Линклар

Шошилинч хабар
18 июл 2024, Тошкент вақти: 22:03

Халқаро хабарлар

Миср: Футбол ишқибозларининг оммавий тўқнашувида 74 киши ўлди

Мисрнинг Порт Саид шаҳрида чоршанба куни бўлиб ўтган футбол ўйинидан кейин рўй берган оммавий тўқнашувларда камида 74 киши нобуд бўлди.

Миср телевидениеси воқеада бир мингдан ортиқ одам жароҳатланганини хабар қилди.

Юзлаб футбол ишқибозлари ўртасидаги шавқатсиз тўқнашув маҳаллий Ал-Масри футбол жамоаси Қоҳиранинг Ал-Аҳли жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратган ўйин тугаши билан стадионда бошланиб кетган.

Миср расмийларига кўра, қурбонларнинг аксари бошига кучли зарба берилганидан, пичоқ зарбидан оғир жароҳат етказилганидан ва тиқилинч пайтида нафаси қайтиши оқибатида ўлган.

Порт Саид шаҳрида юзлаб футбол ишқибозлари ўртасида оммавий тўқнашувлар содир бўлганидан кейин Миср расмийлари Қоҳира шаҳрида бошқа жамоалар ўртасидаги ўйини ўтказилишига рухсат бермади.

Бундан ғазабланган футбол ишқибозлари эса стадион трибунасидаги ўриндиқларнинг бир қисмини ёқиб юборди.

Давлат телевидениеси Миср Футбол федерацияси олий лига жамоалари ўртасидаги барча ўйинларни номаълум муддатга қолдирганини хабар қилди.

Кун янгиликлари

Томскда мигрантларга такси ва кафеларда ишлаш тақиқланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россиянинг Томск вилоятида меҳнат муҳожирларига такси хизматини кўрсатиш, умумий овқатланиш ва таълим муассасаларида ишлаш тақиқлаб қўйилди. Бу ҳақда вилоят губернатори Владимир Мазур ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

Мулозимга кўра, мазкур қарор “аксилтеррор комиссияси томонидан миллий диаспора вакилларининг бевосита иштирокида” қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, жорий йилнинг 1 ноябридан Томск вилоятида меҳнат патентига эга бўлган хорижликлар озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатлар ишлаб чиқариш, чакана савдо, таксида йўловчи ташиш, шаҳар ва шаҳарлараро транспорт воситаларини бошқариш, меҳмонхона ва ресторан бизнеси, мутахассис танлаш, хавфсизликни таъминлаш, умумий, ўрта касбий ва олий таълим, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларида ишлаш тақиқланади.

Аввалроқ “Агентство” нашри Россия ҳудудларининг учдан бирида мигрантлар фаолиятига чеклов киритилгани ҳақида ёзган эди. Бундан ташқари, Россия томонидан аннексия қилинган Қримда ҳам мигрантлар фаолиятига чеклов киритилган.

Айни пайтда Россиянинг 27 та минтақасида мигрантларга таксида ишлаш ман қилинган. Меҳнат муҳожирларининг савдо соҳасида ишлашга эса 18 та минтақада чеклов жорий этилган. Айрим вилоятларда мигрантларнинг меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш шохобчалари, кутубхоналар ва ҳатто молиявий хизмат соҳасида ишлаши тақиқланган.

2023 йил охиридан бошлаб маҳаллий расмийлар Россия паспортини олган ва Украинадаги урушга боришни истамаган хорижликларни излаб топиш бўйича рейдлар сонини икки баравар оширишган.

Байден яна COVID-19 хасталигига чалинди

АҚШ президенти Жо Байден
АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден учинчи марта коронавирус юқтириб олди. Хасталик енгил тарзда кечмоқда, дея маълум қилди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер аввалроқ президент барча зарур эмловлардан ўтганини қўшимча қиларкан.

81 ёшли Байден 17 июль куни Лас-Вегасдаги сайловолди тадбирига борган. Чоршанба оқшомида у ўша ерда нутқ сўзлаши лозим эди, бироқ бу чиқиш бекор қилинган.

Байденнинг врачи Кевин О’Коннор матбуотга президент шамоллаб қолгани ва йўталаётганини ҳамда вирусга қарши Паксловид препаратининг биринчи дозасини қабул қилганини маълум қилган. Кун аввалида у ўзини яхши ҳис қилган, бироқ кейинроқ COVID-19 анализи ижобий натижа берган.

Байденнинг Лас-Вегасга сафарини ёритган мухбирлар у учоқ трапидан секин ва эҳтиётлик билан кўтарилгани ҳақида хабар қилишмоқда, дея қайд этган Би-би-си.

Жан-Пьерга кўра, ўзини ўзи иҳота қилиш даврида Байден Делавэр штатидаги ўз уйида бўлади, бироқ у “ўз вазифаларини тўлиқ бажариш”да давом этади.

Кечга бориб Байден Х тармоғи орқали “яхши тилаклар” учун барчага миннатдорлик билдириб, ўзининг соғайиб бораётгани, “Америка халқи учун ишлашда давом этиши”ни урғулаган.

Жо Байден коронавирусга биринчи марта чалинаётгани йўқ. Ўтган сафар у инфекцияни 2022 йилнинг июль ойида юқтириб олганди.

Демократлар партиясидан бўлган кўплаб сиёсатчилар ва партия тарафдорлари Жо Байденни сайлов пойгасини тарк этишга чақиришяпти. Улар фикрича, 81 ёшли Байденнинг аҳволи республикачилар партияси номзоди Дональд Трампга қарши муваффақиятли кураш олиб боришга, ҳатто ғалаба қозонган тақдирда ҳам яна тўрт йил самарали фаолият юритишга имкон бермайди. Жо Байден ҳозирча сайлов пойгасидан чиқиш чақириқларига рад жавобини бериб келмоқда.

Олмаотада руслардан Қозоғистонни тарк этишни талаб қилган қиз қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Олмаотада руслардан Қозоғистонни тарк этишни талаб қилган ва Гитлерга “зўр йигит” деб таъриф берган маҳаллий турғун полиция томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда КазТАГ агентлиги хабар қилди.

Полиция департаменти вакиллари миллий мансубиятга кўра таҳқирлаш ва мулоқот чоғида сўкинишдан фойдаланганлик ҳолати бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилишган. Шунингдек, полициячилар “бошқа фигурантларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам ўрганилиб, уларга ҳуқуқий баҳо берилиши”ни қўшимча қилишган.

КазТАГ қайдича, аввалроқ бу вазиятга журналист Михаил Козачков эътибор қаратган. У қизнинг русларни ҳақорат қилиб, уларни “ёввойи ўтлар” деб атагани ва уларсиз яшаш енгилроқ бўлишига оид видеоларини ёйинлаган. ТикТок тармоғида олингани айтилаётган бу видеоларда олмаоталик қиз яна Гитлерни “зўр йигит” (“красавчик”) деб, Иккинчи жаҳон урушида СССР қўшинлари сафида жанг қилган қозоқларни эса “пахталик” (“ватник”) деб атаган.

Козачковга кўра, бу видео унинг ботига йўлланган. “Видеога берилган шарҳда Марал Жалелова деган бир қиз ТикТокда миллатлараро мавзуда ўз мулоҳазаларини баён қилишга журъат қилибди. Биз учун қизиқ бўлгани – унинг сўзларида Жиноят кодексининг 174-моддасида (ижтимоий, миллий, ирқий, табақавий адоват қўзғатиш) кўзда тутилган жиноят унсури йўқмикин?”, деб ёзган журналист.

Қирғизистонда президент Жапаровнинг жияни яна ҳибсга олинди

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг қариндоши Улан Жапаров яна ҳибс этилди. Унинг ҳибсга олинганини Озодликнинг қирғиз хизматига Бишкекнинг Биринчи май туман суди матбуот хизмати вакиллари тасдиқлашган.

Маълумотларга кўра, суд Улан Жапаровни ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси терговчисининг илтимосномасига кўра 21 июнь куниёқ чиқарган. “Ж. У. Р. га нисбатан 2024 йилнинг 19 августигача ҳибсга олиш шаклидаги эҳтиёт чораси қўлланилган”, дея маълум қилишган суд матбуот хизматидан.

Суд вакиллари қайдича, Жапаров Қирғизистон Жиноят кодексининг 209-моддаси 4-қисми 1-бандида (“Товламачилик”) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда. Айтилишича, “жабрланувчи томонга ўта йирик миқдорда моддий зарар етказилган”.

Маҳаллий нашрлар ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, қўлга олинган шахс президентнинг ваколатли вакили лавозимини таклиф қилиб, бунинг учун пул олгани, бироқ ваъдасини бажармагани ҳақида хабар қилишган.

Бу Улан Жапаровнинг иккинчи марта ҳибсга олинишидир. Биринчи марта у 2023 йилнинг июль ойида коррупцияда гумонланиб, қўлга олинган эди. Қирғизистон президенти матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков маълумотига мувофиқ, 32 ёшли Улан Жапаров президентнинг яқин қариндоши бўлмиш Ракимжан Жапаровнинг катта ўғли бўлиб ҳисобланади.

Улан Жапаров биринчи марта қўлга олинган пайтда президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев у “божхона масалалари билан боғлиқ коррупцион схемаларда иштирок этганликда гумонланаётган”ини маълум қилган эди.

Бу ҳақда билган президент гумонланувчиларга нисбатан барча қонуний чораларни кўришни шахсан талаб қилди”, дейилган Султанбаевнинг постида.

2023 йилнинг октябрь ойида Улан Жапаров Биринчи май туман суди қарори билан уй қамоғига чиқарилгани маълум бўлган эди. Суд вакиллари Озодликнинг қирғиз хизматига унга оид иш ҳали ҳам кўриб чиқилаётгани ва бу борада ҳали қарор қабул қилинмаганини билдиришган.

Илон Маск SpaceX қароргоҳини Техасга кўчирмоқчи

Илон Маск
Илон Маск

SpaceX асосчиси Илон Маск ширкат қароргоҳи Калифорния штатидан Техасга кўчирилишини маълум қилди. Бунга миллиардер, жумладан, маҳаллий мактабларга ўқувчи ўзини трансгендер шахс деб идентификация қилишини унинг ота-онасига билдиришни тақиқловчи қонун сабаб бўлганини айтган.

Бу сўнгги томчи бўлди. Бу қонун ҳамда оила ва ширкатларга қарши қаратилган ундан аввалги кўплаб бошқа қонунлар туфайли SpaceX ўз қароргоҳини Калифорниядаги Ҳоторн шаҳридан Техасдаги Старбейзга кўчиради”, деб ёзган Илон Маск X ижтимоий тармоғида.

Бу ёзувни миллиардер бошқа бир фойдаланувчининг 15 июль куни Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом янги қонунни имзолагани тўғрисидаги постига жавобан қолдирган.

Фарзандларингизни давлат мактабларидан чиқариб олинг”, дея изоҳ қолдирган фойдаланувчи мазкур ҳужжат ҳақида.

Илон Макс сўнгги марта қароргоҳини “кўчирган”ида пировардида Tesla Калифорния бўйлаб кенгайган ва ҳатто Global Engineering & AI қароргоҳини Калифорнияга кўчирган эди”, дея жавоб берган Ньюсомнинг матбуот хизмати SpaceX асосчисининг постига.

Калифорния ўқувчиларнинг ота-оналарига уларнинг жинсий ориентацияси ёки жинсини алмаштириш ниятидан хабардор қилишни тақиқловчи қонун қабул қилган АҚШдаги штатлардан биринчиси бўлди. Қонун тарафдорлари иддаосича, ҳужжат ўқувчиларнинг шахсий сири махфий қолишига ёрдам беради ҳамда ўқитувчиларнинг ота-оналар билан болалар ўртасидаги муносабатга аралашишига йўл қўймайди. Аввалроқ мактаблар оилаларни ўқувчиларнинг жинсий идентификацияси ҳақида огоҳлантириши лозим бўлган.

Қонун қабул қилинганидан кейин Маск ҳужжат ота-оналар ҳуқуқини чеклайди ва болаларга даф қилиб бўлмас зарар етказади, деб ёзган.

SpaceX ширкатининг бир неча йилдан буён Техас штатида шуъбаси, синов майдончаси ва Starlink терминалларини ишлаб чиқариш бўйича заводи бор. Қароргоҳини Техасга кўчириш режаларини Маск янги қонун қабул қилинмасидан аввал очиқлаганди. 2021 йил кузида миллиардер ўзига қарашли бошқа бир ширкат – Tesla қароргоҳини Техасга кўчирган эди. Тадбиркор ўшанда бу қарорни ширкатни кенгайтириш нияти билан, хусусан, Tesla Техасда иккинчи йиғиш заводини қураётгани билан изоҳлаган.

CNBC телеканали қайдича, Калифорнияда даромад солиғи ставкаси АҚШдаги энг юқори ставка бўлиб ҳисобланади, шунинг учун ҳам асосий офиснинг кўчирилиши Маскка миллиардлаб доллар маблағни тежаш имконини беради. Техас Қўшма Штатларда бундай солиқ олинмайдиган етти штатнинг биридир.

Ўшдаги селнинг бешинчи қурбони ҳам Ўзбекистондан топилди

Ўш шаҳридаги Оқбура дарёсида иш олиб бораётган қирғизистонлик қутқарувчилар, 2024 йил 14 июли
Ўш шаҳридаги Оқбура дарёсида иш олиб бораётган қирғизистонлик қутқарувчилар, 2024 йил 14 июли

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 16 июль оқшомида ўзбекистонлик қутқарувчилар ўз мамлакатлари ҳудудида икки кун аввал Ўшда сел тошқини оқизиб кетган қирғизистонлик аёлнинг жасадини топишгани ҳақида маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, 1985 йилда туғилган аёлнинг жасади Андижон шаҳридаги сойдан топилган. Маълумотларга кўра, марҳумани сув тошқини Ўш марказий бозоридан оқизиб кетган.

Аввалроқ қутқарувчилар сел қурбонига айланган бир аёл ва унинг уч қизи жасадини топган эдилар. Қирғизистон ФВВ 19, 10 ва 6 яшар опа-сингилларнинг жасади Андижондаги Шаҳрихонсойдан топилганини маълум қилганди. Онанинг жасади эса Оқбура дарёсининг ўзбек-қирғиз чегарасига яқин жойидан топилган.

Ўш шаҳар мэрияси она билан унинг уч қизини “Мол-Булак” дам олиш масканида бўлган пайтда сел оқизиб кетганини маълум қилган эди.

Табиий офат туфайли 14 июль куни қутқарувчилар Ўш шаҳри четида жойлашган Ўзгур қишлоғидаги “Бўрибой ота” дам олиш масканидан 500 дан зиёд кишини хавфсиз жойга эвакуация қилишган.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси маълумотига кўра, жорий йилнинг 20 апрелидан 1 июлигача мамлакат бўйлаб 230 дан зиёд сел-тошқин ҳодисаси қайд этилган. Қирғизистонда баҳор мавсуми бошидан буён сел оқибатида жами 10 киши қурбон бўлган.

Ғазодаги жангларда 60 чоғли фаластинлик қурбон бўлди

Ғазо сектори марказий ҳудудининг ўққа тутилиши ва бомбардимон қилишини оқибатлари
Ғазо сектори марказий ҳудудининг ўққа тутилиши ва бомбардимон қилишини оқибатлари

Исроиллик ҳарбийлар 16 июль куни Ғазо секторининг бир неча жойида фаластинлик жангарилар билан жанглар олиб борган. Фаластинлик врачлар маълумотига кўра, Ғазонинг жанубий ва марказий ҳудудларида исроилликларнинг ўққа тутиши ва бомбардимонлари туфайли камида 57 киши қурбон бўлган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Фаластиннинг ҲАМАС радикал гуруҳи (АҚШ, Британия ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) Исроилни оташкесимга эришишга ҳаракат илаётган араб ва америкалик воситачилар саъй-ҳаракатларини барбод қилиш учун Ғазо сектори бўйлаб зарбаларни кучайтирганликда айблаб чиқди. Исроил эса Ғазони ҲАМАС гуруҳи аъзоларидан тозалашга уринаётганини билдирмоқда.

Исроилликлар май ойидан буён вазиятни назорат қилиб келаётган Ғазо сектори жанубий чегарасидаги Рафаҳ шаҳрида тураржой биносига берилган авиазарбада беш нафар фаластинлик қурбон бўлган. Бу ҳақда фаластинлик врачлар маълум қилишган. Рафаҳ яқинидаги Хон Юнус шаҳрида эса икки нафар ёш бола ва уларнинг ота-онаси ўлдирилган.

Сешанба куни яна Исроил ҳарбийлари томонидан автобуснинг нишонга олингани натижасида камида 17 нафар фаластинлик нобуд бўлди, 26 нафари яраланди, дея маълум қилди Ғазо жанубидаги тиббиёт хизматлари расмий манбалари.

Аргентинада “мухолифатни таъқиб қилгани учун” разведка хизмати тарқатилди

Аргентина президенти Хавьер Милей
Аргентина президенти Хавьер Милей

Аргентина президенти Хавьер Милей Федерал разведка агентлигини тарқатиб юборди. Унинг ўрнига Давлат разведка хизмати (SIDE) назорати остида тўртта янги махсус тузилма тузилган. Бунга оид фармонлар мамлакат расмий бюллетени сайтида ёйинланган.

Фармонларда разведка хизмати “демократик институтларни обрўсизланишига” олиб борувчи самарасиз фаолиятда айбланган. Разведка кўплаб суд жараёнлари ва можароларга аралашиб қолган, у мамлакат ичкарисида ноқонуний амалиётларни амалга оширганликда айбланган, деб ёзган La Nation газетаси.

Президент Милей маъмурияти ижтимоий тармоқлар орқали агентликда ўтказилган аудит унинг мамлакат халқини ҳимоя қилиш билан эмас, мухолифатга қарши таъқиб, ички кузатув ва нуфуз сотиш билан шуғулланганини кўрсатганини маълум қилган.

Ҳукумат раҳбари ўлароқ Милей томонидан имзоланган фармонларда разведканинг сўнгги 30 йил ичидаги муваффақиятсизликлари кўрсатиб ўтилган. Улар орасида 1994 йилда Буэнос-Айресда жойлашган яҳудий миллий марказидаги портлаш (ўшанда 85 киши ўлганди), 2015 йилда бош прокурор Альберто Нисманнинг ўлдирилиши ва 2022 йилда собиқ президент Кристина Киршнерга қарши уюштирилган суиқасд кабилар саналган.

2015 йилда Аргентинада разведка хизмати бир марта ислоҳ қилинишга улгурган эди. Ўша пайтда мамлакат Разведка котибияти тарқатилиб, унинг ўрнига Федерал разведка агентлиги тузилганди.

Трамп расман президентликка номзод ўлароқ кўрсатилди

Дональд Трамп ва у томонидан АҚШ вице-президенти лавозими учун танланган сенатор Жеймс Вэнс
Дональд Трамп ва у томонидан АҚШ вице-президенти лавозими учун танланган сенатор Жеймс Вэнс

Республикачилар партияси миллий конвенцияси 15 июль куни Дональд Трампни АҚШ президенти лавозимига номзод ўлароқ кўрсатган.

Шу куннинг ўзида Оҳайо штатидан сенатор Жеймс Вэнс Трамп томонидан АҚШ вице-президенти лавозими учун танланган.

Вице-президент ўлароқ Жеймс Вэнс Конституциямиз курашни давом эттиради, қўшинларимиз ҳолати учун жавоб беради ва менга Американи қайтадан буюк қилишда ёрдам бериш учун қўлидан келган барча ишни қилади”, деб ёзган Трамп Truth Social platform деб номланган ўз ижтимоий тармоғида.

Reuters агентлиги Дональд Трампга суиқасд туфайли президентликка номзод эндиликда ўз нутқига АҚШ президенти лавозимига номзодлик мақомига кўрсатилишни қабул қилиши бўйича тузатиш киритиши лозимлигини қайд этган. Номинация масаласи Республикачиларнинг Милуокидаги (Висконсин штати) тўрт кунлик миллий конвенциясида кўриб чиқилмоқда. Трампнинг Республикачилар партияси номинациясини қабул қилишга расман розилик билдириб, чиқиш қилиши 18 июль куни кутилмоқда.

Reuters хабарига кўра, Трамп нутқидаги ўзи билан Байден ўртасидаги фарқларни баҳолашга оид аввал ёзилган мулоҳазалар ўрнига миллий бирдамликка урғуни кучайтирмоқда.

Россияда мигрантлар ўз тилларида пичирламасликка чақирилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россиянинг Миллатлар ишлари бўйича федерал агентлиги Марказий Осиёдан бўлган меҳнат муҳожирлари учун янги адаптацион курс ишлаб чиқди. 70 дақиқали маърузадан иборат бу маъруза орқали хорижликлар Россиянинг миграция ва меҳнат қонунчилиги ҳамда мамлакатда ўзини тутиш тартиб-қоидаларига оид барча зарур маълумотларни олишлари мумкинлиги айтилмоқда.

Маъруза материаллари билан танишган “Коммерсант” нашрининг ёзишича, курс тўртта блокка бўлинган бўлиб, булар “Миграция ва меҳнат қонунчилиги асослари”, “Россияда ўзини тутишнинг норасмий асослари”, “Қонунчиликка риоя қилмаганлик учун жавобгарлик” ва “Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари муносабатлари тарихи” кабилардир.

Биринчи бўлимда мигрантларга Россияга кириб келиш ва юриш тартиби ҳақида, патент расмийлаштириш ва меҳнат шартномаси тузиш қоидалари ҳақида маълумот берилган. Нашр қайдича, маърузачи Россия армиясида шартнома асосида хизмат қилиш орқали мамлакат фуқаролигини соддалаштирган тартибда олиш имконияти мавжудлиги хусусида ҳам сўзлаши керак.

“Россияда ўзини тутишнинг норасмий асослари” блокида маърузачилар рус тилини билиш муҳимлигини урғулаб, “ака//ука” (“брат”) ва ёхуд “опа//сингил” (“сестра”) деб мурожаат қилиш сизга қариндош бўлмаган одамлар билан мулоқот учун тўғри келмайди”, дея қайд этишади. Шунингдек, хорижликлар бошқа одамлар олдида ўз она тилида пичирламаслик ва ўтган-кетганни муҳокама қилмасликка чақирилади.

Бундан ташқари, маърузада Россия дунёвий давлат экани, бу ерда бирор-бир динга мансубликни оммага намойиш қилиш, хусусан кўчада диний маросимларни амалга ошириш ва жамоат жойларида намоз ўқиш одати йўқлиги эслатилади. Шу билан бирга, ҳайвонларни қурбонликка келтириш ҳам мақбул иш эмаслиги қайд этилади.

Курсда “қарама-қарши жинс вакили билан муомала асослари” тўғрисида, хусусан, Россияда аёллар аввалдан очиқ кийим кийиб юришлари, бу уятли иш бўлиб ҳисобланмаслиги ва бу ҳолат аёлнинг биров билан танишишга тайёр эканини англатмаслиги ҳақида айтилади.

Нотаниш одамларга тегиниш мумкинмас, шунингдек, ўзига ёқиб қолган аёл ёки эркак эътиборини тортишга уриниб, турли товушлар чиқариш, ҳуштак чалиш, “чиққиллаш” яхши эмас”, дейилади дастурнинг “Россияда ўзини тутишнинг норасмий асослари” тўғрисидаги бўлимида.

Курснинг учинчи қисми Россияда миграцион қонунлар дохил қонунчиликнинг бузилиши учун белгиланган жазо чораларига бағишланган. Бу бўлимда маърузачилар экстремистик ва террорчилик фаолиятида иштирок этиш ёки унга кўмаклашишга йўл қўйилмаслигини қайд этишлари лозим.

Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари муносабатлари тарихига бағишланган тўртинчи бўлимда ўзаро “дўстлик ришталари кўп асрлик тарихга эга”лиги, “СССР бюджетидан ажратилган катта пуллар эса Марказий Осиё республикаларининг муваффақият билан тараққий қилишига имкон яратган”и таъкидланади.

Маъруза матнларига 11 та анимацион ролик илова қилинган бўлиб, уларда бош қаҳрамон Тимур Россияда яшаш тартиб-қоидалари ҳақида сўзлаб беради. Ҳар бир видео “Ассалому алайкум, муҳтарам ака-укалар ва опа-сингиллар! Менинг исмим Тимур ва мен ўн йилдан буён Москвада яшайман” деган жумлалар билан бошланади. Роликлар мазмуни кўп жиҳатдан 70 дақиқали маъруза мазмун-мундарижасига мос.

Миллатлар ишлари бўйича федерал агентлиги Россиядаги мигрантлар учун адаптацион курс ишлаб чиқилганини 2023 йил сентябрида эълон қилган эди. Ўтган ҳафтада агентлик курс Калининград ва Москва вилоятлари, Пермь ва Краснодар ўлкаларида, шунингдек, Ёқутистонда (Якутия) апробациядан ўтгани ҳақида маълумот тарқатган.

Қозоғистонда “аёллар вагонлари” бўлган поездлар сони кўпайтирилди

“Қозоғистон темир жўли” миллий темирйўл ширкати яна учта йўналиш, яъни Остона — Семей, Ақтўбе — Олмаота, Олмаота — Чимкент йўналишлари бўйлаб “аёллар вагонлари” бўлган поездлар йўлга қўйилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, шу тариқа ичида фақат аёллар ва болалар кетишига рухсат этилган вагонли поездлар сони 8 тадан 11 тага кўпайган. “Қозоғистон темир жўли” буни аёллар вагонларига талаб ошиб бораётгани билан изоҳлаган.

“Аёллар вагонларига чипталар фақат аёлларга сотилади, улар билан фақат 7 ёшгача бўлган ўғил болаларгина саёҳат қилиши мумкин”, дейилган хабарномада бундай вагонларда йўловчиларга хизмат кўрсатувчи ходимларнинг (проводникларнинг) ҳаммаси аёллар экани урғуланган.

Қозоғистонда поездлардаги аёллар вагонлари, “Қозоғистон темир жўли” ширкати қайдича, “саёҳат чоғида аёллар учун қулайликни ошириш мақсадида” 2021 йилдан бошлаб жорий қилинган. Бундай вагонларда сафар қилиш учун чипта нархи бошқа вагонлар учун сотилган чипта нархидан фарқ қилмайди.

Қозоғистонда аёлларга алоҳида вагонлар ажратилиши зарурлиги ҳақида илк бор 2018 йили “Тулпар-Тальго” поездида 35 ёшли йўловчи аёл икки проводник томонидан зўрланганидан кейин гапирила бошлаган. Ҳодиса ортидан судлаган бу икки шахс ўтган ойда озодликка чиққани маълум бўлган. Улар 2019 йили беш йилга қамалишган, фаоллар бу жазони ўта юмшоқ эканини айтишиб, судьяни истеъфога чиқишга чақиришган эди.

Жорий йилнинг май ойида “Қозоғистон темир жўли” мамлакатда аёллар вагонлари оммалашиб бораётгани ҳақида баёнот тарқатган. Ширкат маълумотига кўра, йил бошидан буён аёллар вагонида сафар хизматидан 70 мингга яқин аёл фойдаланган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўрсаткичдан икки баравар кўпдир.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қозоғистондаги поезд йўловчиси бўлган аёл ухлаб ётган пайтда унинг купесига номаълум эркак кириб, ўзини ўзи қондириш (мастурбация) билан шуғуллангани ҳақида айтиб бергани акс этган видео тарқалган. Кейинроқ “Қозоғистон темир жўли” ширкати йўловчи аёлнинг шилқимлик ҳолатига оид мурожаати юзасидан проводниклар томонидан полиция чақирилганини билдирган. Шилқимликда гумонланган эркак галдаги станцияда полиция ходимлари томонидан поезддан тушириб қолдирилган.

Испания термаси футбол бўйича Европа чемпионига айланди

Евро-2024 финал ўйинидаги илк гол муаллифи бўлган испаниялик футболчи Нико Уильямс
Евро-2024 финал ўйинидаги илк гол муаллифи бўлган испаниялик футболчи Нико Уильямс

Испания терма жамоаси футбол бўйича Европа қитъаси чемпионига айланди. Берлиндаги Олимпия стадионида 14 июль оқшоми бўлиб ўтган финал ўйинида испанияликлар англиялик футболчилар устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Шу тариқа Испания қитъа тарихида тўрт марта биринчиликни қўлга киритган илк команда бўлди. Европа кубогида чемпионатга мезбонлик қилаётган Германия термаси аввал уч марта чемпион бўлган эди. Испанияликлар бу командани ҳам чорак финалда 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишган.

Евро-2024 мусобақасида Испания рақиблари дарвозасига жами 15 та тўп киритган, бу ҳам чемпионатнинг барча ўйинларида ғолиб бўлган команда учун ўзига хос рекорд бўлган.

Москва вилоятида Sukhoi Superjet учоғи қулаб тушди

Sukhoi Superjet 100 учоғи (иллюстратив сурат)
Sukhoi Superjet 100 учоғи (иллюстратив сурат)

Россиянинг Москва вилоятида 12 июль куни Sukhoi Superjet 100 йўловчи учоғи авиаҳалокатга учради. Учоқ бортида йўловчилар бўлмаган, фақат экипажнинг уч аъзоси бўлган, холос. Хабарларга кўра, уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган.

ТАСС агентлиги қайдича, учоқ режадаги таъмирлаш ишларидан кейинги парвозни амалга ошириш чоғида қулаб тушган. У Внуководаги авиация заводидан осмонга кўтарилган. Baza нашри қулашдан олдинроқ фалокат сигналини бера бошлаган ва учоқ аварияли қўниш олдидан ёнилғини сарфлаб битириш учун айлана бўйлаб уча бошлаган. Учинчи айланишда учоқ қулаб тушган.

Қулаб тушган Sukhoi Superjet 100 учоғи 2014 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, “Газпром Авиа” ширкатига тегишли бўлган. “Агентство. Новости” хабарига кўра, қулаган учоқда сўнгги икки йил ичида камида икки марта носозлик кузатилган.

Москва вилоятининг Апраксино қишлоғи яқинидаги учоқ қулаган жойга Коломно шаҳри раҳбари Александр Гречишчев борган. Мулозимга кўра, учоқ қулаган жой ўраб олинган. Учоқ ўрмонга қулаган, авиаҳалокат натижасида туман аҳолиси орасида жабрланганлар йўқ.

Авиаҳалокат ҳодисаси юзасидан ҳаво транспорти ҳаракат хавфсизлиги ва эксплуатацияси қоидаларининг бузилишига оид моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов билан Росавиация мутахассислари иштирокида Давлатлараро авиация қўмитаси (ДАҚ) шуғулланади.

Ишсиз мигрантлар оилаларига Россияга кириш ман этилиши мумкин

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россиялик мулозимлар расмий иш жойига эга бўлмаган ва моҳиятан ишсиз ҳисобланган мигрантларнинг оиласига мамлакатга киришни тақиқлашмоқчи. Бу ҳақда Озодликнинг “Мигрант Медиа” лойиҳаси хабар қилди.

Қайд этилишича, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши ИИВ ва бошқа тегишли муассасаларга бу масалани ўрганиб, хорижлик ишчилар яқинларининг Россияга киришини чекловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқишни топширган.

Россия расмийларига яқин кўриладиган Baza Telegram-канали хабарига кўра, Давлат думасига мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишдан олдин улар зиммасига рус тили бўйича имтиҳон топшириш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳаси киритиб бўлинган.

Сўнгги ойларда Россияда мигрантларни мамлакатдан бадарға қилиш зарурлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Масалан, Давлат думаси спикерининг ўринбосари Петр Толстой аввалроқ расмий иш фаолияти билан шуғулланмаётган мигрантлар сонини қисқартириш учун “бир киши келди — бир киши кетди” тамойилини (яъни, агар мигрант мамлакатга бир ўзи келган бўлса, бир ўзи кетади) жорий қилишни таклиф қилган эди.

Россиялик мулозимларнинг аксарияти мигрантларга қарши қонунчиликни қўллаб-қувватлашади ва улар орасида жуда камчилик мигрантларнинг мамлакатдан чиқариб юборилишига қарши чиқишади.

Россия Ички ишлар вазирлиги яқинда Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга мигрантларни мамлакатдан бадарға қилишга имкон яратувчи яна 20 та модда қўшишга оид қонун лойиҳасини киритган.

Гарчи бу ўзгартишлар экстремистик фаолият ва миграцион қайд тартибини бузиш дохил жамоат тартибини бузиш ва хавфсизлик билан боғлиқлиги айтилаётган бўлса-да, ҳуқуқ фаоллари арзимаган қонунбузарликлар учун мигрантларнинг депортация қилинишига имкон яратувчи бу тузатишларни танқид қилиб чиқишган.

Бойқўнғир космодромида уч нафар хорижлик қўлга олинди

Бойқўнғир космодромидан ракета учирилиши (архив сурати)
Бойқўнғир космодромидан ракета учирилиши (архив сурати)

Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида жойлашган Бойқўнғир космодромида Ҳолландия ва Бельгия фуқаролари бўлган уч нафар чет эллик қўлга олинган. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС агентлиги куч ишлатар тузилмалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳодиса 9 июль куни содир бўлган. Россия агентлиги иддаосига кўра, қўлга олинган европаликлар космодром ҳудудига ноқонуний кириб олган.

Уларнинг Бойқўнғир ҳудудига нима мақсадда киргани маълум эмас. Хабарга мувофиқ, Россия куч ишлатар идоралари ҳолатни ўрганмоқда.

Июнь ойи бошида Бойқўнғир космодроми ҳудудига яқин жойда франциялик икки фуқаро юргани хабар қилинган эди. Иддаога кўра, улар космодром ичига киришга уринган диггерлар, яъни турли иншоотлар, ерости масканлари, базалар ва ташландиқ объектларни тадқиқ этувчи кишилар бўлган.

Россия Қозоғистонга йилига 115 миллион доллар тўлаб, Бойқўнғир шаҳри ва космодром жойлашган ҳудудни ижарага олган. Ижарага оид келишув муддати 2050 йилда тугайди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG