Линклар

Шошилинч хабар
25 январ 2021, Тошкент вақти: 13:15

Халқаро хабарлар

Генерал Макаров: МОда Араб баҳори такрорланиши мумкин

Бошқа мамлакатлар, жумладан Ўрта осиёда ҳам вазият “Ливия сценарийси” бўйича ривожланиб кетмайди, деб бўлмайди, деб баёнот берди 12 сентябр куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида Россия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Николай Макаров.

Бу ҳақда хабар қилган Ньюсру сайтига кўра, генерал Макаров Россия армияси мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг энг ёмон йўналишда ривожланиш вариантига тайёр туриши лозим, деган фикрни билдирар экан, Араб мамлакатларидаги воқеаларни гапириб ўтиб, жумладан “Шунга зхшаш муаммолар Ўрта Осиё давлатларида ҳам мавжуд. Биз ҳамма нарсага тайёр туришимиз керак. Шунинг учун ҳам ҳарбий-ўқув машқларимизни вазиятнинг бундай ривожини назарда тутиб ўтказаяпмиз”, деган.

Кун янгиликлари

Россия Озодлик радиосига босим ўтказишда давом этса, АҚШ санкция жорий этиши мумкин

Озод Европа-Озодлик радиосининг Прагадаги бош қароргоҳи.

АҚШ конгрессменлари Кремль Озод Европа-Озодлик радиосининг Россиядаги фаолиятига тўсқинлик қилишда давом этадиган бўлса санкциялар жорий этишлари мумкин.

Конгрессменлар 22 январь куни президент Жо Байден маъмуриятига жўнатган мактубларида мана шу ҳақда билдирганлар.

Конгрессменлар мактубида Жо Байденни Озод Европа-Озодлик радиосининг Беларусдаги фаолиятини кўпроқ қўллаб-қувватлашга чақирди. Беларусда ўтган йилнинг августидан бери амалдаги президент Александр Лукашенко истеъфоси талаб қилинган намойишлар тўхтамаяпти.

Аввалроқ Роскомнадзор Озод Европа-Озодлик радиосини “хориж агентлари” тўғрисидаги қонунга амал қилмаётганликда айблаб, бир неча юз минг доллар миқдорида жарима солишини билдирган. Мазкур қонунга асосан Озодлик журналистлари жиноий таъқиб қилиниши ҳам мумкин.

Роскомнадзор Озодлик радиоси рус хизматидан ўз контентига “хориж агенти” белгисини қўйишни талаб қилмоқда. Радио бу талабни бажаришдан бош тортган.

Дейзи Синделар Озодлик радиоси президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди

Озод Европа-Озодлик радиоси президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Дейзи Синделар.

АҚШ Глобал медиа агентлигининг янги раҳбари Келу Чао Озод Европа-Озодлик радиоси президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Дейзи Синделарни тайинлади.

Бундан ташқари 24 январь куни эълон қилинган буйруққа асосан Бэй Фанга Озод Осиё радиоси президенти, Келли Салливан Яқин Шарқ радиоэшиттиришлар тармоғи - Middle East Broadcasting Networks президенти вазифасини бажарувчи сифатида тайинланди.

Мазкур уч радио президентлари Чао томонидан 22 январда ишдан бўшатилган эди. Улар бу лавозимларга АҚШ Глобал медиа агентлигининг аввалги раҳбари Майкл Пак томонидан тайинланганига бир ой бўлган эди.

21 январь куни Келу Чао “Америка овози” раҳбари, унинг ўринбосари ва Кубага эшиттириш берувчи радио раҳбарини ишдан бўшатганди.

АҚШнинг янги президенти Жо Байден 20 январда ўз лавозимига киришганидан икки соат ўтгач АҚШ Глобал медиа агентлиги директори Майкл Пак ўз лавозимидан истеъфо беришга мажбур бўлган ва унинг лавозимини вақтинча Келу Чао бажармоқда.

2020 йилнинг 30 декабрида Озод Европа-Озодлик радиосининг 23 хизмати бош муҳаррирлари АҚШ глобал медиа агентлиги – USAGAM бош директори Майкл Пакка норозилик мактубини жўнатганди.

Мактубда агентлик раҳбари икки париявийлик принципидан “мисли кўрилмаган даражада воз кечганликда” ва “ўзи ҳимоя қилиши шарт бўлган оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигига даҳл қилганликда” айбланди.

Ҳолландияда норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетди

Полиция норозиларга қарши сув пуркагичларни қўллади.

Ҳолландиянинг иккита шаҳрида 24 январь куни коронавирусга қарши чекловларга норозилик сифатида ўтказилган намойиш тартибсизликларга айланиб кетди.

Эйндховен шаҳрида юзлаб норози полициячиларни тошбўрон қилди ва айрим биноларга ўт қўйди. Полиция норозиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланди. Ўнлаб норози қўлга олинди.

Пойтахт Амстердамда ҳам норозилик намойиши тартибсизликка айланиб кетгани ортидан юздан ортиқ одам қўлга олинди.

Намойишлар Голландия ҳукумати 9 февралдан бошлаб соат 21дан 4:30гача комендантлик соати жорий этгани оқибатида бошланиб кетди.

Европа Иттифоқида вируснинг Британияда аниқланган янги штамми тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Британияда мамлакатнинг катта қисмида вирус юқтирганлар ва нобуд бўлганлар сони ошиб бормоқда.

Озод Европа-Озодлик ва яна икки радио президенти лавозимга тайинланганидан бир ой ўтмай ишдан олинди

Америкалик журналист Тед Липиен Озод Европа- Озодлик медиакорпорацияси президенти лавозимига 2020 йил 19 декабрда тайинланган эди.

Озод Европа-Озодлик радиосининг яқинда тайинланган президенти, шунингдек, Озод Осиё ва Middle East Broadcasting Networks раҳбарлари АҚШ Глобал медиа агентлигининг янги директори томонидан 22 январда ишдан олинди.

АҚШ Глобал медиа агентлиги директори вазифасини бажарувчи Келу Чао Озод Европа-Озодлик радиосига бир ой олдин президент сифатида тайинланган Тед Липиенни Озод Осиё ва Middle East Broadcasting Networks раҳбарларини улар ўз лавозимига тайинланганидан бир ой ўтар-ўтамас лавозимидан бўшатган.

21 январь куни Келу Чао “Америка овози” раҳбари, унинг ўринбосари ва Кубага эшиттириш берувчи радио раҳбарини ишдан бўшатганди.

“Америка овози” ва Куба радиоэшиттириши АҚШ ҳукумати тасарруфидадир. Озод Европа-Озодлик, Озод Осиё ва Middle East Broadcasting Networks АҚШ Конгресси тарафидан молиялаштириладиган ташкилотлардир.

АҚШнинг янги президенти Жо Байден 20 январда ўз лавозимига киришганидан икки соат ўтгач АҚШ Глобал медиа агентлиги директори Майкл Пак ўз лавозимидан истеъфо беришга мажбур бўлган ва унинг лавозимини вақтинча Келу Чао бажармоқда.

2020 йилнинг 30 декабрида Озод Европа-Озодлик радиосининг 23 хизмати бош муҳаррирлари АҚШ глобал медиа агентлиги – USAGAM бош директори Майкл Пакка норозилик мактубини жўнатганди.

Мактубда агентлик раҳбари икки париявийлик принципидан “мисли кўрилмаган даражада воз кечганликда” ва “ўзи ҳимоя қилиши шарт бўлган оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигига даҳл қилганликда” айбланди.

Майкл Пак президент Дональд Трамп томонидан 2020 йил июль ойида мазкур агентликка раҳбар сифатида тайинланган эди.

Президент Жо Байден Пакнинг ўрнига “Америка овози” радиосининг 30 йиллик тажрибага эга бўлган журналисти Чаони 20 январь куни тайинлади.

АҚШ Толибон билан эришилган тинчлик шартномасини қайта кўриб чиқади

Асирга олинган Толибон жанггарилари.

Америка Қўшма Штатлари Толибон ўз мажбуриятларини бажараётгани ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида ўтган йили жангари гуруҳ булан тузилган келишувни қайта кўриб чиқади.

АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан афғонистонлик ҳамкасби Ҳамдулла Моҳиб билан ушбу масалада суҳбатлашган.

Ўтган йилнинг февраль ойида эришилган келишувга биноан, 2021 йилнинг май ойигача барча хорижий кучлар Афғонистонни тарк этишлари керак.

Байденнинг янги маъмурияти "тинчлик жараёнини тўлиқ ва минтақавий дипломатик саъй-ҳаракатлар билан қўллаб-қувватлайди, бу эса икки томон барқарор ва адолатли сиёсий келишувга ва доимий сулҳга эришишига ёрдам беради", дейилади Оқ уй баёнотида.

Ўтган йилнинг 29 февралида Қатар пойтахти Доҳада АҚШ расмийлари ва Толибон вакиллари ўртасидан тинчлик битими имзоланган эди.

Ҳужжатга мувофиқ, АҚШ ва унинг иттифоқчилари 14 ой ичида Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак. Толибон, ўз навбатида, келишувга тўлиқ амал қилган ҳолда Афғонистонда экстремизм уруғи сочилишига йўл қўймасликни зиммасига олган.

Пентатлон бўйича жаҳон чемпионати Беларусда ўтказилмайдиган бўлди

Пентатлон бўйича мусобақа.

Хоккей бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган Беларусь яна бир халқаро спорт мусобақасига мезбонлик қилиш имкониятини қўлдан бой берди.

Жорий йилнинг июнь ойида Минскда замонавий пентатлон ва лазер-ран мусобақалари бўлиб ўтиши режалаштирилган эди.

18 январь куни Халқаро хоккей федерацияси 2021 йили Минскда ўтказилиши режалаштирилган Жаҳон чемпионати бошқа мамлакатга кўчирилиши ҳақида эълон қилган.

Беларусда 2020 йил 9 августдан бери президент сайлови натижаларидан норози бўлган фуқароларнинг оммавий намойишлари ўтказиб келинмоқда. Мазкур сайловда мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғолиб деб эълон қилинганди.

Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилишини билдириб, уни тан олишдан бош тортиб келади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

АҚШ Хитойни Тайванга "босим ўтказишни" тўхтатишга чақиради

Тайван байроғи.

Америка Қўшма Штатлари Хитойдан Тайванга босимни тўхтатишни талаб қилди.

Бунга Хитой бомбардимончи ва қирувчи учоқлари Тайваннинг ҳаво мудофааси зонасига кириб боргани сабаб бўлди.

АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс 23 январь куни эълон қилган баёнотда қайд этилишича, Вашингтон Пекинни "Тайванга қарши ҳарбий, дипломатик ва иқтисодий босимни тўхтатишга ва бунинг ўрнига Тайваннинг демократик йўл билан сайланган вакиллари билан мазмунли мулоқот қилишга" чақирган.

"АҚШ ХХРнинг [Хитой Халқ Республикаси] қўшниларини қўрқитишга қаратилган доимий уринишларини хавотир билан қайд этмоқда",- дейилади Прайс билдирувида.

Расмий вакил АҚШ Тайванга ўзини мудофаа қилишга кўмаклашишда давом этишини қўшимча қилди.

АҚШ ва Британия иқлим ўзгаришига қарши ҳамкорликда курашишга келишиб олди

АҚШнинг 46-президенти Жо Байден 20 январдан ўз лавозимига киришди.

23 январь куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ва АҚШ Президент Жо Байден телефон орқали суҳбатлашиб, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни яхшилашга ва иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Буюк Британия бош вазири маъмурияти эълон қилган баёнотда ёзилишича, икки раҳбар Буюк Британия ва Қўшма Штатлар ўртасида эркин савдо битимини имзолашни муҳокама қилганлар.

Европа Иттифоқини тарк этган Буюк Британия жорий ойда ўз миллий савдо сиёсати устидан назоратни тиклади.

22 январь куни Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки янги келишув имзолаш учун муайян сана белгиланмаганини айтди

Суҳбат давомида Жонсон эндигина президентлик курсисига ўтирган Байденни табриклаган ҳамда уни собиқ президент Дональд Трамп фармонларини тезда бекор қилгани учун олқишлаган.

Коронавируснинг янги турлари хавотирга сабаб бўлмоқда

Коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган вакциналардан бири.

Коронавируснинг янги вариантлари, хусусан, илк маротаба Буюк Британия, Жанубий Африка ва Бразилияда аниқланган штаммлари соғлиқни сақлаш мутахассисларини ташвишлантирмоқда.

Олимларнинг айтишича, вируснинг ушбу уч тури янада тез суратда тарқалмоқда. Бу эса бусиз ҳам оғир аҳволга тушиб қолган касалхоналар ва соғлиқни сақлаш тизимларига босимни кучайтириши мумкин.

Вируснинг Британияда аниқланган янги штамми ортидан мамлакатнинг катта қисмида вирус юқтирганлар ва нобуд бўлганлар сони ошиб бормоқда.

Бошида янги штамм аввалгисидан хавфли эмаслиги айтилган эди. Аммо 22 январь куни Буюк Британия ҳукуматининг бош илмий маслаҳатчиси Патрик Валланс дастлабки маълумотлар янги штамм хавфлироқ эканини кўрсатганини айтди.

Мавжуд вакциналар аҳолини вируснинг Британияда аниқланган туридан ҳимоя қила олади. Аммо Жанубий Африка ва Бразилияда аниқланган штаммлар хавотир келтириб чиқармоқда.

Сенатда Трамп импичменти бўйича тингловлар 8 февралдан бошланади

Оқ Уйни тарк этаётган Трамп.

АҚШ Сенатида собиқ президент Дональд Трампга қўйилган "исёнга чорлаш" айблови бўйича импичмент тинглови 8 февралдан бошланади. Бу ҳақда 22 январь куни сенатор Чак Шумер маълум қилди.

Намоёндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси Трампга қарши импичмент айбловини 25 январь куни Сенатга юборишни режаламоқда.

20 январь куни президентлик муддати тугаган Трамп Флорида штатига учиб кетди ва президент Жо Байден инаугурациясида қатнашмади.

6 январь куни Трампнинг турли штатлардан Вашингтонга йиғилган тарафдорлари Капитолий биноси олдида намойиш уюштириб, бинога бостириб кирган эди. Тартибсизлик конгрессменлар президент сайлови натижаларини тасдиқлашлари лозим бўлган пайтда рўй берган. Тўполон чоғида беш киши қурбон бўлган.

13 январь куни АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси Трампга импичмент эълон қилди. Трамп икки марта импичментга йўлиққан биринчи АҚШ президентидир.

Афсонавий бошловчи Ларри Кинг 88 ёшида оламдан ўтди

Ларри Кинг суҳбатдошлари орасида Ричард Никсон,  Маргарет Тетчер,  Мартин Лютер Кинг,  Нелсон Мандела,  Франк Синатра, Михаил Горбачёв ва АҚШ президентлари бор эди. 

Америкалик теле ва радиобошловчи Ларри Кинг Лос-Анжелес шаҳри қасалхонасида 88 ёшида вафот этди.

У декабр ойида коронавируснинг янги турини юқтириши ортидан касалхонага ётқизилганди.

Ларри Кинг ўз фаолиятини 1957 йилда Маямида бошланган. У 1985 йилдан 2010 йилгача у CNN телеканалида ишлаган.

Кейин Россиянинг РТ ва Ора ТВ каналларида ва Ҳулу оқим хизматида фаолият қилди.

Кинг радио ва кейинчалик телевизион интервюлар устаси сифатида танилган.

Унинг суҳбатдошлари орасида Ричард Никсон, Маргарет Тетчер, Мартин Лютер Кинг, Нелсон Мандела, Франк Синатра, Михаил Горбачёв ва АҚШ президентлари бор эди.

Ўтган йил ёзида Ларри Кинг икки фарзандидан айрилганди. 13 августда унинг ўғли Энди Кинг тўсатдан вафот этган эди, 20 август куни эса қизи Чайя Кинг оламдан ўтди.

Қозоғистонда озодликка чиқиши кутилаётган фаол шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Қозоғистон суди 4 февраль куни озодликка чиқиши кутилаётган фаол Макс Боқаевни уч йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Боқаевнинг адвокати Жанар Сундетқалиева Озодликка берган интервьюсида Ғарбий Атирау шаҳридаги суд ўз қарорини 22 январда чиқарганини айтди.

«Макс суд қарори устидан шикоят қилишини айтди. У айбдор эмаслигини яна бир бор таъкидлади ва қатор ҳуқуқ ташкилотлари уни сиёсий маҳбус деб топганини айтди», - деди Сундетқалиева.

48 ёшли фаол 2016 йилда Атирауда ер ислоҳотига қарши норозилик намойишлари уюштиргани учун ҳибсга олинган ва экстремизмда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи ва БМТ Қозоғистон расмийларини Боқаевни озодликка чиқаришга чақириб келади.

Қозоғистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Боқаевни сиёсий маҳбус деб топган. Қозоғистон ҳукумати эса мамлакатда сиёсий маҳбуслар йўқлигини иддао қилиб келади.

Беларусда Лукашенкога қарши шиорларни ёзган икки ўсмир қамоқ жазосига ҳукм қилинди

22 январь куни Минск суди президент Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишлари пайтида полиция қалқонларида авторитар президентни қоралаб шиор ёзган икки ўсмирни қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Октябрь туман суди Софию Малашевични икки йилга, Тихон Клюкачни эса 18 ойга озодликдан маҳрум қилди. Уларнинг иккиси ҳам Брест шаҳридаги коллежнинг 18 ёшли талабаларидир.

Суд Малашевични безориликда, мамлакат президентини оммавий равишда ҳақорат қилишда ҳамда жамоат тартибини бузадиган ишларга қўл уришда айбдор деб топди. Клюкач эса жамоат тартибини бузадиган ишларга қўл уришда айбдор деб топилди.

Ўсмирлар уларга қўйилган айбловларни тан олиб, суддан қамоқдан бошқа жазо турини танлашни илтимос қилган эдилар.

Беларусда Лукашенкога қарши намойишлар беш ойдан бери давом этмоқда.

Арманистонда суд тизими бошқарув кенгашининг янги аъзолари тайинланди

Арманистон парламенти ҳукумат ва суд тизими ўртасидаги зиддиятлар фонида судьяларини тайинлаш, жазолаш ва ишдан бўшатиш билан шуғулланувчи Олий суд кенгашининг икки янги аъзосини тайинлади.

22 январь куни Гагик Жангирян ва Давид Хачатурян Олий суд кенгашидаги бўш ўринларни эгалладилар.

Уларни бош вазир Никол Пашиняннинг «Менинг қадамим» партияси номзод ўлароқ кўрсатган эди.

Мухолифат кенгашнинг янги аъзоларини тайинлаш учун ўтказилган овоз беришда иштирок этишдан бош тортди.

Фаоллар Жангирянни 1997-2006 йилларда бош ҳарбий прокурор лавозимида ишлаган даврида Арманистон қуролли кучларида содир этилган жиноятларни яширишда ва бошқа қонунбузарликларга йўл очиб беришда айблаб келади.

Хачатурян эса келиб чиқиши венгриялик бўлган америкалик миллиардер Жорж Сороснинг «Очиқ жамият» жамғармасининг Еревандаги офисига етакчилик қилган. Унинг укаси Сасун Хачатрян айни дамда Арманистон Махсус тергов хизматини бошқаради.

Сўнгги ойларда Арманистон судьялари мухолифат раҳбарлари ва аъзолари ҳибсга олинишига тўсқинлик қилиб келади.

Арманистонда ўтга йилнинг кузида Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофида Озарбайжонга билан содир бўлган тўқнашувлар ортидан норозилик намойишларида қатнашган ўнлаб фаол жиноий жавобгарликка тортилди.

Молдова Конституциявий суди рус тилининг махсус мақомини ноқонуний деб топди

Кишинёв мактабларида рус тилининг мажбурий ўқитилишига қарши норозилик - Кишинёв, 2002

Молдова Конституциявий суди рус тилининг миллатлараро мулоқот тили сифатида алоҳида мақоми тўғрисидаги қонунни конституцияга зид, деб эълон қилди. Уч нафар мухолиф депутат ушбу ҳужжат аксар фуқароларнинг ҳуқуқларини бузган ва давлат тили ролини камситган, деган даъво билан судга ариза киритган эди.

"Қарор якуний ҳисобланади, унга қарши чиқиш мумкин эмас. Қарор эълон қилинган вақтдан бошлаб кучга киради",- деди Конституциявий суд раиси Домника Маноле 21 январ куни.

Унинг сўзларига кўра, 2020 йил 16 декабрда парламент томонидан қабул қилинган Молдовада тилларнинг ишлаши тўғрисидаги қонун моддаси рус тилига Молдова конституциясида кўзда тутилмаган миллий озчиликнинг бошқа тилларига нисбатан имтиёзли мақом беради.

2014 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Молдовада аҳолининг уч фоизидан камроғи рус тилида сўзлашади. "Натижада, рус тили миллатлараро мулоқот тили даражасига кўтарилиб, мамлакатда молдован тили билан тенг даражадаги квази-расмий мақомга эга бўлиб қолган",- деб айтди Маноле журналистларга.

Молдова парламенти 2020 йил 16 декабрда рус тилига миллатлараро мулоқот тили мақомини қайтарди. Мухолифат депутатлари мажлисни бойкот қилган. Қонун давлат органларига фуқароларни рус тилидаги маълумот билан таъминлаш мажбуриятини юклайди. Ушбу қонун рус тилидаги сўровларга жавоб беришдан бош тортган мансабдор шахсларни жазолашни ҳам назарда тутади.

Охирги сайловда малуб бўлган Молдованинг россияпараст собиқ президенти Игорь Додон лавозимни топширишдан бир неча кун олдин, 18 декабр куни ушбу қонунни имзолади. Шундан кейин мухолифат қонунга қарши чиқишини эълон қилди.

Қозоғистонда икки хитойлик қозоқ ҳужумга учради

Мурагер Алимули Қўянди қишлоғида пичоқланган ва қаттиқ калтакланганиден кейин шифохонада- Нур-Султон, 21 январь, 2021

Шинжондан Қозоғистонга келиб, вақтинча қочқин мақомини олган икки этник қозоқ зўравонлик ҳужумига учради.

«Нағиз атажурт» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти вакили Бекзат Мақсутханнинг Озодликка айтишича, 21 январь куни кечқурун номаълум шахс Олмаотада Қайша Ақанга ҳужум қилиб, бошига камида икки марта урган ва уни бўғиб ўлдиришга уринган.

«Қайшанинг айтишича, у ҳушидан кетган ва бирмунча вақт ўтгач, қорда ётган ҳолда ўзига келган. У полиция ва тез ёрдам чақиришга муваффақ бўлган», - деди Мақсутхан.

Ўша куни кечаси шинжонлик яна бир этник қозоқ Мурагер Алимули пойтахт Нур-Султон яқинидаги Қўянди қишлоғида пичоқланган ва қаттиқ калтакланган.

Олмаота ва Нур-Султон полицияси икки ҳужум бўйича тергов бошланганини маълум қилди.

Кейинги йилларда шинжонлик юзлаб этник қозоқ Қозоғистонга қочиб ўтиб, сиёсий бошпана сўраган.

Песков: Путин "Путин саройи"да бўлганини билмайман

Суриштирув муаллифларига кўра, Геленжик кўрфазидаги «Путин саройи»ни камида 100 миллиард рубль (1,35 миллиард доллар)га баҳолаш мумкин

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан ўтказган онлайн конференцияси давомида Алексей Навальний ва Коррупцияга қарши кураш жамғармаси «Путин саройи» ҳақида ўтказган суриштирувга яна тўхталди.

Суриштирув муаллифларига кўра, Геленжик кўрфазидаги «Путин саройи»ни камида 100 миллиард рубль (1,35 миллиард доллар)га баҳолаш мумкин.

Навальний YouTubeга жойлаган видео аллақачон 55 миллион мартадан кўп марта кўрилди ва нафақат Россия, балки бошқа қатор мамлакатларда ҳам энг кўп кўрилган видеолар қаторидан ўрин олди.

Суриштирув тўғрисида Кремль расман муносабат билдириши ёки йўқлиги ҳақидаги саволига Песков «Бу ерда ҳеч қандай билдирув керак эмас», - деб жавоб берди.

Котиб Путиннинг сарой мажмуасига ҳеч қандай алоқасини йўқлигини айтиб, суриштирув хулосаларини «ёлғон» деб атади.

Путин ушбу иншоотдан фойдаланадими ёки йўқми, деган саволга Песков «йўқ» деб жавоб берди ва президент шу пайтгача у ерда бўлганми ёки йўқми деган саволга «Мен президент бирон марта у ерда бўлганини билмайман, менда бундай маълумот йўқ», - дея жавоб берди

Европа маҳкамаси: Россия Грузия билан урушда инсон ҳуқуқларини поймол этган

Россия аскарлари Грузиянинг Гори шаҳри ташқарисида - 9 август, 2008

Европа Инсон ҳуқуқлари маҳкамаси 2008 йилда Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган беш кунлик урушдан сўнг Россия инсон ҳуқуқларини поймол этган, деб топди. Жумладан, Россия қийноқлар содир этганлик ҳамда одамларни ўз уйига қайтишга тўсқинлик қилганликда айбдор, деб топилди. Грузия Европа маҳкамасининг қарорини олқишлади.

Суднинг 21 январда чиқарилган ҳукмида Россия аскарлари 160 нафар Грузия фуқаросининг “азобланишига сабаб бўлган ғайриинсоний ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар” содир этгани айтилади. Ҳукмда таъкидланишича, грузиялик маҳбуслар “ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган”.

2008 йилнинг 7 августида грузин қўшинлари мамлакат ҳудудий яхлитлигини таъминлаш мақсадида Жанубий Осетия ҳудудига кириб борган эди. Россия бунга ҳарбий ҳаракатлар билан жавоб қайтарди. 5 кунлик урушдан сўнг Россия Жанубий Осетия ва Абхазияда ўзининг ҳарбий қисмларини қолдирган. Кейинчалик бу ҳудудлар ўзини мустақил деб эълон қилган ва уларнинг мустақиллигини Россия тан олган.

Грузия Россия тўқнашув чоғида ва ундан кейин Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси шартларини бузгани тўғрисида Европа Инсон ҳуқуқлари маҳкамасига даъво киритганди.

Россия расмийлари ўз фуқаролари ва тинчликпарвар қўшинларини ҳимоя қилиш мақсадида Грузияни “тинчликка кўндиришга” мажбур бўлганлигини айтиб келади.

Суд қарорида айтилишича, “грузиялик уруш асирлари дучор бўлган қийноқлар маъмурий амалиёт бўлган”.

Суд шунингдек, Россияни грузин миллатига мансуб аҳолига урушдан кейин Жанубий Осетия ва Абхазиядаги уйларига қайтишига тўсқинлик қилганини айтган. Бу каби ҳолатлар юзасидан “муносиб ва самарали суриштирув”олиб боришга чақирган.

Европа Инсон ҳуқуқлари маҳкамасининг таъкидлашича, фаол жанговар ҳаракатлар чоғидаги ҳодисалар Россия юрисдикциясидан ташқарида бўлган. Икки тараф ҳам тўқнашувлар олиб борилган ҳудудни назорат қилмагани боис Грузия даъвосининг бу қисми инобатга олинмаган.

Европарламент “Шимолий оқим-2” лойиҳасини “зудлик билан тўхтатиш”ни талаб қилди

Европарламент Европа Иттифоқини “Шимолий оқим-2” газ қувурлари лойиҳасини “зудлик билан тўхтатиш”га чақирди. Болтиқ денгизи тубидан Россия газини Европага етказиш лойиҳасини тўхтатишга оид резолюция президент Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний ўтган ҳафта Москвада ҳибсга олингани муносабати билан 21 январь куни қабул қилинган.

Резолюцияни ёқлаб 581 нафар депутат овоз берган бўлса, депутатлардан 50 нафари унга қарши чиққан, 44 нафари эса овоз беришдан тийилган.

Алексей Навальний 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди. Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган.

Бу борада судга Жазони ўташ федерал хизмати илтимоснома киритган. ЖЎФХ вакилларига кўра, Навальний заҳарланганидан кейин Германияда даволанишда бўлган пайтда назоратдан қочиб юрган ва синов муддати шартларини бузган. Ваҳоланки, Навальнийга даволаниш учун Германияга кетишга Россия мулозимлари томонидан расмий рухсат берилганди. Мухолифатчининг адвокатлари унинг тергов ҳибсхонасига йўлланиши ноқонуний, дея билдирганлар.

Европарламент резолюциялари тавсия характерига эга бўлиб, уларни бажариш мажбурий эмас, бироқ улар Европа Иттифоқи таркибига кирган давлатлар учун сиёсий йўриқнома вазифасини ўтайди. Санкциялар ЕИга кирган 27 мамлакат қарори билан жорий этилади.

Россия расмийлари Навальнийнинг заҳарланишига ўзларининг алоқалари йўқлигини айтиб келадилар.

Байден Россия билан имзоланган ядро шартномаси муддатини узайтириш тарафдори

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден стратегик ядровий қуролларга оид New START шартномасини узайтиришни режаламоқда. 2010 йили Россия ва АҚШ томонидан имзоланган шартнома жорий йилнинг февраль ойида ўз кучини йўқотади.

Оқ уй матбуот котиби Женнифер Псаки: “Президент New START шартномаси АҚШнинг миллий хавфсизлик манфаатларига мос келишини анчадан бери айтиб келади. Қолаверса, Россия билан муносабатлар ҳозиргидек танг бўлган пайтда шартномани узайтириш айни муддао бўлади”, деган.

New START шартномаси стратегик ядровий каллаклар сонини 1550 тагача, етказиб бериш тизимлари сонини эса 700 тагача чеклашни назарда тутади.

Собиқ президент Дональд Трамп маъмурияти Хитой иштирокида шартнома давомини ишлаб чиқишга уринган, аммо келишувга эришолмаган.

Ҳафта бошида расмий Москва шартномани яна беш йилга узайтиришга рози эканини билдирган.

21 январь куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг АҚШ ва Россияни шартномани узайтиришга, кейинчалик эса уни янада кенгайтиришга чақирган эди.

Россияда норозилик чиқишлари олдидан Навальнийнинг сафдошлари тутиб кетилмоқда

Навальнийнинг сафдошларидан бири Любовь Соболь

Россия пойтахти Москвада 21 январь куни ҳибсхонадаги мухолифатчи Алексей Навальнийнинг бир неча сафдоши қўлга олинган.

Навальнийнинг ҳибсга олинишига қарши 23 январга белгиланган норозилик акцияси арафасида, хусусан, Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (КҚКЖ) юристи ва Navalny Live канали продюсери Любовь Соболь тутиб кетилган.

Баённома тузилганидан кейин Соболь қўйиб юборилган, суд 22 январь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. У одамларни рухсат этилмаган акцияга чиқишга чақирганликда айбланмоқда.

Пайшанба оқшомида КҚКЖнинг “Путин саройи” тўғрисидаги суриштирув фильми муаллифларидан бири Георгий Албуров ҳам қўлга олинган.

Аввалроқ КҚКЖ юристи Владлен Лось ушланганди. Лоснинг Твиттерда ёзишича, унга Россияни 25 январгача тарк этиш буюрилган. У Беларусь фуқароси бўлиб ҳисобланади. Расмийлар унга ўз талаблари сабабини изоҳлаган эмаслар.

21 январь куни Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш ҳам ИИБга олиб кетилган ва у тунни ўша ерда ўтказган. Суд Ярмишга 9 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

“Медиазона” нашри маълумотига кўра, Навальнийнинг тарафдорлари Липецк, Калининград ва Краснодарда ҳам қўлга олинган.

Алексей Навальнийнинг тарафдорлари сиёсатчининг қўлга олинганига қарши 23 январь куни норозилик акциялари ўтказишни режалаганлар. Акцияга чиқиш чақириқлари ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда, бу чақириқларга таниқли жамоат ва маданият арбоблари ҳам қўшилган.

Россия Ички ишлар вазирлиги норозилик акциясига чиқишга чақираётганларнинг барчасини маъмурий жавобгарликка тортишга тайёрлигини билдирган.

Роскомнадзор эса 21 январь куни турли ижтимоий тармоқларда “вояга етмаган шахсларни рухсат этилмаган оммавий норозилик тадбирларида иштирок этиш чақириқларини аниқлаган”ини билдириб, TikTok, ВКонтакте, Facebook, Twitter, Instagram ва YouTube каби тармоқларга жарима билан таҳдид қилган.

Мухолифатчи Алексей Навальний 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди. Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган. Мухолифатчининг тарафдорлари бунга норозилик ифодаси ўлароқ кўча акциялари ўтказишларини билдирганлар.

Сиёсатчи қўлга олинганидан кейин КҚКЖ Путиннинг Геленжик яқинидаги саройига оид суриштирув фильмини ёйинлаган. Мазкур фильм ўтган уч кун ичида YouTube тармоғида 53 миллион марта кўрилган.

Бағдод марказида содир бўлган портлашларда 30 дан зиёд одам ҳалок бўлди

Портлаш содир бўлган жой, Бағдод, 2021 йил 21 январи

Ироқ пойтахти Бағдодда содир бўлган икки портлаш натижасида камида 32 киши нобуд бўлди, 110 киши яраланди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Расмийларга кўра, шаҳар марказидаги кийим-кечак бозорида портлаш мосламасини террорчи худкушлар ҳаракатга келтирган.

Ҳодиса жойига етиб борган журналистлар у ерда қон излари ва сочилиб ётган пойабзалларни кўрганлар. Исмини айтмаган савдогарлардан бири ўзини портлатиб юборган шахс ерга ётиб олиб, қорни оғриётганидан шикоят қилгани, кейин детонатор тугмасини босиб юборганини айтган.

Ироқ Фуқаро мудофааси раҳбари Кадхим Салмон журналистларга ҳужумлар ортида “Ислом давлати” террор гуруҳи турган бўлиши мумкинлигини айтган.

Украина: Харьковдаги қариялар уйида чиққан ёнғин оқибатида 15 киши нобуд бўлди

Ёнғин содир бўлган жой

Харьковда қариялар уйида содир бўлган ёнғин натижасида 15 киши нобуд бўлди, яна 11 киши турли даражада тан жароҳати олди. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумот тарқатди.

Ёнғин маҳаллий вақт билан кундузги соат 3 ларда бинонинг иккинчи қаватида бошланган. Ҳодиса чоғида 100 квадрат метр атрофида майдон куйган, шунга қарамай, ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчириш учун қарийб икки соат вақт сарфлаганлар.

Украина бош прокурори Ирина Венедиктова дастлабки маълумотларга таянган ҳолда, ёнғин электр иситиш жиҳозларидан эҳтиётсизлик билан фойдаланганлик ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилмаганлик туфайли чиққанини билдирган.

Харьков шаҳар маъмурияти маълумотига кўра, пансионат тегишли рухсатномасиз фаолият юритган. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Германия канцлери Россияни Навальнийни озод қилишга чақирди

Германия канцлери Ангела Меркель

Германия канцлери Ангела Меркель Россия расмийларини мухолифатчи Алексей Навальнийни ҳибсдан озод қилишга чақирди. Бу ҳақда Deutsche Welle (“Немис тўлқини”) хабар қилди. Меркелга кўра, Германия ҳукумати бундай қадам жуда тўғри бўлади, деб ҳисоблайди.

Алексей Навальний 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди. Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган. Бу борада судга Жазони ўташ федерал хизмати илтимоснома киритган. ЖЎФХ вакилларига кўра, Навальний заҳарланганидан кейин Германияда даволанишда бўлган пайтда назоратдан қочиб юрган ва синов муддати шартларини бузган. Ваҳоланки, Навальнийга даволаниш учун Германияга кетишга Россия мулозимлари томонидан расмий рухсат берилганди. Мухолифатчининг адвокатлари унинг тергов ҳибсхонасига йўлланиши ноқонуний, дея билдирганлар.

Германиянинг Der Spiegel журнали хабарига кўра, Европа парламенти ЕИдан “Шимолий оқим – 2” газ қувури қурилишини тўхтатиш ҳамда Навальнийнинг қўлга олиниши ва ҳибс этилиши ҳақида қарор берган шахсларга қарши санкция киритилишини талаб қилмоқчи. Резолюция лойиҳаси 21 январь куни овоз беришга қўйилади.

Ҳужжат муаллифларига кўра, мухолифатчига қилинган ҳужум учун масъул бўлган шахслар, “россиялик олигархлар”, “президент Путинга яқин бўлган кишилар” ва “оммавий ахборот воситаларидаги пропагандистлар”га нисбатан ҳам чеклов чоралари қўлланилиши лозим.

Европарламент резолюциялари тавсия характерига эга бўлиб, уларни бажариш мажбурий эмас, бироқ улар Европа Иттифоқи таркибига кирган давлатлар учун сиёсий йўриқнома вазифасини ўтайди. Санкциялар ЕИга кирган 27 мамлакат қарори билан жорий этилади.

Россия расмийлари Навальнийнинг заҳарланишига ўзларининг алоқалари йўқлигини айтиб келадилар.

Қирғизистонда ҳукумат истеъфога чиқди

Бишкекдаги ҳукумат биноси

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи, парламент спикери Талант Мамитов бош вазир ва ҳукумат ваколатлари тўхтатилганига оид фармон имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари сайти орқали маълумот тарқатилди.

Қайд этилишича, президент сайловининг расмий натижалари эълон қилингани ва Садир Жапаровнинг бош вазир ваколатларини топшириш тўғрисида ариза бергани туфайли Т. Мамитов уни ҳукумат раҳбари лавозимидан озод қилган.

Фармон билан ҳукуматнинг амалдаги таркиби истеъфога кетган ҳисобланади, унинг аъзолари эса янги ҳукумат тузилгунига қадар ўз вазифалари бажариб туради. Бош вазир вазифасини вақтинча унинг ўринбосари Артём Новиков бажариб туради.

Аввалроқ Садир Жапаров президент сайлови расмий натижалари чиқарилганидан ва инаугурация маросими ўтказилганидан кейин бош вазир ваколатларини топшириши айтилганди. Конституцияга мувофиқ, ҳукумат ҳам тўла таркибда истеъфога кетиши керак.

Ўтган йил 6 октябрида Қирғизистонда халқ ғалаёни бошланиб, бунинг ортидан мамлакатда ҳокимият алмашган. Шундан сўнг парламентнинг навбатдан ташқари мажлисида Садир Жапаров бош вазирликка тасдиқланган.

Кейинроқ у президент сайловида иштирок этмоқчилигини айтиб, бош вазир ваколатларини вақтинча топширган. Унинг вазифаси бош вазирнинг биринчи ўринбосари Артём Новиков зиммасига юклатилган эди.

Шу йил 20 январида Қирғизистон МСК муддатидан аввал ўтказилган президент сайловида Садир Жапаров ғалаба қозонганини билдириб, уни давлат раҳбари сифатида рўйхатга олиш ҳақида қарор чиқарган. С. Жапаровни қасамёдга келтириш маросими 28 январга белгиланган.

Муддатидан аввалги президент сайлови Қирғизистонда 2021 йилнинг 10 январида бўлиб ўтиб, унда 17 нафар номзод иштирок этган. Мазкур сайловда, МСК маълумотига кўра, С. Жапаров 79 фоиздан кўпроқ овоз олган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG