ëзди.

Пешонада қолган СССР

Горбачëв аксар оддий ўзбеклар таҳсинига сазовор бўлмади. Хотинлар эса Горбачëвнинг рафиқаси Раиса Максимовани ошкора қарғаб ўтиришар эди.

Одамларга Горбачëвнинг “уйғонинг” деган хитобидан кўра, Кашпировскийнинг “Ухланг ва ором олинг” деган буйруғи ëқар эди.

Горбачëв даврида урф бўлган помбархит мато “Горбачëв сийпалади” деган ном олди. Помбархитдаги гул Горбачëв пешанасидаги норга ўхшар эди. Одамлар орасида “унинг пешонасига СССР харитаси туширилган” деган гап ҳам юрар эди. Сал китоб кўрганлар Нострадамус сентуриясидаги “нишонли Горбач мамлакатни йўқ қилади” деган мисралардан маъно қидиришар эди.

Горбачëв Форосда қамалганида “ана энди ароқ яна 4 сўмга тушади¸мамлакатга қаттиқ интизом қайтади” деб астойдил суюнган ўзбекларни яхши эслайман. Аммо СССР деган мамлакат Горбачëвнинг пешонасида, минглаб оддий ўзбекларнинг орзуларида қолди, холос.

Раҳмат сизга, Горбачëв

Мен рассомдан сиëсатчига, сиëсатчидан журналистга айланган Шуҳрат Бобожон орадан 25 йил ўтиб Горбачëвга миннатдорлик билдираман.

Менга ўзлигимни англаш имконини бергани учун.

Гарчи бу Горбачëв берган ҳуррият капалак умри каби қисқа бўлса ҳам. Гарчи Горбачëв тайинлаган кимса Ўзбекистонни 21 йилдан бери қон қақшатаëтган бўлса ҳам.

Бир ўйлаб кўрайлик, Горбачëв бўлмаганда Ўзбекистон мустақил бўлармиди?

Дунëни ўзгартирган одам

“Муаррихлар дунëга таъриф беришади¸ аммо ҳамма гап уни ўзгартиришдадир” деб ëзган эди Горбачëвнинг маънавий падари Карл Маркс.

Дунëнинг кейинги 22 йиллик шамойили бу Горбачëвнинг шарофатидир. БМТ узра ҳилпираëтган 15 та СССРдан мустақил давлат байроғи Горбачëвга алëр айтади. Бирлашган Германия¸ чек чегаралардан ҳоли Шарқий Европа ҳам бу одамдан миннатдор.

Кўплар “Горбачëв СССРни ағдаришни истамаган”, дейишади. Аммо кимнинг қалбида қандай истак борлиги ëлғиз яратганга аëн.

"Сталкер" филми қаҳрамонларидан бири зонадаги “истаклар уйи”га бориб, акаси касалдан фориғ бўлишини сўрайди. Аммо у қайтиб келгач, акаси оламдан ўтади. Зонадан қайтган ука эса бирдан бойиб кетади. “Истаклар уйи” тилдаги эмас, қалб тубидаги асл истакларни ижобат қилади. Ўзбеклар айтмоқчи, “ниятинг - йўлдошинг”.

Горбачëв исмли сталкер бизни фуқаролар уруши деб номланган тўфондан қутқариб¸ СССРга бирлашган давлатларнинг тинчгина уй-уй уйига тарқалишини таъминлади.

Бугун Ўзбекистонни қонсиз-қурбонсиз мустақил давлат бўлишига имкон яратган Михаил Горбачëв 80 ëшга тўлди.

Таваллуд муборак, Ўзбекистон мустақиллигининг ҳақиқий қаҳрамони!
XS
SM
MD
LG