Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2023, Тошкент вақти: 04:12

"Танланганларнинг газдан қарзи қайта ҳисоб қилинади"


"Тошкентшаҳаргаз" идораси расмийлари бунда норози абонентларнинг "xулқи жуда муҳим аҳамиятга эга" эканини айтмоқда.

Баъзан йўқдан бор бўлади: "Газдан 2 миллион сўм қарзсиз!"


Газ тўловидан ортиқча қарздор қилиб қўйилганини айтиб, Озодликка мурожаат қилган тошкентликлар кутилмаган тўлов миқдори 300-400 минг сўмдан 1-2 миллион сўмга қадар эканини айтиб, шикоят қилмоқда.

Жумладан, пойтахтнинг Ҳамза туманидан боғланган Раъно опанинг айтишича, шу йилнинг июн ойида уларга қарийб 2 миллион сўм миқдорда газ тўловидан қарзи борлиги ҳақида хабар берилган.

- Биз тўловларни ойма-ой тўлаб борардик, предоплата қилардик. Уч йилдан бери назоратчи келиб ўзи текшириб, квитанция ёзиб пулини олиб кетарди. Июн ойида келишдида, "Счётчикни бошқатдан текширтириб келиш керак", дейишди.

Райгазга олиб борсак, сизларни икки миллионга яқин қарзингиз бор, дейди. Нимага деб сўрасак, айтадики, икки йил олдин қарор чиққан эди, счетчикни госстандартдан (давлат стандарти-Таҳр.) ўтказиш керак эди, дейди. Биз эса бу ҳақда умуман эшитмаганмиз,- дейди Раъно опа.

Мўъжизани кутинг: "Кутилмаган қарзнинг ўзи ғойиб бўлади"


Шундан буён бу оила тумангаз идорасига муттасил қатнаётгани, аммо, кутилмаган қарз масаласини ҳал қила олмаётганини айтмоқда.

- Хўжайним боради, ҳал қиламиз, дейишади. Икки ҳафтадан кейин борса, у бошлиқ ўрнида бошқаси, уям ҳал қиламиз, кейин келинг, дейди. Хўжайним борса, унисиям йўқ, ўрнида бошқаси. Охирги сафар борганда эса, главинженери: "Ота сиз бошқа оввора бўлиб келманг, бу қарз қандай пайдо бўлган бўлса, шундай йўқ бўлиб кетади", деганмиш. Ҳайрон бўлиб турибмиз энди, қандоқ йўқ бўларкин, деб,- дейди Ҳамза туманида истиқомат қиладиган Раъно опа.

Қарз миқдори қарийб 2 миллион сўм бўлгани учун бу оила унинг ғойиб бўлиши ҳақидаги қуруқ ваъда билан кўнгиллари хотиржам бўлмаётганини айтмоқда.

Диққат қилинг: "Абонентнинг ҳам мажбуриятлари бор"


Озодликка сўнгги бир йил ичида шу мазмунда кўплаб мурожаатлар бўлди ва Озодлик мухбири "Газ ҳисоблагичини вақтида кўрикдан ўтмагани учун қарздор бўлиб қолганлар қарзини қайта ҳисоблатиши мумкинми", деган савол билан "Тошкентшаҳаргаз" бошқармасига боғланди.

Бошқарманинг айнан шундай мурожаатлар билан ишлайдиган мутахассиси Одил Ваҳобовнинг ўзи билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади. Ваҳобов шикоятларни ўрганиш учун туманлардан бирига кетгани айтилди.

Аммо, Тошкент шаҳридаги туманлардан бирида газ таъминоти идорасининг ўзини таништирмаган ходими аҳоли учун зарурий маълумотларни айтиб берди.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган 99-сонли қарорга мувофиқ аҳоли уйларига ўрнатилган газ ҳисоблагичлар ҳар тўрт йилда давлат стандарти кўригидан ўтказилиши керак. Ўтказилмаса, носоз ҳисобланади ва тўлов ўртача тариф асосида ундирила бошлайди.

Унга кўра, аҳоли бу тартибдан етарли даражада огоҳлантирилган.

- Абонентларнинг ҳам ўз мажбуриятлари бор. Агар шартнома книжкасини ўқишганида эди, у ерда ҳам ёзиб қўйилган: ҳисоблагич 4 йилда давлат стандарти текширувидан ўтказилиши керак,- дер экан бу ходим, бундан ташқари, аҳоли учун "Тошкент оқшоми" газетаси ва телевидениеда такрор-такрор эълонлар берилганини қўшимча қилди.

Лекин унга кўра, алоҳида ҳолатларда, алоҳида абонентларнинг газдан қарздорлиги ҳисоблагич вақтида текширилмагани боис туғилган бўлса, буни қайта ҳисоблатиш мумкин.

Ҳалол бўлинг: "Тўлови нормалларнинг қарзи қайта кўрилади"


Бунинг учун норози абонент туман газ таъминоти идораси вакилини чақиртириб, газ ҳисоблагични ечтириб олиши, кейин уни Тошкент шаҳри Метрологик хизмат кўрсатиш марказига олиб бориши керак.

"Ўзстандарт" Давлат агентлиги қошидаги бу марказ газ ҳисоблагични текшириб, соз, деб топса, абонент бу ҳақдаги жами ҳужжатлари билан "Тошкентшаҳаргаз" бошқармасига мурожаат қилиши керак.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, бошқармада аҳоли мурожаатларини қабул қилиш ва ўрганиш билан шу кунларда шуғулланаётгани айтилган мутахассис Одилжон Ваҳобов билан боғлана олмадик.

Лекин биз боғланган тумангаз идораларидан биридаги масъул қарзини қайта ҳисоблатиш эҳтимоли юқори бўлган "алоҳида абонентлар" категориясига кимлар кириши мумкинлиги ҳақидаги саволимизга бундай жавоб берди.

- Бу (қайта ҳисоб қилдириш ҳаққи — Таҳ.) ҳамма учун эмас. Бир хил абонентлар бор, йилда бир марта олдиндан 1000 куб метр газга ҳақ тўлаб қўядида, юраверади. Яна бир абонент бор, ҳар ойда тўловини тўлаб боради. Агар тўлов даражаси нормада бўлса, шуларникини корректировка қилишга рухсат берилади,- деди Тошкентдаги туман газ таъминоти бўлимларидан бирининг шахси сир қолишини истаган ходими.

Яъни, абонент ўзининг тартибли ва ҳалол тўловчи эканига бошқарма расмийларини ишонтириши лозим.

- Лекин, носоз чиққан ҳисоблагичини бориб тузаттириб, кейин "соз" чиқди деб келаётганлар ҳам бўлаяпти. Буларнинг тўлов историясига қаралади. Кейин ҳисоблагичи бошқарма ҳисобидан яна текширтирилади ва шунга қараб, хулоса қилинади. Лекин, кўплаб шу қилган ишидан уялиб қолаяпти охири. Газни ишлатгандан кейин, тўлашни билиши керакда хуллас,- деди Тошкентдаги туман газ таъминоти бўлимларидан бирининг ходими Озодлик билан суҳбатда.

Эҳтиёт бўлинг: "Баъзи ҳисоблагичларнинг муддати 5 йил!"


Ўзбекистонда ўрнатилган газ ҳисоблагичлар, асосан, уч давлатда - Италия, Белорусия ва Хитойда ишланган.

- Хитойда чиққан ҳисоблагичларнинг ичида носозлари чиқаяпти. Бундан ташқари, ўша ҳисоблагичларнинг муддати 5 йил. Абонент муддатига ҳам қараб туриши керак. Муддати чиққан бўлса, тумангаздан одам чақиртириб, эскисини олиб, ўз ҳисобидан янгисини ўрнатиши керак,- деди Озодлик билан суҳбатлашган мутасадди.

Табиийки, бу ўринда: "Ҳисоблагичнинг муддати битган бўлса-да, соз бўлса нима қилиши керак?", "Агар ҳисоблагичнинг янгиси носоз чиқса, нима қилиш керак?", "Ҳисоблагичнинг носоз экани ёки эмаслигини қандай аниқлаш мумкин?" каби қатор саволлар туғилиши мумкин.

Биз бу саволларни бизга билан исмини айтмай суҳбатлашган мутасаддига ҳам бердик.

Аммо Озодлик суҳбатдоши бу саволлар билан Тошкент шаҳар Метрологик хизмат кўрсатиш марказига мурожаат қилиш кераклигини айтди. Озодлик мухбири ҳозирча бу марказдан жавоб ололмади.

Шу боис, шу каби саволлари бўлган тингловчи ҳамда муштарийларимизга айни марказга мурожаат қилиш тавсия қилинганини айтишимиз мумкин. Аммо, келгусида бу марказдан ҳам маълумот олишга уринишда давом этамиз.

Тайёр бўлинг: "Ваъда берган расмий ғойиб бўлиши мумкин"


Озодликка куни кеча "Тошкентшаҳаргаз" бошқармаси собиқ ходимларининг биридан келган маълумотга кўра, шу кунларда бошқарма ва бошқарманинг шаҳардаги туман филиалларида ишлаётган ўнлаб ходим давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбланмоқда.

- Газ таъминоти идорасининг исталган туман ёки шаҳар идорасига телефон қилинг, ўнлаб ходим миллиардлаб миқдордаги талон-тарожда айбланганини айтишади сизга. Қанчаси қамоққа олинган, ишлари судга ошиб кетган. Бир йилчаям ишламаган ёш-ёш инспекторларнинг иши судда,- деди овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка хабар берган манба.

Бу хабарни "Тошкентшаҳаргаз" бошқармаси ва пойтахтнинг Ҳамза, Учтепа, Юнусобод туманлари газ идоралари ходимлари тасдиқлади.

Маълумотларга кўра, айрим идораларда 2-3 ходим, айрим идораларда 4-5 ходим устидан жиноят иши қўзғатилган.

Шу боис, Ҳамза туманида яшайдиган Раъно опа каби абонентларнинг ғойибдан келган миллион сўмлик қарзлари масаласи ойлаб ҳал бўлмай келмоқда.

Одатан, муаммони ҳал қилиш учун "уч-тўрт сўмлик ҳаражат" ҳаққини олган анча-мунча учар ходимларни бир неча ҳафтадан сўнг идорадан, энг камида абонент яшаб турган туман идорасидан топиш имконсиз бўлиб қолаётгани айтилмоқда.

"Тошкентшаҳаргаз" бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими куни кеча Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда иши судга ошган ва терговга тортилган газчилар сони шаҳарнинг ўзида 30га яқинлаб қолганини айтган эди.
XS
SM
MD
LG