Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2023, Тошкент вақти: 09:59

Халқаро хабарлар

БМТ вакили Эрон раҳбарлари билан учрашди

БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича вакили Лахдар Брахими ва Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод, Теҳрон шаҳри, 2012 йил 14 октябр.
БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича вакили Лахдар Брахими ва Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод, Теҳрон шаҳри, 2012 йил 14 октябр.
БМТ ва Араб Лигасининг Сурия бўйича вакили Лахдар Брахими якшанба куни Теҳронда Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ва Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий билан учрашди.

Сўзлашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Брахими Суриядаги барча гуруҳларга қуроллар етказиб беришни тўхтатишга чақирди.

БМТ вакили Сурияда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, можарони ҳал қилиш учун ислоҳот ва сайловлар бўйича дарҳол музокаралар бошлашга чақирди.

Аҳолиси шиа мазҳабида бўлган Эрон Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режимининг асосий иттифоқчисидир.

Лахдар Брахими Эронга келишидан олдин Туркияга сафар қилган.

Кун янгиликлари

Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири Чингиз Айтматов номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди

Айгерим Ақилбекова Озодлик радиоси қирғиз хизматининг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган ягона вакили эмас.
Айгерим Ақилбекова Озодлик радиоси қирғиз хизматининг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган ягона вакили эмас.

Бишкекда 28 ноябрда ўтган “Ёшлар форуми”да Чингиз Айтматов номидаги Қирғизистон давлат ёшлар мукофоти эгаларига топширилди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг хабар беришича, “Журналистика ва телекўрсатувлар йўналишидаги энг яхши асар” номинациясида Айгерим Ақилбекова ғолиб деб топилди.

Айгерим Ақилбекова Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири. Унга бу мукофот Озодлик радиоси қирғиз хизмати томонидан тайёрланадиган “Данисте” дастури учун берилди.

Хабарда айтилишича, сўнгги бир йил ичида “Данисте” дастури YouTube платформасида 10 миллион марта кўрилган.

Мазкур дастурда Қирғизистондаги турли миллатлар ва элатлар, чет элдаги муҳожирлар ҳамда инсон ҳуқуқлари масаласи кўтарилади. Масалан, бу дастур доирасида Ўшдаги Ўнадир мавзесида яшовчи ўзбеклар, Боткен вилоятининг Учқўрғон қишлоғидаги тожиклар, Талас вилоятидаги немислар, Иссиқкўлдаги қозоқлар, Чуй вилоятига бошқа давлатлардан кўчиб келган этник қирғизлар, Помирдан Олойга кўчиб ўтган қирғизлар муаммолари кўтарилган.

Чингиз Айтматов номидаги Қирғизистон давлат ёшлар мукофоти 2000 йилнинг 23 августида қирғиз ҳукумати қарори билан таъсис этилган.

Мазкур мукофот ёшлар орасида демократия, маънавий ва маданий қадриятлар, гуманизм ва бадан тарбияси, ватанпарварлик ҳамда ёшларни ижодий изланишларга рағбат қилувчи принципларини олға сурган ижодкорларга берилади.

Ақилбекова "Данисте" дастури билан бир қаторда аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган “Эже-синилдер” кўрсатувини ҳам олиб боради.

Айгерим Ақилбекова Озодлик радиоси қирғиз хизматининг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган ягона вакили эмас. Қирғиз хизмати ходимларидан бир қаторлари бундан аввалги йилларда “Қирғизистон халқ шоири”, “Қирғизистон маданият арбоби” ва бошқа унвонлар ҳамда мукофотларга сазовор бўлган.

Қозоғистон қорақалпоқ фаолига қочқин мақомини беришдан бош тортди

Тошкент сўрови билан қўлга олинган фаол бир йил тергов изоляторида ушлаб турилди.
Тошкент сўрови билан қўлга олинган фаол бир йил тергов изоляторида ушлаб турилди.

Қозоғистон ҳукумати қорақалпоғистонлик фаол Тлеубике Юлдашевага қочқинлик мақомини беришдан бош тортди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизматига Юлдашеванинг ўзи маълум қилди.

“Конвенцияларни рўкач қилиб, мақом беришмади. Улар менга шаҳар судига арз қилишим мумкинлигини айтишди. Мен шаҳар судига ариза киритаман”, - деди Юлдашева.

Юлдашева Ўзбекистонга топширилса, қийноқларга дучор бўлишини айтди ва Қозоғистон ҳукуматидан яна бир маротаба бошпана сўраш ниятида эканини таъкидлади.

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳридаги тергов изоляторида бир йил сақланган Тлеубике Юлдашева ноябрнинг ўрталарида озод қилинган эди. Бунга экстрадиция қилиниши кутилаётган шахсни ҳибсда сақлаш муддати якунлангани сабаб бўлган.

Юлдашева тергов изоляторида ўтирган пайтида Қозоғистон ҳукуматига қочқин мақоми берилишини сўраб ариза ёзган эди. Унинг қочқинлик мақоми сўраб ёзган аризаси 3 декабргача ўз кучида бўлади. Бу вақт мобайнида уни Тошкентга депортация қилишга қонун йўл бермайди.

Юлдашева Ўзбекистонда “конституциявий тузумга тажовуз қилиш” да айбланмоқда. У 2022 йилдаги Нукус воқеаларидан сўнг 13 ноябрда Қозоғистон орқали Россияга кетаётганида Тошкент сўрови билан ушланган эди.

Олмаотадаги тергов изоляторидан октябрда қорақалпоқ фаоли Зиуар Мирманбетова, сентябрда эса Раиса Худайбергенова, Жангелди Жақсимбетов ва Қўшқарбай Тўрўмуратов чиқарилган эди. Улар экстрадиция қилиниши кутилаётган шахсни ҳибсда сақлаш муддати якунлангани муносабати билан озод этилган.

Мазкур шахслар Ўзбекистонда “конституциявий тузумга тажовуз қилганлик” айблови билан халқаро қидирувга берилган эди.

2022 йил октябрида Human Rights Watch қўлга олинганлар Қозоғистондан бошпана сўраганлари тўғрисида билдирган. Халқаро ташкилот Остонани фаолларни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирган эди.

Human Rights Watch фаоллар Ўзбекистонда қийноқларга солиниши ва сиёсий айбловлар билан қамалиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Бироқ Қозоғистон ҳукумати қорақалпоқ фаолларга қочқинлик мақоми беришдан бош тортган.

2022 йилнинг 1 ва 2 июль кунлари Нукус воқеалари деб ном олган норозилик чиқишлари содир этилганди. Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши бошланиб кетган норозиликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

2023 йилнинг августида Австриядаги Freedom for Eurasia ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Нукус воқеаларида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатини ва фаоллар томонидан тузилган норасмий рўйхатни эълон қилган. Ташкилот иддаосича, Нукусда Ўзбекистон ҳукумати таъкидлаб келаётганидай 21 киши эмас, камида 70 киши ҳалок бўлган.

Нукусдаги намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган эди.

Нукус воқеалари бўйича Бухорода шу йил 31 январида якунланган илк суд жараёни ортидан намойишчилардан 18 нафари қамалган. Июнь ойидаги апелляция судида судланганлардан 8 нафарининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш билан алмаштирган.

Жорий йилнинг 17 мартида якунланган Бухородаги иккинчи суд ҳукми билан 28 нафар судланувчи қамалган эди. Олий суд ҳайъатининг 12 июнь кунги қарори билан судланувчилардан 5 нафарининг қамоқ жазоси озодликни чеклаш жазоси билан алмаштирилган.

Украинада пўртанадан 10 киши ҳалок бўлди, 23 киши жароҳатланди

Украинада 27 ноябрдаги пўртана оқибатида 10 киши ҳалок бўлди ва 23 киши, жумладан, икки нафар бола жароҳатланди. Бу ҳақда Украина ички ишлар вазири Игорь Клименко маълум қилди.

Унга кўра, Одесса вилоятида беш киши ҳалок бўлган, 15 киши жароҳатланган. Қутқарувчилар 2498 кишига, жумладан, 162 болага ёрдам кўрсатган.

Николаев вилоятида икки киши ўлган ва икки киши жароҳатланган. Қолган қурбонлар ва жабрланганлар Ҳарьков ва Киев турғунларидир.

Пўртана оқибатида Николаев ва Кировоградда вилоят миқёсидаги 8 та автомобил йўли ёпилди. 28 ноябрь ҳолатига кўра, Украинанинг 11 та вилоятида 411 та аҳоли пункти электр энергияси таъминотидан узилиб қолди. Қутқарувчилар 1530 та транспорт воситасини қор остидан олиб чиққан.

27 ноябрда Россия томонидан аннексия қилинган Қримда бир неча кундан бери ёғаётган жала ва пўртана оқибатида беш юз мингга яқин аҳоли электр таъминотидан узилиб қолгани хабар қилинганди. “Интерфакс”нинг хабар беришича, пўртана секундига 40 метр тезликда эсмоқда.

Украинанинг УНИАН ахборот агентлиги турли манбаларга таянган ҳолда бу ярим оролга “ҳужум қилган аср пўртанаси” бўлиши ҳақида ёзди.

Илон Маск антисемитизмда айблангани ортидан Исроилга сафар қилди

Маск Х тармоғидан тушадиган фойданинг бир қисмини Исроил ва Ғазога гуманитар ёрдам сифатида ажратишини маълум қилган.
Маск Х тармоғидан тушадиган фойданинг бир қисмини Исроил ва Ғазога гуманитар ёрдам сифатида ажратишини маълум қилган.

Жаҳоннинг энг бой одамларидан бири бўлган Илон Маск Исроилга сафар қилди. Маск Исроилда бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан учрашди ва Ғазога чегарадош бўлган Кфар-Аза шаҳарчасига борди. Бу шаҳарчага 7 октябрь куни АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи деб тан олинган ҲАМАС ҳужум қилган эди.

Ижтимоий тармоқларда зирҳли жилетлар кийган Маск ва Нетаняҳу АҚШ ва ЕИда террорчи сифатида тан олинган ҲАМАС ҳужуми оқибатларини кўздан кечираётгани акс этган фото ва видеолар тарқалди. Маск гаровга олинганларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Маск Исроил президенти Исаак Герцог ва мудофаа вазири Бен Ганц билан ҳам учрашади. Bloomberg агентлигининг ёзишича, Маск Ғазода гаровда сақланаётганларнинг вакиллари билан ҳам мулоқот қилади.

Хабарда таъкидланишича, Исроил ҳукумати Маск билан Starlink сунъий йўлдош алоқасидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш юзасидан ҳам музокаралар олиб бормоқда. Октябрда Маск Ғазога ёрдам кўрсатаётган ташкилотларга Starlink алоқасидан фойдаланишга рухсат бериши мумкинлиги билдирган эди. Бу баёнот Исроил ҳукумати томонидан кескин танқид қилинган.

Маск ўзининг антисемитизмда айбланаётгани фонида Исроилга сафар қилди. Маск эгалик қиладиган Х ижтимоий тармоғида фойдаланувчилардан бири яҳудий жамоатчилиги “оқ одамларга” нисбатан ҳам нафратни олға сураётгани ва айни пайтда ўзларига нисбатан нафратни тўхтатишни талаб қилаётганлари тўғрисида пост қолдирган. Маск бу пост муаллифининг фикрига қўшилишини билдирган.

Шундан сўнг Х ижтимоий тармоғи билан йирик реклама берувчилар – Apple, Walt Disney, IBM, Sony Pictures ва бошқалар ҳамкорликни тўхтатган. Бунга жавобан Маск Х тармоғидан тушадиган фойданинг бир қисмини Исроил ва Ғазога гуманитар ёрдам сифатида ажратишини маълум қилган.

ҲАМАС гаровга олинганларнинг тўртинчи гуруҳини озод қилди

ҲАМАС гаровдан озод қилган Эмилия Хэнд отаси билан. 26 ноябрь, 2023 йил.
ҲАМАС гаровдан озод қилган Эмилия Хэнд отаси билан. 26 ноябрь, 2023 йил.

АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС Ғазода Қизил Хочга 7 октябрдаги ҳужум пайтида гаровга олинган исроилликлардан 11 нафарини қайтарди. Улардан икки нафари аёл ва тўққиз нафари бола. Мисрнинг Al-Cairo телеканалининг хабар беришича, бундан ташқари Таиланднинг гаровга олинган олти фуқароси ҳам озод этилди.

28 ноябрдаги сўнгги хабарларда айтилишича, ЦАХАЛ ҲАМАС гаровдан озод қилганлар Исроил ҳудудига олиб келинганини билдирди.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларда воситачилик қилаётган Қатар Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Исроил 27 ноябрда 33 фаластинликни қамоқдан чиқарган. Уларнинг уч нафари Франция, икки нафари Германия ва олти нафари Аргентина фуқаролигига ҳам эга бўлган.

“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, ҲАМАС озод қилганларга алмаштирилган фаластинликлар 28 ноябрда Ғазо бўлгасига етказилади.

27 ноябрда Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги оташкесим яна икки кунга узайтирилгани ҳақида хабар берди. Расман билдир илишича, бу борада томонлар келишувга эришган. Бунинг эвазига ҲАМАС гаровга олинганлардан яна 20 нафарини озод қилади.

ҲАМАС расмий вакили Reuters агентлигига бу маълумотни тасдиқлади. Аммо Исроил томони ҳозирча бу борада расмий баёнот бермади. Аввал эришилган келишувга асосан оташкесим 28 ноябрга ўтар кечаси якунланиши лозим эди.

Исроил ҲАМАС билан бевосита музокаралар олиб бормаяпти. Музокараларда Қатар, Миср ва айрим ҳолатларда АҚШ воситачи бўлмоқда.

24 ноябрда кучга кирган тўрт кунлик оташкесим пайтида ҲАМАС уч кунда гаровга олинган 58 кишини озод қилди. Исроил қамоқлардан юз нафар фаластинлик аёл ва ўсмирларни бўшатди.

Исроил бир неча маротаба оташкесимни ҲАМАС билан сулҳ сифатида тушунмаслик кераклиги ҳақида баёнот берди. Исроил вақтинчалик оташкесимни гуманитар танаффус, деб атамоқда. Исроил армияси танаффус якунланиши билан Ғазода ҲАМАС тўлиқ йўқ қилинмагунича, ҳарбий амалиётларни давом эттиришини маълум қилган.

Яман соҳиллари яқинида қароқчилар босиб олган Исроил танкери озод қилинди

Central Park танкери кимёвий моддалардан иборат юкни олиб кетаётган эди.
Central Park танкери кимёвий моддалардан иборат юкни олиб кетаётган эди.

АҚШ Ҳарбий денгиз флотига қарашли Mason кемаси 26 ноябрда Аден кўрфазида қароқчилар томонидан босиб олинган Исроил бизнесига тегишли танкерни озод қилди. Reuters агентлигининг билдиришича, танкер экипажи жабрланмаган.

Танкерни босиб олган беш киши қайиқда қочиб кетишга уринаётган пайтда АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга олинган. Ҳужумчилар ҳақида қўшимча маълумотлар берилмаган.

Қароқчиларни таъқиб қилиш пайтида Яман ҳудудидан АҚШ ҳарбий кемаси ва Исроил танкерига иккита баллистик ракета отилган. Бироқ ракеталар мўлжалга етиб бормаган ва кемаларга зарар етмаган.

Исроилнинг Zodiac Maritime Ltd ширкати бошқарадиган Лондондаги компанияга қарашли Central Park танкери кимёвий моддалардан иборат юкни олиб кетаётган эди. Туркиялик капитан бошқарувидаги мазкур кема экипажи Россия, Вьетнам, Болгария, Ҳиндистон, Грузия ва Филиппин фуқароларидан иборат 22 кишини ташкил қилган.

Central Park танкери, Исроил ва АҚШ ҳамда ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС ўртасидаги уруш бошланганидан бери, Яқин Шарқ сувларида қароқчилар ҳужумига дучор бўлган иккинчи Исроил кемасидир.

Бундан олдин Яманда Эрон томонидан дастакланадиган хусий шиалар қуролли гуруҳи Қизил денгизда Исроилга алоқадор юк ташувчи кемага ҳужум қилганди. Бу ҳақда бир ҳафта аввал хабар берилган эди.

Сьерра-Леонеда отишмалар ортидан комендантлик соати жорий этилди

Сьерра-Леоне пойтахти Фритаун.
Сьерра-Леоне пойтахти Фритаун.

Африкадаги Сьерра-Леоне давлатида қуролланган гуруҳ бир қатор қамоқхоналарга бостириб кириб, маҳбусларни озод қилгани ортидан умуммиллий комендантлик соати жорий этилди.

Ҳукуматнинг билдиришича, ҳодиса якшанба куни эрталаб юз берган. Мамлакатдаги бир нечта йирик қамоқхоналарда сақланаётган маҳбуслар озодликка чиқарилган. Бунга қадар қуролланган гуруҳ пойтахт Фритаундаги ҳарбий казармаларга ҳужум қилган эди. Би-би-сининг хабар беришича, маҳаллий аҳоли президент резиденцияси атрофидаги ҳарбий қисмларда отишмалар бўлганини билдирган.

Комендантлик соати жорий этилиши ортидан Сьерра-Леонедаги ягона аэропортдаги барча парвозлар бекор қилинди. Президент Жулиус Маада Био “демократияни ҳимоя қилиш” зарурати пайдо бўлгани ҳақида баёнот берди ва аҳолини имкони борича ўз уйларини тарк этмасликка чақирди.

Расман билдирилишича, ҳужум қилган қуролли гуруҳ Фритаундан ҳайдаб чиқарилган. Пойтахтнинг асосий қисмида вазият барқарор.

Қуролли гуруҳ ҳужуми ортидан қамоқхоналардан қанча маҳбус озод этилгани ҳозирча номаълум.

Сьерра-Леоне Африка ғарбидаги инглиз тилли давлат. Мамлакат жорий йил июнида ўтказилган президентлик сайловидан сўнг сиёсий инқирозни бошидан кечирмоқда. Сайловда яна бир бор амалдаги президент Жулиус Маада Био ғолиб бўлгани эълон қилинган. Халқаро кузатувчилар сайлов демократик тамойилларга зид ўтказилганини билдирган.

АҚШ, Британия, Европа Иттифоқи ва Африкадаги қўшни давлатлар Сьерра-Леонедаги қуролли гуруҳ уюштирган ҳужумни қоралади.

Аннексия қилинган Қримда пўртана оқибатида ярим миллион киши электрсиз қолди

Қримда пўртана оқибатида қулаган дарахт.
Қримда пўртана оқибатида қулаган дарахт.

Россия томонидан аннексия қилинган Қримда бир неча кундан бери ёғаётган жала ва пўртана оқибатида беш юз мингга яқин аҳоли электр таъминотидан узилиб қолди.

“Интерфакс”нинг хабар беришича, пўртана секундига 40 метр тезликда эсмоқда. Пўртана оқибатида 27 ноябрь Қримда дам олиш куни деб эълон қилинган.

Аввалроқ Евпаториядан ўнлаган кишилар сув остида қолган уйларидан эвакуация қилингани тўғрисида хабар берилган. Саки – Евпатория йўли ҳаракатланиш учун ёпиб қўйилган.

Озодликнинг “Қрим.Реалии” лойиҳаси жала ва Симферополь сув омборидан чиқарилаётган сув ҳажми кўпайгани оқибатида Сағир дарёси ўзанидан чиққани ҳақида маълум қилди. Бунинг оқибатида турли туманларда ўнлаб уйларни сув босган.

Украинанинг УНИАН ахборот агентлиги турли манбаларга таянган ҳолда “Қримда бу кеча энг кучли тўлқинлар ва шамол юз бериши” ва бу ярим оролга “ҳужум қилган аср пўртанаси” бўлиши ҳақида ёзди.

Россиянинг Краснодар ўлкасида ҳам довул кўп қаватли уйнинг томини учириб кетган. Сочи аэропорти об-ҳаво ёмонлиги туфайли қатор рейсларни қабул қила олмаган. 7 та самолёт бошқа аэродромларга қўндирилган.

Краснодар ўлкасида темир йўл изларига дарахтлар қулагани ортидан йўловчи ташувчи поездлар вақтинча тўхтаб қолган.

Туркман фаоли Туркиядан бадарға қилинди

Бегмедова Истанбулга 21 ноябрь куни учиб келган эди.
Бегмедова Истанбулга 21 ноябрь куни учиб келган эди.

22 ноябрь куни Истанбул аэропортидан Болгарияга чиқариб юборилган Турманистон Хелсинки фонди раҳбари Тожигул Бегмедовага 5 йилгача Туркияга кириш тақиқланди. Турманистон Хелсинки фонди бош қароргоҳи Болгарияда жойлашган.

Бегмедова Истанбулга 21 ноябрь куни учиб келган ва бир неча кундан кейин “Бир Дунё – Қирғизистон 2023” инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатли фильмлар фестивалида иштирок этиш учун Бишкекга кетиши керак эди.

Бироқ аэропортдаги чегара паспорт назорати пунктида унга Миграция хизматининг 2023 йил 12 сентябрдаги қарори асосида мамлакатга кириши беш йилга тақиқлангани маълум қилинган. Чегара расмийлари туркман ҳуқуқбонига нисбатан тақиқни “миллий хавфсизликка тахдид” билан изоҳлаган.

Туркиядаги туркман муҳожирларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши билан машҳур Бегмедова эртаси куни Болгарияга қайтариб юборилган.

Аввалроқ унинг ташкилоти Туркияда туркман муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Hak Hukuga Daýanç» жамғармасини тузишда кўмак кўрсатган эди.

Шунингдек, бу йил Туркман Хелсинки фонди БМТда Универсал даврий ҳисоботларни кўриб чиқиш доирасида Туркманистон ва Туркия бўйича муқобил ҳисоботларни тайёрлашда иштирок этган.

Сўнгги йилларда Туркия туркман фаоллари учун хавфсиз бўлмаган давлатга айланмоқда. Туркия шу йили камида олти туркман фаолини Туркманистонга депортация қилган. Бу фаоллар ижтимоий тармоқларда Туркманистон ҳукуматини кескин танқид қилган эди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Туркиядан депортация қилинган фаоллар тақдиридан хавотирдадир.

Ғазода вақтинчалик оташкесим кучга кирди

Ғазо бўлгасида Исроил ва ҲАМАС ўртасида вақтинчалик оташкесим 24 ноябрдан кучга кирди. ҲАМАС АҚШ ва Европа Иттифоқида террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

The Times of Israel газетасининг билдиришича, оташкесим тўғрисидаги сўзлашувлар ҲАМАС билан Қатар, Миср ва АҚШ воситачилигида ўтказилган эди.

22 ноябрда Исроил Ғазода вақтинча ўт очишни тўхтатиш тўғрисида ҲАМАС билан эришилган келишувни тасдиқлаган эди. Келишувга кўра, Ғазода камида тўрт кунлик оташкесим эълон қилинади. Бу даврда АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилог сифатида тан олинган ҲАМАС 7 октябрда Исроилга қилган ҳужумида гаровга олган 200 дан кўпроқ кишининг 50 нафарини озод қилиш мажбуриятини олади.

Оташкесимнинг бугунги кунида ҲАМАС гаровга олинган 13 кишини озод қилиши керак. Таҳминан бу иш маҳаллий вақт билан соат 16 да амалга оширилиши кутилмоқда.

Бунга жавобан Исроил жума куни қамоқларда сақланаётган 39 фаластинлик аёл ва ўсмирни бўшатади.

Гаровдан бўшатилган исролликлар Мисрга, қамоқлардан бўшатилган фаластинликлар эса Ғарбий соҳилга ўтказилади.

Оташкесим пайтида Ғазо бўлгасига ҳар куни 130 минг литрдан дизел ёнилғиси ва 200 тадан юк автомашинасида гуманитар ёрдам етказилади.

ҲАМАС-Исроил уруши оқибатида Исроилда 1200 киши ҳалок бўлган ва 240 киши гаровга олинган. ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 октябрдан бери бўлгада 14 минг киши ҳалок бўлганини, уларнинг асосий қисми аёллар ва болалар эканини айтмоқда.

Дублинда болаларга пичоқ билан ҳужум қилингани ортидан тартибсизликлар бошланиб кетди

Ирландия пойтахти Дублин марказида 23 ноябрь куни болаларга пичоқ билан ҳужум қилингани ортидан тартибсизликлар бошланиб кетди. Ҳужумчи беш кишини, жумладан, уч нафар болани пичоқ билан жароҳатлаган.

Пичоқланган беш ёшли қизалоқнинг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Врачлар унинг ҳаёти учун курашмоқда. Бундан ташқари пичоқланган бир аёлнинг ҳам аҳволи оғир. Икки бола эса енгил жароҳат олган. Ҳужумчининг ўзи ҳам ёрдамга етиб келган кишилар томонидан жиддий жароҳатланган.

Полиция дастлабки текширувлар натижасида ҳужумчи якка ўзи ҳаракат қилгани ва бу ҳодиса теракт сифатида малакаланмаслигини билдирган эди. Кейинроқ эса ҳужум мотивлари ҳозирча номаълум қолаётгани, бу махсус уюштирилган террор ҳаракати бўлиши мумкинлиги маълум қилинди.

Бу ҳодиса ортидан Дублин марказида 23 ноябрь куни кечқурун агрессив кайфиятдаги норозилар полиция билан тўқнашди. Норозилар мигрантларга қарши шиорларни ҳайқира бошлади. Айрим хабарларда айтилишича, ҳужумчи Жазоирдан келган мигрант бўлган. Ҳозирча бу маълумот расман тасдиқланмаган.

Тартибсизликлар пайтида полиция автомашинаси ва автобус ёқиб юборилди. Полициячилар тошбўрон қилинди. Қатор дўконларнинг витриналари синдирилгани ва мародёрлик ҳолатлари қайд этилди.

Полиция тартибсизликлар иштирокчиларини “ўта ўнгчилар мафкурасининг тарафдорлари бўлган безорилар”, деб атади.

Россияда Украина урушига боришга рози бўлган одамхўр қамоқдан озод қилинди

Одамхўрликда ва камида 4 кишини ўлдирганликда айбланиб 22 йилга қамалган Денис Горин.
Одамхўрликда ва камида 4 кишини ўлдирганликда айбланиб 22 йилга қамалган Денис Горин.

Камида тўрт одамни ўлдирганликда ва одамхўрликда айбланиб Сахалин вилоятидаги қамоқхонада 22 йиллик жазо муддатини ўтаётган Денис Горин Украина урушида иштирок этгани учун озод этилди. Озодлик радиоси рус хизмати бу ҳақда “Сахалин урушга қарши” лойиҳасига таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, Горин урушда ўртача оғирликда яраланиб ватанига қайтган ва ҳозирда Жанубий Сахалиндаги госпиталда муолажа олмоқда.

Горин илк маротаба 2003 йилда қотиллик ва жасадни таҳқир қилиш айблови билан 10 йилга қамалган эди. Орадан 7 йил ўтгач у “наъмунавий ҳулқи” учун қамоқдан муддатидан аввал бўшатилган.

Шундан сўнг Денис Горин яна камида тўрт кишини ўлдирганликда айбланиб 2012 йилда қўлга олинган. Терговнинг билдиришича, Горин ўзи ўлдирган шахслардан айримларининг гўштини еган. 2012 йилда Горин 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Украина босқини бошланганидан бери Россияда урушда иштирок этиш шарти билан мунтазам равишда жинсий зўравонлик, қотиллик қилганлар ва бошқа оғир жиноятларни содир этганлар озодликка чиқарилмоқда. Жабрланганлар ва қотиллик қурбони бўлганларнинг яқинлари бунга норозилик билдирмоқда. Бироқ ҳукумат уларнинг эътирозларни инобатга олмаяпти.

Айрим ҳисоб-китобларга қараганда, ноярь ойи ҳолатига кўра, Россия президенти Владимир Путин Украина урушида иштирок этгани учун аввал қотилликда айбланиб қамалган камида 17 кишини афв этган. Афв этилганларнинг айримлари янги жиноятларни содир этгани айтилмоқда.

Ғазода оташкесим ва гаровдагиларни озод қилиш жараёни жумага қолдирилди

Ғазода ўт очишни вақтинча тўхтатиш эвазига АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС томонидан гаровга олганларни озод қилиш жараёни 24 ноябрь - жума кунига қолдирилди. CNN телеканалининг билдиришича, бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу маълум қилди.

22 ноябрда Исроил Ғазода вақтинча ўт очишни тўхтатиш тўғрисида ҲАМАС билан эришилган келишувни тасдиқлаган эди. Келишувга кўра, Ғазода камида тўрт кунлик оташкесим эълон қилинади. Бу даврда АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилог сифатида тан олинган ҲАМАС 7 октябрда Исроилга қилган ҳужумида гаровга олган 200 дан кўпроқ кишининг 50 нафарини озод қилиш мажбуриятини олади.

New York Times газетасининг Исроил ҳукуматидаги манбаларга таяниб ёзишича, ҲАМАС 50 нафар кишини озод қилиши эвазига Исроил қамоқхоналардан 150 нафар фаластинликни чиқаради.

Мазкур келишув 23 ноябрдан кучга кириши кутилаётган эди. Ҳозирча оташкесим тўғрисидаги қарорнинг кучга киритилиши нега ортга сурилгани номаълум.

Би-би-сининг Қуддусдаги мухбири, баъзи маълумотларга қараганда, ҲАМАС шартномани ратификация қилмагани, бошқа хабарларда эса, гуруҳ Исроилга гаровдан озод қилинадиган шахсларнинг рўйхатини тақдим этмагани айтилмоқда, деб билдирди.

ҲАМАС-Исроил уруши оқибатида Исроилда 1200 киши ҳалок бўлган ва 240 киши гаровга олинган. ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 октябрдан бери бўлгада 14 минг киши ҳалок бўлганини, уларнинг асосий қисми аёллар ва болалар эканини айтмоқда.

АҚШ ва Канада чегарасида автомобил портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Кўприкдаги портлашдан кейинги ҳолат.
Кўприкдаги портлашдан кейинги ҳолат.

АҚШ ва Канада чегарасидаги Ниагара шаршарасига яқин жойдаги кўприкда автомобил портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Улар портлаган автомашина йўловчилари бўлган. Чегарачилардан бири яраланган.

Дастлабки маълумотларга қараганда, автомобиль ичида портловчи модда бўлган. Шунинг учун Ниагара шаршараси атрофидаги учта кўприк хавфсизликни таъминлаш мақсадида ёпиб қўйилган. Бу кўприклар АҚШнинг Нью-Йорк штати ва Канаданинг Онтарио провинцияси ғарбида жойлашган. Мазкур ҳудуддаги ҳукумат бинолари эвакуация қилинди.

Fox News автомобиль АҚШдан Канадага бораётганини, Би-би-си эса автомашина йўналиши номаълум бўлганини хабар қилди.

Портлаш Ниагара дарёсидан ўтган Камалак кўпригининг АҚШ ҳудудидаги қисмида содир этилган, деб ёзди Associated Press. CNN телеканали эса автомобиль чегарачилар томонидан ҳужжат текшириладиган назорат пунктида содир этилганини билдирди.

Fox New таъкидича, Федерал тергов бюроси ҳодисани теракт сифатида баҳоламоқда. Расман бу маълумот ҳозирча тасдиқланган эмас.

Портлаш АҚШда ҳар йили нишонланадиган Шукроналик куни арафасида юз берди. Шу кунларда Қанада ва АҚШ чегарасида тиғизлик юзага келади.

Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳукумат АҚШ билан ҳамкорликда саёҳатчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўраётганини билдирди. Оқ Уй ҳодисани диққат билан ўрганаётганини маълум қилди.

HRW Хитойда масжидлар ёпилаётгани ва бузилаётганини танқид қилди

Human Rights Watch (HRW) халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Хитой ҳукумати икки минтақада масжидлар сонини қисқартираётганини танқид қилди.

22 ноябрда ташкилот эълон қилган янги ҳисоботда Нинся ва Ганьсу вилоятларида “масжидлар консолидацияси” сиёсати доирасида масжидларнинг қисқартирилаётгани диний эркинликнинг бузилиши сифатида тавсифланган.

Ҳисоботда Хитой ҳукумати масжидларни ёпаётгани, бузиб ташлаётгани ёки бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланаётгани айтилади. Масжидлардаги ўзига хос ислом архитектураси, жумладан, миноралар бузиб ташланмоқда.

Ҳисоботда қайд этилишича, Хитой Коммунистик партияси “масжидлар консолидацияси” тўғрисидаги ҳужжатни биринчи маротаба 2018 йилда қабул қилган. Ҳужжатга асосан, исломни “хитойлаштириш” сиёсати олиб борилади ва давлат органларига “мусулмонлар ибодат қилувчи жойларни қуришда, таъмирлашда ва кенгайтиришда қабул қилинган стандартларга амал қилиш” мажбурияти юкланади.

Исломни “хитойлаштириш” сиёсатига мувофиқ янги масжидлар қурилиши чекланади, бузилган масжидлар сони янги қурилаётган масжидлар сонидан кўпроқ бўлиши лозим.

Халқаро ташкилотлар бир неча йиллардан бери Шинжон-Уйғур мухториятида камида бир миллион мусулмон “сиёсий қайта тарбиялаш” лагерларида сақланаётганидан ташвиш билдириб келади.

БМТ Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухториятида олиб бораётган мусулмонларга қарши сиёсатини “инсониятга қарши жиноят” билан тенглаштирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG