Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2023, Тошкент вақти: 07:53

Халқаро хабарлар

Австралия ал-Ассадни Ҳаагага топширишга чақирди

Австралия ҳукумати Сурия Президенти Башар ал-Ассадни намойишчиларга қарши ваҳшиёна куч қўллаётгани учун уни Ҳаага халқаро трибуналига топшириш ғоясини илгари сурмоқда.

Расмийларга кўра, бугун Австралия сенати БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ва БМТ Хавфсизлик кенгашига хат йўллаб, Суриядаги воқеалар бўйича халқаро текширув ўтказиш ва Башар ал-Ассадни Ҳаага трибуналига топширишни сўраган.

Австралиянинг ташқи ишлар ва савдо департаменти вакили Дэвид Стюарт Сурия ҳукуматининг намойишчиларга қарши куч қўллаётганини "инсониятга қарши жиноят" дея баҳолади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, март ойи ўрталарида бошланган намойишлардан шу кунга қадар мингдан зиёд одам, жумладан, 25 бола ўлдирилган.

Кун янгиликлари

Қирғизистоннинг йирик бозорлари савдогарлари янги солиқ тартибига қарши иш ташлади

Қорасув бозорининг иш ташлаган савдогарлари.
Қорасув бозорининг иш ташлаган савдогарлари.

Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Амангелдиев мамлакатнинг йирик бозорларидаги иш ташлашларни учинчи кучлар “махсус уюштирган бўлиши эҳтимол” деб баёнот берди.

Вазир 1 декабрда Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида, “бир вақтнинг ўзида барча бозорларни норозилик чиқишларига кўтариш қийин”лигини айтди. Бироқ у бозорларда иш ташлашларни уюштиришдан кимлар манфаатдор эканини очиқ айтмади.

Савдогарларнинг иш ташлашлари 29 ноябрда Қорасув бозоридан бошланди. Шундан сўнг 30 ноябрда Бишкекдаги “Дўрдўй”, “Ўртасой” ва “Мадина” бозорлари савдогарлари митингга чиқди.

1 декабрда эса уларга Бишкекдаги “Аламедин”, уч вилоят марказлари бўлган Ўш, Талас ва Қорақўл шаҳарларидаги қатор бозорларнинг савдогарлари қўшилди.

Улар Қирғизистонда жорий этилган янги солиқ тартибига қарши чиқмоқда. Янги қонунга асосан Қирғизистондаги савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи барча тадбиркорлар сотувларни касса-назорат машиналари воситасида амалга ошириши лозим. Бундан ташқари сотувчилар ва товар етказиб берувчиларга электрон товар-транспорт йўлланмаси ва электрон ҳисоб фактурасидан фойдаланиш мажбурияти юкланган.

Савдогарларнинг намойиши ортидан ҳукумат Қорасув ва “Дўрдўй” бозорларидаги тадбиркорларга имтиёз берди. Бу имтиёзга асосан, Қорасув ва “Дўрдўй”даги савдогарларга электрон товар-транспорт йўлланмаси ва электрон ҳисоб фактурасидан фойдаланмасликка рухсат берилди. Лекин улар касса-назорат машиналарини ишлатиши шарт.

Вазир бу қарорни шарҳлар экан: “Биз барча бозорларга бундай имтиёзни бера олмаймиз. “Дўрдўй” ва Қорасув бозори мамлакатдаги энг йирик логистика марказларидир. Товарлар энг аввало мана шу икки нуқтага келтирилади ва шу ердан мамлакатнинг бошқа ҳудудларига тарқатилади. Шунинг учун уларга имтиёз бермоқдамиз. Янги солиқ тартибининг асосий мақсади яширин иқтисодиётга қарши курашдир”,- деб айтди.

Бироқ Қирғизистондаги бошқа бозорларнинг савдогарлари ҳам ўзларига Қорасув ва “Дўрдўй”даги тадбиркорларга берилгани каби имтиёзлар берилишини талаб қилмоқда.

Қирғизистон ҳукумати икки йил олдин солиқ тизимининг янги тартибини босқичма-босқич жорий этишни бошлаган. 2024 йил бошидан эса бу тартиб барча тадбиркорлар учун мажбурий бўлади.

Янги тартибга асосан: касса-назорат машинаси - сотилган маҳсулот ва кўрсатилган хизмат нархини ҳисоблаб борувчи аппарат; электрон товар-транспорт йўлланмаси – товар, товарни жўнатувчи, уни қабул олувчи ва етказиб берувчи транспорт воситаси ҳамда шунга оид бошқа маълумотлардан иборат электрон ҳужжат; электрон ҳисоб фактураси – қўшимча нарх солиғини ҳисоблаш учун товарни сотган ва товарни сотиш бўйича хизмат кўрсатган томонлар тўлдирадиган электрон солиқ ҳужжати.

Назарбоев иккинчи хотини ва ундан туғилган ўғиллари борлигини тан олди

Нурсултон Назарбоев 83 ёшда.
Нурсултон Назарбоев 83 ёшда.

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг «Менинг умрим. Қарамликдан озодликкача» китоби нашр этилди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Айдос Укибай ижтимоий тармоқларда маълум қилди.

Хабарда айтилишича, китобда Назарбоев илк маротаба ўз оиласи ҳақидаги маълумотларни ошкор қилган ва Январь воқеаларига ўз муносабатини билдирган. Китоб қанча нусхада нашр этилгани тўғрисида маълумот йўқ.

Аввалроқ Orda.kz сайти Назарбоев ўз китобида иккинчи хотини ва ундан туғилган икки ўғли борлигини тан олгани ҳақида маълум қилган эди. Аммо китобда Назарбоевнинг расмий хотини сифатида кўриладиган Сара Назарбоева билан никоҳи бузилгани ёки сақланиб қолингани тўғрисида ёзилмаган.

Orda.kz сайтида китобнинг 2022 йилдаги Январь воқеаларига бағишланган бир қисми эълон қилинган. Унда Назарбоев бу қонли воқеа учун масъулиятни “радикал мухолифатга” ва қочқинликда яшаётган мухолифатчи Мухтор Аблязов зиммасига юклаган. Бу воқеалар пайтида 238 киши ҳалок бўлгани расман эълон қилинган.

Китобда Назарбоев ўзи ва америкалик бизнесмен Жеймс Гиффен билан боғлиқ “Казахгейт” коррупциявий жанжали, сирли тарзда ўлган мухолифатчилар ҳақида ёзган ёки ёзмагани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Ҳуқуқ фаоллари Назарбоев Қозоғистонда демократик тамойиллардан узоқлашган бошқарувни шакллантиргани, ўз ваколатларини кўпайтиргани ва ўзгача фикрловчиларни қувғин қилганини айтиб келадилар.

83 ёшдаги Назарбоев 2019 йилда ҳокимиятни Қасим-Жомарт Тоқаевга ўтказиб берган.

АҚШ давлат котиби Исроилни Ғазонинг тинч аҳолиси хавфсизлигини таъминлашга чақирди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроилни ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётни қайта бошлаш олдидан Ғазо аҳолиси учун “хавфсизлик зоналари”ни ташкил этишга чақирди. ҲАМАС АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Блинкен 30 ноябрда Исроил ҳукумати расмийлари билан Тель-Авивда ўтказилган музокаралардан сўнг журналистларга берган интервьюсида: “Исроил мутлақо айбсиз бўлган фаластинликлар орасида яна қурбонлар бўлмаслигини таъминлаши шарт”,- деб билдирди. Блинкеннинг айтишича, Исроил ҳукумати АҚШнинг бу позициясини қабул қилган.

Исроил армияси 1 декабрда Ғазода АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёт қайта бошланганини расман маълум қилди. Исроил ҲАМАСни оташкесим шартларини бузганликда ва Исроил ҳудудига ўт очганликда айблади.

Расман билдирилишича, Исроил армияси айни пайтда ҲАМАСнинг Ғазодаги объектларига самолётлар ва артиллерия воситасида зарба бермоқда.

Бу билан 24 ноябрдан 30 ноябргача давом этган оташкесим якунланди. Ғазодаги оташкесим давомида, ўзаро келишувга мувофиқ, ҲАМАС 70 нафардан кўпроқ аёл ва болани гаровдан бўшатди, Исроил эса 200 дан ортиқ фаластинлик аёл ва ўсмирни қамоқлардан озод қилди.

Энтони Блинкен ҲАМАС-Исроил уруши бошланган 7 октябрдан бери уч марта Яқин Шарққа сафар қилди. Унга кўра, АҚШ Исроилнинг ўз хавфсизлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олади, шу билан бир қаторда Ғазодаги тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш шарт, деб ҳисоблайди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Блинкен билан музокаралардан сўнг ёйинлаган видеосида “Биз ҲАМАСни йўқ қилишга онт берганмиз ва бизни ҳеч ким бу аҳдимиздан қайтара олмайди”, - деб билдирди.

Исроил Ғазода ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёт бошланганини билдирди

Исроил армияси Ғазода АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёт қайта бошланганини расман маълум қилди. Исроил ҲАМАСни оташкесим шартларини бузганликда ва Исроил ҳудудига ўт очганликда айблади.

Исроил армияси баёнотида айтилишича, ҲАМАС 1 декабрь куни оташкесим шартларини бузган ҳолда Ғазо бўлгаси билан чегарадош яҳудий аҳоли пунктига ракета отган. Бу ракета Исроил ҳаводан мудофаа тизими томонидан уриб туширилган.

Кейинроқ Исроил ҲАМАС битта эмас, бир нечта ракета отгани тўғрисида маълум қилди. Ҳозирча ракеталар отилиши оқибатида жабрланганлар тўғрисида хабар берилмади.

Расман билдирилишича, Исроил армияси айни пайтда ҲАМАСнинг Ғазодаги объектларига самолётлар ва артиллерия воситасида зарба бермоқда.

Сеулда ит гўшти ейишни тақиқлаш муҳокама қилинаётгани ортидан фермерлар митинг ўтказди

Жанубий Корея пойтахти Сеулда 30 ноябрда икки юзга яқин фермер овқат учун ит етиштириш тақиқланишига қарши митинг ўтказди. Норозилар митинг пайтида полиция билан тўқнашди.

Reuters агентлигининг хабар беришича, бир неча фермер юк машиналарига ўрнатилган қафасларда ўз итларини олиб келишган. Улар итларни президент маъмурияти биноси олдида қафаслардан чиқармоқчи бўлган. Аммо полиция бунга тўсқинлик қилган. Натижада тўқнашув юз берган.

Митинг ташкилотчиларидан бири бўлган ит гўшти етиштирувчи фермерлар бирлашмаси раиси Чжу Ён Бон “сиёсатчилар соҳа фаолиятини тақиқлаш ва одамларга нима ейишни ўргатишга ҳуқуқига эга эмас”, деб билдирди.

Аввалроқ у президент маъмурияти биноси олдига икки миллион итни қўйиб юбориш билан таҳдид қилган эди. Митинг пайтида Чжу Ён Бон ва икки норози қўлга олинган.

Ҳозирда Жанубий Корея парламенти 2007 йилга бориб ит гўшти савдосини тўхтатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Ит гўшти етиштирувчи фермерларга, гўшт дўконлари ва ресторанларга уч йиллик солиқ имтиёзи ва молиявий кўмак кўрсатади. Қонунни бузганлар беш йилгача озодликдан маҳрум этилади ёки 38 минг долларлик жаримага тортилади.

Ҳукмрон партия томонидан таклиф қилинган мазкур қонун лойиҳаси мухолифат ва жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётгани айтилмоқда. 2022 йилда Gallup Korea ўтказган сўровда иштирок этганларнинг 64 фоизи ит гўшти истеъмолига қарши эканликларини, 8 фоизи эса бир йил давомида ит гўшти еганларини айтганлар. 2015 йилдаги сўровда респондентларнинг 27 фоизи ит гўшти ейишини тан олган эди.

Жанубий Корея қишлоқ хўжалик вазирлигининг билдиришича, мамлакатда ҳар йили 388 минг ит, бир миллиарддан ортиқ товуқ, 18 миллион чўчқа ва 965 минг мол гўшти истеъмол қилинади.

Қуддусда ҳужумчилар автобус бекатида уч кишини отиб ўлдирди

Қуддусда отишма бўлган жой.
Қуддусда отишма бўлган жой.

Қуддусда 30 ноябрь куни М-16 милтиғи ва тўппонча билан қуролланган икки ҳужумчи автобус бекатида уч кишини отиб ўлдирди ва бир неча кишини яралади.

Қуддус ғарбида содир этилган ҳужумда дастлаб икки киши ўлгани хабар қилинган эди. Хабарларда айтилишича, 24 ёшли аёл, 73 ёшли эркак, раввин ва ҳозирча ёши аниқланмаган бир аёл ҳалок бўлган. Уч киши оғир яраланган, яна уч киши енгил жароҳатланган.

Ҳарбийлар ва қуролланган фуқаролардан бири ҳужумчиларга қарши ўқ отган. Оқибатда ҳужум қилганлардан бири воқеа жойда ўлган, унинг шериги эса яраланган.

Исроил полицияси ҳодисани теракт сифатида баҳолади. Мазкур ҳужум Ғазода АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи деб тан олинган ҲАМАС радикал гуруҳига қарши уруш олиб борилаётган бир пайтда содир этилди. Ғазо бўлгасида вақтинча оташкесим эълон қилинган.

Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмади. Полициянинг билдиришича, ҳужумчилар ака-ука бўлган. Улар бундан аввал террорчиликка алоқадорликда гумонланиб бир муддат қамоқда ўтирган. Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ҳужумчилар ҲАМАС аъзолари бўлганини айтмоқда.

Ғазода оташкесим муддати узайтирилди

Қизил Хоч вакиллари гаровдан бўшатилганларни қабул қилиб олмоқда.
Қизил Хоч вакиллари гаровдан бўшатилганларни қабул қилиб олмоқда.

Исроил ҳукумати Ғазода оташкесим муддати узайтирилганини маълум қилди. Бундай қарор АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС 30 ноябрда гаровдан озод этиладиган шахслар рўйхатини тақдим этгани ортидан қабул қилинди. СNN телеканалининг хабар беришича, рўйхатда ўн нафар тирик исроилликнинг номи қайд этилган.

30 ноябрь куни ҲАМАС гаровдаги етти аёл ва уч болани ҳамда уч нафар жасадни Исроилга топширишга тайёрлигини билдирган эди. ҲАМАС Исроилга 7 октябрда уюштирилган ҳужумда гаровга олинган қолган шахсларни топа олмаётганини маълум қилган. Ўшанда ҲАМАСдан ташқари бошқа радикал гуруҳлар ҳам исроилликларни ва чет элликларни гаровга олган эди.

Исроил ҲАМАСнинг бу таклифини рад этган ва радикал гуруҳ кунига камида гаровдагилардан 10 нафарини тирик қайтарган тақдирда оташкесим муддатини узайтиришини билдирган. Исроил ҳукумати камида яна 15 аёл ва бола ҲАМАС гаровида сақланмоқда, деб ҳисоблайди.

Ғазо бўлгасида оташкесим муддати яна бир кунга узайтирилганини ҲАМАС билан музокараларда воситачилик қилаётган Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳам тасдиқлади.

Оташкесим муддати узайтирилгани тўғрисида аввалги келишув якунланишига бир неча дақиқа қолганида эълон қилинди.

Ғазода оташкесим 24 ноябрда эълон қилинган эди. Шу кунгача ҲАМАС гаровдан 70 нафар исроилликни ва камида 20 нафар чет элликни озод қилди.

Исроил бунга жавобан қамоқларда сақланаётган 200 нафар фаластинлик аёл ва ўсмирни бўшатди. Улар асосан террорчилик ёки террорчилар билан ҳамкорлик қилганликда айбланиб қамалганлардир.

Ҳозирда ҲАМАС ва бошқа радикал гуруҳлар Ғазода яна 150 нафар исроилликни ва чет эл фуқаросини гаровда сақлаб турибди. Улар орасида болалар ҳам бор.

Ғазода гаровга олинганларнинг яна бир гуруҳи озод этилди

Ғазода гаровдагиларни озод этиш пайтида олинган фотосурат.
Ғазода гаровдагиларни озод этиш пайтида олинган фотосурат.

Ғазо бўлгасида 29 ноябрь куни кечқурун 10 нафар Исроил фуқароси ва Таиланд паспортига эга тўрт киши гаровдан бўшатилди. Аввалроқ Россия ва Исроил қўшфуқаролигига эга бўлган икки аёл озод қилингани айтилганди.

29 ноябрда АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС ва Исроил ўртасида эришилган оташкесимнинг олтинчи куни якунланди. Би-би-сининг хабар беришича, Ғазода оташкесим муддатини узайтириш масаласида музокаралар олиб борилмоқда ва яқин соатларда унинг натижаси эълон қилиниши кутилмоқда.

Исроил ҲАМАС билан бевосита музокаралар олиб бормаяпти. Музокараларда Қатар, Миср ва айрим ҳолатларда АҚШ воситачи бўлмоқда.

Ғазода вақтинчалик оташкесим келишуви 24 ноябрда кучга кирган эди. Дастлаб оташкесим тўрт кун давом этиши белгиланганди. Бу вақт ичида ҲАМАС гаровдан 50 исроилликни ва 20 чет элликни озод қилди.

27 ноябрда оташкесим муддати яна икки кунга узайтирилди. Икки кун давомида кунига гаровдагилардан 10 нафарининг бўшатилиши эвазига Исроил 30 нафардан фаластинликни қамоқдан чиқарди.

АҚШ собиқ давлат котиби Генри Киссинжер юз ёшида вафот этди

Киссинжер Иккинчи жаҳон урушидан сўнг энг катта таъсир кучига эга бўлган АҚШ давлат котиби сифатида тилга олинади.
Киссинжер Иккинчи жаҳон урушидан сўнг энг катта таъсир кучига эга бўлган АҚШ давлат котиби сифатида тилга олинади.

АҚШ собиқ давлат котиби Генри Киссинжер 29 ноябрда вафот этди. У юз ёшда эди.

Киссинжер Иккинчи жаҳон урушидан сўнг энг катта таъсир кучига эга бўлган АҚШ давлат котиби сифатида тилга олинади. У 1969 йилда президент Ричард Никсоннинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. 1973 йилда эса давлат котиби бўлган.

Никсон истеъфосидан сўнг у президент Форд маъмуриятида давлат котиби лавозимида ишлашда давом этган.

Киссинжер 1971 йилда олиб борган махфий сўзлашувлар ортидан президент Никсон Хитойга тарихий сафар қилди. Бу ташриф АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига сабаб бўлди.

Киссинжер Совет Иттифоқи билан муносабатларни қатъий яхшилаш тарафдори эди. Унинг СССР раҳбарияти билан олиб борган мулоқотлари оқибатида сиёсий кескинлик юмшатилди ва ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича АҚШ-СССР шартномаси имзоланди.

Генри Киссинжер Шимолий Вьетнам билан олиб борган узоқ йиллик музокаралар натижасида Вьетнам уруши тўхтатилди ва АҚШ ҳарбийлари Жанубий Вьетнамдан чиқарилди. Шундан сўнг у Нобель Тинчлик мукофотига сазовор бўлди.

Киссинжер ўз мақсадига эришиш учун ҳар қандай воситалардан тап тортмаслиги ортидан танқидларга учраган. Жумладан, у Чилида 1973 йилда содир этилган ҳарбий тўнтаришни қўллаб-қувватлаган. Вьетнам уруши даврида эса у Комбожа ва Лаосни бомбардимон қилишга рухсат берган.

1975 йилда президент Форд Киссинжернинг чақириғи билан Индонезия армиясининг Шарқий Тиморга бостириб киришига рухсат берган. Бунинг оқибатида Шарқий Тиморда юз мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Давлат котиби лавозимини тарк этганидан сўнг ҳам Киссинжер АҚШдаги энг нуфузли ва таъсири кучли сиёсатчи сифатида қолаверди. У АҚШнинг деярли барча президентлари, жумладан, Дональд Трампнинг ҳам норасмий маслаҳатчиси сифатида тилга олинган.


Генри Киссинжер Германияда туғилган. У 1938 йилда – 15 ёшлигида оиласи билан АҚШга кўчиб ўтган. АҚШ армиясида хизмат ўтаганидан сўнг Ҳарвард университетида ўқиган.

Олмаотадаги хостелда юз берган ёнғинда 13 киши ҳалок бўлди

Ёнғинни ўчиришга 46 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинди.
Ёнғинни ўчиришга 46 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинди.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 30 ноябрь куни эрталаб юз берган ёнғинда 13 киши ҳалок бўлди.

Озодликнинг қозоқ хизмати хабарида айтилишича, хостел уч қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган эди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Олмаота бошқармаси ёнғин чиққан пайтда хостелда 72 киши бўлганини билдирди. Улардан 59 нафари ёнаётган бинодан чиқишга улгурган. Қолганлар эса ис газидан заҳарланиб, ташқарига чиқишга улгурмаган.

Хостелдаги ёнғинни бартараф этишга 13 та ўт ўчириш техникаси ва 46 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинди. Ҳозирда ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.

Августда Олмаотадаги 16 қаватли бинода юз берган ёнғин оқибатида бир аёл ҳалок бўлган ва қирқ нафардан кўпроқ одам жароҳат олган эди. Бу воқеадан сўнг Олмаотада ёнғин хавфсизлиги юзасидан текширувлар кучайтирилганди.

Европарламент Украинанинг номзодлик мақомини маъқуллади

Страсбургдаги Европарламент биноси олдига илинган Украина байроғи.
Страсбургдаги Европарламент биноси олдига илинган Украина байроғи.

Европа кенгашининг Украинага Европа Иттифоқига аъзо бўлишга номзод мақомини бериш тўғрисидаги қарори Европарламент томонидан маъқулланди. 28 ноябрда Европа парламенти ва Украина Олий Радаси ўртасида бу борада янгиланган ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Европа кенгаши Украинага номзодлик мақомини бериш тўғрисидаги қарорни 2022 йилда қабул қилган эди. 28 ноябрда Европарламент Европа комиссиясининг Украина билан ЕИга аъзолик бўйича музокараларни бошлаш тўғрисидаги тавсияларини ҳам қўллаб-қувватлади. Хабарларда айтилишича, бу масала бўйича кейинги қарорлар Европа кенгашининг декабрда ўтадиган йиғилишида қабул қилинади.

Брюсселда Олий Рада раиси Руслан Стефанчук билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Европарламент президенти Роберт Метсол Украинани, жумладан, Европа тинчлик фонди орқали дастаклашда давом этиш муҳим эканини айтди.

“Биз имкони борича тезроқ Украина учун 50 миллиард долларлик жамғарма тузиш ҳақида келишиб олишимиз лозим”, деди у.

Руслан Стефанчук эса Европарламент билан меморандумнинг имзоланишини “тарихий воқеа” деб баҳолади.

Россия хакерлари Европанинг юқори лавозимли мансабдорлари компьютерларига ҳужум қилди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Россиядаги Fancy Bear хакерлик гуруҳи Европа Иттифоқига аъзо камида етти давлат ҳукуматининг юқори лавозимли мансабдорлари компьютерларига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Politico журнали ўз ихтиёрига келиб тушган Европа Иттифоқи компьютерлар хавфсизлиги бўйича гуруҳи мутахассисларнинг огоҳлантириш хатига таянган ҳолда хабар берди.

Махфийлик муҳри бор мазкур хат ЕИ давлатлари ҳукуматларига ноябрь ойининг бошларида жўнатилган. Унда ҳукуматлар Россия хакерлари юқори мартабали амалдорлар компьютерларидаги маълумотларни олиш учун персонал ҳужумлар уюштиришни режалаштирилаётгани ҳақида айтилади.

Politico мақоласида хакерлар бу режани амалга оширгани ёки ошира олмагани тўғрисида маълумот берилмаган. Расмийлар журналга бу борада изоҳ бермадилар.

Fancy Bear бундан аввал ҳам Европа Иттифоқи компьютерлар тармоғига ҳужум уюштирганликда гумонланган эди. Мазкур гуруҳ Россия ҳарбий разведкасига алоқадор экани айтилади. Politico журналининг ёзишича, гуруҳ хакерлари Европарламентга сайловлар ўтказилишига олти ой қолганида ҳужум қилишни режалаштирганига эътибор қаратган. Европа Иттифоқи сайловларга Россия, Хитой ва бошқа давлатлар хакерлар орқали аралашиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

ҲАМАС яна 12 кишини гаровдан озод қилди

Қизил Хоч вакиллари гаровдан озод қилинганларни қабул қилиб олмоқда.
Қизил Хоч вакиллари гаровдан озод қилинганларни қабул қилиб олмоқда.

АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС радикал гуруҳи оташкесимнинг бешинчи куни – 28 ноябрда Қизил Хочга гаровдаги 12 кишини топширди. Улардан 10 нафари исроиллик аёл ва қиз ҳамда икки нафари Таиланд фуқаросидир.

Ўз навбатида Исроил ўз қамоқхоналаридан 30 фаластинликни – 15 аёл ва 15 ўсмирни озод қилди.

Ғазода ҲАМАС қўлида яна саккиз нафар бола гаровда қолмоқда.

Ғазода вақтинчалик оташкесим келишуви 24 ноябрда кучга кирган эди. Дастлаб оташкесим тўрт кун давом этиши белгиланганди. Бу вақт ичида ҲАМАС гаровдан 50 исроилликни ва 20 чет элликни озод қилди.

27 ноябрда оташкесим муддати яна икки кунга узайтирилди. Икки кун давомида кунига гаровдагилардан 10 нафарининг бўшатилиши эвазига Исроил 30 нафардан фаластинликни қамоқдан чиқаради. Шундан сўнг оташкесим яна икки кунга узайтирилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Исроил ҲАМАС билан бевосита музокаралар олиб бормаяпти. Музокараларда Қатар, Миср ва айрим ҳолатларда АҚШ воситачи бўлмоқда.

Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири Чингиз Айтматов номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди

Айгерим Ақилбекова Озодлик радиоси қирғиз хизматининг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган ягона вакили эмас.
Айгерим Ақилбекова Озодлик радиоси қирғиз хизматининг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган ягона вакили эмас.

Бишкекда 28 ноябрда ўтган “Ёшлар форуми”да Чингиз Айтматов номидаги Қирғизистон давлат ёшлар мукофоти эгаларига топширилди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг хабар беришича, “Журналистика ва телекўрсатувлар йўналишидаги энг яхши асар” номинациясида Айгерим Ақилбекова ғолиб деб топилди.

Айгерим Ақилбекова Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири. Унга бу мукофот Озодлик радиоси қирғиз хизмати томонидан тайёрланадиган “Данисте” дастури учун берилди.

Хабарда айтилишича, сўнгги бир йил ичида “Данисте” дастури YouTube платформасида 10 миллион марта кўрилган.

Мазкур дастурда Қирғизистондаги турли миллатлар ва элатлар, чет элдаги муҳожирлар ҳамда инсон ҳуқуқлари масаласи кўтарилади. Масалан, бу дастур доирасида Ўшдаги Ўнадир мавзесида яшовчи ўзбеклар, Боткен вилоятининг Учқўрғон қишлоғидаги тожиклар, Талас вилоятидаги немислар, Иссиқкўлдаги қозоқлар, Чуй вилоятига бошқа давлатлардан кўчиб келган этник қирғизлар, Помирдан Олойга кўчиб ўтган қирғизлар муаммолари кўтарилган.

Чингиз Айтматов номидаги Қирғизистон давлат ёшлар мукофоти 2000 йилнинг 23 августида қирғиз ҳукумати қарори билан таъсис этилган.

Мазкур мукофот ёшлар орасида демократия, маънавий ва маданий қадриятлар, гуманизм ва бадан тарбияси, ватанпарварлик ҳамда ёшларни ижодий изланишларга рағбат қилувчи принципларини олға сурган ижодкорларга берилади.

Ақилбекова "Данисте" дастури билан бир қаторда аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган “Эже-синилдер” кўрсатувини ҳам олиб боради.

Айгерим Ақилбекова Озодлик радиоси қирғиз хизматининг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган ягона вакили эмас. Қирғиз хизмати ходимларидан бир қаторлари бундан аввалги йилларда “Қирғизистон халқ шоири”, “Қирғизистон маданият арбоби” ва бошқа унвонлар ҳамда мукофотларга сазовор бўлган.

Қозоғистон қорақалпоқ фаолига қочқин мақомини беришдан бош тортди

Тошкент сўрови билан қўлга олинган фаол бир йил тергов изоляторида ушлаб турилди.
Тошкент сўрови билан қўлга олинган фаол бир йил тергов изоляторида ушлаб турилди.

Қозоғистон ҳукумати қорақалпоғистонлик фаол Тлеубике Юлдашевага қочқинлик мақомини беришдан бош тортди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизматига Юлдашеванинг ўзи маълум қилди.

“Конвенцияларни рўкач қилиб, мақом беришмади. Улар менга шаҳар судига арз қилишим мумкинлигини айтишди. Мен шаҳар судига ариза киритаман”, - деди Юлдашева.

Юлдашева Ўзбекистонга топширилса, қийноқларга дучор бўлишини айтди ва Қозоғистон ҳукуматидан яна бир маротаба бошпана сўраш ниятида эканини таъкидлади.

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳридаги тергов изоляторида бир йил сақланган Тлеубике Юлдашева ноябрнинг ўрталарида озод қилинган эди. Бунга экстрадиция қилиниши кутилаётган шахсни ҳибсда сақлаш муддати якунлангани сабаб бўлган.

Юлдашева тергов изоляторида ўтирган пайтида Қозоғистон ҳукуматига қочқин мақоми берилишини сўраб ариза ёзган эди. Унинг қочқинлик мақоми сўраб ёзган аризаси 3 декабргача ўз кучида бўлади. Бу вақт мобайнида уни Тошкентга депортация қилишга қонун йўл бермайди.

Юлдашева Ўзбекистонда “конституциявий тузумга тажовуз қилиш” да айбланмоқда. У 2022 йилдаги Нукус воқеаларидан сўнг 13 ноябрда Қозоғистон орқали Россияга кетаётганида Тошкент сўрови билан ушланган эди.

Олмаотадаги тергов изоляторидан октябрда қорақалпоқ фаоли Зиуар Мирманбетова, сентябрда эса Раиса Худайбергенова, Жангелди Жақсимбетов ва Қўшқарбай Тўрўмуратов чиқарилган эди. Улар экстрадиция қилиниши кутилаётган шахсни ҳибсда сақлаш муддати якунлангани муносабати билан озод этилган.

Мазкур шахслар Ўзбекистонда “конституциявий тузумга тажовуз қилганлик” айблови билан халқаро қидирувга берилган эди.

2022 йил октябрида Human Rights Watch қўлга олинганлар Қозоғистондан бошпана сўраганлари тўғрисида билдирган. Халқаро ташкилот Остонани фаолларни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирган эди.

Human Rights Watch фаоллар Ўзбекистонда қийноқларга солиниши ва сиёсий айбловлар билан қамалиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Бироқ Қозоғистон ҳукумати қорақалпоқ фаолларга қочқинлик мақоми беришдан бош тортган.

2022 йилнинг 1 ва 2 июль кунлари Нукус воқеалари деб ном олган норозилик чиқишлари содир этилганди. Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши бошланиб кетган норозиликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

2023 йилнинг августида Австриядаги Freedom for Eurasia ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Нукус воқеаларида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатини ва фаоллар томонидан тузилган норасмий рўйхатни эълон қилган. Ташкилот иддаосича, Нукусда Ўзбекистон ҳукумати таъкидлаб келаётганидай 21 киши эмас, камида 70 киши ҳалок бўлган.

Нукусдаги намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган эди.

Нукус воқеалари бўйича Бухорода шу йил 31 январида якунланган илк суд жараёни ортидан намойишчилардан 18 нафари қамалган. Июнь ойидаги апелляция судида судланганлардан 8 нафарининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирган.

Жорий йилнинг 17 мартида якунланган Бухородаги иккинчи суд ҳукми билан 28 нафар судланувчи қамалган эди. Олий суд ҳайъатининг 12 июнь кунги қарори билан судланувчилардан 5 нафарининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш жазоси билан алмаштирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG