Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2021, Тошкент вақти: 11:54

Халқаро хабарлар

Мисрдаги тўқнашувда Мусулмон биродарлиги аъзоси ўлди

Мисрнинг Мусулмон Биродарлиги ҳаракати ўз аъзоларидан бири президент Муҳаммад Мурсийнинг рақиблари билан бўлган тўқнашувда нобуд бўлганини тасдиқлади.

Ўнлаб одам жароҳат олгани айтилаётган зўравонлик якшанба куни Даманҳур шаҳридаги Мусулмон Биродарлиги ҳаракати идораси олдида содир бўлган.

Хабарларга кўра, норозилар Мусулмон Биродарлиги идорасига ҳужум қилган пайтда ҳаракатнинг 15 ёшли аъзоси ўлган.

Бу Мусулмон Биродарлиги ҳаракати вакили, амалдаги президент Муҳаммад Мурсий пайшанба куни ўзига мисли кўрилмаган ваколатлар бериш ҳақида фармон чиқарганига қарши авж олган норозиликларда биринчи талафот бўлгани айтилмоқда.

Ислоҳотлар тарафдорлари президент Мурсийни диктаторлик ҳукмронлигини ўрнатаётганликда айбламоқда.

Кун янгиликлари

Жапаров Қумтор олтин кони бошқарувини ҳукуматга ўтказишга йўл очувчи қонунни имзолади

14 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳукуматга Қумтор олтин конини вақтинча бошқариш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини имзолади. Конни ишлатиб келаётган Centerra Gold Канада ширкати бу қарорни ширкатни мамлакатдан чиқариб юбориш уриниши деб баҳолади.

Қонунга кўра, агар Қирғизистонда концессия асосида фаолият юритаётган ширкат экологик қоидаларни бузса, маҳаллий атроф-муҳитга ёки одамлар ҳаётига зарар етказса ёки хавф туғдирса, ёинки бошқа бирон бир йирик зарар етказса, ҳукумат уч ой муддатга ушбу ширкат назоратини ўз қўлига олишга ҳақлидир.

Centerra Gold ширкатига қарашли Kumtor Gold Company Қирғизистонда энг йирик солиқ тўловчи ширкатдир. Шунингдек, Kumtor Gold Company собиқ совет республикаларида концессия шартномаси асосида ишлайдиган ягона ширкатдир.

Centerra Gold Қумтор конини 1992 йилдан бери ишлатади. Қирғизистон бу компаниянинг 26% улушига эгалик қилади.

Президент Жапаров 2017 йилнинг мартида 11 ярим йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У 2013 йилнинг октябрида Қорақўл шаҳрида Қумтор олтин конига қарши намойишлар давомида вилоят ҳокимини ўғирлаб кетиб, асир олишда айбдор деб топилган. Ўтган йилги парламент сайловлари ортидан юзага келган тўс-тўполонда Жапаров тарафдорлари уни қамоқдан чиқарган.

Россияда нефть ўғирлаш схемаларини фош қилган журналист 8 йилга қамалди

Ғарбий Сибирда катта миқдорда нефть ўғирланганини фош қилгани учун терговчилар таъқибига учраган россиялик журналист Эдуард Шмонин шантаж ва порнографияда айбланиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди.

Радио Свободанинг хабар беришича, 14 май куни Россиянинг нефтга бой Ханти-Манси автоном округидаги Сургут шаҳри суди Шмонинни саккиз йилга қамаш ҳукмини чиқарган.

«Компромат» сайтини юритган Шмонин ўтказган журналистик суриштирув Радио Свобода Россиянинг қувур тармоғидан саноат миқёсида нефть ўғирланаётгани тўғрисидаги мустақил суриштируви учун асос бўлган эди.

Март ойида нашр этилган суриштирув Шмонин томонидан олдинроқ аниқланган кўплаб тафсилотларни тасдиқлади ва нефть ўғирлаш схемаларида Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари роли тўғрисида янги далилларни тақдим этди.

Шмонинга бир неча айблов, жумладан, собиқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига туҳмат қилиш айблови қўйилганди. Ушбу айбловларнинг аксарияти бекор қилинди ва фақат маҳаллий депутатни шантаж қилиши ҳамда ноқонуний тарзда порнографияни тарқатиши айбловлари қолдирилди. Иккала айбловга депутат ва бошқа эркак жинсий алоқаси акс этган видео асос бўлган.

Навальнийни қўллаган Москва метроси ходимлари ишдан ҳайдалди

Москва метроси қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаган ўнлаб ходимни ишдан ҳайдаган. Бу ҳақда мустақил «Дождь ТВ» телеканали хабар бермоқда.

Ўтган ой Навальнийнинг юзлаб тарафдори исми ва ҳатто қаерда ишлаши кўрсатилган маълумотлар базаси тарқалган эди.

«Дождь ТВ» телеканали маълумотлар базасида Москва метроси ишчилари ўлароқ кўрсатилган шахслар билан боғланган. Уларнинг 33 нафари маълумотлар базаси сиздирилиши ортидан ишдан бўшатилганини тасдиқлаган.

Метронинг собиқ ишчиларини чақириб, уларнинг хизматлари бошқа керак эмаслиги айтишган. Айрим ҳолатларда ишчилар бирор изоҳсиз ишдан бўшатилган.

Метро ишчилари ўз ихтиёрлари билан ишдан кетаётганликлари ҳақидаги ҳужжатларни имзолашга ундалган. Акс ҳолда интизомни бузганликлари учун ишдан бўшатилганлари қайд этилишини айтиб, таҳдид солишган.

Ишчиларнинг сўзларига кўра, норасмий муҳокамаларда ишдан бўшатиш тўғрисида «юқоридан буйруқ келганини» айтишган.

Россия АҚШ ва Чехияни "нодўстона давлатлар" деб эълон қилди

Россия ҳукумати нодўстона давлатлар рўйхатини эълон қилди. Унда бор-йўғи икки давлат – АҚШ ва Чехия бор.

Ҳуқуқий маълумотларнинг расмий Интернет-порталида эълон қилинган қарорда Чехия дипломатик ваколатхонаси Россияда кўпи билан 19 нафар россиялик ишчи ёллай олиши, АҚШ элчихонасига эса россияликларни ёллашга рухсат берилмаслиги айтилган.

Чехия Ташқи ишлар вазирлиги Москванинг бу қарорини нафақат Прага, балки Европа Иттифоқи билан муносабатларни кескинлаштириш йўлидаги навбатдаги қадам деб ҳисоблашини айтди.

АҚШ ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Ўтган ой Чехия ҳукумати Россияни диверсияда айблаганди.

Чехия бош вазири Андрей Бабиш мамлакат махсус хизматларидан Врбетицадаги қурол омбори портлаши билан боғлиқ ҳодисага Россия бош разведка бошқармаси ходимлари алоқадорлиги ҳақида ахборот олганини маълум қилганди.

Бу айбловлар Чехия ва Россия ўртасидаги муносабатлар таранглашишига олиб келди.

Врбетицадаги портлашлар 2014 йил 16 октябрда ва 3 декабрда юз берган. Портлашлар оқибатида 2та омбор йўқ бўлган, 2 киши ҳалок бўлган.

Бир ярим ойдан кейин биринчи омбордан бир километр узоқликда жойлашган бошқа омборда кучли портлаш содир бўлган. Бу ерда 100 тоннага яқин ўқ-дори сақланган.

Украина: Путиннинг яқин дўсти Виктор Медведчук уй қамоғига олинди

Виктор Медведчук

Киев суди Украина халқ депутати, “Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун” партияси сиёсий кенгаши раиси Виктор Медведчукни уй қамоғига олди. Эҳтиёт чораси 9 июль куни охирига қадар амал қилади.

Прокуратура Медведчукни қамоққа олишни ёки бўшатган тақдирда ҳам, 300 миллион гривна (салкам 9 миллион евро) миқдордаги гаров пули талаб қилишни сўраганди.

Медведчук “Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун” партияси фракциясининг яна бир депутати Тарас Козак билан биргаликда давлатга хиёнат ҳамда миллий бойликларни талон-торож этишга қасдланганликда айбланмоқда.

Тергов маълумотига кўра, улар Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолининг соҳилбўйига яқин ҳудудларидан нефть ва газ қазиб олиш масаласида Россия билан тил бириктиришган ҳамда Россия махсус хизматларига давлат сири бўлмиш маълумотларни тақдим этишган. Тергов идораси Медведчук ва Козакнинг хатти-ҳаракатлари Украинага камида 3 миллиард гривна зарар келтирган, деб ҳисоблайди.

Яқинда бош прокуратурада сўроқ қилинган Медведчук яшириниш нияти йўқлигини, барча айбловларни рад этишини ва ўзининг жиноий таъқиб қилинишини сиёсий масала деб ҳисоблашини айтганди. Жиноят ишининг бошқа фигуранти Тарас Козак Россия ҳудудида яшириниб юргани тахмин қилинади.

Виктор Медведчук сўнгги йилларда Россияга бир неча марта борган ва унинг олий раҳбарлари билан учрашган. Унинг Россия президенти билан дўстона алоқалари, хусусан Путин унинг қизини чўқинтиргани ҳаммага яхши маълум.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Медведчукка қарши очилган жиноят ишини Украинанинг ички иши деб атаб, Москва сиёсатчининг жиноий таъқиб қилиниши билан боғлиқ жараёнларга аралашмоқчи эмаслигини таъкидлаган.

Айни пайтда у Кремль “таъқиб ортида сиёсий рақиблардан қутулиш истаги ётмаганига ишонч ҳосил қилиш”ни хоҳлашини қўшимча қилган. Песковнинг айтишича, Медведчук Москвага сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилмаган.

Эмловдан ўтган америкаликлар ниқоб тақиб юрмаслиги мумкин

АҚШнинг касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш федерал маркати (CDC) 12 май куни тўла эмловдан ўтиб бўлган америкаликлар ҳатто ёпиқ биноларда ҳам ниқоб тақиб юрмаслиги мумкинлигини эълон қилди.

CDC раҳбари Рашель Валенскига кўра, эмланганлар ижтимоий масофа ва ниқоб тақиб юриш тартибига риоя қилмаган ҳолда бино ёки очиқ ҳавода ўтказиладиган ва одам кўп тўпланадиган тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

Мулозимага кўра, кузатувлар эмловдан ўтганларнинг COVID-19 га нисбатан собит иммунитетга эга бўлганини кўрсатган. Камдан-кам ҳолатларда эмланганларда юққан хасталик енгил шаклда кечгани кузатилган ва бу ҳолат атрофдагилар учун катта хавф туғдирмаган. Хавф асосан эмланмаганларга таҳдид солмоқда ва уларга ниқоб тақиб юришни давом эттириш тавсия қилинган.

АҚШ президенти Жо Байден CDC ташкилотининг бу қарорини олқишлаган. Бу мамлакатда поезд ва учоқлар дохил жамоат транспортида, тиббий, пенитенциар муассасалар ҳамда қонунда белгилаб қўйилган бошқа жойларда ниқоб тақиб юриш шу кунгача мажбурий бўлиб қолмоқда.

Ҳайит куни Ғазо минтақасидан Исроилга яна ўнлаб ракета отилди

Исроилнинг ўққа тутилаётган Ашдод шаҳри осмони

13 май тонгидан бошлаб Ғазо минтақасидан Исроил ҳудудига яна 160 ракета учирилган.

Исроил Мудофаа кучлари маълумотига кўра, ўнлаб ракетани “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уриб туширган, дея хабар қилди Би-би-си.

Қайд этилишича, можаро кескин тус олиши муносабати билан Исроил ҳукумати захирага бўшатилган етти мингга яқин ҳарбийни хизматга қайтаришга қарор қилган, уларнинг ярми ҳаво ҳужумидан мудофаа, артиллерия ва тиббиёт қисмларига жалб қилинади.

Жорий ҳафта бошида Исроил ҳарбийлари ва Ғазода ҳукмрон бўлмиш ҲАМАС радикал гуруҳи ўртасида бошланган янги тўқнашув натижасида, Фаластин томони маълумотига кўра, Ғазо минтақаси аҳолисидан камида 87 киши нобуд бўлган. Исроил ўз фуқароларидан етти нафари ўлгани ва ўнларчаси яраланганини маълум қилган.

Ракета ҳужумларидан олдин Шарқий Қуддусда фаластинлик бир неча оилани уйларидан кўчириш бўйича даъво ишининг судда кўрилиши билан боғлиқ ҳолда қонли муштлашувлар юз берганди.

Исроил Ғазо минтақасида ерусти амалиёти ўтказилиши мумкинлигидан огоҳлантириб, минтақа билан чегарасига танклар ва ҳарбий хизматчиларни йиғмоқда. Армия қўмондонлиги Исроилнинг Фаластинга тегишли мазкур ҳудудига йўлланажак зарбаларига ҲАМАС разведкаси, денгиз кучларига алоқадор масканлар, шунингдек молия муассасалари ҳам нишон бўлиши мумкинлигини қайд этган.

Бир пайтнинг ўзида фаластинлик жангарилар Исроил томонга “камикадзе-дрон”лар учиришни бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Исроил томони маълумотига кўра, ўтган уч кун давомида ҳарбийлар Ғазодаги 600 га яқин нишонни, жумладан ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди” радикал гуруҳларининг қўмондонлик маскани ва қурол-аслаҳа омборларини йўқ қилишган. Улар ҲАМАС дала қўмондонларидан бир неча нафари ўлдирилганини ҳам таъкидлашмоқда.

Фаластинлик гуруҳлар 10 майдан бери Исроилга қарата 1600 га яқин ракета отган. Зарбалар пойтахт Тель-Авив теварагига ҳам йўлланган.

Исроил ҳукумати Тель-Авив яқинида жойлашган Бен-Гурион халқаро аэропорти ҳужумга учраганидан сўнг авиақатновларни мамлакат жанубидаги Рамон аэропортига йўналтирган. Айрим халқаро авиаширкатлар Исроилга парвозларни вақтинча тўхтатишган.

Исроилнинг аҳолиси яҳудий ва араблардан иборат қатор шаҳарлари кўчаларида тўқнашувлар юз бериб, айрим жойларга ўт қўйиляпти.

Айни пайтда халқаро ҳамжамият зўравонликни тўхтатишга чақирмоқда. Қўшма Штатлар Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини дастаклаган.

Арманистон-Озарбайжон можароси: Пашинян чегарада инқирозли вазият юзага келганини айтди

Никол Пашинян

Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян Озарбайжон ҳарбийларини мамлакат жанубидаги Сюник вилоятида давлат чегараларини кесиб ўтганликда айблади ва уларнинг ҳаракатларини суверен ҳудудга тажовуз ўлароқ баҳолади.

Ўтган йили Ереван ва Боку ўртасидаги Тоғли Қорабоғ билан боғлиқ эски зиддиятнинг бирдан оловланиши ва қарийб олти ҳафта давом этган ҳарбий ҳаракатлар натижасида минглаб одам ҳалок бўлганди. Ноябрь ойида Москва воситачилигида эришилган оташкесим битимига мувофиқ, Арманистон томони Озарбайжонга унинг қонуний ҳудуди бўлган бир неча туманни топширган.

Апрель ойида Никол Пашинян мухолифат босими остида истеъфога чиқди. Кўпчилик уни Боку билан Қорабоғ юзасидан битим тузиш билан миллий манфаатларни сотди, деб ҳисоблайди. 20 июнь куни Арманистонда муддатидан аввалги парламент сайлови ўтказилиши белгиланган.

13 май куни Пашинян Арманистон Хавфсизлик кенгаши йиғилишидаги чиқишида Бокуни янги тажовузларда айблаган. “Мана икки кундирки, Қоракўл ва унга туташ ҳудудларда уруш чиқиши хавфи пайдо бўлган. Боиси, Озарбайжон қуролли кучлари Арманистон давлат чегараларини кесиб ўтган. Арманистон ҳарбийлари қарши чораларни кўрди. Айрим ҳудудларда Озарбайжон армияси эгаллаб турган нуқталаридан чекинди”, деган Н. Пашинян.

Унга кўра, арман томони ҳам, озарбайжонлар ҳам қурол ишлатишмаган. Пашинян айни пайтда Озарбайжоннинг 250 нафарга яқин ҳарбий хизматчиси Арманистоннинг Сюник ва Гегаркуник вилоятларида қолаётганини ҳам қўшимча қилган.

Озарбайжон расмийлари Арманистон раҳбариятининг айбловларига ҳали изоҳ берганича йўқ.

Қозоғистон президенти ерни чет элликларга сотишни тақиқловчи қонунни имзолади

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ерни хориж фуқароларига сотишни тақиқлаш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу қонун мамлакатда бир неча йил муҳокама қилинган ва фаоллар бу қонунни қабул қилиш талаби билан кўплаб акцияларни ўтказган эди.

Қонунга асосан чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, хорижий ширкатлар, капиталида хориж улуши бўлган корхоналар, халқаро ташкилотлар ва халқаро илмий гуруҳлар Қозоғистондаги қишлоқ хўжалик ерларини сотиб олиш ёки ижарага олиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

2016 йилнинг апрелида Қозоғистоннинг қатор шаҳарларида ерни чет элликларга сотиш ва ижарага беришга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди. Намойишларда иштирок этган бир неча фаол қўлга олинган ва айримлари қамалган.

Намойишлар ортидан қозоқ ҳукумати ерни хорижликларга сотишга беш йиллик мораторий эълон қилган. Мораторий муддати жорий йилда якунланиши керак эди.

Афғонистонда Рамазон ҳайити муносабати билан уч кунлик оташкесим кучга кирди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Рамазон ҳайити муносабати билан тизилган фахрий қоровул олдидан ўтмоқда.

Афғонистонда Рамазон ҳайити муносабати билан уч кунлик оташкесим кучга кирди. Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати бу борада бир неча кун аввал келишувга эришган эди. 13 майда мамлакатнинг қатор ҳудудларида ҳайит намози ўқилди.

Президент Ашраф Ғани эса халққа қилган мурожаатида Толибонни ўқ отишни бира тўла тўхтатишни таклиф қилди.

“Биз сизларни таслим бўлишга чақирмаймиз, биз сизларни сиёсий қарор қабул қилишга чақирамиз. Уруш муаммоларни ҳал этиш йўли эмас”,-деди Ашраф Ғани.

Ғарб давлатлари воситачилигида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш музокаралари 2020 йилнинг сентябрида Қатарда бошланган эди. Бироқ бу музокаралар муваффақиятсиз бўлиб, Афғонистонда вазият кесинлашиб кетди. Жумладан, Толибон 11 май куни пойтахт Кобул яқинидаги стратегик аҳамиятга эга Нарх туманини босиб олган.

Айни пайтда Қўшма Штатлар 1 майдан бошлаб Афғонистондаги ҳарбийларини олиб чиқиб кетишни бошлаган.

Блинкен Лавровга АҚШ Россия агрессиясига жавоб қайтаришини билдирди

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга Вашингтон Москванинг агрессиясига жавоб қайтариши тўғрисида маълум қилди. Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс Блинкен Лавров билан телефон суҳбати чоғида ба ҳақда гапирганини айтди.

Блинкен билан Лавров 12 майда телефон орқали мулоқот қилган. Бу мулоқот АҚШ ва Россия ўртасида Украина ҳамда Қрим масаласида келишмовчиликлар, шунингдек, Colonial Pipeline нефть ширкатига DarkSide номи билан танилган кибержиноятчилар тўдаси амалга оширган ҳужум туфайли муносабатлар янада кескинлашган бир пайтда бўлиб ўтди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 20 май куни Рейкявикда учрашишади. Бу икки мамлакат ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг Жо Байден ҳокимият тепасига келганидан кейинги илк учрашуви бўлади.

Исландия пойтахтида Арктика кенгашига аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари йиғилади.

АҚШ зўравонликни тўхтатиш мақсадида Исроилга ўз эмиссарини йўллайди

Тель-Авив яқинига берилган ракета зарбалари оқибатлари

Қўшма Штатлар тез орада Исроил билан Фаластин радикал гуруҳлари ўртасидаги қуролли тўқнашувларга барҳам беришга кўмаклашиш мақсадида Исроилга юқори мартабали дипломатини юборади. Мазкур тўқнашувларда сўнгги кунларда ўнлаб одам қурбон бўлган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг 12 май куни билдиришича, давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Хейди Эмр минтақадаги Исроил ҳукумати ва фаластинликлар вакиллари билан музокара олиб бориш учун минтақага жўнаб кетади.

Блинкен икки томонни вазиятни таранглаштирмасликка чақирган. Айни пайтда давлат котиби АҚШ ўзи террорчилик ташкилоти деб атаган ва Исроилга ракеталар билан ҳужум қилаётган ҲАМАС гуруҳи билан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга Исроилнинг ҳаракатлари ўртасида тафовут кўришини урғулаган.

ЕИ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеп Боррель ҳам Исроил ҳудудига Ғазо бўлгасидан ракета отилганини қоралади, шу билан бирга, тинч аҳоли қурбонлар беришининг олдини олиш мақсадида Исроилни “мумкин қадар вазмин бўлиш”га чақирди.

Исроилга, жумладан пойтахт Тель-Авив дохил мамлакатнинг марказий қисмига ракеталар отиш ҳамда Исроил авиациясининг Ғазо бўлгасига зарбалар бериши 10 май кунидан бери давом этмоқда. Бунга қадар Қуддусда бир неча кун араб миллатига мансуб аҳоли билан полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилди. Вазият кескинлашишига Қуддуснинг шарқий қисмидаги фаластинликларга тегишли кўчмас мулкни — 1948 йилгача унга эгалик қилган исроилликлар фойдасига қайтариб олиш тўғрисидаги ишнинг судда кўрилиши сабаб бўлган.

11 май оқшомида фаластинликлар Исроилга қарата бирваракайига 130 дан ортиқ ракета отганди. Натижада 200 дан зиёд одам жабрланган, беш нафари нобуд бўлган. Эртаси куни Исроил ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилинган. Исроилнинг Ғазо бўлгасига берган зарбалари натижасида камида 50 киши, жумладан тинч аҳоли ваккиллари қурбон бўлган, улар орасида ёш болалар ҳам бор.

Исроил 12 май куни Ғазога яна бир неча зарба йўллаган, жумладан 10 қаватли турар-жой биносини вайрон қилган. Зарбалар ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди” гуруҳларининг қўмондонлик маскани ва қурол-аслаҳа омборлари жойлашган жойларга йўлланаётгани иддао қилинмоқда. Исроил армияси ҲАМАСнинг бир неча дала қўмондони ўлдирилганини билдирган.

Исроил ҳудудида аҳоли ўртасида тартибсизликлар юз бермоқда. Тель-Авивга яқин Лод шаҳрида синагог ёқиб юборилиб, дўконлар витриналари синдирилгач, комендантлик соати жорий қилинган.

Митингларга оид хабарларни ўчиришни истамаган Telegram’га 5 млн рубль жарима солинди

Москвада Навальний қўллови учун ўтказилган митинглардан биридан лавҳа

Москва суди мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаш учун ўтказилган митингларга оид хабарларни ўчириб ташлашни истамаган Telegram мессенжерига 5 миллион рубль миқдорида жарима солди.

Суд Telegram ширкатини Россия қонунчилигига мувофиқ равишда чеклаш лозим бўлган ахборотни ўчириб ташлашни рад этиш тўғрисидаги маъмурий модда бўйича айбдор, деб топди. Аввалроқ бу модда бўйича “ВКонтакте” ижтимоий тармоғига 1,5 миллион рубль жарима солинган.

Жорий йилнинг апрель ойида Москва суди норозилик намойишларига оид контентни ўчириб ташлашни истамаган TikTok ижтимоий тармоғига 2,5 миллион рубль жарима солганди. Расмийларга кўра, хабарларда ўсмирлар рухсат этилмаган акцияларда иштирок этишга чақирилган. Хабарларда айнан қайси тадбирлар тўғрисида сўз кетганига аниқлик киритилмаган.

Шу йил 23 ва 31 январь кунлари Россия шаҳарларида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг таъқиб қилинишига қарши акциялар бўлиб ўтганди. Мазкур чиқишлар чоғида полиция умумий ҳисобда 10 минг чоғли одамни қўлга олган. Тергов қўмитаси акциялар якунларига кўра 40 дан зиёд жиноят иши очган. Улар орасида санитария қоидаларини бузганлик, полициячиларга қарши зўравонлик, йўл тўсганлик кабилар бор. Мазкур ишлар бўйича мамлакат бўйлаб Навальнийнинг ўнлаб тарафдори ҳибсга олинган, уларнинг айримлари қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

АҚШ ва Россия бош дипломатлари 20 май куни Рейкявикда учрашади

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров келгуси ҳафта Рейкявикда учрашишади. Бу икки мамлакат ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг Жо Байден ҳокимият тепасига келганидан кейинги илк учрашуви бўлади. 12 май куни Блинкен ва Лавров телефонда мулоқот қилишган.

Кейинги ҳафтада Исландия пойтахтида Арктика кенгашига аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари йиғилади. Россия ТИВ вазирларнинг телефон орқали мулоқотига оид хабарномасида Блинкен ва Лавров 20 май куни мазкур форум доирасида алоҳида, икки томонлама учрашув ўтказиши маълум қилинган. Давлат департаменти хабарномасида эса Лавров билан Блинкен келаси ҳафтада учрашиши билдирилган.

Давлат департаменти қайдича, Лавров билан мулоқоти чоғида Блинкен, Россия томонидан душманона ҳаракатлар содир бўлган тақдирда, АҚШ ўз манфаатларини ҳимоя қилиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирган, шунингдек Американинг икки фуқароси — Пол Уилан ва Тревор Ридни озод қилишга чақирган. Бундан ташқари, Шимолий Кореяга нисбатан сиёсат муҳокама қилинган.

Россия ТИВ эса бўлғуси учрашувда Лавров ва Блинкен “икки томонлама алоқалар ва халқаро кун тартибининг муҳим масалалари”ни кўриб чиқишини урғулаган, шунингдек томонлар “Вашингтоннинг Россия-Америка саммитини ташкил қилиш таклифи”ни муҳокама қилишганини эслатган.

Аввалроқ АҚШ президенти Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашишни таклиф қилганди. Москва Жо Байден таклифига расман жавоб берганича йўқ. Бир неча кун олдин Байденнинг ўзи учрашув ўтказилишига ишонч билдирган. Икки мамлакат саммити Рейкявик, Вена ва Хелсинки шаҳарларидан бирида, муҳтамалан июнь ойида бўлиши айтилмоқда.

Саммит юзасидан музокаралар, Россиянинг Украинага қарши ҳаракатлари, Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ва қамалиши, АҚШга нисбатан ҳакерлик хуружлари ва Россиянинг АҚШдаги сайловларга эҳтимолий аралашуви муносабати билан Москва ҳамда Вашингтон алоқаларида юзага келган таранглик манзарасида олиб борилмоқда.

Тожикистон ғарбида селдан 9 киши ҳалок бўлди

Сув тошқини юз берган қишлоқлардан бири.

Тожикистон ҳукумати мамлакат ғарбида ёққан жала оқибатида юз берган кўчкиларда тўққиз киши ҳалок бўлгани ҳақида билдирди.

Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитанинг 12 майда хабар беришича, Хатлон вилоятининг Кўлоб шаҳрида, Шамсиддин Шохин, Вахш ва Кушониён туманларида 8 киши ўлган.

Пойтахт Душанбедан 15 километр ғарбда жойлашган Хисор шаҳрида эса бир киши ҳалок бўлди.

Расман билдирилишича, сел мазкур туман ва шаҳарларда 11 май куни юз берди. Сел оқибатида кўплаб турар-жой, ҳукумат бинолари ва инфраструктура вайрон бўлган.

Олмаотада Хитой консуллиги олдида пикет ўтказаётганлардан 9 нафари қўлга олинди

Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида пикет ўтказаётган аёллар.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Хитой консуллиги олдида 93 кундан бери Шинжон-Уйғур мухториятида яшовчи қариндошларининг қамоқдан озод қилинишини талаб этиб пикет ўтказаётганлардан камида 9 нафари полиция томонидан қўлга олинди. Намойишчилар ўз қариндошлари Хитойда ноқонуний тарзда лагерларда сақланаётганини айтишмоқда.

Қўлга олинган пикетчилардан икки нафари – Байбўлат Кунбўлат ва Турсунгул Нурақай ушланганларидан бир неча соат ўтгач 11 май куни кечқурун полиция бўлимидан чиқарилди. Қолган пикетчиларнинг қаерда сақланаётгани номаълум.

Кунбўлат 12 май куни Озодлик радиосига асосан аёллардан иборат пикетчилар Хитой консулхонаси олдидан Хитой банки ва Хитой АЁҚШи томон юриш қилганидан сўнг қўлга олинганини айтди.

Сўнгги йилларда Қозоғистонда бу каби пикетлар кўплаб ўтказилмоқда. Уларнинг иштирокчилари Қозоғистон ҳукуматидан Шинжондаги қозоқлар вазиятига эътибор қаратишни талаб қилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти ва жаҳоннинг етакчи далатлари Хитойда камида 2 миллион уйғур, қозоқ ҳамда бошқа мусулмон миллатига мансуб аҳоли “экстремизм ва террорга қарши кураш” баҳонасида қайта тарбиялаш лагерларига ташланганидан ташвиш билдириб келади.

Толибон Кобул яқинидаги стратегик туманни босиб олди

Афғонистон армияси ҳарбийси.

Толибон пойтахт Кобул яқинидаги стратегик аҳамиятга эга Нарх туманини босиб олди. Бу воқеа Рамазон ҳайити муносабати билан Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги уч кунлик оташкесим кучга киришидан аввалроқ содир бўлди.

Афғонистон ички ишлар вазирлиги: “Хавфсизлик кучлари Нарх туманидан тактик мақсадларда чекинди”,-деб баёнот берди.

Ҳукумат мазкур туманни Толибондан озод қилиш учун яқин кунларда ҳужум уюштирилишини билдирди.

Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужохид жангарилар бу туманни 11 май куни эгаллагани ҳақида баёнот берди.

Нарх пойтахт Кобулдан 40 километр узоқликдаги Вардақ вилоятида жойлашган. Вардақ ва унга қўшни бўлган Лоғар вилоятининг бир қисмини узоқ йиллардан бери Толибон назорат қилиб келади ҳамда мазкур ҳудудлардан Кобулга ҳужум қилиш учун қулай бўлган майдон сифатида фойдаланади.

Толибон ва Афғонистон ҳукумати 13 майда нишонланадиган Рамазон ҳайити муносабати билан уч кунлик оташкесим эълон қилган.

Халқаро ҳамжамият Фаластин ва Исроилни сулҳга чақирмоқда

Зўравонликларда камида 40 фаластинлик ва 6 яҳудий ҳалок бўлди.

Халқаро ҳамжамият Фаластин ва Исроилни вазият буткул назоратдан чиқмасидан аввал сулҳ тузишга чақирмоқда.

“Биз тўлақонли уруш ҳолатига яқинлашиб қолдик”,- деди 12 май куни БМТнинг Яқин Шарқ масаласи бўйича махсус вакили Тор Веннесланд.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса “барқарорликни таъминлаш учун ҳаракатни кучайтириш”га чақирди.

ХАМАС томонидан назорат қилинадиган Ғазо минтақасидан сўнгги 38 соат ичида камида мингта ракета отилгани ҳақида Исроил ҳукумати расман маълум қилди.

Айни пайтда Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди атрофидаги уйларидан ҳайдаб чиқарилишига қарши норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил кучишлатар тузилмалари ўртасидаги тўқнашув ортидан бошланиб кетган зўравонликларда камида 40 фаластинлик ва 6 яҳудий ҳалок бўлди.

Ҳалок бўлган фаластинликлардан 13 нафари балоғатга етмаган ёш бола. Бундан ташқари 500 киши жароҳатланди.

Ўз уйларини яҳудийлар тортиб олаётганига норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида Ал Ақсо масжиди яқинида бошланиб кетган тўқнашувлар тўрт кун олдин бошланган эди.

Россия руминиялик дипломатни мамлакатдан бадарға қилади

Бухарестнинг россиялик дипломатни бадарға қилиш қарорига жавобан Россия ҳам Руминия элчихонасининг ҳарбий атташеси ўринбосарини бадарға қилишини эълон қилди.

Руминиянинг Москвадаги элчиси Кристиан Истрате 11 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, у ерда “Руминия элчихонасидаги мудофаа масалалари бўйича атташенинг ёрдамчиси Г. Илиескуни persona non grata деб эълон қилиш”га оид нота топширилган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Россия ТИВга кўра, Илиескуга Россия Федерацияси ҳудудини 72 соат ичида тарк этиш буюрилган.

Баёнотда Россия томонидан қўйилган қадам “Руминия томонидан 26 апрель куни Россиянинг Бухарестдаги элчихонасида ишлайдиган ҳарбий атташе ёрдамчисини асоссиз равишда persona non grata деб эълон қилинишига жавоб” экани қайд этилган.

Ўтган ой Руминия Россиянинг Бухарестдаги элчихонаси ҳарбий атташеси ўринбосарини унинг дипломатик мақомига мувофиқ бўлмаган фаолияти туфайли мамлакатдан бадарға қилганди.

Марказий ва Шарқий Европадаги собиқ социалистик блокка кирган ҳамда ҳозирда Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлган бир неча мамлакат ҳам ўтган ойда россиялик дипломатларни бадарға қилган, бунга эса Москва томонидан жавоб чоралари кўрилганди.

Бундан чоралар силсиласи апрель ойида Чехия Республикаси россиялик агентларни 2014 йили ҳарбий омборда содир этилган портлашларга алоқадорликда айблаб, кўплаб россиялик дипломатларни бадарға қилганидан кейин бошланган.

Португалия: Украиналикни уриб ўлдирган чегарачилар 7 йилдан 9 йилгача қамоққа ҳукм этилди

Лиссабон аэропорти

Украиналик Игорь Гоменюкка оғир тан жароҳати етказиб, калтаклар зарбидан аэропорт изоляторида ўлишига сабаб бўлган уч нафар португалиялик чегарачи 7 йилдан 9 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди, дея хабар қилди ВВС.

40 яшар Игорь Гоменюкни Лиссабон аэропортида 2020 йилнинг мартида қўлга олишганди. Украиналикнинг ишчи визаси бўлмаган, аммо у ватанига учиб кетишни ҳам хоҳламаган. Португалия чегарачилари уни изоляторга қамаб, резина таёқлар билан уриб, тепишган, сўнгра қўллари орқага кишанланган ва оёқлари боғлиқ ҳолида камерада қолдиришган. Гоменюк синган қовурғаларидаги оғриққа чидай олмай, икки кун ўтиб вафот этган.

Уни калтаклаган чегарачилар оғир тан жароҳатлари етказгани учун узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Судда ўлим факти инобатга олиниб, узоқ муддат тайинланган, аммо улар “одам ўлдириш” моддаси бўйича айбдор деб топилмаган. Суд калтакловчиларнинг мақсади Гоменюкни ўлдириш бўлганини исботлай олмагани учун жараёнда прокурорлар ушбу айбловдан воз кечишган. Бироқ судья улар украиналикни “жони оғриши ва азобланиши учун” калтаклашни мақсад қилишганини эътироф этган.

“Игор Гоменюкнинг ўлими — судланувчиларнинг унга нисбатан муомаласининг тўғридан-тўғри оқибатидир, ҳолбуки улар ўзларини бошқача тутишлари лозим эди”, дея иқтибос келтирган судья Руи Коэльонинг ҳукмидан ВВС.

Гоменюкнинг ўлими Португалияда катта шов-шувга сабаб бўлди. Чегара хизмати бошлиғи Криштина Гатойнш истеъфога кетди, ҳукумат эса чегара хизматини тарқатиб юбориб, ўрнига Чет элликлар ва бошпана изловчилар билан ишлаш хизмати ташкил этилишини эълон қилди.

Португалия бош вазири украиналикнинг ўлдирилишини “кечирилмас иш” деб атади.

Гоменюкнинг оиласига 850 минг доллар товон тўланди.

“Бу воқеа барча чегарачиларга сабоқ бўлажак, зеро ҳар куни оғир вазифаларини бажараётган бўлсалар-да, ваколатларини суиистеъмол қилишга уларнинг ҳақлари йўқ”, деган украиналикнинг оиласи манфаатларини ифода этган адвокат.

Судланганларнинг адвокати эса ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят қилишини маълум қилган.

Британия қироличаси мотам ва чекловлар қабатида тахт нутқини ирод қилди

Британия қироличаси Елизавета II

Буюк Британия қироличаси Елизавета II лордлар палатасида 11 май куни анъанавий тахт нутқини ирод этди. У бош вазир Борис Жонсон ҳукумати дастурини ўқиб берди.

Янги парламент сессиясининг очилиш маросими қироличанинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филиппнинг яқиндаги вафоти ва коронавирус чекловлари қабатида ўтгани учун у қадар дабдабали бўлмаган. Жумладан, нутқ ирод қилиш чоғида 95 ёшли қиролича давлат тожини киймаган – тож унинг ёнидаги болишда бўлган.

Елизавета II Вестминстер саройига ўғли шаҳзода Чарлз ҳамроҳлигида автомобилда келган. Одатда қиролича бу маросимга тилла суви югуртирилган извошда келарди. Бундан ташқари, Елизавету II ни фахрий қоровул қаршиламаган. Лордлар палатасида одатдагидан қарийб икки баравар кам ҳозир бўлолган, холос. Уларнинг ҳаммаси аввалроқ коронавирусга чалинмаганига оид тест натижасини тақдим қилганлар ва маросим чоғида ниқобда ўтирганлар.

Елизавета II ўқиб берган ҳукумат дастурига мувофиқ, Борис Жонсон кабинети асосий эътиборини COVID-19 пандемиясидан кейин қироллик иқтисодиётини тиклашга қаратади. Бунда, хусусан, кўпроқ иш ўрни яратиш учун экологик технологиялар, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш соҳаларига ётқизилажак инвестицияларга диққат қаратилади.

Қуддусдаги тўқнашувларда 26 фаластинлик ва 2 яҳудий ҳалок бўлди

ХАМАС Қуддусга ракеталар отди.

Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди яқинида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувларда камида 26 фаластинлик ҳалок бўлди, улардан 9 нафари ёш бола. Исроил ҳарбий самолётларининг бомбардимони оқибатида яна 120 фаластинлик яраланди. Бу ҳақда Ғазо минтақаси соғлиқни сақлаш мутассадилари маълум қилди.

Айни пайтда Исроил Ғазо секторидан ХАМАС гуруҳи отган ракеталар оқибатида икки яҳудий ҳалок бўлгани, камида 10 киши яралангани ҳақида билдирди.

ХАМАС баёнотида айтлишича, ташкилот “Ал Ақсо масжидини Исроил агрессиясидан ҳимоя қилиш учун ракеталар отган”.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС Қуддусга ракета отиб “қизил чизиқ”дан чиққанини ва Исроил бу ҳужумга “муносиб жавоб қайтариши”ни билдирди. Сўнгги хабарларга кўра, Исроил Мудофаа вазирлиги Ғазо минтақаси билан чегарадош ҳудудларга 5 мингта қўшимча ҳарбийни жалб қилган.

Ўз уйларини яҳудийлар тортиб олаётганига норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида Ал Ақсо масжиди яқинида бошланиб кетган тўқнашувлар уч кундан бери давом этмоқда.

Татаристонда 12 май мотам куни сифатида эълон қилинди

Қозонда ҳалок бўлган ўқувчилар хотираси ёдга олинмоқда.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги 175-сонли гимназияга қилинган ҳужумда ҳалок бўлганлар сони камида 9 кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда 11 май куни кечга яқин Татаристон президенти Рустам Минниханов маълум қилди. Унга кўра, ҳалок бўлганлардан 7 нафари ўқувчилардир.

“Биз етти болани йўқотдик. Улар 8-синфда ўқиган тўрт ўғил ва уч қиз бола. Бундан ташқари бир нафар ўқитувчи ва мактабнинг яна бир ходими ҳам ҳалок бўлди”,-деди Татаристон президенти.

Расман билдирилишича, ҳужум пайтида 21 киши яраланган. Улардан 18 нафари мана шу мактабда ўқиган болалардир.

Мактабга қурол билан бочстириб кириб ўқ отган 19 ёшли шахс қўлга олингани маълум қилинди. У Қозон шаҳрида яшагани ва аввал 175-гимназияда ўқигани айтилмоқда.

Татаристонда 12 май мотам куни сифатида эълон қилинди.

Арманистон: Пашинян яна бош вазирликка сайланмади, парламент тарқатиладиган бўлди

Арманистон парламенти 10 май куни Никол Пашинян номзодини бош вазирликка кўриб чиқиш бўйича махсус мажлис ўтказган.

Озодликнинг арман хизмати хабарига кўра, парламент бу гал ҳам – худди 3 май кунги мажлисда бўлгани каби – Пашинян ҳукумат раҳбари лавозимига сайламаган.

“Менинг қадамим” блоки тамсил этган парламентдаги кўпчилик овоз беришдан тийилган. Пашинян номзодини бош вазирликка 1 нафар депутат ёқлаган, яна 1 нафари қарши чиққан, қолган 76 нафар депутат эса овоз беришдан тийилган.

Арманистон конституциясига мувофиқ, депутатлар икки ҳафта ичида икки марта бош вазирни сайлай олмаган тақдирда, парламент тарқатилиши ҳамда мамлакатда муддатидан аввалги парламент сайлови белгиланиши лозим.

18 мартдаги сиёсий битимга кўра, Пашинян 25 апрель куни истеъфога чиққан.

Арманистонда муддатидан аввалги парламент сайлови 20 июнга белгиланиши кутилмоқда. Бу орада Пашинян бош вазир вазифасини бажаришда давом этиб туради. Парламент ҳам янги депутатлар сайлангунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.

Чегара можаролари ортидан қирғиз депутатлари КХШТдан чиқиш масаласини кўтарди

Қирғизистон парламенти депутати Айбек Осмонов

Қирғизистон парламенти Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитасининг 10 майдаги йиғилишида депутатлар мамлакатнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзолиги масаласини кўтарган.

Қўмитанинг айрим аъзолари КХШТни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган қуролли можарога нисбатан муносабат билдирмагани учун танқид қилган. Хусусан, депутат Айбек Осмонов “КХШТга аъзо бўлиш Қирғизистон учун қанчалик зарур?” дея савол ташлаган.

“Бир мамлакат иккинчисига очиқчасига ҳужум қилганида КХШТ буни эътиборсиз қолдирди. Бу ҳолатга биз нима деймиз ёки ичимизга ютиб кетаверамизми? Унда КХШТга нега кирдик биз? Агар бу шунақа адолатсиз ташкилот экан, биз унда бўлмаслигимиз керак, деб ҳисоблайман”, деган депутат.

КХШТ 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, унга Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Арманистон, Тожикистон ва Беларусь киради. Ташкилотнинг мақсади “тинчликни, халқаро ва минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш, аъзо давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини коллектив асосда ҳимоя қилиш” экани айтилган.

Расмий маълумотларга кўра, 28-30 апрель кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган қуролли можарода Қирғизистоннинг 189 нафар фуқароси жабрланган, улардан 36 нафари ҳалок бўлган. Тожик ҳукумати 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини маълум қилган.

Тўқнашув оқибатида Боткен вилояти қишлоқларида 78 та уй, 2 мактаб, фельдшерлик-акушерлик маскани, 3 чегара заставаси, болалар боғчаси, 10 та АЁҚШ, ички ишлар бўлими биноси ва 8 та дўкон ёниб кетган.

Тожикистон ҳукумати томонидан 3 май куни эълон қилинган маълумотга мувофиқ, Исфаранинг уч жамоатида 14 та уй буткул ва иккита уй қисман вайрон бўлган, Овчи Қалач қишлоғидаги ўрта мактаб ва битта уй қисман зарар кўрган.

Икки мамлакат можарода бир-бирини айбламоқда, Қирғизистон ва Тожикистон прокуратуралари эса чегарадаги ҳодисалар бўйича қарши тараф фуқаролари устидан оғир моддалар билан жиноят ишларини очган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG