Линклар

Шошилинч хабар
10 сентябр 2024, Тошкент вақти: 21:21

Халқаро хабарлар

Британия Эрон дипломатларини ҳайдамоқда

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг.
Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг.
Британия Лондондаги Эрон элчихонаси дарҳол ёпилишини буюрди. Британия ҳукумати сешанба куни ҳужумга учраган Теҳрондаги элчихонасини ҳам ёпмоқда.

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг парламент олдида қилган чиқишида эронлик барча расмийлар 48 соат ичида мамлакатдан чиқариб юборилишини маълум қилди.

- Лондондаги Эрон элчихонаси дарҳол ёпилиши ва Эрон дипломатик ходимларининг барчаси 48 соат ичида Бирлашган Қироллик ҳудудини тарк этишини талаб этишимиз тўғрисида Лондондаги Эрон расмийларини хабардор қиляпмиз. Ҳар қандай мамлакат ўз ҳудудида бизнинг ишлашимизга имкон бермас экан, биздан бу ерда элчихонаси фаолиятига йўл қўишимизни кутмасин, деди Ҳейг.

Сешанба куни эронлик намойишчилар Теҳрондаги Британия элчихонасига бостириб кириб, ойналарни синдирди ҳамда битта машинани ёқиб юбори ва Британия байроғини куйдирди.
Бу ҳужумга Британянинг Эронга нисбатан янги санкцияларни қўллаши туртки бўлди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги Уильям Ҳейг баёнотига жавобан Теҳрон “муносиб чора кўриши” ва “Британия ҳукумати Лондондаги дипломатик мулк ва ашёларни ҳимоя қилиш учун жавобгардир”, дея баёнот эълон қилди.

Кун янгиликлари

Фаластинлик манбалар: Мувасийдаги лагерга зарбада 20 чоғли одам қурбон бўлди

Мувасийдаги қочқинлар лагерлари жойлашган ҳудуд (архив сурати)
Мувасийдаги қочқинлар лагерлари жойлашган ҳудуд (архив сурати)

Ғазо секторидаги Мувасий қочқинлар лагерига Исроил қўшинлари томонидан берилган зарба оқибатида камида 19 киши қурбон бўлган, 60 киши яраланди. Бу ҳақда 10 сентябрь куни Associated Press агентлиги фаластинлик расмийлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ўз навбатида, Исроил расмийлари ҳарбийлар ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилот деб тан олинган) “асосий” жангарилари нишонга олинганини билдирди.

AP қайдича, Ғазодаги зарба берилган ҳудудда одам тўла лагерлар жойлашган бўлиб, аввалроқ Исроил бу жойни урушдан қочиб, бошпана излаган юз минглаб одам учун гуманитар ҳудуд деб эълон қилган эди.

ҲАМАС назорати остидаги маъмурият қошида фаолият юритувчи Фуқаровий мудофаа хизмати ўз ходимлари ҳужум содир этилган жойда ўнлаб жасад топганини иддао қилиб, у ерда қидирув ишлари давом этаётганини билдирган.

Исроил қўмондонлиги вакиллари армия жангариларнинг бошқарув-назорат марказига зарба бергани ва ЦАХАЛ кучлари тинч аҳоли ўртасида қурбон бўлмаслиги учун нишонга аниқ урадиган ўқ-дори ва бошқа воситалардан фойдаланилганини иддао қилмоқда.

Исроил армияси Ғазо секторида ўтган йил кузидан буён жанговар амалиёт ўтказмоқда. Мазкур амалиёт ўтган йилнинг 7 октябрида ҲАМАС жангариларининг Исроил жанубига ҳужумига жавобан бошлатилган. Ўша пайтда мингдан зиёд одам ҳалок бўлган, 250 дан ортиқ одам гаровга олиниб, Ғазо ҳудудига олиб чиқиб кетилган.

Кўчманчи ўйинлари 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказилмайди

Жаҳон кўчманчи ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар ҳам 2014 йилдан бери иштирок этиб келишади (архив сурати)
Жаҳон кўчманчи ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар ҳам 2014 йилдан бери иштирок этиб келишади (архив сурати)

VI Жаҳон кўчманчи ўйинлари 2026 йилда Қирғизистонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Алтинбек Мақсутов маълум қилди.

“Сизлар билан яхши янгиликни ўртоқлашмоқчиман. Жаҳон кўчманчи ўйинлари ватанига қайтади ва 2026 йилда Қирғизистонда ўтказилади”, дея билдирган вазир Мақсутов.

Мулозим айни пайтда Қирғизистон термаси Қозоғистондаги мусобақаларда яхши натижалар кўрсатаётганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Жаҳон кўчманчи ўйинлари 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши ҳақида маълум қилган эди. Қирғизистон Маданият вазирлиги бу қарор нима сабабдан ўзгарганини очиқлаган эмас.

V Жаҳон кўчманчи ўйинлари 8 сентябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида очилган ва унинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашганди.

Бу йилги мусобақаларда 90 мамлакатдан 2,5 минг чоғли спортчи иштирок этаётгани хабар қилинган. Спортнинг 21 та тури бўйича мусобақалар Остонадаги олтита стадион ва мажмуаларда ўтказилмоқда.

Жаҳон кўчманчи ўйинларини ўтказиш ғояси Қирғизистонга тегишли бўлиб, илк уч мусобақа шу мамлакатда ўтказилган. IV ўйинлар бундан икки йил аввал Туркиянинг Изник шаҳрида ўтказилган эди.

Германиянинг қуруқликдаги чегараларида вақтинча назорат жорий этилмоқда

Германиянинг қуруқликдаги чегараларида миграция сиёсати кучайтирилиши доирасида 16 сентябрдан бошлаб назорат тартиби жорий этилмоқда. Бу ҳақда ГФР Ички ишлар вазирлиги маълумот тарқатган.

Вазирлик баёнотига мувофиқ, Франция, Люксембург, Ҳолландия, Бельгия ва Дания билан чегаралардаги назорат ярим йилга киритиляпти. Чегара ҳудудларига полициянинг мобил ва стационар постлари ўрнатилади. Чора-тадбирлар орасида бирор кишини мамлакатга киритишдан бош тортилиши ҳам кўзда тутилган.

ИИВ Польша, Чехия, Австрия ва Швейцария билан чегараларда текширувлар ўтган йилнинг октябрь ойидан буён амал қилаётганини эслатган.

Вазирлик чегаралардаги назорат шу жумладан исломий гуруҳлар тарафдорларидан ҳам ҳимояни таъминлашини иддао қилган. ИИВ ўз қарорида бир миллиондан кўпроқ украиналик қочқин ва бошқа мамлакатлардан бўлган бошпана изловчилар интеграцияси зарурати дохил Германия зиммасига тушаётган умумий миграция юкини ҳам ҳисобга олган.

Берлин чегараларда назорат ўрнатилаётгани ҳақида Европа комиссиясини хабардор қилган.

Август ойи охирида Германиянинг Золинген шаҳрида бошпана изловчи суриялик шахс шаҳарда ўтказилаётган фестиваль ташрифчиларига пичоқ билан ҳужум қилган. Ўшанда уч киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг Германия расмийлари қонунларни кучайтириш ҳамда ноқонуний миграцияни қисқартириш зарурати туғилганини билдирганлар.

ГФР Жиноят полицияси федерал муассасасининг август ойи охиридаги маълумотига кўра, Шенген ҳудуди доирасида чегарадан ноқонуний ўтиш бўйича 380 минг ҳолатдан 266 мингтаси Германия ҳиссасига тўғри келади.

Германия ҳудудидан ноқонуний ўтиш бўйича энг кўп қонунбузарликларни Сурия фуқаролари (54 минг киши), Туркия фуқаролари (36 минг киши) ва Афғонистон фуқаролари (35 минг киши) содир этишган.

Apple ширкати iPhone 16 дохил янги маҳсулотларини тақдим этди

Apple корпорацияси раҳбари Тим Кук (чпадан учинчи) қўлида iPhone 16 билан, Купертино, Калифорния, 2024 йил 9 сентябри
Apple корпорацияси раҳбари Тим Кук (чпадан учинчи) қўлида iPhone 16 билан, Купертино, Калифорния, 2024 йил 9 сентябри

АҚШнинг Apple ширкати 9 сентябрь куни Купертино шаҳрида (Калифорния штати) сунъий интеллектли iPhone 16 смартфонларини тақдим қилди, дея хабар қилди Reuters агентлиги.

Мазкур тақдимот ширкатнинг Хитойдаги рақиби Huawei’нинг шу каби тақдимотидан бир неча соат кейин бўлиб ўтган.

iPhone’нинг кейинги авлоди Apple Intelligence учун нулдан бошлаб ишлаб чиқилди. Бу янги жозиб даврнинг бошланишидир”, деди Apple ширкати бош директори Тим Кук тақдимот чоғида.

Apple ва бутун дунёдаги технологик ширкатлар ўз маҳсулотларига сунъий интеллект қўшишга шошилишяпти. Смартфонлар глобал миқёсда кучли рақобат учун майдонга айланиши кутилмоқда. Reuters қайдича, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги бу мусобақа дунё бўйлаб iPhone аппаратлари сотуви камайган бир шароитда авж оляпти.

Хитойнинг Huawei смартфоннинг iPhone’дан асосий фарқи унинг букланувчанлигидир.

Сурияда Исроилнинг муҳтамал зарбаларидан 16 киши қурбон бўлди

Сурия ғарбидаги қатор объектларга 9 сентябрга ўтар кечаси берилган зарбалар оқибатида камида 16 киши қурбон бўлган, ўнлаб одам яраланган. Бу ҳақда хабар қилган Сурия давлат оммавий ахборот воситалари ҳужумда Исроилни айблаб чиқишди. Исроил ҳарбийлари бундай пайтларда одатан изоҳдан тийилишади.

Суриянинг давлатга қарашли SANA агентлиги армиядаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, Исроил қатор ҳарбий объектларга зарба берганини иддао қилган. Reuters агентлиги эса минтақадаги қатор мамлакатлар разведкаларидаги манбаларга таяниб, зарбага кимёвий қурол муаммолари билан ҳам шуғулланувчи Масяфдаги ҳарбий илмий-тадқиқот институти нишон бўлганини иддао қилмоқда. Шунингдек, эронлик ҳарбий экспертлар томонидан фойдаланиб келинган объектларга зарба берилгани айтилмоқда.

Қароргоҳи Британияда бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинг маркази “эронпараст гуруҳлар ва қурол ишлаб чиқариш бўйича экспертлар бўлган Масяфдаги илмий-тадқиқот марказлари жойлашган ҳудудда” 13 та қаттиқ портлашлар бўлгани ҳақида маълумот тарқатган.

Бироқ Дамашқ ва Теҳрондагилар гап кимёвий қурол билан боғлиқ институт ҳақида кетаётганини инкор қилган, Эрон ТИВ вакили Носир Канъоний эса Сурия ҳудудига зарбалар берилганини тасдиқлар экан, зарбага нишон бўлган объектнинг Эронга алоқаси йўқлигини билдирган.

Исроил вақти-вақти билан Суриядаги ҳадафларни, айниқса эронпараст гуруҳларга алоқадор объектларни нишонга олиб келади, улар эса ўз навбатида Исроилнинг шимолий ҳудудларини ўққа тутиб туришади.

Жорий йилнинг 1 апрелида Исроил Эроннинг Дамашқдаги консуллиги биносига зарба берган, бунинг натижасида эронлик юқори лавозимли зобитлар ҳалок бўлган эди. Апрель ойи ўрталарида Эрон Исроил ҳудуди бўйлаб мисли кўрилмаган зарбалар бериб, буни қасос амалиёти деб атаган эди. Ўша ҳужумда Эрон томонидан отилган ракета ва учирилган дронларнинг аксарияти уриб туширилган, ҳодиса чоғида ҳеч ким ҳалок бўлмаганди.

Россияда мигрантларнинг болаларини бепул ўқитишни тақиқлашмоқчи

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия Давлат думасига мамлакат боғчалари ва мактабларида мигрантлар фарзандларининг бепул ўқитилишини бекор қилиш таклиф қилинаётган қонун лойиҳаси киритилмоқда.

ТАСС агентлигининг хабар қилишича, мазкур ғоя муаллифи Давлат думасининг меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Ярослав Нилов бўлиб ҳисобланади. Нилов фикрича, “хорижлик болаларни Россия бюджети ҳисобидан ўқитиш бўйича хайрия эпопеясини тугатиш” вақти етган.

Агар хорижлик ота-оналар истаса, марҳамат қилиб ўз болаларимизни таълим муассасаларимизга тижорий асосда (яъни муайян ҳақ эвазига демоқчи — таҳр.) жойлаштиришлари мумкин. Бунинг учун алоҳида тижорат синфлари очаверишсин. Бизнинг россиялик болалар хорижлик ишчилар фарзандларининг бу қадар кўплигидан азият чекмаслиги лозим”, деган Ярослав Нилов Дума мажлисидаги чиқишида.

Нилов ташаббуси Россия ҳудудида хорижлик ишчиларнинг юриш-туриш тартиб-қоидаларини кучайтиришдаги галдаги қадамлардан бири бўлди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу қадамлар “тобора дискриминацион характерга эга бўлиб, Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган мигрантларга қарши қаратилгани кундан-кунга аён бўлиб бормоқда”.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Россияда мигрантларнинг фарзандлари бепул таълим олишади.

ТАСС агентлиги қонунчилик ташаббусига илова қилинган тушунтириш хатига таянган ҳолда ғоя муаллифлари “сўнгги йилларда болалар боғчалари ва мактабларда МДҲнинг қатор мамлакатлари ва Ўрта Осиёдан бўлган мигрантларнинг фарзандлари сони кескин кўпайиб кетгани”дан хавотирда экани ҳақида ёзган.

Россиянинг боғча ва мактабларида мигрантлар фарзандлари сонининг назоратсиз ошиб бораётгани уларда жой етишмаслигига олиб келмоқда… Айрим мактабларда ўнлаб 1-синфлар очилмоқда, айни пайтда иккинчи сменада ўқийдиганлар улуши ошиб боряпти. Ўқитувчиларнинг ҳам дарс юкламалари ошган, улар меъёрдан 1,5–2 баравар кўп ишлашга мажбур бўлишмоқда”, дейилган ҳужжатда.

Аввалроқ Россия Давлат думаси раҳбари Вячеслав Володин миграцияни тартибга солиш масаласи парламент ишидаги устувор йўналишлардан бири эканини ҳамда депутатлар Россия фуқароси бўлмаган мигрантларга оила аъзоларини олиб келишни тақиқлайдиган қонун қабул қилиши мумкинлигини билдирган эди.

Россия жамиятида мигрантларга қарши риторика ва ксенофобия кайфиятлари шу йилнинг март ойида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказида содир этилган теракт ортидан кучайиб кетган. Мазкур ҳужумда гумонланиб камида 20 киши қўлга олинган. Асосан тожикистонликлардан иборат бўлган бу кишилар матбуот ва жамоатчилик учун ёпиқ тарзда ўтказилаётган судларда ўзларининг айбсизлигини билдиришмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги сўнгги етти ой ичида мамлакатдан 90 мингдан зиёд ноқонуний мигрант чиқариб юборилганини билдирган.

Илон Маск 2027 йилга бориб дунёдаги илк триллионерга айланиши мумкин

Илон Маск
Илон Маск

Tesla ва SpaceX ширкатлари асосчиси Илон Маск дунёдаги илк триллионерга айланиши мумкин. Жаҳондаги энг бой кишилар тасарруфида бўлган сарватни мониторинг қилиб борувчи Informa Connect Academy тадқиқот гуруҳи ана шундай хулосага келган.

Ҳозирда Маскнинг бойлиги 251 миллиард долларни ташкил қилади ва йилига тақрибан 110 фоизга ўсиб бормоқда. Шу тариқа, тадқиқотчилар қайдича, у 2027 йилга бориб 1 триллион долларга етиши мумкин.

Маскдан кейин триллионерликка номзод иккинчи шахс ўлароқ ҳиндистонлик Гаутам Адани кўрсатилган. У Adani Group концернининг ҳамраиси бўлиб, мазкур концерн бандаргоҳлар ва аэропортлар, энергетика ва тоғ-кон корхоналарини бошқариб келади. Агар унинг ширкатлари шу тезликда ривожланишда (ўсиш суръати – йилига 123 фоиз) давом этадиган бўлса, унинг бойлиги 2028 йилда 1 триллион долларга етади.

Informa Connect Academy тахминларига кўра, 2030 йилгача Nvidia ширкати ижрочи директори Женсен Хуанг, индонезиялик энергетика магнати Пражого Пангесту, LVMH холдинги раҳбари Бернар Арно ва Meta етакчиси Марк Цукерберглар ҳам триллионерга айланиши мумкин.

КВН бошловчиси Александр Масляков вафот этди

Александр Масляков ва Владимир Путин
Александр Масляков ва Владимир Путин

Россиянинг Биринчи каналида намойиш этиб келинаётган “Қувноқлар ва зукколар клуби” (КВН) кўрсатувининг кўп йиллик бошловчиси Александр Масляков 82 ёшида вафот этди.

КВН матбуот хизматининг 8 сентябрь оқшомида ёйинланган таъзияномасида “Қувноқлар ва зукколар клуби” кўрсатувига 1964 йилдан буён бошловчилик қилиб келган Масляков Россияда ва унинг хорижида юмор ва сатира рамзига айлангани айтилган.

Александр Масляков 1941 йилнинг 24 ноябрида Свердловскда ҳарбий учувчи оиласида туғилган. 1964 йили Москва транспорт муҳандислари институтининг тўртинчи босқич талабаси бўлган пайтда телевидениенинг Ёшлар учун дастурлар бош таҳририятида ишлай бошлаган. Ўша йилнинг ўзида у “КВН” теледастурини олиб бора бошлаган.

Ўтган асрнинг 70–80-йилларида у “Алло, биз талантларни қидиряпмиз”, “Балли, қизлар”, “Балли, йигитлар” ва бошқа теледастурларни олиб борган.

КВН дастури постсовет давлатларининг кўпида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам анча машҳур бўлган. Москвадаги бу кўрсатувдан илҳомланган ҳолда, ҳатто Тошкентда ҳам "Қувноқлар ва зукколар" дастури ташкил этилган. Бугунги кунда ўзбек ёшлари орасида машҳур бўлган "Миллион", "Браво" ва бошқа жамоаларини ҳам билвосита Масляковнинг шогирдлари деб аташ мумкин.

Масляков КВН дастурини 2022 йилгача олиб борган. Ўша пайтда коронавирус инфекциясини қайта юқтириб олган бошловчи мавсумнинг бир неча кўрсатувидагина иштирок этиб, кейин шоуни бутунлай тарк этган.

2018 ва 2024 йилларда Александр Масляков президент сайловларида Владимир Путиннинг ишончли вакили бўлган.

НАТОнинг стратегик алоқалар маркази 2017 йилдаги ўз ҳисоботида Масляков Кремль билан тиғиз алоқаларга эга эканини қайд этган. Россия расмийлари, хусусан, унга Москва марказида КВН концерт зали қурилишида ёрдам беришган, КВНнинг хориждаги мусобақаларига ҳомийлик қилишган, бошловчининг ўзи эса Путин томонидан III даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Россиядаги Forbes тадқиқотига мувофиқ, Масляковга тегишли бўлган ва Биринчи каналга КВН дастурини намойиш қилиш ҳуқуқини сотиб келган “АМиК” ширкатининг даромади йилига уч ярим миллион долларни ташкил қилади.

Тадқиқотда КВНнинг армия тузилмалари билан ҳам тиғиз алоқада экани қайд этилган.

Чехияда россияликларга фуқаролик олиш қийинлашиши мумкин

Россиянинг Прагадаги элчихонаси қошидаги консуллик бўлими (архив сурати)
Россиянинг Прагадаги элчихонаси қошидаги консуллик бўлими (архив сурати)

Чехиялик депутатлар Россия фуқаролигидан воз кечган россияликларгагина Чехия фуқаролигини бериш таклифи билан чиқишди. Ташаббус муаллифлари фикрича, Чехия фақат шу йўл билан Россия таъсирини чеклаши мумкин.

Таклифга мувофиқ, бу шарт, бошпана изловчи шахслар ва айрим ўзгача ҳолатларни истисно қилганда, барча россияликлар учун дахлдор бўлади.

Қонунчиликка бундай ўзгартиш киритиш бўйича таклифни Чехия ички ишлар вазири Вит Ракушан қўллаб-қувватлаган.

Чехия Украина ҳудудида уруш бошланганидан кейин Россия фуқароларига туристик Шенген визаси беришни биринчилардан бўлиб тўхтатган мамлакат бўлиб ҳисобланади.

2022 йил июнидан бошлаб мамлакат россиялик ва беларуслик фуқароларга яшаш учун рухсатнома бериш бўйича ҳам жиддий чекловлар жорий қилган. Айни пайтда Прага россияликларга гуманитар визалар беришда давом этишини таъкидлаган.

“Толибон” ҳаракати ўзини тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарган Қирғизистонга миннатдорлик билдирди

Толибон делегацияси 2022 йил июлида Тошкентда бўлиб ўтган конференцияда (архив сурати)
Толибон делегацияси 2022 йил июлида Тошкентда бўлиб ўтган конференцияда (архив сурати)

Афғонистонда толиблар шакллантирган ҳукумат Ташқи ишлар вазирлиги “Толибон” ҳаракатини тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаргани учун Қирғизистонга миннатдорлик билдирган. Бунга доир баёнот вазирликнинг расмий сайтида 5 сентябрь куни ёйинланган.

“Толибон” дипломатлари қайдича, Қирғизистоннинг бу қарори бошқа мамлакатлар қарорлари билан бир қаторда “Афғонистон Ислом Амирлигини сиёсий жиҳатдан тан олиш минтақавий ва халқаро даражада ошиб бораётганини кўрсатади”.

“Шунингдек, у Афғонистон Ислом Амирлиги ва бошқа давлатлар ўртасидаги икки томонлама алоқалар мустаҳкамланиши учун тўсиқларни бартараф қилади”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Айни баёнотни Афғонистон ТИВ вакили Абдул Қаҳҳор Балхий ҳам Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида ёйинлаган.

“Толибон” ҳаракати Қирғизистон ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилгани ҳақида аввалроқ қатор нашрлар Қирғизистон Бош прокуратурасининг тегишли рўйхатига таянган ҳолда хабар қилишган – мазкур рўйхатда “Толибон” йўқ эди. Айни пайтда “Толибон” ҳаракати Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси сайтида ҳали ҳам тақиқланган ташкилотлар рўйхатида турибди.

Дин ишлар бўйича давлат комиссияси сайтида қайд этилишича, Бишкек шаҳри Биринчи май туман судининг 2006 йил 15 сентябридаги қарори билан “Толибон” ҳаракати террор ташкилоти деб топилган ва Қирғизистон ҳудудида унинг фаолияти тақиқланган.

Қирғизистон Бош прокуратураси Афғонистон ТИВ баёноти юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.

“Толибон” радикал ҳаракати АҚШ бошчилигидаги Халқаро коалиция қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан кейиноқ – 2021 йил августида ҳокимият тепасига келган. Қўшинлар чиқиб кетиши манзарасида толиблар ҳужумларини кучайтирган ва бу мамлакат пойтахти – Кобул шаҳрининг олиниши билан якунланган. Ўшандан буён толиблар Афғонистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатишган ва шу билан бирга халқаро миқёсда тан олиниш учун чоралар кўриб келишмоқда.

Ўзбекистон расмийлари ҳам қарийб уч йилдан буён Афғонистонда ҳукмронлик қилиб келаётган "Толибон" ҳаракати билан муносабатларни бузмасликка уриниб келишади. Расмий Тошкент 2021 йил сентябридан бери толибларга бир неча марта гуманитар ёрдам йўллаган, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан кўплаб учрашувлар ўтказган ҳамда биргаликда қатор лойиҳаларни амалга оширишда давом этмоқда.

Дуров Францияда ушланганидан кейин илк постини ёйинлади

Павел Дуров
Павел Дуров

Telegram асосчиси Павел Дуров ўз каналида Францияда қўлга олинганидан кейинги илк постини ёйинлади.

Ўз обуначиларига дастак учун ташаккур билдирган Дуров Франция полицияси уни 4 кун давомида сўроқ қилганини маълум қилди. Тадбиркорга кўра, полициячилар Дуровга бошқа одамлар Telegram’дан ноқонуний мақсадларда фойдалангани учун у жавобгар эканини ҳамда у яратган ижтимоий тармоқ маъмурияти расмийлар “сўровларига жавоб бермагани”ни айтишган.

Дуров ўзига билдирилган эътирозлар унинг учун “кутилмаган” бўлганини қайд этган. Тадбиркор постида ёзилишича, бу вазият “ажабланарли”дир, чунки “Telegram’нинг Европа Иттифоқида сўровларга жавоб берувчи расмий вакили бор”, ўзи эса “Францияда террорчилик таҳдидига қарши курашиш учун Telegram’нинг қайноқ линиясини яратишга шахсан ёрдам берган” ва ўтган вақт мобайнида франциялик расмийларда “ёрдам сўраш учун” у билан алоқа ўрнатишнинг кўплаб йўллари бўлган.

Дуров, агар бирор-бир мамлакат интернет-хизматдан норози бўлса, мавжуд амалиётга мувофиқ, учинчи шахслар томонидан содир этилган жиноятларда бош директорни айблаб ўтирмасдан, бутун бошли хизматга қарши судга ариза киритиши лозимлигини урғулаган.

Биз баъзан мамлакатнинг назорат органи билан конфиденциаллик ва хавфсизлик ўртасида мувозанатни сақлаш бўйича келишолмай қоламиз. Бундай ҳолатларда биз бу мамлакатни тарк этишга тайёрмиз. Биз кўп марта шундай йўл тутганмиз. Россия кузатувни таъминлаш учун биздан “шифрлаш калитлари”ни топширишни сўраганида, биз бундан бош тортганмиз ва [пировардида] Telegram Россияда тақиқлаб қўйилган. Эрон биздан тинч намойишчилар каналларини блокировка қилишни талаб қилганида, биз бош тортганмиз ва [пировардида] Telegram Эронда тақиқланган. Биз ўз принципларимизга тўғри келмайдиган бозорларни тарк этишга тайёрмиз, чунки биз бу ишни пул учун қилаётганимиз йўқ”, дея таъкидлаган Дуров.

Айни пайтда тадбиркор Telegram’да жиноятчиларга қарши курашиш бўйича чоралар кўришни ваъда қилган.

Мен бу борадаги вазиятни сезиларли даражада яхшилашга эришишни ўз олдимга шахсий мақсад қилиб қўйди. Биз ширкат ичида бу жараённи аллақачон бошладик ва тез орада мен бу борадаги олға силжишларимиз ҳақидаги тафсилотли маълумот билан ўртоқлашаман”, дея хулоса қилган Дуров.

Telegram асосчиси Павел Дуров 25 августга ўтар кечаси Озарбайжондан Францияга хусусий учоқ билан учиб келган пайтда Ле-Бурже аэропортида қўлга олинган эди. 26 август куни Париж прокуратураси июль ойида Telegram платформаси ёрдамида амалга оширилган муҳтамал жиноятлар билан боғлиқ равишда жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилган. Дуров ана шу иш тергови доирасида қўлга олинган. У ерда 12 хил жиноят ҳақида гап борган.

Бир неча кун давом этган сўроқ ортидан Павел Дуров Францияда суд назорати остига олинган. Унга мамлакат ҳудудини тарк этиш тақиқланган. Париж прокуратураси томонидан ўтган ҳафта тарқатилган баёнотда Дуров беш миллион евро миқдорида гаров пули тўлаши ҳамда ҳафтасига икки марта полицияда қайддан ўтиши лозимлиги айтилган.

Қозоқ дипломатлари юртдошларига Украинани тарк этишни тавсия қилишди

Қозоғистоннинг Киевдаги элчихонаси 5 сентябрь куни Украинада юрган қозоғистонликларга мурожаат қилди.

Таранглик тобора кучайиб бораётгани муносабати билан ва хавфсизлик мақсадида Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси Қозоғистон фуқароларига Украина ҳудудини тарк этиш имкониятини кўриб чиқишни тавсия қилади”, дейилган элчихона хабарномасида.

Қайд этилишича, Украинадан Қозоғистонга чиқиб кетиш учун фуқаролар қуруқликдаги йўналишлар – Польша ёки Молдова орқали йўллардан, кейин эса тижорат учоқларидан фойдаланишлари мумкин.

Польша орқали чиқиб кетиш учун Қозоғистон фуқаролари Шенген визасига эга бўлишлари зарур бўлади. Молдовага кириш учун эса виза керак эмас”, дейилган дипломатлар хабарномасида.

Элчихона Украинадаги барча қозоғистонликларни ҳаво тревогасига эътиборсиз бўлмай, зудлик билан пана жойга йўл олиш, ўз хавфсизлиги чораларини кўриш ва маҳаллий расмийлар тавсияларини бажаришга чақирган ҳамда зарурат туғилганда, алоқа ўрнатиш учун ўз рақамларини қолдирган.

Хабарномада Украина ҳудудида айни пайтда қанча қозоғистонлик борлиги ва улар қайси минтақаларда эканига аниқлик киритилган эмас.

2022 йил октябрида Қозоғистон элчихонаси ўз фуқароларига Украина ҳудудини тарк этиш илтимоси билан мурожаат қилган эди. Ўшанда элчихона ўз мурожаатини “бутун Украина бўйлаб давлат объектлари ва фуқаровий инфратузимага ҳужумлар фаоллашгани” билан боғлаган эди.

2022 йилнинг март ойи охирида Қозоғистон расмийлари Украинадан 900 нафар қозоғистонлик эвакуация қилинганини билдиришган. Уларнинг кўпчилиги Қозоғистонга қайтган.

ТИВ қирғизистонликларни Россияга бормай туришга чақирди

Бишкекдаги Қирғизистон ТИВ биноси
Бишкекдаги Қирғизистон ТИВ биноси

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги қирғизистонликларни “заруратсиз” Россияга боришдан тийилишга чақирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ТИВ қирғизистонликларга бу тавсияни Россия Федерацияси чегарасидаги ўтиш масканларида хорижликларга нисбатан кучайтирилган назорат тартиби ҳали ҳам давом этаётгани важидан берган. Вазирлик бу чоралар бекор қилингунича Қирғизистон фуқароларидан Россияга сафар қилишдан тийилиш сўралишини қўшимча қилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилнинг май ойида ҳам шу мазмундаги чақириқ билан чиққан эди. Ўшанда бунга Россия давлат чегарасида қўшимча чора-тадбирлар жорий этилгани сабаб ўлароқ келтирилганди.

Марказий Осиё мамлакатларидан келаётган фуқароларга нисбатан текширувлар кўпайиши ва РФ давлат чегарасида назоратнинг кучайтирилиши шу йил 22 мартида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказида содир бўлган теракт ортидан кузатила бошлаган.

Май ойида Россия хавфсизлик хизматлари раҳбари терактга оид иш бўйича 20 дан зиёд одам қўлга олинганини билдирган. Аввалроқ қўлга олинганларнинг кўпчилиги Тожикистон фуқаролари экани маълум қилинган.

Путин: Дуров билан учрашганимга анча бўлди, Бокуда учрашмадим

Владимир Путин
Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин Владивостокда ўтаётган Шарқий иқтисодий форумнинг ялпи мажлисида Францияда жиноий таъқиб остига тушган Telegram асосчиси Павел Дуров билан “кўп йиллар аввал” Кремлда тадбиркорлар билан мулоқот чоғида учрашганини айтди.

Путинга кўра, ўзининг яқиндаги Бокуга сафари чоғида у Дуров билан учрашмаган. Бундай учрашув бўлиб ўтгани ҳақидаги тахминлар аввалроқ бир қатор шарҳловчилар томонидан айтилган – Дуров Путин билан бир вақтда Озарбайжонда бўлган эди.

Россия президенти: “Мен Дуров Москвада яшайди, деб ўйлардим”, деб айтган, ваҳоланки Telegram асосчиси 2014 йилдаёқ Россияни тарк этган (“Важные истории” нашри аввалроқ ФСБдан сиздирилган маълумотлар асосида Дуров ўшандан буён Россияга бир неча марта келгани ҳақида ёзган), бунгача эса у Петербургда истиқомат қилар эди.

Путин Дуровга қарши очилган жиноят ишини “ажратиб олинган” деб атаб, россиялик расмийларнинг Telegram асосчисига эътирози йўқлигини қайд этган.

Кремль сайтидаги хабарлар архивида Павел Дуров Путин билан бирор учрашувда иштирок этганига оид маълумот йўқ. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ Россия президенти Дуров билан “ҳеч қачон” учрашмаганини айтган эди.

АҚШ RT медиагуруҳига қарши санкциялар жорий этади

АҚШ Молия вазирлиги “Россия сегодня” медиагуруҳи ва унинг шўъбалари бўлмиш РИА “Новости” агентлиги, Russia Today, Ruptly ва Sputnik нашрларига нисбатан санкциялар жорий қилмоқда. Бу ҳақда вазирлик сайтидаги баёнотда айтилган.

Вашингтон фикрича, Россия медиатузилмалари АҚШдаги президент сайловига таъсир кўрсатишга уринмоқда ва сайловчиларнинг Қўшма Штатлардаги сайлов жараёнларига ишончига путур етказяпти.

Бундан ташқари, ҳужжатда Россия ўзининг ахборот ресурслари ёрдамида Молдовадаги вазиятга таъсир кўрсатишга уринаётгани, Украина ва бутун дунёдаги вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилаётгани урғуланган.

АҚШ санкция рўйхатига RT бош муҳаррири Маргарита Симоньян, унинг ўринбосарлари Елизавета Бродская, Андрей Кияшко ва Антон Анисимов, RT рақамли лойиҳалари менежери Константин Калашников ва медиалойиҳалар бўлими ходимаси Елена Афанасьевалар ҳам киритилган.

Айни пайтда АҚШ Молия вазирлиги Калашников ва Афанасьевага хорижий агентлар тўғрисидаги қонунни бузганлик ва пул ювганлик айбловлари ҳам билдирилишини қайд этган. Вазирлик иддаосича, RT ходимлари Россия манфаатлари ҳимояси учун видеороликлар ёйинланишига қарийб 10 миллион доллар маблағ сарфлашган. Баёнотда Қўшма Штатлар Россиядаги авторитар режим ўз пропагандасини зимдан олға суришига тоқат қилолмаслиги таъкидланган.

АҚШ қонунларига кўра, Калашников ва Афанасьева мазкур айбловлар бўйича 20 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Шунингдек, кремлпараст ҳакерлар гуруҳи бўлган RaHDit ва унинг раҳбари, ФСБнинг собиқ зобити Алексея Герашченко ҳамда “Диалог” автоном нотижорат ташкилоти ва унинг раҳбари Владимир Табак ҳам санкция рўйхатига тушган.

АҚШ Адлия вазирлиги “Диалог” томонидан Россия ҳукумати манфаатлари йўлида америкалик фуқароларга таъсир кўрсатиш учун фойдаланилган 32 та интернет-домен ҳам блокировка қилингани ҳақида билдирган. Бунга оид текширувлар АҚШ Федерал тергов бюросининг Филадельфиядаги бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Тергов тахминига кўра, Россия томони Украинага нисбатан халқаро дастакни камайтириш, россияпарастлик қарашларини мустаҳкамлаш ва ноябрь ойида АҚШда бўлиб ўтажак президент сайлови олдидан сайловчиларга таъсир ўтказиш мақсадида ўз пропагандасини ёйиш билан шуғулланиб келган. АҚШ Адлия вазирлиги бу доменлар “Доппельгангер” амалиёти” деб номланган дезинформация кампаниясининг бир қисми бўлган, деб ҳисоблайди.

Қўшма Штатлар Россия давлати ҳомийлиги остида демократик институтларимизга путур етказишга уринаётган субъектларни бундан буён ҳам фош қилишда ва уларни бу хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортишда давом этади”, дея билдирган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ санкцияларига оид хабарлар ортидан Маргарита Симоньян ўз телеграм-каналида “Тю. Уйғонишибди” деган ёзув қолдирган.

Аввалроқ CNN телеканали ўз манбаларидан олинган маълумотларга таяниб, Оқ уй Москвани ўз назорати остида бўлган оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан дезинформация учун фойдаланган ҳолда, АҚШдаги президент сайловига таъсир кўрсатиш уринишларида айбламоқчи экани ҳақида хабар қилган эди.

CNN манбалари Вашингтоннинг диққат-эътибори “Кремль пропагандистик уринишларининг асосий унсури” ўлароқ, хусусан, RT телеканалига қаратилишига урғу беришган.

Россия давлат ОАВга нисбатан санкциялар киритилиши юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ. Москва хорижий давлатлардаги сайловларга аралашганлик бўйича барча айбловларни шу пайтгача доим қатъиян рад этиб келган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG